Пиримқул Қодиров сабоқлари

Адиб “Ён дафтар”идан: Улуғ ғайрат улуғ мақсадлар йўлида туғилади.

DSC_0012

Бетакрор асарлари билан миллионлаб адабиёт ихлосмандлари қалбини забт этган атоқли адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировдан катта маънавий мерос қолди. Адибнинг “Студентлар” деган биринчи китоби 1950 йилда нашр этилганидаёқ Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Зулфия каби устозлари эътиборини қозонганди.

1958 йилда илк бора чоп этилган “Уч илдиз” романи адабиёт ихлосмандлари қалбидан ўрин олганди. Шундан сўнг, “Қора кўзлар” (1966), “Олмос камар” (1977),“Юлдузли тунлар” (1979), “Авлодлар довони” (1988), “Она лочин видоси” (2000), “Шоҳруҳ ва Гавҳаршод” (2009) романлари ҳам китобхонларнинг маънавий мулкига айланган.

Адибнинг “Қадрим”, “Эрк”, “Мерос”, “Ботирлар ва бахиллар”, “Яйра институтга кирмоқчи”, “Акромнинг саргузаштлари” каби қиссалари ҳам катта қизиқиш билан кутиб олинган. Бу асарлар турли даврларда бир неча бор нашр қилиниб, ўз мухлисларининг эътиборини қозонган.

Юртимиз мустақиллиги миллатпарвар адибга туганмас илҳом бахш этганини унинг сўнгги йилларда яратилган асарлари, истиқлолни дилдан тараннум этувчи ўнлаб мақолалари мисолида кўриш мумкин. 2001 йилда “Маънавият” нашриётида чоп этилган “Қалб кўзлари” тўпламидан ўрин олган бадиалар, ўйлар ва мақолаларида юрт истиқлоли қанчалик бебаҳо неъмат эканлиги, уни кўз қорачиғидек асраш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз бўлмоғи лозимлиги ҳақида куюнчаклик билан сўз юритилган.

Олим ва адибнинг “Тил ва эл” (2005) ва “Амир Темур сиймоси” (2006) деб номланган салмоқли илмий бадиалари айниқса зиёлиларда жуда катта қизиқиш уйғотди.

Ўзбек адабиёти хазинасига баракали ҳисса қўшган устоз адиб Пиримқул Қодировнинг хизматлари юксак баҳоланиб, 1994 йилда “Шуҳрат” медали, 1998 йилда “Эл-юрт ҳурмати”, 2006 йилда “Буюк хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган.

Раҳматли устоз билан 2010 йил 21 декабрь куни видолашгандик…

Устознинг маънавий меросини батафсилроқ ўрганиш мақсадида набиралари Хуршид Қодиров билан хонадонларига бордик. Устознинг қизлари Яхшигул опа раҳматли ота-оналарининг чироқларини ёқиб ўтирибди…

Узоқ йиллар улуғ адибнинг заҳматли меҳнатларига шоҳид бўлган иш столи, мўъжазгина кутубхонасига разм солиб кўнглим алланечук бўлиб кетди.

Хонанинг бир бурчидаги шкафда буюк ёзувчининг тахлам-тахлам қўлёзмалари, катта сумкада сон-саноқсиз “Ён дафтар”лари қалашиб ётибди.

Қўлёзмаларни варақлаб кўрдим. Аксарияти адиб ҳаётлиги чоғида газета-журналларда, китобларида ёритилган. (Уларни ҳам эътибор билан ўрганамиз).

“Ён дафтар”ларга разм солдим. Эътибор билан ўрганилса, анча-мунча қуйма фикрлар битилган экан. Албатта, уларнинг кўпчилиги машҳур асарларга жо бўлиб кетган. Полиздан олинган қовун таъми ўзгача бўлгани каби адибнинг қуйма фикрларини “Ён дафтар”идаги қўлёзмаларидан ўқишнинг ҳам гашти бўлар экан.

Раҳматли устозимиздан мерос қолган қўлёзмаларни тақдим этгани учун қизлари Яхшигул опага ва набиралари Хуршиджонга самимий миннатдорчилик билдирамиз.

