Тарбияли талаба қандай бўлади? Тарбиясизчи?..

Тарбияли талабаларимиз — жони-дилимиздир, дейди Дониш домла.

Улар эртанги умидимиз нишони, тоғдек таянчимиз бўлишига ишонамиз. Бундай йигит-қизларнинг юриш-туришига, кийиниш маданиятига, камтарлигига, ёқимли муомаласига қараб, ота-онангга раҳмат, деб қўямиз.

Гуруч орасида курмак ҳам учраб турганидек, минг афсуски, талабаларимиз орасида ҳам гоҳо битта-яримта «курмак» пайдо бўлиб қолади… Бундан ўқитувчилар, домлалар анча-мунча азият чекади, ҳатто талабалар ҳам дарсни бузаётган ўша тарбиясиздан ранжиб ўтиришади. Букрини гўр тузатар, дея унақаларни ўз ҳолига ташлаб қўймаймиз, албатта. Ёш ниҳол қийшиқ ўса бошласа боғбон уни тўғрилаб қўйгани мисол тарбиясини тўғрилашга, уни ҳам одам қилишга ҳаракат қиламиз. Бироқ, Мир Алишер Навоий бобомиз таъбири билан айтганда, «ит бўлур, эшак бўлур, аммо бўлмас одами» тоифасидан бўлса не қилмоқ керак?

Қуйида тақдим этилаётган мақолани қунт билан ўқиб чиққан талабалар ўзларига тегишли хулоса чиқариб олсалар ажабмас.

4

Иллатнинг илдизи қаерда?

Иллатнинг илдизи қаерда?

Жиноят ҳақиқати ва адолати

Инсон танасининг бирор аъзоси касалланса, уни кесиб ташлаб бўлмайди, уни даволаш керак. Тўғрими? Фарзандингиз тўғри йўлдан адашса, бунинг сабабини қаердан излаш керак? Ўзингиздан, шундай эмасми? Ахир у сизнинг бир бўлганингиз.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 27 июль куни бўлиб ўтган жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги аҳволи, бу борада ички ишлар органлари ва давлат идораларининг масъулиятини янада ошириш, айниқса, ёшлар орасида жиноятчиликка йўл қўймаслик масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ёшлар орасида жиноятчилик камаймаётганлигига алоҳида эътибор қаратилди. Маълумотларга кўра, 2018 йилнинг 6 ойида юртимизда қайд этилган жами жиноятларнинг 30 фоизи ёшлар томонидан содир қилинган.

Бугунги кунда ушбу муаммо – ёшлар таълим-тарбиясидаги мавжуд камчиликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда унга қарши курашиш юзасидан кенг жамоатчилик, олимлару тегишли мутахассислар томонидан қизғин фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Уларнинг деярли барчаси ёшлар томонидан турли ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб, энг аввало, ота-онанинг фарзанд таълим-тарбиясига лоқайдлиги ва маҳалла, ўқув муассасалари ва тегишли мутасадди ташкилот ходимларининг ўз вазифасига масъулиятсизлиги, деб билишади. Шу ўринда халқимизнинг унутилаёзган бир ривояти беихтиёр ёдга тушади.

Ривоят

Иблиси лаин ҳузурига уч нафар шогирдини чорлаб, бирма-бир сўрабди:

– Бугун нима иш қилдинг?

– Фалончининг нафсига тош отиб, ўғирликка ундадим, дея мақтанибди биринчи шогирд.

Иблис пашша қувгандек норози қиёфада қўл силтаб иккинчи шогирдига юзланди:

– Сен нима қилдинг?

– Устоз, мен икки одамнинг орасига нифоқ солиб, уриштириб қўйдим.

Лаиннинг юзидан норозилик ифодаси аримай учинчи иблисваччадан сўради:

– Сен-чи, сен ҳам мана шундай арзимас майда-чуйда ишлар билан шуғулланиб, вақт ўтказдингми?

