ПИРИМҚУЛ ҚОДИРОВ САБОҚЛАРИ

Азиз устозлар ва ўткир қалам соҳиби бўлган ёш ижодкорлар! “УЧ ИЛДИЗ” маҳорат мактаби жамоаси яна бир хайрли ишга бел боғлади.

DSC_0034

Атоқли адиб Пиримқул Қодиров публицистикасини чуқур ўрганиш ва тадқиқ этишга киришилди. Ушбу режага биноан адибнинг турли йилларда газета ва журналларда, тўпламларда ёритилган мақола, бадиа ва суҳбатлари ўрганилиб (маҳорат мактаби машғулотларида сабоқ олиниб) веб-сайтимизда ёритиб борилади.

Шу хайрли ишга бош қўшиш истагида бўлган барча устозу ёш қаламкаш дўстларимизга таклифимиз: Пиримқул Қодировнинг қачон ва қайси нашрда (жумладан, вилоят, туман нашрларида ҳам) ёритилган мақола, бадиа ва суҳбатларидан, шунингдек, адибнинг суратларидан бохабар бўлсангиз “УЧ ИЛДИЗ” маҳорат мактабига (ЎзМУ журналистика факультети доценти Тўлқин Эшбекка Телефон: +99890 9120963) тақдим этишингизни илтимос қиламиз.

IMG_6655

“УЧ ИЛДИЗ” маҳорат мактабининг навбатдаги машғулотида Пиримқул Қодиров билан бўлган суҳбатлардан бири ўқиб ўрганилди. Журналист Адиба Умирова қоғозга туширган ушбу суҳбат “Ёшлик” журналининг 2011 йил, 1 (242)-сонида чоп этилган экан.

Журнални маҳорат мактабига тақдим этган бош муҳаррир, ёзувчи Собир Ўнарга ҳамда суҳбат муаллифи Адиба Умировага самимий миннатдорчилик изҳор этамиз.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

“УЧ ИЛДИЗ” маҳорат мактаби раҳбари

 

* * *

“БОЛАЛИКДАН БОШЛАНГАН ТАРБИЯ МУҲИМ…”

IMG_6621

Халқимизнинг севимли ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг салмоқли романлари, бир-биридан ширали қисса ва ҳикоялари китобхонларнинг севимли асарларига айлангани шубҳасиздир. Айниқса, ёшларга бағишланган “Уч илдиз” асарига устоз Абдулла Қаҳҳор юксак баҳо берган бўлса, русча таржимасини ўқиган буюк қозоқ адиби Мухтор Авезов Москвада бўлиб ўтган “Ўзбек адабиёти ва санъати кунлари”да ушбу асарни нотўғри талқин қилган ва унга ўринсиз айб қўйган Анна Караваеванинг таърифлари хато эканини ишонарли далиллар билан исботлаб берганлиги ёзувчининг кейинги асарларининг ёзилишига туртки бўлган десак, муболаға бўлмайди.

Адиб шундан кейин “Қадрим”, “Эрк”, “Мерос”, “Ботирлар ва бахиллар” қиссаларини, “Қора кўзлар”, «Юлдузли тунлар» романини яратди. Бу асарларда ўз даврининг ёш қаҳрамонлари қандай шакл­ланганлиги ҳақида ҳикоя қилиб, улар ҳаётининг ибратли жиҳатларини ҳаққоний тасвирлаб берган.

Пиримқул Қодировнинг сўнгги ўн йил ичида ёзган “Она лочин видоси” романида Амир Темурнинг суюкли ўғли Шоҳруҳ ва келини Гавҳаршодбегим билан боғлиқ воқеалар қаламга олинган. Асардаги Улуғбек Мирзо, Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоийларнинг ёшлик давридаги жасорат ва матонати ҳам ўқувчида ёрқин таассурот қолдиради.

Қирқ беш йилдан бери самарали ижод қилиб келган ёзувчининг ижодхонасига ташриф буюрар эканмиз, хасталигига қарамай янги асарлари ва эсдаликларини тўплаб нашрга тайёрлаётган адиб устозни суҳбатга тортдик.

– Пиримқул ака, элимизнинг ардоқли адиби сифатида айтинг-чи, баъзилар таъкидлаганидек, ёзувчи бўлиш учун, албатта, бахтсиз болаликни бошдан кечириш шартми?

