Тил – эл – феъл

ЎзА катта дарсхонага айланибди, дейди Дониш домла қуйида ҳавола этилган

мақолани қунт билан ўқишга ҳаммани даъват этар экан. Унга самимий муносабат билдириш ҳар бир онгли, маърифатли зиёлининг асл бурчи бўлмоғи лозим.

Тил – эл – феъл

“Давлат тили ҳақида” қонуни кучга кирган санани ўтказиб олганимизга ҳам ярим йил тўлмоқда. Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур туғилган кунларни ҳам байрам қилиб бўлдик. Тўғри, илгариги “тил ўн кунликлар”ига солиштирганда, эндигиси нисбатан танқидий, бор ҳолатдан қониқмаслик кайфиятида ўтди. Ўн бешинчи асрда (!) ўзбек тили ва адабиёти учун курашган, умрини берган буюк ва жонкуяр бобомиз, ўн олтинчи асрда (!) тарих, тил, адабиёт, урф-одатлар, география, зоология, ботаникага оид қимматли маълумотларни қамраб олган “Бобурнома”ни ўзбек тилида яратган улуғ ва жафокаш аждодимизнинг ҳурматию хизматлари одатдагидек ўз ўрнига қўйилди. Энг асосийси – ўтди-кетди. Келаси – ўттиз ва беш юз етмиш тўққиз, беш юз ўттиз етти йилликларгача худо пошшо…

Вақт чексиз, умр эса елдек экан: ўзбек тилига давлат мақомини бериш билан боғлиқ қайноқ ва ўйноқ жараён кечган пайтлар худди ўтган куни юз бергандек. Умуман мустақиллик учун кураш, хусусан, ўзбек тилининг қадр-қимматини тиклаш йўлидаги сиёсий жўшқинлик ва ижтимоий кўтаринкилик босқичига биз ҳам илиниб қолганимиздан ғурурланамиз. Ота ва ўз касбимиз – тарихчи олимлигимизни кўзда тутсак, бахтиёрмиз, десак ҳам арзийди. Негаки мутахассис сифатида давлат мустақиллигимизни тиклаш учун олишув тарихини ўрганиш, текшириш, тегишли тўхтамларга келиш учун жонли гувоҳ бўлганинг, кейинчалик ўзинг яшамаган ва билмаган давр ҳақида архив ва бошқа ҳужжатлар, хотиралар, ўзгалар ёзгани орқали тасаввур орттиргандан қимматли ва тотлироқдир, албатта.

Эсда турганлари кўп, бироқ бирига, ўйлашимизча, энг бош тўхтамимиз учун негиз бўлоладиганига урғу берсак. Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтида билик денгизига шўнғиб юрган кезларимиз. Барчанинг синчков кўзлари, зийрак қулоқларини ўзига тортиб турган, ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш мавзуси ушбу даргоҳ катта ўтоғида ҳам қизғин муҳокама этилди. Сўз олиб, тўпланганларни қуйидагиларга ишонтиришга чоғландик: ҳаммамиз кундалик иш юритишда ўзбек тилини қўллашни истаб келганмиз, келинглар, эртадан бошлаб ҳар биримиз ўз иш еримизда шу хоҳишимизни бажаришга киришайлик, қонун бу мажбурлов дегани-ку, бу билан биз ўзимизнинг кучсизлигимизни кўрсатиб қўймаяпмизми, ниятимизни рўёбга чиқариш учун бизга албатта қонун лозимми?

Мазкур чиқиш эътирозлар уйғотгани ҳам, биз ўз фикримизда қолганимиз ҳам табиий. Йиғилиш тугагач, ўрта ёшлардаги бир адиб олдимизга келиб, Азаматжон, ука, сиз минг бора ҳақсиз, аслида шундай бўлиши керак, бироқ тил билан боғлиқ муаммолар шу қадар маддалаб кетганки, уларни ечиш учун биз аввало тил кемамизни у узоқ йиллар боғланиб қолган бандаргоҳдан олиб чиқиб кетишимиз даркор, бунинг учун эса қонун керак, сўзлари хотиримизга тамғаланиб қолган…Неча йиллар ўтди, тил билан боғлиқ неларни кўрмадик, эшитмадик, лекин ҳар гал, исмлари ҳозир эсимизда йўқ, аммо юз кўринишлари ҳануз кўз ўнгимизда ўша зиёлининг мазкур сўзлари ёдга тушаверади (ул зотни кейинчалик бир-икки марта 1993 йил бошларида “Ипак йўли” газетаси таҳририятида кўрдик: ўзбек давлатчилиги тарихи бўйича ёзилган, “Адабиёт ва санъат”да чиқолмаган биринчи катта мақоламизни айни шу газета босган, аввал тахаллус, сўнг расмий от ва фамилияга айланган “Азамат Зиё” уларнинг таклифи, аниқроғи, муаллифларимиз фамилиясини шўродан қолган -ов, -ев, -ёв “босмачи” қўшимчаларсиз берамиз талаби билан туғилган).

Ўшанда қанчалар гўл бўлганимиздан бугун кулгимиз қистайди. Вақт ўтган сайин адибнинг ҳақлигига имон келтиравериш баробарида масала моҳиятини янада чуқурроқ англагандек бўлаверамиз. Маддалаб эмас, чириб кетган экан, деган хулосагача борамиз. Ўзи ўшанда бандаргоҳдан сал бўлса-да силжидикми ёки бир оз бўшаштирилган темир занжирдан туғилган “эркин сузиш” ясама туйғуси билан яшай бошладикми, саволлари ҳам қийнайди. Баъзан “қўрқинчли” ўйга ҳам борамиз: “Давлат тили ҳақида”ги қонун билан боғлиқ ҳамма машмашалар ва унинг “кучга кириши” шунчаки бир сиёсат бўлмаганмикан? Ҳокимият учун курашаётган томонлар қўлида бир ол байроқ вазифасини ўтаганмикан-қўйганмикан? Империя калтакларидан юрагини олдириб қўйган зиёлиларнинг эса бундан бошқасига тиши ўтмаганиданмикан? Ўзи шу қонун чиндан ҳам керак бўлганми, давлат ва жамиятда унга табиий ёки ақлий эҳтиёж бормиди ўзи?

Бу каби иккиланишларимиз бежиз эмас. Уларга туртки орадаги деярли ўттиз йил – бир йигит умрилик босқич кузатуви ва англовидир…

Тил шахс ва жамият салоҳияти ҳамда маданияти савиясининг ўзига хос белгисидир. Унинг воситасида мазкур даража сифатини билиб олиш мумкин. Чунки шахс ва жамият айнан тил орқали ахборот яратади, уни ҳазм қилади, узатади, қабул қилади. Ушбу жараён узлуксиз қайтарилиб, айланиб тураверади. Биз тилга сўзлашиш нарсаси сифатидагина муносабатда бўлиб қолганимиз учун бунга эътибор бермаймиз. Ҳолбуки, ҳайвонот оламида ҳам товушлар орқали ахборот алмашиш бор: сайраш, ириллаш, ўкириш, увиллаш, қичқириш ва бошқалар. Бу уларнинг яшаш учун кураш қонунияти доирасидаги туғма уринишларидир. Мазкур хусусият инсонда ҳам бор: кучсизлик ва кучлилик, тушкунлик ва қувонч, розилик ва эътирознинг барча кўринишларидаги ифодалар: йиғлаш, ингиллаш, додлаш, бақириш, ўкириш, чийиллаш, хўрсиниш, уҳ тортиш, кулиш, қаҳ-қаҳ уриш, ҳайқириш, ҳуштак чалиш, томоқ қириш, ясама йўталиш, ҳиммлаш, эйлаш ва бошқалар. Қизиғи, кўриш ва эшитишдек ҳодисаларни илмий жиҳатдан тушунтириб беришга қодир замонавий фан тилнинг келиб чиқишини ҳалигача асослаб беролгани йўқ. Демак, тилда қандайдир сир бор ва бу инсоннинг ўзи билан боғлиқ, деб ўйлаймиз.

Энг эски замонлар тарихчиси юнонлик Ҳеродотнинг ҳикоя қилишича, Доронинг таслим бўлиш ҳақидаги талабига жавобан скифлар ҳукмдори унга қуш, сичқон, қурбақа ва бешта ўқ юборганида, босқинчи буни ўз фойдасига йўйган экан: қуш осмонда учиши, сичқон ерда, қурбақа эса сувда яшашидан келиб чиқилса, улар гапимга кириб, ўз ер-сув ва осмонлари – юртларини қурол-аслаҳалари билан менга топширишга рози бўлибдилар-да. Бироқ унинг доно маслаҳатчиси мазкур белгиларни ўзгача талқин қилган: агар қуш осмон узра, сичқон ер остида, қурбақа ботқоқ-сув ичра жон сақлаганларидек иш тутмасангиз, бизнинг ўқларимиздан қутила олмайсизлар. Бир оз мулоҳазадан сўнг надими ҳақлигини англаган форслик зўравон чекинишга буйруқ берган ва шу тариқа ўзи ҳамда қўшинини фожиадан асраб қолган экан.

Бу қиссадан илмий ҳисса қуйидагича: жонли модданинг бош хусусияти бўлмиш ирсият ахбороти негизида яшайдиган вужудларнинг энг сараси – ақллиси инсоннинг ўзига ўхшаганлар билан муомалада ҳам ахборот алмашуви омили бор (сўнгги илмий изланишлар тилнинг туғилишини 7-хромосомадаги FOXP2 ирсият бирлигида юз берган икки изчил ўзгаришга тақаётгани ҳам бежиз эмас). Яъни, нима бўлганда ҳам, моҳият ички ва ташқи ахборот ташилиши билан боғлиқлиги яққол кўриниб турибди. Беш-олти минг йил бурун Мисрда қўлланган илк ёзув расмли деб таърифлангани ҳам бежиз эмас. Зеро у табиат ва жамият ҳаётига доир борлиқларни (кишилар, ҳайвонлар, қушлар, меҳнат қуроллари ва бошқаларни) ифодалаган. Бир сўз билан айтганда эса, белгилари расмли ёзув!

Ҳеродот ривоятидаги қуш, сичқон, қурбақа ва бешта ўқ ҳам аслида маъно-муддаони белгилар орқали етказиш бўлгани шубҳасиздир. Кейинги мингйилликлар ичида бу борадаги белгилар тизими ривожланиб-такомиллашиб бориб ҳозирги алифбо даражасигача етиб келган. Демак, белги-ёзув тилнинг асосий кўринишларидан бири, холос. Энг муҳими эса, тилнинг кишилар ўртасидаги муомала жараёнида бир-бировини тушуниш, англаш лаёқати эканлигидадир. Мазкур ҳақиқат неча минг йиллар бурунги турмушда ҳам аҳамиятли бўлганини Доро ва унинг маслаҳатчиси мисолида кўрдик: скифларнинг мақсади ва режасини улар юборган белгилар орқали аниқ англаган маслаҳатчиси бўлмаганида, скифларнинг белгилар ортидаги режаси мазмунини уқолмаган ҳукмдорнинг ҳоли вой бўлиши турган гап эди. Бундан чиқди, тил шунчаки бир кўриш (ёзув) ёки эшитиш (оғзаки сўзлашув) воситаси эмас, балки англаш жараёни экан. Англаш эса билим, тафаккур, тажрибадан озиқланади ва уларни озиқлантиради. Ўртада боғловчилик лаёқатини эса тил бажариб беради. Яъни – кўприк! Унинг мустаҳкамлиги ўзига эмас, бир-бирисиз яшолмайдиган ва билим, тафаккур, тажрибадан иборат икки қирғоқнинг сифати ҳамда салоҳиятига узвийдир. Бинобарин, тил, хусусан, ўзбек тили ҳақидаги ўйлар, изланишлар моҳият эътибори билан миллий билим, тафаккур ва тажрибамизнинг сифат ҳамда салоҳияти тўғрисидадир!

Ўзбек тилига давлат мақомининг берилиши чиндан ҳам улуғ ва тарихий воқеа бўлганди. Аниқроғи, бўлиши керак эди. Зеро, 2700 йилллик миллий давлатчилик тараққиётимиз ичида миллат ва давлат тили масаласини уйғунликда кўриб чиқиб, бир тўхтамга келишга ҳеч қачон шундай тарзда –оммавий жўшқинлик ва сиёсий ирода билан киришилмаганди. Ўтмишимизда ўзбек тили ижтимоий-сиёсий, иқтисодий турмушнинг барча йўналишларини тегишли, ёзилган ва ёзилмаган қоидалар асосида қамраб олган росмана давлат тили сифатида тан олинган, шу тариқа узлуксиз яшаб ва ривожланиб келган босқич йўқ, бўлмаган! Давлатимизга Темурбек ва авлодлари – темурийлар етакчилик қилган, чиндан ҳам ғурурланишга арзигулик илғор даврда ҳам ўзбек тили тўлақонли давлат тили мақомига эга эмасди. Кейинги асрларда ҳам аҳвол ўзгармади ҳисоб. Абдулла Қодирийнинг мана бу тарихий-адабий гувоҳлиги ўзбек тилининг сўнгги хонликлар мисолидаги расмий тараққиёт йўлидаги айрим жонланишларининг сифатига яхшигина ишора бўлолади, деб ишонамиз: “Худоёр муҳр босиш асноси ёзилған ёрлиғ ва номаларни ўқутиб эшитар, муншийларнинг эшитилмаган араб ва форс сўзлари орқалиқ тўқуған ярим туркий жумлаларига аксар вақт тушунмас: “Эналаринг арапқа текканми?” деб мирзо, муфтиларни койир эди. Аммо, Анварнинг ёзған ҳар бир жумласини мусиқий каби роҳатланиб, тушуниб тинглар ва “шу бала бариларинғдан ҳам ўқуғанрақ чиқар!” деб, бошқа мирзоларнинг юрагига ўт ёқар эди”.

Россия империяси исканжасига тушгандан кейинги ҳар томонлама зулм ҳукмронлиги шароитида эса давлат тили у ёқда турсин, адабий тилни сақлаб қолишнинг ўзи жасоратдан кўра омадга боғлиқ бўлиб қолгани ҳам сир эмас.

Демак, 1989 йили ўзбек тилига давлат мақомини бериш, хусусан, унинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий турмушимизнинг барча асосий йўналишларида қўллаш йўсинларининг қонунийлаштирилгани тарихий нуқтаи назардан чиндан ҳам улуғлаш ва тан олишга арзигулик воқеа бўлганди. Бироқ, доим бўлганидек, салкам ўттиз йиллик катта муддатни, бўлди, қонун қабул қилинди, иш битди қабилида беҳуда ўтказиб келдик. Тўғри, солиштирганда, кўп ўзгаришлар бўлди, бир сўз билан айтганда, ўзбек тили чиндан ҳам расмий тил бўлди, лекин жонли жараён сифатида қаддини тиклай ололгани, ривожланаётгани йўқ.

Тил қаддини тиклаши, жони узилмаслиги учун нима даркор? Бунга жавобни миллий етакчимизнинг чет юртлардаги элчиларимиз билан учрашувдаги мана бу саволларига жавобдан топиш мумкинлигига қаттиқ ишонамиз: “Ўзингиз айтинг, элчи деган одам ўзбек халқининг бой тарихи, маданияти, миллий қадриятлари, ватандошларининг дарду ташвишларини яқиндан билмаса, уларни юрагидан ўтказмаса, қандай қилиб Ўзбекистонни дунёга танитиши мумкин… Дейлик, Алишер Навоийдан, Бобурдан, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовдан икки қатор шеър айта олмаса, энг ёмони, она тилимизни мукаммал билмаса, қандай қилиб ҳақиқий элчи бўлиши мумкин?”.

Элчиларга бу каби юқори талаблар бизда узоқ ўтмишдан шаклланиб келгани ҳам сир эмас. Бундан деярли минг йил бурун Юсуф Хос Ҳожиб элчи турли-туман фан асосларини ўрганиши, айниқса, бадиий сўз сирларини яхши ўзлаштириши, агар шеъриятни ҳис этса, тушунса нур устига аъло нур бўлиши, астрономия, математика, геометрия илмларини мукаммал билмоғи, шоҳмот ўйини унинг фазилатини оширишига урғу берганди.

Юқоридагилардан хулоса ясаш қийинмас: бир томондан, ўзга давлат ва халқлар элчининг ақлий, маданий даражасига қараб у мансуб эл-юрт ҳақида тегишли хулосалар ясайдилар, иккинчи томондан, вакили шундай салоҳиятга эга давлат учун тегишли мамлакатда кўзланган муддаоларни унумли бажариш имкони кучаяди, кафолатланади. Умуман олганда эса, элчигина эмас, ҳар қандай давлат хизматчиси кенг билим эгаси, ўз тарихи, маданияти, хусусан, тили ва адабиётининг устаси бўлса, бундан яхшиси борми?! Бизнинг шароитда эса, Президентимиз топиб айтганларидек, ватандошларининг дарду ташвишларини яқиндан билмоғи ва уларни юрагидан ўтказмоғи ҳам даркор! Бугун бундай ташвиш – муаммоларимиз етарли экани ҳам сир эмас. Икки ярим йил олдин бошланган сифат ўзгаришларидан муддао ҳам аслида уларни бартараф этиб боришдан иборатдир. Ана шундай масалалардан бири тилимизга алоқали бўлиб, унинг илдизлари, юқорида ишора берганимиздек, узоқ ўтмишимизга бориб тақалади. Яъни бу бир ёки ўн йиллик чигал эмаслиги аниқ, бироқ айнан мустақиллик йилларида байирлашаётганлари ҳам етарлидир.

Ҳар қандай тил тизими товушлар, сўзлар (сўз бойлиги), сўз бирикмалари, гапларнинг тузилиш қоидаларини ўз ичига олишини кўзда тутган ҳолда, олдинига тилимизнинг эндиги борлиғига кўз ташласак.

Телерадиоканалларимизда Ургенж, Шаҳрисябз, Баҳрейн, Белужистон сингари талаффузлар, ёзувлар, кундалик турмушимизда Дарҳон, Шоҳруҳ каби ёндашувлар сезиларли даражада учрамоқда. Яъни айрим сўзларда анъанавий товушлар, уларнинг орқасидан белги-ҳарфлар йўқолиб бормоқда. Яна бир – киши билмас кириб келаётган одат ғарбча атамаларни ўша тиллар ёки рус тилидаги товушларга хос айтиш билан боғлиқдир: Вàшингтўн, Бèнфика. Гризманн, плей-офф мисоли эса сўз охирида қўш ундошларни қўллаш билан ёзишнинг ўзига хос қоидалари пайдо бўлаётганидан даракдир. Айрим телеканалларимизда об-ҳаво маълумотлари “О !” маҳсулот белгиси остида узатилаётганида, бир неча ўзбекнинг “ў”лаши товуш ва унинг белгиси – ҳарф мутаносиблигидаги айнишга яққол далилдир.

“ТАСС”га суяниб Венесуеладаги воқеалар муносабати билан хабар берган “Kun.uz” Карабобо штатини тилга олади. Испанчада Carabobo ёзилиб, Карабўбў (унинг сўнгги икки бўғини болаларни қўрқитиш учун “ана, бўбў келяпди”даги каби жаранглайди) ўқилади. Бироқ кўпчилик уни қорбобо сўзига ўхшаш ўқишдан ташқари, биринчи ҳарфи қбўлса керак, иккинчи а қўшилиб қолганов, деб ўйлаши аниқ.

АПЛ (английская премьер лига), АГМК (алмалыкский горно-металлургический комбинат), НГМК (навоийский горно-металлургический комбинат) каби қисқартмалар ўзбек оммавий ахборот воситаларидан ташқари давлат тилидаги ҳужжатларда ҳам қўлланмоқда. Олмалиқ тоғ-кон комбинати қошидаги футбол жамоаси ОТКК эмас, АГМК аталишининг ўзи тушунарсизлигини урғулаган ҳолда, эрта-индин биронта жамоа номланишида юнайтед (united), бойс (boys) аниқликлари пайдо бўлишини башорат қилиш қийинмас.

Ь, Ы белгиларини қўллаш. Мустамлака замонида рус ва бошқа тиллардан кириб келган сўзларни ҳукмрон тил қоидалари нуқтаи назаридан ёзишга мажбур эдик, дея ўзимизни оқлашимиз мумкин. Аммо бугун-чи? Кунузчилар автомобильсозлик, Чуньин, Фьюри, хабарузчилар Валлабҳаи Патель, ориньяк, «Посылторг»га ўхшашларни ҳеч бир хижолатсиз ь, ы билан бераверадилар (чунки манбалари русча, фикрлашлари эскича, аммо нимагадир ригель ни ригел тарзида ёзишга “жазм қилолганлар”). Абу-Даби, Бандар-Аббос, Йил аёли – 2018 кабилар ўзбек тили қоидаларига тескарилигига ҳеч ким диққат қилмай қўйди (тўғриси – Абу Даби, Бандар Аббос, 2018 йил аёли). Қаратгич ва тушум келишикларини қўллашдаги ажи-бужиликлар тўғрисида гапирмаса ҳам бўлади. Бирлик ва кўплик сон шаклларини қўллашда бўй кўрсатаётган муамммо ҳам тилга олиш даражасида тез “улғаймоқда”: ташқи ишлар вазирлари…муҳокама қилади, 16 минг нафар ёшлар, 2482 дона телевизорлар, 100 та мактаблар, 1167 та хонадонлар, 10 та кўп қаватли уйлар, 260 та тижорат иншоотлари, 200.000 сўм пулларни, пул маблағлари, 100 млн долларлик инвестициялар, кўпроқ ҳужумлар уюштириш керак, икки кучлар,кичик бир мажлисча ва бошқалар. Ваҳоланки, масалан, “100 та мактаб” шундоқ ҳам кўп дегани-ку. “Пул маблағлари” одатдагидек “денежные средства”ни кўр-кўрона ўзлаштиришдандир, албатта. “Сизлар билан африкалик акробатлар бўлди”, “самарқандликлар…саксовул уруғини экди” кабиларга нима дейсиз? “1167 та хонадонлар” да Пушкин “тили”ни “айблаш” мумкиндир (1167 квартир), аммо “футболчининг оиласи уни қидиришни ўз қўлларига олди”, “150 минг нафар оила” учун ўзимиздан чиққан “бало” – шарҳловчи, журналчи ва таълим тизимимиздан ўпкалашимиз керак (ўзбекчадаги “ўз қўлига олмоқ”ни тўғри қўллашни, нафар дона сони шахсга нисбатан ишлатилишини миясига сингдиролмаганимиз учун).

