Сафарнома: ЮКСАКЛАРДА БЎЙ КЎРСАТГАН ВАТАН!

Азиз мухлисларимизнинг илтимосларига биноан мазкур сафарнома бугун қайта ёритилмоқда. Илло, шундай сафарларимиз бардавом бўлсин, дейди Дониш домла.

КЕЧА ВА БУГУН

1991 йил 31 август куни муҳтарам Юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини тантанали равишда эълон қилган онларданоқ руҳият оламимизга ўзгача ёруғлик кириб келганини ҳис этдик. Мустабид тузумнинг аянчли занжирлари барбод бўлиб, дунё эшиклари очилди. АҚШ, Туркия каби давлатлар биринчилардан бўлиб Ўзбекистон мустақиллигини тан олдилар!

Кечаги ўтмишимиз – собиқ мустабид тузум даврида биз чет давлатларга чиқишни орзу қилишга ҳам ҳайиқардик. Ўтган асрнинг 70-80 йилларида мактабда биз “гуллаб-яшнаётган социализм”, улар “ириб-чириб кетаётган капитализм” деган тушунчаларга эга бўлардик. Қатор чет давлатлар қатори Туркияга нисбатан ҳам салбий фикр уйғотилганди.

Газеталарда ёнма-ён бериладиган “Социализм ғалабалари”, “Капитализм иллатлари” рукнлари остидаги мақолаларнинг мазмуни маълум эди… Шунга яраша ўша “капиталистик давлатлар”га чиқишга йўл қўйилмасди. Юртимиз мустақилликка эришгунига қадар “шунақа давлатларга бориб келдим” деган бирор кимсани учратмаганман. Унақа давлатлар қандайдир борса-келмас жойлардек ваҳимали кўринарди…

Асосан юқори лавозимларда ишлайдиганлар (ва уларнинг яқинлари) чет эл дея социалистик лагердаги Болгария, Руминия, Чехословакия, Польша, ГДР каби давлатларга бориб-келиши ҳам катта гап эди.

Туркияга бориш у ёқда турсин, у ҳақда юрак ютиб гапириш ҳам хатарли эди…

Буюк истиқлолимизнинг 23-йилида туриб ортга назар ташлайман. Шу кунга қадар АҚШ ва Туркиядан тортиб Япония, Жанубий Кореягача, Англия, Франциядан тортиб Осиё ҳамда араб давлатларигача қанча юртдошларимиз эмин-эркин бориб келмоқдалар!

Республикамиз раҳбари Ислом Каримовнинг 1991 йил декабрь, 1994 йил июнь, 1997 йил ноябрь, 1998 йил октябрда Туркияга, ўз навбатида Туркия давлат ва ҳукумат раҳбарлари (Т.Ўзол, С.Демирел, Н.Сезер, Т.Челлир, М.Йилмаз, Р.Эрдўғон)нинг юртимизга қилган расмий ташрифлари икки мамлакат ўртасида алоқаларни ривожлантиришда муҳим пойдевор бўлди.

Қарс икки қўлдан, деганларидек, биз дунёни кўришга қанчалик ошиқсак, чет элликлар ҳам мўъжизакор юртимиз билан танишишга шунчалик муштоқ эди. Истиқлол шарофати билангина миллионлаб хорижликлар Ўзбекистонни, юртдошларимиз эса жаҳонни бўйи басти билан таниди.

Тоғ қанчалик юксаклигини кўрмоқ учун унга шу қадар баланд чўққидан боқмоқ керак. Жонажон Ўзбекистонимиз мустақилликка эришганидан буён ўтган йиллар мобайнида қай даражада улуғвор мамлакатга айланганини ҳис этмоқ учун унга дунёнинг энг ривожланган давлатларидан туриб боқмоқ, керак бўлса, солиштирмоқ лозим, деган фикрда юрардим. Ҳар гапга фаришта омин дейди, деганларидек, она Ватанимни ана шундай юксаклардан кузатиш ҳам насиб этди. Туркия жумҳуриятининг юртимиздаги элчихонаси таклифи билан ўша мамлакатга саёҳатга отланар эканман шууримдан шундай ўйлар кечарди.

 

ЎЗБЕКИСТОН-ТУРКИЯ МУНОСАБАТЛАРИДА ЯНГИ САҲИФА

Президентимиз Ислом Каримов шу йил 10 июль куни Оқсаройда Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Аҳмет Давутўғлини қабул қилди. Ушбу учрашув Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолатини баҳолаш, ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида яна бир муҳим қадам бўлди. Унда Ўзбекистон билан Туркияни азалдан нафақат маданиятимиз, тилимиз ва маънавиятимиз муштараклиги, балки савдо-иқтисодий ва бошқа соҳаларда тенг ҳуқуқли ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорлик боғлаб туриши қайд этилди. Суҳбат чоғида маданий-гуманитар соҳадаги алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Сайёҳлар алмашишни ривожлантиришдан ҳар икки томон манфаатдор экани қайд этилди.

Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Аҳмет Давутўғли оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашиб, ўзининг Ўзбекистонга амалга ошираётган сафар тассуротлари билан ўртоқлашар экан, жумладан шундай деди:

“Бугун биз дўст ва қардош, Самарқанд, Бухоро, Хива каби қадимий шаҳарларни ўз бағрига олган ота юртимиз Ўзбекистонга ташриф буюрганимиздан хурсандмиз. Бу ташрифдан мен икки баробар бахтиёрман. Биринчидан, мен ҳам қайсидир маънода Тошкент фарзандиман. Фақат Туркиядаги Конья вилоятининг Тошкент туманида туғулганман. Азалий яқин халқларимизнинг алоқаларини янги босқичга олиб чиқишга ҳисса қўшаётган вазир эканимдан хурсандман. Бугун биз Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва бошқа вазирлик раҳбарлари билан учрашиб, кенг қамровли музокаралар олиб бордик. Музокараларда икки томонлама ҳамкорлик алоқалари, минтақа ва дунёда юз бераётган воқеалар юзасидан фикр алмашишга фурсат топдик, деб ўйлайман. Ўзбекистон ва Туркия тили, дини, аньана ва маданиятларни ўзида мужассам этган халқлар истиқомат қилувчи мамлакатлардир. Шуни ишонч билан айта оламанки, бугун Оқсаройда мамлакатларимиз ўртасида янги оқ саҳифа очилди”.

Айтиш жоизки, бугунги кунда Туркия Ўзбекистоннинг ташқи савдо бўйича энг йирик беш ҳамкоридан биридир. 2013 йилда мамлакатларимиз ўртасида товар айланмаси 1 миллиард 347 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Кейинчалик бу рақам 3 миллиард долларга, ундан кейин эса 5 миллиард долларга етиши учун ҳаракат қилиниши алоҳида таъкидланди. Ўзбекистонда Туркия сармояси иштирокида 485 корхона фаолият юритмоқда. Шу йилнинг январь-май ойларида мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси 550 миллион долларни ташкил қилди. Йил охирига қадар бу рақам ошишига умид қиламиз, дейди вазир.

Аҳмет Давутўғлининг қайд этишича, транспорт соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Пекин-Истамбул темирйўл лойиҳаси Туркия ва Ўзбекистон учун муҳим лойиҳа ҳисобланиши таъкидланди. “Биз тарихий Буюк Ипак йўлини темир йўл сифатида шакллантиришга келишиб олдик. Бошқа бир қатор лойиҳаларимиз бор. Бу лойиҳалар амалга ошадиган бўлса, Ўзбекистон ҳам денгизга чиқиш учун яна бир қулай имкониятларга эга бўлади. Мен Ўзбекистонлик қардошларимизга Туркиянинг ҳар бир порти Ўзбекистон портидир, деб айтдим. Ўзбекистон Туркиядаги ҳамма портларни ишлата олади. Самолётлар парвозларини ҳам кўпайтириш режаларимиз бор,– дейди Аҳмет Давутўғли.– Туркияликлар Самарқанд, Бухоро каби Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига меҳр кўзи билан қарашади, бу шаҳарларни зиёрат қилишни хоҳлайдилар. Ҳозирда икки мамлакат ўртасида ишга солинмаган имкониятлар мавжуд. Ўзбекистон ва Туркия Европа ва Осиёнинг геосиёсат нуқтаи назаридан муҳим минтақасида жойлашган. Ҳар икки мамлакат ҳам барқарордир”.

Журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, Аҳмет Давутўғли ота юртим деб ардоқлаган шаҳарлари ҳақида эҳтиром билан шундай деди: “Мен ташриф буюрадиган Ўзбекистон шаҳарларини нафақат ислом дунёси, балки башарият маданий пойтахти деган бўлардим. Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарлари турк дунёсининг ҳам маданият пойтахти саналади. Самарқанд қадим замондан бери турк дунёсининг сиёсий пойтахти, Бухоро маънавий пойтахти, Хива эстетик пойтахтимиз ҳисобланади”.

Тинчлик ва осойишталик ҳукм сурган юртларда беқиёс орзулар рўёбга чиқаверади. Асрлар оша элларни элларга туташтириб келган тарихий Буюк Ипак йўли эндиликда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон-Туркманистон-Озарбайжон-Грузия ва Турияни боғловчи темирйўлига айланиши ва унинг муҳим бўғини бизнинг юртимиздан ўтиши қанчалик тараққиётга хизмат қилишини тасаввур этиш ўзи мароқли.

 

ОСМОНИМИЗ БИР ЗАМИН

1406574405033

Курраи заминни қанча давлатлар мустаҳкам чегаралари билан тақсимлаб олишган бўлса-да уларнинг осмони ягона! Дунёнинг у бурчидан бу чеккасига қадар битта осмонда парвоз қиласан. Шу йил саратоннинг сўнгги куни эрта тонгда Истамбул сари парвозга шайланар эканмиз, бизни бағрига чорлаётган ягона осмонимизга ҳайрат билан боқаман. Сирли осмон тоқига Улуғбек бобом аллақачон нарвон қўйиб берганини ҳис этишнинг ўзи завқ беради.

Улкан ҳаво кемасидан туриб она заминни кузатишнинг гашти бошқача. Ўзбекистоннинг пурвиқор тоғлари ортда қолгач, Туркманистоннинг бепоён ерлари оша парвозни давом эттирдик. Мовий ранг Каспий денгизи бениҳоя гўзал манзара касб этади. Сўнг, Озарбайжон, Арманистон осмони узра учар эканмиз, бир тутам бўлиб кўринаётган қишлоқларни кузатдим.

Кўча чангитиб юришган болакайлар самолётимизни завқ билан томоша қилишаётгандир? Ёшлигимда қишлоғимиз осмонидан ўтаётган самолётларга ҳавас билан боқардим. Унда қанча бахтли одамлар қай томонларга кетмоқда, дея ширин хаёлларга берилганман. Энди менга ҳам кимлардир шундай ҳавас билан боқаётган бўлса неажаб! Ҳавас билан боққанларга шундай бахтга эришиш насиб этсин, дея тилаклар билдирдим кўнглимда.

Номига яраша бироз қорамтир кўринадиган Қора денгиз устида парвоз қила бошладик. Ҳув ана Қрим ўлкаси! Ундан тепароқда Украина, ёнгинасида Россия. Самолётда йўловчилар қайси нуқтада парвоз қилаётганини бемалол кузатиб кетиши учун мўъжазгина экранчалар ўрнатиб қўйилган. Самолардан боқсангиз, Киев билан Москва ўртаси бир қадам. Азал-азалдан оға-ини бўлиб умргузаронлик қилган бу халқлар апоқ-чапоқ бўлиб яшасалар оламгулистон-а, деган ўй кечади кўнгилдан…

Сарҳадсиз Қора денгизнинг нариги бурчида жойлашган Истамбул шаҳри кўринганида самолётимиз пастлай бошлади. Қора денгиз ва Мармар денгизини туташтирган мўъжизакор Босфор бўғози бўйлаб чўзилиб кетган улкан шаҳар – Истамбулни самодан кузатишнинг гашти бошқача.

Мавжланиб турган денгиз юзасида ҳайратомуз кемаларга, икки соҳилни туташтирган улкан кўприкка, устидан ўтаётган турнақатор машиналарга ҳаяжон билан боқаман. Туркияликларнинг омади – шундай геостратегик ва жуғрофик жиҳатдан муҳим денгизларга туташ заминда жойлашганидир, деган хулосага келаман.

Роса беш соатлик парвоз ниҳоясига етиб Истамбул аэропортига оҳиста қўндик. Бу ерда тўрт соатча кутиб, сўнг Даламан шаҳарчаси томон парвоз қилишимиз режалаштирилган экан. Ҳамроҳларим “Народное слово” газетаси мухбири Андрей Тешаев ва “Истиқлол” санъат саройи масъул ходими Даврон Саипов билан аэропорт ичра гавжум дўконлару емакхоналар, дам олиш хоналарини томоша қила бошладик.

1406574351665

Катта аэропортдаги манзаралар одамга завқ беради: улкан самолётлар осмондан навбати билан қаторлашиб тушиб келмоқда. Иккинчи йўлда саф тортган самолётлар парвозга шайланмоқда. Улар орасида Ўзбекистоннинг самолётлари ҳам савлат тўкиб туришидан қалбингда ифтихор туйғуси жўш уради!

Қизиқ, ҳар бир жойнинг ўз муҳити, одамлари ўзгача. Маҳалладошлар даврасида дилинг яйраса, ижодий ё илмий жамоада шунга яраша завқ оласан. Дунё дарвозалари аталмиш аэропортларда ўзгача манзара: ҳар хил миллату элатга мансуб кимсалар дунёнинг турли мамлакатларига ошиқадилар.

Самолёти учишини кутиб ўтирганлар ҳам кам эмас.

Вақтни беҳуда ўтказмаслик учун ким биландир суҳбатлашишга ҳаракат қилдим. Атрофни кузатиб ўтирган йигитга яқинлашиб, салом бердим. У алик оларкан, қайтариб салом берди. Танишдик. Режеп исмли турк йигити экан. Ўмон деган мамлакатга ишлагани кетаётганини тушунтирди. Ўзбекча-туркча сўз бойлигимиз бирлиги нақадар бахтлигини қарангки, бир-биримизни бемалол тушуняпмиз! У ёқда нима иш қилиши, Ўмонгача самолёт неча соат учиши, билети нархи қанча эканини қизиқиб сўрадим.

