Эрон Ислом Республикаси

Соғлом она ва бола йили: халқаро тажриба

***

Паҳлавийлар бошқаруви даврида аёлларга кенг ҳуқуқлар берилди. 1928 йилда хотин-қизлар илк бора хорижда таҳсил олиш учун давлат маблағларини ола бошлади. 1935 йилдан улар Теҳрон университетида ўқиш имкониятига эга бўлди, 1944 йилдан эса бошланғич таълим мажбурий қилинди[1]. Яқин Шарқ мамлакатларидан хотин-қизлар иштирок этиши учун конгресс ташкил қилинди[2]. 1936 йил 8 мартда хижоб кийишни таъқиқловчи фармон чиқарилди, бироқ қаттиқ қаршиликдан кейин 1941 йилда у бекор қилинди[3].

Эрон замонавий тарихида Паҳлавий шоҳларнинг энг сўнггиси бўлган Муҳаммад Ризо Паҳлавий бошқарув даврида (1941-1979 йиллар) аёлларга сайлов ҳуқуқлари тақдим этилди. Парламентда, ҳукуматда, Суд таркибида аёллар пайдо бўлди ва эронлик аёлларнинг жамиятдаги фикри-сўзи баралла янграй бошлади.

1967 йилда кучга кирган “Оилани муҳофаза қилиш ҳақида”ги қонунда оналар ва болаларни зўравонликлардан, шунингдек ажрашган аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кўзда тутилди. Илгари уч маротаба талоқ сўзи айтилса, ажрашиш учун кифоя қилди. Ислоҳотлардан кейин томонлар бунинг учун судга мурожаат қилиши белгиланди. Агар эркак иккинчи хотинга ўйланмоқчи бўлса, биринчи хотинидан рухсат сўраш мажбурияти юкланди[4].

“Таълим вазири Фарруха Парса, ҳуқуқ ҳимоячиси Ширин Эбадийлар Тинчлик бўйича Нобель мукофотларига лойиқ деб топилди”[5]. Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Эрон аёллар ташкилотлари коалицияси 1966 йилда ташкил топди.

1979 йилдаги Ислом инқилоби жараёнларида ҳам аёллар фаол иштирок этишди. “Бироқ консерватив ислом ва шариат меъёрларига асосланган янги ҳукумат аёлларга берилган аввалги барча ҳуқуқларни бекор қилди. Эроннинг илк аёл вазири Фарруха Парса эса қатл этилди[6].

9 ёшдан катта қизлар ҳижоб кийиши мажбурий тус олди, болалар ва қизлар ўқиши алоҳида ажратилди, уларнинг омма олдида қўшиқ айтиши (халқ қўшиқларидан бошқа) ва эркаклар қаршисида рақсга тушиши таъқиқланди, кўпхотинликка рухсат этилди, эрига хиёнат қилганлар ўлим жазосига маҳкум этилиб, омма олдида тошбўронга тутилди. Ашаддий ишқибозларнинг тажовузкор ҳаракатлари аёлларнинг нозик руҳиятига зиён-заҳмат етказиши баҳона қилиниб, уларни футбол майдонларига тушиши маън этилди. Жамоат транспортларида ўринлар жинсга қараб иккига ажратилди. Аёлларнинг ортиқча эмоциаллиги тўғри қарор чиқаришга халақит бериши мумкинлиги важ қилиниб, уларнинг судя бўлиши тақиқланди. Оилалар бахтсиз ҳодиса туфайли аёл киши нобуд бўлса, эркак қурбонга нисбатан икки ҳисса кам тавон пули тўланади.

Эрон Ислом Республикаси Жиноят кодексида гарчи ҳамон хиёнат учун жазо сақланиб қолаётган бўлсада, амалда 2003 йилдан ожизаларни тошбўрон қилиш тўхтатилди. Вақти-вақти билан айрим қишлоқ ва шаҳарларда учраб турадиган бундай жазолашни ҳукумат ноқонуний деб топган.

