Уйдаги ўтмиш ўйлари

Жавонимиз жавоҳирлари

2

 Таниқли олим ва адиб Мухтор Худойқуловнинг кўплаб насрий асарлари ва дилтортар масалларидан баҳраманд бўлмаган китобхон топилмаса керак.

Устознинг 2019 йил адоғида “Ijod-press” нашриётида чоп этилган навбатдаги салмоқли асари – “Муюлишдаги уй” романида бутун бир давр ва ўша замон одамларининг сиймолари кўз ўнгингизда гавданаланади.

Асарда нозик бадиий бўёқлар воситасида тасвирланганидек, шаҳарларда кўп қаватли замонавий уйлар мафтун этса, қишлоқларда ўзига яраша миллий руҳ акс этиб турган ажиб иморатлар эътиборингизни тортади. Ана шундай оддий уйлардан бири Фарғона водийсининг хилват ва сўлим қишлоқларидан бирида қад ростлаб турибди. йўлнинг Муюлишида жойлашган уйнинг бир томони катта каналга туташ. Бу уй бундан роса юз йилча бурун – ўтган асрнинг йигирманчи йилларида шу қишлоқлик Мулла Худойқул ота томонидан бунёд этилган.

Мулла Худойқул ота шу қишлоқда туғилиб ўсган, ота-боболари деҳқон ўтган, аммо у ёшлигидан илмга қизиқади, олдин қишлоқ мактабида савод чиқаради, кейин Қўқон шаҳридаги мадрасада ўқийди. Бухоро мадрасаларига бориб ўқишни орзу қилади.

Ўша пайтда Бухоро ўзининг машҳур мадрасалари билан оламга довруқ солганди. Ёш, қишлоқда зуваласи пишган йигитча не азоблар билан пиёда Бухорога йўл олади. Ўша пайтларда нотинчлик бўлиб темир йўлдан поездлар юрмас, бошқа шаҳарга бориш учун от-улов, шерик керак эди. Мулла Худойқулнинг ота-онаси ўғлини ёлғиз юборишга кўнгиллари бўлмай ҳамроҳ қидира бошлашади. Шунда қўшни Бағдод қишлоқлик бир бойнинг оиласи билан ўз аравасида Бухорога йўл олишаётганликларини эшитиб, шулар билан эш-у қўш бўлиб кетишсин, деб улардан илтимос қилишади. Бой буванинг аравасида эса Мулла Худойқулнинг хуржунига жой топилади холос, ўзи эса ёнларида пиёда йўлга тушади. Улар Бешариқ орқали Конибодомга, кейин Хўжандга қараб йўл олишади…

“Конибодомдан кейин бошланадиган Маҳрам чўлидан ўтиш жуда оғир бўлди, дейилади романда бош қаҳрамон тилидан. − Бу чўлни Ҳодарвеш чўли ҳам дейишаркан. Айтишларича бир вақтлар бу ерда бўронда тўртта дарвеш адашиб қолиб, бир-бирларини “Ҳо, дарвеш! Ҳо, дарвеш!”– деб бақириб чақира-чақира тополмасдан ҳалок бўлишган экан. Биз ўтиб бораётганда оби-ҳаво тинч бўлса ҳам аммо шўр босган бийдай чўлда юравериб ҳолдан тойдим. Бунинг устига баҳор, ёмғир ёғиб ўтган экан, чўл тупроғи оёққа ёпишиб қийнарди. Охири оёғимни кўтариб босишга мажолсиз бўлиб, юролмай қолдим. Арава эса илгарилаб, кўзга кўринмай кетди, бақириб уларни огоҳлантиришни ўзимга эп кўрмадим. Оёқларимда ҳатто туришга ҳам мадор йўқ, шу боисдан шундоқ чўлда, шувоқ ўтлар устида ётиб қолдим. Кеч кирди, ҳаммаёққа қоронғулик тушди. Чўл янаям ваҳимали тус олди. Атрофдан чиябўриларнинг уввуллашлари эшитиларди, одам зоти ўтмасди. Тун ярмидан оққанда кўзим илина бошлади, шунда узоқдан қандайдир товуш эшитилгандай бўлди. Қулоқ солсам “Ҳо, дарвеш! Ҳо, дарвеш!”– деганга ўхшарди. Нима бало, бу ерда ўлган дарвешларнинг арвоҳлари бор шекилли, деб дилимга қўрқув тушди. “Лоҳавло” ўқиб ўзимга ўзим далда бергандай бўлдим. Кейин ўша товушлар яна такрорланди. Яхшилаб қулоқ солсам кимдир: “Ҳо, мулла! Ҳо, мулла!”– деб чақираётган экан. Кейин от туёқлари товуши эшитилди ва ҳалиги чақириқ сал берироқдан келгандай бўлди. Бу одамлар мени излашаётганлигига шубҳам қолмади, ўрнимдан бироз кўтарилиб: “Ҳа-ҳо, мен бу ердаман!”– деб овоз бердим. Чақириқ яна эшитилди, мен яна овоз қилдим. Ниҳоят, от дўпири яқинроқдан эшитилди ва иккита отлиқ отларини чоптириб яқинлашиб келишди. “Э, бормисиз, мулла, қачондан бери излаймиз-а!”– деди отлиқлардан бири. “Хайрият, тирик экансиз, мен бўри-мўри дахл қилдимикин, депман…”– деди иккинчиси. Маълум бўлишича, менинг аравадаги ҳамроҳларим Қароқчиқум қишлоғига етиб бир карвонсаройга тушишибди, мен келавермагач карвонсарой эгасига: “Биз билан бирга бир муллавачча ҳам келаётган эди, йўлда қолиб кетди-я”,– деган экан, бечоранинг раҳми келиб иккита отда иккита йигитни мени топиш учун юборган экан”.

