Сафарнома: САМАРҚАНД САЙҚАЛИ (2-мақола)

Самарқандга йўлим тушса, Манноп Ибодуллаев ва Дилшод Бердиқулов бир пиёла чойсиз кузатмайди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Чой баҳона ҳангома қизийди. Суҳбат бобо шаҳримиз Самарқанд мавзусига уланди.

Бу улуғ шаҳар – рўйи заминнинг сайқали, деган гап бежиз айтилмаган. Аждодларимиз уч минг йиллар муқаддам илм-фаннинг пойдеворини худди шу заминда қўйгани ҳақида қатор манбаларда баён этилган.

 

Uzbekistan3

Ўрта асрларда Ғарбда “Нур Шарқдан таралади”, деган пурмаъно фикр бежизга айтилмаган. Кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳар – Самарқанд қадимий Мовароуннаҳрнинг маданий, иқтисодий ва маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутган. Илму ижоди билан дунёга довруқ таратган кўплаб алломалар айнан шу заминда камолга етган. Самарқанд яқинида жойлашган Мотурид қишлоғида таваллуд топган Абу Мансур Муҳаммад Мотурудий (870-944 йиллар) ҳақида юртимиз истиқлолга эришганидан кейингина билдик. Бу буюк аллома асос солган диний таълимот – мотурудия мактаби, деб номланиб, у қатор Шарқ давлатларида қизиқиш билан ўрганилган. Буюк аждодимиз ислом динининг моҳиятини – тўғрилик, эзгулик, инсонийлик, деб тарғиб қилган. Баъзи манбаларда қайд этилишича, Имом Мотурудий Самарқанддаги Чокардиза қабристонида дафн этилган. Ушбу қабристон ўтган асрнинг 40-50-йилларида бутунлай йўқ қилинган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 декабрдаги қарорига мувофиқ 2000 йилда алломанинг 1130 йиллик таваллуд санаси нишонланиши муносабати билан Чокардиза қабристонида қазишмалар олиб борилган. Мотурудий қабри ёнида XI асрда бунёд қилинган ва кейинги асрларда қайта қурилган масжид пойдевори топилган. Шу пойдевор асосида улуғ алломанинг қабри аниқланган. Чокардиза қабристонини ўрганиш пайтида сиртига Мотурудийнинг исм-шарифи, нисбаси ва вафоти санаси битилган ўттиздан ортиқ қайроқтошлар топилган экан…

Самарқанд деганда кўз ўнгимизда буюк бобокалонимиз Соҳибқирон Амир Темур сиймоси гавдаланади. Бу улуғ сиймо ҳақида нафақат ўзимизда, балки жаҳондаги турли мамлакатларда ҳам катта эътибор билан қаралиб, турли даврларда унинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган юзлаб асарлар яратилгандир. Юртимиз истиқлолга эришганидан сўнг тарихий қадриятларимиз қаторида улуғ аждодимизнинг муборак номлари чинакам қадр топмоқда. Шаҳрисабзда, Самарқандда, Тошкентда унинг маҳобатли ҳайкаллари қад ростлади.

i (1)

Суҳбат асносида Соҳибқирон сиймоси акс этган салмоқли китоблар орасида атоқли олим Бўрибой Аҳмедовнинг «Амир Темур», севимли шоир ва адиблар Абдулла Ориповнинг «Соҳибқирон», Муҳаммад Алининг «Буюк салтанат», Пиримқул Қодировнинг «Амир Темур сиймоси» асарлари тенгсиз маънавий мулкимизга айланганини эсладик.

Бу асарлар орасида раҳматли адибимиз Пиримқул Қодировнинг 2007 йилда «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чоп этилган «Амир Темур сиймоси» илмий бадиаси алоҳида ўрин тутади. У ҳақда ёзган мақоламни Маннопжон қизиқиш билан ўқиганини айтиб қолди. Юксак бадиий лавҳаларда акс этган ғаройиб воқеа-ҳодисалар илмий асосланган ҳолда талқин этилгани боис «илмий бадиа» деб номланган бу китоб асли адабиёт ишқибозлари учун ажойиб романдир. Ўқувчи уни зўр иштиёқ ва ҳаяжон билан мутолаа қиларкан, кўз ўнгида аввало буюк Амир Темурнинг улуғвор сиймоси гавдаланади. Соҳибқироннинг замондошлари, ўғиллари ва бошқа тарихий шахслар жонли образларга айланади. Не-не тақдирлар, турфа характерлар, ҳаётда учрайдиган зиддиятлар ва уларнинг ечимлари китобхонни ҳаяжонга солади.

