Талабада айб йўқ!

Унга тарих ҳақиқатини тўғри тушунтириш керак, холос.

Бир ижодий учрашувда хато гапириб қўйган талабамизга устоз журналист Олим Тошбоевнинг қуйидаги мақоласини жавоб тариқасида тақдим қилар эканмиз, уни қунт билан ўқиб чиқишни барчага тавсия этамиз, дейди Дониш домла бироз енгил тортиб.

тал1

“МЕН… ХУДОГА ИШОНМАЙМАН”

“МЕН… ХУДОГА ИШОНМАЙМАН”

ўтган асрнинг 80 йилларига бир назар
1984 йил июнининг 23-куни Ўзбекистон жамоатчилигини сергак қилган, машъум қатағонга “фатво” берган XVI пленум бўлиб ўтади. Совет мактабида тарих ўқиганлар яхши билади. 1941 йил 22 июнда немис фашистлари қизил империя ҳудудига қўққисдан бостириб кирган бўлса, орадан қирқ уч йил ўтиб, совет Ўзбекистонига КПСС ниқобидаги фашистлар босқин уюштиради. Йўқ-йўқ, Ўзбекистон танк, самолёт ёки тўпдан эмас, ягона ва қудратли фирқанинг шапалоқдайгина низомидан ўққа тутилади. Кутилмаган ҳужум туфайли ўн саккиз миллионли халқнинг маънавият чегараси вайрон бўлади.
Совет Ўзбекистони раҳбари пленумда миллий-маънавий ҳаётни тафтиш қилиб, Ислом динига қарши кураш етарлича олиб борилмаётганидан норози бўлади.
Кўчирма:
“Партия ташкилотлари баъзан одамлар онгидаги ўтмиш сарқитларининг социал хавф-хатарига етарли баҳо бермаётганликлари, коммунистларнинг диний маросимларда қатнашиш ҳоллари учраб турибди. Яқинда бўлиб ўтган дафн маросимига бағишланган жанозада ВАСХНИЛ академиги С.Х.Йўлдошев, уч фан доктори, беш фан кандидати қатнашган. Уларнинг кўпчилиги партия аъзоларидир. Бу масалада бошланғич партия ташкилоти, Киров район, Тошкент шаҳар партия ташкилотлари сукут сақлаб турганлиги сиёсий жиҳатдан зарарли ва социал жиҳатдан хатарлидир”.
Бугун жаҳоннинг етакчи давлатлари исломофобияни яратиб, дунё халқлари қалбига Ислом сўзини қўрқувга қўшиб жойлаётган экан, Ўзкомпартия бу “юмуш”ни анча олдин, ўтган асрнинг 80-йиллари ўрталаридан бошлаганини эслатиб қўймоқчимиз.
“ЖАНОЗА — ЭСКИЛИК САРҚИТИ…”
ha19.jpg1985 йил июлининг 25-куни Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиумининг “Хотира кунини белгилаш тўғрисида” ги Фармони эълон қилинади. Унга кўра ҳар йили март ойининг сўнгги якшанбаси республикада “Хотира куни” сифатида нишонланадиган бўлади. Бир қарашда эзгу иш бўлиб кўринган бу тадбирдан кўзланган мақсад аслида жанозаю дафн маросимларига ношаърий тус бериш, яъни советча руҳни сингдириш, коммунистик тартиб ўрнатиш эди.Ўша йилларда Ўзбекистонда қанча одам жанозасиз кўмилганини ҳеч ким билмайди. Мусулмон фарзандининг мусулмонча кўмилмаганидан одамлар карахт тортиб қолган эди.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси 1990 йил майининг 25-кунги сонида сариосиёлик Эштемир Ашуровнинг “Миш-мишлар асослими?” номли мақоласини эълон қилган. Муаллиф кўп йиллардан бери қалбини ўртаб келаётган дардни дастурхон этади. Мақолани ўқиб, аслида бу дард минг-минглаб озурда эштемирларнинг ичини кемириб ётганига иқрор бўласиз. Улар ҳам худди Э.Ашуров каби кўча-кўйда, уйда хомуш бўлиб, давраларга, тўй-томошаларга деярли аралашолмай қолган. Фақат ўзига-ўзи тасалли бериб юраверган.
Кўчирма:
“1985 йилнинг бошлари эди. Ҳамма жабҳаларда инқилобий ўзгаришлар ясашга интилиш кучайган бир давр эди. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг идеология бўйича котиби Раъно Абдуллаеванинг ташаббуси билан районимиз партия ташкилотида олиб борилаётган атеистик тарбия ишларининг аҳволи нуфузли комиссия томонидан текширилди. Май ойида текшириш якунлари Марказий Комитет бюросида кўрилди. Бюро район раҳбарларини қаттиқ жазолаб, бутун жумҳуриятда диний эътиқодга қарши ўт очиш ҳақида (таъкид бизники – О.Т.)қарор қабул қилди. Мен шу даврда район партия қўмитаси мафкура бўлимини бошқарардим. Очиқ гап, бюро йиғилишидан сўнг қишлоқларда диний маросимларни ўтказиш деярли тақиқлаб қўйилди”.
Собиқ мафкурачи кўнглини бўшатар экан, рост сўзлашга аҳд қилади. Ёзишича, бюро қарорини бажариш учун рамазон ойида ўзи бош бўлиб, уйма-уй юриб ифторларни тўхтатади. Бу ишга ҳатто милиция ходимлари ҳам жалб қилинади. Ички ишлар ходимлари босими остида рўзадорларга мажбуран таом едирилиб, сув ичирилади. Тумандаги “Ленинград” жамоа хўжалиги бригада бошлиғининг туман кенгаши депутатлигига кўрсатилган номзоди ифтор қилгани учун рўйхатга олинмайди.
Кўчирма:
“Шундай кунларнинг бирида отам оламдан ўтдилар. Ҳангоманинг зўри худди шу куни бўлди. Район фирқа қўмитаси ходимлари отамнинг дафн маросимига “замонавий” тус берамиз, деб туриб олдилар. Шунга қарамай, мен жанозага Денов шаҳридаги рўйхатга олинган жомеъ масжиди вакилларини таклиф этдим. Лекин район раҳбарлари уларни кўриб тўнларини тескари кийиб олишди. “Райком ходимининг ҳовлисида жаноза ўқилмайди, келган йўлингиздан қайтиб кетаверинглар”, деб дин вакилларига фармойиш бердилар. Бироқ улар ҳам бўш келишмади. “Йўқ, марҳумни таомилга кўра дафн этамиз, бу бизнинг бурчимиз” дейишди. Райком вакиллари яна оёқ тирашди:“Ўқимайсизлар, тамом-вассалом. Ўқийдиган бўлсаларингиз, ҳозироқ Марказқўмга қўнғироқ қиламиз, ярим соатда масалангиз ҳал бўлади”. 
 
