Тасанно сизга, Ватан шарафини юксалтирган спортчилар

“Рио – 2016”дан олимпиадачиларимиз Ватанимизга 4 олтин, 2 кумуш, 7 бронза медални олиб келди

Тасанно сизга, Ватан шарафини юксалтирган спортчилар

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этган спортчиларимиз мамлакатимизга қайтиб келди. 23 август куни Тошкент аэропортида ушбу нуфузли мусобақа ғолиблари, совриндорлари ва иштирокчилари тантанали кутиб олинди.

Шу муносабат билан бу ерга давлат ва жамоат ташкилотлари, жамоатчилик вакиллари, спортчилар, олимпиадачиларнинг ота-оналари ва яқинлари, журналистлар жам бўлди.

…Спортчиларимиз ўтирган самолётнинг қўнишига ҳали вақт бор. Даста-даста гул кўтарган юртдошларимиз ҳаяжонда, қувончининг чеки йўқ. Айниқса, Олимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлиб Ватанимиз довруғини оламга янада кенг таратган спортчиларимизнинг ота-оналари, яқинлари беҳад мамнун.
“Баракалла ота ўғил, бопладингиз!”. Ўғли Ҳасанбойни бағрига маҳкам босиб шундай дейишни дилига туккан, фарзанди билан бўлажак дийдор онларини интиқлик билан кутаётган Маъруфжон Ҳайитбоевни суҳбатга тортамиз:
– Ҳаяжонланаяпман, этим жимирлаб кетаяпти, ўғлим чемпион, ахир! – дейди Маъруфжон ака. – Ўғлимнинг ғалабаси нафақат қишлоғимиз аҳлини, балки бутун Ўзбекистон халқини руҳлантириб юборди. Болам, мақтанишга йўйманг-у, фарзандларим, айниқса, Ҳасанбойнинг Ватанимиз довруғини олам узра тараннум этаётганидан, эл-юртимизга хизмат қилаётганидан ич-ичимдан фахрланаман. Спортчиларга доимо ғамхўрлик кўрсатаётган Президентимиз ва халқимиз ишончини оқлаганидан беҳад хурсандман. Агар муборак истиқлол бўлмаганида ўғлим Ширмонбулоқдаги томошалардан нарига ўтолмасди. Унинг ғалабаси мамлакатимизда спорт, айниқса, болалар спортига қаратилаётган юксак эътиборнинг амалдаги ифодасидир.
…Соат 21:00. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг спортчиларимиз ўтирган махсус авиалайнери Тошкентга қўнгани эълон қилинади. Орзиқиб кутилган лаҳзалар етиб келди. Бутун дунё нигоҳи қадалган Рио майдонларида Ўзбекистон номини шарафларга буркаган спортчиларимиз давлатимиз байроғини баланд кўтарган ҳолда она Ватан заминига қадам қўяди. Карнай-сурнай садолари янграйди. Лобар қизлар уларга гуллар тақдим этади.
Тантанали маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Н.Йўлдошев, Ўзбекистон халқ артистлари Э.Комилов, О.Назарбеков, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, таэквондо бўйича жаҳон чемпиони Д.Холжигитова, Олимпиада чемпиони Ҳасанбой Дўстматовнинг онаси Д.Ҳайитбоевалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёш авлоднинг жисмонан ва маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши, спорт билан мунтазам шуғулланиши, ўз истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун яратилган кенг шароитлар юксак самаралар бераётганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон спорт оламида янги саҳифа очган олимпиадачиларимизни ушбу юксак ғалабалар билан табриклади. Ўзбекистон халқ шоири С.Саййид олимпиадачиларимиз ғалабасига бағишланган шеърини ўқиди.
Ғолиб ва совриндор спортчиларимиз номидан сўзга чиққан Ҳасанбой Дўстматов, Руслан Нурудинов, Шаҳобиддин Зоиров, Фазлиддин Ғойибназаров, Бектемир Мелиқўзиев бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимизга самимий миннатдорлик билдирди. Келгусида бундан-да юксак ғалабаларни қўлга киритишга ваъда берди.
– Бизни бундай катта тантана билан кутиб олишганидан хурсандмиз, – дейди XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари кумуш медали соҳиби Шаҳрам Ғиёсов. – Бу эътибор ва ғамхўрлик бизнинг келажакда янада юксак муваффақиятларга эришишимизда қувват бўлади. Фурсатдан фойдаланиб, бутун халқимизни мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрами билан табриклайман.
– Ёшларга юксак ишонч билдирадиган, бирор нуфузли мусобақага кетса тантанали кузатиб, байрам қилиб кутиб оладиган мамлакат дунёда кам. Ҳозир қувончдан теримга сиғмай кетаяпман. Ҳаммаси учун раҳмат, – дейди XXXI ёзги Олимпия ўйинлари бронза медали соҳиби Диёрбек Ўрозбоев. – Олимпиада нафақат мен учун, балки бутун терма жамоамиз учун омадли бўлди. Биз, ёшларнинг қўлга киритаётган бундай ютуқларимиз мустақиллигимиз шарофати, Президентимизнинг меҳр-эътибори, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши туфайлидир.
Спортчиларимизнинг самимий дил сўзларини тинглаб, ўзига ишончи мустаҳкамлигини ҳис қилиб, дадил ҳаракатларини кузатиб, ота-оналарнинг кўзларида қувонч ёшларини кўриб шундай озод ва обод Ватан фарзанди эканидан кишининг қалби чексиз ифтихорга тўлади. Ўғил-қизларимизнинг хаёлидан “Мен ҳам мана шу акаларим, опаларимдек бўлсам, ота-онам, яқинларим, Президентимиз, халқимиз менга ҳам шундай ишонч билдирса, “Болаларим, менинг фарзандларим! Маррани доимо баланд олиб яшанг. Эртанги кун бизники, сиздек шижоатли ёшларники”, деб қўллаб-қувватлаб турса, бундан ортиқ бахт борми?!”, деган орзиқишнамо ўй ўтади.
15.JPG
Хаёлга толасан киши. Нега 25-30 йил илгари битта-иккита адашиб чиқиб қолган спортчини инобатга олмасак, қолган истеъдодларимиз, таъбир жоиз бўлса, Тўйтепадан нарига ўтолмаган, овози икки дарё оралиғида қолиб кетган? Нима, асрлар давомида жаҳон илм-фани ва маданияти тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган Беруний, Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек каби ўнлаб алломалар, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди сингари буюк саркардалар, кураги ерга тегмаган Паҳлавон Маҳмуддек полвонларни тарбиялаган халқ бирданига истеъдодсиз бўлиб қолганми? Йўқ, албатта. Ўзбекистон замини ҳамиша истеъдодларга бой бўлган. Буни кўҳна тарих бот-бот исботлайди.
Ёмғир билан қуёш нури уйғунлашмаса, камалак ёғду сочмайди. Офтоб кўрмаган ниҳол кўкка бўй чўзмайди… Инсон ҳам шундай: озод бўлсагина буюк мақсадлар билан яшайди, тараққиёт билан ҳамқадам бўлади. Бунинг устига, Президентимиз айтганидек, парвоз учун зарур майдон, қанот бўлса-чи?! Ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, санъат, спорт ва бошқа соҳаларда истеъдодлар ҳаммани ҳайратга солиб юзага чиқаверади. Ғолиблар, чемпионлар етишаверади.
…Олимпиада ғолиб ва совриндорлари, иштирокчилари, уларнинг ота-оналари ва яқинлари кабриолетнамо усти очиқ автобусга ўтириб кетма-кет йўлга чиқади. Музаффар спортчиларимизни атай кутиб олиш учун йиғилганларнинг адоғи кўринмайди. Улар йўл четида турнақатор тизилиб спортчиларимизни қўлларидаги байроқчаларни ўйнатган ҳолда тарихий ғалаба билан қутлайди. Чексиз ифтихорга тўла ҳайқириқлар, олқишлардан этингиз аллақандай жимирлаб кетади. Шаҳримиз аҳолисининг ёниб турган кўзлари, гулгун чеҳраси оламни ўзига маҳлиё айлаган юрт фуқароси эканидан фахрланаётганини ифодалайди. Тасанно сизга, Ватан шарафини юксалтирган спортчилар!
“Рио – 2016”да Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилган спортчиларимиз минглаб кутиб олувчилар ҳамроҳлигида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига етиб келади. Карнай-сурнай садолари янграйди. Ёрқин ғалабалари билан бутун халқимизни хушнуд этган спортчиларимизга зар тўн кийдирилди.
Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йилларидан ҳар томонлама баркамол, ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни вояга етказиш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши этиб белгиланди. Жисмоний тарбия ва спорт умуммиллий ҳаракатга айланди. Барча соҳалар қатори спорт ҳам жадал ривожланди.
Анъанавий ўтказиб келинаётган уч босқичли спорт тизими – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақалари ёшларни спортга кенг жалб этиш, профессионал спортчиларни тарбиялашда алоҳида ўрин тутмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан дунё миқёсида кузатилмаган мутлақо янги тизим – Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг тузилгани бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш, янги босқичга кўтариш ва изчил давом эттиришда муҳим омил бўлмоқда.
Мутлақо янгича асосда бунёд этилган таълим-тарбия, спорт ва маданият масканларида замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, Ўзбекистоннинг буюк келажагини ўз куч-қуввати, ўз ақл-заковати билан қурадиган ёш авлод камол топмоқда. Улар нуфузли халқаро мусобақаларда, олимпиада ва жаҳон чемпионатларида ҳеч кимдан кам эмаслигини ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини амалда исботлаётгани барчамизни қувонтиради.
Илгари халқимиз тилида “чекка қишлоқ”, “олис ҳудуд” деган “атама”лар бўларди. Манзараси ҳам шунга монанд: чанг кўчалар, пастқам, лойсувоқ уйлар. Шароитини-ку айтмаса ҳам бўлаверади. Бугун “чекка ҳудуд” деган атама ёзма ва оғзаки нутқимиз, тасаввуримиздан ўчган. Қишлоқ шароити шаҳарникидек. Қаранг, “Рио – 2016”да ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларимизнинг аксарияти, 20-25 ёшда. Улар мустақиллик йилларида туғилиб вояга етган, истиқлол иншоотларида савод чиқарган, спорт ҳадисини олган. Ёшларимизнинг дунёнинг мана-ман деган чемпионларини зумда енгишини кузатар экансиз, таълим-тарбия ва спорт соҳаларида амалга оширилган ишларнинг ёрқин самарасини кўрасиз.
Бу, Президентимизнинг агар биз Ўзбекистоннинг бутун дунёга ном қозонишини истасак, юртимизнинг қайси ҳудудида бўлишидан қатъи назар, йилт этган истеъдод эгаларини излаб топиш ва қўллаб-қувватлашга барчамиз масъул эканлигимизни унутмаслигимиз керак, деган сўзларининг амалдаги исботидир.
Буни спортчиларимизнинг биргина ёзги Олимпия ўйинларидаги иштироки мисолида ҳам кўриш мумкин.
12.JPG
1996 йили Атлантада ўтган ёзги Олимпия ўйинларида юртдошларимиз биттадан кумуш ва бронза медалини қўлга киритган. 2000 йил Сидней шаҳри мезбонлик қилган баҳсларда спортчиларимиз битта олтин, битта кумуш ва иккита бронзани мамлакатимизга олиб келган. Афинада 2004 йили ўтказилган беллашувларда спортчиларимиздан икки нафари шоҳсупанинг биринчи, яна шунчаси учинчи ва бир нафари иккинчи поғонасини банд этган бўлса, 2008 йилги Пекин Олимпиадасида улар 6 медални қўлга киритган: 1 олтин, 2 кумуш, 3 бронза. Олимпиячиларимиз 2012 йили Лондондан битта олтин, иккита бронза билан қайтиб келган. “Рио – 2016”да юртдошларимизнинг 4 олтин, 2 кумуш, 7 бронзани қўлга киритгани Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик шукуҳи билан яшаётган халқимизга муносиб совға бўлди.
Эътибор берсангиз ёшларимиз Олимпиададан ҳеч қачон медалсиз қайтмаган.
Мустақиллик йилларида спорт соҳасида амалга оширилган ишлар натижаси таҳлили учун яна бир мисол. “Рио – 2016”да дунёнинг икки юздан зиёд давлатидан спортчилар қатнашди. Улар орасидан 87 давлат спортчиларигина шоҳсупага кўтарилди. Олтин медални қўлга киритганлар янада кам – 59 та. Ўзбекистон спортчилари 13 медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида 21-ўринни банд этди. Ўзбекистон спорт делегацияси Осиё давлатлари орасида тўртинчи, МДҲ давлатлари орасида иккинчи, Марказий Осиё давлатлари ўртасида биринчи ўринни эгаллади.