“Бизни ширкат олиб кетмоқда,– деди Режеп ўн чоғли азамат йигитларга ишора қилиб.– Билетни ўзлари ҳал қилишган. Шунинг учун нархини ҳам, неча соат учишимизни ҳам билмайман. Қўлимдан устачилик, ошпазлик ва бошқа ишлар келади. Қанақа иш топиб беришса қилаверамиз. Четда ишлаган одам ўзини ҳам, юртини ҳам бой қилади”.

Фалсафани қаранг-а! Қанча одам ишлаш учун Туркияга келади. Бу уста йигит бўлса Ўмонда ҳунарини кўрсатиб ўзини ҳам, юртини ҳам бойитишни ният қилибди.

Навбатдаги суҳбатдошим Ҳиндистоннинг Калькутта шаҳридан келган сайёҳ Арнаб Аҳош бўлди. У рафиқаси Мўми ва қизалоғи билан саёҳатга келган экан. Мен машҳур ҳинд фильмларини завқ билан тошома қилганимни айтганимда яйраб кетишди. Оқкўнгил ва самимий аёл Мўмихон билан жўровозда баъзи ҳинд қўшиқларини ҳиргойи қилдик.

Ўша киноларда Деҳли, Мўмбай, Калькутта, Агра ва бошқа шаҳарларни ҳам қизиқиш билан кўрганимни айтдим. Арнаб эса Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент шаҳарларини ва Бобур бобомиз улғайган Андижон заминини кўриш орзусида эканини, Ўзбекистон аталмиш сеҳрли диёрга боргиси келишини энтикиб тушунтирди.

– Биз ҳам Калькуттага ҳар замонда бир борамиз,– деди Арнаб.– Бир неча йилдан буён Дубайда компьютер дастурловчиси бўлиб ишлаймиз ва ўша ерда яшаймиз…

Демак, бу йигит ҳам ҳалиги турк ишбилармони Режеп сингари ўзини ва юртини бой қилиш ҳаракатида юрибди! Улар мамлакатларида ишсизлик муаммоси борлиги учун эмас, балки, ўзлари ишбилармон бўлганлари боис ўзини ва юртини бой қилиш умидида!

Модомики, компьютерда ишласанг бизнинг “uchildiz.uz” сайтимизга ҳам кириб тур, деган таклифимни эшитгани ҳамоно Арнаб сўнгги модулдаги қўл телефонини ишга солди. Буни қарангки, лаҳзадаёқ сайтимиз ярқ этиб чиқди! Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетимиз бош биноси, Журналистика факультети талабалари суратларига ҳайрат билан боқди.

Лотин алифбосида берилган айрим мақолаларни ўқишга ҳаракат қилди-ю тили унчалик келишмади. Сўнг менга қараб: “инглиз тилида йўқми?” деди. Унга келгусида инглиз ва бошқа тилларда ҳам мақолалар ёритиш ниятимиз борлигини тушунтирдим. Ўзбекистон ҳаётига қизиқса, ҳозирча “uza.uz” сайти борлигини кўрсатдим. Наздимда, бу ҳиндистонлик дўстимиз учун ажойиб совға бўлди!

1406574386800

ФЕТҲИЯДА АКС ЭТАР ЧОРВОҚ

Истамбул Туркиянинг шимолий-ғарбида жойлашган бўлса, Даламан бу томонида – жанубий-ғарбида экан. Аэропортда бизни Меҳмет Шен афанди кутиб олди. Сайёҳларни бошлаб юрадиган бу мезбон рус тилида бийрон сўзлайди. Оқкўнгил ва самимий Меҳмет афанди билан тез тил топишдик. Буни қарангки, олтмишни қоралай бошлаган бу инсон баъзи тенгқурларига ўхшаб “коммунизм даврида ундоқ эди, бундоғиди” дейдиганлар хилидан эди. У балки бизни “шунақа кайфиятдаги одамлар” тоифасидан бўлса керак, деган ўйда синаб кўряптимикин, деган андишага бордим.

Биз учун она юртимизнинг мустақиллиги минг марта афзаллигини дангал айтдим-қўйдим.

Меҳметбий ўз қарашларидан қолмай сўзлайверди. Кейин билсам унинг ёшлик йиллари социалистик лагерга мансуб бўлган Болгарияда ўтган экан. Шунинг учун коммунизм даври ҳақида яхши таассурот билан улғайганини тан олди.

Модомики, у турк бўлса, “Шен” деганлари қандай маънони англатиши билан қизиқдик.

– Бувамнинг исми – Исмоил, отам – Рамазон,– деб тушунтирди у.– Шен аслида менинг тахаллусим! Русчасига – “весёлий” деган маънони англатади.

Меҳметбий ҳам собиқ мустабид тузум даврининг аянчли жиҳатларини, ўша даврда ҳатто қўшни Туркияга бориб-келиш муаммо бўлганини армон билан сўзлади. Бугунги дориломон кунларни кўрганидан бахтиёр эканини эътироф этди. Энди Ўзбекистонни кўриш орзусида юрганини айтди.

Даламан шаҳарчасида аэропорт борлиги учун самолёт шу ерга қўнган экан. Пурвиқор тоғлар оралиғида жойлашган бу шаҳар бизнинг Газалкентга ўхшаб кетади. Икки-уч қаватли уйларимиз қурилмаси ҳам ўхшаш. Фақат, уйларининг томига қуёш батареяси ўрнатилган бўлиб, ёнида иккитадан бочка турарди. Ҳамроҳимиз тушунтиришича, бочкалар сувга тўлдирилиб, қуёш батареяси тўплаган энергия орқали иситилар экан. Биз учун бу янгилик эмас. Ҳозирги кунда қишлоқларимизда бунёд этилаётган шинам уйлар томига биратўла қуёш батареясини ўрнатиш аллақачон йўлга қўйилган!

Чотқол тизма тоғларига ўхшаш манзаларни томоша қилганча Фетҳия шаҳри томон йўл олдик. Эллик чақиримча нарида – Оқденгиз бўйида жойлашган фусункор Фетҳияга етиб келганда ҳайратда донг қотдим: худди Чорвоқнинг ўзгинаси-ку! Фарқи: Чорвоқ сув омбори (уни кўпчилик денгиз деб аташади!) суви нақадар ширин ва тотли! Оқденгизнинг суви шу қадар шўрки, нақд намакоп дейсиз…

Оқденгиз Ўрта ер денгизига туташиб кетган. Агар у томонига сузиб ўтсанг Греция давлати қирғоқларидан чиқасан. Ана сенга жумлаи жаҳоннинг бир чеккаси.

Пурвиқор тоғларга туташ денгиз соҳилида нақадар гўзал ва фусункор табиатни кузатар эканман ўзимни худди Чорвоқ денгизи қирғоғида тургандек ҳис этдим.

Икки кун мазза қилиб чўмилдик. Денгизга тушганингиз ҳамоно кучли тўлқин аввал домига тортиб, сўнг ғозлар қанотида сайр қилдиргандек қирғоқ томон чиқариб қўяди.

Қирғоқда қуёшга тобланиб ётган сайёҳларни кузатаман. Суҳбатлашишга хайрихоҳлари билан мулоқотга киришаман. Асосий мавзу шу:

“Биз Ўзбекистонданмиз! Сиз-чи?”