Пиримқул Қодировнинг “Ён дафтар”ларида қолган битикларини саралаб, оққа кўчириб адабиёт мухлисларига тақдим этиб боришга ҳаракат қиламиз.

Бу маънавий дурдонани ҳозирча “Пиримқул Қодиров сабоқлари” деган умумий сарлавҳа остида ёритиб боришга жазм қилдик.

 i (1)

***

Адабий истеъдодда баҳордагига ўхшаш бир куч бўлади. У тасвирлаган ҳамма нарса ички бир латофатга тўлиб туради.

***

Баҳор ўз қудрати билан тирик дарахтни яшнатиб, ўлигини бутун хунуклигича фош қилиб кўрсатади. Адабий истеъдод ҳам яхши билан ёмонни мана шу тарзда бир-бирига қарши қўйиб, уларнинг кескин фарқини очади, оқни оққа, қорани қорага ажратиш орқали маънавият оламида баҳорнинг хизматини қилади.

***

Одам ўз ҳаёт йўлидан фақат бир марта ўтади. Қўйилган ҳар бир қадам – қайтиб келмайдиган кунлар ва дақиқалар билан бирга кетади.

***

Одам ўз умрининг ҳар бир куни, ҳар бир йилини яхши мазмун билан тўлдира олса, фақат ўзи учун эмас, жамият учун, халқ учун ҳам неки ишлар қила олса гиламдаги гулдек, боғдаги чинордай бўлиб ана шу қолади.

***

Гоҳо “у йўқ — бу йўқ” деб нолиймиз. Ҳолбуки, дунёнинг энг катта бойлиги ҳар бир кишида бор. Бу бойлик – вақт. Ўтаётган ҳар бир дақиқа – ҳали ҳеч нарса ёзилмаган оппоқ қоғоз, ҳали экин экилмаган дала, ҳали тўқилмаган гилам гули. Бир соатда олтмиш дақиқа бор. Кунимизда йигирма тўрт соат бор. Бир йилимизда-чи? Дақиқалар ўтиб турибди. Демак, ҳали ҳеч нарса ёзилмаган оқ варақлар биз учун кетма-кет очиляпти. Уларга биронта неки сўз ёза олсак, вақт биздан рози бўлиб кетади. Дақиқалар ўтиб турибди. Демак, ҳали ҳеч нарса экилмаган далалар бизга ўзини инъом қиляпти. Бу далаларда яхшилик уруғини экиб, парваришлаб ўстира олсак, мевасидан ўзимиз ҳам баҳраманд бўламиз.

***

Бекор ўтган вақт – оқ келиб-оқ кетган варақ, экинсиз ташлаб қўйилган дала. Мабодо, оқ вараққа ёмон нарса ёзиб қўйсак, ўчирганимиз билан изи қолади. Мабодо, бизга инъом этилган дала қаровсиз қолса, уни ёввойи ўтлар, сассиқ алафлар босиб кетади…

***

Мен кўрган тоғ кўлларнинг орасида энг ажойиби – Фарғона водийсининг шимоли-шарқ чеккасига жойлашган Сари Челек. Халқда уни Тўсқовул ота ҳам дер эканлар. Ривоятларга қараганда, тоғ дарёсининг йўлига бир паҳлавон одам қояни қулатиб туширган экан, шундан кўл ҳосил бўган эмиш. Аслида бу афсонавий паҳлавон – табиатнинг ўзи. Сари Челек – чиндан ҳам тоғ дарёсининг йўли тўсилганидан ҳосил бўлганлиги билиниб турибди. Фақат бу ҳодиса юзлаб йил олдин юз берган бўлса керак.

***

Улуғ аждодларнинг бетакрор ишларини авлодларга аталган буюк кашфиёт, деб атасак тўғри бўлади.

***

Амир Темур қадимий Ватанимиз Турон — Туркистонни бир ярим аср давом этган чингизийлар империясининг жабру зулмидан халос қилиш учун мардона курашган.

***

“Амир Темур сиймоси” китобида оламшумул тарихий воқеалар ўз аксини топади.

***

Амир Темур мавзуси уммондай бепаён. Бу уммондан асл дурлар саралаб олиниши керак.