– Менинг тасаввуримда, бизга берилган умр тонгги жим-жит бир тезлик билан учиб ўтмоқда. Ўйлаб қарасангиз, ҳар бир кишининг тақдири туғилмасидан олдинги асрларга ҳам илдиз отган бўлади. Туркий аждодларимиз етти пуштини яхши билмаган одамни уят қилишган. Тўқсон икки қабилали ўзбеклар ўз аждодлари қайси уруғдан эканини ёддан чиқармаганлар. Аммо Шўро даврида уруғ суриштириш “уруғ-аймоқчиликка олиб боради” деб айб қилинди. Бу ҳамма одамларни тарихий илдизларидан узиб ташлашга хизмат қиладиган ақида эди.

Аслида эса, ҳар биримизнинг ўтмишимиз ота-боболаримиз мансуб бўлган қабила ва уруғлар орқали халқимиз бошидан кечирган катта тарихий воқеаларга узвий боғланган бўлади. Дейлик, Амир Темур ва унинг авлодларига мансуб бўлган барлос қабиласи Шайбонийхон ва унинг авлодлари даврида қаттиқ қувғинга учрайди. Барлосларнинг улкан бир қисми Бобур билан бирга Афғонистон ва Ҳиндистонга кетади. Бизнинг юртда қолганлари эса тоғ оралиқларига, хон навкарлари кам борадиган пана қишлоқларда жойлашади.

Отамизнинг бобокалонлари орасида Ҳасан Жибачи деган киши ўтган экан. Жиба – жанг пайтида кийиладиган зирҳли кийим. Жибачи – ҳукмфармо бекнинг “офтобачи” деганга ўхшаш бир мулозими. Ҳасан Жибачи ўша даврдаги ҳукмрон доираларига яқин турган қирқ уруғининг Қуёнқулоқ шохасидан бўлади.

Ота-оналар бизни оёққа турғазгунча нечоғли машаққат чекканларини фарзанд ўстирганлар яхши билади. Отамиз бой бўлиб бадарға қилинганлиги учун ҳукмрон мафкура ёшликда бизни руҳан эзиб, ундан бездиргудек бўларди. Ҳолбуки, отам меҳнат қилиб чарчамайдиган, беш вақт намозини канда қилмайдиган, умрида ароқ ичмаган, мулойим табиат, мўмин-қобил одам эди. Ҳаётда жуда кўп оғир, асаббузар ҳодисаларни бошдан кечирган бўлса ҳам, раҳматли биз болаларни уриб-сўкканини эслаёлмайман. Лекин онамиз бизни зир югуртириб ишлатар, хато қилсак, аямай жазо берар, интизомни жуда қаттиқ тутар эдилар. Отамиз “бизнинг хотин амалдор момосига тортган” деб қўяр эди. Кейин билсак, онамизнинг момолари Ўғилжон додхоҳ Фарғона водийсининг Ўш томонларида шуҳрат қозонган Қурбонжон додхоҳнинг издошларидан бўлган экан. У киши оламдан ўтган кезларида туғилган бизнинг онамизга ўша момосининг исмини бериб, “Ўғилжон” деб от қўйган эканлар. Шунинг учун ҳам итеъдоднинг гуркираб ўсишида бахтсиз болалик эмас, болаликдан бошланган тарбия муҳим, деб ҳисоблайман.

Бола эканимизда онамизнинг сиёсатидан ҳайиқар эдик, бизни қаттиққўл ҳокимдай тергашларидан ранжиб, ёш ака-укалар бир-биримизга ҳасрат ҳам қилар эдик. Энди билсам, қаттиқ интизом билан тарбиялаганликлари бизнинг фойдамизга бўлган экан.

– Асарларингиз ичида сизга довруғ келтирган “Юлдузли тунлар” романини ҳаяжон билан ўқимаган китобхон топилмаса керак. Айнан Бобур Мирзо ҳаётига мурожаат қилишингизга нима сабабчи бўлган?

– Бобурдан бошлаганим тўғри бўлган экан, деб ўйлайман. Чунки Амир Темур тажрибасини энг чуқур ўрганган ва давом эттирган темурийзода, менимча, Бобурдир. Мирзо Бобур “Темур тузуклари”ни чуқур ўрганган ҳамда вафотидан олдин ўғли Ҳумоюнга ёзган махфий васиятномасида “Ҳазрат Соҳибқирон Амир Темурнинг иш юритишлари доим ёдингда бўлсин. Шунда давлатинг маъмур ва пухта бўлади”, деб тайинлайди. Ҳақиқатан Бобурнинг ўзи бутун ҳаёти давомида Амир Темурнинг тузукларидаги пурмаъно сўзлардан жуда кўп ибрат олган. Даҳо даражасидаги истеъдод нуқтаи назаридан қараганда, Амир Темурга ирсий ворис ва яқин авлод Бобур Мирзо деб айтиш мумкин. Шунинг учун Бобур Мирзо Ҳиндистонда бошлаб берган бобурийлар сулоласи 332 йил умр кўрган.

