“Сен — мен йиғлолмаган йиғисан” туркумидан

Сайтимизга Чироқчи туманидан хат келди. Унда ёш шоиранинг ажойиб шеърлари экан! Сиз ҳам ошно бўлинг.

Чирокчи

Маҳмудова Бахтинисо 1993-йил Қашқадарё вилояти, Чироқчи тумани, Олмазор қишлоғида туғилган. “Юрт келажаги-2015” иқтидорли ёшлар танловининг журналистика йўналиши бўйича республика босқичи ғолибаси. “Ҳовучдаги юрак”, “Уфққа йўл” номли шеърий тўпламлари нашр этилган.   

       ***

  Мен-саҳарман, мен – шомман,

Мен-баҳорман, мен – кузман.

Ўпкалама, ранжима,

Гоҳ кеча, гоҳ кундуздан.

 Лаҳзалар шундай ғамгин,

Лаҳзалар шундай шодон.

Фасллар ҳорғин-ҳорғин,

Ўйчан-ўйчан тўрт томон.

 Уфқларингга тикилсам,

Кўзларим ёшланади.

“Яшаш мумкин жой борми?!”

Юрагим фошланади.

 Кўзларингдан айланай,

Жоним менинг, муҳаббат.

Йиғимда сарсон кезган

Ҳолим менинг, муҳаббат.

 Қисматнинг оҳангига

Осон тушиб бўлмайди.

Жанглар кетса, руҳингга

Оғу қўшиб бўлмайди.

 Муҳаббат, жон муҳаббат,

Дунёйим тўла тилсим.

Ўпкалама, ранжима,

Сендан олдин йиқилсам.

 Отам турган томонлар,

Онам юрган довонлар

Менга олис кўринар,

Менга ожиз кўринар,

Кифтлари тўла бахтлар,

Кафтлари тўла нақдлар

Менга ҳиссиз туюлар,

Менга изсиз туюлар,

Ўзимга келган кўнглим,

Ўзимдан келган кўнглим

Сенга қадар кетгандай,

Мангу бадар кетгандай.

 Кўзларингдан айланай,

Жоним менинг, муҳаббат.

Оғриқларим, шонларим,

Борим менинг, муҳаббат.

 Ўпкалама, ранжима…

                        ***

Сен бунча кечикдинг…

Мен бунча толдим…

Шунчалик бўлурми интизорлик ҳам?!

Бўғзимда адашди манзилсиз йиғи,

Кўксимга туташди сарғайган соям.

 Айтиб айтолмадим дилимдагини,

Қайтиб қайтолмадим ўтмишга тугал.

Фақат… кўзларингда келади ўлгим,

Фақат… йўлларингга қарайман маҳтал.

 Сен бунча кечикдинг,

Мен бунча толдим,

Бунчалар жонимни асрар Худойим!

Нечун бунча сарсон этяпти мени,

Ҳаёти сеники бўлган дунёйим?!

    

                  1-декабр

Ҳолимдан бехабар ўтади қуёш,

Зиёга тўлдириб кошонасини.

Осмон шарқу ғарбнинг кўксини кесиб,

Қонлайверар уфқнинг пешонасини.         

Қушлар-табиатнинг эркаларига

Юрагини тутиб қолар дарахтлар.

Ариқнинг бўйида мизғиган шамол

Энг сўнгги майсани бир-бир варақлар.

Бунда ҳар не сокин, ҳар не осойиш,

Бемалол ярашар ёнмоқ ҳам куймоқ.

Недандир бир илинж ахтарар хазон,

Нечундир руҳимни бўғади қийноқ…

Шошилиб йиғлайди кечиккан ёмғир,

Кузги чорбоғларга айланар армон.

Тўрт фасл тўзғиган азобинг билан,

Кўнглимга тўкилиб қолдинг, Дунёжон!

        ***

Сендан кетдим…

Изимни ёмғирлар ўчириб кетди.

Қалбимда бир совуқ бўрон турди-ю,

Онам рўмолини учириб кетди.

