ТИНЧЛИК ДАРСЛАРИ

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Тинчлик дарслари” ўтказилади. Унда қуйидаги мавзулар тавсия этилади.

и9

 1. Қадрият, эътибор ва эъзоз

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан талабаларга Тинчлик дарси ўтилиши замирида улкан маъно мужассам.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда.

Инсон хотираси муқаддас, қадр-қиммати азиз ва мўътабардир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда кенг нишонланаётган Хотира ва қадрлаш куни мазмун-моҳиятида ана шундай инсонпарвар тамойиллар ўз ифодасини топган. Бу сана урушларда қурбон бўлган миллионлаб юртдошларимиз хотирасига таъзим қиладиган, бугун сафларимизда юрган, осмонимиз мусаффолиги, юртимиз равнақи йўлида хизмат қилган нуронийларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиладиган эзгу маросимдир. Бундай кунларда бугунги тинч ва осуда ҳаёт, мусаффо осмон, тўкинлик ва фаровонликка қандай оғир йўқотишлар, синов ва машаққатлар эвазига эришилгани хаёлимиздан ўтади. Бизга насиб этган мустақиллик, тинчлик ва осойишталикнинг аҳамиятини теранроқ англаймиз.

Юртбошимиз алоҳида таъкидлаганларидек, инсон, халқ, миллат тарихий хотира билан тирик ва барҳаётдир. Ҳеч шубҳасиз, Улуғ Ватан урушида барча халқлар билан бирга бўлиб, фашизм балоси устидан қозонган Ғалабамизни, бу урушда халқимиз кўрсатган матонат, мардлик ва қаҳрамонлик намуналарини авлодларимиз асло унутмайди, жанг майдонларида бизнинг ўғлонларимиз нимага қодир эканини доимо ғурур ва ифтихор билан эслайди.

Шу борада биз ҳаётимизнинг бир ҳақиқатини ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз керак. Бешафқат урушда, жанг майдонларида қурбон бўлган ота-боболаримиз қандайдир тепалик ёки қандайдир “улуғ доҳий” учун эмас, аввало, ўз юрти, ота-онаси, севган ёри, фарзандлари учун жон берган, “Қани энди, юртимни, ўзимнинг азизларимни яна бир бор кўрсам”, деб ҳаётдан кўз юмган, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди. Мана шундай ўз юртини севиш, бетакрор она Ватанига садоқатли бўлиш, ҳеч шубҳасиз, халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган фазилатдир.

Вақт ўтади, замонлар ўтади, лекин узоқни кўзлаб, ҳаётнинг ўзи ўртага қўяётган талабларни инобатга олиб, одамийлик, инсонпарварлик фазилатларини улуғлаш, умуман, Ватан учун, элу юрт учун хизмат қилган инсонларнинг номларини сақлаш, инсон хотирасини эъзозлаш йўлида қилинган бундай савобли ишлар, ўйлайманки, ҳеч қачон унутилмайди.

 2. Ватан эркинлиги учун ўз жонини қурбон қилганлар хотираси ҳамиша барҳаёт

Бугун Ватанимиз, халқимиз Улуғ Ватан урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 71 йиллигини кенг нишонламоқда. Ана шу буюк сана билан аввало урушда қатнашган, мардлик ва жасорат кўрсатган барча уруш фахрийларини, шулар қаторида фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизни, бутун халқимизни табриклаш, уруш майдонларидан қайтмаган, бугунги мусаффо осмонимиз учун жон берган ватандошларимиз хотираси олдида бош эгиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Бугун ҳеч кимга сир эмас: миллион-миллионлаб одамлар ҳалок бўлишига сабаб бўлган, мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келган бу уруш инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлганини бу дунёда ҳеч ким унутмайди. Ва фашизм устидан қозонилган ғалаба нақадар қимматга тушганини юртимизда яшаётган ҳар қайси оила, ҳар қайси одам яна ва яна бир бор англаши, қалбидан ўтказиши табиийдир.

Президентимиз таъкидлаганларидек, Ўзбекистонда ўша пайтда 6,5 миллион халқ яшаган бўлса, шунинг 1,5 миллиондан кўпроғи урушда қатнашганининг ўзи, қисқа қилиб айтадиган бўлсак, барча эркаклар, мардларимиз қўлига қурол олиб, ягона душманимизга қарши чиққанидан далолат беради. Қарийб ярим миллион юртдошимиз шу урушда ҳалок бўлгани, қанча-қанчаси ногирон, майиб-мажруҳ бўлиб қайтгани, қанча-қанча аёллар бева, болалар етим бўлиб қолганини ҳар қайси оила ҳали-бери эсидан чиқармайди. Бошқача қилиб айтганда, юртимизда бирорта хонадон йўқки, мана шу мудҳиш урушнинг жабрини ўз бошидан ўтказмаган бўлса. Халқимиз айни шундай оғир вазиятда кунни – кун, тунни – тун демасдан, машаққатли меҳнат қилиб, фронт учун, ғалаба учун муносиб ҳисса қўшгани ҳеч эсимиздан чиқмайди.

Уруш бошланиши билан фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга кўчирилган 1 миллионга яқин оила ва болаларни эл-юртимиз қабул қилгани, охирги бир бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўргани, “Сен етим эмассан” деб, уларнинг барчасини ўз бағрига олиб, нафақат бошпана бергани, ўз қалбини очиб, меҳр-мурувват кўрсатганини унутиб бўладими ўзи?!

Ҳар қайси халқнинг одамийлиги ва маънавий қадриятлари, меҳр-оқибат ва олижаноблиги ана шундай унутилмас дамларда яққол намоён бўлади, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан. Бизнинг ота-боболаримиз бешафқат жанг майдонларида мардлик ва матонат кўрсатгани учунуларнинг 338 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлгани, минг-минглаб юртдошларимиз жанговар орден ва медаллар билан тақдирлангани – буларнинг барчасини халқимизнинг фашизмга қарши курашда кўрсатган жасорати ва ботирлигининг амалий намойиши деб биламиз. Вақт ўтади, замонлар ўтади, лекин Ватан озодлиги ва эркинлиги, эл-юртимизнинг тинч ва осуда ҳаётини ҳимоя қилишда курашиб жон берган ўғлонларининг номлари ва хотираси кўпни кўрган, ҳеч қачон ёвуз душман олдида бош эгмаган халқимизнинг ёдида умрбод, абадий сақланади. Бу фазилат эл-юртимизнинг эзгу одатига, қадриятига айланиб кетган. Шуларни ҳисобга олган ҳолда муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан бундан 18 йил олдин 9 май – Ғалаба кунига юртимизда Хотира ва қадрлаш куни деб ном берилган эди.

Бунинг яққол ифодасини пойтахтимиз Тошкент шаҳрининг марказида ва жойларда барпо этилган Хотира майдонлари айни шу кунларда урушдан қайтмаганларни эслаш, уларнинг хотираси, арвоҳлари олдида бош эгиш учун келган ёшу қарилар, аҳолимиз ва чет эллик меҳмонлар билан гавжум бўлганида кўриш, кузатиш мумкин. Ҳаммамиз яхши биламиз – биз яшаётган ҳаёт – бу оқар дарё, дейди халқимиз. Яъни, бошқача айтганда, бу дунё ғанимат эканини эсимиздан чиқармасдан, бешафқат урушда қатнашган, фронт ортида ўзини аямасдан меҳнат қилган ватандошларимизни қадрлаш, эъзозлаш, умрини узайтириш, уларни эслаб, ҳолидан хабар олиш, руҳини кўтариш – бундай эзгу ишлар барчамизнинг энг олижаноб бурчимиз бўлиши шарт.

 3. Хотира муқаддас, инсон қадри азиз

Хотира – ўтганларни эслатиб туради, ўзликни англатади. Қадр – инсонни улуғлайди, жамиятни безайди. Хотира ва қадрлаш куни мазмун-моҳиятида ана шундай эзгу тамойиллар мужассам.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик мустаҳкам қарор топди. Катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, меҳр-оқибат туйғулари одамлар қалби ва шууридан чуқур жой олди. Аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, бугун сафларимизда юрган, элу юрт тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларни эъзозлаш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди.

Нуронийларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳаётини мазмунли қилиш, кўнглини кўтариш йўлида амалга ошириб келинаётган ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 13 октябрдаги “1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан уларни ижтимоий ҳимоялаш кўлами янада кенгайди. Хусусан, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари йилига бир марта санаторий-соғломлаштириш муассасаларида бепул даволаниш имкониятига эга бўлди. Президентимиз ташаббуси билан 2016 йил мамлакатимизда Соғлом она ва бола йили, деб номланди. Шу муносабат билан қабул қилинган Давлат дастури доирасида ёши улуғ инсонларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш, тизимли асосда соғломлаштириш каби хайрли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 18 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонида 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек, 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 71 йиллиги нишонланиши муносабати билан ҳамда уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш вазифалари белгиланди.

 4. Тинчлик қадри

Истиқлол даврида туғилиб вояга етган, мустақил ва янгича фикрлайдиган, буюк мақсадлар сари интилаётган фарзандларимиз ота-боболаридан мерос бўлиб қолган ўз юртини, туғилган тупроғини муқаддас деб билиши, унинг эртанги ёруғ куни учун бутун борлиғини бағишлашга, керак бўлса, жонини фидо қилишга тайёр бўлиши – буларнинг барчаси бугун ҳал қилувчи кучга айланиб бораётган ёшларимиз ҳаётининг узвий бир қисмига айлангани ҳаммамизга ишонч ва куч-қувват бағишлайди.

Мана шу даҳшатли уруш хаёлимиздан ўтар экан, яна бир ҳақиқатни айтмасдан ўтишга ҳаққимиз йўқ. Гап бошимиздан кечирган қонли ва бешафқат уруш бошқа ҳеч қачон қайтмаслиги, бундай фожиа ва қирғинларнинг олдини олиш ва улардан одамзотни асраш ҳақида кетмоқда. Бугун бир фикрни ҳеч иккиланмасдан айтиш керак: бизнинг халқимиз кўпчилик халқлар қатори нимани истайди, нимани хоҳлайди – бизга тинчлик керак, бизга омонлик керак! Эртанги кунимиз ёруғ, осмонимиз мусаффо бўлсин, барчамиз ўз орзу-ниятимизга етайлик! Бизга, қолаверса, ер юзидаги барча халқларга ана шундай, бир қарашда жуда оддий, лекин аниқ нарсалар керак!

Президентимиз таъкидлаганларидек, бугун шиддат билан ўзгариб, тобора кескинлашиб бораётган дунёда, узоқ ва яқин атрофимизда вазият хатарли тус олмоқда ва барчамиздан бепарволикка йўл қўймасдан, доимо огоҳ, сезгир ва ҳушёр бўлишни замонамизнинг ўзи талаб қилмоқда. Жаҳоннинг турли минтақа ва ҳудудларида қарама-қаршилик ва зиддиятлар, қонли можаролар, халқаро терроризм, экстремизм, наркотрафик каби хавф-хатарлар тобора кучайиб бормоқда, фашизм деган бало яна бош кўтармоқда, миллатчилик, шовинизм сингари офатлар майдонга чиқмоқда.

Бутун инсониятни ташвишга солаётган бундай мураккаб шароитда барча тинчликсевар кучларнинг саъй-ҳаракат ва имкониятларини ягона мақсад йўлида сафарбар этиш, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгаши ва бошқа нуфузли халқаро институтларнинг ўрни ва таъсирини кучайтириш янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Тобора кескинлашиб бораётган бундай вазиятда, таҳдид ва хатарларни ҳисобга олган ҳолда, бизнинг Ўзбекистонимиз олиб бораётган сиёсат халқимизга яхши маълум. Яъни, биз узоқ ва яқин атрофимиздаги барча давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни ўзимизнинг биринчи даражали вазифамиз, деб биламиз.

Давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаганларидек, биз дунёнинг турли ўлкаларида давом этаётган зиддият ва қарама-қаршиликларни фақатгина сиёсий йўл билан, тинчлик йўли билан ҳал этиш тарафдоримиз. Биз ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокка қўшилмаймиз, Ўзбекистон ҳудудида чет эл ҳарбий базаларининг жойлашувига, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ташқарисида бўлишига йўл қўймаслигимиз зарур, деб ҳисоблаймиз.

Биз бугун қандай гўзал, бетакрор заминда яшаяпмиз. Шу маънода, “Биз кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган саволни олдимизга қўйиб, ҳозирги ҳаётимизни кечаги кунимиз билан солиштирадиган, қиёслайдиган бўлсак, орамизда Ватанимизнинг бугунги тараққиёти билан фахрланмайдиган, буни қадрламайдиган одамнинг ўзи йўқ!

Олдимизда турган энг устувор вазифалар ҳақида гапирадиган бўлсак, деди давлатимиз раҳбари, энг муҳими, барчамизнинг бошлаган ишларимизнинг давомчиси бўлган, барча масъулиятимизни ўз зиммасига олишга қодир бўлган фарзандларимиз – ёшларимиз, янги авлодларимизга равон йўлларни очиб беришга эътиборимизни янада кучайтиришимиз зарур ва уларни ҳар қандай бало-қазолардан асрашимиз керак.

Яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети социологлари томонидан “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” деган мавзуда тадқиқот ўтказилди ва унинг натижалари матбуотда эълон қилинди. Ана шу тадқиқотга кўра, Ўзбекистонимиз мазкур рейтингда 158 мамлакат орасида 44-ўринни, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари ўртасида эса биринчи ўринни эгаллаган. Бу ниманинг далолати, бу ниманинг исботи? Бу авваламбор мустақиллик даврида биз эришган улкан марраларни, иқтисодиётимиз барқарор суръатлар билан ривожланаётгани, одамларимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати ошиб бораётгани ва бу ютуқларни дунё ҳамжамияти яна бир бор тан олаётганини кўрсатади.

Муҳтарам Юртбошимиз Ислом Каримов таъкидланганларидек, буларнинг барчаси кўпни кўрган, эртанги кунга катта ишонч билан яшаётган, иродаси бақувват, иймони бутун халқимизнинг меҳнати, мардлиги ва матонатининг натижасидир. Буларнинг барчасини Ўзбекистонимиз Оллоҳнинг назари тушган табаррук юрт эканининг, Худонинг ўзи йўлимизни очиб бераётганининг тасдиғи деб биламиз. Бизнинг тилагимиз, истагимиз шуки, Яратганимиз биздан ўз марҳаматини дариғ тутмасин, ёмон кўзлардан ўзи асрасин, эзгу ишларимизда доимо ўзи мададкор бўлсин!

ЎзМУ Ахборот хизмати

You may also like...

2 Responses

  1. «9-may — Xotira va qardlash kuni» ga ham bir necha kun qoldi. mazkur sana, shuningdek, g`alabamizning 71 yilligi munosabati bilan yurtimizning har bir hududida urush faxriylari uchun bir qator tadbirlar uyushtirilmoqda. Nuroniy otaxonlarimizga bugungi musaffo va tinch osmonimiz uchun qancha minnatdorchilik bildirsak, shuncha oz, menimcha. Axir biz yoshlarning ta`lim olishimiz-u, o`z kelajagimiz sari sobitqadamlik bilan odimlayotganimizda, ulkan muvaffaqiyatlarni qo’lga kiritishimizda ularning ham hissasi beqiyos. Shu sabab, ularni har kuni yod etish, ziyorat qilish bizning eng katta burchimizdir.

  2. Urush qatnashchilarini televiozor orqali ko’rganman,ular haqida o’qiganman va doim eshitib kelaman. Afsuski yuzma-yuz suhbatda bo’lmaganman. Doim shunday suhbatni orzu qilaman. Oilamizda ham keksa yoshli inson yo’q. 9-mayda ularni xotirlaymiz. Bobo va buvisi hayot oila vakillari, sizlarga havas qilsa arziydi. Sizlar ularni borida qadriga yeting.Bugun qadrlasangiz, ertaga xotirlaysiz

Добавить комментарий для Nigina Hakimova-302 guruh Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>