Мулла Худойқул не азоблар билан Бухорога етиб боради ва у ерда ўқийбошлайди. (кейинги бир боришида 1916 йил Жиззах қўзғолони бошланиб кетиб, Ўратепа деган жойда бир хафтадан ортиқ қолиб кетишади). Аммо Бухорода ҳам кўп ўтмай қаттиқ тўс-тўполонлар бошланади, Амир Олимхон тараққийпарвар ёшлардандан иборат бўлган жадидчиларни қаттиқ таъқиб қилади, ундан кейин эса большевиклар Бухорога ҳужум бошлайдилар. Шундай қийин шароитларга тушиб қолган муллавачча ўзини йўқотмайди, бошига тушган барча синовлардан омон чиқади. Ўша пайтда Тошкентдан вакил бўлиб келган машҳур маърифатпарвар Мунаввар қори Бухоро муллаваччалари билан учрашганда Мулла Худойқул билан ҳам суҳбатлашиб, уларни илм-маърифат йўлига хизмат қилишга чорлайди. Аммо большевиклар бунга йўл қўймайдилар, мадрасалар ёпилади, ноилож ўз қишлоғига қайтган Мулла Худойқул яна янги синовларга дучор бўлади: мамлакатда босмачилик ҳаракати бошланади. Ҳозирги тарихчилар миллий қаҳрамонлар деб баҳо бераётган бу ҳаракат ҳам оддий кечмаганлиги, ўша давр шароитидан келиб чиқувчи айрим зулму зўровонликлар, таловлар билан боғлиқ бўлганлиги ҳам маълумдир. Бир гал Мулла Худойқул уйига келганда улар яшайдиган амакиларининг уйларини ўғри-босмачилар босишади, амакисига қарашли отхонадаги тушовланган отнинг калитини топиб берасан, деб Мулла Худойқулни калтаклашади, кейин эса кўчага олиб чиқиб отишади, аммо ўқ мўлжалга тегмагани сабабли у тирик қолади. Бу воқеа асарнинг яна бир қаҳрамони – муаллифнинг онаси Сора биби тилидан шундай ҳикоя қилинади. У ўша Бухородан келган ва ўзи юрак-юрагидан севган тоғасининг ўғли – Мулла Худойқулни кўргани борганда бутун оила босмачилардан қўрқиб томда ётишади, Мулла Худойқул эса уларни пойлаб пастда ётган бўлади.

“Ўшанда, дадасини, худо кўрсатмасин, босмачилар отиб кетишганда нима бўларди? Ўйласам кўзим қоронғулашиб, юрагим орқамга тортиб кетади. Кўча тарафдан варанглаб ўқ чиққанда “Вой, болангизни ўлдириб қўйди, момо!!”– деб Ойча момомга (у пайтда қайнонам бўлганича йўқ эди) фарёд солиб унга қўшилишиб йиқилган эканман. Қоронғуда билишмаган экан, қаттиқ қўрққанимдан юрагим ёрилай деган экан, кейин зўрға ўзимга келтиришибди. Ҳали-ҳали эсимга тушса теракнинг баргидай “дир-дир” титраб кетаман…”

Ёш Мулла Худойқул ўша даврнинг бу синовларидан ҳам омон чиқади. Энди эркин нафас олай деганда эса яна янги муаммо пайдо бўлади – қишлоқларда ўзига тўқ кишиларни муштумзўр, хавфли душман деб қамашлар ва мажбурий равишда колхоз тузишлар бошланади. Эндигина уй қуриб, ўз хўжалигини тузишга урунган Мулла Худойқул оиласини боқиб турган бирдан-бир сигирини колхоз топширишга мажбур бўлади, ўзини эса қўш ҳайдашга мажбур қилишади… Бу балолардан энди қутулай деганда эса уйларининг ёнгинасидан Катта Фарғона канали ўтадиган бўлади, кейин эса уруш бошланади…

