Пора олишга уяладиганлар кўпайиб бормоқда

Шу пайтгача пора олишдан уялмайдиганлар кўплигидан азият чекардик…

Порахўрлар ҳақида ҳадеб танқидий гаплар айтишга ҳам юрак унча бетламас эди. Чунки, улар чакана куч-қудратга эга эмасди, бу мавзуда «ортиқча гапирганлар»нинг овозини ўчириб қўйишлари ҳеч гапмас…

Ваҳоланки, жамиятимиз ривожига тўғаноқ бўлаётган катта иллат – коррупциядир. Мутахассислар фикрича, мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан эски тузум орқали ўтган асрда қонларга қўшилган бу дардга қарши кураш чораларини кучайтириш, уни таг-томири билан йўқотиш, бу борадаги ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратилиб келинди. Бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида 2016 йил 24 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатасида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан киритилган «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонунни биринчи ўқишдаёқ қабул қилганди ва бу Қонун 2016 йил 13 декабрда Сенат томонидан маъқулланганди. Шу тариқа Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонуни 2017 йил 4 январдан кучга кирди.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида сенаторлар, депутатлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мутасаддилари иштирокида мазкур қонунни ўрганишга бағишланган қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Талабалар коррупция, яъни порахўрлик, мансабдан фойдаланган ҳолда қонунни суистеъмол қилиш, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик асосида давлат ташкилотларида иш ташкил қилиб, истеъдодли кадрларнинг ўсишига тўсиқ бўлиш, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг давлат томонидан қонун билан кафолатланган ҳолда берилган ҳуқуқларини бузиш, ўз вазифаси бўйича белгиланган мажбуриятларини бажаришни пайсалга солиб, таъмагирлик қилиш каби ҳолатларда бундай қабиҳликларни амалга оширганлар учун давлатнинг қатъий жазоси муқаррарлиги аниқ-равшан белгилангани ҳақида теран англаб олдилар.

Шундай маърифий тадбирларнинг мантиқий давоми ҳисобланган қуйидаги мақолани ўқишни тавсия этар эканмиз, унга ишланган карикатурага боқиб «Пора олишга уяладиганлар кўпайиб бормоқда» дея изоҳ бергимиз келди.

Ўқиш тавсия этилаётган мақола эса бағоят пурмаънодир, дейди Дониш домла ҳаммани мутолаага чорлаб.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари

пора

ЎЗБЕКИСТОНДА КОРРУПЦИЯГА ҚАНДАЙ ТАЪРИФ БЕРИЛАДИ?

 Янги туғилган чақалоқни туғруқхонадан олиб чиқарканмиз, шифокор ва дояларга пул бермасликни кўпда лозим деб топмаймиз. Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидасини бузганда, ички ишлар ходимига “чой пули” таклиф қилишни оддий ҳол сифатида қабул қиламиз.

Бир қарашда бу икки сўз бир-бирига умуман мувофиқ келмайди. Иккинчи томондан эса улар ўртасида қандайдир яқинлик борлигини инкор эта олмаймиз.

Дарвоқе, коррупция ва маданият ўзаро боғлиқ ва баъзи ҳолларда бир-бирини тақозо этади.

Дастлаб, коррупцияга бизда қандай таъриф берилганига тўхталсак. Қонунчиликка кўра, коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши.

Маданият тушунчасига эса инсоннинг жамият аъзоси сифатида ўзлаштирган билимларини, ишонч-эътиқодни, санъатни, ахлоқ ва қонунларни, урф-одатларни, шунингдек, унинг бошқа қобилияти ва кўникмаларини ўз ичига олган мажмуадир, дея таъриф берилади адабиётларда.

Коррупцияга қарши кураш самарали бўлиши учун, бу иллатнинг маданият билан боғлиқ жиҳатларини чуқур тадқиқ этиш ва унинг асосида зарур чораларни қўллаш лозим.

Бу борада хорижий мамлакатларда маълум тадқиқотлар олиб борилган. Олимлардан Т.А.Нестик коррупция ва маданиянинг ўзаро боғлиқлиги масаласида уч хил ёндашув мавжудлигини қайд этади.

Биринчи ёндашувга кўра, коррупциянинг ўзи алоҳида маданият сифатида ўрганилади. Олим ўз ишида коррупцияни иш ёки ташкилий маданият сифатида ўрганиб, одатлар, тасаввурлар ва қадриятлар билан боғлиқлигини очиб беришга ҳаракат қилади. Ташкилий маданият сифатида коррупцияни беорлик ва соғлом фикрнинг йўқолиши билан изоҳлайди.

