Танловда танланганлар, таланганлар, талашганлар…

Мукофот олинмайди, берилади, дейди Дониш домла

мулоҳазакорлик билан. Ҳамкасбимиз Барно Султонованинг куюнчаклик билан ёзган мақоласи таъсир қилиб, фидойи журналист Шарофиддин Тўлагановни ЎзМУ Журналистика факультетининг «Уч илдиз» маҳорат мактаби томонидан «Ташаккурнома» билан тақдирлашга қарор қилинди. Мукофот талабалар таътилдан қайтган кунларда — Шарофиддин Тўлаганов билан навбатдаги ижодий учрашувда тантанали равишда топширилади!

Учрашув ва «Ташаккурнома»ни топшириш маросимига азиз ҳамкасбимиз Барнохон Султонова ҳам таклиф этилади.

а2

а5

Танловда танланганлар, таланганлар, талашганлар…

Ёзмоқчи эмасдим. Индамай қўя қолмоқчи эдим. Бўлмади, бўмади. ФБга киришим билан ҳамкасбимиз gazetа. uz мухбири Никита Макаренкога билдирилаётган “ҳамдардлик” комментларига кўзим тушаверди ва кўнглимда нимадир ғалаён қилаверди. “Йилнинг энг фаол журналисти” танловида мен билган ва ҳурмат қилган журналистларнинг ҳам ғолиб бўлгани ҳовуримни андак босиб турганди. Гарчи озиб-ёзиб бир танловда қатнашиб қўяй деб ҳужжатларимни топширган бўлсаму лойиқ кўрилган эмасамда бундан асло хафамасдим. (Ҳали бундай нарсаларга мазахўрак бўлиб ўрганмаганим учундир). Ҳатто “Оила ва жамият” газетасининг мухбири Нигора Раҳмоновага рағбатлантирувчини ҳам муносиб кўришмаганда бунчалар ранжимагандим. Гарчи хафа бўлишга арзийдиган иш бўлган бўлса-да. Нигора Раҳмоновага “бу йил ҳақиқат бўлса сизни ҳам муносиб кўришади” деган гапни ҳам мен айтган ва уни кўндиргандим. Сиз айтаверасиз-да демасликларингиз учун журналист ёзган мавзуларини санаб ўтаман: “Жумбоқ: Калаванинг учи кимнинг қўлида?”, “У дунёнинг ташвиши деб бу дунёни унутганлар”, “Пўшт арава… ёхуд бозорда арава тортиб юрган кишилар ҳақида”, “Ҳужжатда ўлик, ҳаётда тирик одам”, “Ажрашманг дейиш осон, яраштириш-чи”, “Дадалар уйга қайтадилар”, “Мактаб бозоридаги можаролар”… рўйхатни яна, яна давом эттириш мумкин. Менимча, “Оила ва жамият” газетасининг ўқувчилари, ФБдаги мухлислари бу ҳамкасбимизнинг маъанавий-маърифий, танқидий, мулоҳазали мақолаларини мендан ҳам кўра яхшироқ биладилар. Хуллас Нигора Раҳмоновани лойиқ кўришмаганда ҳам мақолани ёзиб қўйгандиму, аммо ҳеч қаерга жўнатиш ҳақида ўйлаб кўрмагандим. Энди мақолани бермасам бўлмади, бўмади. Никита Макаренкога қилинган муносабат ҳеч қандай қолипга сиғмайди. Олдинига бир ижодкорни рағбатлантириш мақсадида чақиришсаю, кейин узр “сизга ҳеч қандай ўрин беролмаймиз” дейишса. Меҳнатларининг рағбатидан боши кўкка етган, кўнгли кўтарилган ижодкор бирдан бундай хабардан қай аҳволга тушишини яхши биламиз. Устингиздан биров бир челак муздай ёки қайноқ сувни қуйиб юборгандек бўларов. Менимча, Макаренко илк бор ўзбек журналистикасига ўралашиб юрганидан хафа бўлган бўлса ажаб эмас. Келиб-келиб журналистика соҳасида ҳам шунақа қовун тушириш мумкинми? Мана, таловнинг (н ҳарфи тушиб қолди, аммо мазмун ўзгармайди) савияси, мана та(н)ловнинг характеристикаси.
Мақолани тўлдириш асносида ғолиб бўлганларнинг рўйхатини излаб ҳеч қаердан тополмадим. Нима учун рўйхат берилмагани бу ҳам жумбоқ. Балки рўйхатдагилар орасидан бизга мутлақо номи нотаниш журналистларнинг ҳам борлиги (бу табиий) кўпчиликда эътирозга сабаб бўлиши мумкинлигининг олдини олиш мақсад қилингандир. Ҳар ҳолда бу танловда ҳеч ким деярли эътироз билдирмади. Чунки рўйхатни ҳеч қайси газета ёки сайтда кўролмадик, кўриб энсамиз қотмади. ФБ орқали Xabаr. uz сайти мухбири Каримберди Тўрамуроднинг фахрий ёрлиқ олгани ҳақидаги хабарни ўқиб қувондим. Аммо рўйхатни излаб-излаб топдим, лоақал ўқиб беришларини илтимос қилдим, англаганим шу бўлдики баъзи бир газеталар ва уларнинг ходимлари олган ўринларига лойиқ эмас. Ҳа энди танловга 500 одам ҳужжат топширсаю 25 номзод лойиқ кўрилса қолганлар норози бўлиши мумкин дерсиз. Агар ўша 25 номзод Каримберди Тўрамурод даражасидаги журналист бўлса энг “ҳасадгўй”, “ичиқора” журналист ҳам қўлини кўксига қўйиб рахмат айтади ва эътироз билдирмайди. Афсуски, совриндорларнинг, ўрин олганларнинг кўпчилиги ФАХРИЙ ёрлиқ олган Каримберди аканинг соясида қолиб кетади. Қани ҳақиқат?
Билишимча, яна эски ҳаммом, эски тос. Барча вилоятлару туманлар эътибордан четда қолмаган. Аслида танлов ўтказишда мантиқсиз кўнгил бўшлик бор. Ғолибларни аниқлаётганда фалончи вилоят ўтган йили ҳеч нарса олмаган бу йил бериш керак, кексаларни ҳам унутмаймиз, ёш авлодни қўллаб-қувватлашимиз керак, дея гарчи аксарият ҳамкасбларимизнинг ижоди танловда тош босса босмаса тақдирланади. Тўғри бағрикенг бўлиш керак, дейдиганлар топилади. Аммо бағрикенглик деб истеъдодни ўлдириш керак эмас. Нимага деганда ҳақиқий истеъдод четда қолиб истеъдодсиз одам рағбатлантирилиши истеъдодсизнинг ҳам истеъдоднинг ҳам курашмай, ўз устида ишламай қўйишига йўл очади. Майли масалан, айтайлик Андижон вилоятидан иккита журналист ёки газета зўр бўлса иккаласи ҳам олсин — агар арзиса, масалан Наманган вилоятидан ҳеч ким ёки ҳеч қайси ОАВ олмадими буни ҳам муаммо қилиш керак эмас, албатта арзимаса. Ахир, танлов ўз номи билан танлов. 2018 йил масалан, Бувайда туманининг газетаси олди, энди масалан, 2019 йил Олтиариқ газетасига бера қолайлик дейиш мутлақо нотўғри. Унда танлов ўтказишга ҳам ҳожат йўқ. Барча ОАВни йилларга, ўтказиладиган танловларга навбатга қўйиб қўйсин. Фалон газета фалон йили олади, фалон журналист фалон пайт, бўлди. Ҳамма навбати келганда олаверсин. Ўтган йили фалон газета ёки журналист олди, бу йил бизга ҳам навбат тегиб қолар дея навбат кутиш бу яхши ишламасак ҳам, яхши ёзмасак ҳам, журналист бўлмасак ҳам бир кун навбатимиз етади, дегани эмасми? Майли бир газета, журнал, телекўрсатув, реадио эшиттириш, интернет журналисти, журналист керак бўлса бир йилда барча танловда ғолиб бўлсин. Албатта арзиса. Шунда бошқалар ҳам яхшироқ ишлашга, яхшироқ ёзишга ҳаракат қилади. Ҳакиқий рақобат бошланадаи. Ўз-ўзидан сараги саракка пучаги пучакка ажралади. Нима учун чет элда Оскар мукофотини бир кино беш марталаб олади. Ёки бир актриса бир кинода ўйнаган роли учун уч хил номинацияга эга бўлади. Ахир улар бу йил фалончи актрисага бердик, энди у дам олсин демайдику. Файласуфлардан бири адашмасам Сенека шундай ёзади: “фақат ортиқча нарсалар орасидангина танлаш мумкин”. Демак, ҳақиқий истеъдодлар танловда қатнашса танлашга ҳам ҳожат қолмайди.
Бошқа соҳаларда танлов ўтказилса папка-папка ҳужжат йиғилиши шарт. Чунки уларнинг фамилияси эмас, қилган иши ҳужжатларга тиркалади. Аммо бизнинг соҳада-чи? Журналистнинг ҳужжати унинг ёзган мақоласи. Танлов ўтказиш асносида бир йил давомида барча ОАВни мониторинг қилиб боришса — кундек аён бўлади, қайси журналистнинг ёзганлари арзийдию тош босмаслигини. Танлов масаласида кўнгил бўшлик кетмайди. Ҳақиқий танлов бўлган жойдагина рақобат кучаяди. Танлов низомини бошқатдан кўриш, ҳақиқий журналистик ишни баҳолашнинг бошқача механизмини ишлаб чиқиш керак. Бугун замон талаби шундай.
Танловни босқичларга бўлиб финал босқичида шундай шарти бўлсин: энг охирида қолган қатнашчилар бир жойга йиғилсин. Вақт берилсин. Бир хил мавзу ва факт берилсин. Қани ўша мақолани ким қандай ёзади, қандай ёндошади. Экспертлар уларни баҳоласин.
Яна бир гап: танловга газета муҳаррирларини ҳайъат аъзоси қилиб олиш мутлақо керакмас. Муҳаррири ҳайъат аъзоси бўлган ходим танловда иштирок этмасин. Яхши ёзадиган журналист “раҳбарим ҳайъат аъзоси” деб танловга қатнашмай ўтиб кетиши бу ҳам адолатсизлик.
Тўртинчи ҳокимиятмиз, деб жар соламиз. Ички муаммоларимиз кўп. Агар ана шу танловлардаки адолатсизликларга дуч келар эканмиз, ҳатто бизнинг қаламимиз ўткирлигию, тилимиз бурролиги, ҳақиқатчилигимизу, жамият кўзгуси эканлигимиз бекор. Яна қанча ички муаммоларимиз борки, уларга қарши курашишга бел боғаламас эканмиз, “Тўртинчи ҳокимият”лигимиз сафсата. Курашмаймизми, муҳарриримизга суянарканмиз, муҳарриримиз арзимасак ҳам қўллаб-қувватлаб бизни суяйвераркан, заррача бундан виждонимиз қийналмасакан “Тўртинчи ҳокимият” эканлигимиз ҳужжатлару табрикларда жаранглайверади. Ўзбек миллий журналистикаси ривожланиш ўрнига Никита Макаренко каби русийзабон ҳамкасбимиз олдида ўз қадрини йўқотаверади…

Барно СУЛТОНОВА,

журналист

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>