***

Амир Темур мавзуда дадил қалам тебратаётган ижодкорлар бор. Биз амалга ошира олмаган ишларни улар рўёбга чиқарадилар, деган умиддаман.

***

“Темур тузуклари”нинг пухта ўйланган композицияси бор. Биринчи китобда Амир Темур тарих саҳнасига чиққан пайтдан бошлаб, то Йилдирим Боязид устидан ғалаба қозонгунча бошдан кечирган қирқ йиллик тарихий воқеаларни ихчам шаклда ҳикоя қилади. Бунда у ўзи эришган зафарларнинг ички сирларини авлодларга очиб кўрсатади. Айни вақтда бошдан кечирган саргузаштларининг мағзини чақиб, улардан чиқадиган фалсафий хулосаларни мутафаккир сифатида умумлаштиради…

***

Амир Темур фалакиёт илмини яхши билган. Осмоннинг ўн икки буржидаги Ҳамал, Савр, Жавзо, Саратон каби юлдузлар осмон жисмлари орасида мувозанат сақлашда ва қуёшнинг коинот бўйлаб ҳаракатланишининг алоҳида дақиқаси-ю, сониясигача аниқ-равшан кўрсатиб тушишда инсон зоти учун илоҳий бир ибрат бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун Амир Темур ўз қўшинларига ҳам ўн икки қавмдан чиққан сипоҳийларни асос қилиб олади.

***

Бобур Мирзо “Темур тузуклари” орқали бобокалонининг тенгсиз саркардалик тажрибасини чуқур ўзлаштиради. Орадан бир юзу қирқ беш йил ўтганидан кейин 1511 йилда Вахш дарёси бўйида, Пули Сангин деган жойда Бобур Мирзо ҳам Чингизхон авлодларидан бўлган Шайбонийзодаларга қарши Темурбек ишлаган ҳарбий тактика ва стратегияни амалда тадбиқ этиб катта ғалабага эришади.

***

Энг баланд тоғ чўққиси ана шундай баланд чўққидан кўзга аниқроқ кўринади. Биз ҳам Амир Темур етакчилигида халқимиз эришган мустақилликнинг нақадар юксак қадрият бўлганини Ўзбекистон истиқлоли йилларида яққол кўрдик ва дил-дилдан ҳис қилдик.

***

Донишманд бобокалонимиз Амир Темурнинг тарихий ўгитлари Ўзбекистон истиқлоли даврида халқимиз ва раҳбариятимиз томонидан изчил амалга оширилаётганига бизнинг ҳар биримиз нафақат гувоҳмиз, балки бу улуғ ишларга заррача бўлса ҳам ҳисса қўшиш орзусида меҳнат қилмоқдамиз.

 ***

Амир Темур ҳақида тўқиб-бичилган гаплар, шошма-шошарлик билан яратилган образлар, улуғ инсон шахсиятига тўғри келмайдиган «лавҳалар»га йўл қўймаслик керак.

***

Амир Темур одамларга нисбатан кечиримли бўлиш ва яхшилик қилиш йўли билан уларни оғир иллатлардан қутқариб олишга ҳаракат қилади.

***

Баъзи китобларда Тарағай баҳодир номини «Тўрғай» деб ёзиш ҳоллари ҳам учрайди. Бу ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди. Тўрғай – кичкина сайроқи қуш. Баҳодирлар авлодидан бўлган амирга бундай нисбат бериш тўғри эмас. Туркий тилда Тарағай сўзи «нурдай таралсин, кўпайсин, катта ҳудудларни эгалласин» деган маъноларни билдиради.

***

«Бобурнома», Навоийнинг «Мажолисун нафоис» асарларида ҳам Амир Темур шахси жуда улуғланган.

***

Геологлар тоғу чўлларни кезиб қадри паст, арзимас нарсаларни эмас, қадри баланд, қимматбаҳо нарсаларни излашади. Шунга ўхшаб, инсондаги маънавий изланишлар ҳам унга азиз туюладиган, руҳий эҳтиёжларини қондирадиган неъматларга қаратилади.