Ислом инқилобидан кейин бошқарувга келган олий раҳбар – оятулло Рухолло Мусавий Хомейний (1979-1989 йиллар) аҳолидан фаол кўпайишни сўраб, армияга 20 миллион жангчи кераклигини билдирди. Ироқ билан уруш даврида (1980-88 йиллар) ҳар бир аёлга ўртача 6,8 бола тўғри келди. Бироқ уруш тугагач, иқтисодий инқироз чуқурлашган шароитида аҳолининг ҳаддан зиёд ўсишидан амалдорлар ташвишда эди. “Машҳур шифокорлар ва уламолар вакиллари тавсиясига асосланиб, 1989 йилда оилани режалаштириш 5 йиллик дастури жорий этилди”[7].

Али Акбар Ҳошимий Рафсанжоний президентлиги даврида (1989-1997 йиллар) бу ислоҳотлар изчил давом эттирилди. 1993 йилда “Оилани режалаштириш ҳақида”ги қонун қабул қилинди. Соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим вазирлиги дастурларни амалга ошириш учун зарур ваколат олди. Барча жуфтликларга контрацепция воситалари тақдим этила бошланди, унча катта бўлмаган яъни 2-3 болали оила ижтимоий меъёр сифатида кенг тарғиб қилин.

Ҳар бир аёл ҳомиладорликлар ўртасида 3-4 йиллик тўхталишлар қилиши зарурлиги уқтирилди. Шифокорлар 18 ёшдан кичик ва 35 ёшдан катта аёлларга умуман туғмасликни маслаҳат берди. Тўртинчи бола туғилса, оилага ўзига хос “санкция”лар қўлланилди, жумладан озиқ-овқат талони ва ижтимоий субсидиялар, ҳомиладорлик таътили тўлови бекор қилинди. Никоҳ қуришдан аввал жуфтликлар ҳомиладорликка қарши воситалар ва уларни қўллаш ҳақида икки соатлик мажбурий лекцияларда билим-кўникмаларини оширадиган бўлди.

Президент Муҳаммад Ҳотамий бошқаруви йилларида (1997-2005 йиллар) аҳлоқ полицияси тугатилди, Интернетдан фойдаланишга рухсат этилди, аёллар ва эркаклар тенглигига урғу берилди. Эронда туғилиш сезиларли камайди. Оммавий ахборот воситалари ҳам катта бўлмаган, ихчам оилаларни жамият учун намуна қилиб кўрсатди. Натижада дастур ишга тушганидан 13 йил ўтиб туғилиш миқдори 3 маротаба камайди ва 2001 йилга келиб туғилиш кўрсаткичи ҳар бир аёлга 2,1 га тушиб қолди.

Президент Маҳмуд Аҳмадинежод (2005-2013 йиллар) консерваторлар тарафдори бўлиб, 40 ёшгача бўлган ёлғиз аёлларни отаси ёки акаси рухсатисиз мамлакатдан чиқиб кетишини таъқиқловчи қонун қабул қилди. Эркаклар ҳам, аёллар ҳам 16 ёшдан сайлаш ҳуқуқига эга бўлгани ҳолда Конституциянинг 115-моддасига кўра хотин-қизлар президентлик сайловларида номзод бўла олмайди.

М.Аҳмадинежод етилиб келган демографик муаммони аввалдан тушуниб, ўз ўтмишдошлари қарорларини инкор эта бошлади. Чунки 2011 йилга келиб фертиллик кўрсаткичи ҳар онага 1,91 болагача тушди. Аёллар кўп фарзандлиликни ортиқ ихтиёр этмай қўйди. Кўпайишни рағбатлантириш мақсадида бола туғилишида ҳар бир оилага 780 евродан мукофот тўлашга ваъда қилинди. Бу масала молиялаштириш важидан президент ва парламент ўртасида жиддий баҳс-мунозараларга сабаб бўлди ва режа ушалмай қолганди.

Эндиликда оятолла Али Ҳомений (1981-1989 йилларда президент, 1989 йилдан мамлакат олий раҳбари) туғилишга дахлдор “икки бола етарли” сиёсатига қарши бўлиб, “аҳолини Ғарбнинг номақбул ҳаёт тарзи қирраларидан воз кечишга ва миллий ўзига хосликни мустаҳкамлашга чақирмоқда”[8].

Эрон статистика маркази маълумотига кўра, мамлакат аҳолиси 2015 йилда 75 миллион бўлиб, бир аёлга 1,6 бола тўғри келмоқда. “Агар туғилиш миқдори ошмаса, 2094 йилга бориб эронликлар 31 миллионгача қисқаради ва 60 ёшдан ошганлар улуши 47 фоизни ташкил этади”[9]. Нуфусда аёллар улуши эса ҳозир 49,6 фоиз бўлиб турибди. “40 йил муқаддам яъни 1976 йилда 48,7 фоиз эди”[10].

