Тарихий сумалак (Бадиҳа)

Сумалакнинг ўзи тарихий миллий таомларимиздан бири ҳисобланади.

Раҳматли қизиқчи Ҳожибой Тожибоев бир ҳангомасида айтганидек, “Сумалакни ихтиро қилган кишига Нобел мукофоти бериш керак эмас, аксинча, ўша Нобел деган одамга сумалак бериш керак!”

Бу кичкина бадиҳамизга “Тарихий сумалак” дея сарлавҳа қўйишимиздан муддао бошқа аслида. Наздимда, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Тарих факультети жамоаси амалга оширадиган ҳамма эзгу иш тарихий аҳамият касб этгандек туюлаверади.

Бугун эрта тонгдан ёмғир ёғиб турганига қарамай факультет жамоаси бир оиладек жамулжам бўлганча чодирдан ажабтовургина айвонча ясаб, тагига ўрнатилган дошқозонда сумалак пиширишга киришди.

Иш бошида факультет декани Алишер Мўминов, доцент Неъмат Полвонов ва бошқа профессор-ўқитувчилар туришибди. Бу ишда катта тажрибага эга онахонлар ёшларга йўл-йўриқ кўрсатиб, қозонга ҳар бир масаллиқни маромида солишмоқда. Оловқалб йигит-қизлар галма-галдан кафгирни айлантиришмоқда.

т1т3

Тарихчи олимлар – ҳамкасбларим билан бир қур гурунг қилар эканман, бу факультет жамоасига яна бир бора ҳавасим ортди.

Сўнгги ўн йилликлар мобайнида Тарих факультетида салмоқли ютуқларга эришилганини эътироф этсак арзийди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига биноан Тарих фанлари бўйича ЎзМУ профессори Анатолий Сагдуллаев Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб тасдиқланди. Янглишмасам, юртимиз истиқлолга эришганидан буён Миллий университетимиздан етишиб чиққан ягона академик шу Устоз бўлади.

Тарих факультетининг етакчи олималаридан бири, профессор Раҳбархон Муртазаевадан 1980-85 йилларда сабоқ олганимиз билан жуда фахрланамиз. Раҳбархон опамизни Журналистика факультети профессори деган таассурот билан юрганмиз. Боиси, муҳтарама Устозимиз ҳар бир фикрини ижодий тафаккур билан пайваста ҳолда тушунтирарди. Ҳамиша изланишда юрадиган тарихчи олима ҳар йили қатор илмий-амалий анжуманларга бош-қош бўлади. Республикамиз олий таълим муассасалари ўртасида фан доктори ва фан номзодларига илмий раҳбарлик (сони ва салмоғи) бўйича рейтинг ўтказилса, Раҳбархон Муртазаева етакчи ўринлардан бирини эгаллашига ишонаман.

Мазкур факультетга қатор йиллар самарали раҳбарлик қилган Муродулла Ҳайдаровнинг педагоглик маҳоратига ҳамиша ҳавас билан қарайман. Муомала маданиятини шу инсондан ўрганиш керак, деган фикримни кўп давраларда фахр билан айтганман. У университетимиз Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори бўлган даврда жамоатчилик билан алоқаларни чинакам йўлга қўйган. Яъни, университет раҳбарияти билан талабалар ўртасида очиқ мулоқот ўтказиш ҳаракатини бошлаб берган. Мухтасар қилиб айтганда, у муҳташам ректорат эшигини талабалар учун очиб берганди. Кун бўйи Маданият саройида, факультетларда ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирлар кечга бориб Талабалар турар-жойларида давом этарди. Ушбу йўналишда Муродулла Ҳайдаров ўзидан ёрқин из қолдираётган Устоз сифатида эътибор қозонган. Айни пайтда у университет касаба уюшмаси фаолиятини такомиллаштириш борасида қатор лойиҳалар устида изланмоқда.

Тарихчи олим Сотимбой Холбоевнинг Миллий университетимиз тарихини ўрганиш ва ёритиш борасидаги изланишлари таҳсинга лойиқдир. У ЎзМУ ҳамда жадидлар фаолиятига оид кўплаб тарихий манбаларни ўрганиб, қатор китоблар яратди.

Факультетнинг жонкуяр профессор-ўқитувчилардан бири Аброр Хидиров қатор йиллар ЎзМУ Мураббийлар кенгаши раиси сифатида фаоллик кўрсатган бўлса, айни пайтда Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи лавозимида жавлон урмоқда. Тонгдан шомгача, гоҳо тун алламаҳал бўлиб қолганда ҳам уни ректоратимиз 3-қаватидаги хонасида енг шимариб ишлаб ўтирганини кўрасиз. Бу саъй-ҳаракатлар самарасини эса ЎзМУ сайтида кузатиб бораётганлар кам эмас. Бир сўз билан айтганда, сўнгги пайтларда бироз оқсаб қолган маънавий-маърифий ишлар яна жонланиб кетди.

Забардаст олим Неъмат Полвоновга шоирона лутф билан шундоқ таъриф бергим келади: МАЪНАВИЯТИМИЗ НЕЪМАТИ, ТАРИХЧИЛАР ПОЛВОНИ! Бу ҳамкасбимиз билан кўплаб маънавий-маърифий тадбирларда биргамиз. Зукко олим қанчалик теран фикрли эканини ҳар бир маърузасида, телевидениедаги чиқишларида намоён этади. Сўзлари салмоқли, жарангдор ва энг муҳими, ғоят сермазмун бўлган заҳматкаш домламиздан кўпчилик ибрат олишини истардик.

Тарих факультети талабаси Сайфулла Аширнинг сўнгги пайтларда ЎзМУ сайтида ёритилаётган хабар-у мақолалари умид уйғотмоқда. Бу ноёб истеъдод соҳибини ЎзМУ Матбуот котиби лавозимига ўриндош сифатида тавсия этдик. Келгусида унинг умидли ижодкор ва олим бўлиб камолга етишига тилакдошмиз.

Атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг машҳур “Уч илдиз” романи айнан шу Тарих факультетидан ёзилгани яхши маълум. Асарда 1950-1955 йиллардаги воқеалар қаламга олинган. Наздимда, роман қаҳрамонларининг издошлари бугун ҳам шу факультетга файз киритиб тургандек таасурот қолдиради. Тошев ва Акбаров ролини эндиликда Муродулла Ҳайдаров, Аброр Хидиров, Неъмат Полвонов каби Устозлар, зукко талабалар Маҳкам, Очил, Гавҳар, Замира ролини Сайфулла Ашир ва Насиба Нарзуллаева каби ёш истеъдод соҳиблари давом эттираётганига ишонгим келади.

Бу факультетда камина ҳали таниб улгурмаган фидойи ҳамкасбларимиз, истеъдодли талабаларимиз қанча! Вақти келиб улар ҳақида ҳам фахр-ифтихор ила ёзишни дилга тугиб қўйганмиз.

Бироқ, энди “Уч илдиз” романида тасвирланган Эшонбоевга ўхшаш номуносиб “домла”лар, Зокирга ўхшаш билими пуч бўлса-да ҳавойи, димоғдор бўлиб юрадиган талабалар чиқмаса керак, деб умид қиламиз…

Хуллас, Тарих факультетининг ҳар бир ўқитувчиси ҳам, талабаси ҳам тарихга дахлдордек, уларнинг ишлари – тарихийдек туюлаверади.

Дошқозондаги сумалак пишгунига қадар шууримдан ўтган шу ўйларимни фахр ила Сизга ҳам илиндим, азизлар!

 т2

Дониш домла

 

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>