Пропискадан «бой» бўлганлар

Элликта эр кўрибди, деб қилманг маломат,

Пропискага қўйган асли аломат…

Ўша сатрлар «Дониш домланинг дил дафтари»га битилганига ўн беш йилча бўлди-ёв. Тошкент шаҳримизга туташ вилоят туманларидан бирида қайсидир устасифаранг кўплаб фуқароларнинг паспортига «Пирописка қилинди» деган мазмунда қалбаки муҳр қўйиб бергани, улар аслида бирорта хонадон «Уй дафтари»да қайд этилмагани ҳақида ойнаи жаҳонда танқидий кўрсатув намойиш этилган эди. Бундан ташқари пойтахт шаҳримиздаги баъзи устасифаранглар бева аёллар билан жиноий тил бириктирган ҳолда ясама «эр-хотин»ларни загсдан ўтказиб, «эри» Тошкентда доимий пропискага эга бўлгач, «ажраштириб», навбатдаги шунақа талабгорни ишини битириш билан шуғулланганларини ҳам билардик. Юқоридаги «шеърий» сатрлар шунақаларнинг устидан кулиб ёзилган, дейди Дониш домла. Бу муаммога барҳам бериш ўрнига ишлар баттар чигаллашиб кетаётгани ачинарли ҳолдир. Қуйида ўқиш тавсия этилаётган  мақола ҳаммамизни мушоҳадага чорлайди…

т1

Доимий прописка: тақиқми ёки даромад? Инсон ҳуқуқлари-чи?

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти учун доимий прописка мана бир неча йиллардан буён актуал масала.

Бунақа расво тизимдан кимга нима фойдалигини ҳалигача тушунмайман (менда доимий прописка бор, аламзадаликдан айтмаяпман буни). Фойдани билмадиму, лекин иқтисодчи, «Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси Беҳзод Ҳошимов ҳаммуаллифликдаги мақоласида Тошкент пропискасининг иқтисодиётга салбий таъсири ҳақида яхши мақолаёзганди.

Илгари доимий прописка шунчаки тўсиқ ва тақиқ бўлган бўлса, эндиликда ўзига хос бизнесга айланган.

Масалан, 2017 йил 19 июль куни «Тошкент Республикаси»да доимий пропискаси бўлмаган Ўзбекистон фуқаролари учун янги қоида кучга кирди: энг кам ойлик иш ҳақининг 2500 бараваридан қимматроққа янги уй сотиб олганларга Тошкент пропискаси берилади. Ўша пайтда бу миқдор 374 млн сўмни ташкил этар эди. Бу қарор қиммат уй-жой қурадиган тадбиркорларнинг лоббиси бўлмаган эди, ишонамиз.

Ушбу қарорда Ҳукумат нафақат элит тоифадаги тадбиркорлар, балки давлат бюджетини ҳам «унутиб қўймади». Яъни, нотариуслар уй-жой олди-сотдисининг 5 фоизи миқдоридадавлат божи ундира бошлади. Ўша пайтда бу энг ками 18 млн 721 минг сўмни ташкил қиларди, 1 млрд сўмлик уй олса, 50 млн сўмга айланарди. Мўмай даромад, шундай эмасми?

Яқинда қарорга ўзгариш киритилди. Хусусан, эндиликда Тошкентда доимий прописка олиш учун албатта ЭКИҲнинг 2500 бараваридан кам бўлмаган уй олиш тартиби бекор қилинди. Бунинг учун қиймати қанча бўлишидан қатъи назар қурилганига 3 йил бўлмаган кўчмас мол-мулк сотиб олса кифоя.

Аммо 5 фоизлик давлат божи сақлаб қолинди. Камига давлат божи ЭКИҲнинг 10 бараваридан кам бўлмасин, дея белгилашди.

Бу нима дегани?

Масалан, маълумотларга қараганда, Сергели туманида қурилаётган 72 кв.м майдонга эга ёшлар уйи 272 млн 862 минг сўмга баҳоланаётган экан. Келинг, худди шу уй учун давлат божи доимий пропискаси бор ва йўқлар учун қанчага айланишини ҳисоблаб кўрамиз.

Давлат божи ставкалари бўйича, агар шу уйни Тошкентда доимий пропискага эга фуқаро сотиб олса, давлатга 202 минг 730 сўм бож тўлайди.

Худди шу уйни доимий пропискаси йўқ (балки Тошкентда 10-15 йилдан буён яшаётгандир, ким билсин) бошқа фуқаро (у Ўзбекистон фуқароси, лекин Тошкентники эмас) сотиб олса, давлатга 13 млн 643 минг 100 сўм бож тўлайди.

Ҳукумат битта уй учун ўзининг фуқароларига (!) икки хил нархда бож белгилаяпти ва бу фарқ минг эмас, бир неча миллионларни ташкил этяпти. Ваҳоланки, иккаласи ҳам тенг ҳуқуқли фуқаро, иккаласи ҳам тенг солиқлар тўлайди, иккаласи ҳам сайловда бир хил овозга эга, иккаласининг ҳам бир хил паспорти бор.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Мабодо ўша сотиб олинган уйни 3 йил ичида бошқа шахсга сотиш зарурияти туғилиб қолса (иссиқ жон, ҳаёт бешафқат, кимгадир «срочно» пул керак бўлиши мумкин-ку), унда бу ҳам икки хил баҳоланади.

Доимий пропискага эга «оқсуяклар» ўз уйларини 3 йил ичида сотмоқчи бўлса, давлатга яна ўша ЭКИҲ 1 баравари, яъни 202 минг 730 сўм бож тўлайди.

Лекин янги уй сотиб олиб, Тошкентда доимий пропискага эга чиққан Ўзбекистон фуқароси шу уйни 3 йил ичида бировга сотмоқчи бўлса, ЭКИҲнинг 400 баравари, яъни 81 млн 92 минг сўм (!!!) давлат божи тўлайди.

Яна қайтараман, бу иккиси ҳам Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаролари. Улар иккиси ҳам охирги варағига «Ушбу паспорт эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясидадир»деб ёзилган бир хил паспортга эга. Уларнинг асосий фарқи паспортининг 7-10 варағидаги штампларда холос. Минг афсуски, мана шу биргина штамп туфайли фуқароларнинг бири иккинчисидан 400 баравар қадрсизроқ.

Хуллас, шунақа гаплар. Буларнинг барчаси дил тубидан отилиб чиққанлар холос. Тағин кўнглингизга оғир олиб юрманг, уй қурувчилар…

https://kun.uz/news/2018/12/02/doimij-propiska-takikmi-eki-daromad-inson-ukuklarici

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>