Оталар жасорати – ёшлар мероси

Ватанпарвар, мард ва жасур оталар иккинчи жаҳон урушида кўрсатган мардлиги ва жасорати – бугунги ёшлар учун ўзига хос маънавий меросдир.

Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Мухтор Расулов ана шундай жасорат кўрсатган фидойи инсонлардан биридир. У 1922 йилда Фарғона вилоятида таваллуд топган, ёшлигидан илму маърифатга ихлос қўйиб улғайган. Эндигина олий таълим олиш ишқи билан ёниб юрган кезларда даҳшатли уруш бошлангани ҳақидаги шум хабар тарқалган.
Шунда айни кучга тўлган азамат йигит Мухторжон биринчилардан бўлиб қўлига қурол олиб, ватан ҳимоясига отланган.
Мухтор аканинг қонли жанггоҳларда кечган дамлари бир неча китобга жо бўлса-да камлик қилади.
Бугун 95 баҳорини қаршилаган ватанпарвар отахон Мухтор Расуловнинг ана шу хотираларини Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Иқтисодиёт факультети талабалари ҳаяжон билан тингладилар.
– Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда «Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қароридан кўнглимиз тоғдек кўтарилди,– дейди уруш қатнашчиси Мухтор Расулов– Биз давлатимизнинг бундай эътибори ва ғамхўрлигини дилдан ҳис этиб яшаймиз. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларига кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиромдан юртимизда том маънода инсон қадри қанчалик улуғлигини ҳис этмоқдамиз. Юртимиз тинчлиги ва осойишталиги абадий бўлсин, деб дуо қиламиз.
Она Ватан учун жоним фидо бўлсин, дея урушнинг сўнгги куни – ғалаба онларигача фронт ичра юрган мард ва жасур жангчининг кўксини кўплаб орден ва медаллар безаган. Айниқса, Берлинни ишғол қилишда кўрсатган жасорати учун олган медали ўзига хос мардлик ва ғолиблик нишони сифатида ялтираб турибди!
Фото Тулкина Эшбека.

Фото Тулкина Эшбека.
Фото Тулкина Эшбека.

Устознинг серқирра ҳаёт йўли ва илмий фаолияти ҳақида Иқтисодиёт факультети декани Абдуваҳоб Умаров, профессорлар Абдураҳим Ваҳобов, Ҳасан Абулқосимов, ЎзМУ Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров ва бошқалар сўз юритдилар.
Мухтор Расулов урушдан сўнг орзулари камолот чўққиси сари интилди. 1958 йилда номзодлик, 1973 йилда докторлик диссертацияларини муваффақиятли ёқлаб, иқтисодчи олим сифатида узоқ йиллар Самарқанд кооператив институти (ҳозирги Самарқанд Иқтисодиёт ва сервис институти), Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)да турли лавозимларда фаолият кўрсатди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор Мухтор Расулов илмий раҳбарлигида кўплаб иқтидорли ёшлар фан номзодлари ва докторлари илмий даражаларига эришганлар. Иқтисодчи олимнинг қатор дарслик, монография ва ўқув қўлланмаларидан республикамизнинг деарли барча олий таълим муассасалари иқтисодиёт йўналишларида кенг фойдаланилмоқда.
Халқимизда «Яхшидан боғ қолади» деган нақл бор. Мухтор Расулович фан соҳасида беқиёс илм боғини яратган, ўзига хос илмий мактабини шакллантирган забардаст олим ва заҳматкаш устозлардан биридир.
Уруш ветерани, меҳнат фахрийси, табаррук инсон Мухтор Расулов билан юзма-юз мулоқот талабаларда катта қизиқиш уйғотди.
Ватанпарвар оталар жасоратига ҳурмат ва эҳтиром билан қарайдиган талаба-ёшлар бу борада ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олдилар.

Фазлиддин ҲОШИМОВ,
Иқтисодиёт факультети деканининг Илмий ишлар бўйича муовини

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>