Иккинчи ёндошувда коррупция кишилар ўртасидаги муносабатларни тартибга соладиган меъёрлар, қоидалар ва қадриятларнинг муваққат бузилиши сифатида талқин этилади. У жамиятнинг аксарият қисми ижтимоий меъёрларга бефарқ ва бепарво муносабатда бўлганда, қадриятлар тизими элементлари ўртасида зиддият келиб чиққанда вужудга келади. Мазкур ёндошувнинг вакиллари сифатида Т.Парсонс ва Р.Мертонни кўрсатиш мумкин. У.Райзман томонидан илгари сурилган номувофиқ нормалар назариясини ҳам ушбу ёндошувга киритиш мумкин. Бу нуқтаи назарга кўра, жамиятда ҳаддан ташқари идеал нормалар яратилади ва амалиётда эса агентлар (ижрочилар) ўзларининг амалиёт нормаларини ишлаб чиқиб, унинг асосида ҳаракат қилишадилар.

Учинчи бир ёндошувга кўра коррупция вақтинчалик, оғриқли ҳолат эмас, балки маданий анъаналар ишлаб чиқадиган, миллий маданиятнинг доимий, барқарор хусусиятларига таянувчи ҳодиса сифатида шарҳланади. Бу қараш 1970 йилларда аввало учинчи дунё мамлакатларида, сўнгра эса Ғарб мамлакатларида маҳаллий одатлар ва қадриятлар билан боғлиқ бўлган норасмий иқтисодиётнинг қарор топишига алоқадордир.

Й.Андвиг ўзининг “The economics of corruption: A survey” асарида собиқ СССР республикаларидаги коррупция даражасига уларнинг маданиятидаги фарқ таъсир этганини ёзади.

Т.А.Нестик коррупциянинг яна бир маданий омили бу дин, деб ёзади. У коррупция ва маданиятнинг ўзаро алоқадорлиги тўғрисида тадқиқот олиб борган тадқиқотчиларнинг ишларини ўрганиб, юқори иерархик динлар коррупция даражасининг юқори бўлишига таъсир этади, деган хулосага келган. Назаримда бу фикрни ислом динига нисбатан қўллаш асоссиз. Сабаби муқаддас динимизда порахўрлик жуда қаттиқ қораланади, ҳалоллик, поклик ҳар жиҳатдан улуғланади. Диннинг асл қоидаларини бошқача талқин қилиш, афсуски, ҳамма жойда учраб туради.

Сўнгги йилларда коррупциянинг барча кўринишларига қарши изчил тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ уларнинг самарали натижалар бериши бир қатор омилларга боғлиқ. Буларнинг ичида коррупциявий стереотипларни йўқотиш, одамларни ҳар қандай кичик коррупция кўринишларини оддий, “нормал” ҳолат эмас, балки умум қораланадиган қилмиш сифатида баҳолашига эришиш муҳим аҳамиятга эга.

Янги туғилган чақалоқни туғруқхонадан олиб чиқарканмиз, шифокор ва дояларга пул бермасликни кўпда лозим деб топмаймиз. Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидасини бузганда, ички ишлар ходимига “чой пули” таклиф қилишни оддий ҳол сифатида қабул қиламиз. Фарзандимиз имтиҳондан ўта олмаса, қандай баҳода бўлса-да, масалани ҳал қилишга ҳаракат қиламиз. Умуман, қонунларни бузиб, маълум ҳақ эвазига жазодан қутулиб қолиш, давлат ташкилоти билан бирор муаммо вужудга келса, таниш-билиш топиб масалани ҳал қилишни “нормал” ҳолат ҳисоблаймиз. Сир эмас, айрим ҳолларда туғилган кун, тўю-тантаналарда берилаётган совға-салом, тўёна, суюнчилар ортида пора туради. Ҳаётимиздаги энг яхши кунларимизга шубҳали нарсаларни аралаштирамиз.

Бу яшаш тарзимизни бир қисмига айланиб қолган. Бошқача айтганда, айрим коррупция кўринишлари маданий қилмиш сифатида баҳоланадиган даражада қайғули аҳволдамиз.

Афсуски мамлакатимизда коррупциявий қилмишларнинг сабаб ва шароитлари, маҳаллий одатларнинг унга таъсири сингари жиҳатлар бўйича чуқур криминологик тадқиқотлар олиб борилмаяпти. Коррупцияга қарши курашнинг натижадорлиги сўзсиз ҳар бир фуқарода бу иллатга қарши иммунитет ва нафратни шакллантиришга бевосита боғлиқ. Аҳолида юксак ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, ҳар қандай кўринишдаги коррупциявий қилмишлар маданиятсизлик эканлигини ижтимоий онгга сингдириш бу иллатнинг олдини олишда энг муҳим омилдир.