Тортишув анча давом этди, охири дин вакиллари таслим бўлишди.
 
Райком котибининг қаттиқ назорати остида бу маросим жуда хуфёна ўтказилди. Ахир, ўшанда партия сафидан ўчсам ҳам, отамни рисоладагидек дафн этишни ташкил этсам бўлмасмиди?! Туриб-туриб, энди шундай қилмаганимга пушаймон бўламан”.
“Комсомольская правда” газетаси 1985 йил майининг 19-кунги сонида (ўзбекчаси “Ёш ленинчи” газетасининг 55-сонида босилган)
Эскича никоҳни хоҳлашмаганди…” сарлавҳали мақола чоп этади. Мақола пленумга жавоб тарзида ёзилган бўлиб, Ўзбекистонда ёшлар орасида ҳали-ҳануз диний хурофот таъсири борлиги, уйланаётган ва турмушга чиқаётганлар никоҳ ўқитаётгани “фош” қилинган. Бундай комсомолларнинг тавба-тазарруси берилган.Мақолада ёзилишича, изқувар мухбирлар ишончли далил тўплаш мақсадида масжидга боришган ва имом, унинг ҳузурига келувчи келин-куёвларни пойлашган. Эскилик сарқитини фош этиш керак-да! “Адашганлар” ҳам кўп куттирмай, ўз оёғи билан тўрга тушади. Қаранг, “Узсельхозтехника” ташкилотининг Тошкент вилоят бошқармаси муҳандиси РустамИ.– куёвтўра, қўлида “виждонли, интизомли комсомол” деган тавсифномаси бўлатуриб никоҳ ўқитса-я?! Бунга чидаш мумкинми?Ҳамкасбларимиз куёвболага ижобий характеристика берган ёшлар етакчиси Виктор Васютинга арз қилади.
Кўчирма:
“Биз ҳаммасини баён этгач, ўт тушгандек шошилинч чоралар кўрилди: комсомол Икромхўжаевга жиддий ҳайфсан эълон қилишди.
Зотан, ўтган йили мулла ҳузурида бўлганлар фақат келин-куёв Икромхўжаевларгина эмас. Бу ерга қадам ранжида қилганларнинг аксарияти комсомоллар эди. Бу фақат биргина масжидда, холос”.
 