Боксчиларимиз 3 олтин, 2 кумуш ва 2 бронза медални қўлга киритиб, Куба, АҚШ, Буюк Британия ва Россия каби бокс энг ривожланган давлат спортчиларини ортда қолдириб, дунёда биринчи ўринни эгаллади.
Президентимизнинг 2013 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги қарори спортчиларимизнинг ушбу нуфузли мусобақада юксак натижаларни қайд этишида муҳим дастуриламал бўлди.
Рио-де-Жанейрода ўтган Олимпия ўйинларида 70 нафар спортчимиз академик эшкак эшиш, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, бадиий гимнастика, бокс, дзюдо, енгил атлетика, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, стол тенниси, сузиш, таэквондо (WTF), теннис, трамполин, ўқ отиш, эркин ва юнон-рум кураши каби қатор спорт турлари бўйича баҳслашди. Улар орасида Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатлари ғолиб ва совриндорлари бўлган тажрибали спортчилар билан бир қаторда ушбу мусобақада илк маротаба иштирок этган ёш спортчилар кўплиги мамлакатимиз спорт салоҳияти юксалиб бораётганидан далолат беради.
Натижа кутилганидан ҳам зиёд бўлди. ХХХI ёзги Олимпия ўйинларида боксчиларимиздан Шаҳрам Ғиёсов, Бектемир Мелиқўзиев кумуш, Рустам Тўлаганов, Муроджон Аҳмадалиев, дзюдочилар Ришод Собиров, Диёрбек Ўрозбоев, эркин кураш бўйича Элмурод Тасмуродов, Ихтиёр Наврўзов, Магомед Ибрагимов Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобига биттадан бронза медаль қўшди.
ХХХI ёзги Олимпия ўйинларининг энг муҳим воқеаларидан бири бокс мусобақаларида рўй берди. 49 килограмм вазн тоифасидаги баҳсларда ўзбек боксчиси Ҳасанбой Дўстматов мексикалик Хоселито Веласкес, қозоғистонлик Биржан Жакипов, АҚШ вакили Нико Мигель Хернандесни мағлубиятга учратиб, финалга чиқди.
Ҳасанбойнинг финал жангини беҳаловат кўрмаган, ғалабасини – мусобақадаги илк олтин медалимизни бетоқатлик билан кутмаган юртдошларимиз бўлмаса керак. Масалан, биз жангни жўралар билан бирга кўрдик. Олимпиада олтин медали учун ҳал қилувчи баҳс муросасиз кечди. Чор- атрофдан “Ур!”, “Йиқит!”, “Бўш келма, Ҳасанбой!”, деган ҳайқириқлар қулоққа чалинади. Сўнгги раундни ҳамма тик ҳолда кузатди. Якунда Ҳасанбой колумбиялик Юберхен Мартинесни енгиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Ҳасанбой Олимпия ўйинларида энг ёрқин жангларни олиб боргани учун “Рио – 2016” олимпиадасининг энг яхши боксчиси сифатида Вэл Баркер кубоги билан тақдирланди.
Таниш-нотаниш ҳамма бир-бирини ғалаба билан қутлади – олтин медаль муборак!
6.JPG
Уйга қайтаётсак, кишини қувонтирадиган, қалбида Ватанига бўлган муҳаббатини янада жўш урдирадиган ажиб манзарага кўзимиз тушди: аксарият машиналарнинг орт ойнасига “Рио – 2016” белгиси ёпиштирилган. Тепа қисмига Ўзбекистон байроғи тиркалган. Юрганда мағрур ҳилпирайди.
Спорт – тинчлик, ҳамжиҳатлик элчиси. Одамларни жипслаштиради. Қалбида ватанпарварлик ҳиссини жўш урдиради. Наинки ҳайдовчи, бутун халқимиз Риодаги Олимпиадада фақат Ўзбекистон байроғи юқорига кўтарилишини истадик. Фақат ўзимизнинг байроқни кўришни, мадҳиямизни тинглашни истадик.
Шундай ҳам бўлди. Шукр!
Оғир атлетикачи Руслан Нурудинов ҳам Олимпиада олтин медали билан тақдирланди. У штангани даст кўтаришда 194, силтаб кўтаришда 237, иккикураш натижасига кўра 431 килограмм натижа қайд этиб, Олимпия ўйинлари ғолиби бўлди. Унинг силтаб кўтаришда кўрсатган натижаси Олимпиаданинг янги рекорди сифатида мана-ман деган соҳа мутасаддилари томонидан кенг эътироф этилди. Чет эл оммавий ахборот воситалари ўзбек фарзандини мақтаб мақолалар ёзди.
Мана улардан бир шингили: “Нурудинов 2012 йилда Лондон Олимпиадасида 4-ўринни эгаллаганидан сўнг унинг чап тиззасида жароҳат пайдо бўлди. Шу боис у 2013 йилдан 2015 йилгача спорт мусобақаларида қатнаша олмади. Руслан ўша дамларда ўзида катта куч ва ирода топиб, яна спорт мусобақаларига қайтиш ҳақида ўйлади ҳамда бугун шундай юксак маррани эгаллади”. Agence France-Presse.
“У силтаб кўтаришда 237 килограмм натижа билан Олимпия ўйинларининг янги рекордини ўрнатди. Иккикураш якуни бўйича олтин медални қўлга киритди. Шу пайтгача Марказий Осиё давлатлари орасида ҳеч бир оғир атлетикачи бундай муваффақиятга эриша олмаган”. www.nbcwashington.com
Мамлакатимиз спортчилари халқимизни хушнуд этишда, олтин медаллар сонини кўпайтиришда, Ватанимиз шуҳратига шуҳрат қўшишда давом этди.
– Мусобақада конголик Дивал Малонган, ҳиндистонлик Манож Кумар, АҚШ вакили Гари Рассел, россиялик Виталий Дунайцев, финалда Озарбайжон шарафини ҳимоя қилган Лорензо Коллазо Сотомайорни енгиб, олтин медалга сазовор бўлдим, – дейди XXXI ёзги Олимпия ўйинлари ғолиби Фазлиддин Ғойибназаров. – Менда финалдаги баҳс, айниқса, катта таассурот қолдирди. Рингга чиққанимда дастлаб юртдошларимиз қўллаб-қувватлаган бўлса, иккинчи ва учинчи раундда залдаги томошабинларнинг “Uz-be-kis-tan!”, “Uz-be-kis-tan!” деган ҳайқириқлари қулоғимга чалина бошлади. Ғалаба қозонишимни наинки ватандошларимиз, дунё аҳли ҳам истаётганини англадим. Ҳакам қўлимни кўтарганида кўзимдан ёш отилиб чиқди. Ўша лаҳзада туйган ҳисларимни сўз билан ифодалаб беролмайман. Муҳими, ишончни оқладим, Ватанимиз байроғи энг баланд кўтарилди, мадҳиямиз дунё узра жаранг сочди!
– Риодаги иштирокимни саралаш босқичидан бошлаганимда вақти келиб Ҳасанбой Дўстматов, Шаҳрам Ғиёсов, Бектемир Мелиқўзиев ва Фазлиддин Ғойибназаров қаторида бокс беллашувларининг финалига йўлланма олишим хаёлимга ҳам келмаган эди, – дейди ёзги Олимпия ўйинлари ғолиби Шаҳобиддин Зоиров. – Рақибларимни мағлуб этганим сари Президентимиз, юртдошларимиз билдирган ишонч масъулияти ортди. Финал жангига киришишдан аввал устозим “сен бу ерга нафақат ўзбекистонлик боксчи, балки Ўзбекистоннинг юзи ҳам бўлиб келгансан. Юзинг ерга қарамасин”, деди. Хулоса қилдим. Натижаси маълум!
Боксчиларимиз Ҳасанбой Дўстматов, Шаҳобиддин Зоиров, Фазлиддин Ғойибназаров, оғир атлетикачимиз Руслан Нурудинов ғалабаси шарафига ХХХI ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон Республикаси байроғи кўтарилиб, давлат мадҳияси янгради.
Булар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ёш иқтидор соҳибларини аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, уларни юксак ижодий парвозлар сари рағбатлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самараси сифатида Ўзбекистон ёшларининг дунёда ҳеч кимдан кам эмаслигини намоён этаётганидан яна бир далолатдир.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев иштирок этди.
Бекзод Ҳидоятов, Зиёдулла Жонибеков, Сарвар Ўрмонов, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>