Талабаликда отган илдизлар

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети

турли йилларда шу даргоҳда таҳсил олган минглаб зиёлилар учун мўътабар даргоҳдир.

Ўтган даврда бу қутлуғ илм масканидан бир қанча атоқли олимлар, адибу шоирлар етишиб чиқди. Уларнинг ҳар бири бугунги авлод учун ибрат бўлишга арзийди. Ўтган асрнинг ўрталарида шу даргоҳда таҳсил олган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров билан суҳбатимиз ижоди талабалик йилларида шакллана бошлаган севимли адибимизнинг ҳаёт ва ижод сабоқлари ҳақида бўлган эди.

DSC_0029

Пиримқул Қодиров ва Тўлқин Эшбек 1987 йилда Қибрай туман газетаси таҳририятида.

Пиримқул Қодиров ва Тўлқин Эшбек 1987 йилда Қибрай туман газетаси таҳририятида.

– Пиримқул ака, сиз ҳам шу университетда таҳсил олганингиз, илк китобларинингиз талабалик йилларида чоп этилганини мухлисларингиз яхши биладилар. Ўша даврда қалбга муҳрланган лаҳзалар ҳақида сўзлаб берсангиз. 

– Ёшлик йилларимиз иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келган. Урушдан олдинги қатағонларда ота-оналаримизга қўшилиб биз ҳам даҳшатли сургунлар, кўч-кўчлар азобини тортганмиз. Уруш давомида 4 йил муттасил бошимизга бало-қазо ёғилди. Қанчадан-қанча яқинларимиздан ажралдик. Биз, 14-16 ёшли ўсмир болалар фронтга кетган катталар ўрнига қолиб, қийналган дамларимиз ёдимиздан чиқмайди. Ўшанда ўзим туғилган Кенгкўл қишлоғида қўш ҳайдаганман, ўроқ ўрганман, хирмон янчганман, йилқичилик қилганман, тоғларда қўй боққанман. Машаққатли меҳнатлар эвазига етиштирган буғдой ҳосилларимизни тайёрлов бўлимларига олиб бориб, фронт учун топшириб юборардик, ўзимиз эса қишда ярим оч қолардик. Шу боис қишлоқда яшаш жуда қийин бўлиб кетгач, 1944 йилда Бекободга келиб, металлургия заводи қурилишининг радиоузелида мухбирлик қилганман. Уруш туфайли мактаблар беркилиб, кўп бинолари госпиталларга айлантирилган эди. Ўқитувларимиз урушга кетган. Натижада ўрта маълумот олиш муаммога айланган, бусиз олий ўқув юртига кириб бўлмасди. Шуларни ҳисобга олиб, тайёрлов бўлимлари очилганди. 10-синфни битиролмаган ёшларнинг 7-8 синф маълумоти бўлса, экстерн тарзида бир йил давомида 2-3 йиллик билимни олиб, имтиҳон топшириб, университетга киришар эди.

Уруш тугаганидан кейин ўқишга бўлган иштиёқ Тошкентга етаклади. ЎзМУ ўша даврда Ўрта Осиё давлат университети деб аталар, унинг биноси ҳозирги Амир Темур хиёбони ёнида (айни пайтда Юридик институти) жойлашган эди. Мен ҳам тайёрлов бўлимини битирган пайтларимда шеърлар ёзиб, адабий машқлар қилиб юрардим. Филология факультетига ўқишга кириш иштиёқида эдим. Лекин бу факультетни битираётган дўстларимиздан бири – раҳматли Ғани Жаҳонгиров шундай деди: “ Бултур Шарқшунослик факультети очилди. Агар мен олдинроқ ўқишга кирмаган бўлганимда, шу факультетни танлаган бўлардим.