***

Талабалик йилларимда илму маърифатни эгаллаш, одамларга нафи тегадиган мутахассис бўлиш ва меҳру оқибатга асосланган оила қуриш асл муддао бўлган. Шу ҳақда “Уч илдиз”ни ёзиш насиб этди.

***

Инсон руҳи яхши одамларнинг сўзидан, сиймосидан, ижодидан тараладиган маънавий зиёга ҳам катта эҳтиёж сезади.

***

Табиий нур ва маънавий зиё билан инсон ҳаёти баркамол бўлади.

***

Ўзга элларда ватанни соғиниб яшайдиган одамга барча элдошлар бир бутун миллат бўлиб кўринади.

***

Ватандан йироқда маҳаллий фарқларнинг аҳамияти қолмайди.

***

Москвада дўппи кийган одамни кўрсам кўнглим ёришиб кетарди. Атлас кийган аёллар Москва кўчаларида қуёшдан тушган париларга ўхшаб кўринарди.

***

Улуғ ғайрат улуғ мақсадлар йўлида туғилади.

***

Қўлига қалам олган одам эсда қоладиган, ўқувчи маънавиятини бойитадиган мавзуларда ёзиш керак.

 ПК7

Нашрга тайёрловчи:

Тўлқин ЭШБЕК

Давоми бор. Сайтимиздан кузатиб боринг.

***

 ПК11

Pirimqul Qodirov saboqlari

 Adibning “Yon daftar”idan

 Betakror asarlari bilan millionlab adabiyot ixlosmandlari qalbini zabt etgan atoqli adib, O`zbekiston xalq yozuvchisi Pirimqul Qodirovdan katta ma’naviy meros qoldi. Adibning “Studentlar” degan birinchi kitobi 1950 yilda nashr etilganidayoq Abdulla Qahhor, Oybek, Zulfiya kabi ustozlari e’tiborini qozongandi.

1958 yilda ilk bora chop etilgan “Uch ildiz” romani adabiyot ixlosmandlari qalbidan o`rin olgandi. Shundan so`ng, “Qora ko`zlar” (1966), “Olmos kamar” (1977),“Yulduzli tunlar” (1979), “Avlodlar dovoni” (1988), “Ona lochin vidosi” (2000), “Shohruh va Gavharshod” (2009) romanlari ham kitobxonlarning ma’naviy mulkiga aylangan.

Adibning “Qadrim”, “Erk”, “Meros”, “Botirlar va baxillar”, “Yayra institutga kirmoqchi”, “Akromning sarguzashtlari” kabi qissalari ham katta qiziqish bilan kutib olingan. Bu asarlar turli davrlarda bir necha bor nashr qilinib, o`z muxlislarining e’tiborini qozongan.

Yurtimiz mustaqilligi millatparvar adibga tuganmas ilhom baxsh etganini uning so`nggi yillarda yaratilgan asarlari, istiqlolni dildan tarannum etuvchi o`nlab maqolalari misolida ko`rish mumkin. 2001 yilda “Ma’naviyat” nashriyotida chop etilgan “Qalb ko`zlari” to`plamidan o`rin olgan badialar, o`ylar va maqolalarida yurt istiqloli qanchalik bebaho ne’mat ekanligi, uni ko`z qorachig`idek asrash har birimizning muqaddas burchimiz bo`lmog`i lozimligi haqida kuyunchaklik bilan so`z yuritilgan.

Olim va adibning “Til va el” (2005) va “Amir Temur siymosi” (2006) deb nomlangan salmoqli ilmiy badialari ayniqsa ziyolilarda juda katta qiziqish uyg`otdi.

O`zbek adabiyoti xazinasiga barakali hissa qo`shgan ustoz adib Pirimqul Qodirovning xizmatlari yuksak baholanib, 1994 yilda “Shuhrat” medali, 1998 yilda “El-yurt hurmati”, 2006 yilda “Buyuk xizmatlari uchun” ordenlari bilan mukofotlangan.