Вақт-дармон, дебдилар, аммо сезмадим,

Ёки сафарига қилмадим тоқат.

Мана ҳаётлигим билдирар ҳамон,

Менинг чап кўксимда занглаган соат.

Гоҳо эзгин ҳислар этганида банд,

Гоҳ кўнгил бўлганда вужудга бешик.

Ва шундай оғриниб ортимга боқсам,

Мени чорламагин, бекилган эшик! 

         ***

Борлиқ шовуллади тун бўйи,

Чўчиб тушди шамол-дарбадар.

Ҳисларини тўкди мажнунтол,

Тўлган паймонаси баробар.

Уфқларни сарсон кезди ой,

Юлдузлари ботди ёшига.

Бойўғлилар қўнди беармон

Япроқларнинг дилбар тушига.

На ўкинди, на кулди замин,

Лаҳзалари кечилмади тинч.

Фиғон чекди майсаларининг

Юрагига айланган соғинч.

Борлиқ шовуллади тун бўйи,

Чўчиб тушди кўнглим-дарбадар.

Тўкилмоқлик қўшиғин тинглаб,

Йиғлаб берди то тонгга қадар.

        ***

Настаринлар гулини тўкса,

Ғам чекасан: «Ҳаёт-бешафқат!»

Дарахтларга қарайсан ўксиб,

Юрагимга боқмагин фақат.

Ахир, куннинг ботиши тайин,

Офтобида яшаб қол бир дам.

Онам, дардинг қандай олайин,

Гулламасдан тўкилган бўлсам?!

            ***

Бир гўзал қўшиқлар куйлагим келар,

Нигоҳлари сўлим, оҳанги сокин.

Лек сингиб қўйгандир менга шамоллар,

Юрагимда шовқин, руҳимда шовқин.

Бу илҳақ овозлар кимларнинг исми?

Ҳаёт қайси дилдан чалаяпти бонг?

Ҳаддидан ўтолмай, кунларимгамас,

Тушларимга шошиб кираяпти тонг.

Мен ҳам шошаяпман, бетоқат, бесўз,

Қадамин тезлатар кўзимдаги ёш.

Фақат… кетмаса-ю боғлардан баҳор,

Ботгани шошмаса бўлдийди қуёш.

Турналар қайтади, ҳа, улар қайтар,

Келарим, кетарим бир йўл менинг ҳам.

Сени ўз ҳолингча кўрмасин дунё,

Юзингни бекитгин, бекит, пешонам.

Бир гўзал қўшиқлар куйлагим келар…   

         ***

Агарда қайтмасам…

Кузги боғларга

Бир насим бўламан, чекинар оғриқ.

Кўзимнинг олдида юксаласан сен,

Кўзимнинг олдида улғаяр борлиқ.

Мен сингиб бораман майсага, ерга,

Қайғулар кўксимни топтамас бевақт.

Менинг юрагимда чайқалар дунё,

Менинг овозимда чучкирар дарахт.

Агарда қайтмасам,

Қайтолмасам мен,

Яна жим кетаман нурафшон бўлиб.

Бир ичкин нолада, эзгин нолада

Кўзларим қайтади намозшом бўлиб. 

            ***

Заминнинг кўзига жойлашганимда,

Юрагимни тутса, қушлар кўз ёши.

Менинг бенаф, бедод оғриқларимдан

Айланиб кетганда дунёнинг боши.

Мезонлари менга-сафарга чиқса,

Ёдимнинг кўнглида чалкашаверса.

Дарахт одам бўлиб, сабо тилида

Нафасларим билан гаплашаверса.

Дард ёмғирдай юзга тўкилганида

Бошимни силаса Айюб бардоши.

Мажнуна ҳислардан илтифот кутиб,

Ғашланиб ботганда руҳим қуёши,

Сиз етиб келасиз орзулар билан…

                        ***

Йиллар тўкаверди оҳорларимни,

Йўлларда қаритди баҳорларимни.

Бир-бир қабартириб қарорларимни

Сен қаён борурсан, муродим?