– Мен одамлар орасида юриб, лоқайдлик уруғини сепиб чиқдим.

Иблиснинг юзи қувончдан ёришиб кетибди:

– Сенинг ишинг ҳаммасидан зўр бўлибди. Сен эккан лоқайдлик уруғи эрта-индин одамларнинг тинчини бузадиган, қут-баракасини учирадиган, уларни қақшатадиган ҳосил беради.

Дунёни меҳр-мурувват қутқаради

Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ота-она назоратидан четда қолган, ҳуқуқбузарликка мойил, тарбияси оғир, ўқишдан бўйин товлайдиган болаларга кўрсатилади.

Тошкент вилояти ИИБ ҲООБга бевосита бўйсунувчи Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказидаги болалар билан бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг, буюк табиб ва донишманд Луқмони Ҳакимнинг “инсоннинг яшаши учун нафақат емоқ-ичмоқ, балки меҳр-мурувват ҳам ҳаётий эҳтиёждир”, деган сўзлари ёнига инсон камолоти учун меҳр-муҳаббат ва эътибор сув ва ҳаводек зарур, деган сўзларни улкан ҳарфлар билан ёзиб қўйгимиз келди. Шу баробарида, дунёда тарбияси оғир болалар бўлмайди, меҳр-мурувватсизлик ва масъулиятсизлик жабрдийдалари бор, деган аччиқ ҳақиқатга яна бир бор амин бўлдик.

Оҳангарон шаҳар 58-мактабнинг 8-синф ўқувчиси. Алик Пак:

– Машина тузатишга қизиқаман. Ўқишга ҳеч боргим келмайди, чунки мактабда болалар доимо мени масхара қилиб, устимдан кулади. Нега дейсизми, менимча мен бошқа болалар каби замонавий кийинмайман, ҳатто қўл телефоним ҳам йўқ. Буларга имконимиз етмайди. Отам бизни ташлаб кетган. Фақат онам ишлайди, 3 яшар сингилчам бор. Дарсларни ҳам яхши ўзлаштиролмайман. Шунинг учун ўқитувчилар менга дакки беришгани беришган. Ўртоғимникидек смартфон сотиб олиш учун мактабга бормай, машина ювиш шохобчасида ишлаб юргандим. Чамаси, 2-3 ой дарс қолдирдим…

Бекобод шаҳар 8-мактаб ўқувчиси Элнуржон Усмонов:

– Самбонинг қўл жанги билан уч йил шуғулланганман. Қора белбоғим бор. Онам ўлган. Отам ишлаш учун Россияга кетган. Бувим билан яшайман. Ҳаммаси нимадан бошланди? Бир куни дарсда ўртоғим билан гаплашиб ўтиргандим. Ўқитувчи жим ўтир, деб бошимга китоб билан бир урди. Болалар кулишди, аламим келди. Бехосдан ўқитувчига “нимага урасиз” деб бақириб юбордим. Ўқитувчи “нимага менга бақирасан, етимча”, деб яна урмоқчи бўлди. Уни итариб юбордим, дарсдан чиқиб кетдим. Эртасига ўқитувчидан кечирим сўрамоқчи эдим, лекин мени дарсга қўймади. Бувимни мактабга чақиришди. Унга “неварангизни бошқа мактабга олиб ўтинг” дейишибди. Кейин мен Самарқандга ўгай онамникига кетиб қолдим. Бир ойлардан сўнг уйга қайтиб келганимда участка нозири мени шу ерга олиб келди.