Rahmatli ustoz bilan 2010 yil 21 dekabr kuni vidolashgandik…

Ustozning ma’naviy merosini batafsilroq o`rganish maqsadida nabiralari Xurshid Qodirov bilan xonadonlariga bordik. Ustozning qizlari Yaxshigul opa rahmatli ota-onalarining chiroqlarini yoqib o`tiribdi…

Uzoq yillar ulug` adibning zahmatli mehnatlariga shohid bo`lgan ish stoli, mo`’jazgina kutubxonasiga razm solib ko`nglim allanechuk bo`lib ketdi.

Xonaning bir burchidagi shkafda buyuk yozuvchining taxlam-taxlam qo`lyozmalari, katta sumkada son-sanoqsiz “Yon daftar”lari qalashib yotibdi.

Qo`lyozmalarni varaqlab ko`rdim. Aksariyati adib hayotligi chog`ida gazeta-jurnallarda, kitoblarida yoritilgan. (Ularni ham e’tibor bilan o`rganamiz).

“Yon daftar”larga razm soldim. E’tibor bilan o`rganilsa, ancha-muncha quyma fikrlar bitilgan ekan. Albatta, ularning ko`pchiligi mashhur asarlarga jo bo`lib ketgan. Polizdan olingan qovun ta’mi o`zgacha bo`lgani kabi adibning quyma fikrlarini “Yon daftar”idagi qo`lyozmalaridan o`qishning ham gashti bo`lar ekan.

Rahmatli ustozimizdan meros qolgan qo`lyozmalarni taqdim etgani uchun qizlari Yaxshigul opaga va nabiralari Xurshidjonga samimiy minnatdorchilik bildiramiz.

Pirimqul Qodirovning “Yon daftar”larida qolgan bitiklarini saralab, oqqa ko`chirib adabiyot muxlislariga taqdim etib borishga harakat qilamiz.

Bu ma’naviy durdonani hozircha “Pirimqul Qodirov saboqlari” degan umumiy sarlavha ostida yoritib borishga jazm qildik.

 ПК10

***

Adabiy iste’dodda bahordagiga o`xshash bir kuch bo`ladi. U tasvirlagan hamma narsa ichki bir latofatga to`lib turadi.

***

Bahor o`z qudrati bilan tirik daraxtni yashnatib, o`ligini butun xunukligicha fosh qilib ko`rsatadi. Adabiy iste’dod ham yaxshi bilan yomonni mana shu tarzda bir-biriga qarshi qo`yib, ularning keskin farqini ochadi, oqni oqqa, qorani qoraga ajratish orqali ma’naviyat olamida bahorning xizmatini qiladi.

***

Odam o`z hayot yo`lidan faqat bir marta o`tadi. Qo`yilgan har bir qadam – qaytib kelmaydigan kunlar va daqiqalar bilan birga ketadi.

***

Odam o`z umrining har bir kuni, har bir yilini yaxshi mazmun bilan to`ldira olsa, faqat o`zi uchun emas, jamiyat uchun, xalq uchun ham neki ishlar qila olsa gilamdagi guldek, bog`dagi chinorday bo`lib ana shu qoladi.

***

Goho “u yo`q — bu yo`q” deb noliymiz. Holbuki, dunyoning eng katta boyligi har bir kishida bor. Bu boylik – vaqt. O`tayotgan har bir daqiqa – hali hech narsa yozilmagan oppoq qog`oz, hali ekin ekilmagan dala, hali to`qilmagan gilam guli. Bir soatda oltmish daqiqa bor. Kunimizda yigirma to`rt soat bor. Bir yilimizda-chi? Daqiqalar o`tib turibdi. Demak, hali hech narsa yozilmagan oq varaqlar biz uchun ketma-ket ochilyapti. Ularga bironta neki so`z yoza olsak, vaqt bizdan rozi bo`lib ketadi. Daqiqalar o`tib turibdi. Demak, hali hech narsa ekilmagan dalalar bizga o`zini in’om qilyapti. Bu dalalarda yaxshilik urug`ini ekib, parvarishlab o`stira olsak, mevasidan o`zimiz ham bahramand bo`lamiz.

