Тил – миллат кўзгуси

21 октябр – Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун.

Мана ушбу кунга ҳам 27 йил тўлмоқда. Шу қисқа йил ичида халқимиз она тилимиз – инсон маънавиятининг кўзгуси, уни асраб авайлаш ҳар биримизнинг энг олий бурчларимиздан бири эканлигини англаб етди. Байрам муносабати билан юртимизнинг барча ҳудудларида тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Мақсад: она тилимизнинг бой маънавий меърос эканлигини, уни аждодларимиздан қандай олган бўлсак авлодларга ҳам ўз ҳолича етказиш зарурлигини ёшлар онгига сингдиришдан иборатдир.

Бадиий ижодга қизиққаним боис ҳар бир нарсадан маъно ахтаришга ҳаракат қиламан. Бу ўринда байрам муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар ҳам эътиборимдан четда қолмади…

Тадбир бошланди. Халқимизнинг энг севимли қўшиғи, минглаб кишиларнинг орзу-умидлари яширинган миллий қўшиғимиз-ўзбекистон Республикасининг мадҳияси янгради. Бу қўшиқ менга шу он тилимизнинг нақадар азиз ва бетакрорлигини очиб бергандек туюлди. Бу миллий қўшиғимиз тилимизга қўйилган мустаҳкам ҳайкал ва унинг қудратини ўзида акс эттирувчи ягона нишон деб биламан. Тадбирни ёш, ҳали мактабнинг бошланғич синфида ўқийдиган укажон ва сингилжон олиб бориши эса тилимиз каттаю кичикнинг юрагида бир хил даражада, яниким, энг чуқурроқ ўрнини эгаллаб турганини англатди. Ўзларини Зулфияхонимнинг издошларимиз деб билувчи ва бунга муносиб бўлишга ҳаракат қилаётган ижодкор қизларнинг бурро тилда равон шеър ўқишлари тилимизнинг янада гўзаллиги ва сержилолигини бутун оламга ёяётгандек гўё. Миллий рақслар эса худди тилимизни ўзида акс эттирадигандек. Бир бирлари билан маржондек тизилиб, куйга ҳамоҳанг тарзда рақсга тушишлари, тилимиздаги матннинг кетма кетлик занжирни эслатади. иштирокчилар томонидан айтилган она Ватанимизни мадҳ этувчи, уни янада севишга ва қадрлашга чорловчи куй қўшиқлар барчанинг кўнглида жонажон тилимизга бўлган меҳрни оширади. Кўзлари қувончдан, шодликдан ёнаётган болажонларимиз тилимизни эъзозлаб, маррани эса янадла кенгроқ олаётганидан дил қувонади. Бу каби тадбирлар эса инсон учун энг бой маънавий озуқадир.

Она тилимиз ўз жозибаси ҳамда қиёси йўқ бетакрорликка эга. Дунёда тиллар кўп бироқ улар орасида Ўзбек тилидек сўзга, ибора ва ибратларга бой тил бўлмаса керак. Ҳа, ҳам шундай. Бугун дунё тилшунослари ўзбек тилидаги бой маънавий меъросни ўрганиб шу мазмундаги гапларни такидлашмоқдалар. Бундай тадқиқот ишларидан фақат фахр ва ифтихор туйғуларини туясан, киши. Дарҳақиқат. Илк бор онанинг тилидан айтилган алла. Шу орқали миллий куй ва миллий тилимиз онгда шакллланади. Бунда эса гўдакка алладаги эзгуликлар ва яхшиликлар ҳамроҳ бўлади. Биргина алла туфайли унинг ҳаёлида она Ватан, тарих, тинчлик каби тушунчалар пайдо бўлади. Биз биламизки, тил ижтимоий ҳодиса. Жамият тараққий этиши билан у ҳам маълум даражада шакланиб боради. Бизнинг ўзбек тилимиз ҳам асрлар давомида шаклланиб, сайқалланиб келмоқда. Бунда албатта Маҳмуд Қошғарий, Юсуф ҳос Ҳожиб, Аҳмад Яссавий ҳамда Ҳазрат Алишер Навоийларнинг ўрни беқиёсдир.

Ўзбек тилида сўзлашиш нақадар бахт. Биз эса мана шундай бахтиёр инсонлармиз. Келажагимизга бўлган ишонч юртимизда маънавиятга бўлган эътибордандир. Бугун кимдан сўрамайлик мустақиллигимиз ва бугунги дориламон кунларимизга шукрона айтишади. Биз келажаги буюк давлатлар қаторидамиз. Бугун бизнинг тилимизни дунё тан олди. Жаҳон ареналарида эса Ўзбекистон деб аталувчи давлат номи қайта-қайта такрорланмоқда. Ўзбек ўғлони “мен ўзбекман” деб, кўзларида фақат қувонч ёшлари билан байроғимизни қучмоқда. Бунда эса ўзбек тилида сўзлашадиган ҳар бир кишининг кўнглида муқаддас тилимизга нисбатан янада ғурурланиш туйғуси пайдо бўлади. Азизлар, Сизларни миллий Тил байрамимиз билан табриклайман. Тилимиздаги барча эзгу сўзлар ҳамроҳингиз бўлиб дилингизда эса ўзбек тилига бўлган меҳр асло сўнмасин. Зеро, тил миллат ва Ватан тимсоли.

Дилобар АСЛИДДИН қизи

Навоий давлат педагогика институти

Ўзбек тили ва адабиёти факултети 4 курс талабаси

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>