– “Амир Темур сиймоси” номли илмий-тарихий асарингиз эса Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 16 йиллиги арафасида ўтказилган “Энг улуғ, энг азиз” танловида биринчи ўринга сазовор бўлганлиги адабиёт аҳлини қувонтирди. Сиз ушбу асарингиз орқали олдингизга қўйган мақсадларингизга эришдингизми?

– Қанчалик эришганимни китобхонлар айтсинлар. Мен ўзим шу асарни катта қизиқиш ва меҳр билан ёздим. Агар шу меҳрни китобхонлар қалбига етказиб бера олган бўлсам, ўз мақсадимга маълум даражада эришдим, деб ўйлайман.

– Бироқ Соҳибқирон Амир Темур ҳақида ёзилган асарларда турли хил фактларга дуч келамиз. Жумладан, айрим бадиий асарларда, 1370 йил Балхда Ҳиндуван қалъасини забт этишда Жаҳонгир Мирзони етакчи қаҳрамон қилиб тасвирланган бўлса, Низомиддин Шомий ва Шарофиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”сида бу жасоратни Амир Темурнинг иккинчи ўғли Умаршайх Мирзога хос, деб қайд этилган. Бу бадиий тўқимами ёки англашилмовчилик?

– Бадиий тўқима шундай ўзгаришлар қилиши мумкин. Аммо мен Умаршайх Мирзони аслидек қилиб, ярадор пайтида ўзини бардам тутганини тарихий манбаларда қандай бўлса, шундай кўрсатганман. Умуман, Темурийлар ҳақида шу қадар тўқима гаплар кўпки, уларни мен мумкин қадар четлаб ўтдим. Ва манбаларда кўрсатилган фактларга асосландим. Ўйлайманки, бунда холислик жуда ҳам зарур.

– Асарларингизни мутолаа қилар эканмиз, ундаги қаҳрамонлар ҳаёти муаллиф ҳаётининг бир парчасига ўхшаб кетади. Болалигингиз қандай кечганлиги ҳақидаги ўй-кечинмаларингиз билан ҳам ўртоқлашсак дегандим…

– Болалигим, ёшлигим… О, қанча йиллар ўтди. Аммо рости, худди кечаги кундек. Бундан олтмиш беш йил муқаддам еттинчи синфни битираётган пайтларимда “Қутлуғ қон” романини қанчалик таъсирланиб ўқиганим ҳалигача ёдимдан чиқмайди. Китобдан олган ёрқин таассуротларим уни ўқиган жойнинг манзаралари билан бирга ҳамон кўз ўнгимда турибди.

Биз бир боғот жойнинг қўрғончасида турардик. Май ойининг охирлари, боғдаги токлар қийғос гуллаган пайт. Қўрғончада сигир ва эчкилар бор, уларга ўт ўриш, анча узоқдан челакда сув ташиб келиш биз каби дастёрларнинг зиммасида эди. Лекин китоб ўқишимга халақит бермасликлари учун, токзорнинг нариги четидаги пана бир жойга яшириниб олар эдим. Онам бир неча марта қўрғончадан чиқиб мени чақирар, лекин ўзимни эшитмаганга солиб китоб ўқишда давом этардим. Шахсан мен Йўлчининг тупроғи тўпиққа чиқадиган кўчалардан ялангоёқ юриб, қишлоқдан шаҳарга келишини ҳам айнан ўз ҳаётимга ўхшатардим. Чунки болалик пайтимизда отамиз бой бўлгани учун бор мол-мулкимизни шўролар тортиб олган, қиш кунида бизнинг иссиқ уйимиздан қувиб чиқариб бадарға қилганди.

Ёшлик йилларимизда Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат каби ёзувчиларнинг асарларини ўқишдан бутунлай маҳрум этилган эдик. Мабодо баъзи ихлосмандлар “Ўткан кунлар” ёки “Кеча ва кундуз” романларини яширинча ўқиётган пайтда қўлга тушса, қатағонга учрарди.

Ўша йилларда биз талабалар суюкли устозларимизга ноҳақ отилган маломат тошларидан қаттиқ изтироб чекканмиз. Бу изтиробларимни “Уч илдиз” романида Маҳкам ва Очил каби ёшлар навқирон, суюкли домлалари профессор Абдураҳмон Тошев ва доцент Темур Акбаровлар томонида тургани, уларга туҳмат қилган бахилларга қарши курашган лавҳалар орқали кўрсатишга ҳаракат қилганман. Ўрни келганда айтиш жоиз: талабалар севадиган профессор Тошев образида мен Ойбекни назарда тутган эдим. Отаси темирчи бўлган Темур Акбаровни тасвир этганда устоз Абдулла Қаҳҳор кўз олдимда турган эди.

