ТОҒОРАДАГИ “ТАРБИЯ” (Ҳажвия)

Уйига бир қултум-ярим қултум ичиб келмаган эркак бораканми? Камина ҳам баъзан “эл қатори” бўлиб келаману… бошимда таёқ “синиши”дан юрак олдириб қўйганман. Салгина қийшайиб келдим дегунча, хонимнинг қўлларида ўқлов ўйнай бошлайди.

“Тарбия” берадиган жойи ҳам тайин. Қаерда дейсизми? Ваннада! Авраб-павраб олиб кирадида, қурмағур. Улкан тоғора ичига “гуп” этиб тушганимда худди қолипга жойланган ғиштнинг лойидек бўламан-қоламан. На оёқ қимирлайди на қўлларим “қалқон” бўлади десангиз.

Эртаси куни гўё ҳеч гап бўлмагандек хоним жилмайиб тураверади. Табассум-ла боқаётган юзига қараб дўқ қилиш мумкинми?.. Кўкарган жойларим ҳам “мастлик”ка тўнкалади. Айб ўзимда бўлгач…

Хуллас, жонга тегди. Бирор чорасини кўрмасам бўлмайди. Бироқ, қандай қилиб? Топдим! Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган “чора” қўллайман: мушт дўлайтириб урмоқчи бўлганида қўлини шартта кесаман-ташлайман! Бобомнинг замонида ўғирлик қилганлар қўлларидан жудо бўлганлар. Ҳар қандай замонда ҳам маҳрам учун эрини ранжитишдан оғирроқ гуноҳ бўлмаса керак! Йўқ, бунақаси кетмайди. Хотиним жазосини олиши шарт! Шафқатга ўрин йўқ. Кимсан – Хўроз қассобман-а!

Бугун атай ичиб келдим. Бирикки қултумга қаноат қилармидим бундай пайт. Беш-олти пиёласини кўрдим демай кўтардим. Жўрабошимиз Қаландар қассоб роса “Ҳақберди” бўлган. (Бозор-ўчарни қойиллатган жўрамизни ўша куни “ҳақ берди!” деб ҳазиллашамиз.) Ана энди хотин “ака” билан гаплашсак бўлади! Муқаррар “жанг”да аканг қарағай ғолиб чиқади!

Аввал у бошлаши учун атай “шанс” яратдим. Бўсағада баттар гандиракладим. Буни кўриб хотинимнинг қошлари чимирилди. Ўйлаганимдек бўлди. У важоҳат отига минди. Қўлига қилич олган чавандоздек секин ўқловни кўтарди.

– Ч-чертсанг, қўлингни шартта кесаманташлайман,– дедим олдиндан огоҳлантириб.– Манаман деган ҳўкизларнинг оёқларини шох-шаббадек бўтаб ташлаган мендек қассобга сенинг нозик қўлчаларинг нима бўпти?!

Шуни кутиб тургандек хотиним ширин жилмайди:

– Албатта кесасиз-да, ўргилай дадажониси. Қани, ваннага марҳамат!..

Заифам тушмагур унчалик “заиф” эмас экан. Буқани судрагандек менинг ҳам оёқларимни ерга теккизмай кетди. Сўнг, у мени кўтариб урдими ё ўзим йиқилдимми, англолмай қолдим…

…Аммо, “чўрт побери” мард кетди; катта пичоғимни қўлимга тутқазди. Марҳамат, кесаверинг, дегандек қўлчаларини ванна узра тутиб тураверди. Жуда шафқатсиз ё бераҳм эмасман. Барибир, йигит сўзимдан қайтишни ҳам эп кўролмайман. Шу тобда ғайришуурий куч пайдо бўлди. Дарахт шохларини бутагандек шўрлик ожизамнинг билакларидан шартта тортивордим…

Ана энди бошқаларга ҳам сабоқ бўлади! Узилган қўлларга кўзингиз тушса этингиз увишиб кетади. Ҳамма кўрсин деб атай айвончага (балконга) осиб қўйдим. Ўзимиз яшайдиган бешинчи қаватдан гўзал шаҳарни томоша қилардик. Энди шаҳар бу томошани кўрсин. Ҳайратлансин. Таҳликага тушсин. Охири кимдир сўрабсуриштирар. Сирдан воқиф бўлгач, хулоса чиқарар? Биров нафратланар, бошқаси тарафимни олар! Мен каби “жабрдийда” эрлар бўлса “Отангга балли!” дейишар…