***

Bekor o`tgan vaqt – oq kelib-oq ketgan varaq, ekinsiz tashlab qo`yilgan dala. Mabodo, oq varaqqa yomon narsa yozib qo`ysak, o`chirganimiz bilan izi qoladi. Mabodo, bizga in’om etilgan dala qarovsiz qolsa, uni yovvoyi o`tlar, sassiq alaflar bosib ketadi…

***

Men ko`rgan tog` ko`llarning orasida eng ajoyibi – Farg`ona vodiysining shimoli-sharq chekkasiga joylashgan Sari Chelek. Xalqda uni To`sqovul ota ham der ekanlar. Rivoyatlarga qaraganda, tog` daryosining yo`liga bir pahlavon odam qoyani qulatib tushirgan ekan, shundan ko`l hosil bo`gan emish. Aslida bu afsonaviy pahlavon – tabiatning o`zi. Sari Chelek – chindan ham tog` daryosining yo`li to`silganidan hosil bo`lganligi bilinib turibdi. Faqat bu hodisa yuzlab yil oldin yuz bergan bo`lsa kerak.

***

Ulug` ajdodlarning betakror ishlarini avlodlarga atalgan buyuk kashfiyot, deb atasak to`g`ri bo`ladi.

***

Amir Temur qadimiy Vatanimiz Turon — Turkistonni bir yarim asr davom etgan chingiziylar imperiyasining jabru zulmidan xalos qilish uchun mardona kurashgan.

***

“Amir Temur siymosi” kitobida olamshumul tarixiy voqealar o`z aksini topadi.

***

Amir Temur mavzusi ummonday bepayon. Bu ummondan asl durlar saralab olinishi kerak.

***

Amir Temur mavzuda dadil qalam tebratayotgan ijodkorlar bor. Biz amalga oshira olmagan ishlarni ular ro`yobga chiqaradilar, degan umiddaman.

***

“Temur tuzuklari”ning puxta o`ylangan kompozitsiyasi bor. Birinchi kitobda Amir Temur tarix sahnasiga chiqqan paytdan boshlab, to Yildirim Boyazid ustidan g`alaba qozonguncha boshdan kechirgan qirq yillik tarixiy voqealarni ixcham shaklda hikoya qiladi. Bunda u o`zi erishgan zafarlarning ichki sirlarini avlodlarga ochib ko`rsatadi. Ayni vaqtda boshdan kechirgan sarguzashtlarining mag`zini chaqib, ulardan chiqadigan falsafiy xulosalarni mutafakkir sifatida umumlashtiradi…

***

Amir Temur falakiyot ilmini yaxshi bilgan. Osmonning o`n ikki burjidagi Hamal, Savr, Javzo, Saraton kabi yulduzlar osmon jismlari orasida muvozanat saqlashda va quyoshning koinot bo`ylab harakatlanishining alohida daqiqasi-yu, soniyasigacha aniq-ravshan ko`rsatib tushishda inson zoti uchun ilohiy bir ibrat bo`lib xizmat qiladi. Shuning uchun Amir Temur o`z qo`shinlariga ham o`n ikki qavmdan chiqqan sipohiylarni asos qilib oladi.

***

Bobur Mirzo “Temur tuzuklari” orqali bobokalonining tengsiz sarkardalik tajribasini chuqur o`zlashtiradi. Oradan bir yuzu qirq besh yil o`tganidan keyin 1511 yilda Vaxsh daryosi bo`yida, Puli Sangin degan joyda Bobur Mirzo ham Chingizxon avlodlaridan bo`lgan Shayboniyzodalarga qarshi Temurbek ishlagan harbiy taktika va strategiyani amalda tadbiq etib katta g`alabaga erishadi.

***

Eng baland tog` cho`qqisi ana shunday baland cho`qqidan ko`zga aniqroq ko`rinadi. Biz ham Amir Temur etakchiligida xalqimiz erishgan mustaqillikning naqadar yuksak qadriyat bo`lganini O`zbekiston istiqloli yillarida yaqqol ko`rdik va dil-dildan his qildik.

***

Donishmand bobokalonimiz Amir Temurning tarixiy o`gitlari O`zbekiston istiqloli davrida xalqimiz va rahbariyatimiz tomonidan izchil amalga oshirilayotganiga bizning har birimiz nafaqat guvohmiz, balki bu ulug` ishlarga zarracha bo`lsa ham hissa qo`shish orzusida mehnat qilmoqdamiz.

***

Amir Temur haqida to`qib-bichilgan gaplar, shoshma-shosharlik bilan yaratilgan obrazlar, ulug` inson shaxsiyatiga to`g`ri kelmaydigan «lavhalar»ga yo`l qo`ymaslik kerak.

***

Amir Temur odamlarga nisbatan kechirimli bo`lish va yaxshilik qilish yo`li bilan ularni og`ir illatlardan qutqarib olishga harakat qiladi.

***

Ba’zi kitoblarda Tarag`ay bahodir nomini «To`rg`ay» deb yozish hollari ham uchraydi. Bu hech bir mantiqqa to`g`ri kelmaydi. To`rg`ay – kichkina sayroqi qush. Bahodirlar avlodidan bo`lgan amirga bunday nisbat berish to`g`ri emas. Turkiy tilda Tarag`ay so`zi «nurday taralsin, ko`paysin, katta hududlarni egallasin» degan ma’nolarni bildiradi.

***

«Boburnoma», Navoiyning «Majolisun nafois» asarlarida ham Amir Temur shaxsi juda ulug`langan.

***

Geologlar tog`u cho`llarni kezib qadri past, arzimas narsalarni emas, qadri baland, qimmatbaho narsalarni izlashadi. Shunga o`xshab, insondagi ma’naviy izlanishlar ham unga aziz tuyuladigan, ruhiy ehtiyojlarini qondiradigan ne’matlarga qaratiladi.

***

Talabalik yillarimda ilmu ma’rifatni egallash, odamlarga nafi tegadigan mutaxassis bo`lish va mehru oqibatga asoslangan oila qurish asl muddao bo`lgan. Shu haqda “Uch ildiz”ni yozish nasib etdi.

***

Inson ruhi yaxshi odamlarning so`zidan, siymosidan, ijodidan taraladigan ma’naviy ziyoga ham katta ehtiyoj sezadi.

***

Tabiiy nur va ma’naviy ziyo bilan inson hayoti barkamol bo`ladi.

***

O`zga ellarda vatanni sog`inib yashaydigan odamga barcha eldoshlar bir butun millat bo`lib ko`rinadi.

***

Vatandan yiroqda mahalliy farqlarning ahamiyati qolmaydi.

***

Moskvada do`ppi kiygan odamni ko`rsam ko`nglim yorishib ketardi. Atlas kiygan ayollar Moskva ko`chalarida quyoshdan tushgan parilarga o`xshab ko`rinardi.

***

Ulug` g`ayrat ulug` maqsadlar yo`lida tug`iladi.

***

Qo`liga qalam olgan odam esda qoladigan, o`quvchi ma’naviyatini boyitadigan mavzularda yozish kerak.

 ПК1

Nashrga tayyorlovchi:

To`lqin EShBEK

You may also like...

2 Responses

  1. “Юлдузли тунлар”да “Она лочин нидоси»” бўлмиш адабиётимизни, тилимизни, буюк боболаримиз меросини “Жон ширин” дея “Авлодлар довони”дан опичлаб ўтган, қалби “Уч илдиз”га эга Пиримқул Қодиров “Қора кўзлар” учун “Олмос камар” бўлди. У инсон “Эрк”, йўлида “Қадрим” дея ўзидан буюк “Мерос” қолдирди. Халқимиз “Виждон”и Пиримқул Қодиров Ўзбекистон дея аталмиш “Оиламиз” учун “Тил ва дил”дир.

  2. Шарофиддин Тўлаганов шарқона лутф қилибди. Мен қўшимча равишда сал бошқача таърифлардим. “Юлдузли тунлар”да “Она лочин нидоси»” бўлмиш “Тил ва дил”мизни, “Жон ширин” дея “Авлодлар довони”дан опичлаб ўтган, қалби “Уч илдиз”га эга Пиримқул Қодиров “Қора кўзлар” учун “Олмос камар” бўлди. У инсон “Эрк”, йўлида “Қадрим” дея ўзидан буюк “Мерос” қолдирди. Пиримқул Қодиров Ўзбекистон дея аталмиш “Оиламиз” “Виждон”идир.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>