Шу боис кейинги йилларда адлия органлари томонидан ҳуқуқий маданиятни юксалтириш вазифаси доирасида коррупцияга қарши умумий, махсус, манзилли ҳуқуқий тарғибот тадбирлари мунтазам кўпайтириб борилмоқда. Шу билан бирга, уларнинг сифати ҳам оширилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мисол учун, жорий йилнинг январь ойида Адлия вазирлиги бошичилигида тайёрланиб, ОАВ, интернетда эълон қилинган коррупцияга қарши «Қонун доим биз билан бирга» номли роликни келтириш мумкин. Уч кун ичида ушбу роликни ижтимоий тармоқларда бир миллионга яқин одам томоша қилганди. Хато қилмаётган бўлсак, бошқа бирор ролик, клип бунга қадар ижтимоий тармоқнинг миллий сегментида бундай қисқа муддатда шунча кўп одам томоша қилишига сазовор бўлмаганди.

Жорий йилда вазирлик томонидан худди шундай яна учта ролик тайёрланиб, ОАВ, интернетда намойиш қилинди. Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида адлия органлари томонидан коррупцияга қарши 4553 та тарғибот тадбири ўтказилди. Жумладан, “Биз коррупцияга қаршимиз” мегатанлови доирасида ўтказилаётган “Коррупция – тараққиёт кушандаси” умуммиллий иншолар танловида 20 мингдан ошиқ фуқароларимиз ўзларининг иншолари билан иштирок этишди. Аҳолида коррупцияга қарши нафрат уйғотувчи ўн минглаб тарқатма материаллар тарқатилмоқда, баннерлар, плакатлар жойлаштирилмоқда. Бунда жараёнга инновацион ёндашилмоқда, халқчил тарзда коррупциянинг жирканч қиёфаси ва аянчли оқибатлари очиб берилишига ҳаракат қилинмоқда.

Бироқ шу ўринда афсус билан қайд этиш керакки, аксарият ташкилотлар ва фуқароларда коррупцияга қарши тарғибот фақат адлия ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг иши деган мутлақо нотўғри қараш мавжуд. Бунинг боиси эса қонунлардан хабарсизлик, ҳуқуқий маданиятсизликдир. “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонуннинг 16,17-моддаларига давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўз ходимлари ва аҳолининг коррупцияга қарши ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўришлари белгиланган.

Коррупцияга қарши кураш ҳар куни ҳар лаҳзада ҳар бир фуқаро томонидан амалга оширилиши керак. Одамларнинг ушбу иллатга қарши қатъий фуқаролик позицияси шаклланиши, коррупцияга нисбатан муросасизлик ва тоқатсизлиги пайдо бўлиши, коррупция ҳолатларини оқлаш ва изоҳлаш эмас, қоралаш ва қабул қилмаслик биринчи даражага чиқиши керак.

 Х.Мелиев,

Адлия вазирлиги масъул ходими

http://uza.uz/oz/society/zbekistonda-korruptsiyaga-anday-tarif-beriladi-24-11-2018

You may also like...

1 Response

  1. «Qozoningga mehnat hosilidan boshqa harom-xarish narsa tushmasin,bil’aks , uni iste’mol qilgan farzandlaring senga bemehr, bemuruvvat bo’ladilar». Afsuski, ko’pni ko’rganlar tomonidan aytilgan bu oddiy haqiqatni ko’pchilik bilmaydi.
    Bundaylarga Tohir Malikning «Odamiylik mulki» asarini o’qitish, aynan «Halol va harom» bo’limini yodlatish kerak.
    «Rasululloh (s.a.v.) pora olganni ham, pora berganni ham do’zaxiy ekanini ta’kidlaganlar. «Pora » atamasini «rushvat» shaklida ham uchratamiz. Turklar pulni «pora» deydilar, bizning tushunchamizdagi «pora»ni «rushvat» ataydilar.Arablar talaffuzida «rishvat» dir.» Ha, ko’rganingizdek, kitoblarda «pora»ga atroflicha ta’rif berilgan. Qarangki, bu so’z bizning iste’molimizda «yo’q». Go’zal lutfga «boy» ayrim kimsalar uni yumshoq qilib, «hadya», «qo’l haqi», «atagani bor» deb ataydi. Bora — bora bu «hunar» milliy qadriyatimizga aylanmasa , deb qo’rqaman. Xudo asrasin!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>