Соҳибқироннинг 660 йиллиги нафақат унинг туғилиб ўсган диёри – Ўзбекистонда, балки Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Париждаги қароргоҳи бўлмиш ЮНЕСКОнинг муҳташам саройида юксак эҳтиром билан нишонлангани чинакам тарихий воқеадир. Бу ҳақда тўлқинланиб сўз юритган адиб: «Амир Темурга нисбатан тарихий адолатни тиклашда бош ташаббускор ва ташкилотчи бўлган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Соҳибқироннинг фаолиятидаги устувор йўналиш фақат жаҳонгирлик ва фотиҳлик эмас, балки она ватанни мустамлака зулмидан қутқариш, истиқлол ва адолатни қарор топтириш бўлгани ҳақида» билдирган муҳим фикрларига алоҳида эътибор қаратади. Бу қуйма фикрлар адибга қанчалик улкан маънавий куч бахш этганини бутун асарни мутолаа қилиш жараёнида англаб етасиз.

Адиб ва олим илмий бадиасида Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига оид фактларга теран илмий нуқтаи назардан ёндашади. Тарих осмонида мангу нур таратиб турган улуғ сиймо ҳақида турли даврларда тарихчилар ва тадқиқотчилар томонидан жуда кўп холис фикрлар ёзилганини эҳтиром билан тилга олади. Айтайлик, Амир Темурнинг ўз ота-онасига меҳру оқибати машҳур Оқсарой тимсолида кўринишини, испан элчиси Клавихонинг китобида ёзилишича «Амир Темур Кешда қурдирган муҳташам Оқсаройни отасининг хотирасига атаб бунёд этганини» ёзгани эътиборга моликдир. Яна бир тарихий манбада эса «бу гўзал ва бетакрор бино Амир Темурнинг онаси шарафига 1404 йилда қуриб битирилган»и баён қилинган. Бу манбалардан иқтибослар келтириш асносида муаллиф ўз ўқувчиларининг ҳам тафаккурларини янада бойитишга хизмат қилгани айни муддаодир.

Темурбек ёшлигида қанчалик зеҳни ўткир, заковати тенгсиз бола бўлгани, у камолга етганда ҳам буюк ақл-идрок соҳиби, донишманд сиймо, адолатли амир сифатида ном қозонгани ҳақида кейинчалик унинг саройида котиб бўлиб ишлаган Ҳафизи Абрўнинг «Зубдат-ут таворих», Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома», Низомиддин Шомийнинг «Зафарнома», темурийлар хизматида бўлган Муйиниддин Натанзийнинг «Мунтахаб-ут таворих», француз олими Люсьен Кэрэннинг «Амир Темур салтанати», Бошқирд халқ ёзувчиси Ахияр Ҳакимовнинг «Карвон», рус тарихчиси Михаил Арнольднинг «Бир муҳораба сири» асарларида, француз ёзувчиси Марсель Брюннинг «Мен жаҳонни очган Темурман» романига Эрон олими Р.Мансурий ёзган сўзбошисида, Озарбайжон олими Абулфайз Раҳимовнинг «Амир Темур Озарбайжонда» асарида эътиборга молик фикрлар баён этилганини муаллиф эҳтиром билан тилга олади. Кўплаб тарихий асарлар билан бир қаторда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома», Алишер Навоийнинг «Мажолисун нафоис» сингари ўз бобокалонларимизнинг тарихий асарларида ҳам Амир Темур шахси қанчалик улуғланганини зукко адиб теран таҳлил қилган.

Турли даврларда Амир Темур ҳақида яратилган асарлар орасида тарих ҳақиқатини бузиб талқин қилинганлари ҳам кам эмас. Улар нечоғли асосли бўлганини илмий таҳлил қилиш, пировардида, Соҳибқирон сиймоси ҳақида ҳаққоний хулосалар чиқариш мақсадида адиб «ишимиз давомида «Темур тузуклари»дан иқтибослар келтириш орқали унинг ўзини сўзлатишга, маънавий дунёсини ўз нутқи орқали очишга ҳаракат қиламиз» дея масалага тўғри ёндашиш йўлини танлайди.

