“Оқ қоғоз”лиларга мактуб

ЎзМУ Журфак Сиртқи бўлим талабалари ижодидан

Бошқа йўналишларни унчалик билмадим-у, аммо журналистика соҳасида кундузгиларга нисбатан кечки ва сиртқи бўлимларнинг талабалари сермаҳсулроқ, ижодий ишлари баракали ва самаралироқ бўлишини кўп кузатганмиз. Анча йиллар айнан ана шу йўналишлар ёпиб қўйилганида анча азият чеккан эдик, мамлакатимиз журналистикасида кўп йўқотишлар бўлганди… Президентимизга раҳмат, бу борада ҳам ҳақиқатни тиклаб олий ўқув юртларида сиртқи ва кечки бўлимларни қайтадан ташкил этишга имконият яратдилар! Мана, сиртқи бўлим талабаларидан бирининг ижодий маҳсули, ундан албатта баҳраманд бўлинг, дейди Дониш домла илҳомланиб.

акш2

“ОҚ ҚОҒОЗ”ЛИЛАРГА МАКТУБ

“Японларнинг калласини кўрганмисиз? Кичкиинагина, мияси ҳам шунга яраша. Шу мияси билан нима нарсаларни, кашфиётларни ўйлаб топишмайдийееей. Биздачи? Шунақа миялар боркиии, умуман ишлатилмаган, яп-янги, ҳали шундоқ “свежий” миялар турибди, шуларни бир ювиб-тараб ишлатиб юборса борми…!”. Эсладингизми? Раҳматли Ҳожибой Тожибоев айтган бу ҳажвия гарчи барчани кулдирган бўлса-да, унинг ичида “бир ҳовуч туз”, дард бор эди.

Инсон мияси нимадан иборат ўзи? Мия инсон тана аъзолари ичида нафақат энг сирли, балки энг тоза орган экан.  Чақалоқ туғилди, унинг ўзи каби мияси ҳам топ-тоза, покиза, худди оппоқ, бирор сатр ёзилмаган, қалам ёнида турган қоғозга ўхшайди. Тақдир қалами ёнида турган қоғоз. Унинг қаршисида ҳамма ҳам тараддудланармикин? Бу қоғозни чиройли ҳуснихат, рангин қаламларда битилган гўзал фикрлар, ҳошиясига нақшлар солинган санъат асарига айлантириш ҳам, шунчаки бекорчиликда кимдир айтиб турган конспектни қисқартма сўзлар билан ёзиб, тиғиз ҳарфларда тўлдириб ташлаш, охир-оқибат тутатқиликдан бошқага ярамайдиган бир сиқим чиқитга чиқариш ҳам мумкин. Фарқ шундаки, ўша қоғозларнинг ҳеч кимга зарари тегмаслиги мумкин, аммо мияга тўлган чиқитлар бир қанча инсонларнинг ҳаётини бузишга бемалол етиб ортади. Миясига чиқинди тўлган ота-оналар ҳам ўзларидек чиқинди тўлган мияларни “тарбиялаш”лари эса кейинги масала.

Қоғозлар бизнинг тақдиримизни ҳал қилади. Туғилганлик гувоҳномаси бўлиб, касаллик варақаси бўлиб, паспорт бўлиб, машина ҳайдаш гувоҳномаси, никоҳ шартномаси, йўл чиптаси, талабалик гувоҳномаси, унвонлар, мақтов ёрлиқ ва фахрий ёрлиқлар, диплом ва ҳоказо ҳужжатлар шаклида бизнинг тақдиримизга, бутун умримизга даҳл қилади. Аммо буларнинг ҳаммаси нима учун, ким учун? Бизнинг туғилганда оппоқ бўлган, ҳозирда нималардир билан тўлдирилган миямиз учун, яъники бизни тўла бошқараётган асосий таянч нуқтамиз учун эмасми булар?