Ҳар қандай миллат тили имкониятлари ҳақида сўз кетганда, одатда унинг сўз бойлигига урғу берилади. Ҳар қандай бойлик қўриқлашга муҳтож бўлганидек, тил бойлигининг ҳам теграси, тўсиғи, қопқасию қўриқчилари бўлиши лозим. Тескари тарзда, у таланади, шаҳар дарвозасиз қолганидек ҳолат авж олади – нима кириб, нима чиқаётганини текшириб, билиб, сезиб бўлмай қолади. Ўзбек тили билан кечаётган бугунги жараённи худди шундай ифодалаш мумкин. Унинг тўрида эса ҳозирда давлат ва жамият, кишилар турмушига таъсири жиҳатидан бошқаларидан ўзиб кетган электрон оммавий ахборот воситаларидир. Шу маънода, ўзимиз кунда танишиб борадиган сайтлардан бири – “Kun.uz” тарқатаётган хабарларда кўзимиз тушганларга эътибор берайлик: прототип, протест, сенсация, синдром, болт, платформа, счётчик, инфляция, космос, тара, блистер, аншлаг, датчик, меценат, интерьер, демонтаж, табел, дирекция, эффект, эффектив, телеэффект, видеошутинг, фотофиксация, заявка, эстакада, эскалатор, лифт, шоссе, туннел, линия, светофор, таймер, фон, коммерция, оккупация,идентификация, ассоциация, оптимизм, шар, шоу, инфраструктура, дисбаланс, навигация, доза, креатив, донор, рельс, бойкот, аномал, аномалия, водопровод, канализация, канализацион, формат, татами, прицеп, камбэк, плей-офф, теракт, кран, сутка, ячейка, порция, дефицит, корректор, цунами, уик-енд, постамент, делегация, дезинформация, фонд, контингент, тенденция, инсайдер, узел (авто), лайнер, авиалайнер, круиз, досье, посилка, психологик, психика, самосвал, тротуар, грейдер, сплитер, пас, позиция, мини, бункер, кондиционер, вентилятор, архитектура, архитектор, аноним, пирожка, причал, паром, терминал, карьера, банкир, аналог, монолит, элита, бутик, азарт, сумма, печь, участка, масса, риск, сетка, гонорар, шасси, заправка, модификация, визуализация, рейс, минимал, потенциал, енот, эксперимент, графа, бутик, прогноз, велопатруль, сектор, суперкамбэк, интрига, марш, доклад, дебют, снайпер, санкция, жилет, рейтинг, инаугурация, эволюция, подъезд, анклав, мэрия, мэр, провинция, горелка, наркотрафик, наркотик, трансфер, посёлка, плитка, шайба, металлолом, макулатура, радикал, рейс, гегемон, крест, пуск, керамик, транспортировка, Рождество, альянс, коллектив, эпатаж, тип, офис, плюс, бум, борт, фюзелаж, шарклет, реабилитация, оборот, бутса, реакция, антик, зонд, парковка, иллюзия, арена, фуникулёр, лимит, маневр, винт, транзит, фара, медиатор, комплектация, сюрприз, коалиция, вотум, пульс, пульт, квота, респект, купе, фискал, хор, шок, мотив, тунель, тотал, резиденция, премиум-класс, старт, визит, футболка, кепка, атрибутика, эвакуация, агент (жосус), операцион, операция, петиция, монетизация, реализатор, реализация, камин, дуэль, модел, гастрономик, пролёт, гашиш, динамика, тонировка, клетчатка, провакация, контекст, тормоз, гедонизм, формализм, стажировка, кома, шоу рум, сервис, криминоген, изоляционизм, меркантализм, генерация, раунд, аукцион, регистрация, эксплуатация, парадокс, фильтр, унитаз, наклейка, базис, шорт-лист, шабаш, самосуд, яхта, идеал, монах, дизайн, трасса, курорт, веранда, балкон, терасса (тўғриси – терраса), персонал, авторизация, локал, эмпатия, манёвр, этика, эстетика, покер, структура, корт, схема, состав, позитив, стресс, секунд, фаворит, аудитория, ротация, факт, турнир, номинация, сертификат, айсберг, бак, форвард, турнир, массаж, шалтер, коллегия, эпизод, панорама, пассив, лексикон, котлован, аксессуар, парфюмерия, колонна (қатор, саф), абсурд, этап, индексация, стержен, стереотип, приют, ориентир, реставрация, анонс, котель (тўғриси – котёл), октагон, транзакция, кулачок, поршен, подшипник, плёнка, двигател, браслет, габарид (тўғриси – габарит), оператив, гид, нерв, ландшафт, шпал, вибрация, семестер, реванш, феномен, хит, шлягер, проём, шар, смена, колония, гараж, антиквариат, модельер, модел, фигурант, павильон, штаб-квартира, антициклон, сегмент, коридор, организм, эмоционал, блок, декоратив, хаос, концептуал, концепция, прайс-лист, рекорд, популяция, браконьер, сигнал, сигнализация, бонус, саботаж, куратор, снаряд, заряд, тренажёр, клапан, контур, дрифтинг, квартет, лидер, мэншн, ричаг, мачта, конструкция, ряска, кампус, компенсация, калибр, объектив, собор, пляж, аквамарин, акцент, аристократ, инструмент, гранд, информацион, сувенир, глушител, норматив, изоляция, консультант, менежер, пенсионерка, декорация, шаблон, гибрид, экономика, дриблёр, пост (интернет), ордер, апостиль, куртка, маньяк, индивидуал, рулетка, смог, колонка, лезвие, узурпатор, ракурс, протокол, негатив, компоновка, болбой, опция, картина, презентация, график, ролик, каркас, арсенал, экипаж, стакан, проезд, швартовка, ажиотаж, конвой, флагшток, революцион, километраж, фаза, профил, меню, оцинковка, титул, жунгли, пробел, методика, экипировка, ригел, навес, авария, тупик, мародёр, лава, эмиграция, талон, рационал, великан, санузел, ультиматум, юбилей, мастер…

Тўрт юз элликдан ортиқ бегона сўз! Булар атайлаб эмас, кутилмаганда, кўпинча сарлавҳаларда ва йўл-йўлакай илғанганларидир. Енг шимариб киришсак, бу кўрсаткич бир неча каррага ошишига шубҳа йўқ! “Kun.uz” бўйича келтирилганларни қайтармаган ҳолда “Xabar.uz” (кариес, мистика, униформа, паттерн, сенсацион, симуляция, шопинг, билет, трансформация, преференция, эксклюзив, менталитет, тренинг, бассейн, тизер, отель, хастел, капсула, полоса, эскиз, конференция, параллель, лот, монолит, донор, актриса, Сквер, стюардесса, инвойс, пикник, градус, минут, пачка) ва “Turon 24” (дегустация, аспект, критерия, брикет, земснаряд, начинка, экспонат, кондиционер, карьер) сайтларида ёзилганлар, Oʹzbekiston 24 (рацион, плантация, тематик, рейд, гигант, компонент, минимум, модернизация, эпос, мотивация, реконструкция, репортаж, резюме, психологик, дебат, инвестор, магазин, литографик, спектр, акция, дизайнер, медиатур, пиар, кампания, имиж, медиа, виртуал, мониторинг, функция, консултация, врач, задвижка, коллектор, инерт, бренд, категория, тендер, фрамуга, фасад, козирёк, шахта, диалог, фортичка, погона метр, баланс, полигон, оптимал, унитар, контейнер, реал, ставка, статистик, преференция, параметр, утилизация, магистрал, глобал, лоток, инфокиоск, мобил, максимал, полоса, аналитик, комплекс, стенд, прагматик, флора, фауна, салют, командир, шрот, экспозиция, форум, саммит, пилот, тренинг, жанр, детал, резерв, фронт, штаб, ассортимент, прогрессив, новация, конюктура, винодел, винология, фактура, сессия, фактор, характер, версия, катализатор, флагман, ресепшн, интернет банкинг, мобил банкинг, ситуацион, коперацион, фолклор) телеканалида айтилаётганлар, “Бекажон”да (губка, контур, стрелка, образ, элемент, макияж, блеск, салфетка, тон, тренд, хвост) учраган, эсда қолганларни ҳам қўшиб санасак – олти юздан ортиқ сўз!

Келтирилганлар тил даламиз, хирмону омборимиз, уйимизга тушган қурт, куялардир! Кўсакка қурт тушса, деҳқон тинчини йўқотади. Бўлмаса, ҳосилидан айрилади, кейин қандай кун кечиради? Битта куяни кўриб қолсак, қувлаб ўлдирмагунча тинмаймиз. Чунки куя еган кийим-бош билан кўчага чиқиш, одамлар кўзига тушишга уяламиз. Аммо тил…Тили йўқ тил! Тил ҳеч нарса йўқотмайди гўё! Чексиз, битмас-туганмасдек. Бир қарасанг, тил ҳамманики ва ҳар биримизники, бир қарасанг, у ҳеч кимники эмас, эгаси йўқдек.

Метро, телевизор, радио, автомобил, интернет, фейсбук, твиттер, телеграм, нано, мегабит, пиксел, стартап, смартфон, ноутбук, планшет, айпад, электр, ток, электр, онлайн, атом, транспорт, технология, инновация, томограф…сингарилар тил луғатимизни бойитганлиги ва бойитиши табиий. Аслида эса, мазкур атамалар билан боғлиқ янги ҳодисаларнинг воқелигимизга кириб келиши билан тегишли йўналишлардаги тасаввур, билим ва ривожимиз бойиди ва бойимоқда. Тубига қарасак, тилга олинган атамалар ана шу ҳодисаларнинг номланишидир, холос. Масалан,smartphone, telephone ақлли, узоқ (узоққа) аниқликларининг товуш сўзи билан бирикишидан ясалгани маълум. Яъни ақлли товуш, узоққа етадиган товуш. Гарчи уларнинг ўзбекчасини топса, ясаса бўлса ҳам, ўзимизда бўлмагани шароитида четникини оқилона қабул қилишимиз табиий (шу билан бирга, “ақлли товуш”дан кўра “смартфон”ни афзал биладиган “Kun.uz”нинг smart watch ни ақлли соат дея ёзганига қараганда, демак, бошқаларини ҳам ўзбекчалаштириш мумкин экан!). Шу билан бирга, бу борада ҳам аниқ қоидаларга суянишимиз лозим. Яъни бундан буён ҳам чет атамаларни рус тилида ёзилиши ва ўқилишига қараб ўзлаштирамизми ёки асли ва ўз тилимиз илмий қоидаларидан келиб чиқибми? Нима бўлганда ҳам, бу жараён ўзимизда бўлган, бор ҳодиса ва уларнинг аталиши эвазига кечиши керакмас. Агар минг йиллар ичида уриниб-суриниб, урушиб-курашиб, чертилиб-сайқалланиб эсон-омон шу кунларгача етиб келган сўзларимиздан арзон-гаровга воз кечаверсак, билингки, эртага бошқалари, бўрттириброқ айтсак, тилдан-да каттароқ ва тошлироқларини ҳам киши билмас қўлдан бериб қўйишимиз турган гап, худо кўрсатмасин!

Тўғри, айрим ҳолатларни чет сўзлар ёрдамида ифодалашга мажбурмиз. Бунинг сабаби камида иккита: уларнинг бирлари бизда умуман бўлмаган ва, демак, аталиши ҳам йўқ, бирларининг атамаси қачонлардир бўлгани ҳолда сўнгги ўн йилликлар ичида ўта сингиб кетганлари учун ҳам чидашдан ўзга илож йўқ. Бироқ уларни ҳам оқилона қўллаш зарур. Масалан, телеканалларда тез-тез учраб турадиган “фалончининг техник кўмаги” таъкиди русчадаги “техническая помощь”дан саводсизларча ўзлаштирилгани аниқ. Русчадаги техник сўзи касб эгасини билдиради, яъни от, бизда сифат вазифасини бажармоқда. Техника (techne) ҳодисаси маҳорат, санъат, усталик, қўли гулликни англатишидан келиб чиқилса, аждодларимиз уни фан сўзи орқали ифодалаганлар, масалан, Алишер Навоий. Биз қўп қўллайдиган ва кўзимиз ўрганиб кетган “илм-фан” ҳам аслида илм ва маҳорат, яъни илмий йўл билан олинган билимни қўллаш маҳорати, санъати – техника, технологияни англатган. Бироқ мазкурларни тиклашга ҳозирча миллий иродамиз етишмас экан, ҳеч бўлмаса, техникавий, тактикавий, инновациявий десак, импортёр, экспортёр эмас, импортчи, экспортчи деб ёзсак, бир нима бўладими?

Мустақилликкача чет сўзларни рус тилидан олишга мажбур эдик ва улар русчада қандай бўлса, шундай ўзлаштирилган. Масалан, ота-боболаримиз, хусусан, Абу Райҳон Беруний бобомиз нафт деб айтган, ёзган суюқлик атамасининг туркчалашган нефткўриниши рус тилида нефть тусини олиб, бизнинг луғатимизда ҳам шу тарзда ўрнашиб олган. Яъни ўз сўзимизга юмшатиш белгисини қўшиб ёзамиз. Ҳолбуки, ўзбек тилида бундай белги ҳеч қачон бўлмаган ва юқоридаги сабаб кирил алифбоимизда ўрнашиб қолган. Аммо луғатимизга сўнгги чорак асрда кириб келган твиттер, нано, смартфон, ноутбук, томограф сингариларни яна русча шаклда эмас, балки уларнинг аслидан келиб чиқиб ва ўзи тилимизга мослаб твитер, нанў, смартфўн, ноитбук, тўмаграф деб битмаймиз (лекин шундай талаффуз қиламиз).

“Қуртли, куяли” сўзлар бўйича улар «Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг 7-моддасидаги «янги илмий асосланган атамалар жамоатчилик муҳокамасидан кейин ва Олий Мажлис палаталари тегишли қўмиталарининг розилиги билан ўзбек тилига жорий этилади» талабига қаршилиги, яъни қонун бузилаётгани, демак, таҳририят жавобгарликка тортилиши лозимлиги ва табиийлиги тўғрисидаги гаплар билан чеклансак бўларди. Бироқ муаммо чуқурроқ ўрганилса, иш анча чатоқлиги, қонунгина эмас, аслида ўзбек тилининг неча минг йиллик танасию аъзолари – ички тузилиши емирилаётгани, гўзаллиги хира тортиб, татими кетаётгани аёнлашади.

“Kun.uz” мисолида давом этсак, чет сўзларни луғатимизга бемалол олиб киришдан ташқари, ўзбекча қўшимчалар ёрдамида улардан сўзлар, сўзлар кўмагида сўз бирикмалари, гаплар ҳам ясалмоқда: хаоси, профили, менюси, ричаги, контекстида, эффекти, объективида, наклейкалар, аристократлар, атрибутлар, сигналлар, грандлари, вип-ложалар, гегемонлик, саботажчи, графиги, эластиклиги, зарядлаш, типидаги, кураторлик, крестча, креативлик, кулачокли, аксессуарлар, рельсости, ваннахона, прессланган, тормозлайди, ўз гигантига, ер участкаси, шаффоф платформа, тўғридан-тўғри линия, низолар фонида, аномал иссиқ, қайноқ линия, ядровий пуск, керамик плитка, сплитер блоклар, транспортировка қилиш, трансфер ойнаси, Рождество бали, Овал хона, икки контурли, паром терминали, бутик дўкон, азарт ўйин, тана массаси, инаугурация эволюцияси, эпатаж чиқишлар, швартовка қилиш, интеллектуал элита, туристик офис, энг катта плюс, қурилиш «бум»и, серияли қотил, борт кузатувчиси, интерактив тест, старт зонаси, ракета стартидан, блоклаб қўйилган, виза таъминоти пункти, глобал платформадаги моделлар, альянс аъзоларининг коллектив, темир йўллар реабилитацияси, кўпроқ оборот қилади, ижобий реакцияни кўрган, реакция берди, мэншн қилди, совуқ ҳаво массалари, совуқ фронт ўтиши, «Освежить» махсус буғ режими ва бошқалар.

Бу борада қолган икки сайт, телеканал ва “Бекажан” ҳам орқада қолаётганлари йўқ: гардероби, стрелкалар, баланслаб, контрастли, аналитик, конутрлари, образингиз, образ элементлари, еттита лотда, монолит қопламалар, шоколод ранги, асосий тонини, классик ёндашиш, ижобий тенденция, стратегик сессия, салбий фактор, прогрессив фикрлаш, чинакам диалог, тавсиявий характер, якуний версия, дунё стилистларининг, экспонатлари намойишга қўйилган, каналларни қазадиган земснарядлар, қандолат фабрикасида печенье, вафли, мармелад, маршмеллоу, карамел ва конфетларнинг бошқа турлари…

Чет тилида ҳар ҳолда гаплаша олиш учун юзтадан тўрт-беш юзтагача сўзни билиш етарли саналди. Келтирилган бегона сўзларга ўзимиздан боғловчи, қўшимча ва феълни қўллаб каттагина гап, гаплар тузиш ҳолатларининг олди олинмаса, бутун бир хабар, бадиий асарлар ҳам шу йўсинда яратилиб, бориб-бориб ўзбекча сўз анқонинг уруғига айланиб қолмаса, деб қўрқади киши. Масалан, “Правинциямиз мери инагурасийасига пасйўлкамиздан архитектир, врач, психўлиг делегасийа бўлиб борганлари факт, сурприз ва сенсасийадир. Аналитик версийамча, бу аксия пасйолкамиз кантингентининг имижи, менталитети учун фантастик трансфер бўлади. Мер билан кантакт, диалўг ўрнатилди. Суммаласак, энди пасйолкамизга инвеститсия, преференсиялар ёғилади. Мативатсия бор, зарйад олдик, бу ёғига инертлик ярашмайди, стерийўтипларларни аутлаб, максимал темпда глабал ва прагматик бизнеслар қилайлик”ни ким тушунмайди дейсиз. Ё бўлмаса, қуйидагини эртакчадек ўқиса бўлади: “Раждествўнинг финал раундини резиденсийасида ўтказган манах сабўрдан аутланиб, идеал магистрал трасса оқали сутка финишида аристўкратлар курўртига етиб келди. Ател файесидаги аншлаг, сервис кантингентининг минималлиги нервини бузди, қандай абсурд?! Зайавка бўйича преференсийа сўраб ўтирмади, характери эпатажли бўлмагани ва аптимизми дефитсизлашмаслиги, муҳими, рейтинги минималлашмаслиги учун регистрациядан мима ўтиб, эскалатўрда верандага чиқди, кўрнердаги креслўга чўкдию, вау, фантастика, деб юборди: кўзи антик террасасимон ландшафт фўнидаги глўбал акеанда дизайни эксклюзив, алтернативаси йўқ ойналари танирўвкали, уникал маделдаги яхтага тушганди. Визуализация ёки шўу эмас, табиатнинг креативи бўлмиш, аналигсиз реалликка реаксиясидан менталитети платформасининг бўлтлари бўшашиб, арганизмининг нанў ячейкаларида қандайдир гигант трансфармация бошланди. Бу ниманинг синдрўми, лаззатланиш датчиклари сустлашдимикан ёки дўзаси максималлашиб, ҳиссиёт ячейкалалари терактландимикан. Анамаллик тўхтамасди, индивидуаллиги йўқолиб, ананим сабабдан қўл-оёғи байкўт қилар, тана массасизланар, фикрлаш маналитсизланар, навигациясини йўқотар, идентификациялаш қийинлашар, хаёлини аккупациялаган турли негативликлар динамиклашиб, ҳатто криминаген асасасиялар радикаллашаверарди, бумлашаётган жони оғзидан плейўфлашадигандек риск туғилганди. Кўмасимон ҳаёти аутлашадигандек шу этапда вентилятир стартладию печдек атмасфера пўрциялаб фрешлана бошлади. Манахнинг психалагик парўми ўз причалига камбеклади, фўрмаси релслана бошлади. Шўк аут бўлгач, дебютига курткаси ости жилетидаги валидўл листидан таблетка олиб шимди, сўнг, принципларим Дўнирига респект, дедию тизерланганча диалог йўсин прагнўз ва аналитикага пуск берди: бу қандай сюрприз ёки секрет, ёҳуд викэндаги шабашми, интригаю правакасиями, азартми, ё бўлмаса, патенсиал гуноҳларим санксиясими, аммо геданизм, фармализм, изалясианизм, меркантилизм, кареризм, эксплуатация менга ёт-ку? Балки тестдир. Йез, йез – тест…”.

Тил қўрғонимизга бегона сўзларни бемалол олиб кириш, улардан янги сўз, сўз бирикмаси, гап тузиш ҳолатларига бефарқлик қанчалар оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигини сўнгги пайтларда кўзга ташланаётган “янгиликлар” мисолида кўриш мумкин. Гап ўзбекча сўзларни чет тил қоидаларига асосан битила бошлангани ҳақида: ўзгасайёраликлар, яримҳимоячи, экзосайёра, бетоннасос, бетонаралаштирувчи, ақлбовар (“Kun.uz”). Русчада инопланетяны, полузащитник, экзопланета, бетононасос, бетономешалка, умопомрачительный тўғри, бироқ ўзбек тилида ўзга сайёраликлар, ярим ҳимоячи, ўзга сайёра, бетон сўрғич, бетон қорғич, ақл бовар-ку! Мазкур сайт АҚШ махсус хизмати Federal Bureau of Investigation – FBI ни гоҳФҚБ (Федерал қидирув бюроси), гоҳ ФТБ (Федерал тергов бюроси) тарзида беради,Central Intelligence Agency – CIA ни МРА (Марказий разведка агентлиги) эмас, русчадаги ЦРУ (Центральное развед.управление) асосида МРБ (Марказий разведка бошқармаси) қабилида ёзади. ГРУ (Главное развед.управление), ОМОН (Отряд мобильный особого назначения) ни эса шундайлигича тақдим этаверади. “Ҳокимлик кафиллиги остида” “под поручительства”дан олинган-қўйилган. Ўзбекчада “кафиллиги билан”-ку! “Крахмало-паточный завод»даги паточный сифати патока (шинни, қиём) отидан ясалишини билмаганлари сабаб, “Крахмал-паток заводи”, тиббий атамаколостома (colostoma)ни сунъий тешик деб эмас, колостом қабилида ёзиб қўя қолганлар. “Жуда катта мега-лойиҳа”даги мега айнан жуда каттани англатиши кундек равшан-ку. Аммо “йўловчи айланмаси 3,8%га ўсди”, “ошхона қошиғи”га кулишингни ҳам, йиғлашингни ҳам билмайсан (“Нурекской ГЭСни тиклаш лойиҳаси”га қараганда, гўёки уларнинг ўрнига “Гугл таржимон” пассажирооборот, столовая ложка ни ўзбекчага айлантирган-қўйгандек).

Мазкурларнинг сабаби нимада? Ўз тилини билмасликда! Тескари ҳолда, “182 та чиқиндилар ташувчи автомобиллар”, “иккита валюта айирбошлаш шаҳобчаси”, “Трампшимолий кореялик генерални қўлини чаккасига қўйиб қаршилагани”, “СамарқанднингЕвропа қисми”, “энг йирик денгиз маҳсулотлари бозори”, “ўта қўпол қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди”, “Литвада қаҳрабодан қурилган дунёдаги илк ҳаммом”, “Тошкентда 2008-2009 йилларда чиқарилган Mercedes-Benz автобусларидан фойдаланиш”, 12 тадан юқори аниқликдаги «Томагавк», “бир гуруҳ Осиё ўйинлариғолиблари”, “бир гуруҳ ички ишлар идоралари ходимлари”, «NASA»да Марсга биринчи аёл қадам қўйишини исташмоқда”, “Лондон аэропортида боқиш учун олиб келинаётган 50 та тимсоҳ ушлаб қолинди”, “Киевда «ДХР» томонида жанг қилган Бразилия фуқароси ушланди”, “Артел билан яқинларингизга қувонч бахш этинг”, “илк бошқарувчисизпаром”, “илк сузиб юрувчи супермаркет”, “Тошкентда илк кондиционерли жамоат автобуслари”,олтин тангалардан тайёрланган Европадаги энг қиммат арча”, “истеъдодли отлар ўргатувчиси”, “Нобель совриндори ирқчилик учун унвонлариданмаҳрум этилди”, “Самарқандда биринчи вазирлар учрашуви”, “9 та тажриба ўтказиш учун техника”, “бизнес тўлайдиган олдиндан тўлов”, “қўшимча қайрилиб олиш жойи”, “энг олий жазо умрбод қамоқ жазоси”, “туғма нуқсон билан туғилган”, “100 йил ортга мозийга қайтгандек”, “йирик миқдордаги сифати кафолатланмаган маҳсулотлар”, “янги лавозим тайинлови”, “энг йирик аёллар гўзаллик мажмуаси”, “улкан аёллар мажмуаси”, “бадиий қисқа метражли фильм”, “5400 та қонуний асосда фаолият кўрсатувчи такси”, “…лойиҳасига қўшилган минтақанинг биринчи давлати” (“Kun.uz”), “200 нафардан ортиқ оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қиз”, “Шанхай яқинида ташландиқ карьерда жойлашган дунёдаги биринчи меҳмонхона очилди” (Turon 24), “МДҲ аъзо давлатларида ягона япон тилидан тест имтиҳонларини қабул қилувчи”, “ўзбекча француз конституцияси”, “22% йиллик (қарз)”, “янги адлия бошқармаси биноси”, “14 та метро бекати”, “йирик китоб хайрия акцияси” (“Xabar.uz”), “тақдим этилаётгантақдимотларда”, “ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлида чуқур амалий ишлар олиб борилмоқда”, “сервис ва хизмат турларининг ривожланишига хизмат қилади” (Oʹzbekiston 24) сингари ғалати гаплар дунёга келмасди. Бошқача айтганда, ўз тилини пухта эгалламаган ўзга тилни ҳам яхши ўзлаштира олмайди, унинг табиатини туёлмайди. Шу ишни эплаганида эди, ҳеч қачон русчадаги тегишли сўзларни “очиқ осмон остида концерт”, “баланд овоздаги сигналлар”, “сиқилган табиий газ”, “пичоқли ҳужум” (“Xabar.uz”) қабилида ўгирмаган бўларди. Чунки, масалан, сжиженный сиқилган эмас, суюлтирилган дегани бўлса, ножевое нападание пичоқ (найза, болта, таёқ) биланташланишни билдиради. Акс ҳолда пичоқсиз ҳужум, ёпиқ осмон, очиқ осмон усти, шунингдек Самарқанднинг Осиё, Африка, Америка қисмлари ҳам бўлиши мумкинлиги бўйича саволлар туғилади. “Kun.uz”даги “Андижонда пахтага жалб этилган таҳририят бош муҳаррирининг ўғлини юк машинаси уриб кетди” сарлавҳасини ўқиганимизда, отаси далада бўлган бола фалокатга учраган, деб тушундик. Бироқ тўлиқ матнга кўра, ўғил пахтага чиққан, отаси эмас. “Севилья” “Лацио”ни мусобақадан тушириб юборди”да чиқариб юборди, демоқчилигини англаб турсак-да, “салоҳиятли майдонлар”дан муддаони эса ҳеч қанақасига тушунолмадик. Майдоннинг қобилиятли ва иқтидорли бўлишини энди эшитишимиз.

Оқибатда русча гапларни қандай бўлса, шундайлигича, кўр-кўрона ўзбекчалаштириб қўйиш авжига чиқмоқда: нитратлар мева ва сабзавотларда бир хил текисликда(равномерно) тарқалмаган; бодрингдан тайёрланган салат қабул қилсангиз (принимать салат); Она Тереза (Мать Тераза; Тереза момо деса бўлади-ку); мева-чевалар оқар сув остида (под сточной водой) ювилиши лозим (“Бекажон”), ер-ер (земля-земля), ҳаво-ҳаво (воздух-воздух), ер-ҳаво (земля-воздух), мувозанатлашган диета (умеренная диета), улар кимга ишлашган (на кого они работали), Ўзбекистон куч тузилмалари (силовые структуры Узбекистана), гуруҳли заҳарланиш (групповое отравление), терговнинг ўрнатишича (как установило следствие), ёлғон из (ложный след), “Реал”нинг ғалабали қайтиши (победоносное возвращение “Реала”), кўп эҳтимолки (с большой вероятностью), энг юкланган йўллар (самые загруженные дороги), ҳаво ҳужуми (воздушное нападение), куч позициясидан гаплашиш (разговаривать с позиции силы), Севастопол устида Украина байроғи (флаг Украины над Севастополем), «энг қидирилувчи» киши (самый разыскиваемый человек), катта Жорж Буш (Джордж Буш – старший), Виталий Денисов «Локомотив» билан Россия чемпиони бўлди (Виталий Денисов вместе с «Локомотивом» стал чемпионом России), Оқ уй ошхонаси техникадаги сўнгги сўзлар бўйича жиҳозланган (Кухня Белого дома оборудована по последнему слову техники), бир стол атрофида (за одним столом), етарлича қиммат (достаточно дорогой), юмшоқ қўнишни амалга оширган (произвел мягкую посадку), оғир қуроллар (тяжелое вооружение), “тишсиз” “Наполи” (беззубый “Наполи”), бутсаларини михга илди (повесил бутсы на гвоздь) ва бошқалар (“Kun.uz”).

“Йилнинг энг кучли таъсирга эга аёли”, “1000 даража иссиққача қизиган”, “ишончли, иродали ғалаба”, “иродали дуранг”, “энг оғир нуқта”, “гиёҳвандликни текширишга таҳлил топшириш” сингарилар эса кулги уйғотади, холос. Влияние таъсир дегани ҳамдир, аммовлиятельная сифати нуфузли, обрўли, эътиборлини англатади. Қизиган нарса иссиқ бўлиши табиий. Воля иродадан ташқари интилишни ҳам билдиради, ғалабанинг ишончсизи, иродасизи бўлмайди, ғалабага узил-кесил, зўрға, катта фарқ, тор-мор қилиш билан эришиш, ҳисобда орқада қолаётган томон қаттиқ интилиб ғалаба ёки дурангга етишиши мумкин. Нуқта ўзининг ниҳоятда кичик ўлчови сабаб оғир бўлолмайди, афтидан, русчадаги болевая точка нинг кўр-кўрона ўзбекчалаштирилганоғриқли нуқта даги оғриқ билан оғирнинг фарқига бормасликдан ясалган бўлса керак. Таҳлил топширилмайди, балки қон ёки шунга ўхшаш бирон ниманинг намунаси, бўлаги текшириш учун топширилади ҳамда улар бўйича маълумот олингачгина ўрганилади-таҳлил қилинади. Ўзбек тилига хос шираси йўқ, кулгиқисқатар бўлса-да, мазкурлардаги маънони уқиб олиш мумкиндир, лекин “ўқотар жароҳат” (огнестрельная рана), «қайноқ линия» ҳаётларни қутқармоқда” (“горячая линия” спасает жизни) нимани англатишини мутлақ кўпчилик тушунмаслиги аниқ. Негаки жароҳатнинг ўқ отишини ҳатто телба ҳам ҳаёлига келтиролмайди (аммо ўқ тегиб яраланиш мумкинлигини билади). Ҳаётнинг қутқарилишини эса катта одам ҳам ҳазм қилолмаса керак (одам қутқарилади, ҳаёт эса сақланади).

Бунисига ҳам чидаш мумкин, бироқ “Kun.uz”нинг мана бу иши тил ва унинг эгасини ҳақоратлашдан бошқа нарса эмас, десак ошириб юбормаган бўламиз: “Британия технологияси асосидаги учувчи лойиҳа”. Худо ҳаққи, олдинига англамадик, кейин эса, гап тиббиёт йўналишида кетаётгани учун, тиббий хизмат учоғимикан ҳам деб ўйладик. Ахборотни тўлиқ ўқиб бўлгач, топгандек бўлдик: “пилотный проект”ни учувчи лойиҳа қабилида ўгирганлар-қўйганлар. Ё тавба, шу даражада ҳам саводсизлик бўладими. Мазкур сайт миллий оммавий ахборот тарқатиш кенглигида ўз ўрни ва обрўсига эгалиги билан ажралиб туради, демак, таҳририятда ишловчилар хашакиларданмас. Унда нима? Ўзига қаттиқ ишониб кетаётганлик, ўз устида ишламай қўйганлик, жамоатчилик назоратининг сустлиги! Тескари ҳолда, “пилотный” пилот маъносидаги учувчини эмас, синов, тажриба, ватқинчалик сингариларни англатишига кимдир эътибор қаратган бўларди (“Xabar.uz”даги “цивилизация тамаддуни”га нима деб баҳо беришингни билмайсан ҳам).

Ўттиз – юз йил бурун тилимиз билан боғлиқ муаммоларда мустамлака режимини рўкач қилардик. Бугун-чи? “Kun.uz”даги “Хитой АҚШни ўз сувларига бостириб киришда айблади” сарлавҳаси РИА Новостидаги “Китай выразил США протест в связи с заходом кораблей в Южно-Китайское море”дан ўзгачалиги табиий, аммо сувга шўнғиш, ўзини ташлаш, чайиш, қараш, боқиш, туфлаш, ҳатто тушни айтиш мумкин, бироқ сувга бостириб кириб бўлмаслиги болакайга ҳам аён-ку. “Қуш парвози баландлигидан фоторепортаж…” сарлавҳали хабарда келтирилган ўн олтита суратдан атиги еттитасигина ҳақиқатан анча баланддан олингани, қолганлари одам бўйи даражасида туширилгани ўз йўлига, лекин нега айнан “қуш парвози баландлигидан”? Мазкур лавҳалар Андижондан, мазкур сайт мухбири томонидан эмас, бошқа бир юртдан ва ўзга манбадан олиб тайёрланганида ҳам оқласа эмас, тушунса бўларди. “С высоты птичьего полета” миясига ўрнашиб қолган (афтидан ёш) элдошимиз луғатида бошқа тузукроқ нарса йўқлиги ачинарлидир.

Бундай “қовун туширишлар” сабаби савиянинг ҳар томонлама тушиб кетгани, хусусан, ахборот манбайи билан ишлаш билан боғлиқдир. Ушбу ҳолат “Kun.uz”нинг РИА “Новости”даги “Госдеп пообещал России “последствия и боль” за украинских моряков” хабарини ўзбекчалаштириб босганида яққол кўринади. Хабарнинг аслида – АҚШ Давлат Бошқармаси (Ташқи ишлар вазирлиги) баёнотидаги “We want the Russians to absorb the message that they need to release the crews or there will be consequences, and the pain will grow over time” РИА “Новости” томонидан «Мы хотим, чтобы россияне восприняли сообщение о том, что им нужно освободить экипаж, иначе будут последствия, и боль будет только сильнее со временем” тарзида тўғри руслаштирилган. Бизникилар эса таржиманинг тажимасини қуйидагича “қойил қилганлар”: «Биз россияликлар экипажни озод қилишлари зарурлиги тўғрисидаги хабарни қабул қилиб олишларини хоҳлаймиз, акс ҳолда оқибатлар бўлади ҳамда азоб-уқубат вақт ўтиши сайин фақат кучайиб боради». Бу ерда гап оқибат ва уқубатнинг ўзаги бирлигидагина эмас. Мазкур ахборот «Биз россияликлар гуруҳ аъзоларини озод қилишлари зарурлиги борасида хабардор бўлишларини хоҳлардик, акс ҳолда, бунинг оқибатини кўришлари турган гап, бу иш пайсалга солинаверилса, жабр-жафоси кучайса кучаяди, бироқ сусаймайди» қабилида тақдим этилса, ширалироқ, яъни ўзбекча чиқарди, деб ўйлаймиз.

Русларнинг мазкур манбасидаги “Спутник TESS обнаружил три подтвержденные экзопланеты за пределами нашей Солнечной системы”ни ҳам “TESS сунъий йўлдошиҚуёш тизимидан ташқарида учта тасдиқланган экзосайёрани аниқлади” деб ўгирганлар-қўйганлар. Ҳеч бўлмаса, “TESS сунъий йўлдоши Қуёш тизимидан ташқаридаги учта сайёрани далил-исботи билан аниқлади” дейиш тўғрироқдир. Кўпчилик сингари кунузчилар ҳам “зкзосайёра” Қуёш тизимидан ташқаридаги сайёрани англатишини билмасликлари мумкин (эски юнончада exō сирт, ташқи, ўзга, бегона маъноларини билдиради), аммо подтверждение фақат тасдиқни эмас, далил, исботни ҳам билдириши маълум, сайёрани тасдиқлаб бўлмаслиги аён-ку!

ТАСС ахборот манбасига таяниб берилган “Россия Беларусь кўринишида… ягона иттифоқчисини” сўзларини ичига олган хабарга кўзимиз тушганида, “кўринишда”нинг ҳеч бир қуюшқонга сиғмаслигини сезиш баробарида асли “в виде” бўлса керак, деб ўйлагандик. Бироқ адашибмиз, “как” экан (Россия может потерять Белорусию как союзника). Наҳот, “иттифоқчиси сифатида”лигини англаш шунчалар қийин бўлса?

Мазкур сайтнинг The Telegraph дан олган хабаридаги “кам баҳо бериш” инглизчадагиunderestimate нинг русчадаги недооценивать дан, “Fitch кутишича” инглизчадаги Fitchexpects нинг русчадаги ожидает дан ўгирилгани шубҳасиздир. Манбанинг аслидан фойдаланиш жуда яхши (агар “Гугл таржимон” ёрдамига қўл чўзилмаган бўлса, албатта). Афтидан, журналист инглизчани рус тили орқали ўрганган ва таржима асносида шу тил воситасида фикрлайди. Бу бизда кенг тарқалган ҳолатдир. Демак, бошқа тиллар билан “ишлаш”да ўзбекча фикрлайдиганларни тарбиялашимиз керак. Ўшанда underestimate ўзбекчада етарлича баҳо бермаслик, назар-писанд қилмаслик, ерга уриш, expect эса кутмоқ баробарида ҳисоб-китоб қилмоқ, мўлжалламоқ, ишонмоқ, ишонч билдирмоқ, тахмин қилмоқ, ўйламоқ сингари маъноларни англатишини билишдан ташқари, катта-кичик турли тадбирларда чет элликлар чиқишларини ўзбекчага (ва аксинча) уйғун таржима қила олиш даржасига эришамиз. “Бекажон”да қўлланган вишывка (аслида вышивка) билан боғлиқ мисол орқали хулосаласак, журналист ўз тилинигина эмас, ахборот манбайи тилининг қоидалари – табиатини ҳам пухта эгаллаган бўлиши лозим! “Ўзбекистон йилни яна олтинни фаол сотиш билан бошлади” “Узбекистан вновь начал год с активной продажи золота”нинг сўзма-сўз ўгирилишидир. Активно, активный ҳамма вақт ҳам фаол эмас, унинг кескин, авж, ғайрат, қатъий, қаттиқ сингари қатор маънолари бор. Уларни тўғри қўллаш муҳаррирнинг савияси ва ўз ишига муносбатига боғлиқ.

Электрон оммавий ахборот воситаларидаги матнларда аммо, лекин, бироқ сингари зидловчи боғловчилар гапнинг бошида келганида, улардан кейин вергул қўйиш одатга айланиб бораётганини сезмаслик мумкинмас. Бунинг аниқ сабабини билмаймиз. Русчадаги однако ундов вазифасини бажараётганидагина вергул қўйилишидан бошқа барча ҳолатларда рус тилида ҳам бундай тиниш белгиси қўлланмаслигидан хабардор сифатида “айб”ни яна рус тилига ағдаришга виждон йўл қўймайди.

Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро туризм куни, Халқаро журналистларга қарши жиноятлар учун жазосизликни тўхтатиш куни, Халқаро болалар куни, Халқаро хотин-қизлар куни, Халқаро саратонга чалинган болалар куни, Халқаро ногиронлиги бўлган инсонлар куни, Бутунжаҳон тупроқ куни, Халқаро атом энергетикаси агентлиги сингариларга шу қадар кўзимиз ўрганиб кетганки, муддао халқаро меҳнат, халқаро туризм, халқаро журналистлар, халқаро болалар, халқаро хотин-қизлар, халқаро ногиронлиги бўлган инсонлар, халқаро атом энергетикаси эмас, балки халқаро ташкилот, халқаро кун, яъни Меҳнат халқаро ташкилоти, Сайёҳлик халқаро куни, Журналистларга қарши жиноятлар учун жазосизликни тўхтатиш халқаро куни, Болалар халқаро куни, Хотин-қизлар халқаро куни, Саратонга чалинган болалар халқаро куни, Ногиронлар халқаро куни, Тупроқ бутунжаҳон куни, Атом энергетикаси халқаро агентлиги билан боғлиқлигига пинагимизни ҳам бузмаймиз. Яъни, масалан, 1 июнда болалар куни халқаро миқёсда байрам қилинади, 15 февралда эса саратонга чалинган болалар мавзусига халқаро даражада диққат қаратилади. Мазкур камчилигимиз асл ҳужжат билан танишмаслигимиз ва масала моҳиятини англамаслигимизга бориб тақалади (тескари ҳолда, “Kun.uz” “Халқаро саратонга чалинган болалар куни”ни кенг нишонлаш” деб ёзмасди, чунки оғир касаллик байрам эмас, чексиз ғамдир). Чунончи, 1979 йили Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти ташаббуси билан World tourizm day – Сайёҳлик бутунжаҳон куни таъсис этилган (русчада ҳам урғу тўғри берилган:Всемирный день туризма), Халқаро туризм куни эмас (чунки муддао халқаро туризм ҳақида эмас). Бундай хатоликлар етарли ва онгимизга ҳам, ҳужжатлар ва кундалик ёзувларимизга ҳам сингиб кетган. Масалан, кўпчиликка таниш UNESCO ((United Nations Educational, Scientific and Cultural Organization) Бирлашган Миллатларнинг таълим, фан ва маданият бўйича ташкилоти саналади. Биз эса уни Бирлашган МиллатларТашкилотининг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти қабилида ёзамиз, яъни ташкилотнинг ташкилоти. Чунки БМТни русчадаги ООН (Организация Объдиненных Наций) дан олганмиз. Ҳолбуки, инглизчада – UN (United Nations). Қизиғи, руслар UNESCOни Организация Объдиненных Наций по вопросам образования, науки и культуры тарзида ўз тилларига ўгирганлар ва жуда тўғри қилганлар. Чунки,Организация Организации Объдиненных Наций по вопросам образования, науки и культуры кулгили бўларди, албатта (Бундан ўн йиллар бурун қонун ташаббускорлиги ҳуқуқидан фойдаланиб амалдаги қонунлардан бирига ўзгартиришлар киритиш асносида мана шуни тушунтиролмай тентагимиз чиқиб кетган, қўлимиздан ҳеч вақо келмаганди). Қисқаси, халқаро номланишларни рус тилидан кўчириб эмас, ўз тилимиз илмий қоидаларидан келиб чиқиб ўзбекчалаштиришимиз лозим! Шундай қилсак, International Day to End Impunity for Crimes against Journalists ни, ҳеч бўлмаса, Журналистларга қарши жиноятлар учун жазодан қутулиб қолишга чек қўйиш халқаро куни сингари ўзбекчалашга эришамиз. Ё бўлмаса, русчадаги Международный день картофеля ниХалқаро картошкачилик куни қабилида кулгига қолиб эмас, Картошка (картошкачилик) халқаро куни дея ўзлаштиришга фаросатимиз етадиган бўлади. Гарчи International Labour Organization ни (ILO) Халқаро меҳнат ташкилоти қабилида нотўғри таржима қилиб бўлса-да, ИЛО демасдан ХМТ ёзишни эплаётган эканмиз, OPECни (The Organization of the Petroleum Exporting Countries) ОПЕК эмас (“Kun.uz”), НЭМТ (Нефт экспортчи мамлакатлари ташкилоти) деб битишга ҳам ўрганамиз.

Умуман олганда эса, касб-кори тил билан боғлиқлар тилшунослик бўйича, ҳеч бўлмаганда, асосий тушунчаларга эга бўлишлари шарт, деб санаймиз. Ҳозирча рус тилидаги манбалардан фойдаланиш, сўзлашув, ёзишмаларни мазкур тил қоидалари бўйича тузиш билан боғлиқ “қовун туширишлар”ни танқид қилмоқдамиз. Агар бугун “этагимизни йиғиштириб” олмасак, орадан кўп ҳам ўтмай, мазкур жараён инглизча манбалар ва қоидалар негизида гап тузиш касаллиги билан боғланиб кетиши муқаррардир. Рус, инглиз тиллари ҳинд-европа тиллари, ўзбек тили эса олтой тиллари гуруҳларига тегишлилигининг ўзиёқ қоидалар бир хил эмаслигига ишорадир. Ўрганиб кетганимиз – “ҳурматли йиғилиш қатнашчилари” мурожаати русчадаги “уважаемые участники собрания”дан кўчирилгани аниқ. Русчасида одатдагидек тўғри: ҳурмат қатнашчиларга билдирилмоқда, йиғилишга эмас. Инглизчада ҳам шундай: dear participants of the meeting. Бизда эса, одмаларга эмас, йиғилиш-тадбирга ҳурмат бажо қилинмоқда. Йиғилиш, йиғилишнинг (мажлис, гурунг, давра, кенгашнинг) ҳурматли қатнашчилари, десак биров бизни уришадими?

Рус тилидаги не только..,но и қўш боғловчиси ёрдамида мураккаб гаплар тузиш қоидасини ўтган ўн йиллар ичидаги кўр-кўрона ўзбекчалаштириш оқибатида ўзбек тилида ҳам гап тузиш қоидаси сифатида илдиз отиб бўлди: “нафақат болалар майдончаси, балки бахтли болалик оламидир”, “нафақат Тошкентда, балкивилоятларда”, “нафақат банк тараққиётини янада ривожлантириш, балки янги марраларни забт этиш”, “нафақат хокккейдан, балки умуман муздан йироқлар” ва бошқалар. Шу тариқа тилимиздан шира йўқола бошлаётганини сезиш қийинмас. “Болалар майдончасигина эмас, бахтиёр болалик дунёси ҳамдир”, “Тошкентдагина эмас, вилоятларда ҳам”, “банк тараққиётини янада ривожлантиришдан ташқари, янги марраларни забт этиш”, “ҳокейни қўя турайлик, қор, муз нималигини билмайдилар” ўз тил “тандиримиз”да ёпилгандекмасми!? Ўзбек тили қоидаларига қарши ўлароқ “Венесуэлага иккита самолётда россиялик ҳарбийлар келгани маълум қилинди” (“Kun.uz”) қабилида гап тузишлар урчиб бораётгани хавотирга солиши лозим! Гап бўлакларидан эга одатда биринчи ўринда туриши ва кесим билан уюшиб келиши она тили дарсларида роса уқтирилган-ку: “россиялик ҳарбийлар иккита самаолётда Венесуэлага келганлари маълум қилинди” деб ёзилса, тўғрироқмасми!? Бу борада бугун бош қотирмасак, эртага нима бўлишини мазкур сайтдаги “Венесуэла президенти…энг ашаддий золимларнинг энг ёмони ҳисобланди, деб айтди…Майк Помпео Венесуэлага гуманитар ёрдам етказишдаги муаммолар ортида” хабари кўрсатиб қўймаяпдими!?

Рус тилидан ўз пайтида кўр-кўрона, саводсизларча ўзбекчалаштирилган сўзлар онгимизга шунчалар сингиб кетганларки, дўппини ерга қўйиб ўйлаб кўрсак, нега чидаб юрибмиз, саволи туғилиши турган гап. Масалан, хўжалик совуни хозяйстенное мылодан ўгирилган. Қайси хўжалик? Халқ, қишлоқ, ишлаб чиқариш, балиқчилик хўжаликларидан қай бири? Тўғри, уй хўжалиги – рўзғор! Аммо одатдагидек кир совун десак бўлмайдими? Фалончи йўл-транспорт ҳодисасига учради, деб ёзамиз. Оқсоқолга, балога, қаҳрга, фалокатга учраш мумкин, аммо ҳодиса, воқеага (дорожно-транспортноепроишествие) эмас. Негаки мазкур воқеа, ҳодиса унинг иштирокида тасодифан юз берганининг оқибатдир. Бундай пайтларда, фалокат-да, деймиз. Бир қараганда, “ноқишлоқ хўжалик аҳамиятидаги ер участкалари” ҳам бинойидек. Бироқ чуқурроқ ўйлаб кўрилса, “земельные участки несельскохозяйственного назначения”нинг ўгирилганидир. Ҳаво йўллари чипталари ҳақида тўхталган “Бекажон” газетаси “эконом класс”ни “иқтисодий класс” тарзида ўгириб қўя қолган (Oʹzbekiston 24 каналида эса бизнес клас, эконом клас дейиляпди-қўйиляпди). Ваҳоланки, бу ерда гап экономический эмас,экономный класс ҳақида кетмоқда. Яъни режали, тежамли, йўловчи учун фойдали чипта тури демоқчи. Бизга қолса, тежама чипта деб ёзган, айтган бўлардик.

Чет атамаларни ўз тилимизда ифода этиш билан боғлиқ яна бир муаммо бор. “Kun.uz” мисолида давом этадиган бўлсак, сайт учун област, район, уезд, провинция кабиларни қўллаш одат тусига кириб бўлди. Ваҳоланки, мазкурлар тегишли мамлакатлар маъмурий-ҳудудий бирликларининг номланишидир. Бизда – ўзбек тилида улар вилоят ва туманни англатадилар. “Wikipedia”да Ўзбекистон давлатига тегишли русча, инглизча, фарангча, италияча, туркча матнларда биздаги маъмурий-ҳудудий бирликларнинг номланиши мазкур тиллардаги қуйидаги атамалар орқали аниқлаштирилган: область, район, region, district, province, regioni, distretti, il, ilҫe. Бу, шубҳасиз, жуда тўғри ёндашувдир. Аммо биз-чи? Москва городи, Вашингтон ситиси демаймиз-ку! Қисқаси,Кемерова области, Кордай райони ни, ҳеч бўлмаса, Кемерова вилояти, Кордай тумани деб ёзишимиз шарт. Курган атамаси ўзимизнинг қўрғонни билдириши, Кордайтуркийнинг қозоқчасида Қордай эканлигидан келиб чиқилса, Қўрғон вилояти, Қордай тумани қабилида иш тутамиз, бир гал Жамбул, бир гал Жамбил сингари уятликларга йўл бермаймиз. Чет манбадаги Hormozgan ўзбекчада Ҳўрмузгон эканлигини билмаганимиз сабаб, инглизча матн атамасидаги биринчи o ни ў, иккинчи o ни у, g ни эса нимагадир ғ га ўзгартириб, Хормузғон шаклида бериб юбормаймиз.

“Фарах вилояти губернатори, Туркияда 39 вилоят губернатори” кабилар ҳам юқоридаги “касаллик” мевасидир. Афғонистон ва Туркияда вилоят бошлиғи воли (вали) дейилади. Инглизлар ўз тилларида уни governor, руслар губернатор қабилида ифода этадилар. Бу – уларнинг иши. Аммо нега биз ҳам “губернатор”га эргашишимиз керак? Ахборот манбайимиз русча бўлган тақдирда ҳам ҳоким десак, биров биздан ҳақ сўрайдими?

География тилчилиги мавзусини кўтарганда, чет жойлар атамаларининг ўзбек тилида ифодаланиши муаммоси қалқиб чиқиши табиий. Президентимизнинг Алишер Навоий ҳаёти ва меросини ўрганиш, билиш, тарғиб этишга қаратилган ташаббуслари ва бу борадаги ташкилий, рағбатлантириш ишларининг мағзини кўпчилик ҳалигача чаққани йўқ, деб ўйлаймиз. Зеро улуғ аждодимиз билан боғлиқ билимлар адабиётнигина эмас, миллатимиз ва давлатчилигимиз ривожининг XV асрдаги тарихий воқелигини ҳам қамраб олади. Чунончи, ҳозирги авлод, айниқса, ёшлар ўша кезларда Ҳирот ўзбек давлатининг пойтахти, кейинчалик сиёсий-маданий марказларидан бири эканидан хабар топади (аҳолимиз, жумладан, ёшларимизнинг жуда кўпчилиги Алишер Навоийнинг туғилиш, яшаш, ижод қилиш, ўлиш ва кўмилиш ери нега Ҳирот бўлганини ҳалигача билмайди, чунки буни тушунтирмаймиз). Йўл-йўлакай, ҳеч бўлмаганда, Ўрта ва Яқин Шарқ тарихи ва географияси юзасидан билимларини ҳам бойитади. Натижада, “Kun.uz” мисолида келтирсак, Нангархор, Фарах, Урузган, Пул-и-Ача, Пули-Хумри, Қобул, Хаф, Гужарат, Белужистон эмас, Нангарҳор, Фароҳ, Урузгон, Пули Ача, Пули Хумри, Кобул, Хоф (Хавоф), Гужарот, Балужистон, шунингдек Ширин-Тагаб ва Давлатобод уездлари, Жўлан тепаликлари, Вавилон, Ўрта Ер денгизи, Эверестэмас, Ширин Тагоб ва Давлатобод туманлари (аслида улусволи), Жавлан тепаликлари, Бобил, Ўрта денгиз, Жумуланмга деб тўғри ёзишни ўрганамиз. Бу эса бизни бошқа йўналишлардаги саводимизни ҳам оширади. Масалан, Эроннинг пул бирлигини риал эмас (“Kun.uz”), риёл деб ёза бошлаймиз. Эронлик жамоа таркибига оид русча ёки инглизча маълумотдаги Сасан Ансари (Sasan Ansari) ёзувини Сосон Ансорий деб ёза ва ўқий бошлаймиз (чунки 622 йили Маккадан Мадинага кўчиб борган пайғамбаримиз бошлиқ мухожирларга бошпана бериб, мусулмончиликни қабул қилган авс ва ҳазраж уруғлари аъзолари ансорлар (ёрдам, кўмак берувчилар) деб аталиши, араблар босқини арафасида Эронни сосонийлар бошқарганини билган бўламиз).

Умуман айтганда эса, география атамачилигимизни тубдан ва оқилона кўриб чиқиш пайти келди, деб ишонамиз. Негаки, биринчидан, мазкур йўналишнинг ҳозирги ҳолати кўп жиҳатдан мустамлака давримиз ожизликлари, чекловлари, тақиқлари шарт-шароити билан боғлиқдир. Ота-боболаримиз бир умр Гуржистон, Юнонистон деб келганлари билан биз Грузия, Греция деб айтиш ва ёзишга мажбур эдик. Болгарияни Булғористон, Венгрияни Мажористон деёлмасдик. Чунки “марказ” расмий ҳужжатларида шундай ёзилган (ёки ўзимиз шунга жазм этолмаганмиз). Аммо Арменияни Арманистон қабилида ишлатганимизнинг сабаби ҳозирча бизга қоронғу. Хуллас, ташқи дунё билан узилганимиз ҳолатида бошқа соҳалар қатори чет география атамаларини ҳам асосан ҳукмрон тил орқали олганмиз. Иккинчидан, бундан буён инглиз тилининг табиий таъсирининг кучайиб бориши ва лотин алифбоимизнинг изчил жорий этилиши манзарасида ягона ёндашув ва қоидаларнинг аҳамияти ошгандан-ошиб бораверади. Юқорида Карабобо билан боғлиқ мисолнинг ўзи тушунган одам учун кўп нарсага ишорадир. Машҳур Бора-Бора оролининг номини ўзбекчада борган сари маъносини берувчи бора-бора деб ўқишимиз турган гап ва лозим. Чунки бу – тилимиз қоидасининг талаби! Ё бўлмаса, 2006 йили тузилган Сrna Gora давлатининг номини нега Черногория дейишимиз керак (уларнинг тилида gora тоғни эмас, ўрмонни билдиради)? Демак, ўз тилимиз хусусиятлари, тарихий мерос ва тажрибамиз (Хоразмий, Беруний, Улуғбек асарларидаги атамалар ўзбек географиячилиги 1865 йилдан анча бурун – асрлар, минг йил олдин туғилганининг далил-исботидир), шунингдек замонавий билимлардан келиб чиққан ҳолда бугун чорамизни кўрмасак, эртага кеч бўлади.

География атамалари ҳақида сўз кетганда “Donyo boylab” телеканали ҳақида тўхталмасликнинг иложи йўқ. Мазкур оммавий ахборот воситаси ҳам тил, хусусан, география, ҳайвонлар ва ўсимликлар дунёсига оид атамалар бўйича ўзига хос дарсликдир. Тўғри, оламда бизда умуман учрамаган, учрамайдиган жойлар, ҳайвон, ўсимликлар ва бошқа нарсалар бор. Уларнинг аталишини миллийлаштиришга мутлақо қаршимиз, масалан, “New York”ни Янги Йорк дейиш камида кулгилидир. Бироқ ўзимизда бўлган, борларини, масалан, Болқонни Балканга (“Uzreport” телеканали) арзон гаровга алиштириб юбормаслигимиз ҳам керак-да ахир! Ё бўлмаса, қадимги Бойкентга аталган кўрсатувда темирчиликда шлак ишлатилган, дейиш ғирт нотўғридир. Биринчидан, унинг ўзбекчаси бор – тошқол, иккинчидан, у пайтларда рус халқи, демак, тилининг ўзи ҳали йўқ эди, учинчидан, тарихни сингдирамиз деб тилимизни бузсак, мақсадга эришган бўламизми?! Қани мантиқ?

Эфир назарияси физика фанида ўн тўққизинчи аср охирларидаёқ инкор этилгани шароитида “тўғридан-тўғри эфир” ҳеч бир қуюшқонга сиғмаслиги ҳақида “Тошгандан эмас, томчилагандан қўрқ” мақоламизда асослантирилгани учун масаланинг бу жиҳатига қайтмаймиз. Совет империяси сиртмоғидан чиққан мустақил давлатлардан ташқари бирон мамлакат телерадио каналларида бу каби мантиқсизлик йўқлигини эслатиб ўтамиз, холос (“кейинги эфирларга қадар хайр”, “тўғридан-тўғри жонли эфир” таъкидларининг ўзиёқ бунинг исботидир). Бироқ ўзбек тилидаги кўрсатувларда live, прямой эфир белгиларига нима бор?

Илгари қурилиш соҳаси вакилларининг “оғзи”да бўлиб келган фрамуга, фасад, цокол, козирёк, шахта, котлован, фортичка, погона метр, коллектор, дренаж сингарилар эндиликда ОАВ ларининг тўрида оёқ чўзиб ўтирибдилар. Жойларда амалга оширилаётган қурилиш ишлари, хусусан, корхоналар, ободонлаштириш ва бошқаларга оид кўрагазмали лавҳалардаги ёзувларнинг кўпчилиги рус тилидалигини кўрганингда, уялиб кетасан. Давлат тилида бажарилганлари ҳам учраб туришидан келиб чиқилса, демак, бу ишни уддаласа бўлади! Ҳолбуки, меъморчилик ва қурилиш биз учун ота касб, минглаб тарихий иморатлар эса бунга далил ва исбот. Демак, соҳа атамачилиги ҳам бўлган ва бор! Улардан дарсликлар, ўрта ва олий касб-ҳунар таълими жараёнида, амалиётда фойдаланиш даражаси бизга қоронғудир. Аммо оқибатига қараб хулоса қилса бўлади, деб ўйлаймиз: архитектор (меъмор), архитектура (меъморчилик), дизайн (лойиҳа, чизма, расм, безак, кўрк, кўриниш, жойлаштириш), колонна (устун), балка (тўсин), бетон (метин), опалубка (қолип), раствор (қоришма), асбест (тошпахта), брусчатка (серқирра тош), ковка (болғалаш), клемма (қисқич)…сингарилар оддийлик касб этиб бормоқда. “Ахборот”да Наманганда очилган спорт иншооти ҳақида сўз кетаркан, мазкур бинонинг пешонасига ёзиб қўйилган “Олд фасад томони” ёзувларига кўзинг тушганда, кулишингни ҳам йиғлашингни ҳам билмайсан. Фарангчадан рус тилига, сўнг бизга кириб келган бу сўз – “фасад” ўзбекчадаги олд, юз, ўнг томонни билдириши кулгини қистатади. Мазкур ёзувни ёзаётганда, ёзилиб ўрнатилгандан кейин “чирой очиб турганида” бирон кимнинг, айниқса, ерлик зиёлилар, “тилимиз жонкуярларининг”, телеканаллар орқали миллионлаб кишиларга тақдим этаётганларнинг эътиборини тортмагани, одамни йиғлатади…

Спортнинг инсон ва халқлар ҳаётида тутган ўрнини олқишлашга ҳожат йўқ. Футбол бўйича энг олди биринчиликларнинг тақвими, ўйин куни ва вақти телеузатувчилар билан келишилиши, аниқроғи, уларнинг “зуғуми”га кўра белгиланишининг ўзиёқ миллионларни ўзига сеҳрлаб қўйган мазкур томошанинг улкан ва тенгсиз аҳамиятини кўрсатади. Демак, ҳафтада салкам икки соатдан неча ўн марта лак-лак оммани қамчи-калтаксиз ва кўнгилли равишда ялпоқ шиша қаршисида “михлаб қўядиган” мазкур тадбир тушунган одам учун ўзига хос тил дарслиги ҳамдир. Шу маънода, бундай ноёб имкониятдан унумли фойдаланяпмизми ёки йўқми, ҳақли саволи туғилиши табиий. Аттангки, йўқ!

Очиғи, савия ва вақтни қизғаниш омиллари сабаб, футбол ўйинларини танлаб кўрамиз. Шунда ҳам кўпинча Европа каналлари орқали. Негаки, биринчидан, уларнинг узатиш ва кўрсатиш сифати юқори, иккинчидан, чет тили бўйича камтаргина билимларимизни оз бўлса-да жонлантириб туриш учун. Бунинг иложи бўлмаган пайтларда НТВ-Спорт каналларига мурожаат қиламиз, айниқса, жонлари жаннатда бўлгур Николай Озеров, Коте Махарадзе, Владимир Маслаченко мактабини давом эттираётган Александр Елагин шарҳлаётган бўлса (рус тилида тўғри сўзлаш ва фикрлашни жумладан улардан ҳам ўрганганмиз ва ўрганмоқдамиз). Ўта камдан-кам ҳолатлардагина, ўшанда ҳам ўз жамоаларимизни кузатишга тўғри келганда, ўзбек каналларига уланишга мажбур бўламиз. Тўғриси, шарҳловчиларимизнинг тил маданиятидан ташқари, спортнинг шарҳлаётган тури бўйича ҳам саводсизликлари, баъзан (ҳозир кўпайиб бормоқда) бачканаликлари, тилларига эрк бериб юборишларига чидаб кўрамиз. Бу футбол шарҳларигагина тегишли эмас. Айримларидаги майнавозчилик шундай чўққига кўтарилдики, масалан, “Ўзбек йўлбарслари”нинг бокс бўйича олишувларини телевизорнинг товушини ўчириб кўрадиган бўлдик…Бизнинг шарҳловчиларимизнинг яна бир “устунликлари” бор. Уларга спортнинг “етмиш иккита тури” ҳам оз. Футбол, курашнинг неча хили, бадиий ва спорт гимнастикаси, теннис, волейбол, атлетиканинг неча ўн хил енгилию оғири, спортнинг неча ўн хил қишкисию ёзгиси, қитъа ва мамлакат – фарқи йўқ, тунда уйғотиб, қўлига микрофон тутқассанг бўлди, келган жойидан олиб кетаверадилар. Бир неча йил бурун Франция биринчилигини шарҳлаётган кимдирнинг томошабинлар орасида ўтирган Лоран Бланга кўзи тушиб, Баккенбауэр ҳам келибди, дегани ҳеч эсдан чиқмайди (тўғри, одам адашиши мумкин, шунинг учун ҳам, масалан, бизникилар “ўлиб қоладиган” НТВ-Спорт каналларидаги муҳаррир шарҳловчи хатосини шипшитиб қўяди ва у кечирим сўраб, камчилигини тўғрилайди ҳам).

Шарҳловчиларимиз луғати учун компенсация, сумма, пас, сейв, драматик, ротация, фантастик, факт, фактор, шпорлар, тандем, корпус, градус, спринтир, батарейка, заряд, грация, темп, ритм, старт, форма, контракт, контакт, полис, контраст, симулацион, баланс, клас, экстра, прессинг, комбинация, мотивация, камбек, градус, вингер, конкрет, оптимал, физик, зона, позиция, тайм, экватор, аут, офсайд, микроофсайд, лайсмен, латерал, корнер, супер, суперсейв, финт, алтернатива, симуляция, дриблинг, интрига, гранд, ассистент, штурм, пассив, прогресс, спектакл, шпага, статус-кво, вариант, ностандарт, подкат, шлагбаум, илюзия, голеадор, репертуар, асист, адреналин, шедевр сингари яна қанчадан-қанча “қурт ва куя” сўзлар оддийликка айланиб бўлди. Улар ҳам, ҳеч бир ҳижолатсиз, аниқроғи ўйлаб ҳам ўтирмай, ушбу – маъно-мағзини билимдонлик билан чақа олмасликлари аниқ “қурт ва куя”лардан янги сўзлар, сўз бирикмалари, гаплар тузмоқдалар: грандлар, спринтирлик пойгаси, 180 градус, конкрет гол, навбатдаги сейв, оптимал таркиб, унинг зонаси, унинг позицияси, фантастик темп, фантастик ўйин, иккинчи темп, компенсация бўлди, мураббийнинг эмоциялари, фантастик сейв, гол траекторияси, қандай пас, топ-тоза подкат, қандай сейв, чиройли атмосфера, ўзига хос перфоманс, катта сумма бу, экстра клас комбинация, энергияни тежаш режими, ностандарт фикрлайди, подкат ташлади, корпусда яхши ўйнади, жамоадошларнинг физик формаси, биринчи тайм экваторида, бундай контактлар бўлиб туради, старт берилди, грация билан ўйнайди бу футболчи, қандай батарейкалардан фойдаланяпдики, заряди анчага етаяпти, мотивация топиш осон бўлмайди, қанча мотивация керак, яхши позицияда эди, ўйин картинасининг маъносини ўқиш ва бошқалар.

Бундай уятли ҳолатга ажабланмаса ҳам бўлади. Негаки шарҳловчиларимиз чет сўзларни қўлламай, ўзбекчада “тоза” гапирганлари ҳолатларида ҳам кишини гоҳ ачинтириб ёки аччиқлантириб, гоҳ қотиб-қотиб кулдирадиганлари ҳам кам эмас: деярли рақибга ҳеч қандай имкон қолдирмаган эди, танани тўғри жойлаштириш натижасида тўпни олиб қўйди, жарима зарбасидан ким зарба берар экан, тушкун кайфияти янада тушиб кетди, қандай ўйинда вазиятни ўзгартира олди, яна бир Осиё чемпионати ғолиби, бутун жамоа бўлиб ҳужум қилаётган жамоа, яхши тўп оширди, яхши тўп узатилишини ижро этганди” (“Kun.uz”даги мана буниси ҳам ўзига хос: ижобий тўпларнисбати. Қизиқ, салбий тўплар қанақа бўлар экан?).

Кўр-кўрона эргашишнинг аянчли оқибати мана бу мисолда яққоллашади. “Катта эҳтимол билан” (с большой вероятностью) кириш сўзи ҳам ўзига хос урфга айланган. “Катта эҳтимол билан тўпни аниқроқ тепиши мумкин эди” таърифидан кўра “тўпни аниқ тепишининг эҳтимоли баланд эди” ширалироқ, албатта. Негаки тилимиз қоидаларига кўра тузилган. Қолаверса, шарҳловчи ўзбекча сўзлар маъносини ҳам билмаслиги билиниб қолмоқда – эҳтимол ва мумкин сўзлари маънодошдир. Хуллас, рус ҳамкасби шарҳида қулоғига чалинганни ўзбекчасига ўқлаб отиб юбораверади, масалан, кимнинг кимга, аммо ни у кому кому, но дан олгани аниқ.

Бир пайтлар “Муштум” журналида “Бир қайнови ичида гаплар” рукни бўларди. Шарҳловчиларимиз луғати бу борада ўзига хос хазина! Бизга энг “ёққанлари”дан бир нечаси билан ўртоқлашсак: “по идеи он полузащитник” онгостида қотиб қолганидан туғилган “у ғоя бўйича ярим ҳимоячи”ни эшитганда, мабодо, футбол бўйича эмасми, дея кулиб қўйса бўлади (идея жойига қараб ғоядан ташқари фикр, мақсад, ният, режани ҳам англатади). “Ўйинни ўлдирмоқдалар” русчадаги “убивают игру”дан илҳомлангани шубҳасиз. Руслар учун бу тўғри, уларда “убивать время” ҳам бор, бизда вақт ўлдирилмайди, беҳуда ўтказилади. Ўйин ҳовури, шиддатини туширмоқда, деса бўлади-ку…. Аммо “команде нужна новая кровь”дан туғдирилган “жамоамизга янги қон керак” қабилидаги думбулликка ўзбекнинг энг саводсизининг ҳам ақли етмайди ва, табиий равишда, футболчиларга қон қуйиш зарур бўлиб қолибди-да, бориб қон топширсаммикан, деб безовталанса, ҳаққи бор. “Элдорда ҳудуд пайдо бўлмоқда”, “Шомуродовда ҳудудлар бўларди”, “бизникиларда танани тиклаб олишга вақт кам қолганди”, “соғлиғидан эҳтиёт бўлишимиз керак”, “қандайдир чизгилар сезилиб бормоқда”, “зарбага бермаслик керак”, “ҳеч бир клубда бундай бахт бўлмаган”, “масофани тўғри тақсимлай олмади”, “жарима майдончасидаги кичик тўрт бурчак нуқтада дарвозабонга тегиб бўлмайди”, “зич комбинацияни бир оз кенгайтиришни ўйлади”, “ёмғирли булут сузиб юрибди”, “ўйиннинг иккинчи динамакаси”, “чуқур орқага қайтишни маъқул кўрдилар”, “шифокорлар ёрдамга муҳтож”ни, худо ҳаққи, тушунолмадик. Хотирамизда рус, инглиз, форс, турк, пўлшача тиллардаги эшитганларимизни тиклашга қанча уринмайлик, бунақасини тополмадик. Охири, тилнинг суяги йўқлигига яна бир бор инондик.

Бир қарасанг, шарҳловчиларимиз гап-сўзларини эшитиб, чойхонада ўтириб футбол кўраётган улфатларнинг муносабати эсга тушиб кетади: ҳис-туйғуларни тиёлмаслик, ўйламасдан гапириш, барчага аён нарсалар, майдонда шундоқ ҳам кузатиб турганларингни ифодалаш, шарҳни икки киши олиб борилган пайтларда эса бир-бирига гал бермаслик ва ҳоказо. Яна бир қарасанг, шарҳловчиларимиз иши раҳматли Ҳожибой Тожибоевникига ўхшаб кетади. Қизиқчиникию тушунарли ва ёқимли, бироқ шарҳловчилик ҳар ҳолда бошқа йўналиш-ку?! Ўйин ёмон чиқса ҳам, шарҳ юқори савияда бўлса, вақтингга ачинмайсан. “Ҳакамнинг икки юзидан ўпиб қўйиши мумкин”, “ҳакамингга ҳам, бошқаларга ҳам дея ичидаги борини айтди” сингари ўйламай-нетмай айтилганлар, шарҳловчи айниб бораётгани, ўзига бино қўйишни бошлагани, омма қаршисидалигини унутиб қўяётганига ишора, деб биламиз. Ўйинчимиз йиқитилган ҳолатда “озгина саҳна кўриниши ҳам бўлиши керак, ахир биз Осиёда ўйнаяпмиз-ку” дея футболчини сиртдан ғирромликка ундаш эса шарҳловчининг феълидан далолат беришдан ташқари, таҳририят, қолаверса, миллат обрўсига соя ташлайди, албатта.

Бундай “қовун туширишлар” шарҳловчиларимиз сўз бойлигининг ўта қашшоқлиги ва оқибатда бировларга эргашишдан ўзга иложлари йўқлиги билан боғлиқ, десак адашмаймиз. Акс ҳолда, улардан биттаси икки дақиқа ичида дастлаб, дастлабки сўзини тўрт марта ишлатмасди, илк, бошданоқ, бошланғич, аввалги, биринчи, ибтидо сингариларидан ўз ўрнида фойдаланган бўларди. Савия шундай бўлгандан кейин Россиянинг НТВ спорт каналлари шарҳловчиларидан эшитгани ва миясига қуйилиб-қотиб қолганини қўллаши турган гап: мураббийга чиқиш эшиклари кўрсатилди (тренеру указали на дверь), қандай зарба (какой удар), қандай зарбани қабул қилиб олди (какой удар принял), очиқчасига тажриба етишмади (а если откровенно, то не хватило опыта), ана шу фонда сизлар билан хайрлашамамиз (на этом фоне прощаемся с вами), иккинчи ёшлигини ўтказаётган Бикмаев (переживающий свою вторую молодость Бикмаев), охирги чўпга ҳам осилишга ҳаракат қилади (стремится хвататься за соломинку), тозаловчи вазифасини қойил-мақом бажармоқда (отлично выполняет работу чистильщика) дан эплаб-сеплангани аён.

Рус шарҳловчиларининг тегишли спорт тури бўйича билимдонлиги, ўз она тилиси усталигига тан берамиз. Тўғри, уларда ҳам чет атамаларга муккадан кетиш касали бор ва бизникиларнинг дарди ҳам аслида шундан, яъни улар – иккинчи қўл. Бироқ москвалик шарҳловчиларнинг юқори савияси, мантиқий фикрлаши, рус тили қоидаларига амал қилишлари яққол билиниб туради. Уларнинг шарҳида билим ва татим бор! Даҳшатли драматик кўриниш тус олади (драма – оғир бахтсизлик, кулфат, фожиа, можаро, танглик, жиддийлик); ноаниқ тўп узатилиши (тўпнинг аниқ-ноаниғи бўлмайди), оёғигазарба қабул қилиб олди (қарор, тўлқин, таклиф, ҳисобот қабул қилинади, зарба берилади, ейилади), зарбани ким йўллайди (зарба бериб тўп йўлланмайдими?), кўп тўпни қабул қилмоқда (майдонда тўп битта бўлмайдими?), футболчилар принципиал ҳаракатлар қилишни хоҳлашмаяпти (ҳаракатнинг принципиалсизлари ҳам борми?), бу менинг шахсий субектив фикрим (иккови бир нарса эмасми?) каби тахирликлар уларда йўқ. Ҳар ҳолда биз дуч келмаганмиз.

Бошқача айтганда, шарҳловчиларимиз ўз она тилидан ташқари рус тилини ҳам пухта билмайдилар. Тескариси бўлганида эди, ўзбекчада бу каби шармандагарчиликларга йўқ қўймасдилар. Зеро бирон тилни пухта эгаллаган инсон бошқаси бўйича ҳам шунга интилади. Билимсизлик эса ҳар ишда панд беради, баъзан шарманда ҳам қилади. Шарҳловчи “тезлик инерцияси” деганида, нимани тушунишимиз керак? Нютонни гўрида ағдариб юборадиган бундай “кашфиёт” ҳам тил, ҳам физика қонунларини билмаган юртдошимизнинг рус шарҳловчиси қўллаган по инерции аниқлигини ўзбекчалаштириш йўлида қилингани шубҳасиздир.

“Бизда шундай ўйин амалиёти бор” гапи “у нас есть такая игровая практика”данлиги тайин. Русчадаги “игровая практика” бирикмаси тўғри, бироқ ўйин ҳаракат, иш, амални англатади. Ахир, шарҳлаш амалиёти, ўқитиш амалиёти, даволаш амалиёти демаймиз-ку! Русчадаги “практика” бир неча маънога эга бўлиб, тажрибани ҳам билдиради. Яъни “игровая практика” дея НТВ шарҳловчилари ўйин тажрибасини кўзда тутадилар, амалиётини эмас. Шунингдек, “Милан” играл вторым номером” дея, улар ташаббусни рақибга топшириб, ҳимоя усулида ўйнади, демоқчи бўладилар. Бизникилар эса “Милан” иккинчи рақам остида ҳаракат қилди” деб юбораверадилар. Русчада “под 2 номером” эмас-ку. Рус шарҳловчиларининг “контролировать игру, мяч, контрольная игра” қабилидаги таъкидларини “ўйин, тўпни назорат қилиш, назорат учрашуви” тарзида ўзбекчалаштириш ҳам нотўғри, деб ўйлаймиз.

Аввало, ҳе йўқ, бе йўқ подкат сўзини қўллашга шарҳловчига ким ҳуқуқ берди? Бироқ “подкат ташлади” дейиш хато устига хатодир. Негаки мазкур сўз ниманидир остига сирғатиб ташлаш, сирғалиб ташланишни билдиради. Рус шарҳловчилари уни рақиб оёқлари остига ташланиб тўпни олиб қўйиш, чиқариб юбориш ҳолатларида қўллайдилар. Ўзбек тилида эса гап, кўланка, пўст, уруғ, шох, хандон ташланади, “подкат” эмас. Шунингдек, русчадаги шпоры атамасини ўзича шпор+лар дея ўзбекчалаштиришга шарҳловчининг ҳаққи борми? Биринчидан, пих, масалан, хўроз пихини билдирувчи сўз русчада шпора дейилади. Иккинчидан, инглизларнинг “Тотинҳем Ҳотспур” жамоасининг белгиси хўрозлигидан ташқари, бошида жамоа номи Ҳенри Перси Ҳотспур шарафига аталган. Hotspur hot (қизиққонлик) ва spur (тепки, пих) сўзларининг қўшилишидан ясалган ва ўзини тийиб туролмайдиган, хўроз уриштиришга муккасидан кетган Ҳенри Персининг лақаби саналган. Ё бўлмаса, “Арсенал”ликларнинг лақаби the gunners ни русчадаги канониры cингари канонирлар тарзида эмас, ўзбекчалаб тўпчилар деб ёзиш, айтиш қийин ёки шунчалик уятлими?

Гарчи таъминлаш иш, маҳсулот, ашё сингарилар билан боғлиқ бўлса-да, “пас билан таъминалади”да қандайдир маъно бўлиши мумкиндир, аммо “пас узатмоқда”даги пасинглизчада узатиш-ку! “Унинг ҳаракатини ўқиди”нинг ўрнига фикрини ўқиди, деса ҳам майли эди, чунки ҳаракат ўқилмайди, ҳаракат фикр (мия) нинг ижросидир. Унинг қарорини (мўлжалини, режасини) пайқади (сезди), дейилса, ҳар жиҳатдан ўзбекона ва ширали чиқарди, деб ишонамиз.

Давлат ва жамият турмушининг барча йўналишлари ҳал қилувчи, келгуси даврлар негизини белгилаб берувчи сифат ўзгаришлари юз бераётган эндиги паллада ҳар соҳа ўз ишини билиб-билиб қилса, айниқса, камчиликлари устида бош қотирса, оқилликдан бўлар эди, деб ишонамиз. Мазкур ишонч футбол, умуман спорт турлари бўйича атамалар бўйича жиддий изланишларга ҳам тегишлидир. Қисқаси, атамаларнинг аслини обдон ўрганиб, уларни оқилона ўзбекчалаштириш ишига киришмасак, эртага кеч бўлиши турган гап! Масалан, футбол ўйинида direct free kick, indirect free kick қоидалари бор. Биринчисига кўра, қоида бузилган нуқтадан дарвозага киритилган тўп ҳисобга олинади, иккинчисида эса йўқ – тўп бошқа футболчига тегиши лозим. Руслар бу икки атамани штрафной удар ва свободный удар дея ўзгартирганлар, бизникилар эса одатдагидек кўр-кўрона ўзлаштиришдан ташқари “тўп”ни ҳам қўшиб қўйганлар: жарима тўпи ва эркин тўп. Аслида эса эркин зарбанинг тўғридан-тўғри ва эгриси кўзда тутилган.

Гўл дея талаффуз қилиб, гол ёзадиганимиз, инглизча goal, яъни мақсад, вазифа, марра, футбол атамашунослиги нуқтаи назаридан эса дарвозани билдиради. Яъни тўп урилганда дарвоза ишғол қилингани, нишонга теккани тушунилади. Демак, дарвозага гўл эмас, тўп урилиши натижасида гўл юз беради (goalkeeper ҳам шундан: дарвоза, нишонни сақловчи, қўриқловчи – дарвозабон). Шу маънода, шарҳловчиларимиз кўр-кўрона рус тилидан ўзлаштирган автогол инглизчадаги own goal ни ўзига хос руслаштиришдан пайдо бўлгани, шубҳасиз. Мазкур атама ўйинчи ўз дарвозасига тўп урилишига сабабчи бўлганини билдириши ҳам яхши маълум. Бошқача айтганда, ўзига ўзи тўп уриб қўйган. Шундай экан, ўзгўл, десак бир нима бўладими? Старт олди, старт берилди сингарилар шарҳловчилар “луғати”дан бошқа ОАВларига ҳам кўчиб, ўрнашиб бўлдилар. Start ўзбекчада боши, бошланиши, бошламоқни билдиради-ку, Тегишлилигига қараб, ўйин, тадбир бошланди, олға десак бир нима бўладими?

Инглизчадаги time умуман вақтни билдириши бугун етти ёшдан етмиш ёшгача маълум, десак ошириб юборишимиз аниқ, лекин шарҳловчи биринчи, иккинчи тайм деганда мутлақ кўпчилик тўқсон дақиқа чўзиладиган ўйиннинг биринчи ва иккинчи бўлимларини тушунишига шубҳа йўқ. Тайм нинг аслидан келиб чиқилганда эса биринчи вақт, иккинчи вақт қабилида таржима қилишга тўғри келади ва бу албатта нотўғридир. Шунинг учун ҳам инглизлар the first half, the second half деб ёзадилар. Яъни тўқсон дақиқалик ўйиннинг биринчи ва иккинчи яримлари, бўлаклари, бўлимлари. Адолат юзасидан айтганда, бизникилар “бўлим”ни ишлатиб турадилар, аммо таглакларини кўчирмачилик кўтарганиданми, “тайм”, “экстра тайм” нашаси кўпроқ тутиб туради.

Футбол шарҳларида бемалол ишлатилаётган французча ricochet русчага рикошеттарзида кўчиб, ундан спорт шарҳловчиларимиз “шарофати” билан ўзбекчага ҳам кириб келди. Бир жисмнинг иккинчисига тегиб, урилиб йўналишини ўзгартиришини англатувчи ҳолатлар ўзбек халқи ҳаётида юз бермаган, деб ўйлайсизми? Болалигимизда ялпоқ тошни сув юзасига қиялатиб отиб, унинг сакрашларидан завқ олганмиз, ёнғоқ ўйнаганимизда бири иккинчисига тегиб йўналишини ўзгартирганига неча марталаб гувоҳ бўлганмиз-ку? Боболаримиз чавгон ўйнаганларида урилган тўп отгами, одамгами, ергами тегиб, йўналишини ўзгартиргани аниқ. Демак, ҳолатни англатувчи сўз ҳам бўлган ва бор. Геометрияда тўғри чизиқнинг эгри чизиқ, айланага тегиб ўтишини “уринма” атамаси билан билдиришга қодир, “ерга урсанг, кўкка сапчийди” мақолини тўқиган миллат учун бу қийин эмас-ку!

Стандарт, стандарт вазият (стандартное положение) ҳам ўз вақтида рус тилидан қандай бўлса, шундайлигича ўзлаштирилган-қўйилган. Одатда, мазкур ҳолат ҳар бир бўлимни, тўп киритилгандан кейин ўйинни марказий нуқтадан бошлаш, дарвозабон томонидан тўпни ўйинга киритиш, чет, бурчак, эркин, жарима (?), талаш тўпни ўйинга киритишни анлатади. Шу тариқа ўйинни давом эттириш қоидалари аниқ ва ўзгармас бўлгани учун ҳам русчада стандарт аниқлиги қўлланади. Шуни ҳеч бўлмаса, ўзгармас вазият ёки ўзгармас десак, биров бизни уришадими? Шунингдек, дубл ни қўш тўп, ҳет трик ни уч тўп, покер ни тўрт тўп, пента трик ни беш тўп, гекса трик ни олти тўп десак, осмон узилиб ерга тушадими? Бемалол қўлланаётган десима испанчада ўнинчи,ундесимо эса ўн биринчи дегани эканлигини билиб қўйган зарар қилмайди.

Мустамлака замонида ҳам биринчилик, биллур соврин дейилар эди, бугун эсачемпионат, кубок атамалари ҳукмрон! Ҳолбуки, champion энг яхши, курашчи, ғолиб маъноларига эга бўлиб, championship биринчилик, олишув, беллашувни билдиради. Мусобақани турнир дея айтиш ва ёзиш ҳам авж олмоқда. Кубок – қадаҳ, жом, яъни идиш. Соврин кўриниши жомсимон бўлган учун инглизлар cup, руслар кубок дейдилар. Биз нега уларга эргашишимиз керак? Ё бўлмаса, спорт формаси кийим-кечакдан ташқари ҳолат, тайёргарлик даражасини ҳам билдиришидан келиб чиқиб, “қайси жамоаяхши спорт формасида бўлса” таъкидини футболчиларнинг ҳам жисмоний ҳолати ва маҳорат даражаси, ҳам кийимининг яхши-ёмонлиги нуқтаи назаридан талқин этилишининг олдини олиш учун “қайси жамоанинг тайёргарлиги яхши бўлса” дейиш шунчалик қийинми? Спорт кийими, десак, ҳеч ким тушунмайдими? Татами япончада бўйрани англатади, тўшак, гилам десак, ўлиб қоламизми? Ring инглизчада айлана, доира, халқа эканлигини бугун ким билмайди?

“Sport” каналимизнинг Риодаги ўйинларга бағишланган ахборотида ломка (гўлф спорт тури бўйича) сўзи ишлатилди. Ваҳоланки, мақсад русчадаги лунка (инглизчадаги hole), яъни чуқурча, ўйиқ ҳақида бўлган! Ломка эса бузиш, ўзгартириш, майдалаш баробарида гиёҳванднинг азоб-уқубатини ҳам билдириши яхши маълум. Бу кесатиқ эмас, асло! Аммо кейинги пайтларда кўрсатилаётган ҳокей (hockey) ўйини шарҳида “ўйинчи музга қайтди” деб турилса, ғирт шармандагарчилик-да. “Игрок вернулся на лед”да муз усти кўзда тутилмоқда ва рус тилида тўғри, аммо ўзбекчада нотўғри! Одам уйига, қишлоғига, орқага, майдонга, саҳнага қайтиши мумкин, лекин музга, совуқ ёки иссиққа қайтолмайди.

Чет атамаларни тил қўрғонимизга олиб киришда “инсоф кўрсатаётган” шарҳловчиларимиз ҳам бор. Улардан бири “ғилдиракли, яъни роликли чанғи” дейиш орқали ғилдиракни ўзбек тушунмаслигини кўзда тутган чоғи, биз “бечораларни” аяб, “ғилдиракли, яъни роликли чанғи” жумласини икки марта қайтарди ва у ёғига “роликли чанғи”ни ишлата бошлади. Шу тариқа авайлаб-асраб “ролик” атамасини ўзбек луғатига киритди-қўйди. Ўйинчилар алмашиш ҳолатини Дин аут (out), Алба ин (in) дея шарҳлаш эса “шамолдан қочиб, бўронга тутилиш” сари қадамлар бошланганидан ўзига хос огоҳлантиришдир!

Майдонда қоида бузилса, шарҳловчи буни қоралайди, танқид қилади, кези келганда адолат талаб қилади, аммо ўзи-чи? Бир ўйин шарҳи ичида у давлат тили қонунчилигини неча марта бузади? Қоида бузгани учун футболчи жазо олади, аммо шарҳловчи-чи?

Ахборотни етказишдан муддао нима? Ўқувчи, кўрувчи, эшитувчини хабардор қилиш орқали унинг билимини ошириш, дунёқараш ва тасаввурини бойитиш, тўғри йўлга бошлаш, эгрисидан қайтариш, яхшиликка ундаш, ёмонликдан тийиш ва ҳоказо…..Бунинг учун эса маълумот уни қабул қилувчи учун тушунарли бўлиши лозим. Oʹzbekiston 24 каналида жаранглаётган плантация, гигант, компонент, модернизация, эпос, мотивация, резюме, дебат, инвестор, литографик, спектр, акция, пиар, имиж, медиа, виртуал, мониторинг, функция, задвижка, коллектор, инерт, бренд, тендер, фрамуга, фасад, козирёк, диалог, кулминацион, баланс, полигон, оптимал, унитар, ставка, преференция, параметр, утилизация, магистрал, глобал, инфокиоск, мобил, аналитик, стенд, прагматик, аргумент, флора, фауна, спектр, рейтинг, хаб, трансакция, роуд шоу, капитализация сингари кўплаб чет сўзларнинг мағзини оддий киши у ёқда турсин, журналчиларимизнинг барчаси ҳам асослаб, чақиб беролмасликларига ишончимиз комил. Ўзбек тилидаги “Ахборот”нинг айрим лавҳаларидаги русча чиқишлар таржимасиз берилиши тез-тез учраб туради (ҳолбуки, русча “Ахборот”даги лавҳаларда ўзбекча чиқишлар албатта ўзбекчалаштириб берилади; “Sport” телеканалида эса бутун бир кўрсатув ичида мухбир саволларни ўзбекча бериб, суҳбатдоши рус тилида жавоб қайтариши тез-тез учраб туради). Гўёки, уни кўриб-эшитаётганларнинг барчаси рус тилини бирдек яхши тушунадигандек. Шу ўринда, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаётида эскидан алоҳида ўрин тутиб келган ва, очиғини айтсак, сўнгги икки ярим йилдаги ўзгаришлар туфайлигина ҳозирча ҳам мазкур мақомини йўқотмаган ушбу кўрсатув ва янги каналнинг кўлами, таъсири жуда катталиги инобатга олинса, тилга олинган тарзда тарқатилаётган ахборот жамиятнинг тўқсон олти фоизини ташкил этувчи ўзбек тилли аҳолига тўла-тўкис, тил борасидаги билими турлича бўлган ҳар хил қатлам ва ёшдагилар ҳазм қилоладиган сифатда етиб бормоқдами ёки йўқми, саволи туғилиши мантиқлидир! Бизнингча, йўқ! Бундан чиқди, мўлжалга тегмаяпди – турмушимизнинг турли йўналишлари билан боғлиқ сиёсатни оммага (!) етказиш ишига маълум даражада зарар келтирмоқда. Одамларнинг ғаши ва ғурурига тегишини эса гапирмаса ҳам бўлади.

“Маданият ва маърифат” телеканалида каллиграфлар, “Тошкент” телеканалида “Бобур мемуарлари” деб турилса, “пиёдалар”дан ҳафа бўлмаса ҳам бўлади. Хаттот, ҳуснихатчи, хушхатчи, ҳуснихат эгаси, эсдаликлар, ёднома, хотира сингарилар бор-ку! “Менинг боғим” кўрсатуви бошловчиси минг йиллардан бери боғдорчилик қилиб келаётган ота-боболаримиздан қолган кўчатзор сўзи қолиб, питомник деса, додингни кимга айтасан?!

Дин арбобларимизнинг оятлар, ҳадисларни аслида ўқиб беришлари асносида қироат, араб тили қоидаларига риоя қилишлари тўғридир. Бироқ диний тарғибот-ташвиқот ишларидаги ўзбекча ифодаларда араб тилига хос талаффузларга муккадан кетиш, масалан “айн”га урғу бериш, ё бўлмаса, кўпчиликка танишсиз сўзларни қўллаш пировардида маърифатпарварликдан муддао унумини сусайтириб юбормайдими? Масалан, “арозий ва самовий балолар”даги “бало” тушунарли, аммо “арз” ерни, “само” кўк, осмонни билдириши барчага ҳам маълум эмас. “Хоссатан”нинг ўрнига айниқса, хусусан, “қийрот-қийрот” эмас, кўпдан-кўп, чексиз дейилса, нишонга теккандек бўларди, албатта.

“Тест синовлари, имтиҳонлари” бинойидек туюлади, лекин инглизчадаги test синов, текширув, имтиҳонни билдиради-ку (ўзи шу тест деган атама бизга керакми)! “Кўтарма кран”даги кран кўтаргич дегани-ку? Яъни қулоғимиз товушни, кўзимиз белгиларни қабул қилмоқда, аммо ақлимиз уларни текширишга ожизлик қилмоқда. Мазкур ҳолат телеканалларимизда бемалол қўллаб келинаётган “информацион дастур”да ҳам яққол кўринади. Информация ахборот, хабар, маълумотни англатади-ку, дейдиган одамнинг ўзи йўқ! Бундан ташқари, дастур йўл-йўриқ, кўрсатма, тартиб, қонун-қоида, рўйхат маъноларини бериши ҳам яхши маълум. Бизнингча, “дастури” аниқлиги мустамлака-совет режимининг сарқити бўлиб, ўша кезларда “Ахборот” программаси дейиларди, ўз ўрнида бу “Время” программасидан олинган эди. Нега бундай ёндашилгани ҳам ҳам тушунарли: “Время” режимнинг энг асосий сиёсий-мафкуравий телекўрсатуви бўлиб, унда айтилган ҳар сўз “программный”, яъни дастурий (йўл-йўриқ, кўрсатма) аҳамиятга эга бўларди.

“Давр” хабарларидан бирида “АҚШ дамба плотинасида” қабилидаги ёндашувни кўриш мумкин. Руслар “дамба” сўзини ҳоландлардан олганлар, сунъий суғориш иншоотларини яратиш борасида уч минг йилга яқин тажриба ва кўникмаси бор биз ўзбеклар учун бунга ҳожат йўқ. Ўзимизнинг кўтарма, тўғон, деган сўзларимиз бор!

Тилимизни асрашда кино санъатининг ҳам ўрни алоҳидадир. Хоҳ ўзбекчалаштириб берилаётган чет, хоҳ миллий бўлсин, бир неча ўн дақиқадан бир ярим-икки соатгача ўзига тортиб турадиган асар она тили ва адабиётигина эмас, бошқа фанлар бўйича ҳам ўзига хос ўқитувчидир, десак ошириб юбормаган бўламиз. Кино асарларимизнинг сезиларли бўлаги кўчанинг тилида сўзлашишини айтмаган одам қолмади. Ўзбекчалаштириб берилаётганларидаги хато-камчиликлар ҳам, уларнинг сабаблари ҳам яхши маълум. Аммо аҳвол ўша-ўшалигича қолмоқда. Шу кетишда кетса, оқибати нима бўлишини мана бу мисол орқали чамаласа бўлади, деб ўйлаймиз.

“Олтин том” кино асаридаги бир лавҳада рус қизи оғир оёқ ўзбек аёлидан “Где ЦУМ” деб сўраганида, у амал-тақал қилиб тушунтириб беради. Кейинги лавҳада овсинининг инглиз тили билан шуғулланиб ўтирган ўғлининг инглизча гапларини эшитиб, бунга нима бўлган ўзи, қабилида ҳайрат билан яна бир бор ўз “саводсизлиги”ни кўрсатади. Асар ижодкорлари шу тарзда кулги уйғотмоқчи бўлганлари шубҳасиз, аммо, бизнингча, тагида ўзбек аёли, ўзбек тилини ерга уриб қўйганлари, миллатимизни камситганларини билармиканлар. Ҳар ҳолда мазкур лавҳалар каминанинг ғурурига қаттиқ тегди. Четдан қараган одамда, ўзбек, хусусан, унинг аёли илгари ҳам рус тилини қойиллатмаган эди, энди инглиз тилини қайдан билсин, хулосаси туғилиши турган гап. Тўғри, умуман санъат, хусусан, киносанъати миллатнинг ижобий, ўзига хос жиҳатлари қатори муаммо ва камчиликларини ҳам намоён этиши лозим. Бироқ аввало ўзимизнинг устимиздан ўзимиз кулмаслигимиз ва шу тариқа бошқаларга ҳам калака бўлмаслигимиз дунёқараши, одати, қоидасини эсдан чиқармаслик ҳам фарз, ҳам қарздир. Тескари ҳолда, Тошкентда Штутгарт футбол клуби мактабининг очилишини олқишлаш баробарида унинг Facebook саҳифасига, нега ўзбек тилида ахборот бермайсизлар, саволимизга, лотин алифбосидаги равон ўзбек тилида битилган “биз асосан рус доирасига мўлжал қилганмиз” таънасини эшитиб юраверамиз.

Гапнинг пўскалласи, кино ва театр тили, жумладан атамачилигини (эскидан қолган “постановкачи-режиссёр, постановкачи-тасвирчи, сценарийчи, гримчи, эпизод”лардан бошлаб “продюссер” сингари янгиларигача) қайта кўриб чиқиб, оқилона тўхтамга келишимиз ўта зарур!

Ижтимоий, сиёсий, иқтисодий атамаларимизни қўллашда пухта ишлаб чиқилган тартиб, оқилона ёндашув йўқ! Чунки ўтган улкан муддат (тил ислоҳоти учун ўттиз йил ҳазилакам вақт эмас) ичида бу борада дерли бирон-бир кўзга кўринарли иш қилингани йўқ, десак ошириб юбормаган бўламиз.

Президентимизнинг беш ташаббусидан биринчисида ёшларни мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқтиришни кучайтириш бежиз олға сурилмади. Негаки улар аслида тил бўйича ўзига хос сабоқлардир ва шу тариқа ўз-ўзидан тил тафаккури пайдо бўлади. Тил унинг илмий қоидаларини риоя қилиб ёзиш ва сўзлашни эплашгина эмас, балки миллатнинг ўтмиш ва бугуни билан боғлиқ барча-барчани билиш (билим, тарбия), туйиш (севиш, қадрлаш, ғурурланиш, сабоқ чиқариш, огоҳ бўлиш), қўллаш (ўз устида ишлаш, ривожланиш) салоҳиятининг ифодасидир!

Шахснинг тил бойлиги, нотиқлиги луғатни тўлиқ эгаллагани билангина белгиланмайди. Устига-устак ўз миллий адабиёти, жумладан оғзаки ижодни, санъати, географияси, дини, тарихини ҳам яхши билиши лозим. Ўқимишли россияликларнинг (сиёсатшунослар, журналчилар, олимлар, адабиёт ва санъат аҳли ва бошқалар) сўзлашув, ёзишмаларда тарихий, адабий матал, ўхшатишларни билағонлик билан қўллашларини кўп кузатганмиз ва ҳавас ҳам қиламиз. Бизда эса бундай ҳолатга деярли йўлиқмайсиз. Бўлса ҳам, русчада ўқиган, эшитганларимизни ишга соламиз. Троянский конь; Платон мне друг, но истина дороже; Ахиллесова пята; Ехидна; кануть в Лету; дамоклов меч; козел отпущения; деньги не пахнут; драконовские меры; бумага все терпит; все свое ношу собой; из двух зол выбирают меньшее; между Сциллой и Харибдой; разрубить гордиев узел; лебединая песня; мавр сделал свое дело, может уходить; манна небесная; ящик Пандоры; медвежья услуга; око за око, зуб за зуб; язык до Киева доведет; Сизифов труд; восстать, как Феникс из пепла; что дозволено Юпитеру; не дозволено быку…. – буларнинг бари рус ва Ғарб адабиёти, тарихи, дини билан боғлиқ воқеалар қаймоғининг бадиий ифодаларидир. Мазкурларни ўз ўрнида усталик билан қўллаш учун уларнинг келиб чиқишини билмоқ керак. Акс ҳолда хабарузчиларга ўхшаб «қовун тушириб қўйиш» ҳеч гапмас. И.Сергеевнинг “Пахтакор”га қайтишига бағишланган ахборот «Дайди ўғилнинг қайтиши» – Сергеев яна «Пахтакор»да» сарлавҳалангани мисолида айтадиган бўлсак, ўқиган ёки эшитган билан киши уққан бўлиб қололмаслиги яна бир бор тасдиқланади. Негаки, аввало, мазкур матал шаклан Рембрандтнинг “Возвращение блудного сына” асари сабаб оммалашган. Унинг мазмуни эса Инжилдаги ҳикоя – тавба қилган бир гуноҳкорнинг тўқсон тўққиз тақводордан устунлиги ғояси билан боғлиқдир. “Троян от”, “троян оти” кабилар эса кунузчиларнинг ўз ҳамкасбларидан қолишмасликларига ишорадир. Негаки мазкур матал билан боғлиқ воқеа Троян эмас, Троя (ўзбекчаси – Трўйа) шаҳрида юз берган, троянэса унинг рус тилига хос тусланишдир.