Шамоллар қўлида ситилди умрим,

Намозшом йўл қараб титилди умрим.

Сўнг… туннинг тўрига тутилди умрим,

Сен қаён борурсан, муродим?

Осмонлар бағрида мунглар бор эмиш,

Оқшомлар қаърида жанглар бор эмиш.

Фақатки, ғамларда тонглар бор эмиш,

Сен қаён борурсан, муродим?

Номурод эртаклар ўқиди отам,

Номурод эртаклар тўқиди онам.

Шундоқ кўзларимга йиқилди олам,

Сен қаён борурсан, муродим?

Кимнидир соғиниб, ёниб боряпман,

Ишқимга, ашкимга қониб боряпман.

Ўзимдан… ва сендан тониб боряпман,

Сен қаён борурсан, муродим?

                 ***

Дардлар келди булут бўлиб,

Даво мени тушунгайму?

Кетолмадим сукут бўлиб,

Наво мени тушунгайму?

Дилни “дўст”га бориб айтдим,

Аламимни ёриб айтдим.

Юзин бурди. Ҳориб қайтдим,

Хато мени тушунгайму?

Кетсанг, тўрт ён-йўл, дедилар,

Сендан безган мўл, дедилар.

Гиналарни қўй, дедилар,

Вафо мени тушунгайму?

Кўзларимга тугди тугун,

Эрталарим келди бугун.

Руҳим боғин кузлатган ул

Садо мени тушунгайму?

Худо, дейман, кўкка боқиб,

“Мени чақир, борай оқиб…”

Юрагини ойда ёқиб,

Само мени тушунгайму?

                             ***

    “Қуёш чўкиб кетар, кўнглим безовта….”

                        Ҳалима Аҳмедова

Қуёш чўка бошлар, кўнглим безовта,

Шафақ сари учар бир гала қушлар.

Нотинч умидларга бошқоронғудек,

Мени имлайверар сўнгсиз ташвишлар.

Кўзларимга оққан туннинг руҳига

Бой бериб юрибман ўзимни наҳот.

Бир кунлик умримни тобутга солиб,

Елкасига ортиб судралар ҳаёт.

Тўрт ёним кенгайиб борар тобора,

Мен эса торайиб, сарғайиб, куйиб.

Негадир кўнглимни юпатгим келар,

Қорайган уфқларга бошимни қўйиб.

Гоҳ уни ўйлайман, гоҳида буни,

Чалкаш хаёллардан бордайин фойда.

Қачон англатасан ўзлигимни сен,

Эй, қишлоқи онам, қайдасан, қайда?

Бўғзимни қуюндек босар йиғилар,

Балки дард мен учун энг тўғри хато.

Чорасизлик ичра бир нажот истаб,

Ойларга қўлимни узатдим, аммо…

Қуёш чўкиб кетган, кўнглим безовта,

Бир дил берк қалбимга урилди, қайтди.

Шаффоф саҳарларни бағримга босиб,

Қанийди туғилсам намозшом пайти.

Адашгандек бўлдим мағриб-машриқда,

Сочимдек тўзғиди тунги ўйларим.

Не учун ойданмас, мендан нолиди,

Ҳавода муаллақ қолган қўлларим?..

 

                    Мактуб

Меҳр тўла кўзингизга боқиб шундоқ,

Бардошлари ҳориб кетди опангизнинг.

Опа бўлиб нима бердим, деган сўроқ

Ҳаловатин олиб кетди опангизнинг.

Мафтун этди осмоннинг нур расталари,

Бекитди кўз гулнинг бахт йўқ дасталари.

Сизга атаб ёзиб қўйган мисралари

Тушларида қолиб кетди опангизнинг.

Ёнда туриб етолмади отасига,

Бир ширин сўз айтолмади онасига.

Деворида шеър гуллаган хонасидан

Дунёлари нолиб кетди опангизнинг.

Инсон тақдир назарида ўйин экан,

Ютар экан бу ўйинда бўйин эгган.

Сиртда кулиб, ичда йиғлаш қийин экан,

Ҳоли ёмон бўлиб кетди опангизнинг.