Мақолада, шунингдек, “Ўзбекбирлашув” ходими Учқунбой У.нинг ҳам қандай қилиб тавбасига таянтирилгани баён қилинган. Ёш йигит масжидда никоҳ ўқитгани учун тушунтириш хати ёзиб беради.
Кўчирма:
Мен атеистман, худога ишонмайман. Никоҳ саройида никоҳдан ўтгач, рафиқам билан масжидга йўл олдик. У ерда никоҳ ўқитганимиздан сўнг ёдгорлик жойларига бориб, гул қўйдик. Масжидга кексаларнинг дилини оғритмаслик учунгина бордик”.
 
Сиёсий ҳушёр мухбирлар одамларга баҳо бераётганда “истиқболли мутахассис”, “яхши одам” деявермасдан, энг муҳими, уларнинг эътиқоди қанақалигини текшириш керак, деган талабни қўяди. Мақола муаллифларининг фикрига кўра, комсомол ходими ўз позициясидан чекиниши, бут тақиб, ибодат қилиши мумкин эмас.
 
Мақоладан яна бир мисол келтирсак.
 
Чирчиқдаги 281-кўчма колонна электрпайвандчиси, комсомол аъзоси Борис И. ва унинг қайлиғи, Бутуниттифоқ хирургия илмий маркази Тошкент филиалининг лаборанти Галина С.нинг никоҳдан ўтиш учун черковга боришгани танқид қилинган. Сабаби, Галинахон 1984 йил 27 декабрда ВЛКСМ сафига кирибди-ю, орадан бир ярим ой ўтгач, черковга борибди. Тўғри-да, комсомол қиз келин бўлганига шукр қилиб кетавермайдими, черковда нима бор?
Хуллас, келин тушмагур “ножўя” иши учун тушунтириш хати ёзишга мажбур бўлади.
Кўчирма:
“Биз у ерда никоҳ ўқитмоқчи эмас эдик, лекин менинг ота-онам ўз сўзларида туриб олишди. Начора, ён босишга тўғри келди. Тўғри, черковда ҳаммаси жуда чиройли эди, лекин биз ўзимизни ноқулай сездик, ҳатто хижолат чекдик ҳам…”
Мақоладаги яна бир айбловни қаранг. Самарқанд обсерваторияси лаборанти Нигора Ж. ҳам, чўнтагида комсомол дафтарчаси бўла туриб, эри билан биргаликда Самарқанд масжидига бориб, никоҳини “ҳалоллаштириб” келган.
Мақолада айрим комсомол йигит-қизларнинг олий ўқув юртига кириш имтиҳонига бориш чоғида кўкрак чўнтакларига Қуръоннинг митти нашрини солиб қўйишлари ҳам қораланган. Бу хатти-ҳаракат эрта-индин масжидга ёки черковга етаклаб бориши мумкин, дея талқин этилган.
Бу мақолани Ўзбекистон халқлари тарихи музейига қўйиш керак. Токи бугун Жумъа намозида қори-имомлардан маъвиза эшитаётган йигитчалар ота-онаси туғилиб ўсган ҳаёт қандай бўлганини билиб олсин.
ЗИЁРАТ УЧУН ЖАЗО
“Қишлоқ ҳақиқати” газетасининг 1988 йилги 56-сони “Атеист” саҳифасида “Ишонтириш кучи” мақоласи босилган. Мақолада Булунғур туманидаги мафкуравий аҳвол таҳлил қилинади.
Кўчирма:
54109_ha18.jpg“Равшанки, руҳонийлар рўза ойларида тўю тантаналарни ўтказиш қатъий ман этилган деб тарғиб қилишади. Бу ярамас, чиркин одатлар фақат дин пешволаригагина наф келтирган. Коммунист ва комсомоллар, халқ депутатлари маҳаллаларда кенг тушунтириш ишларини олиб бордилар. Натижада хурофотга кескин зарба берилди: рўза ойида кўплаб комсомол тўйлари ўтказилди. 
 
