Она тилимиз – ғуруримиз, ифтихоримиз!

Юртимизда 21 октябрь – “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилингани

ҳақидаги хушхабарни бутун халқимиз, миллатимиз ғоят мамнуният билан кутиб олди. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида мазкур байрамга бағишланган анжуман ҳам кўтаринки руҳда ўтди.

1 (2)

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов анжуман иштирокчиларини қутлуғ сана билан муборакбод этиб, пойтахтимиздаги муҳташам Халқаро Конгресс марказида Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тадбирда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг нутқи профессор-ўқитувчилар ва талабаларимизда катта қизиқиш уйғотганини алоҳида таъкидлади.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан юртимизда 21 октябрь – “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилингани барчамизга ғурур бахш этди,– деди ЎзМУ ректори.– Миллатпарвар зиёлилар, тилимиз фидойиларининг жонкуярлиги натижасида 1989 йил 21 октябрь куни қабул қилинган қонунга асосан, ўзбек тили мамлакатимизда давлат тили мақомига эга бўлди. Мустабид тузум даврида ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши Ватанимиз мустақиллиги сари қўйилган дастлабки дадил қадам эди. Бугунги кунда мамлакатимизда шаклланган одил ва холис тил сиёсати натижасида ўзбек тили нуфузли минбарлардан янграмоқда, хорижий мамлакатларда ўзбек тилини ўрганишга иштиёқ тобора кучаймоқда. Тилимизнинг сеҳру жозибаси, аввало, ана шу тилнинг яшовчанлигида, унда яратилган бадиий адабиётда намоён бўлади. Шу боис ўзлигини таниган ҳар бир миллат она тили ва адабиётини асраб-авайлайди, унинг ривожи йўлида бор куч-салоҳиятини сафарбар этаверади. Ҳар бир халқнинг она тили унинг миллий руҳи ва ўзлигининг, миллий ғоясининг асосини ташкил этади. Бу ғояни барча талабалар қалбига теран сингдириб олиши зарур.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Нодир Жонузоқ, Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори Низомиддин Маҳмудов ва бошқалар мустақиллик йилларида она тилимизнинг мақомини тиклаш, ўзбек тилини кенг истеъмолга киритиш маънавий соҳадаги ислоҳотларнинг ўзагига айлангани, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлар ва қарорлар ўзбек тилида ёзилгани, таълим масканларида ўзбек тилини ўқитиш, она тили воситасида ёш авлод онгига миллий ғурур-ифтихор туйғуларини сингдиришга алоҳида эътибор қаратилгани, ўзбек тилининг халқимиз, жамиятимиз ривожидаги муҳим роли билан боғлиқ тадқиқотлар олиб борилгани, изоҳли луғатлар, қомуслар яратилгани ҳақида сўз юритдилар.

Тил байрами мумтоз куй-қўшиқлар ва дилрабо рақсларга уланиб, барчага хуш кайфият бахш этди.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Журналистика факультети доценти

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>