Республика ёш ижодкорлари анъанавий Зомин анжумани якунланди

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Жиззах вилоят ва Зомин тумани

ҳокимликлари томонидан сўлим “Ўрикли сой” дам олиш мажмуасида ташкил этилган Республика ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинари якунига бағишлаб тадбир бўлиб ўтди.

ЖамиятТанлаш

09:50 / 09.07.2021
Унда ўзбек, рус, қорақалпоқ, қозоқ ва қирғиз тилларида ижод қилаётган ёш шоир, ёзувчи, публицист, драматурглар, ҳамкор ташкилотлар – “Халқ банки” республика бошқаруви, Касаба уюшмалари федерацияси, республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўтган йили пандемия туфайли онлайн тарзда ўтказилган Республика ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинари бу йил адабиёт ва ижод аҳлига, ёш истеъдодларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, китоб ва китобхонликка эътибор, атоқли адибларимизнинг номи ва ҳурматини жойига қўйиш мақсадида анъанавий шаклда ташкил этилди.

Ўтган 4 кун давомида таниқли ижодкорлар ёш иқтидорлар билан шўъбаларга бўлинган ҳолда иш олиб борди.

Тадбирда ана шу шўъбаларда олиб борилган ишлар юзасидан устозларнинг якуний хулосалари эшитилди.

“Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев 4 кун давомида ёш публицистларнинг ижодлари билан яқиндан танишиб, суҳбатлашганда, улардаги жўшқинлик, жасорат, воқеликка тўғри ёндашишларни кўрганини айтди. Устозлар билан алоқалар онлайн тарзда давом эттирилиб, ёш публицистларнинг мақолалари устозлар назоратида бўлиши, мамлакатимиздаги газета, журнал, ижтимоий тармоқларда мунтазам чоп этиб турилиши, шунингдек, уларга янги топшириқлар бериб борилиши таъкидланди

– Жорий йилги Зомин семинари ҳар йилгидан ажойиб ўтди, – дейди Ўзбекистон Халқ шоири Энахон Сиддиқова. – Энг кўп иштирокчини жамлаган ушбу шеърият шўъбасида жам бўлган мамлакатимиз ёш иқтидорлари ўз ижодлари билан бизни лол қолдирди. Уларнинг шеърларини ўқиб, шеъриятимиз келажаги ишончли қўлларда эканига шубҳа қолмади. Ушбу гўзал семинардан сўнг юртимиз ижод севарларига бир-биридан сара асарлар тақдим этилишига ишончим комил. Зомин семинари ҳар йили бизга янги-янги номларни тақдим этаяпти. Бу йилги кашф этилган номлар ҳар йилгисидан жўшқинроқ, ҳар йилгидан ёрқинроқ. Аммо бу йилги семинарга келганлар келгуси йилда қатнашмайди. Бу баъзан истеъдодларимизни йўқотиб қўйишга сабаб бўлади. Эътиборсизлик натижасида улар четга чиқиб, турли ёд ғоялар таъсирига тушиб қолаяпти. Мен бу фикрни Фарғона вилоятидаги ҳолатдан келиб чиқиб айтаяпман. Шу ўринда бир таклифни ўртага ташламоқчиман. Давлатимиз раҳбарининг эътибор ва ғамхўрлиги самарасида бугунги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳисобида етарли маблағ мавжуд. Шу сабаб уюшма қошида доимий ишлайдиган мактаб ташкил этилиб, унга жалб этилаётган устозларга ойлик маош тайинланиб, бугунги Зомин семинарида қатнашганлар ҳар бир шўъба бўйича устозларга бириктирилиб, ҳозирча онлайн тарзда бўлсада, мунтазам равишда уларнинг янги-янги ижодлари билан танишиб, уларга керакли маслаҳат, сабоқ ва топшириқлар бериб борилса, яхши бўларди.

Шунингдек, адабий танқид шўъбаси раҳбари Қозоқбой Йўлдошев, наср шўъбаси раҳбари Исажон Султон, болалар адабиёти шўъбаси раҳбари, уюшманинг болалар адабиёти бўлими бошлиғи Ориф Тўхташев, драматургия шўбаси раҳбари Абдуқаюм Йўлдошев ва бошқалар бу йилги Зомин семинари ҳар бир йўналиш бўйича янги номларни кашф этганини, бу ёш истеъдодлар ижодда тўхтаб қолмаслиги, устозлари билан мунтазам боғланиб, уларнинг топшириқларини бажариб боришлари лозимлиги хусусида тўхталди.

Рус, қорақалпоқ, қозоқ ва қирғиз тилда ижод қилувчи ёшлар шўъбаси раҳбари, уюшманинг халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Николай Ильин, бу йил биринчи марта рус ва бошқа миллат тилларида ижод қилаётган ёш истеъдодлар ҳам Зомин семинарига таклиф этилгани, уларнинг сони келгуси йил яна ортишига ишонишини билдирди.

Тадбирда Республика ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинарида қатнашган ҳар бир ёш ижодкор ноутбук, эсдалик совғалари, 1 миллион 300 минг сўмдан пул мукофоти билан тақдирланди.

– Устозларимиздан олган сабоқларимиз ижодимизга улкан туртки бўлади, деб ўйлайман, – дейди семинар иштирокчиларидан бири, адабий танқид йўналиши қатнашчиси, Тошкент вилоятилик Феруза Тўхтахўжаева. – Бизга Зомин туманининг энг сўлим гўшаси “Ўрикли сой” дам олиш мажмуасида яшаш, овқатланиш, бадантарбия билан шуғулланиб, спорт мусобақаларида қатнашишимиз ва энг муҳими ижод қилишимиз учун барча шароитлар яратиб берилди.

Тадбир давомида иштирокчиларга “Жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналари кутубхонаси”дан ўрин олган бадиий китоблар ва эсдалик совғалари топширилди.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>