Бугунги кунда беқиёс маънавий хазинамизга айланган «Темур тузуклари»ни Амир Темур умрининг охирларида ёзиб тугатгани ва унда ўз хулосаларини авлодларига васият тарзида ёзиб қолдиргани, бу китоб асрлар давомида махфий сақлангани ва бизга етиб келгунича ажойиб ҳодисаларга дуч келгани ўзи бир тарих эканини муаллиф қатор тарихий мисоллар воситасида ҳам тасвирлайди.

Амир Темур ҳаётига оид асарлар орасида қайсидир маънода «тўқиб-бичилган» гаплар, шошма-шошарлик билан «яратилган образлар», улуғ инсон шахсиятига тўғри келмайдиган «лавҳалар» ҳам кам эмас. Буюк тарихий шахс ҳаёти, зафарли юришлари ҳақида ортиқча эҳтиросга берилиб ёзиш «одати» ўтган асрларда ҳам кам бўлмаган… Бундай адабиётлар тарих ҳақиқатини бузиб кўрсатиш баробарида ўқувчини чалғитади.

Соҳибқирон ҳақидаги асарларнинг қай бири ҳаёт ҳақиқатига монанд-у қайсида англашилмовчиликлар, уйдирмалар, сохта гаплар борлиги «Амир Темур сиймоси» китобида аниқ далиллар билан исботлаб берилган. Жонкуяр адиб тарихий манбалардаги Амир Темур шахси билан боғлиқ ҳар бир деталга синчковлик билан ёндошади. «Сўнгги асрларда пайдо бўлган баъзи китобларда Тарағай баҳодирнинг номини «Тўрғай» деб ёзиш ҳоллари ҳам учрайди. Бу ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди,– деб изоҳлайди у.– Тўрғай – кичкина сайроқи қуш. Баҳодирлар авлодидан бўлган амирга бундай нисбат бериш тўғри эмас. Туркий тилда Тарағай сўзи «нурдай таралсин, кўпайсин, катта ҳудудларни эгалласин» деган маъноларни билдиради». Бундай тилаклар ижобат бўлишига урғу берган муаллиф шу ўринда Амир Темур ўзининг суюкли невараси Улуғбекка дастлаб Тарағай деб исм қўйганини ҳам эслатиб ўтади.

Шу ўринда Дилшоджон айтган бир янгиликдан дилим яйраб кетди. Буюк Амир Темур ва темурийлар хилхонаси ҳисобланмиш тарихий обидани анча вақтдан буён “Гўри Амир” деб аташлари ғашимизга тегарди. Пиримқул Қодировнинг «Амир Темур сиймоси» асарида ҳам унга танқидий фикрлар билдирилган. Буни қарангки, ўша хатоликка аллақачон барҳам берилиб, бу муқаддас маскан ўз номи билан – “Амир Темур мақбараси”га айланибди!

i (10)

Эҳ, дейман ўзимча, раҳматли устоз Пиримқул Қодиров ҳаёт бўлганида бу хушхабардан қанчалик қувонган, шукроналар айтган бўларди-я!..

Мевали дарахтга тош отилиши азалий қисмат эканини Амир Темурга нисбатан турли тарихчи олимларнинг уйдирмаларидан ҳам билса бўлади. Жумладан, Ибн Арабшоҳнинг «Темур тарихида тақдир ажойиботлари», М.Брюннинг «Мен жаҳонни очган Темурман», 1992 йилда Москвада босилиб чиққан «Тамерлан», инглиз адибаси Хильде Хуккемнинг «Етти иқлим султони», А.Ю.Якубовскийнинг «Темур» деб номланган китобларида ҳақиқатга тўғри келмайдиган хаёлий уйдирмалар кўп учраши, академик В.В.Бартольднинг айрим сўзларида Амир Темурни «саводсиз бўлган» деган гаплари қанчалик ассоссиз эканлиги «Амир Темур сиймоси» китобида теран илмий таҳлиллар воситасида очиб берилган. Бу билан ўша чалкашликларга катта нуқта қўйилганини ҳис этасиз.

Айрим тарихчиларнинг Чингизхон ва Амир Темур сиёсатидаги бир-бирига «ўхшаш жиҳатлари»ни кашф қилганлари ҳақида ўқиганмиз. Аслида бу икки тарихий шахс саъй-ҳаракатларида, мақсадларида мутлақо ўзгача ҳолатлар юз берганини ҳам муаллиф аниқ далиллар билан асослаб берган. «Чингизийлар ҳукмронлиги даврида айниқса сипоҳийлар ва беку амирлар орасида субутсизлик, беқарорлик, алдамчилик авжига чиққан эди,– деб ёзади адиб.– Шуни яхши биладиган Амир Темур энди одамларга нисбатан иложи борича кечиримли бўлиш ва яхшилик қилиш йўли билан уларни оғир иллатлардан қутқариб олишга астойдил ҳаракат қилади». Бир ўринда, Чингизхон лашкарларини ярим оч ҳолда жанг қилдиргани ва улар оч бўридек одамларни талагани, Амир Темур эса лашкарларига яхши маош тўлаб, уларни адолат учун курашга чорлагани ҳақида мароқ билан ҳикоя қилинган.

«Амир Темур сиймоси» китобида буюк бобокалонимизнинг бутун фаолияти содда ва равон тилда ҳикоя қилинган. Соҳибқироннинг улуғвор ишлари, бунёдкорлиги, буюк инсоний фазилатлари, замондошларига, илм аҳлига нисбатан оқилона муносабатлари, зафарли юришлари ва қудратли давлат бунёд этиши, авлодларига қолдирган тенгсиз мерослари ҳақида юксак бадиий маҳорат билан ёзилган китобни мутолаа қиларкансиз, хаёлан ўтмиш билан юзма-юз бўлгандек ҳис этасиз ўзингизни.

Муаллиф буюк бобокалонимизнинг ўз даврида эришган тарихий ғалабаси билан бугунги тенгсиз истиқлолимизни шундай муқояса қилади: «Энг баланд тоғ чўққиси ана шундай баланд чўққидан кўзга аниқроқ кўринади. Биз ҳам Амир Темур етакчилигида халқимиз эришган мустақилликнинг нақадар юксак қадрият бўлганини Ўзбекистон истиқлоли йилларида яққол кўрдик ва дил-дилдан ҳис қилдик».

– Бизнинг энг катта бахтимиз – Ватан истиқлолини кўриш ва шундай озод ҳамда обод юртда яшаш бахтига мушарраф бўлдик,– дея суҳбатга якун ясади Маннопжон дўстимиз.

Вилоят ҳокимлигига қайтиб келганимизда Шавкат Ибрагимов бизни илҳақ бўлиб кутиб ўтирган экан…

 

Тўлқин ЭШБЕК

(Давомини бир неча соатдан кейин ўқийсиз. Сайтимиздан узоқлашманг).

Ушбу сафарномани сайтимизга жойлаштиришга яқиндан кўмаклашаётган Оқдарё туман “Оқдарё овози” газетаси бош муҳаррири Йўлчи Муҳаммадиевга самимий миннатдорчилик изҳор этамиз.

Дарвоқе, “Оқдарё овози” газетаси таҳририятида республика газеталари етарли даражада экан. Бугун тунда ЎзМУ ва бошқа олий таълим муассасалари учун “Ахборот соатлари” материалларини ҳам тайёрлаб, одатдагидек сайтимизга жойлаштирамиз.

Сайтимиз азиз мухлисларига ҳамиша мунтазир!

You may also like...

2 Responses

  1. Samarqand haqida men bilmagan ma’lumotlar ko’p ekan. Samarqand sayqali nomi ostida joylashtirilgan bu maqolalarning yozilish uslubi ham o’quvchini o’ziga qiziqtiradi.

  2. Shohista Shahobova:

    Samarqand haqida ko`p eshitamiz teleekranlarda ko`ramiz albatta, nasib etsa ustozlarimiz boshchiligida boramiz. Maqolada berilgan ma`lumotlar bizga asqotadi

Добавить комментарий для Shohista Shahobova Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>