Юқорида қисқача айтиб ўтилган инсон тақдирию унга бало-қазодай ёғилиб турган давр воқеалари ёзувчи Мухтор Худойқуловнинг “Муюлишдаги уй” романи (Тошкент, “Ижод-Пресс” нашриёти, 1919)нинг бош мазмунини ташкил этади. Асар марказида юқорида ҳикоя қилганимиз – Муюлишдаги уй туради, унинг қаҳрамонлари шу уй билан боғлиқ ҳолда тасвир этилади. Қаҳрамонлар эса анчагина. Улардан бири – бош қаҳрамон Мулла Худойқулнинг онаси Ойча кампир (қаҳрамоннинг отаси у Бухорода ўқиб юрганида вабодан ўлиб кетади), эридан беш фарзанди билан бева қолади, эрининг ака-укалари ўша давр қонуни бўйича аёл ва болаларини “ҳаққи маҳрум” деб бир четга чиқариб қўйишади, аммо она бўш келмайди, беш боласини боқади, узоқ Бухорода ўқиётган катта ўғли – Худойқулни ўқишни давом эттиришга ундайди, уни қўлидан келганча таъминлаб туради. Ўғли энди қайтиб келиб уйланиб, жойли бўлганида қишлоқдаги янги чиққан колхоз қурувчилар уни “руҳоний, қулоқ”қа чиқармоқчи бўлганида худди она қушдек ўз фарзандига қалқон бўлади:

“Бир куни эрим кўчадан ниҳоятда дилтанг бўлиб келди-ю, қўлига кетмон олиб томга чиқиб кетди. Нима қилар экан, деб ҳайрон бўлиб қараб турсам индамай-нетмай ташқари ҳовлининг айвонининг томини оча бошлади. “Ҳай дадаси, тинчликми, нима қилаяпсиз?”– десам “Ишинг бўлмасин!”– деб ўшқириб берди-ю, чангитганича томнинг тупроғини пастга ташлайверди. Нима қилишимни билмасдан ҳанг-манг бўлиб туриб қолдим. Қарасам анчасини очиб, энди тўсинларини бузаяпти. Ахир, бу уйларни тиклагунча не азоблар чекмаганмиз? “Вой, қўйинг, нимага бузасиз?!”– деб пастдан яна бақирдим. “Э, эси паст, жим бўласанми, йўқми?!”– деб менга қараб қўлига тушган бир гувалани отди. Жон ширин, ўзимни панага олдим-у, яна: “Жон дадаси, бу шаштингиздан қайтинг, ўзингизни босинг!”– деб ялиндим. Барибир бўлмади, ҳаш-паш дегунча айвон томини ярмини бузиб ташлади. Мен аламимдан додни қўйдим, қўни-қўшнилар йиғилди, эримнинг шогирдлари келишди. “Мулла Мавлон, битта кетмон олиб томга чиқинг!”– деди эрим. Мулла Мавлон ҳам: “Хўп, хўп, домла почча…”,– деб томга чиқди. “Бузинг!”– деди эрим. “Йўғ-е, яп-янгигина уйни-я…”– деб йиғламсираб туриб қолди Мулла Мавлон. “Ҳа, бузинг, бузаверинг,– деди эрим овози хириллаб.– Шу уйни деб мен балога гирифтор бўладиган бўлсам, унинг баҳридан ўтаман… Нега қараб турибсиз, бошланг!” Мулла Мавлон ҳам кўзларида ёш билан икки-уч кетмон урди, ҳа демай айвон бузилди, эрим тўсинларни кўтариб пастга отди. Ҳаш-паш дегунча иккинчи айвон ҳам бузилиб бўлди. Воқеани эшитиб, қариндош-уруғлар йиғилишди, Чўлдан қайин онам билан қайниларим етиб келишди. Мен пастда чирқирардим, қўни-қўшнилар эримнинг феълини билишганидан индамай туришарди. Қайнонам келасолиб: “Тўхта, Мулла Худойқул!”– дедилар. Кейин ўғилларига: “Чиқинглар, акангларнинг қўлидан кетмонни олинглар!”– деди. Укалар “ҳай-ҳай”лашиб эримни тўхтатишди. Шунда эримнинг кўзига ёш келди: “Эна, шу уйни деб Сибирга кетадиган бўлсам, нима кераги бор буни?”– деди. Кейин билсам Саримсоқ деган битта янги чиққан колхозтузар мажлисда: “Мана, Мулла Худойқул ҳам иморатни дангғиллатиб солиб олди, бу руҳонийни қулоқ қилиш керак”, дебди. Эрим бечора шу уйни деб қишлоқдан бадарға бўлиб кетмайин деб уни бузмоқчи бўлган экан. Бу гапдан хабардор бўлган қайнонам: “Агар шу уйни деб сени қамайдиган бўлишса, ўша Масковингга, Лелинми, Исталинми деган пошшонгнинг олдига ўзим бораман! Боламнинг кеккайи кесилиб қурган уйи учун қамашадиган бўлишса мана мени қамашсин, отадиган бўлса мана мени отишсин!”– деди.