Кейин маълум бўлишича бу факультет раҳматли Усмон Юсуповнинг ҳаракатлари билан узоқни кўзлаб очилган экан. Ўша пайтларда республикада фан ва маданият соҳасига мутасаддилик қилган академик Ҳабиб Абдуллаев ҳам шарқшунослик факультетини очиш йўлида кўп саъй-ҳаракатлар қилган экан. Асл мақсади, фондларда сақланаётган минглаб қўлёзмаларимизни ўқий оладиган одамларни, шарқ мамлакатларида ишлайдиган кадрларни тайёрлаш бўлганини кейинроқ англаб етдик.

1945-1946 йилларда университетда ҳам ҳаёт жуда оғир эди. Карточка билан 500 грамм нон олардик. Ойлар давомида гўшт емасдик. Баъзи-баъзида талабалар ошхонасида сувда пиширилган ва озгина ёғда қовурилган макарон бериб қолишарди. Шу ҳам биз учун қувончли бир воқеа ҳисобланарди. Мана шу оғир ҳаёт натижасида қилтириқдек озиб кетгандик. Ётоқхоналаримиз, ўқийдиган аудиторияларимиз қишда иситилмас эди. У пайтлар талабалар кам бўлгани учун бир катта конференц-зални бизга ётоқхона қилиб беришганди. 50 га яқин талаба битта хонада турардик. Икки томонида кириб-чиқадиган эшиги бор бу бинода кечаси деразаларга яқинроқ ётган йигитлар ёпинган кўрпаларнинг четлари қиров боғлаб, оқариб қоларди. Шундай шароитда ўқиш учун келганларнинг бир қисми кўп ўтмай кетиб қоларди.

У пайтлари талабалар жуда кам бўлиб, қабул режалари тўлмай қоларди. Факультетлар ўқишга кирмоқчи бўлган болаларни излаб юрар эдилар. Мана шу шароитда университетга кирган ёшлар жуда катта қийинчиликлар билан ўқишган. Келажакка бўлган ишончимиз бизга катта маънавий мадад, руҳий тетиклик бахш этарди. Наздимда, бугунги дориломон кунлар ўша биз умид қилган келажакнинг ўзгинасидир.

Хуллас, Шарқшунослик факультетига кирдим. Бир-икки йилда бўлимлар ажралганда, тарих бўлимида ўқишни давом эттирдим. Кўп кўргуликларни кўрдик. Бизнинг авлод бошидан кечирганларини бошқа ҳеч қайси авлоднинг бошига солмасин, дейман.

– Устоз адиблар билан ўша кезларда танишгансиз-а?

– Мактабда ўқиб юрган кезларимдаёқ устоз адиблар Ойбек ва Абдулла Қаҳҳор, оташнафас шоира Зулфиянинг ижоди мени ром этган. Улар билан танишиш қанчалик қувончли воқеа эди ўша дамларда. Унутилмас воқеа 1949 йилда юз берган. “Овозимиз” деган тўпламда унча катта бўлмаган очерким босилиб чиқди. Шу орада талабалардан бири “Сизни шоира Зулфия опа нашриётга таклиф қилдилар, тез боринг!” деб қолди. У пайтлари университет биноси нашриётга яқин эди. Маърузалар тугашини кутишга сабрим чидамай катта танаффус пайтида нашриётга бордим.

Зулфия опа мени муҳаррирлар хонасида қабул қилдилар. Столлари устида пушти муқовали ўша тўплам турган экан. Зулфия опа менинг бу тўпламга кирган “Тўқувчилар номзоди” деган очерким ҳақида сўз очдилар:

“Тўқувчи аёлни эсда қоладиган қилиб кўрсатибсиз,– дедилар салмоқ билан.– Бу сиз учун бир машқ. Шундай дадил машқ қилаверсангиз сиздан ёзувчи чиқиши мумкин. Ҳозир адабиётимиз ёш талалантларга жуда чанқоқ. Мен бу лавҳаларда умид учқунларини кўргандай бўлдим. Тилагим шуки, келажакда бу учқунлар адабий оловга айлансин, одамларга керакли нур билан ҳарорат берсин!” Зулфия опанинг бу сўзлари ҳамон қулоқларим остида жаранглаб тургандек бўлади.