Парламент 2014 йил августда стерилизацияни тақиқлаш ва контрацепция воситалари ҳақида маълумотларни қисқартириш йўли билан туғилишларни рағбатлантиришга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ва учинчи ўқишда кўриб чиқди. “Amnesty International” бу қонунлар аёлни “бола ишлаб чиқарувчи инкубатор”га айлантиради, дея ҳисоблайди.

“Туғилишни кўпайтириш ва аҳоли камайишининг олдини олиш” (N446) номини олган қонунга кўра абортларга рухсат этилмайди, стерилизация бекор қилинди. Аввалги “Бир бола яхши, икки бола етарли” давлат дастурига кўра стерилизация бўйича операциялар субсидиялаштирилиб, контрацептив воситалар арзимаган нархларда сотилар, вазэктомияга (эркакни насл қолдириш имкониятини чеклаш) рухсат этиларди.

Нуфуснинг камайиш тенденцияси охирги уч йилда мутахассислар учун аҳоли сонини назорат қилиш ишини қайта кўриб чиқишга асос яратмоқда ва ҳукумат аҳоли кўпайишини рағбатлантириш сиёсатини олиб бормоқда. Эрон маданий инқилоби олий кенгаши ҳам бу саъй-ҳаракатларни маъқуллади. Ҳукумат ёш оилаларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиш учун янги дастурни ишлаб чиқди. 14 банддан иборат мазкур дастур хавотирли демографик тенденцияни яхшилаш ва аҳолини икки баробарга кўпайтиришни назарда тутади.

Янги режалар доирасида аёлларнинг ҳомиладорлик таътили муддати узайтирилди. 25 ёшгача бўлган она биринчи боласи учун яримта олтин, иккинчи боласи учун тўлиқ олтин тангага эга бўлади. 39 ёшгача яна фарзанд кўрса, олтиндан совғалар берилади. Учинчи ва ундан кейинги болаларга нафақалар тўлови қайта жорий этилди, болага қараш таътили 6 ойдан 9 ойга узайтирилди, яна 21 ой ҳақ тўланмайдиган таътил берилди. Ёш оналар тиббий хизмат ва текин овқатланиш талонига эга бўлмоқда ва имтиёзли кредит карталарини олаяпти. Уларга катта пенсия ваъда қилинмоқда, ишга ҳам қисқартирилган соатлар билан боришаяпти. Шунингдек, Эронда бола туғилаётган вақтда оталарга икки ҳафталик иш ҳақи сақланган таътил берилади. Уч ва ундан ортиқ болаларга эга ёш оилаларга ер участкалари ва имтиёзли кредитлар ажратилиши тасдиқланди. Хусусан, ёш оилаларга кам фоизларда ипотека кредитлари берилмоқда. Эҳтиёжманд оилаларнинг болалари таълим олиши, кийим-кечак билан таъминланиши, иш бошлаши ва кичик бизнес билан шуғулланиши учун “Имдод” қўмитаси ёрдам кўрсатмоқда.

Мамлакатда айни пайтда ажралишлар сони тобора ўсмоқда. 2000 йилда барбод бўлган оилалар 50 мингни ташкил қилган бўлса, 2010 йилда 150 мингга етди. 2016 йилга келиб эса ҳар куни мамлакатда 400га яқин никоҳлар бузилмоқда. Пойтахт Теҳронда ҳар 3,76 никоҳнинг бири, мамлакат бўйича ҳар 5 та никоҳнинг бири хайрли якун топмаяпти. Уларнинг 30 фоизи никоҳнинг биринчи йилидаёқ барбод бўлмоқда. Амалдорларнинг ёзғиришича, бунга асосан иқтисодий жиҳатдан яхши таъминланган аёллар сабабчи бўлмоқда. Улар ўзларини ўзлари мустақил боқишга қодир ва муваффақиятсиз никоҳни давом эттиришни исташмаяпти.