Ичган ҳаво юрагига ботиб-ботмай,

Гоҳи омад орқасидан чопиб-чопмай.

Уни мендек тушунувчи дарддош топмай,

Дард қадаҳи тўлиб кетди опангизнинг.

Куюк кўксин бекитмади барг-хазонлар,

Музларини эритмади саратонлар.

Аламларин кўриб-билиб қаҳратонлар

Аҳволига кулиб кетди опангизнинг.

Айб санаманг, боролмаса ёнингизга,

Мудом шерик, чеккан ҳар бир ғамингизга.

Гина қилманг!

Азизларим, арзи сизга-

Қанотлари куйиб кетган опангизнинг!

                              ***

Жуда дилбар эди мен кўрган тушлар,

Сезмасдим, кўнглимнинг оғирлигини.

Тўрт фаслим ортида яшаб бир куни,

Англадим кетишим зарурлигин.

Сен нелардир дединг, нимадир дединг,

Қулоғим бекитди кўзим шовқини.

Кўнглимда умидлар сўлгани сари,

Гуркираб борарди ишқнинг ёлқини.

Бугун ҳаммасига ҳайрон турибман,

Ўйлайман, шу лаҳзам абадий эмас.

Боқий бўлмагандек дилбар тушлар ҳам,

Бу эзгин ҳислар ҳам мангу туйилмас.

Беамврид эсади манзилсиз еллар,

Дарбадар бу руҳим дунёдан нари.

Деразам ортида эса олислар-

Ҳаётимнинг сенсиз, менсиз кунлари…

                           ***

Осмонингда юлдуз бор, юрагимда оқшоми,

Қирғоғини топмаган кўзим-дарёнг хироми.

Шеърим бўлиб гуллаган ҳаётнинг намозшоми,

Ўзимга ўзим ғаним, мендан ранжима, дунё!

Кечикмаса кузаклар ҳар гал япроқ тўкилгай,

Офтоб отса, гулдаги шабнам-титроқ тўкилгай.

Менинг эса кўксимга дарддан мудроқ тўкилгай,

Не қилай, мингдир камим, мендан ранжима, дунё!

Фазосин топмай туриб ой ҳам ҳилол бўларму?

Ўзанга тушмагунча сой ҳам зилол бўларму?

Тупроқни англамасдан кулол кулол бўларму?

Керак аламим, ғамим, мендан ранжима, дунё!

Қисмати ёзилармиш инсон туғилмай туриб,

Менинг туғилгим келмас, шафақли уфқни кўриб.

Қисматим ҳар саҳфидан соғинч ўтар югуриб,

Сен эмас соғинганим, мендан ранжима, дунё!

Дардлар куйлаб юрибман умрнинг баётидан,

Бахтли Бахтинисолар лайлакнинг қанотида.

Туғилмоққа, тушмоққа кимнингдир ҳаётидан

Ҳали келмади галим, мендан ранжима, дунё!

               ***

Мен кетаман қуёш қасрига,

Совқотмасин юрагим токи.

Ер айтгандай, қайтмай аслимга,

Осмонники бўламан боқий.

Бошим қўйиб эртак тинглайман,

Оймомонинг тиззаларига.

Юлдузлардан нари жилмайман,

Ва… кўникиб кетгум барига.

Шамолларга қўшилиб учиб,

Дарахтларни уйғотаман мен.

Ё мезондек кузакни ичиб,

Баҳоримни йўқотаман мен.

Соғинчларим ёнурми осон,

Чақмоқлардек чақноқ ўқилсам?!

Фақат қизиқ: танирмикансан,

Ёмғир бўлиб сенга тўкилсам?

               ***

Кунларим-айлана чархпалак,

Ўзимни ўткирлар чарх-юрак.

Ай, сенам билмайсан, эй фалак,

Мен қайси баҳорга дил бердим?

Хазонлар кўкламга кулгуми?

Армонлар йўлгими, дилгими?

Бу йилги ё ўтган йилгими?

Мен қайси баҳорга дил бердим?