– “Студентлар” деб номланган ҳикоялар тўпламингиз ҳам ўша кезларда чоп этилган…

– Бу ҳаётимдаги энг унутилмас воқеалардан биридир. 1950 йилда таҳсил олиб юрган кезларимда чоп этилган бу тўпламда шу университет талабалари ҳаётини, уларнинг ички оламини бадиий бўёқларда акс эттиришга ҳаракат қилганман.

Очиғи, талабалик йиллари университет мен учун катта адабиёт эшигини очиб берган. Ўша дамлардан илҳомланиб ёзган “Уч илдиз” романида азиз устозларим ва тенгдошларим ҳаётини, уларнинг орзу-умидлари ва руҳий оламини тасвирлашга интилганман. Асар ҳақида адабиётшунослар, кўпсонли китобхонларимиз билдиришган илиқ фикрлар ҳам аслида мана шу ўқув даргоҳимизга эҳтиром рамзи дегим келади!

– Талабалар дунёқараши шаклланишида, уларнинг етук инсонлар бўлиб камол топишида устозларнинг ўрни қанчалик беқиёс бўлишини романда таъсирли тасвирлагансиз. Ўша устозлар ва тенгдошларингиз ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.

– Домлаларимиз орасида Абдураҳмон Ҳамроев деган устознинг ўрни алоҳида эди. Бу киши Навоий ролини ўйнаган машҳур актёр Раззоқ Ҳамроевнинг акалари эдилар. Жуда бир ширали ва таъсирли овоз билан маъруза ўқир эдилар. Тарихга бизни қизиқтирган олимларимиздан бири ана шу киши бўлган. Лекин шўро даврининг иғвогарлари бу кишига ҳам кун бермай, анча қийнаганлари ёдимизда бор. Буларнинг ҳаммасини кейинчалик мен ўша романда баҳоли қудрат кўрсатишга ҳаракат қилганман. Асар қаҳрамонларидан бири профессор Абдураҳмон Тошев иғвогарлар томонидан факультетдан қувилган. У киши раҳматлик Ойбек акани ҳам ёдга солади. Бу улуғ адибнинг ҳаётида ҳам шунга ўхшаш воқелар юз бергани сир эмас. Ойбек аканинг насаблари Тошмуҳаммад эди-ку!

Раҳматли Абдулла Қаҳҳор домламизга «Қўшчинор» романини ёзгани учун жуда адолатсиз ҳужумлар бўлганди. Оқибатда у киши юрак хасталигига учраб, қийналиб ётганларида бориб кўрганман. Бу ҳодисани романда Темир Акбаров деган тарихчи домла тимсолида кўрсатганман.

Машҳур арабшунос олимимиз Убайдулла Каримов ибн Синонинг «Тиб қонунлари» асарини араб тилидан ўзбек тилига таржима қилдилар. Беруний асарларини ҳам ана шу олим таржимасида ўқимоқдамиз. Бу нодир сиймо ана шундай ажойиб ишлар қилиб кетди.

Биздан олдинги етакчи курс талабалари ҳамиша ибрат бўлдилар. Улар орасида Азиз Қаюмов бор эдилар. Бу нурли сиймо илм соҳасида академик бўлдилар. У киши билан бирга ўқиган Абдуқодир Ҳайитметов навоийшунос, профессор бўлиб етишдилар. Бизнинг тарих бўлимида ўқиган Бўривой Аҳмедов ва Абдулаҳад Муҳаммаджонов ҳам академик бўлдилар. Яна бир ҳамкурсимиз Турғун Файзиев «Темурийлар шажараси» деган китоб ёздилар.

