Талабалар танлаган йўл – илму маърифат!

Янгиланаётган Ўзбекистонимизда таълим фидойиларининг зиммасига ғоят

улкан масъулиятлар юкланмоқда. Ҳамма соҳада етук кадрлар чинакам фаолият кўрсатган тақдирдагина кўзлаган мақсадларимизга эришишимиз мумкин. Ана шу ҳаёт ҳақиқатини теран англаган талабалар пухта билим олиш, соҳа сирларини мукаммал эгаллашга интилмоқдалар. Улар мустақил фикрига, фаол фуқаролик позиясига эга бўлган умидли ёшлардир. Шундай эзгу мақсадларга эришиш йўлида интилаётган ёшларнинг онгини заҳарлаб, тўғри йўлдан адаштиришларига асло йўл қўйиб бўлмайди. Баъзи ижтимоий тармоқлардаги асоссиз гап-сўзлар, таълим соҳаси муаммоларини билмасдан туриб турли миш-мишлар тарқатаётган кимсаларнинг мақсади нима эканини англаб олиш қийинмас. Ўша кимсалар чиндан ҳам талабалар келажагини чин дилдан ўйлаганларида эди, умидлироқ фикрларни ўртага ташлар эдилар.

3

Хўш, уларнинг бирортаси талабаларнинг чуқур билим олишлари учун қайғурганларини кўрганмисиз? Уларнинг қай бири талаба-ёшларни эзгулик, яхшилик йўлига бошлабди? Йўқ! Улар қилдан қийиқ ахтарадиган кимсалар экани шундоқ кўриниб турибди.

Олий таълим соҳасида қанчалик улкан ўзгаришлар юз бераётганини кенг жамоатчилик кузатиб турибди. Талабаларнинг стипендиялар, тўлов-контракт миқдорларидаги ўзгаришлар ҳам унақа ваҳифа қиладиган эмас, албатта. Янги ўқув йилидан жорий этилган ўзгаришлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ОАВ орқали етарлича маълумотлар ёритилди. Яъни, республикада олий таълим тизимида амалдаги тартибга мувофиқ, тест синовлари натижаларига кўра энг юқори балл тўплаган талабалар давлат гранти бўйича бепул ўқийдилар. Ўз навбатида давлат буюртмаси параметрлари доирасида контракт асосида “ўтиш” балларини тўплаган талабалар эса, уларни ўқитишга сарфланадиган харажатларни қисман қоплашни назарда тутувчи ижтимоий ҳимояланган базавий тўлов-контракт шакли асосида ўқийдилар. Уларга тўловларни амалга оширишда қулайлик яратиш, аҳолининг кенг қатлами учун олий таълимнинг ҳаммабоплигини таъминлаш мақсадида 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб, тўлов-контракт қиймати миқдорлари икки хил кўринишда – “стипендияли” ва “стипендиясиз” этиб белгиланди. Стипендиясиз қиймат миқдорлари, ҳар ойлик талабага тўланиши белгиланаётган 400 000 сўм, бир йилда жами 4 800 000 сўмни чегириб ташлаш ҳисобига шакллантирилади. Бундан ташқари, аҳолига тўловларни амалга оширишда енгиллик яратиш мақсадида контракт суммаларини ойма-ой бўлиб тўлаш имконияти берилади ҳамда олий таълим муассасалари ректорлари тўлов муддатларини узайтириш ваколатига эга бўлади.

Сўнгги икки-уч йил мобайнида мамлакатимизда қанча янги олий таълим муассасалари барпо этилди, мавжуд олий ўқув юртларига қўшимча бинолар қурилди ва улар энг замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Биргина ЎзМУ ва бошқа муассасалар жойлашган Талабалар шаҳарчасида амалга оширилган бунёдкорлик ишларини кўриб ҳамма ҳавас қилмоқда. Биз талабаларимиз шунга яраша илм-маърифатли бўлишларини истаймиз. Баъзи иқтисодий ислоҳотлар замирида навбатдаги бунёдкорлик, илғор технологияларга эга бўлиш, қанчадан-қанча истиқболли лойиҳаларни амалга оширишдек эзгу мақсадлар ётибди. Демоқчимизки, бу борадаги ҳар бир саъй-ҳаракатимиз фақат талабаларимиз манфаати, уларнинг истиқболли келажагига қаратилган.

Олий таълим муассасаларида талабалар учун яратилаётган шароитларга ҳамма ҳавас билан қарайди. Талабалар турар-жойларини жаннатга қиёс қилса арзийди.

Шундай паллада баъзи ижтимоий тармоқларда чалғитадиган гапларни атай шов-шув қилаётганларнинг мақсади нима? Уларга талабанинг келажаги эмас, балки, қандайдир дилхиралик, ортиқча шов-шув ортидан сохта обрў орттиришга интилиш борлиги сезилиб турибди. Бир талабамиз ёзганидек, ота-оналар фарзандларини стипендия учун эмас, билим олиш, етук кадр бўлиб камолга етиши учун ўқишга юборган. Ваҳоланки, аъло баҳоларга ўқиган, фаоллик кўрсатган талабалар рағбатлантирилиши масаласи ижобий ҳал этилган. Грант асосида ўқийдиган талабага ҳам, тўлов-шартнома асосида ўқийдиган талабага ҳам бир хил муносабат ўрнатилиши хориж тажрибасига монанддир. Илм олишга интилган ёшлар онгини чалғитишга асло йўл қўймаймиз. Талабалар қимматли вақтини нималарга сарфлашни жуда яхши биладилар.

Коррупция балоси таълим соҳасига ҳам турли кўринишда таҳдид солиб келаётганини очиқ айтиш зарур. Буни талабаларга тўланадиган стипендия мисолида ҳам кўриш мумкин. Шу пайтгача юқори балл тўплаган талабалар “3”лик стипендия оладиганлар ҳисобидан кўпроқ миқдорда пул олишлари сир эмасди. Кўпроқ стипендия олиш илинжида бўладиган хатти-ҳаракатларга чек қўйилиши учун ҳам бу борада тўғри йўл тутилганини талабалар тўғри англаб етганлар. Фақат, ҳамма ишни тескари талқин қилиб, баъзи ижтимоий тармоқлар орқали ёшларнинг фикрини чалғитишга урунишлар ортиқчалик қилаётганларига бефарқ бўлмаслигимиз керак.

 

Авазжон МАРАҲИМОВ,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>