Аламлар қўлимдан тортдилар,

Одамлар менга тош отдилар.

Оламлар… кўзда ёш… ботдилар…

Мен қайси баҳорга дил бердим?

Тик қараб кўпларга, озларга,

Кўнглимни тўлдириб розларга.

Ишонмай иссиққалб ёзларга,

Мен қайси баҳорга дил бердим?

Музларнинг юраги совуқ, деб,

Дунёси… кўзлари юмуқ, деб.

Кийгани оқ кафан, ямоқ, деб,

Мен қайси баҳорга дил бердим?

Қаерга кетмоқда қалдирғоч?

Беписанд нега бу қайрағоч?

Айтгина, айтгина, симёғоч,

Мен қайси баҳорга дил бердим?

Тириклик қонунин бузмадим,

Орзулар йўлини тўсмадим.

Баҳорни бекитди қисматим,

Мен қайси баҳорга дил бердим?

Мен қайси баҳорга дил бердим?

                ***

Узоқ яқин қирлар ортидан

Менга қўлин кўтаради куз.

Сезаяпман, тағин афтидан,

Дарахтларнинг шохлари маъюс.

Шундоққина ариқ ёқалаб,

Ўриб келар бир совуқ ҳаво.

Ҳеч бир нима этмайин талаб,

Радиодан таралар наво.

Мен-чи, секин қўлга оламан,

Ёпинаман иссиқ рўмолни.

Не қайтарар? Ўйлаб қоламан,

Қалбимдаги совуқ шамолни.

Хаёлимнинг жони минг ҳалак,

Сўроғимга тополмай жавоб.

Ёнимда-чи парвойи фалак,

Радиодан таралар наво.

Деразамга ногоҳ урилар,

Қайлардандир қувилган бир барг.

Мендан нажот кутиб термулар,

Мен кўзимни юмаман бефарқ.

Тушларимда кўраман сени,

Соғинчимга топмайман даво.

Яна бўзлаб дил ноласини

Радиодан таралар наво.

Менга таниш бу куз хазони,

Мастман, армон куртакларидан.

Эшитилар гоҳо овозинг,

Иссиқ рўмол бурчакларидан.

 Лек шунда ҳам сира ўзимга

Дийдорингни кўрмайман раво.

Ҳамон яна боқмай кўзимга,

Радиодан таралар наво.

 

       Қишлоғим

Намозшом…

Пастак ҳовли, пастак уйлар…

Тол барг тўкар ариғига.

Пода қайтар уюр-уюр,

Катак тўлар товуғига.

 

Ҳаёт қайнар айни шу дам,

Сатил лим-лим бўлар сутга.

Рўмоллилар шошиб-шошиб,

Сутни осиб қўяр тутга.

 

Қўрасида бир қўзи кам

Қишлоқ кезиб тополмайди.

Ана, маъраб тинмас бири,

У боласиз ётолмайди.

 

Тандирхона туйнугидан

Қуюқ тутун ўрлар кўкка.

Юз қўли чанг беғуборлар,

Баланд сасда тинглар дакки.

 

Хомуш тортиб қолар осмон

(Гўё, дунё ўйлагани),

Юлғун кийиб олар тағин,

Шафақнинг қон кўйлагини.

 

Боласиз қўй шамол бўлиб,

Илҳақ-илҳақ увиллайди.

Воҳ! Дайровот дарёлари

Юрагимда шовуллайди.

Намозшом…

 

     

 

               Ижод

Бу йиллар шунчаки меники эмас,

Кимнингдир кўнгли бор баҳорларида.

Битта ишқ тафтида куйиб гул бўлган-

Кимнинг кузи уйғоқ изҳорларида.

 

Сочимни тортқилар бесар шамоллар,

Шом чўккан нигоҳда мен ҳам бордайман.

Азизим, дунёнинг дунёсини кўр,

Кўнглин олмоқликдан умидвордайман.

 

Йўлларда дарахтдай тизилар армон,

Қушдай учиб ўтар гуноҳ сояси.

Эй дил, кўкармакни қайдан ўргандинг,

Булут бўлиб турса орзу дояси?

 

Мен ҳам юракликлар қўйган элчиман,

(Гарчи, япроқлигим тан олгим келмас)

Кимнингдир кўнгли бор баҳорларимда,

Бу йиллар шунчаки меники эмас.  

 

                            ***

Сен келасан, шамолларга исмим айтиб,

Бир табассум нигоҳингдан сирғалади.

Мен кетаман юрагимга яна қайтиб,

Ўша йўллар… ўша ўйлар ўзгаради.

 

Менга айтгин, юрагимни гуллаб берган

Юрагингда оловсўқмоқ изи борми?

Кўзларимдан бахтми, ғам ё надир терган

Кўзларингнинг тўрт ёни ҳам кўнгилзорми?

 

Менга айтгин, кифтимга бош қўйиб турган

Осмонмикан, армонмикан, азобмикан?

Менда дунё, дарёмикан йиғлаб юрган?

Ва “болам” деб мени суйган саробмикан?

 

Бир нотаниш оролларда қолгандайман,

Қайтиб кетсанг бўлмайдими изларингга?!

Ўрганмайман, сенлиликка ўрганмайман,

Сўзларингга ишонтирма, сўзларингга

 

Ё ваъда бер (кўнглинг айтсин, дилинг айтсин):

“Ранжитмайман, йиғлатмайман, куйдирмайман.

Агар тонсам, бедиллари мени ютсин,

Икки дунё менсизликда қолдирмайман…”

 

Жим боқаман. Сен келасан шамолларга

Исмим айтиб айиргандай хушларимдан.

Жавобинг элт, гар қўймасам малолларга,

Мусичалар сайраётган тушларимдан.

 

                        ***

Шамоллар учмоқда дардларин сочиб,

Осмон кўзин очар: истаги вожиб.

Мен атай қилмайман, юрмагин ранжиб,

Кечиргин, кечиксам, ҳузурларингга.

 

Дарахтлар заминдан симирмоқда қон,

Руҳим билан пойга ўйнамоқда жон.

Билмайман, йўлимнинг бўлари қачон?

Кечиргин, кечиксам, ҳузурларингга.

 

Бугун юлдузларга қилмайман ҳавас,

Уларга қўлим дор, кўзларим қафас.

Мен тунга ярашдим, тонгларга эмас,

Кечиргин, кечиксам, ҳузурларингга.

 

Дунёнинг тинса ҳам армондек дўли,

Бунча лойқа бўлди юракнинг кўли.

Мендан бахт истаган эй, ўзим кўнгли!

Кечиргин, кечиксам, ҳузурларингга.

 

                

 

Суратга

           Кеч кузакда, лой кўчамизда, йиртиқ калишда тушган болаликдаги суратимда аллақандай сеҳр бор…

 

Сен кимсан,

Ё несан?

Билолмам асло,

Қоғозми, юракми ё ярим кўнгил?

Қандайдир сирлисан, нигоҳинг таниш,

Кимимгадир ўхшаш манов лойли йўл.

 

Шу қадар яқинсан, шу қадар олис,

Руҳим саҳифасин титавераман.

Сенга элтар йўлга харита топмай,

Мен яна адашиб кетавераман.

 

Баргида осмонни кўтарган дарахт

Кемтик бағир-кузга бўлганми малҳам?!

Хазонлар қўйнида ноласизми-ей,

Аравасиз қолган ғилдирагинг ҳам.

 

Бари… кечагидай ёдимда бари,

Мана сен гувоҳлик бериб турибсан.

Кўзим ўнгида-ю, қалбим қўрида

Ҳеч несиз малика бўлиб юрибсан.

 

Мен кимман?

Ҳамма нарсали фақир,

Энг дардлиси бўлдим бахтлар ичида.

Армонлар опамдай, акамдай ғамлар,

Энг бахтлиси бўлдим дардлар ичида.

 

Сенга парво қилмас, мени тушунмас,

Юраги қашшоғу, рўзғори бойлар.