– Талабалар ҳаётига бағишланган ўша романингиз қаҳрамонлари бугунги ёш китобхонларни ҳам қизиқтиради, албатта. Маҳкам, Гавҳар, Очил, Замира каби ёшликнинг жўшқин лаҳзаларини турли даражада бошларидан кечирган қаҳрамонларингизнинг прототиплари ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.

– Бу асарнинг асосий қаҳрамонлари – бизнинг авлодга мансуб ёшлар, аниқроғи, шу университетимиз талабалари эди! Адолатпарвар, инсонпарвар руҳда ҳаётга кириб келаётган ёш зиёлиларни қўлимдан келганча ўзимизнинг авлод орқали кўрсатишга ҳаракат қилганман. «Уч илдиз» номининг замирида учта маънавий илдиз ётибди: пухта билим олиш; инсонийлик – одамийлик касб этиш; шахсий ҳаётда камолотга эришиш, муҳаббатга асосланган оила қуриш. Ўйлайманки, жонажон университетимизнинг бугунги талабалари ҳам ҳаётга ана шундай катта-катта маънавий илдизлар отишга интилмоқдалар.

Энди қаҳрамонларга келсак, бу бизнинг оилавий сиримизга айланганди. Асардаги Маҳкам ва Очил образлари орқали ўзимнинг ҳаётга қарашларим, орзу-умидлар, интилишларим ўз ифодасини топган бўлса, Гавҳар ва Замира образларида менга бахт ато этган умр йўлдошим Софияхоннинг сиймоси акс этган. Романда ёш шоир Очил Самадов ўз домласи Темур Акбаровга ўқиб берган саккиз сатр шеърни мен 1950 йилни кутган кечамизда курсдошларим даврасида ўқиб берган эдим.

– Ўша шеър ёдингиздами?

– Ҳа, ҳозир кулиб эслайдиган ўша сатрлар қуйидагича:

 

Янги йил, биз сендан сал уятлимиз,

Ҳозир даврамизда қизларимиз йўқ.

Япроқсиз гул бўлмас, севгисиз йигит,

Севгимиз бор, аммо севгилимиз йўқ.

* * *

Жўшқин қалбимизга жуфт келадиган,

Бугун умримизга шерик ва сафдош,

Ҳусндор, меҳрибон, ақлли бир қиз –

Янги йил, буни ҳам сендан кутамиз!

 

Бу тилакка фаришта омин деган экан, “Студентлар” деган биринчи китобчам ўша 1950 йилнинг кузида нашр этилди. У даврда бундай китобча чоп этилиши ҳам катта воқеа ҳисобланарди. Китобча университет талабалари орасида муҳокама этилган. Ўшандан буён ёзаётган барча асарларим жонажон университетимиз мураббийлари ва талабалари томонидан ҳам катта қизиқиш ва эътибор билан кутиб олинаётганидан жуда фахрланаман.

Қалбимда фахр ва ифтихор туйғусини жўш урдирган яна бир ҳол шуки, бугунги талаба ёшлар орасидан ҳам кўплаб иқтидорлилар етишиб чиқмоқда. Айни вақтда университетда 36 нафар Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари таҳсил олаётганлари улуғ шоирамизнинг ҳам руҳларини шод этаётган бўлса ажабмас. Жонажон университетимизнинг 90 йиллиги кенг нишонланаётган ушбу дамларда умрини илму маърифатга бахшида этган азиз устозлар, бу даргоҳда турли йилларда камол топган зиёлилар ва бугунги баркамол талаба ёшлар ҳақида фахр-ифтихор билан ўйларканман, муҳтарама шоирамиз Зулфия опанинг ушбу ўлмас сатрлари қалбимда қайта-қайта жаранглаётгандек туюлаверади:

 

Бу ён мозий, бу ён – гулшан замон, қонда икки ирмоқ,

Азиздир қай бири фикру юракка кўп қийин билмоқ,

Ва лекин икки дарёдан жавоҳирлар топиб термоқ

Ва элга туҳфа этмоқда фидони Сиздан ўргансин!

