Тошкент-сити «Ақлли шаҳар» бўладими?

«Ақлли шаҳар»га ақли инсонлар ярашади! Ўқинг аъло, бўлинг доно, дейди Дониш домла.

ЎзАда ёритилган қуйидаги мақолани шунчаки ўқиманг, уни қунт билан, ўзим ҳам шу шаҳарга муносиб бўлишим шарт, деган руҳ, ақл шамчироғи ила мутолаа қилинг, дея сабоғини давом эттиради Дониш домла.

Тошкент-сити «Ақлли шаҳар» бўладими?Тошкент-Ситининг қурилиши, нафақат Тошкент шаҳри, бутун Ўзбекистон, ва балким, Марказий Осиё ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаёти, меъморчилиги тарихида ҳам катта воқеа бўлади.

Саволни янада аниқроқ қўядиган бўлсак, Тошкент-Сити бизнес маркази ХХI аср, шу куннинг энг замонавий талабларига жавоб бера оладиган “ақлли уйлар”дан ташкил топган “ақлли шаҳар” бўладими? Бу талаб, албатта, катта, муҳим ва жиддийдир.

Хўш… “Ақлли шаҳар” деганда биз нимани кўз олдимизга келтирамизу ва унга қандай маъно ва мазмун юклаймиз? Авваламбор шуни таъкидлаш жоизки, Тошкент-Сити дунё меъморчилик санъати ютуқларини ўзида мужассам этган пўлат, рангли шиша, бетондан ва бизга ҳали маълум бўлмаган янги қурилиш материалларидан барпо этилган, ҳар бири алоҳида-алоҳида лойиҳа, лицензия асосида қад кўтарган, бири-бирига ўхшамас, 45-50 қаватли замонавий осмонўпар минора-бинолар, баланд қаватларда осма боғлар, рангли фавворалар, бир зумда “еттинчи осмон”га “лип этиб” олиб чиқиб қўядиган шовқинсиз лифтлар кўз олдимизга келади. Мухтасар қилиб айтганда, бу “ақлли шаҳар”нинг ташқи қиёфасидир.

Келинг, бу мавзуга жаҳон тажрибаси нуқтаи назаридан ёндашайлик. Маълумки, дунёдаги 500 шаҳардан энг «ақллиси» – Дания пойтахти – Копенгаген шаҳри ҳисобланади. Дания пойтахтидан кейин Сингапур билан Стокгольм туради. Хўш, Тошкент-Сити ана шу “ақлли шаҳар”лар қаторидан ўрин оладими ? Агар олса, у қандай бўлади ёки бўлиши керак?

sity.jpg

Гап шундаки, «ақлли шаҳар» Швециянинг “Еасупарк” Ай-Ти компанияси мутахассисларининг таъбири билан айтганда, смарт-шаҳар бўлиши керак ва унга қўйиладиган бош талаблардан бири – у албатта 4G мобиль интернетига эга бўлиши шарт, Wi-Fi билан алоқага кириш имкониятлари мўл бўлиши керак ва, албатта, катта тезликка эга бўлган интернет ишлаб туриши шарт. Яна бир талаб, шаҳар нефть, мазут, керосин, бензин эмас балки, экологик тоза манбадан олинган электр қувватидан фойдаланиши зарур, бизнес юритиш учун намунали шарт-шароитлар яратилган бўлиши, давлат хизматларига “бир зумнинг ўзида” онлайн орқали чиқиш имконияти бўлиши, аҳолиси ўқимишли, савияси баланд, сиёсий фаоллиги ва турмуш даражаси юқори бўлиши зарур. Шунингдек, шаҳардаги замонавий транспорт инфратузилмаси ривожланган бўлиши керак. Автомобилларни арендага (ижарага) олишга расмийлаштириш тез ва осон, шу билан бирга автоуловлар сақланадиган автоматлаштирилган smart parking бўлиши талаб қилинади.

Бу Топ-10ликдан, яъни дунёдаги 10 та ана шундай «ақлли шаҳар» қаторидан Цюрих, Бостон, Токио, Сан-Франциско, Амстердам, Женева ва Мельбурн шаҳарлари ўрин олган. Мақолани тайёрлаш жараёнида кўплаб маълумотларни кўриб чиқишга тўғри келди.

Энг «ақлли шаҳар»лар

Германия кентлари орасида энг «ақлли шаҳар»лар қаторидан Берлин – 13-ўринни, Гамбург эса – 14-ўринни эгаллайди. Британия пойтахти Лондон – 17-ўринда, Франция пойтахти Париж эса – 20-ўринда турибди. Москва «ақлли шаҳар»лар қаторидан жаҳонда Эстония пойтахти Таллиндан кейин, лекин Панамадан олдинда бўлиб, 77-ўринни эгаллайди. Санкт-Петербург рейтингнинг 88-ўрнида. Рўйхатнинг охирги ўринларида – Саудия Арабистони пойтахти Эр-Рияд билан Мехико шаҳарларидир.

Бу шаҳарлар рўйхати ва рақамлар фикру хаёлимизга анча аниқлик киритди, лекин бизнинг Тошкент-Ситимиз қандай шаҳар бўлади, улар билан беллаша оладими? Бизга, албатта, жаннатмонанд диёримизнинг табиати, Тошкентнинг кескин континентал, айрим пайтда эса мўътадил бўлган иқлими, ширин суви, мусаффо ҳавоси, айниқса, Ўзбекистондаги Сити шаҳри ташаббускорларининг ғайрати, тошкентлик лойиҳачилар, архитекторлар, қурувчиларнинг шижоати, узоқни кўзлаб қилаётган режалари, қолаверса, буни ҳам ёддан чиқармаслик керак, буюк бинокор, меъмор, саркарда ва давлат арбоби Соҳибқирон Амир Темурнинг руҳи, шаҳарлар қуриш тажрибаси ёрдамга келади, деб умид ва ишонч билдириш мумкин.

sity.jpg

Ҳозир бутун дунёда мингдан ортиқ “ақлли шаҳар”лардан икки юзга яқини хизмат қилаётган бўлса, уч юзга яқини энди барпо этилмоқда. Хитой «ақлли шаҳар»лар қуриш бўйича дунёдаги энг йирик давлат ҳисобланади. Хитойда “ақлли шаҳар”лар азим мегаполисларда қандай қад кўтараётган бўлса, кичик шаҳарларда ҳам худди шундай ғайрат ва шижоат билан барпо этилмоқда. Хитойда “ақлли шаҳар”лар бир неча тоифага бўлинган. Лекин бир нарсани алоҳида таъкидлаш мумкин-ки, уй-жой қурилишида бу давлатнинг стратегик дастурига айланиб бўлди. Ва бугун Хитой дунёда энг кўп “ақлли шаҳар”лар барпо этаётган мамлакатлардан бирига айланди.

Айни бир пайтда таъкидлаш жоизки, Хитой ҳукумати ва айниқса, муниципалитетлар (шаҳарлар) раҳбарлари, лойиҳачи ва қурувчилари ўз ишларига ниҳоятда танқидий нуқтаи назардан туриб ёндашмоқда. “Ақлли шаҳар”ларни қуриш стратегияси, биноларнинг безак дизайни, шаҳар бошқарилиши, уларда техник, маданий, маиший ва маънавий хизмат кўрсатиш даражаси ва Сити шаҳарларини барпо этиш бўйича бир қатор соҳаларда хитойликларнинг талаб ва эътирозлари ҳали кўп.

«Янги ақлли шаҳар»лар

Хитой “ақлли шаҳар”ларга қўшимча – “Янги ақлли шаҳар”ларни қуриш режасини ишлаб чиқди. Энди улар Сити қурилиш ишларини очиқ, ошкора, халқ билан маслаҳатлашиб, маҳаллий мутахассисларни жалб қилган ҳолда, аҳолининг талаби, таклифи, маблағи иштирокида, хусусий инвесторлар ёрдамида қуришни режалаштирмоқда.

Айниқса, “Янги ақлли шаҳар”нинг миллий меъморчилик анъаналарини ўзида мужассам этган, маҳаллий иқлим шароитига мослаштирилган, қулай, ўзининг ташқи кўриниши билан кишига кўтаринки руҳ ва хуш кайфият бағишлайдиган қиёфадаги биноларни лойиҳалаштириш устида иш олиб боришаяпти. Қурилишга халқнинг кўп минг йиллик ноёб ҳаётий тажрибаси, Хитойнинг ўзига хос табиати, донишмандлар маслаҳатига таянган ҳолда, замонавий техника ва технологик имкониятлардан унумли фойдаланиш ҳисобига, қурилиш соҳасида жаҳонда тўпланган янгиликлари, давлатнинг ва халқнинг инновацион салоҳияти жалб қилинмоқда. Бу соҳада Хитойдаги 25 шаҳар тажрибаси ўрганиб чиқилди. Натижа шуни кўрсатдики, мамлакатда “ақлли шаҳар”лар барпо этиш ишлари яхши тараққий этган, бу соҳада бой тажриба ҳам тўпланган, аммо инновация ва стратегик режалаштириш бўйича бошқалардан улар ҳали анча орқада эканлигини тан олишмоқда.

sity.jpg

Smart City (“ақлли шаҳар”) концепцияси Ай-Ти талабларига тўла жавоб берадиган илдам ривожланиш ва замонавий тараққиёт намунаси, эртанги куннинг ёрқин келажаги, деб талқин қилинаяпти. Smart City га қўйиладиган энг биринчи талаб – табиатни, Аллоҳ томонидан берилган ва бизни ўраб турган атроф-муҳитни инсоннинг салбий таъсиридан сақлашдир, деб қайд қилинган Ай-Ти талабларида.

Smart City нинг пайдо бўлганига ҳам 20 йил бўлиб, бугун у бутун дунёда реал ҳақиқатга айланмоқда. Ҳаётга дадил татбиқ этилаяпти. «Ақлли шаҳар» дегани, бу – шаҳарда мавжуд бўлган барча ахборот ва коммуникация тармоқларининг интеграциялашуви, бу демак: мактаб, транспорт, овқатланиш шохобчалари, кутубхоналар, шифохоналар, электр ишлаб чиқариш станциялари, сув таъминоти хизмати, чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналари ва кўплаб бошқа соҳаларга тааллуқли бўлган шаҳар мулкини ҳозиргидек алоҳида-алоҳида ҳолида эмас, балки бир-бири билан узвий боғлиқликда, ҳамкорликда фаолият кўрсатишини таъминлаш демакдир.

McKinsey консалтинг компаниясининг маълумотларига қараганда, 2020 йилга бориб жаҳонда 600 та «ақлли шаҳар» пайдо бўлади. Масаланинг яна бир муҳим томони шундаки, дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, бутун дунёда тайёрланаётган ялпи маҳсулотнинг учдан икки қисми ана шу шаҳарларда ишлаб чиқарилар экан.

«Ақлли шаҳар»ларда ҳозирги кундагидек домино, қарта ёки бошқа ўйин майдончалари ўрнига Wi-Fi-скамейкалари ўрнатилади, стартап Angel.co майдончалари қурилади, уйларнинг қулфи-калити ўрнига смартфон ўрнатилади, маиший чиқиндилар йиғиш, қайта ишлаш шохобчалари, ҳатто ўғирлаб кетилаётган велосипедларни Wi-Fi ёрдамида масофадан туриб қидириб топиш ва эгасига қайтариш имконияти пайдо бўлади. Буларнинг айримларига аҳоли ҳозир бироз бефарқроқ бўлишига қарамай, шу кунда жаҳонда Smart тизимида ишлаётган бутун бир шаҳарлар фаолият кўрсатмоқда. Келинг, энди дунёнинг қатор “ақлли шаҳар”лари бўйлаб бир саёҳат уюштирайлик. Лекин бир нарсани таъкидлаш жоизки, “ақлли шаҳар”лар ҳақида гапирганда хоҳлаймизми-йўқми барибир Хитой тажрибасига кўпроқ мурожаат қилишга мажбурмиз.

Дунёнинг «ақлли шаҳар»лари

ИНЬЧУАНЬ. Хитойнинг Нинся провинциясининг пойтахти – Иньчуань шаҳри шуниси билан диққатга сазоворки, бу шаҳар банк карточкалари, транспортда юриш ҳуқуқини берадиган пластмасс-чипта қоғозлари ҳамда нақд пул керак бўладиган дунёдаги ягона шаҳардир. Хизмат ҳақини тўлаш учун карточкангизни шахсингизни бир зумда ўқиб аниқлаб берадиган тизим аппаратига кўрсатишингиз лозим. Шу заҳоти сизнинг ҳисоб рақамингиздан керакли ҳажмдаги пул автомат равишда чегириб олинади.

Озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олишингиз учун бу ерда дўконга чиқиб харид қилиб юришингиз шарт эмас. Уларни сиз махсус мобиль электрон хизмати орқали буюришингиз мумкин. Маҳсулотларни курьер олиб келиб беради, деб кутиб ўтиришингиз ҳам шарт эмас. Уйда бўлсангиз шундоққина ёнингиздаги, кўчада кетаётган бўлсангиз йўлингиздаги истаган омборхона ёки музлатгичлардан олиб кетаверасиз. Уларни қидириб ҳам юришингиз керак эмас, улар ҳар қадамда.

sity.jpg

Кўчадаги барча чиқинди контейнерлари қуёш батарейкаларида ишлайди. Йўл чеккасида турган идиш, бак тўлиши билан унинг махсус «датчиги» коммунал хизмат идорасига идиш тўлганлиги ҳақида маълумот беради ва махсус транспорт етиб келиб чиқиндини олиб кетади.

Маъмурий биноларда бирон-бир навбатчи ходим ёки қоровул турмайди, унинг ўрнига махсус «голограмма аппарати” ўрнатилган. Илгари ҳар бир эшик, дарвоза олдида турган қоровул, маъмур, назоратчи билан ҳал қилинадиган масалалар энди бир дақиқада онлайн режимида автоматлар ёрдамида ҳал этилади. Бундай тизим бизда жорий этилса борми, қанчадан-қанча иш жойлари бўшаб, қанчадан-қанча маблағлар тежаб қолинган бўлар эди, деган хаёлга борасан. Лекин бўшаган ана шу ходимлар энди яшаш учун маблағни қаердан топар экан? – деган савол пайдо бўлади. Янги техника, технологияни тобора кириб бориши муқаррардир, балки биз ҳозирдан ана шу муаммоларни қандай ҳал қилиш йўлларини ўйлашимиз даркордир.

Ахир чиқими кам, беғалва бўлган Smart City тизимини яна ким денг, дунёда аҳолиси бир ярим миллиард кишига яқинлашаётган хитойликлар жорий этишмоқда. Тан олиш керак, Хитой инсоният камолоти сари дунё тараққиётида олдинги қаторда бораяпти. Биз ҳам улардан қолишимиз керак эмас, бу ҳақиқатдир. 2050 йилга бориб Хитой ҳукумати қишлоқда истиқомат қилаётган 250 миллион кишини, бу 8 та Ўзбекистон аҳолисига тенг халқ демакдир, «ақлли шаҳар»ларга кўчиришни режалаштирган. Бу дегани, шунча одам иш билан таъминланади, шунча кишининг турмуш шароити яхшиланади, улар барча қулайликларга эга бўлган дунёдаги энг замонавий янги турар жойларга кўчиб ўтишади.

Катта шаҳарларда аҳолида истиқомат қилиши учун анча шарт-шароитлар яратилган. Шу сабабли, Хитойда қад кўтарадиган «ақлли шаҳар»ларга асосан қишлоқ жойларида яшаётган аҳолини кўчириш мақсад қилиб олинган. Агар шундай сиёсат тутилмаса, ўша қишлоқ аҳли, айниқса, ёшлар шундоқ ҳам тўлиб-тошиб ётган Пекин, Шанхай шаҳарларига бостириб кела бошлайдилар, дейди «ақлли шаҳар»лар барпо этиш ташаббускорлари.

Smart City ни жорий этиш бўйича Хитойда давлат дастури ишлаб чиқилган, бу аҳолининг ижтимоий ҳимояси – давлатнинг бош мақсади деганидир.

ФУДЗИСАВА. 2016 йили Японияда Фудзисава «ақлли шаҳри» фаолият кўрсата бошлади. Бу шаҳарнинг барча биноларида фақат қуёш энергиясидан фойдаланилади. Бу яхши самара берди. Натижада, сув, уни истеъмол қилиш, ювиниш, чўмилишни қўшиб ҳисоблаганда, 30 фоизга қисқарди. Шаҳар кўчаларида фақат электр токи билан юрадиган аккумуляторли автомобилларда, “ўзи юрар” самокатларда ёки велосипедларда юриш одат тусига кириб бормоқда. Шаҳар кўчаларида сенсор тизимлари ўрнатилган бўлиб, кўча ёритгичлари фақат одамлар кўчага чиққанида, бу демак, эҳтиёж пайдо бўлганида ёнади. Худо кўрсатмасин, ер силкиниб қолса борми, унда шаҳар 3 кун мобайнида ўзини ўзи ҳам совуқ, ҳам иссиқ сув билан таъминлай олади. Шаҳар аҳолисига етарли миқдорда бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам жамлаб қўйилган. Барча объектлар шаҳар марказий майдонида ўрнатилган Fujisawa SST Square комплексидан туриб бошқарилади.

МИЛТОН-КИНС (Буюк Британия). 2015 йили биринчи бор икки кишига мўлжалланган ва электр қуввати билан юрадиган машиналар шаҳар кўчаларида ҳаракат қила бошлади. Электромобилда 22 сенсор, бир радар, панорама ва стерео камералари ўрнатилган. Машина бир марта қувват олгандан (электр энергияси билан зарядка қилинади) кейин 64 километр йўл боса олади. Милтон-Кинс Буюк Британиянинг Ишбилармонлик, инновация ва касб-ҳунармандчилик вазирлиги томонидан Catapult Transport Systems дастури ишга туширилгандан кейингина Smart шаҳри мавқеи – статусини олди. Шундан сўнг махсус ишлаб чиқилган MK:Smart лойиҳаси ишга туширилди. Бу усул бўйича ернинг сунъий йўлдошларидан, заминнинг сейсмологик ҳолатини айтиб берадиган датчиклардан, электр энергияси, сув истеъмоли бўйича ҳисоблагичлардан, видео назорат камераларидан олинган ахборот ҳамда зарур бўлган бошқа ижтимоий ва иқтисодий кўрсаткичларни йиғиб шаҳар бўйича битта тизимга етказиб беради. Шундай қилиб бу тизим фуқароларга электр энергияси ва сувдан фойдаланишни ўз назоратлари остига олиш имконини берди.

СИНГАПУР. Сингапур ҳукумати «Smart Nation» дастурини ишга тушириб шаҳарни «ақлли шаҳар»га айлантирди. Натижада шаҳарда ким томонидан, қанча сув ва электр энергияси истеъмол қилиниши, атроф-муҳитга ҳиди чиқмайдиган вакуум йўли билан қанча чиқиндилар қайта ишланиши, қуёш панелларининг фаолияти, уларнинг самарадорлиги назорат остига олинади. Ҳар бир уйда махсус кўрсаткич – датчиклар ўрнатилган. Улар ёши катта, қарови бўлмаган якка қариялар хатти-ҳаракатларини алоҳида диққат-эътибор билан назорат қилади. Агар датчик бирон нохуш ҳолатни сезиб қолса, шу заҳоти уй эгасининг қариндош-уруғларига, даволовчи шифокорга, касалхонага хабар беради. Сингапурда, Японияда узоқ умр кўриш сабабларидан бири ана шунда бўлса ажабмас.

2016 йили эса кўчаларда ҳайдовчисиз машиналар юра бошлади. 2020 йилга бориб барча автомобилларда ернинг сунъий йўлдоши орқали назорат қилинадиган навигация тизими ўрнатилади. Натижада ҳар бир автомобиль соат нечада ва қаерда кетаётгани яққол кўриниб туради ва назорат остида бўлади.

МАСДАР. 2006 йили Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Даби яқинидаги Масдар шаҳрида «ақлли шаҳар» дастури жорий қилинди. Бундан кўзланган мақсадлардан бири – қайта тикланадиган энергия манбаларида ишлаётган автомобиллардан чиқаётган углерод газининг миқдорини аниқлаш ва уни кескин камайтириш эди. Синов тажрибалари натижаларининг софлигини сақлаш мақсадида электр энергиясида ишлайдиган автомобиллар шу пайт шаҳар чегарасига икки милдан яқин масофага келиши тақиқланди.

Масдарда ҳам ҳайдовчисиз юрадиган Personal rapid transit электр транспорти тизими ишга туширилди. Шаҳар нефть маҳсулотларини ёқиб олинадиган электр энергиясидан фойдаланишдан воз кечди ва фақат қуёш энергиясида ишлашга кўчди. Шундай қилиб шаҳар илгари фойдаланадиган электр энергияси миқдорининг фақат 20 фоизи билан қаноатланмоқда. Шаҳарнинг барча кўча ва уйлари қуёшнинг чиқиш ва ботишига қараб лойиҳалаштирилаяпти. Айтгандек, бизда ҳам уй қуришдан аввал ота-боболаримиз: “қарагин, айвон ёруғ бўлиши, офтобга қараб туриши керак. Рўза кунлари қуёш жазирамасидан сақлайдиган уйнинг алоҳида салқин хонаси бўлгани маъқул. Ётоқхонангни қуёш нури четлаб ўтмасин”, деб қайта-қайта тайинлашар эди. Сингапурлик архитекторлар ҳам ўзбек қарияларининг доно маслаҳатларидан хабардор экан, деган хаёлга борасан киши.

Шаҳар кўчаларини лойҳилаштиришда, айниқса, шимол томондан, тоғ тарафдан келадиган шамолларнинг бош йўналиши, албатта, ҳисобга олиниши шарт. Тағин айвон томонга қараб эсаётган шамол молхона, товуқхоналарнинг ҳидини олиб келиб юрмасин. Бу ерда биринчи уйларни фойдаланишга топшириш 2018 йилга режалаштирилган. Дастлаб бу ерда 7 минг кишига уй-жой бериш мўжалланаяпти. 2030 йилга бориб янги шаҳар аҳолиси 100 минг кишига етади. Ҳозир бу ерда «ақлли шаҳар» лойиҳаси устида бош қотираётган 300 ходим фаолият кўрсатмоқда.

«Ақлли уй»лар

Энди, ана шу «ақлли шаҳар»ларнинг «ақлли уйлар”и – Smart House (инглизча) ёки intelligent building (олмонча) уйларига ўтсак. Таъкидлаш жоизки, уйлар қурилишидаги ҳар бир янгилик, замонавийлик тагида янги, юқори технологияларга асосланган ва сиз билан бизга маъқул бўлган яшаш, турмуш шароитимиздаги қулайлик, енгиллик, осонлик, таъбир жоиз бўлса, ғамхўрлик тушунчалари ҳам ётади. «Ақлли уй» тушунчаси дастлаб, 1970 йили Вашингтондаги «Ақлли уй» институти томонидан умримизнинг учдан икки қисми ўтадиган – хонадонимиздаги, хўжалигимиздаги иш вақтидан самарали фойдаланиш мақсадида ўйлаб топилган эди.

“Ақлли уй”даги барча электрон маиший хизмат аппарат ва машиналари ҳозир бутун дунё бўйлаб кенг жорий этилаётган: Universal Plug’n’Play тизимига уланиб, бир пультдан туриб бошқарилмоқда. «Ақлли уй» тушунчаси остида катта маъно-ю мазмуни ётибди. Уйдаги электроника, ахборот-коммуникация воситалари, маиший техника асбоблари ишини инсон измига, унинг истак ва хоҳишига бўйсундириш масаласи турибди. Шу мақсадда илғор давлатларда «Бино бошқарилишини инсон измига бўйсундириш бўйича мобиль электрон тизим» яратилган. Бунда хонадонда истиқомат қилаётганларга қулайликлар яратиш учун бор бўлган барча машина: турли аппарат, музлатгич, телевизор, компьютер, бошқа воситалар инсон томонидан битта тугмачани босиш, кафтни кафтга уриб қарсак чалиш ёки овоз ёрдамида бошқарилиши керак. Муҳими, инсон кўзи ачиб олов ёқмайди, бели оғриб ўтин ёрмайди ва ўз устида ишлаш, малакасини ошириш, фикр доирасини кенгайтириш, ижод қилиш ва ўзи билан шуғулланиш, жисмоний тарбия қилиш учун бўш вақти кўпаяди. Шу ерда яна бир нарсадан эҳтиёт бўлиш керак, «ялқовлик» инсондан аввал туғилган деган гап бор. Бу демак, инсон бўш вақтда телевизор кўриш, мобиль телефон ўйнаш, «эсэ-мес-ка» жўнатишу қабул қилиш, (албатта зарур бўлиб қолган пайтлардан ташқари), интернетга кириш ва соатлаб унда қолиб кетиш, сигарет чекиш ёки бошқа зарарли одатлар билан шуғулланишдан ўзини аяши керак. Сабаби, ҳаёт мураккаблашмоқда, мактаб, лицей, коллеж, институт ва университетлар билимни керак бўлган ҳажмда тўла бериб улгура олмаяпти. Қўшимча маблағ сарф қилиб репетиторлар ёллашга тўғри келаяпти. Ҳар бир соҳа, касб-ҳунар бўйича мутахассис билиши керак бўлган ахборот ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ё улардан ўз вақтида хабардор бўлиб туришимиз керак, ҳатто шарт, ёки малакаси ўрта-миёна мутахассис бўлиб қолаверамиз. Мутахассис сифатида борлигингиз ҳам билинмайди, йўқлигингиз ҳам. Бундан тўғри хулоса чиқараётган ёшлар ҳозирги кунда кам эмас. Улар катта ютуқларга эришмоқда. Интернет орқали тил ўрганиб, ўзларига маъқул бўлган ўқув юртлари, иш жойларини топиб дунёнинг истаган бурчакларига йўлланма олиб ўқишда, ўз устида ишлашда, севган иши билан шуғулланишда давом этишмоқда.

«Интеллектуал уй»лар

Инсоният яна бир катта кашфиёт: инсон ақлининг андозаси сифатидаги «сунъий интеллект» – «сунъий ақл», «сунъий идрок» яратиш арафасида турибди. Вақти келиб «ақлли уй»ларни ану шу – “сунъий интеллект” бошқаришга ўтади. Шунда бизнинг бугунги «ақлли уй»ларимиз «ақлли уй» эмас, «интеллектуал уй»ларга айланади. Ва бугун биз ўзимиз бажараётган ишларни, ечаётган муаммоларни уйларнинг «сунъий интеллекти» ечимини топиб, пайдо бўлган масала, муаммони инсоннинг аралашувисиз ўзи ҳал қилади, дейишмоқда мутахассислар.

«Интеллектуал уй»нинг иситиш ва совутиш тизими датчиклар кўрсатмасига қараб, ҳароратни ё кўтариб, ё пасайтириб, уйдаги ҳавони мўътадил бир меъёрда ушлаб туради. Ярим кечаси, ҳамма ухлаётган пайтда уйнинг бирон жойидан мабодо сув оқиб қолса ёки газ чиқиб кетса борми, «сунъий интеллект» шу қувурга келаётган сувни ёпиб «резерв»да (захирада) бўлган бошқа қувурдан йўналтириб юборади, газни бутунлай ёпади ва сигнал беради. Уй ичидаги ҳавода кислороднинг, тоза ҳавонинг миқдорига қараб деразалар керакли меъёр, миқдор ва муддатга очилиб, ёпилиб туради. Бу ишларнинг барчаси автоматик тарзда битта марказдан туриб бошқарилади. Барча дам олаётган, ухлаётган ёки тоққа, сув бўйига – «уик энд»га (дам олишга) кетган пайтларида уйга бегона шахс кириб қолса борми, «сунъий интеллект» зудлик билан керакли жойга хабар қилади. Уйингизнинг ҳовлисидан тортиб, барча хоналарини қўлингиздаги мобиль телефонда қаерда бўлишингиздан қатъи назар, истаган пайтингизда кўриб туришингиз мумкин. Айтгандек, буларнинг анчаси ҳозирнинг ўзида Тошкентнинг айрим маҳаллаларидаги «ақлли» ёки ҳозирча «ярим, чорак ақлли» уйларда ишлатилиб қулайлиги, афзаллигию самарасини намойиш этмоқда.

Ёзда қуёшнинг жазирама нурлари уйингизни қизита бошлаганда уйнинг дераза пардалари автоматик тарзда тортилиб, уйнинг совутиш тизими ишга тушади. «Сунъий интеллект» айни бир пайтда сув, газ ва электр энергиясини ҳам назорат қилиб тежамли сарф қилинишини таъминлайди. Ванна, бассейнга қуйилаётган сувнинг ҳам сиз истаган керакли ҳарорати таъминланади. Уйингиздаги музлатгич қанча озиқ-овқат: сариёғ, пишлоқ, сут-қаймоқ ёки бошқа зарур маҳсулотлар қолганлигини мобиль телефонингизга айтиб, буюртма бериб ҳам туради. Хоналарга енгил шабада бериб турувчи «вентиляция» тизими истаган хонангизга истаган пайтда ва сиз яхши кўрадиган: ялпиз, жийда, райҳон, тоғ арчаси, атиргул ёки бошқа хушбўй ҳидларни таратиб туради.

«Сунъий интеллект»ни бир қанча режимда ишлатиш мумкин. Дейлик, уйингизга меҳмон келганда: «комфорт режимида», ёки «эрталабки, тушки, кечки режим»да, яна бири: «уйда ҳеч ким йўқ», бу демак, «эконом режим»га қўйиб қўйсангиз бас, қолганининг ҳаммасини сунъий интеллектнинг ўзи ҳал қилади.

Бундай уйга ёмон ниятда келган «меҳмон»ни ҳам кутилмаган ўз совғаси қарши олади. Бундай ҳолатларда тўсатдан кўзни кўр қиладиган даражадаги ёрқин лампалар ёниб, ички ишлар пунктларига хабар берувчи сиреналар чалинади ёки чор атрофни ларзага соладиган даражада: «Уйда бегона!», «Ўғри тушди!», «Эҳтиёт бўлинг!» деган қулоқни қоматга келтирувчи баджаҳл, баланд ва йўғон овоз янграйди.

Мабодо кечқурун меҳмонга кетиб қолган бўлсангиз, Smart House уйингизда йўқлигингизни билдирмайди. Худди уйда юрганингиздек, чироқлар ёниқ туради, мусиқа янграйди, ҳатто “ул-бул” деяётган овозинингиз ҳам чиқиб туради. Бундай уйда, айниқса, ёнғиннинг олди олинган бўлади. Ёнғин чиққан жойга сув пуркаш тизими ишга тушади, датчиклар зудлик билан ёнғиндан сақлаш хизматига хабар қилади.

Маълумки, айрим саноатлаштирилган шаҳарлар ҳавонинг, сувнинг, атроф-муҳитнинг бузилиши натижасида инсон яшаши, фаолият кўрсатиши учун тобора яроқсиз бўлиб бормоқда. Шу сабабли “ақлли шаҳар”ни албатта кўкаламзорлаштириш лозим. Унда алоҳида “яшил ҳудуд” зоналарини яратиш мақсадга мувофиқдир.

1950 йилларнинг иккинчи ярми … Тошкентда овоза тарқалганди: «Нима дейсан, Алишер Навоий номидаги опера ва балет театри қаршисида 6 қаватли (!) бино барпо этилар эмиш. Бу осмонўпар бино хорижий меҳмонлар тўхтайдиган мусофирхона бўлармиш». Ўзбекистон пойтахтидаги ҳақиқатдан ҳам биринчи кўп қаватли бу бинонинг қурилганига ярим асрдан ошди. Ва мана, Тошкент марказининг яна бир ҳудудида энди ўтган асрнинг 60-йилларидаги бинодан қарийб 10 баробар баланд бўлган, ҳар бири 45-50 қаватли Тошкент-Сити бизнес марказининг бинолари қад кўтаради. Тошкент-Сити бутун Ўзбекистонда, балким, Марказий Осиёда уй-жой қурилиши тарихида ҳам, бугунги амалиётида ҳам, янги, замонавий жаҳон қурилиш технологияларни жорий этиладиган дастлабки шаҳар бўлади. Ўрта Осиё иқлими, табиати, геологик ва геотехтоник муҳитию шароитида биринчи бор ана шундай минора-бинолар қад кўтаради. Айтиш жоизки, биринчи бўлиш осон эмас, у қанча олқишга сазовор бўлса, шунча ўзини ташвишга қўяди. Лекин муз ёрилган, муз эригандан кейин одатда юриш осон, равон ва хавфсиз кечади. Кейин кимдир музёрар кема бўлиб бошлаб бериши, асрлар оша қотиб ётган музни ёриши, эритиши ҳам керак-ку?! Таъкидлаш жоизки, музёрар кема нафақат музни ёриб, йўл очади, балки, карвон бошидаги биринчи кема бўлиб карвонбошилик ҳам қилади. Бу ҳам фахрли, ҳам масъулиятли, муҳими, кўпчиликка маъқул бўлган савобли ишдир.

Ирисмат Абдухолиқов, ЎзА

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>