Тинчлик – энг олий неъмат

Ҳаёт неъмати саналмиш – Тинчликни асрашда маънавий-маърифий суҳбат

ва тардбирларнинг ўрни жуда катта.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат” маркази томонидан “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ҳудудида жойлашган таълим муассасалари ўртасида “Тинчлик – энг олий неъмат”, “Одам савдоси – давр муаммоси” каби мавзуларда давра суҳбати ва маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети талабалари билан ўтказилган навбатдаги давра суҳбатида “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ҳокими Қаҳрамон Шоназаров, Олмазор туман Ички ишлар бошқармаси 9-сонли ИИБ бошлиғи, катта лейтенант Дилшод Исмоилбеков, Олмазор туман ҳокимлиги Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Муаззам Алибоева, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат” маркази психологи Шоира Исакова, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, “Олтин қалам” мукофоти совриндори Тўлқин Эшбек ва бошқалар турли мавзуларда маърузалар қилдилар.

1 2 3

– Она Ватанимизда тинчлик ва осойишталикни асраш буюк аждодларимиз учун ҳам олий қадрият ҳисобланган,– деди Тўлқин Эшбек ўз маърузасида.– Биз буни қатор адабиётлар, тарихий романлар орқали яхши биламиз. Бу асарларни ўқиган саринг маънавий юксакликка парвоз қилаверасиз. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарининг кириш қисмида, асрлар давомида не-не босқинларни кўрган аждодларимизни ҳеч ким тилидан, иймон-эътиқодидан, урф-одатларидан, миллий қадриятларидан жудо қила олмагани ҳақида сўз боради. Хўш, аждодларимиз асрлар давомида қандай босқинларни кўрган? Бу мавзуда ўнлаб тарихий асарлар она тилимизда чоп этилган. Ёзувчи Ёвдод Илёсовнинг “Сўғдиёна” романида бир замонлар Александ Македонский ўз армияси билан қай тариқа бостириб келгани, заминимизни вайрон қилгани, “Авесто”дек нодир асаримизнинг катта қисмини ўтга ташлатиб ёндиргани, ниҳоят, ўзи ҳам аянчли қисматга дучор бўлгани ҳақида кўп маълумотларга эга бўласиз. Энг қизиғи, ўша босқинчилар ҳам буюк аждодларимизнинг юксак маънавияти таъсирида аста-секин туб ерли маҳаллий халқ бағрига сингиб кетгани тарихий ҳақиқатдир. Кейинчалик юртимизга тиғ кўтариб келишган эронийлар, араблар, мўғуллар ва бошқа босқинчиларнинг ҳам қисматлари шундай якун топгани кўплаб адабиётларда атрофлича ёритиб берилгандир. Соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари”, Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи”, Миркарим Осимнинг “Широқ”, “Тўмарис”, Пиримқул Қодировнинг “Амир Темур сиймоси” каби ўнлаб дурдона асарларни қунт билан мутолаа қилган кишининг маънавий олами ўзгача сермазмун бўлади. “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида баён этилганидек, эл-юртимиз ўзининг кўп асрлик тарихи давомида бундай машъум хатарларни неча бор кўрган, уларнинг жабрини тортган. Шундай асоратлар туфайли тилимиз, динимиз ва маънавиятимиз бир пайтлар қандай хавф остида қолганини барчамиз яхши биламиз. Ана шу фожиали ўтмиш, босиб ўтган машаққатли йўлимиз барчамизга сабоқ бўлиши, бугунги воқеликни теран таҳлил қилиб, мавжуд таҳдидларга нисбатан доимо огоҳ бўлиб яшашга даъват этиши лозим. Ўз тарихини билмайдиган, кечаги кунини унутган миллатнинг келажаги йўқ. Бу ҳақиқат кишилик тарихида кўп бора ўз исботини топган. Маълумки, биз бошимиздан кечирган собиқ мустабид тузум даврида миллий маънавиятни ривожлантиришга мутлақо йўл қўйилмаган. Аксинча, халқимизнинг табиати, яшаш тарзига ёт бўлган коммунистик мафкурани ҳар қандай йўллар ва зўравонлик билан жорий этишга ҳаракат қилинган. Дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб, бўйсундирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваламбор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади. Бунинг тасдиғини узоқ ва яқин тарихдаги кўп-кўп мисолларда яққол кўриш мумкин. Чунки ҳар бир миллат ёки халқнинг маънавияти унинг бугунги ҳаёти ва тақдирини, ўсиб келаётган фарзандларининг келажагини белгилашда шак-шубҳасиз ҳал қилувчи аҳамият касб этиши асарда атрофлича талқин этилган.

Ёшлар онгини бузғунчи ғоялардан муҳофаза қилиш, турли хил “ахборот хуружлари”дан ҳимояланиш учун мафкуравий иммунитетни ошириш муаммоси ҳам ўнлаб китобларда ўз аксини топган. Бундай китобларни қунт билан мутолаа қилганларнинг “ахборот хуружлари”га қарши иммунитети юқори даражада бўлади.

Тадбирда иштирок этган талабалар бу мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олдилар.

Гулмира ЧИННИҚУЛОВА,

ЎзМУ Маънавият ва маърифат тарғиботчилари гуруҳи аъзоси

You may also like...

3 Responses

  1. Зокирова Мадина:

    Сунгги жумлада (Иштирок) сўзадан кейин «этган» сўзи тушириб қолдирилибди .

  2. Malika Mo'minova:

    Ertamizning asosiy kaliti,barqarorligimiz, rivojlanishimizni poydevori tinchlik

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>