Эрон адлия вазири Мустафо Пур Муҳаммадий диний ҳуқуқ бўйича етакчи мутахассис бўлиб, у ажралишлар жамият асосларига салбий таъсир кўрсатишидан хавотирда. Янада консерватив уламолар бундай ноҳуш амалиётни “шайтоннинг иши” деб атаяпти. Ёшлар ишлари бўйича вазирлик эса ажралишларнинг асосий сабабини “Эрон ёшларининг ўзаро носоғлом муносабатлари ва аҳлоқий таназзулига тушиб қолганида”, деб кўрсатмоқда.

Давлат эса никоҳ ришталарини мустаҳкамлашнинг турли йўлларини кўриб чиқмоқда. Оилаларни сақлаб қолиш учун 1,1 миллиард доллар маблағ ажратишни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси 2013 йилда парламентга тақдим қилинди. Ҳукумат никоҳ ва ажралишлар бўйича алоҳида вазирлик тузиш таклифини илгари сурмоқда.

Эрон талабалар сўрови маркази (ISPA) раиси Розия Озарния эса хотин-қизларнинг интернетдаги ижтимоий тармоқларда тобора фаоллашиб кетаётганидан ташвишда. Бундай ҳолат эр-хотин ўртасидаги меҳр ва ишонч ришталарини узилишига олиб келаркан. Сўровда иштирок этганларнинг 86,1 фоизи ижтимоий тармоқларга ҳар куни камида бир соат кирмоқда. “Алоқа ва информацион технологиялар вазири Маҳмуд Ваёзийнинг билдиришича, мамлакатдаги 13-14 миллион киши “Telegram Messenger” дастуридан фойдаланмоқда ва у энг оммабоп тармоққа айланиб улгурди”[11].

Энг ёмони, Эрон шаҳарларида яқин-яқиндан бошлаб ажрашишлар муносабати билан тантанали байрам кечаларини ўтказиш одат тусига кирди. Бундай беъмани ва аҳмоқона базмларда собиқ эр ва хотин бир-бирига гўё хайрихоҳ муносабатда бўлиб, орани яхшиликча очиқ-ойдин қилиб олишганини дўст-биродарларча, қизғин-шодиёна ила нишонламоқда.

“Оилани комплекс қўллаб-қувватлаш ҳақида”ги янги қонун ажрашишларни қийинлаштиради ва жараёнда аёлларнинг эрларига боғлиқлигини оширади. Қолаверса, оилалар бузилишини сақлаб қолаётган судьяларга бундай ишлар сонига қараб мукофот пуллари берилади. Оила кодексига шундай тузатишлар киритилдики, ажрашган эркакнинг иқтисодий аҳволига вой бўлади.

Масалан, ислом тартибларига мувофиқ эркак тўртта хотин олишига қонунан чеклов йўқ. Бироқ биринчи никоҳ чоғида аёл у ягона рафиқа бўлиб қолиши ҳақида шарт қўйиши мумкин ва бу талаб никоҳолди келишуви билан расмийлаштирилади. Ҳатто бу талаб бўлмаган тақдирда ҳам биринчи хотин рухсатисиз эр иккинчисига ўйланиши мумкин эмас.

Агар эркак истаги қаршиликка учраса, у судда рафиқасидан умуман қониқмаётганини, ҳар икки аёли ва болаларини тўлақонли моддий таъминлай олишини исботлаб бериши керак. 2012 йилдан бошлаб эр агар яна бошқа хотин олмоқчи бўлса, унинг амалдаги хотини судга даъво киритиши ва эридан буни нима мақсадда қилаётганини қонуний ойдинлаштириши мумкин. Фуқаролик кодексига кўра, ажрашиш чоғида етти ёшгача бўлган болалар онанинг қарамоғида қолади, лекин уни боқиш харажатларини ота қоплайди. Бола етти ёшга тўлгач, ўз хоҳишига кўра кимнинг ихтиёрига ўтишини мустақил ҳал қилади.

Де-факто бу полигамияга “вето” қўйилганини билдиради. Учинчи хотинни олиш учун дастлабки иккитасидан, тўртинчи хотинни олиш учун эса аввалги учтасидан рози-ризолик олишни уддалаш амалда сира мумкин эмас. Қолаверса, биринчи хотинидан кейингилар вақтинчалик никоҳда (мутъа) туради ва жамиятда унга паст назар билан қаралади. Шиа мазҳабида вақтинчалик никоҳ – мут’а қайд этилган. Бундай никоҳ муайян муддатга ўзаро келишув асосида белгиланади. Унда турган аёлларга одатдаги хотинларга берилгани каби маҳр тўланади. Ундан фарзанд туғилса, қонуний ҳисобланади. Вақтинчалик никоҳлар бўйича ҳам қизғин баҳс-мунозаралар кетмоқда. Уламолар бу институтни бузуқчиликни легаллаштириш деб ҳисобласа, унинг тарафдорлари ҳар қандай шароитда ҳам аёллар ва улардан туғилажак болалар никоҳ иплари билан мустаҳкам ҳимояланган бўлиши керак дейди.

Ожизалар ҳам ажрашиш ташаббускори бўлиши мумкин. Мисол учун эр маҳр бермаса, наркотик моддаларни истеъмол қилса, “нафақа” тўловини яъни оилани сақлаб туриш учун маблағни олти ой давомида сабабсиз ажратмай қўйса, зўравонлик билан муносабатда бўлса, жиддий касал ва руҳий носоғломлиги аниқланса, 5 йил мобайнида фарзанд кўра олмаса, эр жиноятчи экани исботланса (жами 12 мезон бўйича) хотин киши ҳам никоҳни бузишни сўраб судга мурожаат этиши мумкин. Эрон криминал статистика маркази раҳбари Асадуллоҳ Жолаийнинг маълум қилишича, 2013 йилда 20 минг эркак маҳр тўламагани учун қамоққа олинган.

Эркаклар ўйланиш чоғида аёл учун маҳр тўлашга мажбур. Унинг миқдори олтин билан ўлчанади ва ҳозирги шароитларда анча баланд (30 минг доллар атрофида). Агар ажрашишлар юз берса маҳр аёлнинг “суғурта капитали” ҳисобланади. Шахс никоҳдан ташқари жинсий муносабатлар учун ўлим жазосига ҳукм этилади. Бир жинсли алоқаларга ҳам олий жазо белгиланган. Бошқа дин вакилаларининг эронлик эркак билан ҳақиқий никоҳга кириши учун у мусулмонликни қабул қилиши лозим ёки вақтинчалик никоҳ қуришига тўғри келади. Шу сабабли бир-бирига кўнгил қўйган икки динга мансуб жуфтликлар мамлакатдан ташқарига чиқиб, тинчгина никоҳдан ўтиб қайтмоқда.

1991 йил 5 сентябрда Эрон БМТнинг Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини имзолаган ва 1994 йил 13 июлда ратификация қилган эди. Мазкур ҳужжат давлатларга вояга етмаган шахсларни ўлим жазосига ёки озод этиш ҳуқуқисиз умрбод қамоқ жазосига ҳукм этмаслик мажбуриятини юклайди[12]. “Қизлар учун 9 ёш, ўғил болалар учун 15 ёшдан жиноий жавобгарлик ёши этиб белгиланган. Давлат болаларга 15 ёшдан ишлаб чиқаришда ва жамоат фаолиятида меҳнат қилишига рухсат беради.

2016 йил январда “Amnesty International” ҳуқуқни ҳимоя қилувчи халқаро ташкилоти Эрон қамоқхоналари ўлим камераларида 160 нафар ўсмир сақланаётганини маълум қилди. Охирги йилларда ўнлаб вояга етмаганлар қатл этилди. Бундай қатллар кўплиги бўйича Эрон жаҳонда етакчи: 2005-2015 йилларда 73 та ҳукм ижро этилди. Қатл пайтида бир қиз эндигина 9 ёшга тўлган бўлса, ўспирин 15 ёшда эди. 2014 йилда ноқонуний наркотиклар савдосида айбланиб осиб ўлдирилган афғонистонлик Жанат Мир 14 ёшда бўлган.

2013 йилда президент Хасан Руҳоний ҳукумати суд соҳасини ва жиноий ҳуқуқни ислоҳ қилишни бошлади. Судялар ўсмирларга нисбатан уларнинг психологик ва ақлий камолотга етмаганини ҳисобга олган ҳолда ўлим жазосини енгиллаштириш ваколатига эга. 2014 йилда эса Олий суд ўлим камераларида ётган ўсмирларга жиноят ишларини қайта кўриб чиқиш ҳақида илтимоснома юборишлари мумкинлигини маълум қилди.