Ўзларини Ирландия, Шотландия, Англия, Германия, Испания, Бельгия, Португалия, Эрон, Япония, Аргентина, Мексика, Эронлик деб таништирган суҳбатдошларим Ўзбекистон номини эшитганини ва кўриш истагида эканини айтдилар. Баъзилари Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарларимиз, Абу Али ибн Сино, Имом ал Бухорий, Беруний, Аҳмад ал Фарғоний, Амир Темур, Мирзо Улуғбек боболаримиз номларини эҳтиром ила тилга олганида юрагим ҳапқириб кетади.

Янги суҳбатдошларим орасида “Ўзбекистонни билмайман” деганини учратмадим. Бироқ, уларнинг қалб кўзлари шу жаннатмонанд юртни кўргандек завқ билан сўзлаши киши қалбига ғурур бахш этади. Насиб этса, бетакрор Ўзбекистонни албатта кўражакмиз, деган сўзларига жавобан “Албатта кутамиз!” деб қўя қолдим.

1406574378047

Гурунгларимизни бир четда кузатиб ўтирган Меҳметбийнинг гапи қизиқ бўлди: “қўйиб берса, бутун дунё билан қучоқ очиб суҳбатлашар экансиз-а…”

Суҳбатимизга бироз қулоқ тутгач, у қўшиб қўйди: “ўз Ватанинг ҳақида ўзгалардан шундай гўзал фикрлар эшитиш катта бахт!”

Дарҳақиқат, дунёнинг турли бурчакларидан ташриф буюрган сайёҳлар сеҳрли диёр – Ўзбекистонга шу қадар ҳавас билан қараши кимнинг қалбини тўлқинлантирмайди!

Мен эса мўъжизакор гўша – Фетҳия томида туриб хаёлан гўзал Чорвоқ манзараларини қалбимга жо этардим. Эҳтимол, бир куни шу сайёҳлар билан Ўзбекистонимда кўришиб қолсак, бу заминда кўрганларимиз билан муқояса қилганча ҳангомани давом эттирармиз!..

 ИСТАМБУЛДА САМАРҚАНД СЕҲРИНИ ТУЙДИМ

Истамбулга келганда Меҳметбий бу шаҳар номининг луғавий маъноси ва тарихини тушунтирди. Узоқ йиллар юнонча Константинополь номи билан юритилган шаҳарга ислом дини ёйилганда – Исломбўл деган ном берилган экан. Исломбўл бора-бора – Истамбулга айланибди.

Истанбулни Қора ва Мармар денгизлари ўраб туради. Улкан шаҳар ўртасида Босфор бўғози ўзгача манзара касб этади. Теварак-атрофи сув билан қопланган шаҳар дунёнинг ҳеч бир ҳудудида учрамайдиган бетакрор иқлимга эга. Баъзан бир кунда тўрт фаслни кўриш мумкин бу ажиб масканда.

Сайру саёҳатни яхтага ўтирганча Босфор бўғозида сузишдан бошладик. Мавжланиб оқаётган сув юзида яхтамиз бир маромда борарди. Бир маҳал биз билан пойга ўйнаётгандек ёнгинамизда дельфинлар пайдо бўлса денг. Худди “Титаник” фильмидаги кемада кетаётгандек ҳис этдим ўзимни. Дельфинлар томоша кўрсатаётгандек сувдан сапчиб чиққанча яна шўнғиб кетар, ортидан ғалати товушлар эшитилгандек бўларди.

1406574081942

Бўғознинг икки соҳили узра бунёд этилган бинолар тепага зинама-зина шаклида бўлиб кетган. Чамаси, соҳил бўйларидаги тоғлар бағрида ландштаф ҳосил қилиниб, ундан маҳорат билан фойдаланилган.

Узунлиги бир ярим километрча келадиган маҳобатли кўприк остидан сузиб ўтганимиздан кейин машҳур Қиз қалъаси кўринди! Мавжланиб турган сув ичида қад ростлаган бу афсонавий бинони кўрганда машҳур фильмлар ва уларнинг қаҳрамонлари кўз ўнгингда намоён бўлади…

Бизда ҳам муҳаббат рамзига айланган иншоотлар кам эмас. Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида савлат тўкиб турган обидаларни эслаб кўксим ғурурга тўларди. Бобур бобомизнинг авлодлари муҳаббат рамзи сифатида бунёд этишган Тожмаҳал оламнинг етти мўжизасидан бири дея эътироф этилганига жумлаи жаҳон тан берган!

Қора денгиз сарҳадларига етганда яхтамиз ортга қайтди.

Ота-боболаримиз азалдан – сув ёруғлик, дея оби-ҳаётни эъзозлаганлар. Борлиққа ҳаёт бахш этиб турган Босфор бўғози сувларига термулар эканман, гўзал Тошкентим чиройига чирой қўшиб турган Миллий боғдаги ҳаётбахш кўлимизни эсладим. Илк бор ўша кўлда кемада сузганман. Тўғри, бу кўлимиз нисбатан кичикроқдир. Бироқ, файзу-таровати оламга татигулик!

Меъморий обидалар ва замонавий иншоотлар, кўркам бинолар билан қад ростлаган шаҳар мисоли нур таратиб турибди. Босфор бўғози шаҳарни иккига – Осиё (кичикроқ қисми) ва Европа қисмига ажратган. Европа қисми Олтин Шох қўлтиғи соҳилларида жойлашган.

Меҳметбий тушунтиришича, 1970-72 йилларда Босфор бўғози устида Истамбулнинг ҳар иккала қисмини бирлаштирадиган улкан кўприк қурилган. Бу улкан кўприк иккига бўлиниб қолган шаҳарни боғласа, Истамбулнинг ўзи Осиё ва Европани боғловчи олтин кўприк ҳисобланади. Унда 15 миллион атрофида аҳоли истиқомат қилади. Бунга қўшимча равишда ҳар йили 1,5 миллион атрофида сайёҳлар ташриф буюрар экан.

Биз шаҳар ўртасидаги Тақсим мавзесидаги меҳмонхоналардан бирига жойлашдик. Бу мавзе ўзига хос “Сайёҳлар шаҳарчаси” бўлиб, турли мамлакатлардан томошага келганлар асосан шу ердан қўним топишган. Дарвоқе, Туркияда туризм соҳаси тобора ривожланиб бораётгани эътиборга моликдир. Биргина 2013 йилда туризмдан олинган даромад 11,4 фоизга кўпайиб, 32,4 милилард долларга етган. Маълумотларга кўра, 2023 йилга бориб бу мамлакатга келадиган хорижлик сайёҳлар сони 50 миллион кишига етказилиши кутилаётган экан.

Фусункор шаҳар Истамбулга икки қитъа жо бўлганига яраша унда Осиё жилоларини ҳам Европа жозибасини ҳам яққол ҳис этасиз. Масжидлардан янграган азондан қалбингизга нур ёпирилиб кирса, унинг ортидан замонавий жангир-жунгир оҳанглар қулоқларни қоматга келтиради…

Фаришта ва шайтон гўё қўлни қўлга бергандек тор кўчаларда чимматга ўралган аёллар билан ёнма-ён ярим яланғоч ожизалар папирос тутатганча бепарво кетаверишидан ёқа ушлайсан… Бу билан ҳаммаси шунақа экан, деган фикрга бориш ноўрин. Ҳақиқий турк қардошлар сиймосини “Чолиқуши” романи қаҳрамонлари тимсолида тасаввур этганмиз. Бепоён мамлакатнинг қишлоғу маҳаллаларини ҳам кезиш насиб этганида тасаввуримиздаги турклар билан ошно бўлсак керак, албатта.