Бугун соф кўнглимни эгаллаб олди,

Йиртиқ калишингга ёпишган лойлар.

.

 

                    ***

Кетгим келаяпти бугун негадир,

Сенинг ғамлар чўккан кўзингга қараб.

Ташвишни қолдириб ҳаёт қўлида,

Ва яна бир тутам бахтни елкалаб.

 

Қўлларим осмонга етар-у, аммо

Бир бора бошингни силаганим йўқ.

Қайғу келса, мендан олдин қуладинг,

Шунда ҳам сен учун йиғлаганим йўқ.

 

Мен сени барибир яхши кўраман,

Гарчи, ён боссам-да чўғ ақлим томон.

Нетай, оғироёқ, бедод дардларга

Доя бўлавериб чарчадим ёмон.

 

 

Кўнгилжон!

Аламдан толди туйғулар,

Дўл тегиб, чақмоққа урилди бағир.

Сенинг ғамлар чўккан кўзингга қараб,

Кетгим келаяпти бугун негадир.

 

 

                   Масала

Бир кўнглимда мингдан ортиқ туйғу бор,

Бириси туғилса, бири ўлади.

Шу туришда осмон келиб қўшилса,

Неча бўлади?

 

Барчаси бир тараф, соғинч бир тараф,

Лим-лим тўлиб қолса, соғинчнинг жоми.

Туйғуларни ғиж-ғиж ғунчалаб қўйса,

Карра бўладими соғинчнинг номи.

 

Айрилиб-айрилиб кетса кулгулар,

Қўшилиб-қўшилиб келса қайғулар.

Армонлар айирса орзуларимдан,

Айирма нечага тенг бўлар?

 

Мен сизга жавобни айтаман аниқ,

Ҳеч битта қарз олмай олам-борлиқдан:

Кўнглим-бўлинувчи, дунё-бўлувчи,

Соғинч-бўлинмадир, ўзим-қолдиқман.

 

                       ***

Август йўлларига хазон тўшалар,

Юрагимга куздай армон тўшалар.

Менинг осмонимни ёққан ўшалар,

Дилафгор опангни кечиргин, синглим.

 

Кел, десам, ғурури тоғлар бор экан,

Кет, десам, кимсасиз боғлар тор экан?

Кутишга арзирли чоғлар-хор экан?

Дилафгор опангни кечиргин, синглим.

 

Мен-битта одамман, иккита дунё,

Ҳаёти саҳро-ю, хаёли-дарё,

Эккани барбод-у, чеккани фарёд,

Дилафгор опангни кечиргин, синглим.

 

Қўлимда жом тўла сабр… оғрийман,

Кўксимда нураган қабр… оғрийман.

Қарайман… нигоҳга жабр… оғрийман…

Дилафгор опангни кечиргин, синглим.

 

Умрнинг беэга ёмониман мен,

Ўқлар тушмайдиган камониман мен.

Дунёнинг бешинчи томониман мен,

Дилафгор опангни кечиргин, синглим.

 

Шеърлар бўяб кетди ҳар бир онимни,

Озорга тўлдирди хонумонимни.

Мен учун ҳам асраб онажонимни,

Дилафгор опангни кечиргин, синглим!

 

                              ***

                                 Холиёр акам Сафаровга

Йиллар келар, умр билан қўлтиқлашиб,

Фолга тушмас асрорлари кетиб борар.

Умидлари остонада йўл тиклашиб,

Минор қурар. Деворлари кетиб борар.

           

Дард мангудай ишқнинг кўз-у қошларида,

Бир телбани куйдирар қуёшларида.

Лек у мастнинг кўздан оққан ёшларида

Қалқиб-қалқиб мозорлари кетиб борар.

 

“Яшолмайман, энди ёрсиз тирик бўлиб!”-

Ошиқ ёнар оловларга шерик бўлиб.

Куни келса, дарё-дарё чирик бўлиб,

Дунё-дунё қарорлари кетиб борар.

 

Бўзтўрғайлар бўзлаб-бўзлаб келаверар,

Чумчуқ чинни кўзлаб-кўзлаб келаверар.