Ўзбек тили ҳам тарихий, адабий, маиший йўсиндаги маталлардан мосуво эмас. “Боғдаги гап”, “энангни Учқўрғондан топасан” кабиларни ишлатганимиз билан келиб чиқишини кўпчилигимиз билмаймиз. Амир Ҳусайннинг сотқинлиги сабаб бой берилган “Лой жанги”ни матал ўрнида қўлласанг, деярли ҳеч ким тушунмаслиги аниқ. Кези келганда бир даврадаги суҳбатга уйғунлаштириб, Ҳомиднинг ишини қилибди-да, дея муносабат билдирдик (атайин). Гурунгдагилардан бири, қайси Ҳомид, анавини айтяпсизми, у ҳам шундай қилган эканми, деганида ажабланмадик. Йўқ, “Ўтган кунлар”даги, Отабек билан пичоқлашган Ҳомидни, жавобимиз, ҳақиқатан бу ярамас ҳам худди шунақа орқаваротдан чоҳ қазиган, акс садосига эришди. Демак, тарих, адабиётимиз билан боғлиқ воқеа, лавҳа, ифодаларни матал сифатида қўлласак бўлади. Бироқ бунинг учун, масалан, “Меҳробдан чаён”ни Анвар ва Раъно севгисига бағишланган бир чўпчак эмас, балки ўтмишимизнинг ўн тўққизинчи аср иккинчи ярми ижтимоий-сиёсий воқелигини кўз олдимизга келтириш, турли қаҳрамонлар орқали миллий феъл-атвор, дунёқараш, савия ҳолатини англаш, шунингдек тил бойлигимиз имконларини билиш нуқтаи назаридан ўқишимиз лозим бўлади. Президентимизнинг китобхонлик маданиятини шакллантириш йўлидаги ташаббус ва аниқ ишларининг замирида мазкур ўта зарур муддао ҳам борлигига ишонамиз. Шундай маданиятга эришолсак, Абдулла Қодирий асарлари луғатидаги “бек бўлмаса – бекзода, мударрис бўлмаса – мукаррир”, “кийимни тоғора чиритади”, “ёғ қовоқнинг мазасини бузади”, “бўз тўн бергандан, бермаган яхши”, “қулёға қуймоқ”, “аммага бўғирсоқ”, “ёсинга юпқа” сингариларни жойида ишлатиб, оғзаки ва ёзма сўзлашувимизга тот киритамиз. Қолаверса, “Ўтган кунлар” орқали халқчиллик касб этган “Марғилонда шундай келинимиз бор экан-ку, билмай юрган эканмиз” иборасини Намангандаги йиғилишда ўз ўрнида қойиллатиб қўллаш орқали давлатимиз раҳбари бу борада ҳам ибрат кўрсатиб бердилар.

Тил сиёсатида кундалик турмушимизнинг ажралмас заруриятлари – электроника буюмалари, қурилмаларини қўллаш, бошқаришга оид ёзувларнинг ўрни ва таъсири киши билмас юксакдир. Кишилик, жумладан, биз ўзбекларнинг ҳам бундан буёнги ҳаёти турли, айниқса, ахборот технологияларининг ривожи билан чамбарчас боғлиқликда кечиши кўзда тутилса, муаммонинг кўлами янада ойдинлашади. Телевизор, компютер, телефон, гажет, музлатгич, совутгич, иситгич, ўчоқ ва шу сингари ўнлаб нарсалардан ташқари, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишдаги ҳар хил қурилма, асбоб-ускуналарни қўллаш ва бошқаришга тегишли ички ва ташқи ёзувлар ҳам давлат тилида бўлиши шарт! Катта, айниқса, кичик авлоднинг кўзи уларга ҳар сонияда тушиши, яъни меҳр – кўздалиги эътиборга олинса, масаланинг ўта жиддийлиги яққоллашади-қолади (эсимизни таниганимиздан бозор қиладиганимиз “Эски Жўва”даги автомобил турар ери эндигина қайта қурилиб ишга солинганига икки ой бўлмади. Қулай, шинамлиги қаторида кирди-чиқди, тўловлар рақамли хизмат негизида бажарилишини кўриб жуда қувондик, бироқ ускуналар, йўналиш кўрсаткичларидаги ахборот ёзувлари рус тилида!?). Немис, испан, швед, араб, турк, форс, япон, корейс, хитойлар…ўз юртида эплаган ишни нега биз қилолмаймиз? Нега ташқаридан келтирилиб, ўзимизда ишлаб чиқарилиб сотилаётган шу каби буюм, қурилмаларга давлат тили нуқтаи назаридан талаб қўймаслигимиз керак? Биргина дастурлаш йўли билан битадиган юмуш бўлмаса ҳам майли эди (шу билан бирга ушбу вазифани шошма-шошарлик билан, масалан, дори-дармонларнинг йўриқномасини ўзбекчалаштиришга ўхшаб “хўжа кўрсин”га эмас, илмийлик ва қулайлик негизидаги тизимли равишда бажариш лозимлигини ҳам алоҳида урғулаган бўлардик).

Хоҳишларимиздан қатъи назар ҳар лаҳза кўзимиз тушадиган, тил бўйича яна бир улкан кўргазма қуроли бор: ташқи ёзувлар!

Қонунда (20-модда) лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилиши ва эълон қилиниши белгилаб қўйилгани билан ўтган йилларда бу борада ҳам ҳар ким ўз билганидан қолмаяпди. Юридик шахслар, хусусан, давлат идоралари мисолида айтадиган бўлсак, уларнинг номланишига оид лавҳалардаги ҳарфлар, ўлчамлар, ранглар, ашёлар, ўрнатмаларнинг турличалигию давлат тилидагисидан ташқари рус ёки инглиз тилида қайтарилишининг гувоҳи бўламиз. Нега бу кабилар АҚШ, Германия, Россия ёки Японияда ўз тилларида бериладию, бизда эса йўқ? Қисқаси, мулкчилик шаклидан қатъи назар ҳар қандай ташкилотга тегишли лавҳалар давлат тилида битилишини таъминлаш баробарида уларнинг тур ва йўналишлари бўйича муайян андаза ва талабларни киритиш лозим, деб ўйлаймиз. Шу орқали кундан-кунга чирой очиб бораётган шаҳару қишлоқларимиздаги биноларни ҳар хил “кўркбузарлар” босиб кетишининг олдини ҳам олишимизга қаттиқ ишонамиз.

Тилимизни “мажақлашда” реклама тилининг ўрни алоҳидадир. Асосан инглиз тилидан олиниб рус тилида тузилаётган матнларни ўзбекчалаштириш қоидага айланиб бўлганини ҳеч ким сезаётгани йўқ. Рекламадаги манзараларнинг маънавиятимизга зарари алоҳида бир мавзу бўлгани учун фақат бир мисол билан чекланамиз: Мен Ўзбекистонни, Тошкентни, Узунни… севаман қабилидаги туйғуларимизни инглиз тилида ёзиб қўйсак, бир нима бўлади, деб ўйлагандик. Нима ўзгарди? Масалан, суюкли Ўзбекистонимизнинг давлат тилига ҳурматимиз сал бўлса-да ошдими?

Кузатиш ва таҳлилларимизга кўра, ўзбек тилига таъсири ўзига хос ва кучли ташқи ёзувларнинг тили уларни тайёрловчиларнинг тил борасидаги савиясига боғлиқ бўлиб келмоқда. Бу борадаги матнлар ё тайёр русчадан олинади, ё аввал русча ёзилиб, сўнг ўзбекчага таржима қилинади. Шу тариқа, масалан, пойтахтни “мы открылись” кабилар босиб ётибди. Яна бир сабаб қачонлардир кимдир ўзича тузган, ўзбекча қоида ва татимдан йироқ бўлган матнлар, масалан, таклифнома, табрикномадаги ахборотнинг урчиб бораверишидир. Хизмат кўрсатиш масканларининг номланишида инглизча атамалар, ахборот ошиб бораётганини сезмаслик мумкин эмас. Улар кўп бўлгани учун келтириб ўтирмаймиз. Жуда улкан, аъло, кичик сифатлари билан турланиб ўзимизнинг бозорни англатадиган гипер маркет, супер маркет, мини маркет, маркет сингарилар туриш-турмушимизга ўрнашиб олганлари рост. Агар бу жараённинг олди олинмаса, шаҳарларимиз, айниқса кўнгилочар ва дам олиш ерларидаги ташқи ёзувларни кўрган киши Ўзбекистондалигини эсдан чиқариб қўйиши ҳеч гапмас…..Савдо, овқатланиш тармоқларидаги нархнома, овқатномаларда ўзбекча матнни топиш анқонинг уруғи бўлиб бормоқда (ҳар ҳолда ўзимиз кўрган ерларда шундай).

19-моддада мулкчилик шаклидан қатъи назар ташкилотлар муҳрлари, тамғалари, иш қоғозларининг матни давлат тилида бўлиши белгилаб қўйиланига қарамай, мазкур қоида ишламаяпди, десак адашмаймиз. Ҳолбуки, бу жуда муҳим талабдир. Зеро, улар давлат тили қўлланишининг ўзига яраша кўрсаткичидир. Ҳозирда кимдадир фақат ўзбекча, кимдадир ўзбекча ва русча, яна кимдадир ўзбекча ва инглизча.

Деҳқончилик, аниқ ва табиий фанлар, тиббиёт ривожига миллатимиз қўшган ҳиссалар, ҳарб ишидага улкан имконият ва маҳорат бўйича тинмасдан гапиришга ҳар биримиз тайёрмиз. Демак, бизда шу соҳаларга оид атамалар бўлган. Бу билан уларни кўр-кўрона қўллаш лозим, демоқчимасмиз. Шу маънода, асосли равишда математикани риёзиёт, геометрияни ҳандаса демаганимиз ҳолда, фақат химияни кимё тарзида ишлатишимиз, бизда савол туғдиради. Бироқ, масалан, шишни киста, санчиқни колика дейиш ўзимизнинг устимиздан кулишдан бошқа нарса эмас. Ваҳоланки, тиббиёт ўтмиши ҳақида сўз кетганда, олдимизга тушадигани йўқ. Ибн Синонинг бу борадлаги тарихий ва оламшумул хизматлари ҳақида ғурурланиб сўйлаймиз ва бунга ҳаққимиз бор. Лекин баъзан, масалан, медицина атамаси “мададисино”дан пайдо бўлган, қабилида кўпириб, билимсизлигимизни ялонғочлаб қўямиз. Ваҳоланки, medicina ғирт лотинча сўз бўлиб, даволаш cанъатини англатади ва уни улуғ бобомиздан 1500 йил бурун Ҳипўкрат ҳам ишлатган (унинг “табиб даволайди, табиат тузатади” ҳикматининг лотинчасини (medicus curat, natura sanat) эслаш кифоя). Тўғри, эндиликда тиббиёт асосан Ғарб ва маълум маънода айрим осиёлик мамлакатларнинг изланишлари билан ўта илғорлаб кетди. Ўз-ўзидан янги атамалар сиёсатини юритиб келаётганлар ҳам ўшалардир ва уларни оқилона қабул қилишга мажбурмиз. Шу билан бирга, эскидан – Ибн Сино замонидан қўллаб келинган, кишиларимиз учун тушунарли ўз атамаларимиздан воз кечмаслигимиз керак, деб ишонамиз. Астма, ринит, диабет, фурункул, ангина, инсулт, рак, тархома… сингари қатор касалликлар ва, демак, уларнинг аталаши бизда бўлган, чунончи, буюк аждодимиз улар бўйича ёстиқдай-ёстиқдай асарлар битган.

“Dunyo bo՛ylab” каналида шифобахш ўсимликлардан бирига таъриф берилар экан, бу расторопша эканлиги, уни қушқўнди ҳам деб аталиши қистириб ўтилдию, у ёғига шифокорнинг уч-тўрт марта қушқўнди, дейишини эътиборга олмаганда, фақат расторопша кетди. Қизиғи ва уятлиси, кўрсатув давомида неча марта номи тилга олинган Ибн Сино шу ўсимликдан фойдалангани айтилди, аммо буюк табиб ҳам расторопша деганмикан, савол туғилиши мумкинлиги ҳаёлга келтирилмади ҳам. Бошқа бир лавҳадаги олим заъфарон, деб турмаганида ҳам, кўрсатувлар жарчисининг “шафран”ига, майли, билмайди-да, десанг.

Тиббиёт муассасаларининг номланиши бўйича ҳам узил-кесил тўхтамга келиш вақти ўтиб кетган бўлса-да, бироқ ҳали ҳам кеч эмас. Биров клиника деса, яна биров касалхона, шифохона. “Дорихона”ми ёки “аптека”? Албатта дорихона! “Арзон аптека” баҳона унинг “АА” қисқартмасидан ташқари аптека ҳам кўчаларимизни босиб кетганидан киши, очиғи, уялади. Дориларни онлайн қидириш бўйича лойиҳанинг Apptechka деб аталаши эса ҳафа қилади. Тиббий хизмат муассасаларидаги маълумотлар ёзувлари рус тилида берилаётгани билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Бу ерда гап қонун бузилаётганидагина эмас, у ерга келувчиларнинг тўлиқ ва аниқ ахборот олишларига тўсқинлик туғилаётганида ҳамдир. Қолаверса, ўзбек тилидан бошқа тилни билмайдиганлар устидан кулишдек туюлади, яъни бўлгани шу, дегандек!

Дори-дармонларни қўллашга оид йўриқномалардаги чалкашлик, хатолар ўша-ўшалигича қолмоқда: ҳарфларнинг майдалиги, русчадан кўр-кўрона, чалакам-чатти таржима, бир сўз билан айтганда, салоҳиятсизлик ва масъулиятсизлик. Биргина мисол келтирамиз. Филтрум дорисини қўллаш тартибининг русчасидаги “внутрь, желательно после предварительного измельчения, запивая водой за час до еды и приёма других лекарственных средств” ўзбекчага шундай ўгирилган: “ичга, олдиндан майдалангандан кейин, овқатланишдан ва бошқа дори препаратларини қабул қилишдан бир соат олдин сув билан ичиш мақсадга мувофиқдир”. Юзаки қараганда, барчаси тўғридек. Бироқвнутрь сўзини ичга тарзида дағал таржима қилиш қанчалик асосли экан? Кейинроқда сув билан ичилиши урғуланганини кўзда тутсак, ўзи шу таъкид керакми? Жуда лозим бўлса, ўзбекона ва тушунарли равишда, ичилади, десак худо урмас? Средств сўзинипрепарат дейишнинг ўрнига воситаларини қабилида ёзишга кўп ақл керакми? Шу йўриқномани тайёрлашдан тасдиқлашгача бўлган жараёнда бирон кимса русчадагижелательно тавсияси дорини майдалаб олиб ичишга тегишли экани, ўзбекчада эса бу тавсия умуман дорини қўллашга тегишли бўлиб қолганини фаҳмлаб етмаганини қандай баҳолаш мумкин? “Овқатланиш ва бошқа дори воситаларини қабул қилишдан бир соат олдин сув билан ичилади. Ичишдан олдин дорини майдалаб олиш мақсадга мувофиқдир” дейилса ҳам тўғри ва тушунарли, ҳам ўзбекча чиқарди-ку!

Банк-молия тизимимиз учун тариф, неустойка, пеня, растрата, смета, займ, ссуда, заклад, реестр, аукцион, счет-фактура, фактура, касса, ставка, фискал, оборот, сумма, линия, прогноз, камерал, облигация, котировка худди ўзбекча сўзлардек қабул қилинадиган бўлиб қолдилар. Инвойс, прайс-лист, монетар, фискал, индикаторсингарилар тил қўрғонимиз эшикларидан мўралаб бўлдилар. Ҳолбуки, уларнинг ўзбекчаси бўлган, бор ва қаловини топса бўлади (биз кўп қўллайдиган “ажнабий” атамачек аслида юпқа бўз мато турини англатган ғирт туркий сўз бўлиб (“Девону луғотит турк”ка қаранг), минг йил бурун савдогарларимиз йирик миқдордаги маблағни ўзлари билан олиб юрмаганлар, пул алмаштирувчига бериб, бу ҳақида тилхат – чак олганлар ва борган юрт, шаҳарда тегишли алмаштирувчига берганлар. У урилган тамға орқали ҳамкасбини таниб, чакда кўрсатилган маблағни савдогарга топширган. Европаликлар Шарққа саёҳатлари, борди-келдилари чоғида мазкур янгиликдан хабар топиб, атамаси билан бирга ўзлаштирганлар). Масалан, касса италиячада қути, сандиқни билдирган,кассир эса пул, ғазна, хазинани сақловчи деганидир.

Офис, туризм, пресс-клуб, пресс-релиз, пресс-конференция, конференция, делегация сингариларни ҳам тил майдонимизга ўз қўлларимиз билан экиб кўпайтирмоқдамиз. “Патрул-пост хизмати”га ҳам кўз ўрганиб кетган. Шаҳару қишлоқларимизни “безаб” турган вино-водка ёзувлари эса оддийликдан ўтиб, мажбурийлик касб этиб бўлгандек (оқибатини босқинчи Скобелев номини “абадийлаштирувчи” ароқ турида кўриб турибмиз). Секунд, минут атамаларини яна тиклаб қўйдик ҳисоб. Шуларсиз бир еримиз камайиб ёки кўпайиб қоладиган бўлса, “1 соат 43 дақиқа 12 сония” ўрнига бирйўла “бир час қирқ уч минут ўн икки секунд” ёки “бир ауве қирқ уч минит ўн икки секендс” деб ёзаверайлик, зора шохимиз чиқса!

Кишини ўй ва хавотиргага соладиган, ачинтирадиган, қандайдир уялтирадиган ҳолат: катта-кичик, айниқса, тошкентча давраларда адабий тилда сўзлашсанг, масалан, минут, секунд эмас, дақиқа, сония десанг, эшитганлар оғзининг суви қочгани, истеҳзо аралаш энсаси қотганини кўрасан, тил қоидаларига мос гапирсанг, атрофингдагиларга эриш туюлаётганини сезиб турасан…Синаш учун дорихоналарда мана бу доридан бир япроқ беринг, нок борми, сўрашларимиз тушунмовчилик уйғотгани ҳам бор гап. Япроқлист эканини кўлеж битирувчилари-сотувчиларидан битта-иккитаси амаллаб англадилар (чунки битта япроқ деган эдик-да), аммо нокни ҳеч бири тушунмади: кулимсираб, нок бозорда бўлади, бу ер аптека, дейиш билан узр айтгандек бўлди.Груша деяпман, аниқлигидан сўнг, оприскиватил денг, ундан бор, жавобини эшитдик. Эшитишга эшитдик-ку, юрак сиқилди. Сал ўтиб “Kun.uz”даги битта матнда “оралиқ қурилмалар (балкалар), ёпма (навес), бекатлар оралиғи (перегон), тана (тело), қайта чиқиш (оборотний сезд), ҳалқа (тюбинг колсо)” сингари ўзига хос дарсликка кўз тушдию сиқилиш фарёдга айланди: нималар бўляпди ўзи, шу даражага тушиб қолдикми, энди тилимизда бор атамалар нимани билдиришини бошқа тил орқали ўрганамизми?

Тил муҳитимизда киши билмас чуқур илдиз отиб бораётган яна бир ҳолат “елдан қочиб довулга учраш” қоидасини эслатади. Телеканалларимиз кўрсатувлари номларидаги “Tele-market”, “Hi-tech”, “Time out”, “Fitnes sirlari”, “Интеллект шоу”, “Анонс”, “Кинопро”, “Партер”, “Орнитолог”, “Expedition”, “Мега дунё”, “Beauty lab”, “Ретро ҳажвия”, “Репортёр-дайжест”, “Illyuziya live”, “Send up shou”, “Comedy kids”, “Duel”, “Plus minus”, “Sketch show”, “Bumerang”, “Агроолам”, “Ambassador”…cингариларга “Kun.uz”даги “мatchday тушумлар” ва кўча-кўйлардаги шу табиатдаги ёзувларни (масалан, “Mirabad Avenue уй-жой мажмуаси”га ўхшаш “тандирдан янги узилаётганлар”ни), энг ачинарли ва ақлга сиғдириб бўлмаси – миллийлик, маънавият, яъни ўзлигимиз билан боғлиқларни “миллий мақом челлендж”, “book challenge”, “hasher week” қабилида тарғиб этилаётганини ҳам қўшиб тарозуга солсак, айниқса, Ўзбекистон ва Ҳиндистон олимпия термаларининг Тошкентдаги футбол беллашувига оид кўрсатувда ялпоқ шиша тепа чап бурчагида IND – UZB ёзуви (мезбон олдин ёзилади-ку), Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш концепцияси матнидаги “жисмоний тарбия соҳасидаги кадрлар Sport Management (спортни бошқариш), Sport Leadership (спортга раҳбарлик қилиш), Sport Administration (спорт маъмуриятчилиги) йўналишлари бўйича тажриба орттиради; SPORTSUZ ахборот портали ҳамда iSPORT cпорт иловаси яратилади; спортчилар фаолиятини рўйхатга олиш ва ҳисобга олиш бўйича – “Skm-sportsmen”, тренерларни маълумот базасини таъминлаш бўйича – “Skm-trener”… ахборот тизимлари ташкил этилади” мисолларидан келиб чиқсак, ўзбек тилининг эртанги ўрни ва ҳурмати чиндан ҳам қавс ичидагина бўлишини башорат қилиш қийинмас. Бу ҳали ҳаммаси эмас…

Бугун ҳақли тарзда рус тилининг таъсири ҳақида кўпроқ фикр билдириб, эртага инглиз тилининг зуғуми пайдо бўлишини фараз қилсак-да, арабча, форсча сўзларни ишлатишда ҳам меъёр бўлиши керак, деб санаймиз. Бошқача айтганда, бу борада яна Анвар мирзоларга эҳтиёж бордек ҳолатлар туғилмоқда. Мулоқот сўзини жуда кўп ва асосан сўзлашув маъносида қўллаймиз. Ваҳоланки, келиб чиқиши арабча ушбу сўз учрашувни англатади. Шу маънода, телефон орқали мулоқот, жумласи ҳеч бир қуюшқонга сиғмайди, албатта. Шуни телефон орқали сўзлашилди, деса бўлади-ку! Ё бўлмаса, кунузчилар русча джунгли ни “жунгли” қабилида ўзлаштириб қўя қолганлар. Бу ерда гап кўпчиликка маълум “чангалзор” сўзимиз борлигидагина эмас, чангал эски санскритчадаги жангал дан ясалгани ва бизга форс тили орқали кириб келгани, уни Алишер Навоий ҳам кўп қўллагани, русча джунгли доимгидек инглизчадаги jungle дан ясалгани, охирги атамани эса бобурийлар салтанатини босиб олган улуғбританияликлар ҳиндий ва урду тилларидан кўчирганларини билмасликларида.

Бошқача айтганда, асрлар ичра сўз бойлигимизга кириб-ўрнашиб кетган, мутлақ кўпчилик кўз ўнгида ўзбекчадек туюладиган арабча ва форсча атамаларнинг мазмуни ва уларни тўғри қўллашни эплашимиз лозим. Тескари ҳолда, яна “Kun.uz”дан мисол олсак, “Нобель мукофоти совриндори” сингариларни урчитаверамиз. Ғирт ўзбекча соврин арабчада мукофот эканлигини, “совриндор”даги “дор” қўшимчаси форсчадагидоштан феълининг ўзагилиги, яъни эга бўлмоқ маъносини беришини билганимизда эди, “Нўбел соврини эгаси” деб ёзган ва ўқиган бўлардик. Аттангки, бундай қилмаймиз, оқибатда, масалан, “таваллуд куни” “туғилган кун”ни сиқиб чиқариб бўлди. Sevimli TV да бошловчи ўқувчидан икки новдани бир-бирига улаш жараёни нима дейилишини сўради, чатиштириш жавоби янгради, ёзувдаги жавоб эса пайвандлаш эди. Ош бўйича танловда биттаси, намаки яхши, дедими, бу ёғига бошқалар – кундалик турмушида, тузи паст-баланд, яхши-ёмон, деб юрганлар ҳам – унга эргашиб кетганлари эсимиздан чиқмайди. Мустамлака замонида ҳам тарона, хонанда, сухандон сингарилар оммавий қўлланмаганди. Бугун эса қўшиқ, ашула атамалари анқонинг уруғи бўлиб қолдилар. Ишлаётган ишчи, ўқитаётган ўқитувчи, ўқиётган ўқувчи, тикаётган тикувчи, бичаётган бичувчи, сув тараётган сувчи дейилганидек, ашула ва қўшиқ айтаётган ашулачи, қўшиқчи, куй тўқиётган куйчи деб аталиши керакми ёки хонанда? Чолғу, чолғучи сингари эскидан келаётган атамаларимиздан нега воз кечмоқдамиз? Иложи бўлмаса, бошқа гап. Аммо “энг узун дандон тишлар” (“Kun.uz”) каби нодонлик йўли билан эмас, албатта (форсчада – дандон, ўзбечада – тиш).

Э йўқ, бе йўқ, худкуш ҳам “ўзимизники” бўлиб қолди. Илгари диктор эди, мустақиллик йилларида сухандон га ўтдик. Сўзловчи, ўқиб берувчини билдирувчи, асли лотинчаdictor дан қочиб, билиб-билмай яна бир – сўз устаси, нотиқ, адиб, шоирни билдирувчи атамани киритдик ва шу билан гўёки ўзбекчалаштирдик, шарқлаштирдик-қутилдик. Чинини айтганда, қизиқчи ҳам сўз устаси эмас. У – қизиқчи, холос. Қисқаси, янги сўз ясаш, уни тил қўрғонимиз эшигидан ичкари киритиш ишига ҳар кимнинг ҳам ҳаққи бўлмаслиги лозим! Масалан, қайсидир ўзбекча матнда кўзимиз тушган ҳуқуқбоннималигини билиш мақсадида форс, тожик, араб луғатларини қанча ковлаштирмайлик, ўхшашини тополмадик…

Ўзбекчадаги Абу Райҳон Беруний, форсчадаги Абу Рейҳон Бируни нинг арабча ёзувдаги ўқилиши Абулрейҳан ал-Бируний дир. Яъни арабчадаги “ал” аниқлик кўрсаткичи туфайли ал-Бируний шаклини олади ва ўқилади. Муҳаммад Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Мансур Мотуридий, Маҳмуд Кошғарий, Абдураззоқ Самарқандий сингари атоқли отлардаги туғилган юрти бўйича лақаблар (хоразмлик, фороблик, мотуридлик, кошғарлик, самарқандлик) ҳам арабчада мазкур кўрсаткич ёрдамида ёзилиши ва ўқилиши шарт: ал-Харазмий, ал-Фарабий, ал-Матуридий, ал-Кашғарий, ас-Самарқандий. Бу билан биз ҳам ал-Форобий, ал-Мотуридий, ал-Кошғарий, ас-Самарқандий тарзида иш тутишимиз керак, демоқчимасмиз, асло. Негаки мазкур ёндашув араб тили қоидаларининг талабидир. Аммо бизга нима зарил? Ўзбек тилида бундай кўрсаткич йўқ-ку! Лекин Ал-Хоразмий дея ёзиб, ўқишни давом эттирмоқдамиз.

Ўзимизда йўғини ўзбекчалаштиришда енгил йўлни тутмаслигимиз ҳам лозим. Одатда, гўёки русчасидан қутилишдек “олийжаноб” мақсадда дарров арабча ёки форсча сўзларни қўллаш, улар ёрдамида сўз ясашга муккадан кетиб қоламиз. Масалан,подстанция, подгруппа кабилардан “қочиш” учун топганимиз – нимстанция, нимгуруҳбўлди. Ним форсчада ярим дегани экан, истаймизми-йўқми, яримгуруҳ, яримстанция дея тушунишимиз лозим. Аммо мутлақ кўпчилигимиз “подстанция”ни тил нуқтаи назаридан мазмунан англамагинидек, “нимстанция”ни ҳам шарҳлай олмайди: улар учун подстанция, энди эса нимстанция маҳалланинг фалон ерида деворлари темир тунукали, электр қувватини тақсимлайдиган кичикроқ қурилмадир.

Кимдир, фақат ғирт ўзбекча сўзлар билан гап тузиш мумкиндир, бироқ каттароқ матн, ҳатто шеър битиш қийин, бобомиз Алишер Навоий ҳам араб, форс атамаларидан фойдаланганлар, дейиши табиий ва маълум маънода ҳақлидир. Биз ҳам бундай нодонликка қаршимиз. Бироқ, кучи йўқ ўйимизча, тенгсиз сандувожимиз Чўлпоннинггина эмас, бутун ўзбек битикчилигининг энг чуқур тушунча ва чиройга эга, бир юз қирқ тўрт сўздан кўз олдириб ундирилган “Гўзал”ида атиги икки “чет” сўз борлиги ҳам кундай ойдин: арабча “шамол” ва форсча “зўр”!

Тил қўрғонимизни қўриқлашда расмий ҳужжатлар тилининг ўрни ўзгачадир. Негаки бундай ҳужжатларда қўлланган атамаларнинг муомалага кириб кетиши осон ва тез юз беради. Биринчидан, унча-мунча одам юрак ютиб қарши фикр билдира олмайди. Иккинчидан, бошқаларга “асос” топилади: фалон ҳужжатда шундай ёзиб қўйибди-ку, ўша ердан олдик, ўзгартиришга ҳаққимиз йўқ, аввал уни тўғриланг сингари важ-корсонлар қалаштириб ташланади. Кўп йиллик кузатишларимиз ва муаммо илдизини ўрганишлар икки нарсани ойдинлаштириб берди. Биринчидан, расмий ҳужжатларимиз тили мустамлака замонидаги “мактаб” меросининг таъсиридан ҳали ҳам қутулганича йўқ. Иккинчидан эса мустақиллик йилларида умуман тил, хусусан, расмий ҳужжатлар тилчилиги бўйича ўз миллий мактабимизни ярата олмадик, десак ошириб юбормаган бўламиз. Оқибатда, ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида, яъни ўзбек тилини чиндан ҳам давлат тилига айлантириш палласининг иссиғида тилимизнинг куни эски одатдагидек рус тилида ёзилган ҳужжатни ўзбек тилига ўгириш билан шуғулланувчиларнинг савияси ва миллатсеварлиги даражасига боғлиқ бўлиб қолганди.

Оммавий ахборот воситалари таҳририятларини “оқлайдиган” бирдан-бир жиҳат ҳам давлат идоралари томонидан тарқатилаётган расмий ҳужжат ва ахборот матнини ўзгартиришга ҳақлари йўқлигига тақалади. Масалан, “ижтимоий мослашув маркази (шелтер)” орқали луғатимизга қавсда яқиндагина киритилган, инглизчада (shelter)бошпана, манзил, паноҳ маъноларини берувчи чет атама энди алоҳида тақдим этилмоқда. “Ёшлар – келажагимиз давлат дастури” орқали коворкинг атамаси расмийлаштирилди-қўйилди (co-working – бирга, ҳамкорликда ишлаш, шериклик, ширкат). “Сайхун” давлат буюртма қўриқхонаси”да “Кун.уз”нинг айби йўқ. Муаммозаказник ни буюртма (заказной) дея ўгириб қутилган “таржимон”да! Шу билан бирга, расмий ахборотнинг баёни берилаётганда мазкурларда йўл қўйилган хатоларни тўғрилаб кетиш нега мумкинмас? Масалан, Марказий банк ҳисоботидаги “моккилик савдоси” сўз бирикмаси қандай бўлса, шундай кўчириб берилган. Одатдагидек, олдинига тушунмадик, сўнг моки атамаси мияга келди. Русчаси – челнок. Ҳисоботнинг русчаси, аниқроғи аслини (адашаётган бўлсак, кечирасиз) топдик: чиндан ҳам челночная торговля экан. Яъни бўзчининг мокисидек қатновчи савдогар! Аммо сайт таҳририяти расмий ҳужжат лойиҳаси матнидаги “мини сўйиш корхонаси”даги мини ни ўзгартиролмайди (мини аниқлиги сўйишга тегишлими ёки корхонагалиги чуқурроқ масала бўлса-да, гап қушхона тўғрисидалиги тайин). “Отельерлар ассоциацияси”га ўхшаш нодавлат ташкилотлар номига ҳам қалам теккиза олмайди (чунки қонун билан қўриқланадиган, кўпинча ўзимизнинг “қора кўзлар” тузаётган O’zmedimpeks, Korzinka.uz, Integro, Appetito, Aziya-Vektor, Crafers, Bedona Столовая, Taxi Столовая, Bistro Кафе, Вкусняшка сингари ўнлаб, балки юзлаб, минглаб фирма номлари, шунингдек товар белгиларини ўзгартириш мумкинмас). Ўз ўрнида, “O’zmedimpeks” Давлат унитар корхонаси”да “Давлат”ни катта ҳарф билан ёзишга сайтнинг ҳаққи йўқ (чунки ҳукуматнинг тегишли қарорида тўғри ёзилган: “O’zmedimpeks” давлат унитар корхонаси).

Гидрометрология маркази, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бағридан чиқаётган ахборотнинг яхшигина бўлаги олдинига рус тилида битилиб, кейин ўзбекчага ўгирилаётгани сезилиб туради. Кўпдан-кўп мисоллардан бир-иккитасини келтирамиз: “Kun.uz” ФВВ матубот хизматига суяниб тарқатган хабардаги “27-28 декабрда қуруқ ва илиқ об-ҳаво ўрнашади” рус тилидаги “27-28 декабря установится сухая и теплая погода”нинг сўзма-сўз ўзбекчалаштирилганлиги аниқ. Ҳолбуки, ўзбекча тушунчада ҳаво ўрнашмайди, балки жўнашади, яхшиланади. Ё бўлмаса, “ҳаво ҳарорати 10-15 даража илиқни…ташкил этади” беозорга ўхшаса-да, бироқ ҳаво илиқ ёки совуқни ташкил этмайди, этолмайди ҳам. У ё иссиқ, илиқ, ё салқин, совуқ бўлиши мумкин, холос. Гидрометрология маркази улашаётган маълумотдан фойдаланаётган таҳририятлар асл матндаги секундни сония деб ёзсалар, марказ улардан муаллифликнинг номоддий ҳуқуқи бузилгани бўйича даъвогар бўлсмаса керак.

Статистика давлат қўмитасининг “кетган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг 57.8% эркакларни ташкил этди” русчадаги “количество мужчин – граждан Республики Узбекистан, выехавших из страны, составило 57.8%”ни мендан кетгунча қабилида ўгиришдан туғилгани шубҳасиздир (тескари ҳолда “Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетган фуқароларнинг 57.8 фоизи эркакларни ташкил этди” деб ёзарди). “Маданий товарлар”дан муддаони эса тушунолмадик (товарнинг маданийсизи ҳам бўладими?). Мазкур идоранинг русча номланиши одатдагидек тўғри: Государственный комитетРеспублики Узбекистан по статистике. Ўзбекчаси доимгидек нотўғри: Ўзбекистон Республикаси давлат статистика қўмитаси. Аслида эса Ўзбекистон Республикаси Статистика давлат қўмитаси бўлиши лозим! Агар Алишер Навоий номидаги Тошкентдавлат ўзбек тили ва адабиёти университети қабилидаги кўпдан-кўп турдош номланишлар худди шу тарзда тузилганини эсласак, муаммонинг кўламию тилимизнинг илмий қоидалари тизимли равишда бузилибгина қолмай, мантиққа зид иш тутиб келаётганимиз аёнлашади-қолади. Русчаси – бекаму кўст (Ташкентский государственный университет узбекского языка и литературы имени Алишера Навои). Кўзимиз ўрганиб кетган мазкур номланишни таҳлил қилсак, Тошкент Алишер Навоий номидалиги, университетда тошкентча ва давлат ўзбек тили ва адабиёти бўйича мутахассис тайёрланиши маъноси ҳам борлиги маълум бўлади. Бизнингча, “Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти Тошкент давлат университети” тўғрироқ бўлади (мавзуга алоқаси бўлмаса-да, йўл-йўлакай Тошкент аниқлиги ортиқча кўринишини айтиб ўтган бўлардик, қолаверса, пойтахтда фаолият кўрсатувчи олий ўқув юртларининг барчасида ҳам бундай ёндашув йўқ-ку. Шу ўринда, мустамлака замонидан қолган қолип анъана меваси бўлмиш “номидаги” аниқлигидан воз кечган маъқулмикан, фикри туғилади. Шахслар билан боғлиқ Ҳарвард университети, Хўпкинс университети, Йел университети, Стендфўрд университети, Дийук университети, Кўрнел университети, Карнеги-Мелўн университети, Вашингтўн университети, Ҳумбўлт универститети ва бошқалари сингари илғор ва ақлли тажриба ҳам бор-ку! Мирзо Улуғбек университети, Алишер Навоий университети қабилида иш тутсак, ҳам қисқа ва эсда қоларли, ҳам жарангли ва ўзига хос обрў! Қолаверса, ўтмишда қолган бўлсалар-да, Маъмун академияси, Улуғбек академияси деймик-ку!).

Юқори вакиллик ва қонунчилик идорамизни Олий Мажлис деб номладик. Олий Мажлисда мажлис, ялпи мажлис бўлиб ўтди, қабилидаги гап тузилишидаги қандайдир ўнғайсизлик, тушунмовчиликка бепарвомиз. Шу билан бирга, вакиллик ҳокимиятининг қуйи – вилоят, шаҳар, туман даражасидаги идораларини кенгаш деймиз. Тўғри, икки атама ҳам бир маънога эга: биринчиси луғатимизга арабчадан кириб келган, иккинчиси эса ғирт ўзбекча. Сессия ҳам лотинчада йиғилиш, мажлисни билдириши сир эмас.

Кучсиз фикримизча, “Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши” тузилишини тўғри деб бўлмайди. Русчада одатдагидек михдек: Ташкентский городской Кенгаш народных депутатов. Аслида эса Тошкент шаҳар кенгаши халқ депутатлари бўлиши лозим. “Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати”да икки марта депутат атамасининг келиши-чи? Халқ депутатлари депутати бўлиб қолмаяпдими? (гарчи биз учун рус тили намуна бўлиши керак бўлмаса-да, бу тилда ҳам шу каби: депутат Ташкентского городского Кенгаша народных депутатов). Халқ депутатлари Қонунчилик палати депутати демаймиз-ку? Чунки, барча даражадаги депутатлар моҳият эътибори билан халқ депутатларидир. Бундан чиқди, вакиллик идораларининг республика, вилоят, шаҳар, туман даражасидаги тузилмалари, уларнинг аъзолари билан боғлиқ атамалар борасида оқилона тўхтамга келинса ёмон бўлмасди.

Тошкент шаҳар ҳокимиятими ёки ҳокимлиги? “Шаҳар ҳокимияти” ва “ҳокимият тақсимоти”даги ҳокимият атамаси бир маънони берадими ёҳуд бошқа-бошқами? Иккинчисида бошқариш, буюриш ҳуқуқи кўзда тутилса (инглизчада power), биринчисида вилоят, шаҳар, туман даржасидаги ижро бошқарувини юритувчи тузилмани тушунамиз. Мамлакат даражасида мазкур тузилмани ҳукумат деймиз. “Шаҳар ҳокимияти” билан тенг равишда “шаҳар ҳокимлиги”ни ҳам ишлатиб келиниши инобатга олинса, бу борада ҳам ягона тўхтамга эҳтиёж бор (масалан, бошқарув идорасини англатувчи “ҳукумат” атамасини туман, шаҳар, вилоят миқёсларида ҳам қўллашни ўйлаб кўриш мумкин).

“Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” рус тилидаги “О внесении изменений и дополнений вЗакон Республики Узбекистан “О карантине растений”ни кўр-кўрона ўгиришдан туғилгани сезилиб турибди (“Ўзбекистон Республикаси Қонуни” сўзлар бирикмаси “Закон Республики Узбекистан”даги сўзларнинг кетма-кетлигига бўйсундирилган). Ваҳоланки, ўзбек тили илмий қоидаларига кўра, Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” бўлиши лозим! Севги ҳақидаги шоир шеъри деб ёзмаймиз-ку. Шоирнинг севги ҳақидаги шеъри деб битамиз. Мисол учун, 1940 йили совет империясида қабул қилинган ҳужжатлардан бири “Закон СССР от 14.07.1956 “Об изменений и дополнений в статьи 22, 29-б, 77 и 78 Конституции СССР” тарзида номлангани эътиборга олинса, бу борадаги ҳозирги аҳволимизнинг илдиз ва сабаблари ойдинлашади-қолади.

Президентимизнинг қуролли кучларимизда миллий руҳ етишмаётганлиги, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди турмуши ва ҳарбий маҳорати ҳақида етарли билимга эга эмаслигимиз билан боғлиқ ўткир хулосалари ҳар жиҳатдан асослидир. Соҳибқирон, Жалолиддин Мангуберди даврларида бизнинг миллий қўшинимиз, юксак ҳарбий санъат мактабимиз ва илғор ҳарбий ишлаб чиқаришимиз бўлгани яхши маълум. Тилга олинган икки буюк аждодимизнинг тарих ва дунё узра шуҳрати, обрўси жумладан айнан шу соҳани ташкил этиш салоҳиятимиз билан боғлиқ бўлгани манбаларда муҳрланган. Мавзу юзасидан айтганда, бизнинг ўз ҳарбий атамаларимиз бўлган. Қўшин, тўп, тўпчи, тўпчибоши, баҳодир, туро, булжор (тайинланган муддатда қўшин йиғиладиган ер), қўл (марказ), ўнг қўл, чап қўл, манғлай, уғруқ (обоз) ва бошқалар. Кўпчилик ўрганиб қолганпарол аждодларимиз тилида ўрон дейилгани ҳам қизиқиш уйғотиш табиий. Қисқаси, давлат раҳбаримизнинг Ўзбекистон тарихини пухта эгаллаш борасидаги оқилона ва узоқни кўзланган топшириқларини бажаришга қаттиқ киришсак, ёшларимизда ҳам, юрт ҳимоячиларида ҳам тарихий тафаккур пайдо бўлади. Тарихий тафаккур эса тил тафакури билан чамбарчасдир.

Кишининг исми, отасининг исми, қайси оилага тегишлилиги масаласида ҳам тўғрилайдиган ишларимиз бор, деб ўйлаймиз. Мустамлака даврида бу борада йўл қўйилган чалкашликлар оқибати бугун ҳам сезиларлидир. Юртдошларимизнинг от танлаш, уни тўғри ёзиш бўйича ўзбилармонлик ва ўжарликлари ҳам бор. Хато ёзилган исм, ота исм, фамилияни тўғрилашнинг ўзига яраша ташвишлари ҳам йўқ эмас. Бу кўпинча мулкка эгалик, эр-хотинлик, ота-она-болалик, иш, ўқиш сингари яна бошқа қатор фаолият турлари билан боғлиқ расмий ҳужжатларни ўз ичига олиши ҳам яхши маълум. Замонавий имкониятлар шароитида бу чигалларни ҳам босиқма-босқич ечиб бориш мумкинлигига ишонамиз. Ушбу жараёнда фамилия атамасини оиласи атамаси билан алмаштирсак ёмон бўлмасди. Негаки лотинчадаги fаmilia айнан оила маъносини, яъни шахс келиб чиққан уруғ, насл-насабни билдиради (илгари кўп ишлатилганпамилчой ҳам “фамильный чай”дан ўзбекчалаштирилган).

Дунёдаги энг бой тиллардан бири арабларники саналишининг сабабларидан бири улар ўз тилларининг сўз ясаш имкониятларидан оқилона ва унумли фойдалана билишлари билан боғланади. Ростдан ҳам шундай. Шу ўринда, машҳур арабшунос олим, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино меросларини ўрганиш ва оммалаштиришга тенгсиз улуш қўшган П.Г.Булгаковнинг бир гапи эсга тушади. 1989 йили институтимизда “Давлат тили ҳақида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси авжига чиққан кезларда, мазкур интилиш асослилигини қўллаган ҳолда, жони жаннатда бўлгур устоз шундай дегандилар: қонунни қабул қилиш билан иш битмайди, ўзбек тилининг мавқейини мустаҳкамлаш учун унинг ички иқтидорини ишга сола билишга ҳам тўғри келади, Қоҳира университети биносида араб домлалари билан суҳбатлашиб ўтирганимизда, ташқаридан волейбол ўйнаётган ёшларнинг шу ўйинга оид инглизча атамаларни қўллаётганлари эшитилиб қолдию улар ўша заҳоти луғатларни очиб, мазмуни ушбу чет сўзларга мос арабча атамаларни ясадилар ва қоғозга тушириб, олиб чиқиб ўқувчиларга бердилар, шу тариқа ҳам ўз луғатларини бойитдилар, ҳам ўз тиллари софлигини амалда сақлашга ҳисса қўшдилар.

Хўш, биз зиёлилар ўтган ўттиз йилда шу каби бирон хайрли юмушни бажардикми? Йўқ! Ҳали ҳам марсоход, лунаход деб ёзиб юрибмиз (“юрткезар”ни эслаган ҳолда марскезар, ойкезар десак бўлади-ку!). Русчадаги нагрузка сўзини гапдаги маънодан қатъи назар юк, юклама қабилида ўзбекчалаштириб келмоқдамиз (“ҳарбий юк Америка зиммасида”, “ички аъзоларга юклама”, “250 кг юкламани кўтара олади”, “ушбу ҳужжат қизғин (?) юкламаларни қоплашга қаратилган”, “педагогик юклама” ва бошқалар). Ҳолбуки, у юкдан ташқари оғирлик, ҳаражат, оғир ташвиш, иш, вазифа, иш ҳажми кабиларни ҳам билдириши аниқ-ку!

Юқорида тилган олинган ва асосли муаммолар “хамир учидан патир”лигини биламиз. Бироқ шуларнинг ўзиёқ қуйидаги ҳақли саволни кўндаланг ташлашга изн беради, деб ишонамиз: 1989 йили қайси тилни давлат тили қилмоқчи бўлгандик, ўшанда тилимизнинг аҳволи қандай эди? Бугун қайси тилни узил-кесил лотин алифбосига ўтказмоқчимиз ёки, айримлар хато истаётганидек, кирилда қолдирмоқчимиз? Қоидалари емирилиб, бузилиб бораётган, товуш-ҳарф уйғунлигига риоя этилмаётган, луғати “босқинчи” сўзларга дош беролмаётган, қўриқчию усталари билимсиз ва кучсиз бўлган тилними? Ана шундай аянчли аҳвол – “касал” тилимизга мукаммал лотин алифбоимиздан тўн бичиб, бу ёғига яна карнай-сурнайлар товуши остида кетаверамизми?

Барчамизнинг кўз ўнгимизда йиллар ичида қонун бузилиши узлуксиз давом этмоқда, бироқ ҳеч кимнинг иши йўқ! Моҳият эътибори айтганда, мазкур ҳолатнинг ўғирлик, босқинчилик, одам ўлдириш каби ҳуқуқбузарликлардан фарқи борми? Йўқ! Унда гап нимада? Ожиз фикримизча, ўзимизга хос миллий фожиамизда: “тилга эътибор – элга эътибор” тенгламасининг мағзини чақолмай келаётганимизда. Яъни тилига эътиборсиз миллат ўзига ҳам эътиборсиз бўлади – урф-одатлари яхши-ёмонининг фарқига бормайди, узоқ йиллар мисқоллаб топганини тўй ва маъракага сарфлайди, худога ишонади, динга риоя қилмайди, очман, берсанг – ўламан, урсанг – ўламан, дейди, бироқ таноблар ери ҳангиллаб ётаверади, таҳорат қилади, аммо сувга туфлайди, тиригида энг яқинларининг қадрига етмайди, ўлгандан сўнг эҳсон қилади, бўш қўйсанг, талтайади, ҳатто қутуради, инсоф, тартибга чақирсанг, ёмон кўради, янгисини қурсанг, эскисига тегма дейди, эскини бузаман десанг, унда янгисини ҳам қурма дейди, кези келганда Алишер Навоийни бошига қўяди, бироқ ижтимоий тармоқлардаги саводсиз ёзувларидан уялмайди …Қисқаси, ўз устида ишлаш, ўзини ўзгартириш, асрий нуқсонларидан ҳоли бўлишни истамайди! Бу каби кескин кетишимизнинг сабаби бор, албатта. Негаки миллийликнинг биринчи белгиси тилдир! Тилига эътиборсиз одамлар охир-оқибат аввал миллийлик, сўнг у билан боғлиқ қолганларини йўқотадилар!

“Оммавий маданият” ҳақида ҳақли равишда кўп гапирамиз. Аммо бу оламнинг ишларини тушунган киши ташқаридагисидан эмас, ичкарисидагидан қўрқиши керак. Тил, умуман тарих, маданият ва маънавиятдек ўта муҳим, ўзига хос соҳаларда катта-кичик, кўпинча кўз илғамас камчиликларимиз оммавий тус олиб, кучайиб борар экан, бизга чет ғанимнинг кераги йўқ. Душман уларни қўзғаш, янада чуқурлаштириш, кенгайтиришдан манфаатдор! Ўз ота-онаси тилининг қимматини билмайдиган, уни қўриқлолмайдиган инсон ва миллат ўзининг ҳам қадрига етолмайди, ўзини ҳимоя қилолмайди. Тили, маданияти, тарихи, анъаналари, урф-одатларини асраркан, аслида у ўзини авайлайди. Ўлган инсон, авлодни тирилтириб бўлмаслигию тил, маданият, тарих, анъаналарни тиклаш мумкинлигининг ўзиёқ кўп нарсага ишора…

Замонавий ўзбек тилининг тақдири ундаги илмий қоидалар, таълим тизими, адабиётга эмас, ОАВлари, айниқса, унинг электронлари, турли тадбирлар, ҳужжатлардаги ўзига хос тил мактаби – таҳририятлар, тадбирларни уюштирувчи ва унда қатнашувчилар ҳамда ҳужжатларни тузувчи ва ўзбекчалаштирувчилар, ташқи ёзувларни тайёрловчилар дунёқараши ва савиясига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Бошқача айтганда, тил қоидалари ишламаяпди, таълим тизимидан самара чиқмаяпди, адабиётнинг таъсири кўкка совурилмоқда. Шу кетишда, адабий тил тушунарсиз ва ўнғайсиз бўлиб қолиши ҳеч гапмас (буни ижтимоий тармоқлардаги ўзига хос ўзбек тили мисолида яққол кўриш мумкин)! Кейин эса навбат мафкура ва маънавиятга келади. Бундай ишонч учун асос етарлидир: никоҳ тўйларида ота-қиз, куёв-келин рақсга тушмасинлар, бизнинг урф-одат, дунёқарашимизга тўғри келмайди, дея ҳақли тарзда бонг уриб турилган бир пайтда телеканаллар орқали миллионларга қаратилган дори рекламасида ота қизи билан рақс тушаётгани бериб турилса! Яъни биз сўзимизда турмаймиз. Сўзда туриш учун эса олдин уни англаш даркор! Тескари ҳолда, “мафкуравий иммунитет”, “миллийменталитетимиз” сингарилар оғзимизнинг бир чеккасидан чиқиб кетавермасди. Гап мафкуравий ҳимоя, қўриқлаш, муҳофаза, асраш, авайлаш ҳақида-ку! “Дунёқараш”дек барчага тушунарли ва сингиб кетган ўз сўзимизни нега пуф сассиқ қилдик?! Бошқача айтганда, ёзаётган, ўқиётган, кўраётган, эшитаётганларимизга шунчаки бир белгилар ва товушлардек қарамоқдамиз ва, минг афсус ва ўта хавотирлики, мазкур ҳолатимиз одийлик касб этиб бормоқда. Биргина мисол билан чекланамиз: “Kun.uz”даги хабар бошланишида “Соғлом овқатланиш клиникаси бош шифокори…Марина Копитько…маълум қилди”га кўзимиз тушиб, матнни тугатгунимизгача, ўзимизда шунақа муассаса бор экан-да, деб ўйладик. Бироқ юқоридаги “касаллик”ни сезиб, кузатиб келаётганимиз учун “Гугл”га боқдик ва тахминимиз тасдиқланди: мазкур шахс етакчилик қилаётган муассаса Москвада фаолият кўрсатар экан. Бу иш ўттиз йил бурун юз берганида, нима ҳам қилардик, кўргилик-да, дердик. Аммо бугун мустақил давлатмиз-ку…

Мустамлака босқичи ўз йўлига ва тушунарли, аммо мустақиллик даврида ҳам тил ва адабиётни ўқитиш замон талаблари негизида ташкил этилмагани сабаб, ўз тили ва адабиётини зарур даражада эгалламаган бутун бир авлод ва қатламларни етиштириб қўйдик. Агар улар эндиликда давлат ва жамият турмушининг турли соҳалари, жумладан, оммавий ахборот воситаларида фаолият кўрсатаётганлари ва кўрсатишларининг эҳтимоли юқорилиги инобатга олинса, тил билан боғлиқ муаммоларнинг туб илдизи нимадалиги ҳам аёнлашади-қолади, уларни бартараф этишнинг йўллари ҳам кўзга ташланади. Шу ўринда, сўнгги ўн-ўн беш йил ичида воқелигимизга дадил кириб келган ва бундан буён янада жадаллашадиган янгилик билан боғлиқ мавзуга диққатни қаратишни бурчимиз, деб санаймиз.

Тил миллатнинг ўзига хос калимайи шаҳодатидир. Сайёрамизнинг қайси бурчагида туғилишидан қатъи назар чақалоқ бир хил йиғлайди. Дунё юзини кўриши биланоқ, қулоғига азон ва такбир айтилишига ҳали бир неча кун бор илк сонияларда онасининг (бугунги шароитда отасининг ҳам) товушини эшитади. У ҳали кимлиги, қайси миллат, юрт, оилага тегишлилигини билмайди, бироқ ота-онаси – миллати тилини эшитади. Орадан уч-тўрт кун ўтиб ўз уйига келади, қулоғига бува-буви, ака-ука, опа-сингил, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар – ўзи мансуб миллат тили киради. Бир йилча ўтиб, у дунёга келган оилада қайси тилда сўзлашилинса, уники ҳам ўшанақа чиқа бошлайди. Боланинг тил кўникмасига кўчаси, маҳалласидаги тил муҳити, таълим муассасидаги ўқитиш тили ҳам катта таъсир кўрсатишини далиллаб ўтишга ҳожат йўқ, деб ўйлаймиз. Шу маънода, мактабгача таълим нодавлат муассасаларининг тил сиёсатида тутаётган ўрнига тўхталишга тўғри келади. Улардаги ўқув жараёни кўпроқ қайси тилда? Тошкент мисолида айтадиган бўлсак, яқин-яқингача давлат тилисидаги жуда кам эди! Қизиғи, ўқувчиларнинг мутлақ кўпчилиги, баъзи ҳолларда тўла-тўкис ўзбеклигидадир. Агар барчанинг ҳам тўлов қобилияти пуллик ўқишни эплолмаслиги, мазкур муассасаларга қатнашга муайян тоифа фарзандлари имкон топаётганлиги, улардаги ўқитиш жараёнининг сифати нисбатан юқорилиги, битирувчиларнинг келгусида давлат ва жамият ҳаётининг турли йўналишларида эгаллашлари мумкин (муқаррар?) бўлган мавқейи эътиборга олинса, балки адашаётгандирмиз ва шундай бўлсин ҳам, ҳозирда давлатимиз ва жамиятимизнинг бир неча ўн йилликлар кейинги етакчи қатлами – казо-казолари етиштирилмоқда. Буни ёмонликка йўйиш ниятида эмасмиз. Асло! Аксинча, ушбу ҳолат барча халқлар ва даврлар, жумладан, эндиги дунёга ҳам хос ва табиийдир. Сўз кетаётган омил мустамлака даври совет режими Ўзбекистон воқелигида ҳам бор эди. Ўзбек тилига давлат мақомини бериш билан боғлиқ қайноқ паллада икки тиллилик масаласига ҳам зўр берилгани, кейинги йилларда эса қонун ижросини таъминлашдаги “сусткашлик”нинг асл сабабларидан бири ҳам айнан шу билан боғлиқлигига ишонамиз. Негаки ўша кезлар казо-казолар қатлами ўзбекча фикрлаш, билиш, демак, сўзлаш, ёзиш – яратиш борасида ожиз бўлганлар. Буни ҳам табиий, деб санаймиз. Империянинг қулаши шу даражада тез юз беради, деб ўйламаган мазкур қатламлар учун у мангу туюлган ва ана шу абадият шароитида яшаш, курашишга ўзларини ҳам, авлодларини ҳам тайёрлаганлар. Моҳият эътибори билан, бундай аҳволга тушишимизда ҳеч кимни айблаб бўлмайди! Аммо ўтмишдан сабоқ чиқариш лозим!

Шу маънода, Президентимизнинг “Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ижтимоий мададга муҳтож оилалардан муайян миқдордаги тарбияланувчиларни ўқитиш, улар учун ота-оналар тўловининг имтиёзли миқдорларини (мазкур жойдаги мактабгача таълим давлат муассасалари учун белгиланганидан ошмайдиган миқдорларда) белгилаб қўйишга урғу берилгани жуда оқил ва узоқни кўзлаган иш бўлди, деб ўйлаймиз. Сўнгги икки ярим йил ичида умуман таълим тизимининг сифатини юксалтириш, энг илғор мамлакатлар даражасига етказиш йўлида бошланган чиндан ҳам зарур, давлат ва мамлакатимиз тақдирини ҳал қилувчи ўзгаришлар, айниқса, Президент мактаблари, ихтисослашган таълим муассасаларини таъсис этилишининг мағзини чақсак, муаммонинг кўзга кўринмас жиҳатларини илғай оламиз. У ҳам бўлса, Яратган истеъдод уруғларини бой-камбағал, бор-йўқ, тош-тоғ, чўл-биёбон, шаҳар-қишлоғига қараб сепмайди. Таълим тизимининг муқаддас бурчи – бундай уруғ қаер, қандай муҳитга қадалишидан қатъи назар уни ўз вақтида пайқаб, авайлаб-асраш ва ўстириш орқали давлат, жамият ва одамлар саодатига шайлашдан иборатдир! Ушбу мураккаб жараёндаги муҳим қурол эса тилдир.

Ёшларимизнинг китоб ўқимай қўйганликларининг бош сабаби ҳам таълим жараёнида уларга ўз тили ва адабиётига севги уйғотолмасликка бориб тақалади, деб ишонамиз. Бу ерда бутун айбни ўқитувчига тўнкаш нотўғридир (она тилини бир синф бўлиб, инглиз тилини иккига бўлиниб ўрганиш тартибининг ўзиёқ ўзбек тилига муносабат бошидан ирий бошлаганига ишорадир). Негаки эндиги тушунчадаги тил ва адабиёт сабоқлари неча юз, ўн йиллар бурунгидек мадраса ёки мактабда эмас, балки замонавий ахборот макони доирасида ҳам эгалланади. Бугунги бола бизнинг авлодда бўлганидек, оғзинг қани деса, бурнини кўрсатадиган туридан эмас. Ҳали тили чиқмасдан, “Алифбе” дарслигининг турқини кўрмасдан туриб, ахборот технологияларининг “тили ва адабиёти”ни ўзлаштириб қўймоқда. Қолаверса, ахборот технологиялари жуда ҳам тез ривожланиб кетаётгани ва ўз табиатига кўра тил ва адабиёт бундай беллашувга чидолмаслиги шароитида (яхши асар ҳафталаб, ойлаб, йиллаб яратилади) ёш авлоднинг тили оммавий ахборот воситалари орқали “чиқиши”нинг эҳтимоли кундан-кун ошиб бормоқда. Одамларнинг ижтимоий-сиёсий, жумладан, диний қарашлари турлича бўлиши, иқтисодий (бой ва камбағал) аҳволи ҳам фарқланиши мумкин, аммо тил масаласида уларнинг қуроли биттадир, айниқса, давлат тилини тушунувчилар мутлақ кўпчиликни – тўрти кам юз фоизни ташкил этадиган биз каби жамиятларда. Қисқаси, агар сиёсий, иқтисодий, илм-фан йўналишларида тил тафаккурини шакллантира олмасак, бориб-бориб бошқарувчилар, етакчилар, ғоя берувчилар, олимлар, оммавий ахборот воситалари, тарғиботчилар ва “оддий” халқ ўртасида ўзига хос жарлик пайдо бўлишининг эҳтимоли кучайиб бораверади. Чораси кўрилмаса, пировардида улар бир-бирларини тушунмай қоладилар. Мазкур ўзаро англашилмовчиликнинг оқибатларини олдиндан тасаввур қилиш қийинмас. Бироқ биттаси – нисбатана анча беозорига тил теккизиб кетамиз. Қон босимини пасайтирувчи маҳсулотлар ҳақида сўз юритган ва калий моддасига бой озиқ-овқатни ейишни тавсия этган “Kun.uz”, калий ширин картошка, банан, томат соуси, апелсин шарбати ва тунец балиғида кўп бўлишини эслатиб ўтади. Бир қараганда, ҳеч вақо йўқдек, аммо инглиз олимлари ўз воқеликларидан келиб чиқиб қилган хулосани кўр-кўрона ўзбек воқелигига “улоқтириб” юбориш қанчалар тўғри? Бу ерда гап банан ҳар ҳолда арзонмаслиги, апелсинни сиқиб тайёрланган шарбат, тун балиғи ундан ҳам текинмаслиги, ширин картошка (batatas) анқонинг уруғи эканлигида эмас, балки дуч келган хабарни узатаверилишидадир. Тескари ҳолда, муддао ўрик, шафтоли, узум, олма, олхўри, майиз, туршак, ёнғоқ орқали очиб берилган бўлар эди, ўқувчиларга фойда келтирарди.

Кўриниб турганидек, салкам ўттиз йилдирки эътибордан четда қолиб келаётган тил йўналишида қанчадан-қанча муаммоларимиз бор. Уларни бартараф этишимиз сув ва ҳаводек зарурдир. Аммо қандай? Бошқа соҳаларда бўлганидек ва миллий етакчимиз нишонга ургандек йўлланма берганларидек, аввало, сўз кетаётган масалада ҳам эскича дунёқараш, билим ва тизим билан яшаб бўлмаслигини тан олишими лозим. Яъни тилимизни асраш, бойитиш борасида шу пайтгача иш бермаган ва уни шундай аянчли аҳволга солиб қўйган қараш ва ёндашувлардан воз кечишимиз даркор. Қолаверса, давлат ва жамият бошқарувининг мутлақо янги, самарали ва сифатли фаолият юритувчи тизимини яратиш жараёни кетаётган ҳозирга паллада мазкур ўта муҳим соҳа муаммолари ҳам ўз ечимини топиши мақсадга мувофиқдир.

Тил қонунчилигини бузганлик учун жазо қўллаш масаласи анчадан бери муҳокама қилиб келинмоқда. Биз бошданоқ бунга қарши бўлганмиз ва бугун ҳам шу фикрдамиз. Тескари ҳолда, жуда кўпчилик “жувонмарг” бўлиб кетади. Негаки тил қоидаси, айтайлик, математика ёки физика қоидаси эмас. Масалан, юқоридаги “ижобий тўплар нисбати” (тўғриси – тўпларнинг ижобий нисбати) учун қандай жазо бериш мумкин? Ё бўлмаса, “смартфон”ни ақлли телефон (товуш) деймизми ёки “ақлли соат”ни “смартвоч”га ўзгартирамизми? Диққат қилинган бўлса, жонли чиқишлар журналистларимизнинг ҳам, кўрсатувларга чақирилганларнинг ҳам тил бўйича камчиликларини анча яланғочлаб қўйди. Уларни ҳам жазога тортамизми? Саволлар жуда кўп, уларга жавоблар эса янада кўп. Чунки икки тилшуносдан уч хил фикр чиқиши турган гап (қолганларни айтмаса ҳам бўлади). Йўли қандай?

Олдинига ўтган аср саксониничи йиллари иккинчи ярмига хос инқилобчилик, “чўғни ушлаб олиб қўйиб юбормаслик” қарашлари ва сўнгги ўттиз йилда яққоллашиб келаётган менга нималик кайфиятидан қутулиб, бу оғир ва шарафли юмушни ўзимиз эплашимиз лозимлиги борасида бир тўхтамга келайлик. Тил соҳасидаги муаммо ва камчиликлар билмасвойлигимиздан эканини тан олайлик ва замонавий билим этагини тутайлик. Аҳволни ўнглаш учун оқилона ва жамоатчилик тизими яратиш бўйича бош қотирайлик. Кўрсатмага кўра яшаш ва ишлаш онг-онгимизга сингиб кетгани шароитида, қонун, қарор керак, дегучилар анча-мунча топилишига ишончимиз комил. Бироқ биз бу ишни “давлатни аралаштирмасдан” ўзимиз бажариш тарафдоримиз. Зеро, биринчидан, тил элники экан, бундан чиқди, уни авайлаб-асраш ҳам аввало элнинг ишидир! Тил қоидаларини бузиш, ўйламай-нетмай чет сўзларни қўллаш сингарилар кимнинг ишлари? Ўзимизнинг, ҳар биримизнинг! Иккинчидан, Президентимизнинг чет юртлардаги элчиларимиз билан учрашувдаги тарих, маданият, миллий қадриятлар, адабиёт ва она тили ҳақидаги куюнишлари тушунган одам учун ўзига хос кўрсатмадир. Келинглар, ҳеч бўлмаса, шу юмушни ўзимиз қойиллатайлик. Қачонгача аравани бир киши тортиб, қолганлар унинг устида ялло қилиб кетишлари керак? Ҳеч бўлмаса, тил аравамизни ўзимиз тортайлик! Сал бўлса ҳам қимирлайлик!

Мазкур жараённи қуйидаги тартибда уюштирсак. Энг аввало, ҳар биримиз ўз оила, ўқиш, иш еримизда иложи борича тил қоидаларига риоя қилишга астойдил киришишимиз лозим (зеро тилга олинган кўп йиллик камчиликларимиз манзарасида бу юмушни бирданига рисоладагидек эплашимизга кўзимиз етмайди). Болаларимиз, жумладан, набираларимиз билан бирга она тили ва адабиёт бўйича дарс қилайлик, шеър, эртак, ҳикоя айтиб берайлик – уларга ҳам, ўзимизга ҳам фойда! Миллий етакчимизнинг ҳар ким ўзи ўқиган мактабига уйидаги китоблардан ўнтасини олиб бориши бўйича ғояларининг замирида аслида шундай қараш ва турмуш тарзини сингдириш ётганига қаттиқ ишонамиз.

Таълим муассасаларида ўқитувчилар ўз вазифаларига янада талабчан, сабоқ беришда яратувчан ва топқирроқ бўлсалар. Мулкчилик шаклидан қатъи назар, ишхоналарда эса ҳар бир хизматчи ўз ва идораси фаолиятига давлат тилига риоя қилиниши нуқтаи назаридан баҳо бериб борса. Аслида шу уч йўналишдаги узлуксиз уринишларнинг ўзиёқ аҳволни тубдан ўнглаши аниқ. Лекин…Шунинг учун ҳам, иккинчидан, журналисчилар, ёзувчилар уюшмалари таҳририятлар, олимлар, умуман масалага фарқсизлар қатнашувида тегишли тадбирларни ташкил этиш, камчиликлар юзасидан дастур, режалар ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз. Учинчидан, тилшунос ва адабиётшуносларимиз муаммони илмий жиҳатдан ўрганишлари, таклиф ва ечимларни жамоачилик муҳокамасига ташлашлари даркор. Бунда кирил алифбосида қолиш, айбни рус, инглиз тилларидан қидириш сингари мавзуларни бутунлай истисно этиш керак бўлади. Тўртинчидан, ўзбек тилининг иложи борича тўлиқ, замонавий сўзлигини тайёрлаш ва айнан унинг асосида иш юритиш, оммавий ахборот воситалари, нашриётлар фаолиятини йўлга қўйиш, ўқув адабиётларини чоп этиш унумли бўлиши шубҳасиз. Атамачилик, сўзларнинг келиб чиқишига оид адабиётларни тайёрлаш, тарқатиш, таълим жараёнига бу борадаги ўқув соатларини киритиш мақсадга мувофиқдир. Бешинчидан, ўтган йиллар тажрибасидан келиб чиқиб, “Давлат тили тўғрисида”ги янги ва тўғридан-тўғри ишлайдиган қонун қабул қилишни илдамлаштиришимиз лозим (бу борада тегишли уринишлар олиб борилаётгани ҳақида яқинда тарқалган хабар ижобийдир, албатта). Унда давлат хизматчиси учун давлат тилини пухта билиши, ҳуқуқий-меърий ҳужжатлар лойиҳаларини фақат давлат тилида тайёрлаш, эълон қилиш, ташқи ёзувлар сингари ҳал қилувчи масалалар бўйича ҳам тегишли қоидалар бўлиши шарт, деб ишонамиз.

Тил ва адабиётимиз ўз бошидан нималарни кечирмади – бутун ўрта асрлар ичида араб, форс тиллари устуворликларини енгиб ўтишига, мустамлака даврида эса турли тақиқлар, чекловлар, камситишлар, йўқотишлар, фожиаларга йўлиқишига тўғри келди. Тил ва адабиётимиз учун не-не улуғларимиз ўзларини бағишладилар, не-не буюкларимиз эса ўзларини қурбон қилдилар. Айнан тил ва адабиётимиз учун! Чўлпон ва Абдулла Қодирийнинг бошини еган, Ойбекни тилдан қолдирган аслида уларнинг асарлари – ўзбек тилида ёзилган адабиёт, унинг қўйнидаги миллий тафаккурдир! Уларнинг хотирасини эъзозлаш иши ҳайкаллар қўйиш, меросини ўрганиш, қайта-қайта чоп этиш, саҳналаштириш баробарида уларнинг ичидагилари, орзулари, тенгсиз истеъдодларини юзага чиқарган қурол – ўзбек тилини авайлаш, асраш, қўриқлаш бугунги авлод учун ҳам фарз, ҳам қарздир! Зеро шундай омиллар борки, уларга қараб муайян элнинг феълини билиб олиш мумкин. Улардан бири, балки энг асосийси, шубҳасиз, тилдир. Яъни тилимизнинг аҳволи феълимиздан даракдир…

Турк сериаллари, диний кийим-бош, “Браво”, мажбурий меҳнат, эски уйларнинг бузилиши, гузарлар қурилиши ва, моҳият эътибори билан солиштирганда, яна аллақанча мавзулар бўйича куюниб-чираниб ётамиз, қўйиб берса, жиққамушт бўлиб кетамиз, бироқ инсон ва миллат учун энг улуғ ва тенгсиз зеб-зийнат – ўз тилимиз ҳақида заррача қайғурмаймиз. Шулар ҳамда тил ва адабиётимизнинг неча минг йиллар ичра кўриб келган оғирликлари ва, худо кўрсатмасин, шу кетишдаги эртаси ҳақида ўйлар эканмиз, негадир “Кеча ва кундуз”нинг якуни эсга тушаверади: “(толга боғланган) Қурвонбиби бир нафас тинмасдан, ўзича сўзланар, ким ёнига борса, Зебини мақтаб гапирар, унинг дутор чалиши (!), ашула айтиши (!), чок тикиши (!), тўппи босишларини (!) ҳикоя қилар, юриш-туришлари, қадди-қомати, бўйлари, кўзлари ва қошларининг чиройлилигини (!) айтиб, ҳар кимдан «Қани, менинг Зебим? Қани, Зебонам?» деб сўрар; шундан сўнг ҳўнграк отиб, йиғлаб юборар эди”…

Азамат Зиё,

тарих фанлари доктори, профессор.

http://uza.uz/oz/culture/til-el-fel-16-04-2019

You may also like...

1 Response

  1. Мақолани ўқиб чиқдим. Минг раҳмат Азамат акага. Ҳақиқатдан тилимиз жуда ачинарли ҳолга тушиб қолган. Яна айрим юртдошларимизнинг Ўзбекистонда рус тилига давлат тили мақоми бериш керак, деган таклиф билан чиқишлари ўлганнинг устига тепган билан баробар. Мақоланинг хулосасини ўқиб йиғлаб юбордим. Негаки, инсоннинг ўз она тили ҳам худди боласидек бўлади. Зебини йўқотиб телбага айланган онасисининг ачинарли аҳволи бизни хушёр торттирмоғи керак. Асрлар силсиласида яшаб келган она тилимиз бугун оғир жароҳатлардан қийналмоқда. Она тилимизга малҳам бўлиб, уни тузатиб сақлаб қолиш эса ҳар биримизнинг фарзандлик бурчимиздир.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>