Камола Тўраева: (15 ёш, маълум сабабларга кўра, исми-шарифи ўзгартирилди)

– Уйимизда ҳеч тинчлик йўқ, доимо уруш, жанжал аримайди. Отам тез-тез ичиб келиб, онамни уриб, сўкади. Мени ва учта укамни ҳам аямайди. Шунинг учун аям мени ва укаларимни ташлаб, чет давлатга ишга кетиб қолаверади. Бундай пайтларда дадам янада “ёмон” бўлиб кетади. 2015 йилда Беҳзод исмли йигит билан танишиб қолдим. У билан тез-тез гаплашиб турардик. Онамга бир йигитни севиб қолганимни айтган эдим, “у билан бошқа гаплашма, отангга айтаман, ўлдиради” деб уришиб берди. Барибир Беҳзод билан гаплашавердим. Бир куни уйдаги жанжаллардан безиб, унинг уйига бордим. Онаси “ҳали жуда ёш экансан, барибир сени келин қилмайман”, деб ҳайдаб юборди. Уйга қайтишга қўрқдим…

Камола кейинги воқеаларни эслашни истамадими ёки истиҳола қилдими гапиришни истамади. Бизга маълум бўлишича, кўчада бемақсад тентираб юрган ўсмир қиз ғараз ниятли кимсаларнинг эътиборидан четда қолмаган. Ота-онасидан бир қатрагина эътибор, туғилган гўшасидан осойишталик топа олмаган қизалоқ “сохта меҳрибонлар”нинг ўлжасига айланади. Агар тегишли ҳуқуқ тартибот идора ходимлари томонидан қўшмачи аёлнинг жирканч фаолиятига ўз вақтида чек қўйилмаганда, Камоланинг кейинги тақдири янада аянчлироқ фожиа билан тугаши тайин эди.

– Бу ерга олиб келинган болаларнинг 70 фоиздан ортиғи нобоп оилавий муҳит таъсирига тушганлар ҳамда ўз бурч ва масъулиятини унутган ота-оналарнинг фарзандлари, – дейди Марказ раҳбари, подполковник Шаҳноза Ҳидоятова. – Айрим одамлар фарзандим ҳеч кимдан кам бўлмасин, деб фақат пул топиш дарди билан андармон ёки чет давлатга ишлаш учун кетган. Болам қандай ўқияпти, ким билан дўст, нима билан банд деб ўйлашга вақти йўқ. Фарзанд тарбиясини фақатгина едириб-ичириш, яхши кийим кийдириш ва данғиллама уй-жой билан ўлчашади. Ачинарлиси, болалар бизнинг марказга олиб келинганида, баъзи бир ота-оналар уларни излашмайди, ҳатто фарзандидан хабар олишга ҳам вақтини қизғанишади. Боланинг яшаш манзилини, ўқиш жойини ўзимиз қидириб топамиз. Айрим тадбиркорларга ҳам эътирозим бор. Вояга етмаганлигини билса-да, болалар меҳнатидан ноқонуний фойдаланади. Катта ёшдаги ишчилар билан баравар ишлаётган бола нима учун ўқишга бормаяпти, меҳнат шароити унга оғирлик қилмаяптими, деб қизиқиб кўрмайди. Бола, арзимаган пулга қизиқиб, мактабдан совийди, аста-секин ўқишни ҳам бир четга йиғиштириб қўяди. Мен ана шундай тадбиркорлардан биридан “нима учун вояга етмаган болани қонунга зид ҳолатда ишлатаяпсиз”, деб сўраганида “Оиласи қийналган экан, раҳмим келди, ёрдам тариқасида рози бўлдим”, деган жавобни эшитиб ҳайрон қолдим. Оиласи қийналган бўлса нимага эҳсон қилмайди? Вояга етмаган боланинг меҳнатидан ноқонуний фойдаланиш, унга ёрдам беришга кирадими ёки аксинчами?

Камоланинг оилавий аҳволи билан яқиндан танишиш мақсадида унинг уйига бордик. Отаси ичкиликка берилган. Онаси 3 нафар вояга етмаган фарзандларини қариндошларига ташлаб чет давлатга ишлашга кетган. Қайтиб келганида эса 15 ёшли қизининг тарбияси бутунлай издан чиққан.

