Тил ва илм – тафаккур ёғдуси

Фан-таълим, илм-маърифат ҳамма даврда жамият тараққиётига хизмат қилган.

Буни биргина шу йил 15-16 май кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусида халқаро илмий конференциясида баён этилган кўплаб дурдона фикрлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримовнинг ушбу халқаро анжуман очилиш маросимида сўзлаган нутқини такрор-батакрор мутолаа қилган саринг дунёни ҳайратга солган буюк аждодларимизнинг беқиёс ва бебаҳо илмий мероси моҳиятини теран англаб етаверасан. Юртбошимизнинг ушбу нутқи бугунги ёш авлод, айниқса, илм йўлида изланаётган талабаларимиз учун ўзига хос сабоқ бўлиши шубҳасиз.

ЮНЕСКО бош директори ўринбосари Хуберт Гизеннинг нутқи ҳам анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Анжуманда АҚШнинг Жон Хопкинс университети қошидаги Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси, профессор Фредрик Старр, япониялик бобуршунос олим, Рюкоку университети профессори Эйжи Мано, Қоҳира университети профессори Магида Маҳлуф, “Абу Али ибн Сино – Франция” уюшмаси президенти, профессор Марк Боннел каби илм-фан фидойиларининг чиқишларида буюк аждодлар меросини теран нигоҳ билан ўрганиш баробарида бугунги олим ва маърифатпарлар олдида турган вазифалар ҳақида ҳам сўз юритилгани айни муддао бўлди.

Илм-фан ривожида илмий ҳамкорликнинг ўрни беқиёс. Дунёдаги илғор мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари бу борада салмоқли ишларни амалга ошираётгани таҳсинга лойиқдир. Мустақиллик шарофати билан республикамизнинг ўнлаб олий таълим муассасалари ҳам дунё билан бўйлашмоқда. Мамлакатимизда карвонбоши илм даргоҳи дея эътироф этилган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети 1995 йилда АҚШнинг Вашингтон университети билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатгани илм аҳли учун катта воқеа бўлган эди. Бугунги кунда наинки ЎзМУ, шу билан бир қаторда республикамиздаги деярли барча олий таълим муассасалари ўнлаб тараққийпарвар давлатларнинг университетлари билан илмий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйгани эътиборга моликдир.

Дунё кўрган дунё билан бўйлашади, деган гап бежиз айтилмаган. Биз замонавий илмлардан баҳраманд бўлиш, илм-фан тараққиётида дунё билан бўйлашиш учун энг ривожланган давлатлар тажрибасини яқиндан ўрганиб боришимиз мақсадга мувофиқдир. Атоқли адиб ва олим Муҳаммад Алининг 2000 йилда “Шарқ” нашриёт-матбаа концерни бош таҳририятида чоп этилган “Мен кўрган Америка” китоби ўқувчини сеҳрли диёр – АҚШ олий таълим муассасалари билан ошно этади.

Муаллиф юртимиз истиқлоли шарофати билан 1992 йилда Сиэтлдаги Вашингтон университети Яқин Шарқ тиллари ва маданияти факультети декани, Марказий Осиё тиллари ва маданияти Ёзги программаси раиси, профессор Илза Сиртаутас хоним таклифи билан АҚШга боргани ва у ерда таълим соҳасида қандай ҳамкорлик қилгани ҳақида ҳикоя қилади.

Китобда аввало бу тараққийпарвар мамлакатнинг бугунги манзараси маҳорат билан тасвирланади. 1930-31 йилларда 102 қаватли “Эмпайр стейт билдинг”, 1931-40 йилларда “Рокфеллер биноси”, 1947-52 йилларда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг кўркам иморати, Чикаго шаҳридаги 1970-74 йилларда тикланган 109 қаватли (баландлиги 442 метр) “Сирс ва Робак” биноси ва бошқа иншоотлар қад ростлагани ҳақида сўз юритилади.

Сиэтл шаҳрида 6 университет, қирқдан ортиқ коллеж, етмишдан ортиқ театр мавжуд экан. “Тикувчилик ва полиграфия саноати кучли ривожланган бу шаҳарда кўплаб газета-журналлар нашр қилинади,– деб ёзади муаллиф.– “Нью-Йорк пост” 1801 йилда ташкил этилган оқшом газетасидир, “Нью-Йорк таймс” (1851) бир ярим миллион нусхада босилади, “Нью-Йорк дейли ньюс” (1919) газетасининг якшанба кунги сонлари уч миллион нусхага бориб қолади”. Бу маълумотлар “Жаҳон журналистикаси тарихи” фанини пухта ўрганаётган бўлғуси журналистларимиз учун ўзига хос манба бўлиб хизмат қилишини изоҳлашга ҳожат йўқ.

Китобни иштиёқ билан мутолаа қилар экансиз, она тилимизнинг Америка Қўшма Штатларидаги жонкуяри ва тарғиботчиси туркшунос олима Вашингтон университети профессори Илза Лауде Сиртаутас билан руҳан ва маънан ошно бўлиб қоласиз. Миллий адабиётимиз, маданият ва санъатимиз жонкуяри бўлган бу фидойи олима – Илзахоним номи билан қалбимиздан жой олган.

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги куни муносабати билан Президентимиз Ислом Каримов номига кўплаб табрикномалар келишини ҳаяжон билан кузатамиз. Ўз навбатимизда Юртбошимиз ҳам уларга жавоб мактуби йўллайди. Китобда ана шундай мактублардан бири ҳақида мутолаа қилар экансиз, вужудингизни беихтиёр ҳаяжон қоплайди.

“Вашингтон университети профессори, Марказий Осиё тиллари ва маданияти Ёзги Программаси раиси

Илза Лауде Сиртаутасга

Муҳтарама Илзахоним!

Ўзбекистон Республикаси мустақиллик куни тўрт йиллиги муносабати билан юборган табригингиз, ўзбек халқи шаънига билдирган эзгу тилакларингиз учун Сизга ва шогирдларингизга чуқур миннатдорчилик изҳор этаман.

Сизларнинг ўзбек тили ва маданиятига бўлган зўр қизиқишингиздан жуда мамнунман. Ўзбек тили, адабиёти, тарихи чиндан ҳам ўрганишга арзийдиган қадимий, бой маданиятлар сирасига киради. Ўйлайманки, шундай маънавий-маърифий алоқаларни яна ҳам камол топдириш, шубҳасиз, ижобий самаралар беради.

Бу соҳада шахсан Сизнинг Илзахоним, хизматингизни юксак қадрлайман, икки дўстона мамлакатлар ўртасидаги маданий алоқалар янада ривожланади деб умид қиламан.

Сизга ва барча шогирдларингизга сиҳат-саломатлик, бардамлик, улкан ишларингизда муваффақиятлар тилайман!

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                      Ислом КАРИМОВ

Тошкент, 1995 йил 23 август”

 

Илзахоним ЎзМУнинг Фахрий доктори бўлгани ва бу дорилфунуннинг Вашингтон университети билан илмий ҳамкорлик ришталарини ўрнатишда чинакам фидойилик кўрсатгани ҳақида муаллиф атрофлича ҳикоя қилади. “Илзахоним асли тилшунос. Ҳамбург дорилфунунида “Туркий тилларда ранг отлари” мавзуида докторлик диссертациясини ёқлади,– деб ёзади муаллиф.– Бу қизиқ мавзуни ёритиш асносида у ҳам туркий тиллар тарихини, ҳам адабиётини чуқур ўрганди. 1959 йилда Америка Қўшма Штатларига кўчиб келганида у танилган турколог-туркшунос мақомида эди. Аввал Пенсильванияда Далласдаги коллежда, сўнг Блумингтонда Индиана университетида иш олиб борди. Бу ерда талабаларга ўзбек тилидан, қадимги турк тилидан сабоқлар берди. Гуруҳлар ташкил этиб Америка ёшларига ўзбек тилини ўргатди, тарғиб қилди, толмади… 1968 йилда Илзахонимни Сиэтлдаги Вашингтон университетига таклиф қилдилар, у Осиё тиллари ва адабиётлари факультетида фаолият кўргизди. 1980-82 йилларда Германияда Бонн университетида иш олиб борди. 1987 йилда Вашингтон университети Яқин Шарқ тиллари ва маданияти факультети декани бўлиб тайинланди. У айни пайтда Марказий Осиё тиллари ва маданиятини ўрганиш Ёзги Программаси раиси”. Муаллиф қайд этишича, Вашингтон университетида йил давомида ўзбек тили ўқитилади. 1980 йилда Илзахонимнинг Америка университетларида ўзбек тилини ўрганувчиларга мўлжаллаб ёзган “Ўзбек адабий тили хрестоматияси” китоби Олмонияда Висбаден шаҳрида дунё юзини кўрди. Маълумки, бу шаҳарда машҳур Брокгауз қомусий нашриёти жойлашган, китоб нашр этишда ўзининг анъаналарига эга шаҳар. 254 саҳифалик китобга Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Ўлмас Умарбеков ва бошқа адибларимизнинг ҳикоялари асил нусхада киритилган, айрим идиоматик бирикмалар, ўзбакий ибораларга чиройли тушунтиришлар берган, инглизчага таржима қилган. Китобнинг охирига илова қилинган глоссарий (тушунилиши қийин бирикмалар, сўзлар) унинг қимматини ошириб юборган: уни ҳозирги адабиётимиз билан танишмоқчи бўлганлар ҳам, тилимизни ўрганмоқчи бўлганлар ҳам бирдай қизиқиш билан ўқийдилар.