Қайнонамнинг феълини яхши билган эрим уйни бузишдан тўхтади. Аммо шу пайтгача ташқи ҳовлимиз айвонсиз, қўққайиб қолди, шунча қистасам ҳам эрим уни тузатмади. Ҳайтовур, анувилар кейин бизга тегишмади, лекин қишлоқда мактаб очилади, дейишганда “Мулла Худойқулнинг ташқариси бўш, шу ерда очилсин”, дейишибди, ташқимизни мактаб учун бериб ўзимиз омон қолдик”.

Юқоридаги гапларни романнинг яна бир қаҳрамони – Мулла Худойқулнинг хотини – Сора биби айтаяпти. Бу кўнгли нозик, аммо бардошли аёл ҳам бошидан кўп қийинчиликларни кечиради. У ёш пайтида узоқ қариндоши Мулла Худойқулни яхши кўради, Бухорога ўқишга кетганда ота-онасининг қистовларига қарамасдан эрга тегишга рози бўлмай (бу масала ўша пайтларда осон эмас эди), уни кутади. Ўз севгилисига эришгунча не-не балоларга дуч келади.

Асар қаҳрамони Сора биби кейин ҳам жуда кўп қийинчиликларни бошдан кечиради, ҳаёт синовларидан қўрслашиб қолган эрининг жаҳлларига чидайди, кўрган фарзандлари узоқ яшамайди, тўққизта фарзанддан фақат иккитаси яшаб қолади, кейин бошидан уруш азобларини кечиради, барибир оналик бурчини бекаму кўст бажариб, оламдан ўтади.

Романда уруш даври воқеалари ҳам рост тасвир этилган. Уруш бошланиб кетади, қишлоқдаги деярли жами эркаклар урушга олиб кетилади, Мулла Худойқул ёши ўтиб қолгани учун армия сафига чақирилмайди, аммо унинг икки укаси, қариндош-уруғлари фронтга юборилади.

Ўз амакиларидан бирининг фронтга олиб кетилиши манзарасини муаллиф шундай тасвирлайди:

“Уруш бошланганда беш яшар бола эдим. Орифжон амакимнинг урушга қандай кетганлиги аниқ эсимда. Ўшанда биз болаларни ҳам аравага солиб Серовога (темир йўл станциясига) амакимни кузатгани олиб боришган. Урушга кетадиган аскарларни ўша ердан поездга чиқариб олиб кетишаркан. Кун иссиқ, станцияда тумонат одам. Перронда узун поезд турибди, хотин-халажлар, болалар йиғлаган, биров “Акам!”, деб чақирса, бошқаси “Ота, ота!” яна бировлар “Ҳой, фалончи!” – деб ўз одамини излайди. Кимдир ҳушидан кетиб қолди, унга сув сепиб ўзига келтиришди. Яна бир амакимнинг хотини Холинса опам билан Тўхтабу аям ҳам бизни етаклаб, қўлларида ёш болалари билан Орифжон амакимни излаб, чақириб у вагондан бунисига чопишади, деразаларига интилишади, аммо одамларнинг кўпидан яқинлашиб бўлмайди. Охири битта деразадан Орифжон амаким кўринди. У терлаб-пишиб кетган, биз томонга қараб: “Ҳа, келдиларингми?”– деди. Шунда Холинса опам “Келдик, укажон, келдик!”– дедию қўлида ушлаб турган битта нонни унга бериб: “Яхши ният билан бир тишлаб беринг!”– деди. Орифжон акам нонни бир тишлаб берди. Тўхтабу аям эса қўлидаги гўдагини узатиб: “Оғзига туфлаб қўйинг, ичикмасин”,– деди. Унинг кўзлари тўла ёш эди. “Йиғлама, нимага йиғлайсан?”– деди Орифжон акам. Аммо унинг ўзи ҳам йиғидан зўрға тийилиб турарди. “Ой бориб омон келинг, укажон!”– деди Холинса опам. “Бўлди энди, йиғламанглар, энамга салом айтинглар”,– деди Орифжон акам. Бошқа деразадагилар ҳам пастдаги ўз одамлари билан бақир-чақир билан хайрлашар, ҳаммаёқ йиғи-сиғига тўла эди. Кейин поезд гудок берди, вагонлар қўзғалди, одамлар поезд билан бирга тўлғанишди, хотин-халажлар уввос солишди, болалар бақириб йиғлаб юборишди. Оқ соқолли отахонлар, кампирлар қиблага қараб қўл очиб: “Илоё бошларинг тошдан бўлсин! Ой бориб омон келинглар, омин!”– деб дуо қилишди. Поезд тезлаб борар, одамлар эса унинг орқасидан югуришарди. Деразалардан бошларини чиқариб олган йигитлар қўлларини силкишиб: “Хайр!” “Яхши қолинглар!”– деб бақиришарди. Оломон поезд то станция чеккасидаги будкадан ўтиб кўздан ғойиб бўлгунича унга қўл силкиб турди, кейин йиғи-сиғи билан тарқалди. Биз ҳам шу тахлит туриб, кейин уйимизга қайтдик”.

Муаллифнинг яна бир амакиси ва унинг оиласининг ҳаёти эса уруш туфайли фожеали якун топади: Амакиси – Боймирза қори бедарак йўқолади, хотини ўша пайтда кенг тарқалган тиф касаллигидан ўлади, уларнинг яккаю ягона фарзандлари Турсунали етим қоладиБу ҳақда роман муаллифи шундай ҳикоя қилади:

“Ота-онамнинг ташвиш билан гапиришларига қараганда Лутфиниса аям терлама бўлиб ётиб қолганмиш, уни докторхонага олиб кетишганмиш. Бир куни эрталаб Лутфиниса аямнинг ўлганининг хабари келди, дадам, бувим Чўлга кетишди, мени эса уйни пойлаб кичкина синглингга қараб тур, деб қолдиришди. Мен синглим ётган беланчакни тебратаяпману яхши кўрган аямнинг ўлганига жуда-жуда ачинганим эсимда. Ана, нариги кўчадан унинг тобутини йиғи-сиғи билан олиб ўтишгани эшитилди, мен шунда беланчакни тебратаяпману, гоҳ нимагадир сўкинаяпман. Кимни сўкаяпман, балки уруш бошлаганларнидир, балки бошқа… аммо то тобут ўтиб кетгунча гоҳ йиғлаб, гоҳ сўкинганим ҳамон эсимда.

Лутфиниса аям ўлди, Туйсинали етим қолди, уни бизникига олиб келишди. Туйсиналида энди олдинги қувноқлик йўқ, юзлари сўлғин, ўзи индамас, чўпдай озиб кетган эди. Мен унинг кўнглини олишга, бирга ўйнашга кўп ундадим, аммо у ҳеч нарсага қўшилмас, кулмас, гапирмас эди. Бир куни унга данак чақиб бераман деб қўлига тош уриб олдим, у чинқириб йиғлади, ота-онам менга: “Нимага етимни йиғлатасан?!”– деб қаттиқ ғадаб беришди, шунда мен йиғламоқдан бери бўлиб: “Ахир, билмасдан!..”– деб ўзимни оқлаганим эсимда. Аммо Туйсинали нимагадир бизникига “сиғмади”, уни Сатторқул амаким орқасига кўтариб олиб кетди, кўп ўтмай ота-онамнинг пичирлашишларидан Туйсиналининг ётиб қолганлигини, оғзига ел тушиб (кейин билишимча бу оғизни яра-чақа босиши экан) овқат емай қўйганини эшитдим. Кейин Туйсинали ўлди, эшитиб йиғлаганларим эсимда. Шундай қилиб Боймирза амакимнинг бутун оиласи тамом бўлди, доим гавжум бўлиб, кулги аримайдиган уйлари одам кирса қўрқадиган бўлиб ҳувиллаб қолди”.

Романда муаллиф тилидан келтирилган яна бир ҳикояда ўзбек аскарининг урушда бошидан кечирганлари, унинг одамийлиги ўзига хос тасвир этилган:

“Тоғам ҳам урушдан қайтганда акам иккаламиз тоғамларнинг уйига ўқдек учиб борганмиз. Тоғам – аскар кийимида, бошида “чучвара шапка” (пилотка – М.Х.), ҳовли четидаги супада, кўрпачада ўтирган экан, югуриб бориб қучоқлашиб сўрашдик, тоғам бизни бағрига олди. Мен кичикроқ эмасманми тоғамнинг тиззасидан тушмай унинг кўкрагидаги икки-учта медалларни сийпалайман. Мен, маҳмадона бола – ўзимча биламанки тоғам бу орденларни қаҳрамонликлари учун олган. Шуни билиш учун ундан: “Тоға, сиз ҳам немисларни отдингизми?”– деб сўрайман. “Ҳа, отдим, жиян,– дейди тоғам.– Украинада буғдойзорда аборонада (яъни оборона – мудофаа – М.Х.) ётган эдик, ҳу четдан бир-иккитаси ўтиб қолди, камандирим “От!”– деган эди, биттасининг оёғини мўлжаллаб туриб отдим, чикалак ошиб тушди, камандирим “Бор, олиб кел”, деган эди, борсам оёғини ушлаб питирлаб ётибди, ёқасидан шарт кўтариб турғиздиму кетига тепиб-тепиб ҳаккалатиб олиб келдим. Камандирим мени “Маладес”, деб елкамга қоқди, немис бўлса йиғлайди, қўлларимни ўпади, яна ўзини тилида нималардир деб чулдирайди. Ичимизда немис тилини биладиган бор экан, ўша соллатдан: “Нима деяпти, бу занғар?”– десам “Шу солдатга раҳмат, оёғимдан отди, бола-чақамнинг бахтига тирик қолдим”,– деяётган экан. “Немис бўлсаям жон ширин-да, баччағар”,– деб кулади тоғам. Ўзи бўлса урушдан ярадор бўлиб, ўпкаларини совуқ олдириб рамақда жони билан қайтибди-ю, лекин ўша немисни ўлдириб қўймаганидан хурсанд эди…”

Уруш ҳаммага ва айниқса оналарга жуда оғир бўлган. Икки фарзандини урушга жўнатган кекса она уларнинг соғ-саломат қайтиб келишларини кутиб яшайди.Унинг кичик ўғли ярадор бўлиб қайтиб келади, аммо каттасидан ҳеч қандай дарак йўқ…

“Энам битта лўлига фол очтирган эди, лўли хотин: “Энажон, менинг фолим ёмон чиқаяпти, ўғлингиз ўлганга ўхшайди”, деса бўладими, энам жон-жаҳди билан: “Яшшамагур, кўзларингга ҳассамни тиқволаман, фолингни тўғрила, менинг болам тирик, тирик!”– деб лўлини ҳассаси билан савалаб ҳайдаб солди…”

Кўп ўтмай Ойча энанинг ўзи ҳам фарзанд доғидан куйиб кул бўлади – оламдан ўтади…

Урушдан кейинги йиллар ҳам бошқа хонадонлар қатори Муюлишдаги ўша уйда ҳам ўз хурсандчилигу машаққатлари билан ўтган.

Бухоро мадрасасини тўла хатм қилган, фиқҳ илмини пухта эгаллаган Мулла Худойқул домла шўролар даврида бошқа дин аҳли сингари доим таъқиб ва тазийқлар остида яшайди. Чунки бу давр диний қадриятларни ўзи учун ёт, унинг намоёндаларини эса душман деб биларди. Бир кунибўлган воқеа романнинг бош қаҳрамони – Мулла Худойқул томонидан шундай ҳикоя қилинади:

“Замон баттарлашгандан баттарлашди, кўнглим ғаш, қўлим бир ишга бормасди. Ҳужрамга кириб ҳар куни ўқийдиган “Далойилу ҳайрот”ни қўлга олдим, лекин хаёлим паришонлигидан бир саҳифадан нарига ўтолмадим. Бирдан кўча эшигимизни кимдир қаттиқ таққиллатди. Чиқиб очсам отда бир мелиса турарди. Қарасам – Пандигонлик Қосим кўр. “Нега чақирганда чиқмайсиз, домла? Тез олдимга тушинг”,– деди Қосим кўр ваҳшат билан. “Тинчликми?”– дедим мен. “Гапни кўпайтирма, домла,– деб сенсирашга ўтди у белидаги тўппончасини ушлаб.– Бўл, тез-тез!” “Ахир, уйдагиларга айтиб қўяй”,– дедим мен. “Лекин қочаман деб овора бўлма,– деди Қосим кўр. – Мени биласан-а?.. “

Ҳа, мен уни билардим. Бир кўзи шилпиқ, рангида қони йўқ, имонсиз бир кимса эди бу Қосим кўр. Пандигон томонларга борганимда бу бадбашарага кўзим тушарди, кимнингдир қоролимиди, билмадим, кейин мелиса бўлди-ю, дуч келганни қақшатишга тушди. Унинг бераҳмлигини кўп эшитгандим. “Сенга ялиниб ўтираманми”,– дедиму уйдагиларга: “Мен бир жойга бориб келай”,– дедим холос. Хотиним эшик бежо тақиллагандаёқ билган экан, “Вой, сизни қаёққа олиб кетишяпти?..”– деб йиғини бошлади. “Йиғлама, ҳеч нарса бўлмайди”,– дедим-у, Қосим кўрнинг олдига тушдим. Болалар дод деганича қолишди. У отда, мен эса пиёда кетиб бораяпмиз. Шу тахлит мени Риштон томонга ҳайдаб кетди. Отини лўкиллатиб келаяпти, гоҳ-гоҳ қамчисининг сопи билан елкамга нуқиб: “Тез-тез, домла, тезроқ юр”,– деб қўяди. Бир-икки қамчи ҳам солди.“Илоҳо, бўйнинг узилсин”, деб кетиб бораяпман. Риштонгача анча йўл, хийла чарчадим, лекин шу баттолга ялинмайин, деб жоним борича қадам ташлаяпман. Чошгоҳга яқин Риштонга етиб келдик. Қосим кўр мени тўппа-тўғри НКВДнинг идорасига ҳайдади. Олиб бориб, битта мелисага топширди, у битта хонага олиб кириб қамаб қўйди. Ним қоронғи хона экан, ўша ерда тонг оттирдим…”

Шуни айтиш керакки, юқоридаги ҳатти-ҳаракатлар шўро ҳукуматига орқа қилиб ўзининг зўравонлиги, бераҳмлигини намойиш қилувчи бир кимсанинг қилиқлари бўлса шу касбдаги иккинчи бир одамнинг бу воқеага муносабати, ҳатти-ҳаракатлари бошқача: (Бу ҳикоя Сора биби тилидан).

“Қосим кўр эримни олдига солиб олибкетганда олдин ҳанг-манг бўлдим, кейин дод-у, фарёд қилдим, “Ҳа, нима бўлди?”– дейишиб қўни-қўшнилар чиқишди. Аммо сиёсатдан қўрққанидан ҳеч ким ҳеч нарса деёлмасди. Бирдан отамнинг қўшниси Меливой мелиса келиб қолди, “Ҳа, қизим, нима гап, нимага йиғлаяпсан?”– деди. Мен бўлган гапни айтдим, Меливой акам: “Оббо, шундай фариштадай одамни-я, ёмон бўпти-ку?”– деди, кейин: “Мен ишдан ҳозиргина келувдим, сизлар тарафда дод-вой чиққанидан хавотир олдим”,– деди. У мўмин-мусулмон одам эди, мелиса хизматига кириб, бола-чақасини боқар, эримни жуда ҳурмат қиларди. “Қосим олиб кетдими, жуда бадтарин-да… Хафа бўлма қизим, мулла албатта қайтиб келади, энди мен яна Риштонга борай, мелиса болаларга айтай, охунд акамга яхшилаб қарашсин, дўқ-пўписа қилишмасин”,– деб шошилганича яна районга қараб йўлга тушди. “Худо хайрингизни берсин, Меливой ака, биздан қайтмаса худодан қайтсин”,– деб қолдим мен. Ўша кечаси билан “Худо, худо, уни ўзинг сақла”, деб яратганга нола қилиб чиқдим”.

Воқеа давомида Мулла Худойқулни НКВДнинг бошлиғи бўлган бир рус киши сўроқ қилади:

“Эрталаб начайликнинг олдига олиб киришди. Начайлик баланд бўйли, сочлари сап-сариқ ўрис экан, лекин ўзбекчани унча-мунча билар экан шекилли, берган саломимга алик олди. Кейин қўлидаги қоғозга қараб: “Сиз Жалойир қишлоқлик Мулла Худойқул Аҳмадқул ўғлимисиз?”– деб сўради. Мен: “Ҳа”, дедим. “Мулламисиз?”– деб сўради у тикилиб. “Ҳа, мулламан, жуда катта мулламан”,– дедим мен. Начайлик яна менга тикилди: “Қизиқ,– деди у,– бу ерга келган бирорта мулла “илло-билло мулламасман”, дейди, сиз бўлсангиз қўрқмасдан айтаяпсиз?” “Нега қўрқай, ахир, мулла дегани илмли дегани-да… Мен илм олиш учун мадрасаларда ўн-ўн беш йил ўқиганман”,– дедим мен. Начайлик бироз ўйланиб турди-да: “Сизни рост гапирганингиз сақлаб қолди, боринг кетаверинг, сизга жавоб”,– деди. “Раҳмат”,– дедим. Чиқсам, қишлоқлик Меливой мелиса турибди, менинг соғ-саломат қайтиб чиққанимни кўриб, хурсанд бўлиб бир четда елкамга тиралиб пиқиллаб йиғлади. “Охунд ака, хайрият, хайрият-ей”,– дейди холос”.

Романда қаҳрамонларнинг кейинги даврдаги ҳаётлари ҳам реал воқеалар асосида тасвир этилган. Мулла Худойқул домланинг кенжа ўғли Тошкентга ўқишга келади, журналист бўлиб етишади, ижод билан шуғулланади. У ўғлини кўргани келганда Диний идора раҳбарлари у кишининг чуқур диний билимга эга эканлигини кўриб, масжидлардан бирига имом-хатиб этиб тайинлайдилар. Аммо ўша даврда бундай кишиларнинг ҳар бир ҳаракати, ҳар бир айтган сўзи таъқиб остида бўларди. Натижада махсус ҳукумат идоралари республика марказий газеталаридан бирида ишлайдиган ўғилларига: “Дадангиз руҳоний экан”, уни тазийқ остига оладилар. Бу воқеа романда муаллиф тилидан шундай тасвир этилган:.

“…Ўша куни кеч тушганда дадамнинг масжидига йўл олдим. Дадам ўз ҳужраларида хуфтон намозидан чиқиб ўтирган эканлар. Мен у киши билан саломлашдиму яна ўша мавзудан гап очдим, аммо бу сафар олдин эшитаверган гапларим учунми анча кескин гапларни гапириб ташладим, яъни дадам бу ишда ишламасликлари керак, чунки дин зарарли, марксизм-ленинизм таълимотида шундай дейилган ва ҳоказо. Дадам менинг сўзларимни сукут сақлаб эшитиб турдилар ва бироздан сўнг бошларини кўтариб: “Болам, сенинг марксизм-ленинизмингни билмадиму, аммо дину ислом то қиёматгача туради”,– дедилар”.

Аммо замона зўрлари барибир Мулла Худойқул домлани таъқиб этишда давом этадилар, уни ҳаж зиёратига боришига ҳам рухсат бермайдилар. Романда ўша пайтда республика ҳукмрон ғоя учун масъул бўлган бир рус амалдорининг бу масалага муносабати шундай тасвирлайди:

“Дадамлар Тошкентга келган ва диний идорага қатнаб юрганларида Маккатуллоҳга ҳажга боришни орзу қилиб бир неча марта ариза берган эдилар, аммо ҳар сафар “қарисиз”, “у-бу”– деб баҳона қилиб рухсат беришмасди. Мен бу масалада ёрдам сўраб кўп қаватли уйдаги ён қўшним – Марказий Комитетнинг пропаганда бўлими мудири ўринбосари Михаил Филлипович Солдатов деган рус кишисининг олдига бордим. У сўзларимни эшитгач менга тикилиб туриб тўппадан-тўғри: “Сизнинг дадангиздақа одамларни ҳажга юбориб биз аҳмоқмидик, ахир ундайлар ҳажга бориб келишса бир обрўйларига минг обрўй қўшилади, унда динга қарши қандай кураш олиб борамиз?”– деган эди.”

Натижада Мулла Худойқул домла ўз ишини ташлаб яна ўз қишлоғига қайтиб кетишга мажбур бўлади ва юз йилча умр кўриб вақти соати етганда шу ерда вафот этдилар.

Романда қаҳрамонлар талайгина, улар ана шу муюлишдаги ўша уйга у ёки бу жиҳатдан тааллуқли кишилар бўлиб ўз ҳикояларида шу уй ва ўз тақдирлари билан боғлиқ бўлган воқеелар ҳақида ҳикоя қиладилар: булар – шу уйга келин бўлиб тушган Атияхон ва унинг онаси Холинса опа, муаллифнинг акаси Бурхонжон ака ва бошқалардир. Муаллиф ҳам гоҳ-гоҳ воқеаларга аралашиб уларнинг ҳикояларига ўз муносабатларини билдириб туради. Бу воқеааларни бирлаштириб турадиган нарса эса – яхшилик, эзгулик учун курашдир.

“Муюлишдаги бу уй олдидан замонлар ўтди, яхши ва ёмонлар ўтди, оқилу нодонлар ўтди… Кўп нарсалар унут бўлиб кетди, аммо эзгу ишлар, яхшилик, яхши одамларнинг хотиралари абадий қолди. Муюлишдаги уйимиз ҳамон турибди, бу ердан ҳозирча бизлар ўтиб турибмиз, кейин эса кимлар ўтади. Зеро чарх айланишдан бир зум тинмайди.”,− дейилади роман сўнгида. Ҳа, бу Муюлишдаги уй олдидан халқимизнинг бутун бир тарихи ўтди, десак хато қилмаган бўламиз.

Муаллиф роман-хроника жанрида ёзилган бу асарига машҳур испан адиби Мигел Делибаснинг “Кечирилган умр – уни ҳикоя қилинганда эшитадиган одам топилсагина бирор нарсага арзийди”, деган сўзларини эпиграф қилиб олади ва бунга тўла амал қилади. Гарчи роман бир оиланинг деярли юз йил – бир асрлик тарихини акс эттирса ҳам унда ҳаётий воқеалар реал, бадиий бўёқларда тасвирланади, ўқувчи ҳам халқимиз ҳаёти, тарихи, турли одамларининг феъл-атворлари билан, яхшилигу ёмонлик ўртасидаги абадий кураш билан танишади ва шу билан биргаликда бадиий завқ олади.

Асарда гавдаланган ажойиб сиймолар-у, ажиб манзараларни юртимизнинг турли қишлоқларида учратишингиз мумкин. “Муюлишдаги уй”ни синчковлик билан мутолаа қилганлар эса кўпчиликка сабоқ бўладиган ҳикматлар хазинасини кашф этаверади.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

Мирзо улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети

Журналистика факультети доценти, филология фанлари номзоди

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>