– Қизим дайди, кўчага чиқиб кетган, – дейди она ёзғириб – Мактабга бормайди. 3-4 кунлаб уйга келмайди. Сўрасак, ўртоқларимникида эдим, деб алдайди. Ўртоқлари кимлигини танимаймиз. Қаерларда юради, нима билан машғул билмаймиз. Фақат ёлғон гапиради. Урдик, сўкдик фойдаси бўлмади. Қизимни тўғри йўлга сололмадим…

Бу аёлнинг гапларини эшитиб, ҳайратланмай илож йўқ. Беихтиёр ёдимизга Марғилон шаҳрида содир этилган мудҳиш жиноят, манфур шахснинг ширин сўзларига алданиб, йўлдан адашган 15 ёшли қизини бўғиб ўлдирган она ниқобидаги ёвузлик воқеаси жонланади. Кўнглимизда инсонийликнинг энг оддий ҳис-туйғуларидан мосуво бундай кимсаларга қарата саволлар туғён уради.

Танангизнинг бирор аъзоси касалланса уни кесиб ташлайсизми ёки уни даволайсизми? Фарзандингиз тўғри йўлдан тойиши сабабини ҳеч ўзингиздан излаб кўрдингизми? Энг яқин инсонларидан топа олмаган меҳр-мурувватни ўзгалардан излаётган фарзандингиз тўғри йўлдан тойиб кетмадими? Ота-онанинг бемеҳрлиги туфайли туғилган гўшаларидан безиб, манфур кимсаларнинг чангалига тушиб қолмадимикин?

– Дарҳақиқат, ҳар бир боланинг камоли ҳам, заволи ҳам ота-она билан бирдай ўқитувчининг гарданида, – дейди ўқитувчи Ўғилой Тангриқулова. – Ўқитувчининг бир оғиз ножўя сўзи болани бутунлай ўқишдан совитиб, тақдирини издан чиқариб юбориши мумкин. Ёки аксинча, фанидан ўзлаштиролмаётган ўқувчига бир оғизгина ширин сўз билан маънавий далда бериб, унинг келгусида етук мутахассис бўлишига сабаб бўлган ўқитувчилар ҳаётда кўп кузатилган.

Масалан, юқори синф ўқувчи қизларидан бири дарсга лабини бўяб, ясаниб келди, дейлик. Уни ҳамманинг олдида “Ёмон қизларга ўхшаб, башарангни бўяб олибсан. Тур, дарсдан чиқиб кет. Ота-онанг келмагунча, мактабга келма”, деб изза қилиш ўсмир қизни нафақат фанидан, ҳатто мактабдан бездириб қўяди. Натижада, ўқувчи ўзга жойга интилади. Бу тарбияни бошқача усулда, синфдан ташқарида юзма-юз “Қизим, ўзинг жуда яхши қизсан. Мактабимизнинг фахрли ўқувчиларидан саналасан. Лекин бу иш сенга ҳеч ярашмабди”, қабилида қўлланган тарбия ўз самарасини беради.

Бир болага етти маҳалла ота-она

Бу ҳикмат бугунги кунда ўз маъносини йўқотган…ми?

Қадимдан маҳалла ёшлар тарбиясида беқиёс ўрин тутган. Маҳаллаларда неча минг йиллардан бери, азалий қадриятларимизга хос бўлган каттага ҳурмат, кичикка иззат, яхши-ёмон кунларида бир-бирига елкадошлик каби фазилатларни кўриб, ўрганиб, онг ва шуурига сингдириб келаётган ёш авлод қалбида элу юртга меҳр-муҳаббат, садоқат, мурувват ва саховатпешалик туйғулари шаклланиб сайқал топади. Ҳатто, ўзбекона салом-аликнинг ҳам ёшлар тарбиясида бетакрор ҳикматга эга.

Маҳалла аҳли кўча-кўйда салгина тарбияси бўшроқ, ножўя хатти-ҳаракат қилган болани учратиб қолгудек бўлса, унга яхши сўзлар билан насиҳат қилиб, “сенинг ота-боболаринг ҳурматли инсонлар, аждодларингга муносиб бўл”, қабилида насиҳат қилиб, тўғри йўлга солади. Лекин… Бу каби эзгуликка йўғрилган анъаналаримиз бугунги кунда ҳам давом этаяптими? Халқимизнинг неча минг йиллик “маҳалла – отанг, маҳалла – онанг”, “бир болага етти маҳалла ота – она” каби ҳикматлари ҳали ҳануз ўз мазмун-моҳиятига эгами?

– Тан олиш керак, лоқайдликка берилиб, кўзимизни кўр, қулоғимизни кар қилиб муаммоларнинг илдиз отиб кетишига сабабчи бўлдик, – дейди Республика “Нуроний” жамғармаси раиси Шуҳрат Жалилов. – Бугунги маҳалла бундан эллик-олтмиш йил олдинги маҳалла эмас. Ҳар ким ўз қобиғига ўралиб қолган. Шу кунгача жойларда жиноят содир бўлгачгина барча оёққа турарди. Тегишли идоралар, профилактика инспекторлари ва маҳалла, нуронийлар, Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси каби қатор манфаатдор идора масъуллари жойлардаги вазиятга панжара ортидан назар солиб тураверишган. Юқори идораларга эса уйма-уй кириб ўрганилди, ҳар бир оила аъзосининг муаммоси, дарду ташвишига қулоқ тутилди, дея ҳисобот тақдим этилаверган. Аслида шундай бўлганида эди, бугун оналар ўз фарзандини бўғиб ўлдирмаган, энг ифлос жойларга ташлаб кетмаган, ҳали вояга етмаган болалар ўртасида ўғрилик, қотиллик жинояти, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳамда турли кўринишдаги одам савдоси каби жирканч иллатлар қайд этилмаган бўларди.

Бугунги кунда, жиноятчиликка қарши курашишни эскича ишлаш услубидан воз кечишдан бошлаш лозим. Азалий қадриятларимизга кўра ёши улуғ инсонларнинг сўзлари, ўгитлари, шахсий намуналари ўсиб келаётган ёш авлод вакиллари учун қонун-қоида, тартиб-таомил вазифасини ўтаган. Бугун аксар ҳолларда нуронийларимиз оилада, маҳаллада ўз ўрни ва сўзини йўқотиб қўйгани жойлардаги кўнгилсизликларнинг асосий сабабларидан бири эмасмикин? Бу савол фарзандлари эртаси, бахту камолини ўйловчи отахон ва онахонларни ташвишга солиши шарт. “Ўз фарзандларимни тўғри тарбиялаб қўйсам бўлди”, деган одам қаттиқ адашади.

Ҳеч ким она қорнидан ёмон хулқли, жиноятчи бўлиб туғилмайди. Шиддат билан ўтиб бораётган бугунги тезкор давр ҳар биримиздан ҳаётга янгича ёндашувни, ён-атрофимизда рўй бераётган ҳодисаларга виждон амри билан муносабат билдиришни тақозо этмоқда. Дейлик бир боланинг тарбияси ота-она назоратидан четда қолиб кетаётса, маҳаллада бирор хонадонда нохуш ҳолатлар кузатилаётган бўлса-ю, қўшниси ёки маҳалла аҳли “менга нима” қабилида эътибор бермаса инсофу диёнатдан эмас. Маҳалла фаоллари, оқсоқоллари, қўйингки, имону эътиқодли ҳар бир киши учун неки хайрли иш бўлса, барчасига ўзини масъул ва жавобгар, деб билиш ҳам қарз, ҳам фарздир.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Ҳар бир жиноятнинг илдизига етиб бориш, жамиятда жиноятчиликка қарши курашиш иммунитетини шакллантириш керак. Акс ҳолда, жиноятнинг оқибатлари билан овора бўлиб юраверамиз”.

 Фарида Қорақулова, ЎзА
http://uza.uz/oz/society/zhinoyat-a-i-ati-va-adolati-26-11-2018

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>