Ҳар йили Эронда 600-700 тагача ўлим жазоси амалга оширилади. Казвин музофоти прокурори Жамол Ансорий сўзларига кўра, Эронда жамоат жойларида ўтказиладиган қатллар алоҳида мажбуриятлар келтириб чиқаради. Оммавий ахборот воситаларида тарқатиш учун видеотасвирларга ёзиб олинади. Қолаверса, жазони бевосита ёки билвосита томоша қилаётган аёллар айниқса, болалар учун бу ўта нохуш таассурот уйғотади. Бу мамлакатнинг халқаро имижига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу сабабли цивилизациявий ёндашувга ўтилди ва 2013 йилдан бошлаб қатлларни омма олдида ижро этиш тўхтатилди.

2002 йилгача қизлар учун никоҳ ёши 9 ёш, эркакларга 14 ёш қилиб белгиланган эди. Шундан кейин никоҳга кириш минимал ёши 13дан 18га кўтарилди. 1971 йилда 13 ёшгача бўлган қизларнинг 37 фоизи, 14-18 ёшдаги қизларнинг эса 57 фоизи никоҳдан ўтган эди. Натижалар ижобий томонга ўзгараётганига қарамай “Фуқаролик ҳолати актларини рўйхатга олиш миллий ташкилоти томонидан 2013-2014 йилларда 10-14 ёш оралиғидаги 41 минг 226 қиз турмушга чиққани қайд этилди. Уларнинг 201 таси 10 ёшдан кичик норасидалар экани ғоятда ачинарлидир”[13].

Аммо умумий вазият яхши томонга ўзгармоқда. Эркакларнинг ўртача никоҳ ёши 20дан 28 ёшга кўтарилди, қизларда эса 24-30 оралиғида бўлмоқда. Аксарият замонавий ёшлар оила қуришга ҳеч шошаётгани йўқ. Репродуктив ёшдаги 40 фоиз аҳоли никоҳ қурмаган. “Кўплаб янги келин-куёвлар тўйдан кейин асал ойини хорижий давлатларда сайёҳ билан ўтказиши яхши урф бўлмоқда ва шу сабабли ортиқча тўй харажатлари камайтириляпти”[14].

Эрон оила ва никоҳ институти, Теҳрон давлат университетининг Эрон хотин-қизлари муаммоларини ўрганиш кафедраси, “Эрон хотин-қизлари” (200 минг нусхада) журнали ва “Аёллар журнали” (40 минг нусхада) нашрлари оила ва жамият, соғлом авлод, оналик ва болаликнинг долзарб муаммоларини фундаментал тадқиқ этиб, атрофлича ёритиб бормоқда.

“Исфахон ва Шероз университетларида Аҳолишунослик марказлари, 1960 йилда асос солинган Режалаштириш ва бюджет бошқармасида аҳолишунослик ва меҳнат ресурслари бўлими, Теҳрон университетининг социологик тадқиқотлар институти, Инсонни кўпайиш муаммоларини ўрганиш институти, Оналик ва чақалоқларни муҳофаза қилиш институти (1940 йил)”[15] мазкур муаммоларни ўрганмоқда.

Конституциянинг 20-моддасида гендер мансублигидан қатъий назар фуқаролар қонун олдида тенглиги кафолатланган. Бироқ ислом тартибларига мос эмас, дея Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияга (1979 йил 18 декабрь) Эрон ҳануз қўшилмай келмоқда. Эрон Инсон ҳуқуқлари бўйича ислом комиссияси раиси Зуҳра Элахиян БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг Женевадаги сессиясида Эронда хотин-қизлар ва эркинлик масаласи ҳақида нутқ сўзлаб жумладан шундай деди: Эрон сиёсати ва мусулмон мафкурачилари ғоялари тагзаминида эркаклар ва аёлларнинг макроижтимоий даражада тенг ҳуқуқлилиги ётади. Биз эркак ва аёл ўртасидаги фарқда оила қуриш ва болаларни тарбиялаш учун табиат асос солган пойдеворларга таянамиз. Бу эса тенглик борасидаги ҳар бир майда нарса бир-бирига ўхшамаслигини англатади. Ислом аёлга она ва рафиқа сифатида махсус ҳуқуқларни тақдим этади.