Район маданият уйида атеистик мавзуларда қизиқарли лекциялар, савол-жавоб кечалари уюштириш одат тусига кирди. Гагарин номли, Ленин номли совхозларнинг маданият уйлари қошида эса атеистлар клуби иш бошлади. Яширишнинг ҳожати йўқ, кам бўлса-да, коммунистларнинг диний маросимлар, расм-русумларда иштирок этиши каби ҳоллар учрамоқда. Жумладан, “Сельхозхимия” бирлашмаси ишчиси, КПСС аъзоси Б.Норматов ота-онасини Пайариқ районидаги Хўжа Исмоил мақбарасига зиёратга олиб борган. Бу кўнгилсиз ҳолга муносиб баҳо берилди: район партия комитети бюроси Б.Норматовга ҳисоб карточкасига ёзиш шарти билан қаттиқ ҳайфсан эълон қилди”.
Бугун имом ал-Бухорий қадамжосига ҳаяжон билан кириб келаётган мўйлови сабза урган куёвтўра ва оқ либосдаги келинчак куни кеча бу ерга келганлар таъқиб қилиниб, бошида тегирмон тоши юргизилганини билади деб ўйлайсизми? Ишониш қийин, билмаса керак. Истиқлол даврида ҳақиқатан обод бўлган бу қутлуғ масканга ҳар куни юзлаб зиёратчи келади. Байрам ва ҳайитларда игна ташласангиз ерга тушмайди. Ана ўша тумонатда эса собиқ коммунист Б.Норматов ва унга фирқавий жазо берганлар ёки уларнинг фарзанду неваралари борлигига шубҳа йўқ.
Марказқўмнинг арзанда нашри, ота газета бўлмиш “Совет Ўзбекистони” 1987 йилги 12-сонида “Иллатларга муросасиз бўлайлик” шиорини ўртага ташлайди. Ярим саҳифалик суҳбатни ўқиб, беихтиёр кўксингизни ғижимлайсиз. Эътиқоди жазога сабаб бўлган юртдошларимиз тақдирини кўриб дод солиб бақиргингиз келади.
Кўчирма:
“Тошкент область Оржоникидзе районидаги “Правда” колхозининг собиқ бухгалтери А.Бойтелесов хурофий маросимда қатнашибгина қолмай, балки уни ўзи ташкил этди. Коммунист бўла туриб масжидга қатнаб турган, диний маросимларда фаол иштирок этган Бойтелесовни район партия комитети КПСС сафидан чиқариб, жуда тўғри иш қилди. Иккиюзламачи киши коммунист бўлолмайди.
 
“Ташкентмрамор” ишлаб чиқариш бирлашмаси бош технологи, партия бюроси секретарининг ўринбосари М.Кучакбоев уйида худойи қилгани учун партия сафидан чиқарилди. Коммунистларни, бутун коллективни тарбиялаш зиммасига юклатилган бу кишига бошқача муносабатда бўлиш мумкин эмас! Уни кечириш ёки либераллик партия обрўсини тўкишга бефарқ қарашдир.
 
Собир Раҳимов районидаги 219-мактаб ўқитувчиси Х.Маҳсудовга нисбатан ҳам уйида ифторлик уюштиргани учун шундай чора кўрилди. Хўш, зиммасига энг масъулиятли вазифа – ёш авлодни коммунистик руҳда тарбиялаш иши топширилган бу педагогни партия сафида қолдириш қайси мантиққа тўғри келарди?
 