 

Ҳаётнинг интиҳоси йўқ, туғилур неча авлодлар,

Умр қулликда, лек ақлу тилак ҳур элу аждодлар,

Не кечди, нени бор этди? Уқиб севмоққа чанқоқлар,

Териб кўзларга суртмоқда баҳони Сиздан ўргансин!

 

– Мароқли суҳбатингиз учун ташаккур

 

Суҳбатдош Тўлқин ЭШБЕК

(“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2008 йил 29 август сонида ёритилган)

You may also like...

21 Responses

  1. «Уч илдиз» романини ўқимаганимда ҳаётда бу қадар бахтли ўрнимни топа олмасдим, деб ўйлайман. Ўзбекнинг Пиримқул Қодировдек буюк адиблари бўлгани билан фахрлансак арзийди. Шу роман асосида интернетда шунақа саҳифа очилгани ҳам катта савоб иш бўлибди. Ишқилиб, бу ишлар ўлда-жўлда қолиб кетмасин. Буюк адибнинг шогирдларига омад тилайман.

  2. Ажойиб суҳбат! Устоз шундай ижод намуналарингиздан кўпроқ сайтга жойлаштирсангиз, биз шогирдларингиз мириқиб ўқисак!

  3. Малика Суюнова:

    Суҳбатингиз зўр чиққан. Қаранг, ушбулар ҳам биз учун тарих. Раҳмат тарихий хизматингиз учун домла!

  4. Suhbatga gap yo’q. Shunaqangi qiziqarli maqolalardan ko’proq bo’lsa yomon bo’lmasdi

  5. Ustoz ijodingiz bundanda yuksak bo’lsin.

  6. Бугунги талабалар ҳам устоз Тўлқин Эшбекнинг маҳорат мактабида чинакам илдизларини мустаҳкамламоқдалар.

  7. Suhbatdan Primqul Qodirov bilan men ham suhbatlashgandek bo’ldim. Suhbatni uyushtirgan domlamizka tashakkur!

  8. Ustoz rasmdagi rosdan o`zingizmi? Yoshligingizdagi holatingiz bilan hozirgi holatingizni deyarli taqqoslab bo`lmaydigan darajada o`zgarish bo`lgan ekan a?

  9. Buyuk ustozimiz P. Qodirovning yangi yil haqidagi she’ri juda ajoyib ekn, ayniqsa, «Sevgimiz bor, ammo sevgilimiz yo`q» degan jumlalar bilan tugagan ko`pleti kishini o`ziga jalb qilmasdan qolmatdi.

  10. OLTINOY MADAMINOVA:

    ILOHIM BUNDANDA YUKSAKLARGA CHIQING

  11. Suhbat juda zo’r chiqibdi. Ajoyib suhbat

  12. sizning harakatingiz bilan biz ham oldinga tomon odimlamoqdamiz,ustoz. Ilohim martabingiz bundanda baland
    bo`lsin

  13. Ushbu maqolani o’qib qanday suhbatdosh tanlashlikni balki, suhbat janrini yanada qanday yozilishini o’rgandim!

  14. Afsonaviy Pirimqul Qodirov bilan afsonaviy suhbat.

    • Ҳеч қанақа «афсонавий» эмас! Атоқли адиб билан оддий ижодий суҳбат… Тўғри хулоса чиқарсангиз келгусида шундоқ ижодкор бўлиб етишасиз, деган умиддаман.

  15. Ustoz qofiyali so`zlaringizga gap yo`q, garchi bu se’r bo`lmasa-da.

  16. Feruz Muhammadga yozibsiz xo`p — xo`p, So`zlaringiz zamirida ma’nolari ham ko`p.

  17. Mahfurat Jumanova:

    Ijodda ham, hayotda ham ulkan tajribaga ega ustozlarimiz suhbatini olib yurish bizga ham kelgusida nasib qilsin.

Добавить комментарий для Gavharshodbegim Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>