Узилган қўллар балкон пештоқида ғалати кўринаркан. Узоқроқдан қаралса, қазининг ўзгинаси. Шамолда тебраниши ҳам худди ўзи. Фақат, панжалари сал ғалати. Ажинанинг қўлларига ўхшаш ваҳимали. Менга шуниси керак. Қўл билан қазининг фарқига бормайдиган битта-яримта бефаросат сўраб-суриштирса тушунтириш осонроқ бўлади.

Хўроз қассобнинг айвончасида ҳамиша қазилар қаторлашиб туришига кўпчилик кўникиб қолган бўлса керак. Шу сабабдан ўтган-кетганлар эътибор бермадилар. Кўзи тушганлари ҳам мутлақо парво қилишмасди. Аниқ кўрмаётган бўлсалар керак. Бешинчи қаватда осилиб турган нарсанинг қази ёки қўл эканини улар қаёқдан билишсин?

Ҳаял ўтмай ўша совуқ панжалар мушт бўлиб тугилиб қолса денг. Худди менга қарата мушт дўлайиб турганга ўхшарди. Юрагим орқага тортиб кетди. Қазига ўхшаши ҳам бир нави эди. Энди худди бошим узра кўтарилаётган гурзининг ўзгинаси эди…

Тош қотган қўлларни гўшт дўконимга илиб қўймоқчи бўлдим. Ўтган-кетганларнинг ўтакалари ёрилишини томоша қилгим келарди. Шундагина хуморимдан чиқсам ажабмас.

Қассобхонага яқинлашгач, ўзимнинг ўтакам ёрилаёзди. Не ҳолки, илгакларда гўшт ўрнига шунақа қўллар қатор илиниб турарди. Ҳаммаси заифаларнинг қўллари. Тағин денг, барчаси бирдек мушт тугилган. Худди менга зарда қилаётгандек қаҳрли муштлар дўлайиб турибди… Камина ҳам кўтариб келганларимни кўринарлироқ жойга илиб қўйдимда, ўтган-кетганларнинг гапларига қулоқ тута бошладим.

– Ие, Хўроз қассобнинг гўшт дўкони “Протез” ясайдиган корхонага айлангани рост эканда,– деди кимдир.

– Гўштдан даромади яхши бўлмагач, шу йўлга ўтгандирда.– Илиб кетди бошқаси.– Қурғур қассоб йўлини топишга уста.

– Эчкига жон, қассобга ёғ қайғуси.– Дўриллаб гап қўшди яна бир йўловчи.– Хўроз қассоб оёққўлларни “протез”га айлантириб сотишдан ҳам тоймасканда, а?

Туйқус таҳликали товушлар эшитила бошлади:

– Қаранглар, бу “протез” эмас, ҳақиқий қўлга ўхшайди!..

– Йўғе?!– капалаги учгандек минғирлади бошқаси.– Наҳот шу ҳақиқий одамнинг қўллари бўлса?! Инсофини ит еганми буларнинг?

– Ишонмасанг, ушлаб кўр.

– Жонимдан тўйганим йўқ, ҳали!..

– Нима қипти? Ё, қўрқдингми?

– Қара, худди менинг хотинимнинг қўлига ўхшаркан…

–Балки сенинг хотинингнинг қўлидир?

Бу гапдан вужудим титраб кетди. Тепамда осилиб турган жонсиз қўллар қачондир ўша ярамаснинг ҳам корига ярагандек туюлиб кетди. Наҳот, хиёнат қилган бўлса?! Рашк ва алам алангасида қоврилиб, жизғанак бўлаёздим. Йўқ, у жудажуда вафодор. Ўзим ахмоқман. Шунчалик ахмоқ бўлмасам, жуфти ҳалолимнинг гўзал қўлларини шу ҳўкизларга кўзкўз қилиб қўярмидим?!

Пештахтанинг тагига бекинган кўйи жимгина ўтиришдан ўзга илож йўқ. Ҳозир зардаси қайнаб турганларга қорамни кўрсатсам, ҳолим вой бўлиши мумкин. Ўзимнинг қўлларимдан ҳам жудо қилиб қўядиган аламзадалар пайдо бўлиб қолиши ҳеч гапмас… Ўтган-кетганларнинг гапларини тинчгина эшитиб ётавердим.

– Нариги дунёга боришдан қўрқмадимикин ўша нобакор?..– Дўриллади кимдир.

– Йўқ, шу дунёнинг ўзида жазосини бериш керак!..– Ёниб турган оловга мой қуйди бошқаси.

– Бу қайси қаттолнинг иши экан?

– Кимлигини “қилни қирқ ёрадиганлар” аниқлашади!

– Мелисага хабар бериш керак.

– Эҳ, шунақалар менинг қўлимга тушиб қолса борми.

Сўнгги гапни айтган билаклари сержун барзанги болахонадор қилиб сўкинди. Тишимни тишимга қўйиб тургандим, қассобхона ичкарисида қаҳ-қаҳа товуши эшитилди. Югуриб бориб қарасам, ҳамкасбларим! Жўрабошимиз Қаландар қассоб нима дейди, денг:

Сенинг хотининг ҳам урағонмиди? Кеча ичганимиз учун яна қўл кўтардими? Аммо лекин бўш келмай яхши қилибсан. Боплабсан! Биз ҳам худди шундай қилдик! Қилган ишимизга пушаймон эдигу, анавиларнинг гапидан кўнглимиз кўтарилди. Эшитган бўлсанг, бу “протез” қўллар ҳам увол кетмаскан. Яна ичишга муллажиринг топиларкан!

– Мен айвончамга илувдим, ҳеч ким эътибор бермади,– дедим чайналиб.– Одамлар жаа лоқайд бўп кетганга ўхшайди…

– Биз ҳам шундай қилувдик, бўлмади. Бефаросатлар “қази” деб ўйлади.– Тарвузи қўлтиғидан тушиб гапирди жўрабошимиз.– Бошимизга бир хил савдо тушибди-да, а?

– Пешонага ёзилгани бўлади…

Худди шу пайт кўча бошидан қийчув товушлари эшитилиб қолса денг. Қарасам, тўрт-беш мелиса “дубинка”ларини дўлайтирганча шитоб билан бостириб келишмоқда. Энг олдинда менинг хотиним. Енгидан қонини томчилатганча алланималар деб вайсамоқда. Ортида бошқа қассобларнинг ҳам қўлсиз ожизалари…

Этим увушганча атрофга алангладим. Шерикларим осмонга учдими, ерга кирдими, билмадим, ғойиб бўлди-қолди. Қассобхонада ёлғиз сўппайиб қолдим. Қочай десам, мажолсиз оёқларим увишиб қолган. Тилим калимага келмайди. Ўзимдан ўтганини ўзим биламан.

Дўконимиз тўрида янги сўйилган молларнинг қонини оқизишга мўлжалланган катта тоғора бор. Худди ваннаникига ўхшаш. Ўшанга гурс этиб йиқилганимни сезмай қолдим.

Энг даҳшатлиси – хотиним ўша қон сизиб турган тирсагини нақ пешонамга нуқиди. Сўнг, қонталаш бўп кетган докасини еча бошлади. Вой-дод, ёрдам беринглар… Шу дамда бўғзимга нимадир тиқилгандек товушим чиқмаса денг. Оҳ, кошкийди ҳозир кўраётганларим ҳаммаси тушга айланса… Уф-ф, худойим-ей…

Сўнгги сўзларни ўзим айтдимми ё хотиним? Лабларимни қимирлатишга мажолим етмаётган эди-ку? Аммо қулоқларим аниқ-тиниқ эшитди. Ана, яна такрорланяпти:

– Уф-ф, худойимей, шунақаям ичадимиа, одам деган?..

Нола қилаётган хотиним экан! Кўзларимни очсам, ваннада ғишт қолипига жойланган лойдек бўлиб ётибман. Ўзиям катта бир тоғорани тўлдирибман. Тепамда жуфти ҳалолим йиғламоқдан бери бўлиб турибди. Шу лаҳзада нимадир тарақлаб тушди: ўқловмикин ёки шафқатсизларча кесилган қўл?.. Йўғ-е, худо асрасин… Тилим энди зўр-базўр айланди:

– К-кечир х-х-хо-отинжон!

– Мен-ку, кечиравераман…– Маҳзун пичирлади хотиним.– Аммо бу кетишда ўзингиз… ўзингизга келмай қоладиганга ўхшайсиз.

Мен ҳам унинг бус-бутун қўлларини кўриб, қичқириб юбордим:

– Хайрият, хотин, қўлларинг жойида экан-ку!

Мени ҳалиям алаҳсираётгандир, деб ўйлади шекилли, иккала қўли билан бошимдан тутмоқчи бўлди. Шунда қўлларидан маҳкам тутдим-да юз-кўзларимга сурта бошладим. Юрагимдан шундай сўзлар отилиб чиқди:

– Қўлларингдан ўргилай, хотинжон. Шу қўлларинг билан мени уриб, талқон қилиб ташласанг ҳам розиман. Яна ичсам, аямасдан талқон қилиб ташлайвер!..

Ҳеч нарсага тушунмаган содда хотиним енгларини шимарган кўйи мени ваннадан чиқаришга уринаркан, ўзича пичирлади:

– Қўлингни чопиб ташлайман, деб қўрқитдингиз-ку?..

Худди шу лаҳзада жўмрак туйнугида муштдек тугилган бир томчи кўзимга томиб кетди. Нақ қорачиққа тушди ўзиям. Кўз олдимни қоплаган сув пардаси ортидан хотиним ғира-шира кўринар эди…

Тўлқин ЭШБЕК

1998 йил

You may also like...

11 Responses

  1. Тулкин ака.Асарларингизни «Хандалак», «Кахкаха»,»Калпок»ка бериш керак.

  2. Zarina:

    Ustoz ijodingizni doim kuzatib boraman.IJOD QILISHDAN SIRA TO’XTAMANG. Toki Biz talabalaringiz bunday ajoyib asarlaringizdan doimo bahramand bo’laylik.

  3. Hayriyat, hammasi qassobning tushi ekan!

  4. Maqola haqiqiy bo’lib o’tganligiga ishonaman.Chunki yolg’on narsa bunchalik sof va ishonchli bo’lmaydi ,chamamda.Ustoz siz haqiqiy mehribon va ko’ngli ochiq insonsiz.Bu nafaqat so’zlarizda,balki asarlarizda ham aks etadi.

  5. Устоз хажвияни ўқий туриб ростдан ҳам хотинингизни қўлларини кесиб ташлабсизми, деб қўрқиб кетдим. Ҳайрият, ҳаммаси туш бўлиб чиқди. Лекин эркаклар ичмасалар, аёллар бекордан-бекорга жон койитиб уришмайдилар-да.

    • Ҳажвиядаги «мен» ҳаётда ўзим эмас. Бир ўртоғимизнинг хотини эрига шунақа жазо бериши, ваннага йиқитиб олиб «тузлаши» ҳақида чойхонада эшитиб қолгандим. Қолгани фантазия… Эътиборингиз учун ташаккур.

  6. Биринчи маротаба, устознинг «Ахборот хуружи» номли ҳажвиясини ўқиган эдим. Шундан бери сайтда ҳажвия қидираман. «Тоғорадиги «тарбия» ҳам ўзгача руҳдаги асар экан.

  7. Hajviyada «ichkilikbozlik» deb atalgan bir rasvo illatning inson ruhiyatiga ta’siri qahramon o’y — fikrlarida ochib berilgan.Tuzukkina xulosa chiqarishga arzigulik asar bo’libdi, ustoz. Qalamingiz tolmasin.

  8. Ustoz biz shogirdlar ham siz kabi qalamimiz o’tkir bo’lsin.

  9. Agar film qilib ishlansa juda qo’rqinchli tusda bo’lar ekan. Bu albatta hazil USTOZ!

  10. To’lqin aka agar smslarni o’qiyotgan bo’lsangiz +99893540 95 22ga telegrammda yozvoring

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>