Хуллас, биз бундай ҳолларда Ленин кўрсатмасига қатъий амал қилаверамиз”.
Мусоҳабада қатнашган Тошкент вилояти мафкура котибиШ.К. баъзи олий ўқув юрти аудиторияларида “Ҳайитингиз муборак бўлсин!” деган гаплар қулоққа чалинаётганига тоқат қилиш мумкин эмаслигини ҳам айтади. Унинг сўзига кўра, Акмал Икромов туманида янги оила қурганларнинг 60 фоизи никоҳдан ўтган. Янги туғилаётган ҳар беш боланинг бири чўқинтирилган.
Совет Ўзбекистонидаги диний-маърифий сиёсат шу даражада олиб борилганки, айтсанг бугунги ёшларга эртак бўлиб туюлиши мумкин. Ички ишлар, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари йўлларда кечаю кундуз рейд ўтказиб, энг ашаддий жиноятчилар қаторида… машинасига тумор, кўзмунчоқ илган ҳайдовчиларни ушлаб, жавобгарликка тортган. “Совет Ўзбекистони” газетаси эса вақти-вақти билан ўтказиб туриладиган бундай текширувлар ҳақида “Тумор таққан машиналар” деб мақолалар бериб борган. Ана шуларни ўйласангиз, шоирга қўшилиб ҳайқиргингиз келади:
“Нима сабаб ўт билан сув топишадир тил,
Оқу қора ўлтирадир бир-бирин сийлаб?”
Ўша йиллардаги газета-журнал саҳифаларида мунтазам бериб борилган “Хурофот кулфат келтиради”, “Авлиёлар муқаддасми?” деган даъват ва сўровлардан ҳар қандай одам ҳушёр тортган. Жон нечта?!
Халқ зиёрат қиладиган, муқаддас деб билган жойларга мутахассис ва олимлар жалб қилиниб, текширув-қазув ишлари ўтказилган ва хулосада, “фалончи ота ёки тугунчи жой ҳеч қандай муқаддас эмас” дея эълон қилинган. Камига, халқ тўпланадиган бундай қадамжолар ички ишлар ходимлари томонидан назоратга олинган.
“ОЛЛОҲ ДЕМАНГ!..”
shakhi-zindeh-mosque-in-samarkand-uzbekistan-06.jpgПартиявий синчков ва сиёсий ҳушёр одамлар таклифи билан мусулмон оиласи тузилганининг расмий эълони – никоҳни йўқотиш бўйича ҳам ҳаракат бошланади. Адабиёт газетасининг 1986 йилги 46-сонида чоп қилинган “Никоҳ ўқитиш шартми?” мақоласини ана шундай чиқишлардан бири дейиш мумкин. Муаллиф Йўлдош А. таҳририятга мактуб ҳам йўллаб, атеистик мавзудаги мақолаларни бераётгани учун миннатдорлик билдиради ва охирги йилларда республикамизда жамоатчилик ёрдамида илмий атеистик тарғибот, ўтмишдан қолган кераксиз расм-русумларга қарши кураш яхши натижа бераётганини эътироф этади.
Кўчирма:
“Лекин айрим сарқитлар ҳамон давом этяпти. Шулардан бири муллага бориб никоҳ ўқитишдир. ЗАГСдан ўтган келин ва куёв қатор-қатор енгил машиналарда мачит томон йўл оляпти…
Менимча, никоҳ ўқитишдан қутулиш учун ҳозиргига нисбатан бошқача йўл тутишга тўғри келади.
 
Оила қуриш – эр-хотин бўлиш бу диний иш эмас, балки гражданлик ишидир. Маҳалла комитетлари бу соҳада қанча фаол, таъсирчан иш олиб борсалар, муллага бориб никоҳ ўқитиш ҳам шунчалар камаяди, ўз маъносини йўқотади. Коммунистик тарбия соҳасида катта ишлар амалга оширилаётган бир даврда оилада ҳам ҳар қандай диний ирим-сиримларга йўл қўймаслик зарур. Бу соҳада ҳам комсомоллардан, ёш ота-оналардан ўз оилаларида хурофотга берилган айрим кексалар ўртасида мунтазам тушунтириш ишларини олиб боришлари талаб қилинади”.
Эркин И. деган юртдошимиз эса динга эътиқод қўйишни “Ожизлик аломати” деб ҳисоблайди ва у “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталигининг 1987 йилги 37-сонида нашр қилинган мақоласини ҳам шундай номлаган. Муаллиф аввало кексаларниатеистик руҳда тарбиялаш муҳимлигини айтади. Унинг фикрича, динга ишонувчилар асосан қариялар, улар пенсияга чиқиб, бекор қолганидан худойига, масжидга боради, турли хил диний ривоят ва афсоналарни эшитиб, қулоғи пишади.
Кўчирма:
 