Қарға қариб, музлаб-музлаб келаверар,

Дили чўккан чинорлари кетиб борар.

 

Юки оғир карвон бўлмоқ осон эмас,

Арзондир-у армон бўлмоқ осон эмас.

Ақл руҳга сарбон бўлмоқ осон эмас,

Ўздин олдин иқрорлари кетиб борар.

 

Бахт растаси. Ким берида, ким нарида,

Ғам хариди- кун юзида, тун қаърида.

Нурдан қадоқ тиланчининг қўлларида

“Об колинг!” деб бозорлари кетиб борар.

 

Тириклик-дон, чумолининг оғзидаги,

Яшамоқ-ой, зил юракнинг бўғзидаги.

Ярми зулмат, ярми зиё кўксидаги-

Кузнинг рангин ифорлари кетиб борар.

 

Тан олмаса, хазонларни кўклам боғи,

Сомон тусда юзларига қўнар доғи.

Сочда қиров, бармоқларда асо чоғи,

Эгик қадда инкорлари кетиб борар.

 

Кўнглим қушдай ғуборларга учиб борар,

Гулчеҳрали озорларга кўчиб борар.

Ҳаққа ҳурлар диёрини кечиб борар,

Ака, қаранг, мени шоир қиламан, деб,

Йўлагимнинг баҳорлари кетиб борар,

Юрагимнинг оҳорлари кетиб борар.

 

Йиллар келар, умр билан қўлтиқлашиб…

 

    Дала қўриқчисига

Сен-дунёнинг ёлғиз ўғли,

Мушфиқ онанг-яйдоқ дала.

Кўрганларинг тўртта фасл,

Топганларинг оқ-у қора.

 

Сенга рақиб қилиб қўйиб,

Зоғчаси-ю чумчуғини,

Ёнгинангдан ўтар ҳаёт,

Айлантириб урчуғини.

 

Йиллар сабринг синайверар,

Ҳаддингдан ҳеч ўтмагансан.

Вафо бирла падарингдан,

Волидангдан кетмагансан.

 

Рўё бўлди умрим менинг,

Отам-биров, онам-ҳеч ким.

Тўкилмадим йўлларига,

Мен кимман, айт, айт, қўриқчим?

 

Ой бўзлади тун ичида,

Бехос гуллаб кетди камим.

Тонг кузлаган у кечадан

Мен ўзимга ўзим ғаним.

 

Сен бошқасан, мен ўзгаман,

Қочолмайман ўйларимдан.

Жулдурларинг афзал экан,

Баҳор кийган кўйлагимдан.

 

Арзонлашиб борар жоним,

Диёнатдан сабоқ бергин.

Зилол оқиб борай Ҳаққа,

Кўзларимга чироқ бўлгин.

 

Синглинг бўлай, менга ўргат,

Ғамларга ҳам жим туришни.

Заминнинг қоқ ўртасида

Юрак бўлиб уришни.

 

Арзонлашиб борар жоним,

Диёнатдан сабоқ бергин.

Зилол оқиб борай Ҳаққа,

Кўзларимга чироқ бўлгин.

 

 

                        ***

Рангин тушлар кўринг, азизим,

Рангин бўлсин дунёларингиз.

Меникидир оқ ва қоралар,

Меникидир энди ёдингиз.

           

Энди менман хатодан адо,

Энди мен- энг тоза жазоман.

Сиз ранжиманг, тушунинг, ахир

Мен бахт эмас, Бахтинисоман.

 

Гоҳ бездирса, оқ-у қоралар,

Дил йиғласа мендан нарида.

Рангин қўшиқ куйласангиз бас,

Юрагимнинг қиблаларида.                

                                                                   Бахтинисо Маҳмудова,

Қашқадарё вилояти, Чироқчи тумани

You may also like...

2 Responses

  1. Бахтинисо синглимизни бундан кейинги ижодига ҳам омад тилаймиз!

  2. Hech kimga buyin egma O’zbegim

Добавить комментарий для ahrorbek Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>