– Ҳаётингиздаги энг бахтли чоғларингизни эсласангиз…

– Бундан эллик беш йил аввал мен 19 ёшда талаба бўлган кезларимда газеталарга лавҳалар ёзиб турардим. Ўша йилнинг август ойида ёшлар газетаси менга бир топшириқ берди.

Самарқандда еттинчи синфни битирган ўқувчи қиз Москвадаги гимнастика мусобақаларига қатнашиб, яхши баҳо олибди. Ҳозир шу қиз Чирчиқдаги спорт мактабида ўқийди, тез бориб у билан суҳбат уюштириб келинг, дейишди. Юриб чарчамайдиган йигитлик пайтимиз. Ўша куниёқ айтилган жойни топиб бордим. Ўқувчи қизни чақириб беришди. Суҳбатлашдик. Гаплари маънили, ўзини катталардек вазмин тутади. Жуссаси кичикроқ, аммо пишиқ. Суҳбатимиз пайтида мактабни битирсам, балки Тошкентга ўқишга борарман дегани ёдимда қолди. 1951 йили мен университетнинг 5-курсида ўқий бошлаган кунларим Шарқшунослик факультетининг 1-курсига олтин медаль билан имтиҳонсиз кирган ёшлар даврасида ўша қизни кўриб қолдим.

Ўша йили кузда менинг “Студентлар” деган биринчи китобим нашр этилган эди. Бу китобнинг тақдимотида сирли тилакларга сабабчи бўлган ўша София исмли қиз ҳам иштирок этди.

Тақдир тақозоси деганлари шуми, балки тасодифдир, қарангки, келгуси 1952 йилнинг янги йил кечасини бўлажак умр йўлдошим София билан бир дастурхон атрофида кутиб олдик.

– Устоз, 2010 йил – «Баркамол авлод йили» бўлди. Ушбу йилда китобхонларга, хусусан, ёшларга қандай туҳфа тайёрладингиз?

– Ёшлар аксарият асарларимнинг бош қаҳрамонига айлангани тасодиф эмас. Чунки келажагимиз ёшлар қўлида. Уларни қўллаб-қувватлаганимиз порлоқ истиқбол яратишнинг энг синалган воситасидир. Шу фикрлардан келиб чиқиб, Шўро даврида ёзилган “Қадрим” деган қиссани қайтадан ишлаб чиқдим. Афсонани эслатадиган асардаги шиддатли воқеалар жараёнида қишлоқдан газ конларига келиб ишлаётган икки қалб – Искандар ва Зулайҳонинг мактабда бирга ўқиган пайтларидан бошланган муҳаббатлари халоскор бир кучга айланади. “Қадрим” қиссасининг янги нашри бугунги ёшларга ҳам ибрат бўлади, деб умид қиламан.

 

Суҳбатдош: Адиба УМИРОВА

 

Таҳририятдан: Афсуски, ушбу суҳбатни журнал саҳифаларида кўриш устоз ёзувчи Пиримқул акага насиб этмади…

Пиримқул ака эл суйган ижодкор эди. У кишининг асарлари қўлма-қўл ўқиларди. Айниқса, Мустақиллик даврига келиб Пиримқул Қодиров ижоди янада юксак поғонага кўтарилди. Устоз «Она лочин видоси» рисоласида, «Тил ва эл» китобида ўз истеъдодининг янги қирраларини намоён этди.

Бу – атоқли адиб, жамоат арбоби Пиримқул Қодировнинг сўнгги суҳбати… Аммо ёзувчи ўз асарларида яратган қаҳрамонлари билан ҳамиша қалбимизда яшайди.

DSC_1929

You may also like...

23 Responses

  1. Fazliddin Jo'rayev:

    Shunday xayrli ishga qo’l urgan ustozimizning ijodlariga baraka va muvaffaqiyat tilab qolamiz.

  2. Alibek Anvariy:

    O’zbekiston xalq yozuvchisi Pirimqul Qodirovning asarlari kitobxonlarning qalbidan munosib o’rin olganligi barchamizga ma’lum. Albatta, biz bunday xayrli tashabbuslarni qo’llab-quvvatlaymiz.

  3. Farrux Abduhamidov:

    «Ilm-u hunar yelga emas, elga» deganlaridek, ustozning bunday ishlariga xayrixohlik bildiramiz.

  4. Суратда юзларидан нур ёғилиб турган йигит-қизлар ҳам Пиримқул Қодировдек халқимизнинг севимли ёзувчилари бўлиб етишишларига тилакдошман.