“Бундай ҳоллар рўй бермаслиги учун тегишли партия-совет ташкилотлари ходимлари уруш ва меҳнат ветеранларини, кекса коммунистларни жамоатчилик ишларига кенгроқ жалб этиш хусусида жиддийроқ ўйлаб кўришлари керак. Айни вақтда диний урф-одатларни ташвиқ қилишга уринган кимсаларнинг фаолиятига қатъий чек қўйиш лозим бўлади.
 
Атеистик тарбияни тўғри йўлга қўйишда ислом динининг келиб чиқишини, унинг реакцион моҳиятини ҳаётий мисоллар асосида оммага тушунтириш муҳим аҳамиятга эга”.
Хуллас, Мафкура котиби Р.Абдуллаева даврида республикада ўзига хос “салиб” юриши авж олади, “худо” сўзини ишлатиш ман қилинади. Асқад Мухтор ана ўша даҳшатли йилларга аччиқ киноя тарзида “Аналҳақ” шеърини ёзди. Шеърни адабиёт газетасининг 1989 йилги 6-сонида ўқиш мумкин. Бир парча келтирамиз:
“Минг йилликлар зиҳи 
шундайин бир пайт –
ҳамма материалист, ҳамма илмли.
“Аналҳақ” десам ҳам,
халқ бунга лоқайд,
ҳеч ким шилиб олмас менинг теримни”.
“Аналҳақ” сўзининг луғавий маъноси “мен Ҳақ, яъни мен худоман” деганидир. Мансур Халлож шу сўзни айтиб қичқиргани учун дорга тортилган. Донишманд адиб қаҳрамони, аввало, минг йилликлар кўрмаган бир ҳол – атеистлар, жоҳиллар замонини кўриб ҳайратга тушади. Мансур Халлож каби ҳайқирсам ҳам бу даҳрий жамиятда мен билан ҳеч кимнинг иши йўқ, жазолаш у ёқда турсин, ҳатто эътибор ҳам қаратмайди дейди. Чунки авомга ҳар куни, ҳар соатда “худо йўқ, илоҳий кучлар бемаънилик” дея уқтирилган.
Таассуфки, халқимиз мана шундай қора кунларни ҳам бошидан ўтказди. Ўзига беадад шукр, жоҳилият давридан ўтганимиз рост бўлсин. Ислом динига қувват берган, буюк муҳаддислар ватани Ўзбекистон мутлақо янги диний-маърифий ривожланиш босқичига кирди. Аллоҳ таоло Юртбошимизнинг улуғ ниятлар билан бошлаган ислоҳотларига мададкор бўлсин!
Олим Тошбоев,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист,
филология фанлари номзоди
ЎзА

You may also like...

1 Response

  1. Muhabbat:

    Ushbu maqolani o’qib, o’sha davrdagi og’ir ahvolni his qilgandek bo’ldim. Bolalik xotiralarim, otamning nasihatlari yodimga tushdi. Hayotimiz davomida haq-nohaqliklarga ko’p uchraymiz. Goho bunga havas qilamiz, gohida esa xulosa chiqaramiz. Ba’zida dadamlarning adolatsizlikka qarshi indamay jim qolishlari meni hayratga solardi. Xudo hammasiga guvoh derdilar dadam. Oradan vaqtlar o’tib esa o’sha nohaqliklar sababchisi bosh egib kelganligiga guvohman. O’sha paytdayoq, otam mening qalbimga Olloh tushunchasini joylagan ekanlar. Shundan buyon borlig’imda Olloh!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>