Ҳуқуқий маданият сари

Ҳар қандай тараққиётга аввало тинчлик ва осойишталик ҳукмрон бўлган

шароитда эришиш мумкин. Тошкент минтақасидаги темир йўл транспортида хавфсизликни таъминлаш соҳасида хизмат қилар эканмиз, фуқароларимиз ана шу ҳаёт ҳақиқатини тушуниб етишлари лозимдир.

Бу мавзуда мутахассисларнинг таҳлилий мақолалари, суҳбатлари, тарғибот-ташвиқотлари муҳим ўрин тутади. Таҳлилчиларнинг фикрича, Ўзбекистон истиқлолга эришгач, ўнлаб давлатлар билан мустақил иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўя бошлади. Бу соҳа республика тараққиётининг устувор йўналишларидан бири, давлат сиёсатининг муҳим жиҳати деб белгиланди. Зеро, ташқи иқтисодий алоқалар улкан табиий ва илм-фан салоҳиятига, қудратли экспорт имкониятларига эга бўлган Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги салмоғи ва обрў-эътиборини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Республикамизда хорижий инвестиция учун энг қулай шарт-шароитлар яратилган, уларни ҳимоялаш қонун билан кафолатлаб қўйилган. Бунинг натижаларини эса халқимиз кўриб турибди. Бинобарин, мамлакатимизда автомобилсозлик, электроника, коммуникация ва бошқа соҳаларда салмоқли натижаларга эришилмоқда. Республикамизда илғор технологиялар бозорини шакллантириш, экспортга маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва импортнинг ўрнини босувчи корхоналарни ривожлантириш имконини берадиган бир қанча йирик инвестиция лойиҳалари ҳам амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда республикамизга чет эл сармоясини жалб этишга алоҳида эътибор билан қаралмоқда. Бу улуғвор ишларнинг масъулияти ўзига яраша. Энг муҳими, фуқароларимиз мамлакатимизда амалга оширилаётган ана шу кенг кўламли ишлар моҳиятини англаб етмоқлари, ҳуқуқий онги ва дунёқараши шунга яраша бўлмоғи лозим. Халқимиз амалга оширилаётган ислоҳотларимизнинг туб моҳиятини англаб етмоғи зарур. Зотан, давлат ва жамият қурилишини изчил асосда демократлаштирмасдан, одамларнинг ҳуқуқий маданиятини оширмасдан туриб ислоҳотларини амалга ошириш мушкул бўлади. Ислоҳотларимизнинг маъно-мазмуни ҳар бир онгли фикрлайдиган инсон учун очиқ ва тушунарли бўлган, улар шу муқаддас заминда яшаётган ҳар бир фуқаро, ҳар бир инсоннинг амалий ишига айланган тақдирдагина кўзлаган эзгу мақсадларимизга эришиш мумкин. Буни ҳар бир фуқаро онгли равишда билиши даркор. Айниқса, ёшлар, юртимиз келажагини ҳал қилувчи бунёдкор куч сифатида майдонга чиқаётган билимли йигит-қизларимизни шундай руҳда камолга етказишимиз мақсадга мувофиқдир. Ҳозирги кунда тараққиёт йўлидан изчил ривожланиб боришимизда, эзгу мақсадларимизни рўёбга чиқаришда ҳал қилувчи рол ўйнайдиган муҳим бир мезон борки, у ҳам бўлса, инсон омили, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаган, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган, ҳаётга дадил қадамлар билан кириб келаётган ёшларимиздир. Мамлакатимизни ислоҳ қилишнинг ғоя ва мақсадлари онги ва қалбига яқин бўлган ёшларимиз ана шундай орзу-умидларимизга албатта муносиб бўладилар, шу мақсадларни амалга ошириш учун астойдил курашадилар ва албатта, бу маррани ҳам қўлга киритадилар. Демоқчиманки, келажагимиз бўлган ёш авлодга муносиб таълим-тарбия бериш баробарида уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга ҳам жиддий эътибор қаратсак, тараққиётимиз шунга яраша бўлади.

 

Наргиза Искандарова,

Тошкент минтақасидаги темир йўлларда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси Тергов бўлими терговчиси, капитан

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>