1406574253609

Гўзаллигига олам маҳлиё бўлган кўҳна шаҳарни томоша қилишда давом этамиз. Йўлбошловчимиз Меҳметбий айтишича, Истанбул ўтмишда Рим, Византия ва Усмонийлар каби уч буюк салтанат пойтахти бўлган. Византия осори атиқалари, Усмонийларнинг ажиб обидалари кишини ҳайратга солади. Мўъжизакор тарихий обидаларни кузатар экансиз, Антик даврда юз минг одамни бағрига сиғдирган Ипподром майдони эътиборингизни тортади. Қандайдир гладиаторларнинг ўкириши, танасини офтобда обдон тоблаган чайир атлетларнинг ҳарсиллаши, чопағон арғумоқларнинг асабий дупури эшитилгандек туюлади… Майдон ўртасига Мисрдан келтирилган уч ярим минг йиллик тош устун ўрнатилган. Эҳромларга тенгдош обида ёнида Усмонийлар меъморчилиги дурдонаси Султон Аҳмад (Мовий жоме) масжиди қад ростлаган.

Мезаналари кўкка бўй чўзган улкан масжид қаршисида савлат тўкиб турган Аё София зиёратгоҳи сайёҳларни мафтун этади. Қайсидир замонларда насронийлар маскани бўлган бу муҳташам бино тарихи 550 йилларга бориб тақалади. Кўҳна шаҳар номи Исломбўлга айланганидан буён бу нодир обида ҳам мусулмон оламининг дуру гавҳари ҳисобланади.

1406574332515

Аё София минорасини ҳайрат ичра кузатар эканман хаёллар Бибихоним мадрасаси томон тортқилайди. Ноёб тошлардан бунёд этилган ушбу иморат қанчалик салобатли бўлса, муҳаббат тимсоли бўлган Бибихоним жозибаси ундан кам эмас!

Еребатан – қадимий ерости сув омборидир. V асрда бунёд этилган бу сув омбори ажиб саройга ўхшайди. Ерости сув иншоотини қучоққа сиғмайдиган улкан колонналар тутиб турибди. Бир замонлар стратегик аҳамият касб этган омборда оби-ҳаёт захираси сақланган. Бугун эса бу маскан инсоният тафаккурининг ноёб ёдгорлиги сифатида жаҳонгашта сайёҳлар тасарруфида. Муқаддас қадамжолардан бири – Айюб ал-Ансорий мақбарасидир. Бу зот 678 йили шаҳар остонасида шаҳид бўлган. 1453 йили шаҳар Фотиҳ Маҳмуд томонидан эгаллангач, саҳоба хоки ётган масканда мақбара ва масжид бино қилинган.

 istanbul

Сулаймония масжиди– яна бир муҳташам обида. 1550-1557йилларда Султон Сулаймон буйруғибилан қўлигул меъмор Синон тарҳи асосида қурилган. Масжиднинг 53метрли нилий гумбази бир неча чақиримдан кўринади. Хонақоҳнинг 136тадеразасидан тушаётган қуёш нурларида камалак жилва этади.

Сулаймония масжидини кўрганда юртимизда истиқлол шарофати билан Самарқандда қад ростлаган Имом ал Бухорий ансамбли, Тошкентдаги Хасти имом масжиди, Бухородаги Баҳовуддин Нақшбанд, Чор Бакр, Хўжаи жаҳон, Минораи Калон аталмиш бетакрор минораю обидаларни эслаб энтикиб кетдим. Бу нурхонаю пирхоналарнинг ҳар бири ўзгача оламдир!

Тўпқопи сарой-музейи – Истанбулнинг дуру гавҳари! ХIХ асрга қадар Тўпқопи Усмоний ҳукмдорларининг асосий қароргоҳи бўлган. Подшоҳ девонхонаси, кутубхонаси, хобхонаси ваҳарамидан иборат мажмуа 700минг метр квадрат ҳудудни банд этган. Асрлар давомида сайқалланган меъморий обида баланд девор билан иҳоталанган.Мазкур саройда тўрт аср давомида йигирма беш нафар султон умргузаронлик қилган. Сарой-музейда асрлар давомида тўпланган моддий ва маънавий бойликлар намойишга қўйилган.

Тўпқопи сарой-музейини завқ билан томоша қилар эканман, кўз ўнгимда Регистон мажмуаси намоён бўлаверади. Самарқанд сайқали бўлган Регистон курраи заминда ягона обида! Бу маҳобатли, нақшинкор обида замирида қанча ҳикмат мужассам!..

Меҳметбий ҳар бир тарихий обида ҳақида мароқ билан сўзларди. Унинг айтишича, шаҳар маъмурияти ташаббуси билан 2003 йилда “Миниатурк” музейи ташкил этилди. 60 минг квадрат метрдан иборат музейда Туркиядаги тарихий обидаларнинг кичрайтирилган макетлари ўрин олган. Пластик материалдан, оригиналга икки томчи сувдек ўхшаш ясалган тарҳларни қишин-ёзин очиқ майдонда томоша қилиш мумкин. Экспонатлар орасида мамлакатнинг учминг йиллик тарихига шоҳид Артемида ибодатхонаси, Галикарнас мақбараси макетлари эътиборингизни тортади.

Шаҳарга ўзгача улуғворлик бахш этиб турган тарихий обидаларни қизиқиш билан кузатар эканман, кўз ўнгимда Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва Хивадаги бетакрор миноралар гавдаланаверди. Булардан ташқари, Андижон, Қўқон, Термиз, Қарши, Шаҳрисабз, Нукус, Навоий, Жиззах, Каттақўрғон каби ўнлаб шаҳарларимизда сақланиб қолган асори атиқалар, меъморий обидаларнинг ўзи бир олам. Бу шаҳарларнинг аксарияти турли даврларда пойтахт мақомига эга бўлгани тарихдан яхши маълум. Юртимизда фаолият кўрсатаётган Туркия элчихонаси Ахборот хизмати масъул ходими Исмоил Козан “Ўзбекистон – пойтахт шаҳарлар мамлакати!” деганида юз чандон ҳақдир!

Ватанимизнинг буюк мўъжизаларини Истамбул миноралари томидан туриб кузатишнинг гашти бошқача эди мен учун.

Буюк аждодимиз Мирзо Улуғбек расадхонаси ҳамон жаҳон илм аҳли учун қиёси йўқ мўъжиза ҳисобланишига абадул-абад жаҳон аҳли тан бериши шубҳасиздир.

Хоразм Маъмун академиясининг қиёсини топа олмайсиз.

Шу заминда 2700 йилдан ҳам анча илгари яратилган бебаҳо дурдона – “Авесто” ҳақида ҳарқанча ифтихор билан сўзласак арзийди.

Хуллас, тарих ва келажак туташган маскан – Истамбулда ўз юртимни қайта-қайта кашф этавердим.

1406574121490

Сафаримиз қариб, она юрт томон парвоз қилдик. Самолётимиз тўрт соат деганда Тошкентга қўнди! Билишимча, курраи замин биз томондан у томонга қараб айланади. Демак, у томондан келаётганлар учун она еримиз роппа-роса бир соат илгари пешвоз чиқади. Бунинг замирида ҳам қандайдир ҳаётбахш сир борга ўхшайди. Бу сир – Юрт меҳри, она Ўзбекистон, жонажон Тошкент сеҳру жозибаси билан ҳамоҳанг бўлса ажабмас!

Осмону фалакда парвоз қилиб келаётганда туйғулар жўш уриб, ажойиб таассуротлар шеърий сатрларга уланиб кетганди. Уни азиз ўқувчиларимизга ҳам илиндим:

 

Истамбулнинг томидан кўрдим мен Тошкентимни,

Оламга нур таратган ҳақиқий Бошкентимни!

Ҳеч кимдан кам эмасмиз, бўлмаймиз ҳеч кимдан кам,

Дунё узра кашф этдим асл юртим, кентимни!

Аё София гўзал Бибихоним мисоли,

Қиз қалъаси, Тожмаҳал – муҳаббатнинг тимсоли!

Пок ният-ла боқсанг гар гўзалликда тенгги йўқ,

Насиб этгай ҳар кимга Яратганнинг висоли.

Лабиҳовузни кўринг – Султонлар масканидек,

Самарқанду Бухоро, Истамбулда қанча бек.

Миноралар сўзлайди уларнинг ўтмишидан,

Шундан ғурурим баланд мисоли Регистондек!

Самарқанднинг сайқали рўйи замин аст бўлган,

Истамбулга маҳлиё султонлар сармаст бўлган.

Тили, дини, одати азалдан бир элларнинг,

Довруғи достон эрур, қалби ғурурга тўлган!

Кўрдим гўё дунёни, асли кўрсатиб қайтдим,

Қанча дўстлар орттириб, дилимда борин айтдим.

Ўзбекистон аталмиш юртни кўрган – дармонда,

Унинг қадрин билмаган ўтар абад армонда…

 Тўлқин ЭШБЕК

Тошкент – Даламан – Фетҳия – Истамбул – Тошкент

2014 йил 21-26 июль

Вам может также понравиться...

Ответов: 35

  1. Тўлқин Эшбекни яхши бир одати бор. Замонавий технологияларни ўз вақтида ўзлаштиради.
    Рамазон хайти ва сафар якунлари билан табриклаш мақсадида Тўлқин акага қўнғироқ қилдим. Салкам қўшни бўлганимиз боис “бекатда бўлса хам биров кўришиб қўймасам уят бўлар” деб истихола қилдим. Хозиргина ким биландир ярим соатдан ортиқ гаплашганини айтиб,сухбатни қисқа қилди(59 сония гаплашибмиз) ва “яқинда сафар таассуротлари хақида батафсил сухбатлашамиз”, деди. Мана шу таассуротларни “Uchildiz”да ўқиб турибмиз. Буни замонавий технологиялардан унумли фойдаланиш дейилади. Тўлқин акани биз каби танишлари анча, хаммага сафар таассуротни айтгандан кўра, мақола сифатида тақдим қилган яхшироқ. Мақола яхши чиққан. Зиёратлар қабул бўлсин.

  2. Тўлқин Эшбекни яхши бир одати бор. Замонавий технологияларни ўз вақтида ўзлаштиради.
    Рамазон хайти ва сафар якунлари билан табриклаш мақсадида Тўлқин акага қўнғироқ қилдим. Салкам қўшни бўлганимиз боис “бекатда бўлса хам биров кўришиб қўймасам уят бўлар” деб истихола қилдим. Хозиргина ким биландир ярим соатдан ортиқ гаплашганини айтиб,сухбатни қисқа қилди(59 сония гаплашибмиз) ва “яқинда сафар таассуротлари хақида батафсил сухбатлашамиз”, деди. Мана шу таассуротларни “Uchildiz”да ўқиб турибмиз. Буни замонавий технологиялардан унумли фойдаланиш дейилади. Тўлқин акани биз каби танишлари анча, хаммага сафар таассуротни айтгандан кўра, мақола сифатида тақдим қилган яхшироқ. Мақола яхши чиққан. Зиёратлар қабул бўлсин.

  3. Тўлқин Эшбекни яхши бир одати бор. Замонавий технологияларни ўз вақтида ўзлаштиради.
    Рамазон хайти ва сафар якунлари билан табриклаш мақсадида Тўлқин акага қўнғироқ қилдим. Салкам қўшни бўлганимиз боис “бекатда бўлса хам биров кўришиб қўймасам уят бўлар” деб истихола қилдим. Хозиргина ким биландир ярим соатдан ортиқ гаплашганини айтиб,сухбатни қисқа қилди(59 сония гаплашибмиз) ва “яқинда сафар таассуротлари хақида батафсил сухбатлашамиз”, деди. Мана шу таассуротларни “Uchildiz”да ўқиб турибмиз. Буни замонавий технологиялардан унумли фойдаланиш дейилади. Тўлқин акани биз каби танишлари анча, хаммага сафар таассуротни айтгандан кўра, мақола сифатида тақдим қилган яхшироқ. Мақола яхши чиққан. Зиёратлар қабул бўлсин.

  4. Muyassar:

    Domlajon Ziyoratlariz qabul bo’lsin. maqolayizdan Turkiyaga safar qilgandek bo’ldim Shogirdlarga ham ustozlar yo’lini bersin Allohim.

  5. «Бирни кўриб фикр қил,бирни кўриб шукур қил» деган гап бор.Мақолани ўқиб муаллифнинг ҳам фикр,хам шукур қилгани кўриниб турибди.Тўлқин Эшбекнинг тез-тез хориж сафарлоарига боришини истаб қоламиз. У киши дунёни кўради,биз эса бу сафар тавфсилотлари битилган бир-биридан яхши мақолаларни ўқиймиз. Пойтахт шахарлар мамлакатида яшаётганимиздан фикр қиламиз, шукур қиламиз. Давлат тузиш бўйича жахондаги хеч бир халқ ўзбеклар билан бахслаша олмайди.Мамлакаттмиздаги хар бир йирик шахар ўз вақтида буюк давлатнинг пойтахти булган.Гимнимизда бекорга «улуғ халқ қудрати жўш урган замон,оламни махлиё айлаган диёр» дейилмаган.Халқиммизни қудрати хамиша жўш ураверсин.

  6. Тўлқин ака бунақа бир биридан гўзал гапларини қаердан топасиз? Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан,деган гап бор.Мусофир бўлиб янада патриот бўлиб қайтибсиз. Сиз бир вақтлар Напалеон томонидан жахон пойтахти бўлишини орзу қилган Истамбулда туриб хам Самарқанд хақида ўйлабсиз.Сиздақа ватанпарварлар керак.Шеърингизга гап йўқ. Бобур Бобомурод ,Ахад Қаюм сингари хаваскор шоирлар қаламини синдирсин ёки шеър ёзаётган компьютерини кўчага улоқтирсин энди.

  7. Ёзганларизи ўқиб, айниқса, таассуротларни ўзингиздан эшитиб ўша сизни ёшликдаги самимий ҳавасингиз беихтиёр менга кўчгандек бўлди. Ажабмас сиз каби жонкуяр устозларимизнинг саъй ҳаракатлари, дуолари билан ўша ҳавас ўз рўёбини берса. Биз шогирдлар сиздек меҳрибон устозлар таълимини олаётганимиздан мамнунмиз. Зиёратлариз қабул бўлсин.

  8. ismail KAZAN:

    Tulkin eke, Ağzına rahmet, kalemina kuvvet, Allah senden razı olsun, İstanbul ve Türkiye ancak bu kadar güzel anlatılabilir. Teşekkürler.

  9. Аввалига «Sharh.uz»да сафарномсани ўқидим. Оригинали қандай бўлар экан деб » Uchildiz» га кирдим. Иккиласида хам маза қилдим.Айниқса суратлар босилган оригинали менга ёқди.Муштарийларнинг фикрларига қўшиламан,Шарофиддин,Мирзобек,Тешабой Болтабоевлар илиқ фикрларни ёзибди.Улардан ортириб бирор нарса дейиш қийин. Яшанг.

  10. Тўлқин ака! Жонли Қалам соҳибисиз. Ёзганларингиз ўқувчини ўша шароит, ўша вақт оралиғига олиб кириб кетади. Ижодингизга барака. Илоҳий қувват, Илоҳий Сўз қудрати ёзганларингизга сеҳр бераверсин! Чарчаманг сира!

  11. Юртбошимизнинг «Юксак маънавият — енгилмас куч» асарида халқимизнинг асл табиатида мавжуд бўлган илмий- маънавий салоҳият ва фазилатларни алоҳида таъкидлаган эдилар. Қарангки, ўзбек халқи бошқа мамлакатларга ҳам катта маънавият бешиги бўлган экан. Биргина Жалолиддий Румийни Туркия ва Ўзбекистонда қанчалар улуғланишининг ўзи бунинг бир далилидар. Мавлоно Жалолиддиннинг Кўния шаҳридаги мақбарасини бутун Туркия халқи иккинчи Каъбадай зиёрат қиладилар, инсон қадами унинг зиёратгоҳидан узилмайди. Ана улуғ зот икки мамлакат, икки халқнинг қариндошлик ришталарини боғлайдиган муҳим омил бўлиб хизмат қилиб келяпти ва бундан кейин ҳам абадий хизмат қилади. Катта ижодкор Тўлқин Эшбекнинг мазмур сафарномаси ана шу дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга яна бир бор хизмат қилади, деб ўйлайман. Тўлқин Эшбек қаерда бўлмасин, яхшилик излайдиган, миллати, эътиққоди, тили ва ҳ.лардан қатъий назар яхши томонларини кўрадиган ижодкор. каттак шахс. Қаранг, Туркия арқадашларимизнинг бизнинг юртимизга, халқимизга бўлган меҳрини, бизнинг ҳам уларга бўлган самимиятимизни жуда жонли қилиб тасвирлабдики, гўё ўша мамлакатда юргандай, дўстларимиз билан суҳбат қураётгандай таассурот пайдо бўлади. Сафарнома ўзбек адабиётида янгича мазмун ва янгича шаклга эга бўлиб бораётганини Тўлқин Эшбекнинг мазкур ижоди тасдиқлайди. Умид қиламанки, келгусида ана шу сафарномани Тўлқинжон қисса ёки романга айлантиради. Яхшилик излаган ижодкордан кўпчилик баҳраманд бўладиган асарлар юзага келади. Шоядки, Тўлқин Эшбекнинг бу сафарномасидан ўзини ижодкор деб аюҳаннос соладиган, аммо ҳеч ким тан олмайдиган «ижодкор»лар сабоқ чиқарсалар, ҳақиқий ижод нима эканини англаб етсалар, фақат эзгулик ижод учун аъмол бўла олишини англаб етсалар.

    • Устоз! Таҳлилий фикрларингиз учун ташаккур! Сиз ижод ва илм аҳлини бор бўйи-басти билан кўра оладиган ноёб Инсонсиз. Илмнинг кушандаларига қарши курашга бел боғлаган Алпомишсиз. Сиздан пурмаъно мақолалар, асарлар ва дундона фикрномалар кутиб қоламиз.

  12. Агар бу сафарномани туркиядаги газетлардан бири кўчириб боса борми,хар икки халқ манфаатдор бўларди.Тўлқин ака қаламингиз янада чархланаверсин.Осмонимиз бир деган сўзларингиз ёқди.Қора денгиз хақида ёзар экансиз,бир томон Украина,бир томон Россия эканига урғу берибсиз.Шундай экан мамлакатга мамлакат,миллатга миллат қасд бўлмасдан тинчликда яшаш керак.Балли Тўлқин ака.Навбатдаги сафар қачон ва қайси давлатга.Сиз тез-тез хорижга чиқиб туришингиз керак.

  13. Ўзбекистон истиқлол туфайли шунчалик улкан ютуқларга эришганини энг ривожланган давлатларга солиштириб таҳлил қилингани жуда таъсирли, ишончли чиқибди. Муаллифнинг ўша ерга бориб, ўз кўзи билан кўрганидаёқ ўзимизники билан муқояса қилиши миллий журналистикамизда янгилик бўлган, дейиш ўринлидир. Тўлқинни яхши танийман, қишлоқда ўсгани билан фахрланиб юрадиган оққўнгил инсон. У Туркиянинг қишлоқларини ҳам бир кўриб келиб, ўзининг қишлоғи билан худди шундай солиштириб ёзса зўр бўларди-да. Чунки, эндиликда Ўзбекистоннинг қишлоқларига шаҳарликлар ҳавас қиладиган замон келди!

  14. Domlajon, ziyoratlar qabul bo’lsin, sayohatnomangizni o’qib dilim yayrab ketdi. Bu ajoyib yo’l ocherki bo’libdi. Istambul, Fethiya degan shaharlar haqida aytilishi lozim bo’lgan hamma go’zal fikrlar o’z ifodasini topgan, har bir fikringiz markazida biz hech kimdan kam emasligimiz va hech kimdan kam bo’lmasligimiz ham ma’naviy bayroq qilib ko’tarilgan. Shundoq dunyoni ko’rish va mana shunday ocherk, esselar yozish biz shogirdalaringizga ham nasib etsin.

  15. To’lqin Eshbek domlamizning beozor, bezavol ijod usuliga qoyil qolaman. Ba’zilar chet elga borsa yo tirnoq orasidan kir axatarib yomonlashga harakat qiladi yoki ular zo’r ekan, bizniki chatoq… degan mazmunda o’zimiznikilarni yomonlaydi. Ustozimiz esa amalda go’zallikni, yaxshilikni mahorat bilan tarannum etish mahoratini ko’rsatibdi. Bu talabalar uchun zo’r mahorat maktabi, deb hisoblayman.

  16. Safarnomani o’qib Turkiyaga borib kelgandek bo’ldim. Turkiyaning tomidan O’zbekistonning qanchalik viqorli ko’rinishini ham angladim. Men ham qaysiki chet elga borsam, qandoq yozishni o’rgandim. Yashang ustoz!

  17. O’zbekistonning dunyo bilan qanchalik bo’ylashayotgani mazkur safarnomada juda mahorat bilan tasvirlanibdi. Tarozining bir pallasida O’zbekiston, ikkinchi pallasida rivojlangan jahon! Qoyil.

  18. Safarnomani o’qib Samarqand, Buxoro, Xiva, Toshkentdek buyuk shaharlarim bilan faxrlanib ketdim. Istambulni tasavvur etdim. Go’zalliklar To’lqin domla ijodida tutashib ketibdi.

  19. Safarnoma uzuk bo’lsa, uning ko’zi ajoyib she’r bo’libdi:

    Истамбулнинг томидан кўрдим мен Тошкентимни,
    Оламга нур таратган ҳақиқий Бошкентимни!
    Ҳеч кимдан кам эмасмиз, бўлмаймиз ҳеч кимдан кам,
    Дунё узра кашф этдим асл юртим, кентимни!
    Аё София гўзал Бибихоним мисоли,
    Қиз қалъаси, Тожмаҳал – муҳаббатнинг тимсоли!
    Пок ният-ла боқсанг гар гўзалликда тенгги йўқ,
    Насиб этгай ҳар кимга Яратганнинг висоли.
    Лабиҳовузни кўринг – Султонлар масканидек,
    Самарқанду Бухоро, Истамбулда қанча бек.
    Миноралар сўзлайди уларнинг ўтмишидан,
    Шундан ғурурим баланд мисоли Регистондек!
    Самарқанднинг сайқали рўйи замин аст бўлган,
    Истамбулга маҳлиё султонлар сармаст бўлган.
    Тили, дини, одати азалдан бир элларнинг,
    Довруғи достон эрур, қалби ғурурга тўлган!
    Кўрдим гўё дунёни, асли кўрсатиб қайтдим,
    Қанча дўстлар орттириб, дилимда борин айтдим.
    Ўзбекистон аталмиш юртни кўрган – дармонда,
    Унинг қадрин билмаган ўтар абад армонда…

    Domla, nega shunday ajoyib she`rlarni ko`proq yozmaysiz?

  20. Ўзбекистоннинг тинчликпарвар сиёсати, дунё билан бўйлашиши, тараққиёт бобида энг ривожланган давлатлар билан тенглашиб бораётгани бу мақолада жуда теран таҳлил қилинибди. Муаллиф чет элликлар билан билан роса суҳбат қилгани, юртимиз ҳақидаги ҳароратли гапларини уларнинг қалбига қандоқ жо қилганини самимий тасвирлабди. Тўлқин Эшбек ўзи Магелланга ўхшаб дунёни кезиб келса бўларкан, у бутун дунёга Ўзбекистонни тараннум этишга қодир ижодкорлигини кўрсатибди. Ундан янги “Сафарнома”ларни кутиб қоламиз.

  21. Сафарнома менга жуда ёқди. Қиз қалъаси ёнида Элифни, унинг ёнида кино шайдоси бўлган Тўлқин акани кўргандек бўлдим. Аё София деган жойнинг жозибасини ҳис этдим, суратлари яхши чиқибди. Ўша тарихий обида Бибихонимга қиёс бўлса, демак чиндан ҳам гўзал экан.

  22. Насимхон Раҳмон, Шарофиддин Тўлаганов каби таниқли олим ва журналистлар бу мақолага берган баҳоси менимча ёш ижодкорлар учун сабоқ бўлади. Фикр айтиш ва фикрнома ёзиш ҳам ижоддир. Бунинг учун ҳам маҳорат бўлиши керак. Исмаил Козаннинг туркча фикрларини ўқиб тушундик ва ҳаяжонга тушиб қойил қолдик.

  23. Абдумалик-адвокат:

    Мақолангиз менга жуда ёқди. Истамбул минораларининг томидан Ватанимнинг буюк мўъжиза — миноралари томларини кўриб, нурли Ватанимнинг Сиз каби арслонлари, ўғлонлари билан бирга яшаб келаётганлигимдан фахрланаман. Шундай мақолалар ёзиб чарчаманг.

    • Самимий фикрларингиз учун ташаккур! Аслида она Ватанимда умр бўйи ёзишим лозим бўлган мавзулар жуда кўп. Ватанимнинг Сиз каби иқтидорли ёшлари — арслонлари ҳақида ҳам ёзадиган мавзуларим кам эмас.

  24. Иккинчи босқичда ўқиётган кезларимизда домламиз Тўлқин Эшбек таниқли сиёсий шарҳловчи Шарофиддин Тўлаганов билан ўтказган ижодий учрашув ҳеч қачон ёдимиздан чиқмайди. Шарофиддин ака бизга мустақаллик дунё эшикларини очиб берганини чиройли қилиб тушунтирган. Ўзбекистоннинг шунга яраша дунёга татигулик салоҳияти домламизнинг “Сафарнома”сида ёрқин акс этибди. Бу биз ёш қаламкашлар учун яхшигина маҳорат мактаби, деб биламан.

  25. Юртимиз гўзаллигини домламиз қалб гўзаллиги билан ифода этибди. Бу гал уни олис юртларнинг баланд томларидан туриб тасвирлагани ўзига яраша янгилик бўлибди!

  26. Қазини қанча чайнасанг шунча маззаси чиқади дейишади. Тўлқин Эшбекнинг сафарномасини хам қазига ўхшатиш мумкин.Қанча кўп ўқиган саринг шунча кўп ватанга мухаббат пайдо бўлаверади.Талабалар кўпроқ ўқиши керак.Журналист позицияси бу сафарноамада яққол намоён бўлмоқда.Бўлажак журналистлар худди шунгдай ёзиш керак. Янги жанр ёки эски жанрга янгича ёндашув дейиш мумкин.Катта рахмат Тўлқин ака. Яшанг.

  27. Домла, сафарномангизни ўқиб дунё кезиб келгандек бўлдим. Яна шундай йўл очерклари, сафарномалар кутиб қоламиз.

  28. Assalomu alaykum. Ziyoratlaringiz qabul bo’lsin ustoz. Safarnomani o’qib yaqindagina Istanbuldagi opamning bu sehrli diyor haqidagi gaplari mutlaqo to’g’ri ekanligiga ishondim. Bizga ham siz aziz ustozlarimizning yo’lingizdan bersin. Sizday ustozlarimiz borligidan faxrlaniz.

  29. Тулқин Эшбек акамизнинг мақоласини ўқиб, Туркияга бориб келгандек бўлдим ва Ватан меҳрини яна бир дилда ҳис этдим.

  30. SARDOR MAHMUDOV:

    To’g’risini aytsam, ba’zi odamlar boshqa davlatlarni haddan ortiq maqtab yuborishlari mening nafsoniyatimga tegardi, biroq bu maqolani o’qish davomida Turkiyaning go’zalligi, madaniyati, tarixi bilan birga bizning O’zbekistonga ham munosib baho berganingiz mendagi faxr tuyg’usini orttirdi. Oddiy til bilan aytganda O’zbekka Turkiyada (va boshqa mamlakatlarda) aziz mehmon, O’zbekistonda faxrli mezbon bo’lish yarasharkan.

  31. Тўлқин Эшбек домламиз дунёдаги ҳамма ривожланган давлатларга бориб келиб, мана шундай мақолалар ёзса ва Ўзбекистонимизнинг ҳеч бир мамлакатдан кам эмаслигини исботлаб кўрсатса жуда яхши бўлар экан. Агар домла муқояса қилиб ёзса Ўзбекситоннинг Америкадан ҳам афзал жиҳатларини бемалол асослаб берар экан.

Добавить комментарий для Баҳодир Салом Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *