Устозларнинг ёшларга ибрати шуми?

Ёшлигимдан улуғ шоир ва адибларга ҳавас билан улғайганман.

Бугун ҳам шундай ҳавас билан яшашни истайман.

Гапни салгина узоқроқдан бошласам-да, қисқароқ қилиб, асосий мақсадга ўтмоқчиман. Асосан, мен учун ибрат мактабини кўрсатган азиз устозларнинг ҳаёт сабоқлари (ва бугунги баъзи дилхираликлар) ҳақида сўз юритмоқчиман.

1980 йили ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети (Ўша даврда ТошДУ) Журналистика факультетига қабул қилинганимда адоқсиз орзуларимга эришиш учун катта йўл очилган эди. Мактабда севиб ўқиган китобларим: “Тоғда ўсган бола” ва “Сариқ девни миниб” асарлари муаллифлари – Оқилжон Ҳусанов (раҳматли) ҳамда Худойберди Тўхтабоевни излаб топганман.

“Гулистон” журналида ишлаётган Оқилжон Ҳусановдан одамийлик мактабини ўрганса арзирди. Устоз билан кейинчалик битта нашриётда ишладик, оилавий борди-келдилар қилдик. Адоқсиз суҳбатларимизда устоз бирор марта бировни ёмонламаган!

Ўша пайтларда “Гулхан” журналида бош муҳаррир бўлган устозим Худойберди Тўхтабоев билан ҳам қанча гурунг қилмайлик бирор марта бировни ёмонламаганини эшитмадим!

1982 йили Талабалар ётоқхонасида шоир Хуршид Даврон билан ўтказилган ижодий учрашув қалбимизда муҳрланиб қолган. Афсуски, бу устоз билан кўп ҳамсуҳбат бўлолмадим… Ўтган йили бир ижодий сафарда мазза қилиб суҳбатини олдим. Шундоқ устозлар борлигидан фахрландим!

Ўзбек филологияси факультети билан бир бинода бўлганимиз биз учун Лазиз Қаюмов, Азиз Қаюмов, Озод Шарафиддинов, Умарали Норматов, Абдуғафур Расулов, Бегали Қосимов каби адабиётшунос олимлардан ҳам сабоқ олиш имконини берганди. Йиллар мобайнида уларнинг кўп суҳбатларида бўлдим, айниқса, Абдуғафур Расулов хонадонига бориб турардим. Умарали Норматов билан бир маҳаллада яшаймиз. Бу бебаҳо устозлар муомала маданиятидан шундоқ сабоқ бердиларки, унда бирорта ғийбат ё бировни ёмонлаш ҳолатини ҳатто хаёлингизга келтирмайсиз!..

Адабиётшуносларнинг танқидий мақолаларида ҳам муаллифларга нисбатан беқиёс ҳурмат, таъбир жоиз бўлса, меҳр туйғуларини ҳис этиб турасиз.

Юқори курсда ўқиб юрган кезларимиз ҳаваскор ижодкорлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига бориб турардик. Кўпинча адабий суҳбатлар, анжуманларда ўрқа ўриндиклар бизники бўларди. Бу қутлуғ даргоҳда Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Саид Аҳмад, Ҳамид Ғулом, Мирмуҳсин, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Али, Омон Матчон, Ўткир Ҳошимов, Шукур Холмирзаев, Носир Фозилов, Неъмат Аминов, Анвар Обиджон, Хайриддин Султонов, Эркин Аъзамов, Тоғай Мурод, Мурод Муҳаммад Дўст, Мирза Кенжабек каби севимли адиб ва шоирларни кўриш ҳамда сўзларини тинглашнинг ўзи биз учун бир олам ибрат мактаби эди!

Ўқишни тамомлагач, тақдир Қибрай туман газетасига олиб кетгач, шундоқ ёнгинамизда “Дўрмон” ёзувчилар боғида шу азиз устозлар билан ҳам йиллар мобайнида кўп ҳамсуҳбат бўлдим. Уларнинг ҳар бир суҳбати битта китоб ўқиб чиқиш билан тенг маънавий лаззат берарди.

Бирор марта бирор устоздан ёмон гап эшитмадим!

“Гулхан” журналида ишлаганимда Ойдин Ҳожиева, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси билан битта қаватда жойлашган “Ўзбекистон овози”да ишлаган кезларим Аҳмаджон Мелибоев, Иброҳим Ғафуров каби устозлардан озми-кўпми сабоқ олдим.

Қисса ва ҳикоялардан иборат “Жигарбандлар”, “Шабада эсган кун” деган тўпламларимга яхши баҳо берган устозларимдан бири Шарифа Салимова Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилоят бўлимига ишга таклиф этган. Икки-уч йил устоз опамиздан ҳаётнинг энг нозик қирраларини ўрганганимни фахр билан эслайман. Ўша кезларда устоз Абдулла Орипов уюшма раиси эди. Шу устозларнинг таклифи билан 1999 йилда мен учун энг улуғ даргоҳ – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинганим ҳаётимда унутилмас воқеа бўлиб қолди.

Уларнинг ҳам муомала маданиятини бугунги ёшларга ибрат қилиб кўрсатгим келади.

1999-2003 йилларда Олий Мажлис биносида жойлашган Марказий сайлов комиссиясида фаолият кўрсатиб юрган кезларим депутат шоир ва адиблар Пиримқул Қодиров, Ўткир Ҳошимов, Эркин Воҳидов, Хуршид Дўстмуҳаммад, Муҳаммад Юсуф, Шарифа Салимовалардан бир олам таассурот олганман.

Улар суҳбатида (ё ижодида) қандайдир “бошоғриқ” бўлиши мумкин эмасди!

Бир патлар “Ёзувчи” газетасида мақолаларимни чиқарган устоз Шукур Холмирзаевнинг “мунча ўзбекпарастсан!” деган “дашноми”дан, Мирзапўлат Тошпўлатовнинг “ҳимоя”сидан завқим келиб юрардим.

Ижодий фаолиятим давомида Абдусаид Кўчимов, Шойим Бўтаев, Турсунбой Адашбоев, Оллоёр Бегалиев, Ўткир Раҳмат, Сирожиддин Саййид, Маҳмуд Тоҳир, Орзиқул Эргашев, Зулфия Мўминова, Олқор Дамин, Абдували Қутбиддин, Шуҳрат Жабборов, Аҳмад Отабоев, Мурод Абдуллаев, Ўктамхон Холдорова, Амирқул Карим (рўйхатни узоқ давом эттиришим мумкин) каби қалби пок, меҳридарё устозларнинг ҳам аввало одамийлик мактабини бугун ҳар бир ёш ижодкорга намуна қилиб кўрсатгим келади.

Уларнинг издошлари бўлган тенгдошларим ва ёшлари биздан сал кичикроқ бўлса-да ажойиб асарлари билан адабиёт мухлисларининг қалбларидан жой олаётган ўнлаб қаламкаш дўстларимда ҳам шундай инсонийлик, одамийлик фазилатларидан баҳра оламан ва уларни ҳам эндигина ижод бўстонига қадам ташлаётган ёшларимизга ибрат қилиб кўрсатаман.

Илм бўстонидаги устозларимни ҳам беқиёс маънавий оламнинг порлоқ юлдузларга қиёс қиламан! (Уларнинг ҳам ибрат мактаблари ҳақида алоҳида ёзиш ниятидаман).

Раҳматли устозим Пиримқул Қодиров билан маънавий ота-бола киришганимизни кўпчилик яхши билади. Устоз ҳаётининг сўнгги йиллари менга тез-тез қўнғироқ қилиб, ул-бул ишларни айтиб турарди. Шу аснода хонадонига кўп борар ва суҳбатларидан баҳраманд бўлар эдим. Буни ҳозир яна бир бора эслаётганим боиси шуки, Амир Темур ва Бобур боболаримиз ҳақида ўлмас асарлар яратган устоз ана шу улуғ сиймолар ҳақида ёзган Бўрибой Аҳмедов, Муҳаммад Али ва Абдулла Ориповни ҳамиша эҳтиром билан эсларди. “Буюк аждодлар ҳақида ёзиш учун фақат истеъдоднинг ўзим камлик қилади, тарихни теран ҳис этиш учун олимлик, тадқиқотчилик ҳам керак бўлади” деган гаплари ҳамон қулоғимда.

2003 йилдан буён Журналистика факультетида дарс бераман. 2005 йилдан интернет оламига ошноман. Айтиш жоизки, минглаб (онги эндигина шаклланаётган) ёшлар ўша виртуал оламга ёппасига ёпишиб қолган пайтда ундан йироқ юришимиз ҳам мумкин эмас…

Бугун бу гапларни юракда бироз оғриқ билан эслаётганим боиси шуки, сўнгги пайтларда баъзи ижтимоий тармоқлардаги “жанглар” кўпчиликнинг дилини хира қилаётганига тоқат қилиб бўлмаяпти…

Мен бир пайтлар эътиқод қилган устоз шоирга энди панд-насиҳат қилишга ожизман. Очиғи, интернетдан кўз узмайдиган талабаларнинг “ўзи нима гап?” деган оғриқли саволларига жўялироқ жавоб беришга қийналаман. Бироқ, жим кетавериш ҳам тўғри эмас…

Шу кунларда баъзи ижтимоий тармоқларда “текин томоша” авжига чиқди… Оловга керосин пуркаётгандек гиж-гижлашлар эса ҳаммасидан ошиб тушмоқда.

Баъзи ижодкор талабаларимиз бу машмаша ҳақида мендан ҳам изоҳ сўрайди. “Қўйинглар, эътибор берманглар” деган гапим ё панд-насиҳатим энди уларни қониқтирмайди. Шундай экан, айнан ўша изоҳ талаб қилаётган ёшларимиз учун таҳлилий фикрларимни билдиришга жазм қилдим.

Устоз, дея эъзозлаган шоиримиз Хуршид Даврон номидан ёзилган мана бу гаплар куракда турадими? Мен бунақа бачкана гапларни айнан Хуршид ака ёзганига ишонмайман. (У кишининг номидан биров атай қитмирлик қилаётганга ўхшайди).

Мана, ўша ғашга тегадиган гаплар:

“Узоқ йиллар давомида Зоминга бир хил рангсиз шоирлару бедард носирлар, асосан уюшмани эгаллаган уюшган тўда маишат учун борарди”.

Бу нима деган гап? Мабодо, Зоминга Хуршид Даврон ҳам борса-ю, битта баттол шунақа гап ёзса, нима бўлади?!

«токи бугун Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси бошида Муҳаммад Али ва унинг номард ўринбосарлари турар экан, Мен – Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон мамлакатдаги расмий тадбирларда иштирок этишдан сақланаман».

Йўқ, мен билган, ҳурмат қилган Хуршид аканинг гапи бунақа бўлиши мумкин эмас!

Улуғ шоир ва адиб Муҳаммад Алини виртуал оламда шу тариқа ҳиқорат қилиш – жиноят-ку…

«номард ўринбосарлари» ким экан? Бугун миллионлаб адабиёт ихлосмандларининг севимли шоирлари – Сирожиддин Саййид ва Иқбол Мирзо уюшма раисининг ўринбосарлари бўлиб ишлашларини биламан. Онда-сонда уюшмага йўлим тушса, уларнинг хоналари катта-ю кичик ижодкорлар билан тирбанд бўлишини кўп кузатганман. Агар, ўша ҳақорат шу икки шоирга қаратилган бўлса, унда муаллифнинг ўзи номард, деб ҳайқириб юборгинг келади…

«Бу ташкилот катта забардаст шоирлар ўлиб кетганидан бехабар, Амир Темур ҳақидаги бир тийинлик пенталогияни тарғиб этувчи, фақат ва фақат шу бемазаликни мақтайдиган ходимлар ишлайдиган Муҳаммад Алининг шахсий корхонасидир».

Бунақа бўлмағур гапларни ёзиш учун одам руҳий ожиз бўлиши керакдир, балки. Бир пайтлар раҳматли Саид Аҳмаднинг боғида бир аския қулоғимда қолган. Мазмуни бундай: «Бир тийинга қиммат одам бир тийинга қиммат қизга уйланади ва улардан бир тийинга қиммат бола туғилади. Унинг бир тийинга қимматлигини бировларнинг асарини «бир тийинга қиммат» деб жаврашидан билса бўлади! Ва-ҳа-ҳа…»

Улуғ адиб Муҳаммад Алининг Соҳибқирон Амир Темур ва ул зотнинг тўрт ўғли ҳаётидан ҳикоя қилувчи салмоқли асарини миллий адабиётимизда улкан воқелик сифатида баҳолашаётган ижодкорлар, адабиётшунос олимлар минг чандон ҳақдирлар! Энди бу салмоқли асар ҳақида шунчалик ҳақорат қилиб ёзган одамни нима дейиш мумкин? Ақлирасо одам аввало уни қунт билан ўқиб чиқмоғи керак! Агар ақли, билими муаллифникидан зиёдроқ бўлса, марҳамат, адабий баҳс қилсин. Асарнинг қаерида қанақа хатолик ё камчилик ўтибди? Марҳамат, мунаққидларга хос маданият билан танқид қилсин!

«Бу ташкилот фақат ҳаваскорликдан паст Зулфиячи шоиралару улардан роҳатланадиган раис ўринбосарларининг қўшма корхонасидир» деб гапирганнинг оғзига бир мушт урсанг ҳам камлик қилади. Кимнинг қизини ҳақорат қиляпсан, номард?! Агар шу даргоҳда Хуршид ака раис ё ўринбосар бўлиб ишлаганида ва қайсидир оғзи бузуқ шунақа сассиқ гаплар ёзганида нима бўларди?!

«Хуллас, бугундан эътиборан токи Муҳаммад Али каби нотавон ва ебтўймас кимса мазкур ташкилот раҳбари экан мен ўзимни бундай ташкилотга мутлақ алоқам йўқлигини, унинг аъзоси эмаслигимни эълон қиламан».

Эълон деганлари интернет орқали шунақа ҳақоратлар остида жар солинармикан? Энди тасаввур қилинг, Муҳаммад Алининг ўрнига шу жирканч гапларни ёзган кимсанинг исм-шарифини қўйиб ўқиб кўринг-чи… Хуршид ака бу ҳақоратга қандай жавоб қайтарар экан?!

Тавба, тавба, тавба…

Бир пайтлар устоз Пиримқул Қодировга нисбатан ғаламисликлар бўлганини яхши эслайман. У пайтда компьютер нималигини билмасдик, интернетни тасаввур ҳам қила олмасдик. Ўшанда ичиқора ғаламислар республика раҳбарининг оғзи билан ҳақорат қилганди… «Бобурдек золим шахсни иделлаштириб «Юлдузли тунлар» романини ёзган» деган мазмундаги бўлмағур гапларини энг юқори минбардан туриб вайсаганди… Шу муносабат билан адибнинг навбатдаги романи – «Авлодлар довони»ни чоп этилаётган жойида йўқ қилинганди…

Миллионлаб адабиёт ихлосмандларининг қарғишига қолган тупой «раҳбар»га худо кўрсатди: анча пайт совуқ ўлкалардаги қамоқхонада кўрадиганини кўрди.

Юртимиз мустақиллиги миллатпарвар адиб Пиримқул Қодировга муносиб баҳосини берди ва ҳамон руҳини шод этмоқда!

Ҳаётни қарангки, ўшанда «Юлдузли тунлар» романини қўлига ҳам олиб кўрмаган «раҳбар»га нақадар бузуқ гапларни устамонлик билан ёзиб берган манфурни топдим… Унга ҳам худо кўрсатди… (Пайти келиб бу ҳақда албатта ёзаман. Токи, авлодларга сабоқ бўлсин…)

Иғво хатининг қолганини таҳлил қилишга ҳожат бўлмаса керак.

Фақат, бу қадар тубан гапларни мен билган Хуршид Даврон ҳеч қачон ёзмаган, уни қайсидир ғаламис, ўзи бир тийинга қиммат нусха уюштирган бўлса керак, деган фикрда қолишни истайман.

Эртага кимдир Хуршид акамнинг номидан телефон қилиб, «Буни мен – Хуршид Даврон ёзганман» деса ҳам ишонмайман.

Талабалигимда мафтун этган, қанча шеърлар, асарлар ёзган Хуршид акам бунақа жирканч нарса ёзганига ҳатто ўзлари дуч келиб айтса ҳам ишонтира олмайди! Ўзига яраша эътиқод билан яшайдиган мендек сўзида собит одамнинг фикрини ўзгартира олмайди, вассалом!

Шоир Хуршид Даврон, деганда кўз олдимда бир олижаноб акамиз гавдаланишини истайман. Интернетда «Хуршид Даврон кутубхонаси» сайти билан ибрат кўрсатиб, маънавиятимизни бойитаётган хокисор шоирни ҳаммага, айниқса, ёш ижодкорларга ибрат қилиб кўрсатишни хоҳлайман. Шу пайтгача www.uchildiz.uz сайтимизда ибрат қилиб кўрсатиб ҳам келяпман.

Мен кўрган, билган устоз адиб ва шоирларни ҳамиша дўст-ошно бўлиб юрганларини кўриб ҳавас қилганман. Бугун ёшлари бир жойга бораётган атоқли адиб Муҳаммад Али ва севимли шоиримиз Хуршид Давроннинг ҳам инсонийликда, ўзаро муносабатларида шундоқ ибрат мактаби бўлишини орзу қиламан.

Устоз Пиримқул Қодиров ўз даврида иғволарга асло парво қилмай қалам тебратиб намуна кўрсатгани каби бугун Муҳаммад Алининг ҳам шундай босиқлик, вазминлик билан вазифасини бажараётгани аслида донишмандлик намунаси, дегим келади. Ана шундай инсонийлик, бағрикенглик фазилатлари давом этиши ёшларимиз учун асл ибрат мактабидир.

 хикоя1

3 ILDIZ

Тўлқин ЭШБЕК

***

Зулфия Муминова
5 ч ·
Яхши китоб-дарёдир.
Мутолаа жараёнида китоб ӯқиётганингни эсдан чиқариб,асар қаҳрамонлари билан яшасанг,изтироб чексанг,демак ,сен ӯша лаҳзаларда ҳаёт қонунларини теранроқ англаётган бӯласан. Ӯзбекистон халқ ёзувчиси,устоз Муҳаммад Алининг»Улуғ салтанат»эпопиясини қайта-қайта ӯқир эканман,ҳар сафар янги маънавий кашфиётларга ошно бӯламан. Улуғ соҳибқирон бобомиз ҳузурига таъвофга бораман.Ул зотнинг ҳар бир сӯзи,ҳар бир ҳаракати инсонийлик нурлари ила йӯғрилганидан таъсирланаман. «Улуғ салтанат»кейинги йилларда мен йиғлаб ӯқиган асарга айланди.Ҳа,ҳар қандай асар ёзувчининг истеъдоди даражасида бӯлади.Ундан юқори ҳам эмас,паст ҳам эмас. «Улуғ салтанат»ҳақида адабий жамоатчилик менгача ҳам мендан кейин ҳам самимий фикрлар билдирмоқда.
Матёқуб Қӯшжонов,Бегали Қосимов,Пиримқул Қодиров,Бахтиёр Назаров,Акмал Саидов,Темир Ширинов,
Амриддин Бердиев, Убайдулла Уватов,Хосият Бобомуродова,Дамин Тӯраев,Адҳамбек Алимбеков,Ҳаким Сатторий,Салима Умарова,Тӯлқин Ҳайит,
Комилжон Синдаров, Нусратулла Жумахӯжа, Исломжон Ёқубов,Рисолат Ҳайдарова,Замира Рӯзиева,Бахтиёр Ҳайдаров,Зуҳра Бегим,
Тӯлқин Эшбек,Мухаммаджон Холбеков,Шаҳноза Эшмирзаева,Ислом Асилбек,Анатолий Ершов каби адабиёт намоёндалари,айниқса улуғ устозлар:академиклар, профессорлар,фан докторлари,фан номзодларининг адабий-таҳлилий мақолалари асарнинг йирик бадиий кашфиёт бӯлганидан далолат бериб турибди.Эътибор берган бӯлсангиз
«Улуғ салтанат»нинг нодир эпопия эканлиги ҳақида фикр билдираётганлар мамлакатимизнинг машҳур ёзувчилари,ҳуқуқшунос-
лар,тарихчилари,диншу-
нослари,шоирлари,ёш ёзувчилари ва шоирларидир.
***
Сӯзимнинг охирида «Улуғ салтанат»дан олинган парчани келтирсам:»Одамлар буюк инсонларни кӯриб,бири-инсофлиси ҳайратга тушади,иккинчиси ёқтирмайди,бу албатта,унинг кӯнглига ин қуриб олган ҳасаднинг кирдикори.Яхши ва ёмон одамлар…Хайриятки,яхши одамлар кӯп,ҳавас қиладиган,қувонадиган-
лар бисёр,шу сабабдан дунё барқарор,Ер ӯқи ӯз комида турибди…».
Биринчи президентимиз
Ислом Каримовнинг»Амир Темурни англаш-ӯзлигимизни англаш демакдир»деган улуғвор сӯзлари қалбларимизни ифтихор туйғуларига тӯлдиради.Зеро,ҳазрати соҳибқирон бобомизни ул муҳтарм зот ҳақидаги тарихий воқеликни тӯғри талқин қилган «Улуғ салтанат»каби асарларни ӯқиш орқали англаймиз.
Ӯқийлик азизлар!,Ӯқийлик!.Ӯқиган сари юрагимизда яхшилик дарахти яшилланаверади.Ӯзимизни англайверамиз.Бир-биримизни авайлайверамиз.

***

Рисолат Хайдарова

5 ч ·

Аслида мен бу чиқишни, у мени қанчалик хафа қилмасин, жавобсиз қолдирмоқчи эдим. Сабаби, бунинг ўрнига ёзаётган ҳикоямни охирига етказсам яхшироқ эмасмиди… Қолаверса, бирмунча вақт илгари Хуршид Даврон ўз саҳифасида Жовли Хушбоқнинг Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алининг “Улуғ салтанат” эпопеяси ҳақида ўта қизиққонлик ва юзакилик билан ёзган мақоласини эълон қилганида жавоб ёзиб, эвазига Хуршид акадан кесатиқли жавоб олгандим, “Ёзувчилар уюшмасидан фалон нафар ёзувчи қатағон қилинди” каби чиқишларига қарши саволлар билан чиққандим (Ўшанда Уюшма аъзолигидан чиқарилганлар қаторида Х.Даврон ҳам бор, деган хабарлар тарқаган, аслида бу хабар нотўғри эканини била туриб, Хуршид ака муносабат билдирмай, бир неча кун мобайнида миш-мишларга “чўғ” ташлаб тургани мени хафа қилган эди. Хуршид аканинг бу иши замонавий русча жаргонда “чёрный пиар” деб аталади). Мана энди, у кишининг навбатдаги чиқиши… Фойдаси бўлармикин, у қулоқ солармикин, дедим-у, лекин барибир, айтишим керак, дедим.
Очиғини айтаман, мен ўн йилдан ортиқ вақт давомида ўз ташвиш ва муаммоларимга, рўзғор, иш ва ҳ.к.ларга ўралашиб, ижоддан узоқлашиб, энди мендан ҳеч нарса чиқмайди, энди кеч, ёзувчи сифатида тугадим ва ҳ.к. кайфиятга кўмилиб, ҳафсалам пир бўлиб юрган бир вақтда ижодга қайтишимга ўзи ҳам билмаган ҳолда Хуршид Даврон сабабчи бўлган. Шу боис мен Хуршид Давронни ўз шеърларига муҳрланган қиёфада кўргим келади, уни бу каби майда, халқ шоирига ярашмайдиган гапларни ёзиб юрадиган “Ғизғизон” (Алп Жамол ҳажвий асари) сифат одамга айланишини истамасдим. Шу боис унинг ёзганларига жавоб қиляпман. Дўст ачитиб гапиради. Агар мен Хуршид Давронга душман бўлсам, унинг бу чиқишига қарсак чалган ва шу билан уни янада пастга тортиб, майда одамлар қаторига туширган бўлардим.
Сўнгги пайтларда адабиётга, адабиёт аҳлига эътибор кучаяётган пайтда бу каби чиқишлар, бир сўз билан айтганда, уят. Ижод аҳли ўзининг, русча айтмоқчи “симпатия”, “антипатия”сини бир чеккага йиғиштириб, битта мақсад – миллат дарди учун куйиши керак бўлган бир пайтда ижтимоий тармоқни сопқонга айлантириб юрса, бу – уят.
Энди бевосита Хуршид Даврон ёзган “фактлар” ҳақида. Бўстонлиқда бўлиб ўтган ёш ижодкорлар форуми Ёзувчилар уюшмасининг эмас, Ёшлар иттифоқининг тадбири. Кимни чақириш форум ташкилотчиларининг ихтиёрида. Ташкилотчилар ҳурмат қилиб чақирибдими, бориш керак эди. Форумга бормасдан, бунинг сабабини Уюшма раисини кўришни истамаслик билан изоҳлаш ташкилотчиларга нисбатан ҳурматсизликдир. Ўзи аъзо ҳисобланган ташкилотнинг раҳбарини (форум арафасида ўзини ўзи аъзо эмас деб эълон қилгани йўқ эди-ку ҳали), қолаверса, ёши 76га борган инсонни “фантомас башара” деб ёзиш бундан ҳам ортиқ ҳурматсизлик ва бу билан Хуршид Даврон раиснинг эмас, ўзининг обрўсини тўкяпти.
Назаримда, оқил одам мана бундай иш тутарди: форумга борарди, раисни ёқтирмаса ҳам, зиммасидаги қарзини узиб (ҳар ҳолда раисдан анча ёш-ку), салом берарди, ортиқча гаплардан ўзини сақлаб, бошқаларнинг ҳам таъбини кир қилмасди, “антипатия”сини кўпчилик орасида дастурхон қилмай қўя қоларди-да, ўзини кутган ёшлар билан кўришиб, суҳбатлашарди, обрўсини сақлаб, хайр-хўш қилиб қайтарди.
Муҳаммад Али ёзган “Улуғ салтанат” эпопеясига келсак, бу асарнинг қиммати қанчалик эканлиги ҳақидаги ҳақиқатни келажак айтади. Нима учун? Мен Соҳибқирон ҳақида катта асарни ким ёзаркин, дея ўйлаганимда, хаёлимга аввало Одил Ёқубов келган, кейин Пиримқул Қодиров ёзармикин, деб тахмин қилдим, балки Асад Дилмуродмикин ё Муҳаммад Алими ёки Хайриддин Султонми? Чунки бу ёзувчиларнинг ҳар бирида темурийлар даври борасида “багаж” бор эди. Мен “Бибихоним қиссаси”ни, “Соҳибқирон невараси”ни ўқиганда Хуршид Даврон ёзса керак, бу бадиҳалар шу ишга тайёргарлик бўлса керак, деб ҳам ўйлаганман. Лекин бу ишни Муҳаммад Али амалга оширди. Муҳаммад Али Амир Темур сиймосини катта кўламдор асарда биринчи бўлиб яратган ёзувчи сифатида тан олинди ва тарихга кирди. Бу – факт. Қачонки бошқа бир ёзувчи бадиий жиҳатдан “Улуғ салтанат”дан баланд, ҳар томонлама баркамол эпопея ёзсагина, “Улуғ салтанат”нинг даражаси аниқ кўринади (аммо шунда ҳам “Улуғ салтанат” биринчи роман-эпопея сифатида қолаверади). Лекин ҳали ҳеч ким Соҳибқирон ҳақида бадиий пишиқ, пухта ва кўламдор асар ёзолгани йўқ. Тўғри, уринишяпти (масалан, Нурали Қобул), бироқ бу уринишлар муваффақиятсиз тугаяпти. Шундай бир аҳволда биз борини йўққа чиқарсак, бу ақлли одамнинг иши бўладими?
Бирон бир асар ҳақида ҳукм чиқаришдан аввал ўша асарни ўқиш керак. Назаримда, Хуршид Даврон “Улуғ салтанат”ни ўқимаган. Чунки шу пайтга қадар ўз фикрини асослаб бера олмади, яккаш “ёмон, ёмон” дейди, холос. “Алтоир юлдузи” ҳикоясининг қай тахлит таҳлил этилгани эса асардан фақат нуқсон қидириб ўқилганидан дарак бериб турибди. Ҳар қандай асарни таҳлил қилишда муаллифга нисбатан, у кимлигидан қатъий назар, ҳурмат сақлаш керак. Ҳатто бўш асар ёзган тақдирда ҳам ёзувчининг шахсиятига тегишга, унинг асарини ерга уришга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.
Шу ўринда мен бошқа бир воқеани эсга олмоқчиман. Бундан бирмунча вақт аввал Хуршид Даврон “Алғул” драмаси учун “Шарқ юлдузи” журналининг йиллик мукофотини олди. Драма 90-йилларда ёзиб, ташлаб қўйилган экан. Мукофотни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али топширди. Муҳаммад Алига нисбатан “антипатия”си Хуршид Давронга шу кишининг қўлидан мукофот олишига, бу ҳақда ўз сайтида фахр билан ёзишига негадир халақит бермади. Лекин Муҳаммад Али қатнашган форумга боришга эса халал берди. Жуда ғалати, тўғрими?
Ёзувчилар уюшмасидан ташқари, бошқа бир ташкилот, бирлашма ё иттифоқ тузиш борасида менинг қарашим эса шундай. 90-йилларда Адиблар Иттифоқи тузилганди, унга бирмунча вақт Эркин Воҳидов, бироз вақт Хуршид Даврон раҳбарлик қилган. Лекин бу ташкилот яшаб қололмади. Шундай экан, яшовчан бўлмаган ташкилотни яна тирилтиришга уринишнинг нима кераги бор? Ва бундан ким манфаатдор? Ижод аҳлини бир нечта ташкилотларга бўлиб юбориш шунчалар зарурми? Бундан ёзувчи ва шоирлар нима ютади ва нимани ютқизади? Бошқа бир нечта ташкилот керак деяётган одам оддийгина ҳақиқатни тушунадими? Яъни – тузиладиган ташкилот ниманинг ҳисобига кун кўради? Ё қуруқ ташаббус билан уфқлар кўзланадими? Мирқуруқ ташкилот ўз аъзоларини қандай қўллаб-қувватлайди?
Хуршид Давроннинг “Мустақиллик йилларида, демак, 26 йил давомида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги 10 та нашриётдан ҳеч бирида биронта ҳам китоби чиқмагани” хусусида. Мана, унинг Мустақилликдан кейинги босилган китоблари: “Самарқанд хаёли”, 1991 й., “Соҳибқирон набираси”, 1995 й., “Баҳордан бир кун олдин” 1997 й., “Бибихоним қиссаси” (лотин алифбосида), 2007 й., “Шайх Кубро тушлари”, 2008 й. Бу китобларнинг бари Матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги нашриётларда (Ғ.Ғулом номидаги НМИУ, “Шарқ” концерни ва ҳ.к.) босилган. Демак, даъвоси ёлғон. Агар 2008 йилдан кейин босилмаган бўлса, сабабни Хуршид аканинг ўзидан излаш керак.
Мен Хуршид Давроннинг фесбукдаги чиқишларида аламзадаликни кўряпман. Йўқса, Муҳаммад Али баҳона, Президентнинг Бош маслаҳатчиси Хайриддин Султонга, Зулфия мукофотини олган қизларга, Уюшмада ишлаётган ўз ҳамкасбларига нисбатан ҳақоратомуз гапларни айтишдан тийилган бўларди. “Бу ташкилот фақат ҳаваскорликдан паст Зулфиячи шоиралару улардан роҳатланадиган раис ўринбосарларининг қўшма корхонаси” дейиш билан Х.Даврон ўз ҳамкасбларини, ўзи кўрмаган, билмаган қизларни ўзи кўрмаган нарсаларда гумон қиляптими? Зулфиячилар – кимларнингдир фарзандлари. Хуршид ака, бировларнинг қизларини маломат қилишга ҳақингиз борми?
Х.Давроннинг “Яқинда бўлиб ўтган учрашувда қалам ҳақини ошириш ҳақидаги гапларга унчалик ишонмайман. Бу гапларнинг барчаси популизм учун айтиляпти. Қалам ҳақи тушунчаси энг аввало халқ турмушидаги ҳолат, аниқроқ айтсам, оиланинг моддий аҳволи билан боғлиқ. Одамлар яхши ойлик олса, оилада ортиқча маблағ пайдо бўлса, ана шу ортиқча даромад эвазига китоб олиш имконияти пайдо бўлади.”, деган сўзларига келсак… Мамлакатимиз иқтисодиётида муаммолар кўп эканлиги рост. Лекин китобга маблағ тополмаётган одамларнинг данғиллама тўйларга пул топаётгани-чи? Тирикчилик деб мусофир юртга кетганларнинг аксарияти ҳам ишлаб топиб келган пулини… ҳа, данғиллама тўй қилиб, сочиб, йўқ қиляпти! Шу пулини болаларини илмли қилиш учун сарфлаётган бўлса кошки! Йўқ, бу ерда гап миямизга ўрнашиб қолган мешчанлик, буюмпарастлик, бемаъни ҳою-ҳаваслардан қутулиш ҳақида боряпти. Агар одам истаса, имкон топади. Китоб олишни истаса, пулни ҳам топади. Бу борада Хуршид ака бир ёқлама фикрлаяпти. Ҳатто халқ ҳозиргидан юз бора ночор яшаган 30-, 40-йилларда ҳам одамлар китоб сотиб олган, ўқиган эди. Майли, асосий масаладан чалғимайлик.
Мен уч йилдан бери Дўрмон семинарида қатнашиб келаман. Семинаргача бўлган тайёргарлик жараёнида Исажон Султон, Абдуқаюм Йўлдошлар билан бирга ёш носирларнинг папка-папка қўлёзмаларини кўриб чиқамиз. Ўзимизнинг ишимизни бир четга йиғиштирамиз, ҳаваскорлик даражасида бўлган қўлёзмаларни ҳам синчиклаб ўқиймиз. Дўрмонда ўтадиган семинар вақтида ҳатто бош қашишга қўл тегмайди. Уч кун ичида қоғозга тикилавериб шу қадар толиқаманки, Тошкентга, уйимга аранг етиб келаман. Хуршид Даврон маишат деб нимани айтяпти? Ўзи семинарга бирон марта келмаган бўлса, бу ердагилар ишлаяптими, маишат қиляптими, нимага қараб тахмин қиляпти? “Биринчи китобим” сериясини тайёрлашда-ку, ёшларнинг қўлёзмаси сўзма-сўз, сатрма-сатр ишланади. Қўлёзмаларни саралашда ҳар йили қатнашаман. Қўлёзма устида ишлаганлар бу ишларини пул учун қилишаётгани йўқ, оладиган гонорарлари ҳар чоракда тўланадиган арзимасгина маблағ. Ҳар ҳолда, одамлар ишлаяпти, ўйламасдан ҳукм чиқаравериш яхшимас.
Уюшма фаолиятидан норози бўлса, ёки раис ёқмаса, бу Уюшмани бойкот қилиш керак, дегани эмас. Агар киши ўзини виждонли ва инсофли деб билса, Уюшмага келиб, виждонлилар сонини яна биттага кўпайтирсин. Назаримда мана шу иш оқилона бўлади.
Одам ўзига қандай муомала қилинишини истаса, ўзгаларга ҳам шундай муомала қилиши зарур. Чунки дунё ҳар кимга шу одамнинг овози билан акс-садо қайтаради. Хуршид ака, бугун эътибордан қолган бўлсангиз, бунинг сабабини ўзингиздан излаб кўринг. Айтинг-чи, китобингиз охирги марта босилган 2008 йилдан бери ўзингиз нима ёздингиз? Қайси бир катта бадиҳа, қисса, достон ёки роман ёздингиз-у, Муҳаммад Али шунинг босилишига қаршилик қилди?
Сиз фесбукни “гуллатиш” билан овора бўлиб юрган пайтингизда сиз билан бир вақтда майдонга кирганлар анча-мунча асарлар яратишди, сиз эса ҳамон Интернетга эски шеърларингизни жойлаштириш билан бандсиз. Интернет худди сиз ўн йилдан ортиқ умрингизни берган, охири сизни бешафқатларча супуриб ташлаган телевидениега ўхшайди, ўзидан из қолдирмай, ҳавога учиб кетади.
Ҳар ҳолда, бир вақтлар ажойиб шеърларингиз бор эди, ёнига гўзалдан-гўзал янги шеърларни ижод қилиб қўшинг. Шеър ёзолмай қолган бўлсангиз, таржимага киришинг, таржимачилигимизда қилинадиган ишлар жуда кўп. Публицистика ёзинг, маърифий-тарихий эсселар ёзинг ҳеч бўлмаса.
Ўзбекистон халқ шоири деган номни кўтариб юрган одамга Ғизғизонга эргашиш эмас, ижод қилиш ярашади.

Сизга яхшилик тилаб,
Рисолат Ҳайдарова

P.S. Чиқишингиздан кейинги жавобларни ўқиган бўлсангиз керак. Айниқса, Даврон Жумаевнинг жавобини. Шунчалар ҳақоратларни эшитиш сизга ёқяптими? Начора, ўзингиз шуни тилаб олдингиз. Сизга жавоб ёзган Тўлқин Эшбек, Маҳмуд Тоир, Ботир Эргаш, шунингдек, ҳаваскор журналист қизимизнинг сўзларини ҳам ўқигандирсиз. Билмадим, сизга қандай, аммо менга қаттиқ таъсир қилди. Овчи бир қушни мўлжалга олади-ю, лекин сопқон аксарият тескари кетиб, овчининг кўзини чиқаради. Бу бор гап.

***

Шарофиддин Тулаганов Курашади икки тўлқин. Қараб турайму.
Буюк шоиримиз Ойбекнинг бу сатрларни яна бир буюк шоиримиз Абдулла Орипов ўз шеърларилан бирига эпиграф қилиб олган эдилар. Бугун мен ФБдаги баъзи бир тортишувларга муносабат билдиришга аҳд қилар эканман, шу сатрларни эпиграф қилиб олишга қарор қилдим. Мен ҳурмат қилган адиб, ўзбек адабиётида ўз ўрнига эга Хуршид Даврон яқинда бўлиб ўтган ёш ижодкорлар анжуманига иштирок этмасликка қарор қилиб, ўз фикр-мулоҳазаларини ФБда эълон қилдилар. Бу уларнинг ҳуқуқи. ФБдаги фикрларни ҳеч ким чеклай олмайди. Хўш бундан ким ютди-ю, ким ютқазди?
Аслида адиблар ўзаро ҳурматда бўлишлари керак эмасми? Тўғри. ҳатто Навоийдек шоир Биноийдек шоир билан келиша олмаган. Ҳозир Муҳаммад Али ёки Хуршид Давронни солишгтирганда ким Навоий, ким Биноий эканлигига бошим қотиб қолди. Мен бирорта ҳам шеър, хикоя, роман, қисса ёзган эмасман. Оддий журналистман холос. Шу сабабли Ёзувчилар уюшмасига аъзоликка асло даъвогарлик қилмаганман. Муҳаммад Али ва Хуршид Даврон ўртасига қозилик қилиш ниятим ҳам йўқ. Аммо бу каби тортишувлар, ёки бургага аччиқ қилиб кўрпага ўт қўйиш кимга фойда, кимга зарарлиги ҳақида бошим қотиб қолди. Ўтган асрнинг 90-йилларида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг иккига бўлингани, яъни Адиблар уюшмасининг тузилгани бирор бир фойда келтирмаганини эслаб кўрайлик. Ўшанда ҳам Адиблар иттифоқининг тузилишига мен хурмат қилган Хуршид ака бош-қош бўлган эдилар. Аммо барибир Ёзувчилар уюшмаси ўз ўрнида қолган эди. Хорижда уюшмалар хукуматнинг бирор бир қарори билан эмас, балки ижодкорларнинг ҳоҳиш-иродаси билан тузилади. Бунинг учун адибларнинг ўзлари ҳаракат қилишлари керак. Бизда ҳам бу каби саъй-ҳаракатлар учун хеч ким тўсқинлик қилмайди. “Давр келди сур бегим”, дейдиган давр келди. Осмондан чалпак ёғишини кутмай, ҳаракат қилиш керак. Бунинг учун айрим мўйловларни танқид қилиш ҳам керак эмас. Ўзимиз ҳам амалда бўлганимизда халқ учун нима қилган эдик, деган саволни бир бор ўзимизга бериб кўрайлик. “Ёшлар”ни, “Ўзбекистон”ни бошқарганимизда маҳаллийчилик қилганимизни ёддан чиқармайлик.
Шу ўринда таниқли адиб, жонкуяр ватанпарвар Тўлқин Эшбекнинг куйиниб ёзганларига эътиборимни қаратдим. Леопальд ҳақидаги мультфильм эсингиздами? У ҳамиша “Ребята, давайте жить дружно”- Болалар, келинглар иноқликда яшайлик, дейди. Ёзувчилар, шоирлар, келинг иноқликда яшайлик. Ахир халқимиз сиздан ўрнак олади!. Сиз бир-бирингизни ……кавлар экансиз, оддий халқдан нималарни кутиш мумкин? Биз тарихда Марказий Осиё халқларни ўзаро бирлаштирган халқ эмасмизми?! Кўзни очайлик.
Русларда қўпол бир ибора бор. Улар “это сукин сын, но это наш сукин сын” дейишади. Таржимаси қўпол аммо, ибратли ибора. Биз буюк халқ бўлишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз, руслар айтмоқчи фарзандлармизнинг айбларидан фазилат излашимиз керак. Менинг фикрларим кўпчиликка ёқмаслиги аниқ. Аммо бу менинг шахсий фикрим. Шундайлигича қабул қилишингиз (ёки қабул қилмаслигингиз) керак. Саломат бўлинг.

***

Урал Абилов «Гап келганда отангни ҳам аяма» нақлига амал қилинган мақола бўлибди. Бу адибларимиз учун бешак бир «ҳайқириқ»бўлибди. Бундан аксарият адибларимиз ва бугунги ёш авлодимиз ижобий хулоса чиқарадилар деб, умид қиламиз. Сизга катта раҳмат Тўлқинжон!

Шоира Эрматова Устоз рахмат сизга! Ижод ахлига муносиб булмайдиган гап сузларга тулик, мукаммал тахлилий маколангиз учун! Ёшларимизни ва адабиёт ахлини тугри уйлаш ва солим фикрга келиши учун хизматларингизни Оллох азиз айласин!
Хулкар Хатамбаева Тугри гапларни ёзибсиз, домла.
Халқимиз азал-азалдан ижодкорларига, айниқса, шоиру ёзувчиларига ўзгача эъзоз-ҳурмат кўрсатиб келган. Барчанинг кузига маънавият, маърифат тарқатувчи табаррук инсон, бир сўз билан айтганда, қусури йўқ, яхши фазилатли инсон бўлиб кўринган (аслида баъзиларининг орасида низо, адоват бўлса ҳам. ..)
Айни кунларда кўпчилик муҳокамасидаги мазкур ҳолат ижодкорларга бўлган ҳурматни сусайтирмоқда. Мен ташвишдаман, энди умид билан ижод эшигини очаётган ёшларимиз устозларга қараб: “Бу шоир рангсиз шоирлар тоифасига кирармикан, ранглиларига?!” ва ёки “Мана бу устоз ёзувчимиз бедард носирмасмикан?!”, деган фикрга боришидан. Ва жуда катта ташвишдаман, Ўзбекистонимиздаги бошқа соҳа вакиллари ҳам: фан арбоблари, олимлар, таълим, тиббиёт, иқтисодиёт…қўйингки, барча соҳа вакиллари ана шундай қатъий эътироз ва ўз касбдошларига нафратларини халқимиз, ёшларимиз олдида баралла айта бошлашидан…
Ҳамма нарсанинг ҳам ўз меъёри, жойи ва ёзилган, ёзилмаган қоидалари бор… Балки мен ноҳадирман, аммо бу меннинг фикрим!

***

ҲАВАСКОР ЖУРНАЛИСТ ҚУНДУЗОВАГА ВА БОШҚАЛАРГА

Менинг Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ҳақида ёзганларимни фақатгина Муҳаммад Али ёки унинг ўринбосарларига қарши ёзилган деб тушунмаслик керак. Мен уюшманинг бугунги аянчли аҳволи,ташкилот уставига риоя қилинмаётгани, уюшма раҳбариятининг адабиётимиз равнақига ва ижодкорлар тақдирига мутлақ бепарво фаолиятига диққатни қаратишга уриндим,холос. Унда ёзувчилар ташкилотининг қандай бўлиши ҳақидаги фикрларимнинг бир парчасигина кўринди.

Мен тенгилар Комил Яшин, Сарвар Азимов, Ўлмас Умарбеков, Одил Ёқубов давридаги ёзувчилар ташкилоти қандай бўлганини кўргани ва билгани учун ҳам бугунги сустликка тоқат қилолмаяпти. Мен 3 йил олдин «Китоб дунёси»да босилган бир суҳбатда ўша даврларни ҳайқириб оққан дарёга, бугунги ташкилот ҳаётини кўлмакка қиёслаган эдим. Бугунги авлод уюшма бир пайтлар қандай жўшқин ташкилот бўлганини тасаввур ҳам қилолмайди.

Хуллас, асосий гап Муҳаммад Али билан Хуршид Даврон ўртасидаги «жанг»да эмас. Қолаверса, мен адабиётга Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи каби устозлар қаторида Муҳаммад Алининг илк китобларини ўқиб, улардан таъсирланиб кириб келганман. Муҳаммад Алининг «Алвон чечаклар» китобини ҳозир ҳам қўлимга олиб, варақлаб, ўша пайтлардан севган шеърларини ўқиб тураман. Аммо, унинг кейинги ижоди мени мутлақ қаноатлантирмаганини ҳам очиқ айтаман. Бу менинг шахсий фикрим. Уни қабул қилиш ёки қилмаслик ҳар кимнинг ўз ихтиёрида. Хусусан, Муҳаммад Алининг тарихий асарлари ҳақидаги фикрларимни очиқ-ойдин ёзганман. (http://kh-davron.uz/…/xurshid-davron-sohibqiron-mirzo-ulugb…) Ўшандаям у ўзи йўқ одамлар номи билан (аниқроғи ўзининг уюшмадаги мардикорларини ишга солиб) менга қарши бўҳтон гапларни эълон қилдирган эди.

Яна такрорлайман, асосий гап Муҳаммад Али билан Хуршид Даврон ўртасидаги «жанг»да эмас. Ҳар қандай жангда икки томон қатнашиши лозим. Ҳозирча эса фақат мен фикримни айтяпман, ташкилот раҳбарлари яна ўша тоқи юнусдан қолган «приём»ни қўллашмоқда: ўз қўли остидагиларни менга қарши ёзишга мажбурламоқда ёки ўзи йўқ одамлар фамилиялари билан очилган саҳифаларда мени ҳақорат қилиш билан овора. Улар иложи борича, 30 йиллар қатағонида чақув ёзган кимсаларга ўхшаб менга сиёсий айблар қўйишга зўр беришмоқда

Уюшма, демак Муҳаммад Али мени қўллаб пост ёзган ёш ижодкорларни чақириб тергаш, биринчи китобларини чиқарган ёшларни чақириб, «Китобингни биз чиқардикми, энди бизни қўлла» деб, яна бошқаларига «Биринчи китобингни чиқариб берамиз» деб менга қарши қаратилган очиқ хатга қўл қўйдириш билан машғул.

Уларнинг шотирлари иккиюзламачилик билан овора: Исмлари очиқ кўринган жойда менинг номимни ҳурмат билан тилга олишади, аммо, номи бору ўзи йўқлар мени ёмонлаб ёзиши билан уларни қувватлаб «лайк» босишади.

Асосий гапдан диққатни олиб қочиш учун «Нега бориб ўзига айтмайсиз?» «Нега олдин айтмагансизга?»га ўхшаган бефаросат айтилган гаплар билан баҳсни бошқа томонга буришга уринишади. «Нега олдин айтмагансиз» деганларга жавоб битта: Олдин ҳам айтганман, ҳозир ҳам айтаман, зарурат бўлса кейин ҳам айтаман.

Ёзувчилар ташкилоти Хуршид Давроннинг ёки Муҳаммад Алининг отасидан қолган дўкон эмас. У миллат ва жамият тараққиётида жуда муҳим ўрин эгаллаган жамоатчилик ташкилотидир. Шу сабабдан ҳам унинг фаолияти ҳақидаги фикру мулоҳазалар «қулоққа бориб айтиладиган гап» эмас. Бу масала жамият ичида, хусусан , унинг бир қисмига айланиб бораётган ижтимоий тармоқларда муҳокама этилиши миллий ижтимоий жараёнда нормал ҳодисага айланиши лозим. Бу билан биз ижтимоий тармоқларда авжига чиққан уятсиз нодон, бачкана, миллий ахлоқу қадриятларимиздан йироқ баҳслар ўрнига халқимиз ва давлатимизнинг бугунги ривожида муҳим ўрин тутган масала ва муаммолар хусусидаги баҳсларни кўпайишига хизмат қиламиз.

Давлат маслаҳатчиси ҳақидаги гапниям «ёзувчи Хайриддин Султонов»га қараб бурмаслик керак. Гап ёзувчилар ушмаси каби кўплаб жамоат ташкилотлари ва матбуот, ТВ фаолиятини назорат этишга масъул шахс — давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ҳақида эканлигини унутмаслик керак. Ёзувчи Хайриддин Султоновга менинг мутлақо эътирозим йўқ. Ўрни келгани учун айтиб ўтишни лозим кўраман: ёзувчи Хайриддин Султонов ўзининг гўзал ҳикояларидан бири «Раъно гулининг суви» ни менга бағишлаган, сарлавҳа остида «Хуршид Давронга бағишлайман» деб ёзиб қўйган. Хуллас, менинг ўша ёзганимдаги «Давлат маслаҳатчиси» деган иборанинг ёзувчи Хайриддин Султоновга умуман дахли йўқлигини билинг.

Гапни шахсий адоватлар томонга бураётганларга парво қилмай, менинг ёзганларимни фақат ва фақат ёзувчилар ташкилоти фаолиятини янгилашга даъват тарзида қабул қилинг. Токи ташкилот янгиланмас экан унинг ўзбек адабиётининг тараққиётидаги ўрни аянчли бўлиб қолаверади. Токи ташкилот фаолияти янгиланмас экан Ўзбекистон раҳбарининг ўтиш даврининг беш асосий тамойилида акс этган вазифалардан бири — адабиётимизнинг миллат ҳаётига бўлган таъсири ҳақида гапирмасаям бўлади.

HAVASKOR JURNALIST QUNDUZOVAGA VA BOSHQALARGA

Mening O‘zbekiston yozuvchilar uyushmasi haqida yozganlarimni faqatgina Muhammad Ali yoki uning o‘rinbosarlariga qarshi yozilgan deb tushunmaslik kerak. Men uyushmaning bugungi ayanchli ahvoli,tashkilot ustaviga rioya qilinmayotgani, uyushma rahbariyatining adabiyotimiz ravnaqiga va ijodkorlar taqdiriga mutlaq beparvo faoliyatiga diqqatni qaratishga urindim,xolos. Unda yozuvchilar tashkilotining qanday bo‘lishi haqidagi fikrlarimning bir parchasigina ko‘rindi.

Men tengilar Komil Yashin, Sarvar Azimov, O‘lmas Umarbekov, Odil Yoqubov davridagi yozuvchilar tashkiloti qanday bo‘lganini ko‘rgani va bilgani uchun ham bugungi sustlikka toqat qilolmayapti. Men 3 yil oldin “Kitob dunyosi”da bosilgan bir suhbatda o‘sha davrlarni hayqirib oqqan daryoga, bugungi tashkilot hayotini ko‘lmakka qiyoslagan edim. Bugungi avlod uyushma bir paytlar qanday jo‘shqin tashkilot bo‘lganini tasavvur ham qilolmaydi.