  5. Adiba Umirova samarali suhbat bo`libdi.

  6. Saydullayeva Nodira:

    Менинг энг севимли асарларимдан бири бу «Уч илдиз» романидир. Унда келтирилган хар бир образ тимсоли мени талабалик дунёсининг сирли ва машаккатли оламига чорлаган. Унда акс эттирилган хар бир талабаларнинг узгача олами, самимий мухаббати, уз эътикодига содик колиб курашганлиги, асар сунггида ёшликдаги голиблик ва маглубият аламини тотишдек вокеалар хеч бир инсонни бефарк колдирмайди. Ана шундай буюк ёзувчини хотирлаш ва улуглаш хар биримизнинг бурчимиздир.

  7. Рафиқалари билан танишувлари ажойиб бўлган экан! Ҳақиқатда, тақдирнинг ишлари қизиқ. Айниқса, биз — журналистлар учун…

  8. Жумагул Сувонова:

    Ассалому алайкум!.. Ҳурматли «Маҳорат мактаби» аъзолари ва мухлислари. Аввало мен манашу ташаббусларнинг бошида турган самимий қалб ва ижод сохиби Тўлқин Эшбекка миннатдорчилик билдирмоқчиман.Бу сайт саҳифаларида чоп этилаётган ҳар бир мақола ёки ижод намунаси бир бўлғуси ижодкор ижодий ҳамда ҳаётий фаолияти юзини очиб беради.Бу бугунги кун ёшларини янада юксак чўққилар сари одимлашга ундайди. Пиримқул Қодировдек дарғалар хаёти ҳамда ижодий фаолиятидан баҳраманд этиш эса нихоятда катта ижтимоий ва тарбиявий ахамиятга эга.Примқул Қодиров асарлари бизни ҳамиша ёшликб гўзаллик ва жўшқинлик билан бирга юртга инсон ўзи яшаб турган масканларга ҳурматб ва меҳру муҳаббатга ундаб туради.

  9. Malika Ruziyeva:

    Adiba Umirovaga juda havasim keldi. Juda yaxshi suhbat!

  10. Juda chiroyli suhbat bo’libdi. O’rnak olsa arzigulik. Ularga havasim keldi. Ustozimiz surat so’ragan ekanlar, topishimiz bilan albatta yetkazamiz.

  11. Ma`lumotlar uchun rahmat, ustoz

  12. Pirimqul Qodirovning ijodlari ayniqsa, biz bo`lajak jurnalistlar uchun katta bir maktab

  13. Adib ijodoga juda qiziqardim, bu maqolani o`qib o`zim uchun juda katta dars oldim deb ayta olaman, ustozimizga katta rahmat, ijoddan charchamang!

  14. Устоз бу хайрли ишингиз тахсинга лойик. Яъни, узбек адабиётида муносиб урнига эга Пиримкул Кодировдек ёзувчининг рухи сизни куллайди…

  15. Bu kabi o’tkir materiallar saytimiz orqali davimiy berib borilishi tarafdoriman.

  16. Muyassar Ibragimova:

    Yaxshi ishlar amalga oshirilyapti.

  17. Sevinch Norqobilova:

    Bugun yana bir bor adabiyot olamida, haqiqat olamida yashayotganimni angladim… Ilohim, adabiyot, ma’naviyat olamidagi qadamlarimiz barhayot bo’lsin!

  18. Pirimqul Qodirovdek ular yaratgan tarixiy asarlari, yoshlar asosiy qahramonlariga aylangan qissalaridek hech bir asar ham, qissa ham meni o’ziga jalb etmagan. Ularni qayta-qayta o’qib ta’sirlanardim. Ularning men bilmagan maqola va yozgan asar qissalari oddiy lavhalarini ham o’qiy olsam xursandm bo’lar edim. Bunda «Donish domla» xizmatlari uchun minnatdor bo’laman

  19. Gulbadanbegim Do`stmurodova:

    Shu kabi maqolalar saytimizga ko`proq berib borilsa, talabalar ham uchun yaxshi bo`lardi.

  20. Adabiyot, ma’naviyat olamidagi qadamlarimiz barhayot bo’lsin!

  21. Ustoz adibimiz ijodlari doim barhayot. Halaigacha hamma asarlarini sevib o‘qiyman.

  22. Пиримқул Қодировнинг ҳамма романларини мактаб дарсликларига киритиш лозим, деб ҳисоблайман. «Юлдузли тунлар»ни ўқиган одам кўп маънавий бойликка эга бўлади.

Добавить комментарий для Shahzod To`rayev Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>