Албатта, ҳар бир жамиятнинг оила ва хотин-қизларга муносабатида ўзига хослиги бўлиши табиий. Эронда аёллар оилавий масъулияти ва жамият мажбуриятлари ўртасида ҳамоҳангликка эришмоқда. Қонунга мувофиқ аёллар полиция таркибида ва алоҳида ҳарбий қисмларда эркин хизмат қилмоқда. 2014-2015 йилларда давлат олий ўқув юртлари талабаларининг 52 фоизи хотин-қизлар бўлди ва йигитлардан ўзиб кетди. 2010 йилда нозик жинс вакилларининг 3 фоизи вазирлик, 5 фоизи парламентда ўринларни эгаллади. 2016 йил февралда парламентдаги 290 та ўрин учун 5 минг номзод хусусан, 586 хотин-қиз муросасиз кураш олиб борди.

Эронда инсон соғлиғига салбий таъсир кўрсатувчи алкогол маҳсулотлар истеъмоли таъқиқланади, тамаки унча урф бўлмаган. Фақат арман миллатига мансубларга улар миллий анъаналари ва табиатидан келиб чиқиб ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишга расмий рухсат этилган. Наркотикларни тарқатганларга эса ўлим жазоси белгиланган.

Форсларнинг соғлиқни сақлаш сифати жадал ўсиб бормоқда. 2015 йилда 5 ёшгача бўлган болалар ўлими ҳар 1000 янги туғилган чақалоққа 54,6 тани (2005 йилда 107,4 киши) ташкил этди. Туғилиш умумий коэффициенти 2013 йилда ҳар 1000 кишига 17,9 та бўлиб, сўнгги ўн йилликда деярли ўзгармади. 2013 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 6,7 фоизи соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирилди. 2004 йилда бу миқдор 4,7 фоиздан ошмаётганди. Шифокорлик жамиятда энг нуфузли касблардан бири ҳисобланади ва уларга ўртача минг евро атрофида маош тўланади. 1980 йилда ҳар 6,1 минг кишига бир шифокор тўғри келган бўлса, ҳозир натижалар ўн баробарга яхшиланди.

Эронда инсон органларини кўчириб ўтказиш бўйича 80 та марказ ишламоқда. ЖССТ мазкур соҳада Эронни дунёдаги олтинчи етакчи давлат сифатида эътироф этган. Озарбайжон, Ўмон, Баҳрайн, Афғонистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Покистон, Бирлашган Араб Амирликларидан минг-минглаб беморлар бу ерга келиб даволанишмоқда. БМТ маълумотларига кўра, глобал миқёсида пуштсиз жуфтликлар 8-12 фоизни ташкил этса, Яқин Шарқда бу миқдор 20 фоизга чиқди. Эрон сунъий уруғлантириш бўйича минтақавий марказга айланмоқда. Ҳар бир клиникада сунъий уруғлантириш бўйича мурожаат этаётган хорижий мижозлар учун таржимон штати очилган.

Мўътадил иқлим ва жўғрофий ўзига хослик туфайли мамлакатда 1800 турдаги доривор ўтлар ва ўсимликлар етиштирилмоқда. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар кимёвий препаратларнинг 95 фоизини ички ресурслардан қоплайди. Мамлакатда 800 турдаги дори-дармон воситалари тайёрланмоқда. Биотехнологиялар билан 50 та илмий тадқиқот марказлари шуғулланмоқда. 30 та тиббиёт олий ўқув юрти, қишлоқ ва шаҳарларда 5 мингдан ортиқ поликлиника, 15 минг саломатлик уйлари ишлаб турибди.

Эрон ядро дастурлари туфайли киритилган халқаро санкциялар туфайли иқтисодий аҳвол оғирлашди. “2008 йилда ёшлар ишсизлиги 23,4 фоизни, аёллар ўртасида эса 46,3 фоизни ташкил қилганди. Бу жуда катта ижтимоий муаммога айланмоқда”[16]. Меҳнатга яроқли аҳолининг учдан бир аёллардир.

Эроннинг “Mizan” агентлиги 2015 йил сентябрда 40 фоиз олий маълумотли аёллар уйда бекор ўтирганини маълум қилди. 2010 йилда “араб баҳори” бошланганда Мисрда ёшлар улуши 32,3 фоизни, Тунисда 28,6 фоизни, Сурияда 36,6 фоизни, Яманда 41,9 фоизни ташкил этган эди. Хайриятки, муваффақиятли сиёсий ислоҳотлар ва демократлаштиришнинг янги тўлқини бу каби вайронкор инқилобларни Эронда юзага келтирмади.

2016 йил 17 январда АҚШ ва Европа Эронга нисбатан санкцияларни бекор қилди. Теҳрон ва “олтилик” халқаро воситачилар гуруҳи (АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия, Франция, Германия) ядро дастури бўйича келишиб олди. Энди эса халқаро бозорларга экспорт кўламларини ошириш мумкин бўлади. Зеро, Эрон нефть захиралари (18,8 миллиард тонна ёки жаҳон умумий захирасининг 9,9 фоизи) кўплиги бўйича дунёда Саудия Арабистони ва Венесуэладан кейин учинчи ўринда туради. Жаҳон газ захираларининг 16 фоизи унинг ҳудудида жойлашган. Бюджет тушумларининг 45 фоизи нефть ва газдан олинмоқда.

Ҳозир Эрон кунига 3 миллион баррель “қора олтин” ишлаб чиқармоқда ва унинг 1,1 миллион баррелини четга сотмоқда. Кўламларни 10 миллион баррелгача кўтариш имкониятлари мавжуд. Саноат, конлар ва савдо вазири Ризо Неъматзода айтишича, 2020 йилга қадар 185 миллиард долларлик нефть-газ лойиҳаларини амалга ошириш бошланди. Натижада 5 йилдан кейин ҳар йили нефть ва газ экспортидан 100 миллиард доллар фойда олинади. Бу эса ўз навбатида ижтимоий дастурлар жумладан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш йўналишларини бюджетдан сахийлик билан молиялаштиришга катта йўл очади.

 Лазиз Раҳматов,

журналист

————————————————————

[1] Harrison, Frances. Polo comes back home to Iran, BBC News (September 22, 2005).

[2] Cotterell, Arthur. From Aristotle to Zoroaster. — New York: Free Press, 1998. — P. 434. — ISBN 0-684-85596-8.

[3] Toward an aesthetic of Persian painting. Early Islamic Art, 650—1100. Oleg Grabar. p.213-214

[4] Robert Browning. The Emperor Julian. — University of California Press, 1978. — P. 204. — ISBN 0-520-03731-6.

[5] Victor H. Mair. The Columbia Anthology of Traditional Chinese Literature. — Columbia University Press, 1996. — P. 485. — ISBN 0-231-07429-8.

[6] Naotaro Kudo. The life and thoughts of Li Ho: the Tʾang poet. — Waseda University, 1969. — P. 62.; Eliot Weinberger. Oranges & Peanuts for Sale. — New Directions Publishing, 2009. — P. 117. — ISBN 0-8112-1834-1.

[7] Abbasi M.J. [et al.]. Revolution, war and modernization: population policy and fertility change in Iran // Journal of population research. 2002. Vol. 19, N 1, p. 25-46

[8] http://www.newsru.com/world/11mar2015/amnestyiranianwomen.html, Amnesty International заподозрила иранских депутатов в попытке превратить женщин в «инкубаторы по производству детей», 11 марта 2015 г.

[9] http://www.newsru.com/world/12aug2014/iranban.html, Власти Ирана запретили контрацептивы, чтобы увеличить численность населения, 12 августа 2014 г.

[10] Демографический энциклопедический словарь, М., “Советская энциклопедия”, 1985. стр-155

[11] www.trend_az Иранские женщины в соцсетях активнее мужчин, 3 декабря 2015

[12] http://www.newsru.com/crime/28jan2016/dthpnltyfrteeniran.html, В Иране за 10 лет казнены 73 подростка, а еще 160 юных преступников ждут смерти, 28 января 2016 г.

[13] https://amnesty.org.ru/ru/2015-03-12-iran/, Новые законопроекты ущемляют права женщин в Иране, 12/3/2015

[14] http://www.molomo.ru/inquiry/family_iran.html

[15] Демографический энциклопедический словарь, М., “Советская энциклопедия”, 1985. стр-155

[16] Salehi-Isfahani D. Iranian Youth in Times of Economic Crisis -http://belfercenter.ksg.harvard.edu/files/Salehi-Isfahani_DI-Working-Paper-3_Iran-Youth-Cr isis.pdf

You may also like...

1 Response

  1. Many thanks a whole lot for sharing! I will definitely be back.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>