Кичкинтой жияним қоғоздан ясаган чиройли кабутарлар, оққушлар, турли хил чиройли идишчаларни кўриб хаёлимга доим бир нарса келади. Бизнинг умримиз, ички оламимиз, миямиз ҳам худди бир парча оқ қоғозга ўхшайди. Ундан кимдир атрофидаги муҳит, ота-онаси, оиласи ёрдамида гўзал оққушлар, чиройли кабутар-у тайёралар ясаб, қалби билан кўкларга парвоз этади, кимлардир эса айнан кимлардир ёки нималардир “ёрдамида” ўша “оқ қоғоз”ни чиқиндихоналарда қолишгагина ярайдиган, ёхуд охир-оқибатда энг паст мақсадлардагина фойдаланса бўладиган аҳволга келтиради. Инсон мияси 100 миллиард нейронлардан ва триллион ҳужайралардан ташкил топган. Ўша нейронларга санъат асарини битиш ҳам, аксинча, уларни “ажи-бужи”, учи-қуйруғини топиб бўлмайдиган ёзувлар билан тўлдириб ташлаш ҳам мумкин. Ўша ажи-бужи ёзувлар оқибатида биз ота-онамизга итоатсизлик қиламиз, атрофимиздагиларга озор берамиз, ёнимиздаги яхшиларни йўқотамиз, одатлар орттирамиз ва кун сайин ўзимизни ўлдириб борамиз. Тан олмаймиз ўлгунимизча, албатта тан олмаймиз.

Қўлига оқ қоғоз тушганлар! Сиз ҳамма нарсани унутишингиз мумкин. Аммо бир нарсани унутмоққа ҳаққингиз йўқ, Аллоҳ қанчадан-қанча лойиқларга ишонмаган “оқ қоғоз”ини сизга берди! Ўйламангки, буни ўзингиз яхшироқ, маъқулроқ, лойиқроқ, эплироқ ёхуд устароқ бўлганингиз учун яратиб олмадингиз, Аллоҳ сизга синов учун, неъмат қилиб берди. Эпласангиз унга гўзал нарсалар ёзиб, келажагингиз учун совға қилиб, жамиятга суянч қилиб олинг, қадрига етмасангиз, келаётган кунингизга жазо, борган жойига “қорахат” қилмоқ ҳам сизнинг қўлингизда. Хоҳланг унга бутун умрингизни бағишлаб ҳаётбахш шеър битинг, хоҳланг чиройли сурат солинг, хоҳланг эзгуликка хизмат қилувчи мураккаб формулалар, буюк кашфиётларни жойланг.

Шундай қилингки, ўлар чоғингизда кераксиз қоғоздек хор бўлманг, шундай қилингки, эрта бир кун тепангизга келиб “Мени не қилдинг?” демасинлар, қўлингиздан келса шундай қилингки, сиз яратган нақшларни одамлар асрлар оша уйлари тўрига осиб қўйсинлар, ҳеч йўқса ўз келажагингизни таъминласангиз ҳам майли! Фақат ёзуғингиз бошқаларга халақит бермасин, бошқаларнинг қоғозини булғамасин! Нима қилсангиз қилинг, аммо Аллоҳнинг неча зотларга бермасдан сизга ишониб топширган омонатига хиёнат қилманг! Зеро, албатта сиз ҳам бир куни вафот этасиз ва албатта бундан сўраласиз. Сенга бердим, берганимни нима қилдинг десалар, айтар жавобингиз бўлсин!

Ҳа айтганча!

Яна унутмангки, одам терисидан фарқли равишда, мия ўз-ўзини тозалаш хусусиятига эга. Озода, пухта тайёрланган, тажрибали спортчи сингари, мия юқори даражадаги фаолликни ушлаб туради – у ўзини ўзи мунтазам тозалайди. Унинг иш самарадорлигига салбий таъсир этиши мумкин бўлган ҳар қандай кичик ифлосланишни ҳам тезда чиқариб ташлайди. Демак… J

МАЛАК

You may also like...

1 Response

  1. Ijod namunasini o’qib, xiyla o’ylanib qoldim. Mening «oq qog’oz»im bugun nimalar bilan to’la? Ular bunyodkorlikka xizmat qiladimi,vayronkorlikka?
    Yoshligimda padarim ko’p aytguvchi edilar: «Uxlashdan oldin ko’zingni yumdingmi? Bekorchi narsalarni xayol qilma. Senga «in’om» bo’lgan «oshqovoq»ni ishlat. To uxlaguningcha, bir nimani yaratishni o’yla. Toki, shu yaratganing ham o’zingni,ham o’zgalarni ishini yengil qilsin».
    Bu kichik asar menga iliq taassurot uyg’otdi. Undagi ohoriylik, badiiy topilmalarning mavjudligi kitobxonni ham maftun etadi, ham o’ylantiradi. Unda «tayyora», «yozig’i» kabi kam ishlatiladigan so’zlarning qo’llanilishi tilimiz kelajagiga bo’lgan e’tiborning kichik namunasidir.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>