Xullas, asosiy gap Muhammad Ali bilan Xurshid Davron o‘rtasidagi “jang”da emas. Qolaversa, men adabiyotga Erkin Vohidov, Abdulla Oripov, Rauf Parfi kabi ustozlar qatorida Muhammad Alining ilk kitoblarini o‘qib, ulardan ta’sirlanib kirib kelganman. Muhammad Alining “Alvon chechaklar” kitobini hozir ham qo‘limga olib, varaqlab, o‘sha paytlardan sevgan she’rlarini o‘qib turaman. Ammo, uning keyingi ijodi meni mutlaq qanoatlantirmaganini ham ochiq aytaman. Bu mening shaxsiy fikrim. Uni qabul qilish yoki qilmaslik har kimning o‘z ixtiyorida. Xususan, Muhammad Alining tarixiy asarlari haqidagi fikrlarimni ochiq-oydin yozganman. (http://kh-davron.uz/…/xurshid-davron-sohibqiron-mirzo-ulugb…) O‘shandayam u o‘zi yo‘q odamlar nomi bilan (aniqrog‘i o‘zining uyushmadagi mardikorlarini ishga solib) menga qarshi bo‘hton gaplarni e’lon qildirgan edi.

Yana takrorlayman, asosiy gap Muhammad Ali bilan Xurshid Davron o‘rtasidagi “jang”da emas. Har qanday jangda ikki tomon qatnashishi lozim. Hozircha esa faqat men fikrimni aytyapman, tashkilot rahbarlari yana o‘sha toqi yunusdan qolgan “priyom”ni qo‘llashmoqda: o‘z qo‘li ostidagilarni menga qarshi yozishga majburlamoqda yoki o‘zi yo‘q odamlar familiyalari bilan ochilgan sahifalarda meni haqorat qilish bilan ovora. Ular iloji boricha, 30 yillar qatag‘onida chaquv yozgan kimsalarga o‘xshab menga siyosiy ayblar qo‘yishga zo‘r berishmoqda

Uyushma, demak Muhammad Ali meni qo‘llab post yozgan yosh ijodkorlarni chaqirib tergash, birinchi kitoblarini chiqargan yoshlarni chaqirib, “Kitobingni biz chiqardikmi, endi bizni qo‘lla” deb, yana boshqalariga “Birinchi kitobingni chiqarib beramiz” deb menga qarshi qaratilgan ochiq xatga qo‘l qo‘ydirish bilan mashg‘ul.

Ularning shotirlari ikkiyuzlamachilik bilan ovora: Ismlari ochiq ko‘ringan joyda mening nomimni hurmat bilan tilga olishadi, ammo, nomi boru o‘zi yo‘qlar meni yomonlab yozishi bilan ularni quvvatlab “layk” bosishadi.

Asosiy gapdan diqqatni olib qochish uchun “Nega borib o‘ziga aytmaysiz?” “Nega oldin aytmagansizga?”ga o‘xshagan befarosat aytilgan gaplar bilan bahsni boshqa tomonga burishga urinishadi. “Nega oldin aytmagansiz” deganlarga javob bitta: Oldin ham aytganman, hozir ham aytaman, zarurat bo‘lsa keyin ham aytaman.

Yozuvchilar tashkiloti Xurshid Davronning yoki Muhammad Alining otasidan qolgan do‘kon emas. U millat va jamiyat taraqqiyotida juda muhim o‘rin egallagan jamoatchilik tashkilotidir. Shu sababdan ham uning faoliyati haqidagi fikru mulohazalar “quloqqa borib aytiladigan gap” emas. Bu masala jamiyat ichida, xususan , uning bir qismiga aylanib borayotgan ijtimoiy tarmoqlarda muhokama etilishi milliy ijtimoiy jarayonda normal hodisaga aylanishi lozim. Bu bilan biz ijtimoiy tarmoqlarda avjiga chiqqan uyatsiz nodon, bachkana, milliy axloqu qadriyatlarimizdan yiroq bahslar o‘rniga xalqimiz va davlatimizning bugungi rivojida muhim o‘rin tutgan masala va muammolar xususidagi bahslarni ko‘payishiga xizmat qilamiz.

Davlat maslahatchisi haqidagi gapniyam “yozuvchi Xayriddin Sultonov”ga qarab burmaslik kerak. Gap yozuvchilar ushmasi kabi ko‘plab jamoat tashkilotlari va matbuot, TV faoliyatini nazorat etishga mas’ul shaxs — davlat maslahatchisi Xayriddin Sultonov haqida ekanligini unutmaslik kerak. Yozuvchi Xayriddin Sultonovga mening mutlaqo e’tirozim yo‘q. O‘rni kelgani uchun aytib o‘tishni lozim ko‘raman: yozuvchi Xayriddin Sultonov o‘zining go‘zal hikoyalaridan biri “Ra’no gulining suvi” ni menga bag‘ishlagan, sarlavha ostida “Xurshid Davronga bag‘ishlayman” deb yozib qo‘ygan. Xullas, mening o‘sha yozganimdagi “Davlat maslahatchisi” degan iboraning yozuvchi Xayriddin Sultonovga umuman daxli yo‘qligini biling.

Gapni shaxsiy adovatlar tomonga burayotganlarga parvo qilmay, mening yozganlarimni faqat va faqat yozuvchilar tashkiloti faoliyatini yangilashga da’vat tarzida qabul qiling. Toki tashkilot yangilanmas ekan uning o‘zbek adabiyotining taraqqiyotidagi o‘rni ayanchli bo‘lib qolaveradi. Toki tashkilot faoliyati yangilanmas ekan O‘zbekiston rahbarining o‘tish davrining besh asosiy tamoyilida aks etgan vazifalardan biri — adabiyotimizning millat hayotiga bo‘lgan ta’siri haqida gapirmasayam bo‘ladi.

You may also like...

2 Responses

  1. Урал Абилов «Гап келганда отангни ҳам аяма» нақлига амал қилинган мақола бўлибди. Бу адибларимиз учун бешак бир «ҳайқириқ»бўлибди. Бундан аксарият адибларимиз ва бугунги ёш авлодимиз ижобий хулоса чиқарадилар деб, умид қиламиз. Сизга катта раҳмат Тўлқинжон!
    ФБдан кўчириб қўйилди.

  2. ФБдан кўчириб қўйилди:
    Гузал Мутолипова Долзарб ва оғриқли мавзуни кўтарибсиз. Қоғозга туширишнинг ўзи қанчалик машаққат бўлганини ҳис қилаяпман.
    Нравится · Ответить · 2 · 5 ч
    Управление
    Хулкар Хатамбаева
    Хулкар Хатамбаева Тугри гапларни ёзибсиз, домла.
    Халқимиз азал-азалдан ижодкорларига, айниқса, шоиру ёзувчиларига ўзгача эъзоз-ҳурмат кўрсатиб келган. Барчанинг кузига маънавият, маърифат тарқатувчи табаррук инсон, бир сўз билан айтганда, қусури йўқ, яхши фазилатли инсон бўлиб кўринган (аслида баъзиларининг орасида низо, адоват бўлса ҳам. ..)
    Айни кунларда кўпчилик муҳокамасидаги мазкур ҳолат ижодкорларга бўлган ҳурматни сусайтирмоқда. Мен ташвишдаман, энди умид билан ижод эшигини очаётган ёшларимиз устозларга қараб: “Бу шоир рангсиз шоирлар тоифасига кирармикан, ранглиларига?!” ва ёки “Мана бу устоз ёзувчимиз бедард носирмасмикан?!”, деган фикрга боришидан. Ва жуда катта ташвишдаман, Ўзбекистонимиздаги бошқа соҳа вакиллари ҳам: фан арбоблари, олимлар, таълим, тиббиёт, иқтисодиёт…қўйингки, барча соҳа вакиллари ана шундай қатъий эътироз ва ўз касбдошларига нафратларини халқимиз, ёшларимиз олдида баралла айта бошлашидан…
    Ҳамма нарсанинг ҳам ўз меъёри, жойи ва ёзилган, ёзилмаган қоидалари бор… Балки мен ноҳадирман, аммо бу меннинг фикрим!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>