Оқилона қадамлар

Сайтимизга хат келди: Жамоатчилик фикри – жамият кўзгуси

8 сентябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида парламент аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни мамлакат Бош вазири Шавкат Миромонович Мирзиёев зиммасига вақтинча юклаш тўғрисида қўшма қарор қабул қилди. Мазкур воқеани юртимиз жамоатчилиги ижобий қабул қилди. Ўзбекистон халқи ҳукумат раҳбарининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви соҳасидаги кўп йиллик тажрибаси мамлакатни Биринчи Президент Ислом Каримов бошлаб берган тараққиёт йўлидан оғишмай бошқариш, бугунги тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, муҳим сиёсий, ижтимоий ҳамда иқтисодий масалаларни ҳал этишда асқотишига қатъий ишонч билдирмоқда. Биз бу борада ёшларнинг фикрлари билан қизиқдик.

Абатбай Данияров, “Kamolot” ЁИҲ Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси, “Шуҳрат” медали соҳиби:

— Ўтган йигирма беш йил мобайнида мамлакатимизда олиб борилган давлат сиёсати нақадар тўғри ва оқилона эканини бугунги куннинг ўзи тасдиқлаб турибди. Эришилган барча ютуқ ва марраларда Биринчи Президент Ислом Каримовнинг ҳиссаси беқиёс албатта. Бироқ у киши энди орамизда йўқ. Халқимиз оғир жудоликка учраган бир пайтда мамлакат бошқарувига юқори раҳбарлик салоҳияти ҳамда мустаҳкам позицияга эга, қатъиятли, халқ дарди билан яшайдиган инсоннинг келиши жуда муҳим.

Яқинда бўлиб ўтган парламент палаталарининг қўшма йиғилишида халқнинг ишончли вакиллари — депутат ва сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни мамлакат Бош вазири Шавкат Мирзиёев зиммасига вақтинча юклаш тўғрисида қарор қабул қилди. Мен бу қарорни қўллаб-қувватлайман. Чунки Шавкат Миромонович мустақиллик йилларида барча соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар жараёнида Биринчи Президентимизга елкадош бўлган раҳбарлардан бири саналади.

Қолаверса, Президенти томонидан қабул қилинган қарор ва фармонларининг жойлардаги ижроси бевосита шу шахс фаолияти билан боғлиқ. Қўшма мажлисда таъкидланганидек, қандай мураккаб вазифа ёки масъулиятли топшириқ бўлмасин, ҳар қандай вазиятда у ўзини моҳир ташкилотчи сифатида намоён этиб, ҳамюртларимиз орасида самимий ҳурмат қозонди. Бунга ўз фаолиятим давомида ҳам амин бўлганман. Юртимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган Давлат дастурларининг ишлаб чиқилиши ва ҳаётга изчил татбиқ этилишида ҳукумат раҳбари шахсан раҳнамолик кўрсатгани айни ҳақиқат.

Бундай салоҳият ва узоқ йиллик тажрибага эга раҳбар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ва мамлакат ичидаги вазиятни барқарор сайлай олишига шубҳам йўқ.

Элёр Раҳматов, Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳиби:

Мутахассис сифатида айтишим мумкинки, парламентимиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифаларининг ҳукумат раҳбари — Шавкат Мирзиёев зиммасига вақтинча юкланиши на Конституция, на бошқа қонунларимизга зид эмас. Очиғи, бу масалада хорижий ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларида билдирилаётган айрим эътирозли фикрлар мени ғоят таажжубга солмоқда. Ахир, қўшма мажлисда қабул қилинган қарорнинг ҳуқуқий асосларини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси, юридик фанлари доктори, профессор Акмал Саидов атрофлича тушунтириб берди.

Шахсан ўзим Шавкат Мирзиёевнинг Президент сайловига қадар давлат раҳбари вазифасини вақтинча бажариб туриши тўғри ўйланган қарор деб ҳисоблайман. Муҳими, у Конституция нормаларига зид эмас. Бош вазиримиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида таъкидлаган қуйидаги сўзлари эса дилдан чиқариб айтганига шубҳам йўқ: “Сизларни ишонтириб айтаманки, Ислом Абдуғаниевич Каримов бизга васият қилиб қолдирган барча ҳаётий тамойилларга оғишмасдан, қатъий амал қиламан. У кишининг раҳбар доимо одамларнинг, эл-юртнинг дарду ташвиши билан яшаши, уларнинг орзу-ниятларини рўёбга чиқариш учун ҳузур-ҳаловатдан воз кечиб, ўзини аямасдан меҳнат қилиши керак, деган доно ўгитларини ўз фаолиятим учун асосий мезон ва талаб сифатида қабул қиламан”.

 Жамоатчилик фикрини қоғозга тушурувчи

Эркин Усмонов

 

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *