Тошкент шаҳар аҳолисига мурожаат!

Бугун Тошкент шаҳар ҳокимлигида оммавий ахборот ходимлари учун брифинг ўтказилди.

Унда ҳокимлик ахборот хизмати вакиллари ва журналистлар иштирок этдилар. Брифингда Тошкент шаҳар Маънавият ва маърифат кенгашининг Тошкент шаҳар аҳолисига мурожаати эълон қилинди.

Пойтахт аҳолисига мурожаат

Ҳурматли ҳамшаҳарлар!

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, азим шаҳримизда энг улуғ, энг азиз айёмга катта тайёргарлик кўриляпти. Юртбошимиз раҳнамолигида кенг бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.

“Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!”  деган буюк байрамимиз бош ғояси ҳар биримизни фидойилик қилишга ундайди.

Ўзимиз яшаб турган мўтабар юртнинг қадрига етиш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи ҳисобланади. Она заминга муҳаббат эса уни обод қилиш билан намоён бўлади. “Обод жойда барака бўлади, унум бўлади”. Маҳалла ҳудудидаги тозаликни таъминлаш, санитария ҳолатини яхшилаш, боғлар яратиш, дам олиш майдончаларини ташкил этиш, “Тўйга тўёна билан” деганларидек, истиқлолимизнинг 25 йиллигига ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшайлик. Ҳар бир туманда 25 та кўчани ободонлаштириш ва 25 та болалар ўйингоҳини бунёд этиш бўйича олиб борилаётган ишларга ёрдам берайлик.

Бебаҳо тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асраш, халқ фаровонлигини ошириш, диний бағрикенглик ҳамда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш ҳар биримизнинг эзгу мақсадимиздир.

Кўпни кўрган, меҳнаткаш ва олийжаноб халқимизнинг мардлиги ва матонати эвазига эришилаётган юксак марра ва натижалар Ватанимизнинг обрўсини янада юксалтириб, кўпчилик мамлакатларни қойил қолдираётгани ва уларнинг ҳавасини уйғотаётганидан ғурурланамиз.

Мана шундай оламшумул ютуқларга ўз-ўзидан осонликча эришилгани йўқ. Ўз навбатида барчамиз “Ким эдигу бугун ким бўлдик? Эртага қандай марраларни эгаллашимиз керак” деган теран фикрни дилдан ҳис этишимиз лозим.

Инсон учун она Ватандан азизроқ макон йўқ бу дунёда. Чунки Ер юзида Ўзбекистонимиз – яккаю ягона. Бундан чексиз фахрланамиз.

Азизлар!
Пойтахтимизда мустақиллик байрами арафасида 50 ободонлик кунини эълон қилиб, ҳудудларни тоза-озода қилиш ва маҳаллаларимиз ободлигини таъминлаш инсоний бурчимиз.

Ана шундай хайрли ишларга ўз ҳиссамизни қўшайлик, пойтахтимизни бундан-да гўзал ва обод шаҳарга айлантирайлик.

ТОШКЕНТ ШАҲАР МАЪНАВИЯТ ВА МАЪРИФАТ КЕНГАШИ

Мурожаат ўқиб эшиттирилганидан сўнг барча ОАВ ходимларидан уни шаҳар аҳолисига етказиб бериш сўралди. Бу билан барча яқинлашиб келаётган байрамга ўз ҳиссасини қўшиши алоҳида таъкидланди.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>