Тошкентнинг тарихий дарвозаларини тиклаш вақти етди

2200 йиллик тарихга эга Тошкент қўҳна маданият ўчоқларидан бири ҳисобланади.

Буюк Ипак йўли марказларидан бирида жойлашган шаҳарга тўхтовсиз карвонлар келиб-кетиб турган ва бу йирик бозорлар қурилиши, ҳунармандчиликнинг ривожланиши ҳамда шаҳарсозлик анъаналарининг пайдо бўлишига сабаб бўлган.

1

Тошкент кўплаб босқинчиликларни бошидан кечиргани тарихдан маълум. Шу сабаб шаҳар аҳолиси доимо ташқи душмандан ҳимояланиш чораларини кўрган. Шаҳар атрофида мустаҳкам мудофаа истеҳкоми — деворлар қурилган. Албатта, девор бўлгандан кейин унинг дарвозалари ҳам бунёд қилинади. Жумладан, Тошкент мудофаа деворининг 12 та дарвозаси (Тахтапул, Лабзак, Қашқар, Қўқон, Қўймас, Беш­ёғоч, Камолон, Самарқанд, Кўкча, Чиғатой, Сағбон, Қорасарой) ва иккита қоф­қаси (яъни, 1 нафар отлиқ кириб чиқадиган туйнукчаси) бўлган.

Амир Темур даврида дарвозалар масъуллиги шу яқин атрофда яшайдиган маҳалла зиммасига юклатилган. Шунинг учун айрим дарвозалар маҳалла номи билан аталган бўлса, бошқалари йўналишларга қараб номланган. Масалан, шаҳарнинг Фарғона водийсига қараган томонидан қурилган дарвоза Қўқон, ғарб томонидаги дарвоза эса Самарқанд деб номланган. Ҳар бир дарвозанинг калити бўлган. Қуёш ботгандан сўнг ёпилган дарвозани шаҳар ҳокимининг рухсатисиз очишга ҳеч кимнинг ҳаққи бўлмаган. Ўн икки дарвоза ортида эса ҳаёт қизғин давом этган.  Тарихчи олим Ҳамид Зиёевнинг “Тарих — ўтмиш ва келажак кўзгуси” асарида 1741 йили Тошкентга келган татар савдогари Шубай Арслоновнинг Тошкент ҳақидаги маълумотлари келтирилиб, шаҳарнинг ўша даврдаги таш­қи ва ички манзараси қу­йидагича тасвирланади:

“Тошкент шаҳри қалин пахса девор ва зовурлар билан ўраб олинган. Шаҳар катталиги жиҳатидан Қозон шаҳрига тенг келади. Унинг ўн икки дарвозаси бор. Бу ерда иморатлар тартибсиз ҳолда пахса девор билан қурилган. Шаҳарда боғ ва масжидлар кўп. Катта масжидларда кўпчилик бўлиб намоз ўқиганлар. Дарвозалар олдида алоҳида миршаблар туради. Уларда тўп йўқ, узоққа отадиган милтиқлар бор. Бундай милтиқлар Тошкентда ясалади. Шаҳарни ўн икки кишидан ташкил топган кенгаш бошқарган. Ҳукумат қароргоҳи Кўкча дарвозаси ёнидаги қалъада иш юритади. Тошкентдан Туркистонгача бўлган йўлни юк карвони олти кунда босиб ўтган. Иргиз дарёсидан Уфагача уч кун, Бухорогача ўн кун, Балхга йигирма кун, Бадахшонгача ўн беш кун юрилган”.

Тошкент чор Россияси томонидан босиб олгандан сўнг, ўн икки дарвоза рамзий олтин калитини генерал Черняев 1865 йилда Петербургдаги ҳарбий музейга топширган. 1890 йилдан бошлаб Тошкентда янги шаҳар барпо этилиши сабаб, унинг чегараси кенгайиб тарихий дарвозалар аста-секин бузиб ташланган. Айримлари тарихий обида сифатида Ўзбекистон Фанлар академиясининг тарих музейида сақланмоқда. Россияга олиб кетилган калитлар 1933 йилда Ўзбекистонга олиб келинди ва текширув ўтказилиб, уларнинг соф олтиндан ясалгани аниқланди. Ҳозирда бу калитнинг ўн биттаси Марказий банкида сақланаётган бўлса, биттаси Ўзбекистон халқлари тарихи музейида кўргазмага қўйилган. Бу калитларнинг ҳар бирида ясалган вақти (ҳижрий 1282 йил) ва дарвозалар номи ёзиб қўйилган. Тарихий манъбаларни варақласангиз Тошкент дарвозалари тарихига оид яна кўплаб бир-биридан қизиқлари маълумотларга дуч келасиз.

Шу ўринда пойтахтимиз ўтмиши билан боғлиқ ушбу дарвозаларни қай тиклаш вақти етганини алоҳида таъкидлаш лозим. Тўғри, бугун бу дарвозалар харобалари сақланмаган. Лекин 12 дарвозанинг тарихий жойи аниқланиб, рамзий дарвоза қурилса, тарих, ота-боболаримиз олдида шувут бўлган юзимизни бироз бўлса-да кўтарган бўлармидик.

Мамлакатимизда ташқи ва ички туризмни ривожлантириш борасида кенг кўламли амалий саъй-ҳаракатлар бошланган бир пайтда бу масала янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки Тошкент тарихидан бироз хабардор хорижий сайёҳ: “Бизга Кўкча ёки  Чиғатой дарвозасини кўрсатинглар”, — деб сўраб қолса, қаерга олиб борамиз?! Қолаверса, ёшларга синфда Тошкент дарвозалари ҳақида соатлаб гапирганда кўра, уларга рамзий бўлса-да қурилган дарвозаларни бир-бир кўрсатсак, дарс самарадорлиги янада юқори бўлмайдими? Албатта, бўлади. Гап ташаббус кўрсатиб, уларни қандай меъморий шаклда қуришимизда. Дарвозаларни тарихчи олимлар, меъморлар билан маслаҳатлашиб, шунчаки ҳозирги замонавий кўринишда эмас, иложи бўлса ўша давр шакл-шамойилидан келиб чиққан ҳолда бунёд этиш мақсадга мувофиқ. Атрофи ободонлаштирилиб, одамлар ўтириб ҳордиқ чиқарадиган жойга айлантириш лозим. Дарвоза пештохига унинг номини ёзиб, ёнидаги кўрсатиш тахтачасига тарихи ҳақида зарур маълумотларни муҳирласак янада савобга қолардик. Керак бўлса, дарвозанинг рамзий калитини ҳам осиб қўйиш зарур.

Халқ депутатлари Олмазор туман Кенгашидаги ЎзМТДП депутатлик гуруҳи томонидан ўтган йилнинг сентябр ойида моддий маданий мерос объектларини хатловдан ўтказиш вақтида туман ҳудудида жойлашган дарвозалар — Чиғатой, Сағбон, Қарасарой ва Тахтапул тарихи ҳам ўрганилиб, уларнинг рамзий мақомини тиклаш масаласини кўтарган эди.

Жорий йилнинг 7 феврал куни ЎзМТДП депутатлари Халқ депутатлари Олмазор туман Кенгашининг XVII сессиясига Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорлари ҳамда “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижросини тўлиқ ва самарали таъминлаш, жумладан, тумандаги тўртта тарихий дарвозанинг рамзий кўринишини тиклаш масаласи ҳам киритилди. Қизғин муҳокамадан сўнг ушбу масала бошқа партиядан сайланган депутатлар томонидан ҳам бир овоздан маъқулланди. Сессиянинг бу ҳақда қарори қабул қилиниб, бир қатор вазифалар белгиланди. Эндиги вазифаси сессияда бу борада белгиланган вазифаларнинг ижроси тўла таъминланишини назорат қилишдан иборат.

 

Жаҳонгир ХАЛИЛОВ,

Халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>