Тил билган эл билади, деган ҳикматли гап замирида оламча маъно мужассам. АҚШликларга она тилимиздан сабоқ берган олим ва адиб Муҳаммад Али мазкур китобида шундай ёзади: “америкаликларнинг ҳар бири камида тўрт-беш тилни билади, бу одатий ҳол. Америкаликлардан ўрганишимиз керак бўлган яхши одатлардан бири бу – тил ўрганишга бўлган муносабат. Тил ўрганиш – зарурат, ҳаётий эҳтиёж, жаҳонга чиқишнинг энг биринчи шартларидан ҳисобланади. Америкаликлар, одатда, дунё кезишни, сафар қилишни яхши кўришади, бунда тил билиш жуда қўл келади. Уларнинг аниқ мақсадлари ҳам бор. Масалан, ҳар гал ўзбек тилини ўрганаётган аспирант ва талабалар билан шу ҳақда гаплашганимда маълум бўладики, бири фанимизга қизиқади, бошқаси санъатимизга, учинчиси тарихимизга, тўртинчиси адабиётимизга…. Яна бири Ўзбекистонда тижорат ишларини олиб бормоқчи, биттаси аниқ қилиб, Америка Қўшма Штатларининг Тошкентдаги элчихонасида ишламоқчиман, деди. Ўзбек тилини ўрганаётганлар ичида АҚШнинг турли Штатларидан талабаларни кўриш мумкин эди”.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасида яқинда “АҚШ таълим тизими, халқаро таълим тажрибаси” мавзусида бўлиб ўтган давра суҳбатида иштирок этдим. Унда бу мамлакатда таълим соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Тадбир давомида камина “Мен кўрган Америка” китобида ўқиганларим билан бу ерда тақдим этилаётган маълумотларни қиёсий таҳлил қилиб ўтирдим.

Элчихона ходималаридан бири Лори Трейвис хоним “Ўзбекистонда ёшларнинг инглиз тилини ўрганишга бўлган қизиқишлари тобора ортиб бораётгани”ни алоҳида таъкидлади. Унинг қайд этишича, бундан ўн йил олдинги давр билан таққослаганда бугунги ёшлар инглиз тилини анча пухта ва мукаммал эгаллагани сезилиб турибди.

Дунё билан бўйлашаётган Ўзбекистон ёшларининг жаҳон тилларини мукаммал ўрганишларида муҳтарам Президентимизнинг 2012 йилдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ғоят муҳим ўрин тутмоқда. Қарорда қайд этилганидек, мамлакатда Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунини ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини амалга ошириш доирасида чет тилларга ўқитишнинг комплекс тизими, яъни уйғун камол топган, ўқимишли, замонавий фикрловчи ёш авлодни шакллантиришга, республиканинг жаҳон ҳамжамиятига янада интеграциялашувига йўналтирилган тизим яратилди.

Оққан дарё оққани мисол асрлар мобайнида дунёга довруқ солган буюк алломаларимизнинг илм-фан, таълим соҳасидаги улуғвор ишларини изчил давом эттиришлари учун бугун интеллектуал салоҳияти юксак ёшларимиз жуда катта имкониятларга эгадир. Тил ўрганиш – ана шу имкониятлар эшигини янада кенгроқ очади. Буни яхши англаган АҚШлик ёшлар ҳам ўзбек тилини қанчалик қизиқиш билан ўрганаётганларини “Мен кўрган Америка” китобидан иштиёқ билан ўқиган бўлсам, ўзимизнинг йигит-қизлар инглиз тилини пухта ўрганаётганлари ва дунё билан бўйлашишга астойдил интилаётганларини ҳар куни кўриб, дилда умид куртаклари барқ ураверади.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

Мирзо улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети

Журналистика факультети доценти, филология фанлари номзоди.

Манба sharh.uz сайтидан олинди.

Вам может также понравиться...

Ответов: 5

  1. “америкаликларнинг ҳар бири камида тўрт-беш тилни билади, бу одатий ҳол. Америкаликлардан ўрганишимиз керак бўлган яхши одатлардан бири бу – тил ўрганишга бўлган муносабат. Тил ўрганиш – зарурат, ҳаётий эҳтиёж, жаҳонга чиқишнинг энг биринчи шартларидан ҳисобланади. » haqiqatdan ham til bilgan el biladi

  2. Til o’rganishga bo’lan ishtiyoq bu dunyoviy ilmlardan xabardor bo’lishga tomon qo’yilgan qadamdir. Bugungi kunda ilmga chanqoq yoshlar soni ortayotgani ulug’ allomalarimiznning munosib avlodlari yetishib chiqayotganidan dalolat.

  3. Til o’rganishga bo’lan ishtiyoq bu dunyoviy ilmlardan xabardor bo’lishga tomon qo’yilgan qadamdir. Bugungi kunda ilmga chanqoq yoshlar soni ortayotgani ulug’ allomalarimiznning munosib avlodlari yetishib chiqayotganidan dalolat.

  4. «Тил ўрганиш – зарурат, ҳаётий эҳтиёж, жаҳонга чиқишнинг энг биринчи шартларидан ҳисобланади»… Til o’rganish bugungi kunning dolzarb masalalaridan biriga aylandi.

  5. BAXTIYOR:

    BIZNING TILIMIZ YOKI SO’ZLASHISH MADANIYATIMIZ, FAQATGINA BILIMIMIZ ORQALI SHAKILLANADI VA HAMMAGA, XUSH KELADI!

Добавить комментарий для Fayoza Bahodirovna Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *