Танланган оқилона йўл ҳақида бир мулоҳаза

2016 йил 8 сентябрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қўшма палаталарининг

собитқадам сиёсий юриши она юртимиз барқарорлиги йўлидаги навбатдаги шаҳдам қадам деб ўйлайман. Шахсан мен олий вакилларимизнинг ўша лаҳзадаги тутган йўлини оқилона йўл деб ҳисоблайман.

 То бизгача юртимиздаги етук сиёсатшунос, ҳуқуқшунос, умуман кенг жамоатчилик мазкур мавзу доирасида ўз муносабатларини очиқ ва асосли тарзда баён этишди. Негадир, мен шу ҳолатни ислом ҳуқуқшунослиги (фиқҳ) илмидаги “ижтиҳод” процессига қиёслагим келди. Нега? Айтайлик, бир ракат намоз мобайнида уч мартадан ортиқ узрсиз ҳаракат (қулоқ қашиш, сочни силаш, кийим тўғрилаш ва ҳоказо) намозни бузади. Тасаввур қилинг, қўл телефонингиз жиринглади. Энди нима қиласиз? Биринчи,телефонни чўнтакдан чиқарасиз, иккинчи, телефон кодини терасиз, учинчи, телефонни ўчирасиз, тўртинчи телефонни чўнтакка солиб қўясиз, бешинчи, ён-атрофга хижолат бўлиб разм солиб кейин ибодатга қўшиласиз. Хўш, энди нима бўлади? Шариатга мувофиқ учтадан кўп ортиқча ҳаракатингиз учун ибодат бузиладими? Чунки, Қуръонда ҳам ҳадисда ҳам ҳатто аҳли мазҳаб китобларида ҳам телефон ва унинг ҳукмлари ҳақида фатво йўқ. Диндаги бу муаммо ва тушунмовчиликни ким ва қандай бартараф этади? Энди нима бўлади?

Айнан мана шундай қалтис пайтда ислом ҳуқуқшунослигида ҳал қилувчи куч сифатида мужтаҳидлар яъни (юзага келган муаммонинг ечими Қуръон ва ҳадисда келмаган бўлса,  Қуръон  ва ҳадисда келтирилган ўхшаш жиҳатларини таққослаб, тўғри фатво берувчи) чиқишади. Улар томонидан қилинган ижтиҳод яъни “жаҳд”, “жуҳд” яъни қайси ишда бўлмасин барча ақлий салоҳияти ва куч-қуввати жамиятда истиқомат қилувчи халқ манфаатлари ва ислом дининг арконларига зид бўлмаслиги шарт. Улар Қуръон ва ҳадис илмининг мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда асл ислом мафкураси ва таълимотига путур етказмаган ҳолда қарор қабул қилишади. Шунинг учундир балки, бугун намоз пайтида телефони жиринглаган мусулмонлар замонавий фатво қоидасига кўра, телефон жиринглаганда зудлик билан ўчириб қўйса намози бузилмаслигини билишади. Гарчи бу ортиқча ҳаракатлар беш-олти марта такрорланса ҳам. Нега?

  Биринчидан, замон ва маконни ҳисобга олиш масаласи.

VII асрда телефон ва мобил қурилмалар бўлмаган. Аммо, бу энди нима қиламиз дея осмонга қараб туриш дегани эмас. Унда битта кутилмаган қўнғироқ овозидан неча минглаб намозхонлар ибодатда чалғиб қолиш эҳтимоли юзага келади. Мазкур муаммони бартараф этишда эса Аллоҳ инсонга ақл ва тафаккур берган. Ўз-ўзидан кучли қонун ва норматив ҳужжат албатта замон ва маконни эътиборга олиши шарт. Демак, Конституциянинг 96-моддасида Олий Мажлис Сенати вақтинчалик президентлик лавозимидан воз кечгандан кейинги процесс белгиланмаган бўлса, унда ўзи шундоғам дунёни демократияга чўктираётган “маслаҳатгўйлар”га қулоқ тутмаймизку? Майли, телефони жиринглайверсин, унинг ҳукми бўйича на Қуръонда на ҳадисда айтилган дея бепарво юриб, не-не мусулмонларнинг эмин-эркин ибодатига халақит бермаймизку? Қолаверса, 4-декабргача мамлакатимиз тақдирини сўнгги пайтларда хоин ҳарбий қўмондон атрофида бирлашаётган жанггарилар қўлига қўшқўллаб топширмаймизку? Ҳазрати Ҳизр мақбарасида бизни кузатиб турган улуғ инсоннинг тиклаган буюк давлатини бузиб ташламаймизку?

Демак, замон ва макондаги вазиятни ҳам ҳисобга олган ҳолда қилинган қарор таҳсинга лойиқ.

  Иккинчидан, уммат ва мусулмонлар манфаати ва хотиржамлиги масаласи.

Ўйлаб кўринг, ёнингизда телефон жиринглаб турса, сизнинг хаёлингиз ибодатда бўладими? Аксига олиб мусиқа муаллифи PSY бўлса! Демак, Имомга эргашган миллионлаб инсонларнинг хаёли ва ибодатдаги хотиржамлигини кафолатлаш мақсадида уламолар иттифоқ қилишади. Аммо бу иттифоқ, бу қарор қоғоздаги норматив ҳужжат шаклига эмас, миллат эркинлиги ва халқ осойишталигига путур етказмаслиги шарт. Айнан бу қарор “Мен ҳеч нарсадан қўрқмайман. Биз ҳаётимизни шундай рельсга қўямизки, у рельснинг ўз манзили бор. У манзил эркинлик, озодлик ва барқарор яшаш!”-деган ҳақиқатнинг ушалишига халақит бермаслиги керак.  Бундай ҳақиқатни ҳис этишимиз учун биргина ноябрь ойида қарийб 400 та касб-ҳунар коллежи қийматига тенг иккинчи Boeing 787 Dreamliner “Орзулар қаноти”нинг ташрифи, ўзи шундоғам Рио-2016 Олимпиадасида Ўзбекистон мадҳиясини чала ёдлаган бразилияликлар Рио Паралимпиадасида мадҳиямизни ёдлаётгани, жаннатмакон заминимиз узра оқ олтинни йиғишимиз, 4-декабрь куни тинчликда, омонликда ва эзгу ниятлар билан сайловда муносиб юрт эгасини сайлашимизга халақит бермаслиги шарт.

Эй иғвогар! Аллоҳдан сенга инсоф! Хафа бўлма. Ундан кўра, Суверен Ўзбекистон Конституциясининг моддаларига мувофиқ яша.

Конституциямизнинг 18-моддасидан ибрат олиб, “Қора танли ва итлар кириши мумкин эмас” тахтаси осилган кафеларни очиб қўйиб ўзи бемалол ҳиринглашиб ўтирган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларингни қиёфасини сал жиддийлаштир.

Конституциямизнинг 37-моддасини ҳурмат қилиб, Ўзбекистонда пахта мавсумида болалар меҳнатидан фойдаланмоқда дея жар солиб, миллий иқтисодиётимизга болта уришга шайлангунча, кўчаларингда қўл-оёғи қасддан чопилган, кўзларига қўрғошин қуйиб тиланчига айлантирилаётган вояга етмаган болаларингни ғамини ўйла. Шароитинг бўлмаса, пахта мавсумида ҳам ёруғ хоналарда таҳсил олаётган фарзандларимиз ёнига келтириб қўй!

Конституциямизнинг 41-моддасига мувофиқ, мактабда ўқитувчи ва мураббийларни отиб кетаётган, аптекаларда кунига 2 граммгача марихуана кукуни қонуний савдоси йўлга қўйилиши таклифини киритган Халқ таълими, Ўрта-махсус таълим вазирлигингни соғлом турмуш тарзига ўргат.

Конституциямизнинг 42-моддасига амал қилиб, кўзлари жовдираб турган, ҳали яшашни хоҳлаётган бедаво касалга чалинган болалардан қутилиш мақсадида жонини олишда оғриқсиз уколларни тасдиқлаган Соғлиқни Сақлаш Вазирлигингни инсофга чақир.

Конституциямизнинг 46-моддасини ёдлаб, кўчаларда намойишга чиқаётган, пиёдалар йўлакчаси эмблемасидаги пиёда тасвирининг тенг ярмига юбка чиғиб қўйишингиз шарт. Гендер ҳуқуқларига риоя қилинг”-дея санғиб юрган хотин-қизларингни йўлга сол.

Конституциямизнинг 63-моддасидан инсофга келиб, турмуш қурган икки эркак қачон хотин ролида, қачон эркак ролида бўлиши ҳақида қонун лойиҳаси устида ишлаётган парламентинг ахлоқини тузат. Оила муқаддас эканлигини онгига сингдир. 79 йилда Помпей шаҳри Везувий вулқонидан нега кул бўлганлигини тафаккур қил.

Жуда бўлмаса, Конституциямизнинг 96-моддасида кафолатланган вақтинчалик президентлик лавозимидан она юрти истиқболи ва келажагини ўйлаб, замонавий дунё майдонларида “сиёсат отаси” (политический патриарх) эътирофига сазовор Ислом Абдуғаниевичга хос ностандарт ва асосли қарор қабул  қилишдек ўзбекча демократия мактабидан ибрат ол!

Таъзияга борган маҳалладошлар хонадон аҳлига ҳамдардлик тилаб кимга талпинади. Албатта, белига белбоғ ўраганча дарвозага пешвоз чиққан инсонга юзланади. Хонадонга сабр-тоқат тилаб, марҳум қабри бошига тиловат учун изн сўрайди. Бунақа шарқона демократия, ўзбек хонадонига хос нозик тарбияни ўзбек тузини тотиб тупурганлар қаердан билсин. Бош Қомус вақтинча президентлик лавозимини кафолатлаганда ҳам мардларча масалага оқилона ёндашиш, давлат бошқарувидаги малакасини тўғри баҳолай олишнинг ўзи ҳам жасорат эмасми? Уч ой юрт тинчлиги йўлида мисқолча хатога йўл қўйгандан кўра Ўзбекистон Конституциясидаги лавозимдан воз кечган афзал эмасми? Дунёга яхши кўриниш учун халқ тақдирини таҳликага қўйгандан кўра, дунёдаги ғийбатчиларнинг оғзига уриб миллатимиз хотиржамлигини кафолатлаш бизга омонат. Бизни Улуғ Юртбошимиз шундай тарбиялаган. Кўзимизда ёш, аммо ақлу-салоҳиятимиз жойида!

Унутмайлик! 1991 йил 31 августда Муҳтарам юртбошимиз она ватанимиз мустақиллигини эълон қилганда бир муддат довдираб қолган депутатлар энди орамизда йўқ. Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида чегарамиз ташқарисида реал вазиятни идроқ этиб турган, улуғ юртбоши қуриб кетган уйнинг битта ғиштини ҳам қўпормасдан келажак авлодга етказиш миллат отасига садоқатлик рамзи эканлигини қалбан ҳис этган зукко ва халқпарвар вакилларимиз фаолият кўрсатмоқда. Халқаро вазият ва дунё қонунчилиги тажрибасидан хабардор қонун ижодкорлари халқимиз хизматига шай. Шундан бўлса керак, халқ сайлаган, ўз тақдирини ишонган олий вакиллар 1991 йилги “Нима истиқлолдан чўчияпсизларми, нега қарсак чалмайсизлар” деган даъватга муҳтож эмас. Ишонамиз, худдики, миллат отаси Олий Мажлис томонидан қарор қабул қилинаётганда: “Нима Ўзбекистон тақдири учун, мен суйган эл бахти учун оқилона қарордан қўрқяпсизларми? Мен йигирма беш йил сизни нимага ўргатганман. Ўта муҳим ва оқилона қарорни эшитиб, нега қарсак чалмайсизлар. Қўрқманглар! Яратганимиз доимо бизни ўз паноҳида асрайди. Мен сизларни яхши кўраман. Куни-кеча ўзим бундан 25 йил муқаддам бош-қош бўлган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳририни эшитдим. Фарзандларимни, уларнинг орзуларини асранг. Кўзида ёш кўрмай. 4-декабрь куни руҳим сизга мададкор бўлади”-деяётгандек гўё.

Буюк юртбоши айтгандек, мустақкам барқарорлик, озодлик каби манзилга элтувчи карвоннинг сарбони ҳақида тафаккур қилайликда, миллат отасини ўз падаридек кўрадиган, ўзидан кечиб шу халқ учун жонини тиккан номзод учун овоз берайлик.

 Жонибек Шуҳратов

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>