Файласуф олиманинг дил сўзлари

Озод юрт донишманд раҳбарининг қадами қутлуғ шогирди

ёки

Озод юртнинг қадами қутлуғ Президенти

Ҳар қандай мамлакатнинг озодлиги, тинчлиги, халқ ҳаётининг фаровонлиги уни бошқараётган раҳбарнинг донишмандлиги, халқпарварлиги, эл-юрт ободлиги йўлидаги фидокорона меҳнати эвазига таъминланади. Шу боис, Ўзбекистон мустақил тараққиёт йўлига ўтган дастлабки кунданоқ мамлакатимизда оқилона бошқарувга алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган 25 йил шонли ва суронли бўлиб, юртимиздаги иқтисодий қийинчиликлар, сиёсий фитналар, маънавий бўҳронлардан эсон-омон ўтгани, унинг барқарорлиги фақат донишманд давлат Раҳбарининг оқилона сиёсати туфайли таъминланганини дунё эътироф этмоқда.

Марказий Осиёнинг буюк мутафаккирларидан бири Абу Наср Форобий ўзининг “Фозил шаҳар аҳолиси” асарида фақат донишманд бошлиқгина “Қўл остидагиларга ишлаш учун имкон беради”- деб алоҳида таъкидлаган. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов донишмандлик нуронийлик эмас, балки энг аввало қонун устиворлиги билан белгиланган адолатпарварлик, билим ва фидоийлик, ташаббус ва ишбилармонлик, тадбиркорлик ва мулоҳазалилик, муомала ва одоб, зукко ва талабчан устоз, энг муҳими мақсаднинг аниқлиги эканлигини ўз фаолиятида намоён этди ва муносиб шогирдларга устоз бўлди. Дарҳақиқат, 2003- йилда Ш.М.Мирзиеевни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг раиси лавозимига тайинлар экан, Ислом Каримов шогирди фаолиятига баҳо бериб “Раҳбар минг бор тажрибали, ақлли бўлмасин, энг аввало унинг қадами қутлуғ бўлмаса, омади келмаса иш юришмайди. Шавкат Миромонович Мирзиеев ҳар томонлама чуқур билим ва ақл заковатга, кенг фикрлаш қобилияти, катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган, йирик лойиҳаларни амалга оширишда талабчан ташкилотчи ва жонкуяр, масъулиятли ва жавобгарликни ўз зиммасига оладиган, ҳар қандай вазиятда ҳам одамлар билан тил топишга қодир бўлган, эл юртимиз, ватанимиз эришган марраларни қўлга киритишга катта ташкилотчилик ва амалиёт тажрибаси билан обрў қозонган” деб ғурур билан таъриф бериши шогирдга билдирилган юксак ишонч, сиёсий ворис тарбияланаётганлигига ишорадир.

Ҳа, 2016 йил 4 декабрда Ўзбекистон тараққиётида янги саҳифа очилди. Халқимиз Шавкат Миромонович Мирзиеевни юртимизнинг тинчлиги, халқ фаровонлигининг кафолоти сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайлади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллиги муносабати билан ўтказилган мажлисда сайланган Президент Шавкат Миромонович Мирзиеевнинг 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” йили деб эълон қилиши, халқ дардини билиш, муаммоларини бартараф этишда унга ёрдам бериш, инсоннинг қадр қимматини ҳимоя қилиш, барча соҳадаги ислоҳотларни давом эттириш, юртимизда макроиқтисодий барқарорликни янги босқичга кўтариш, халқ фаровонлигини таъминлаш истаги намоён бўлади. Ўтган қисқа давр мобайнида, хусусан сентябр ойида “Ёшлар”га оид давлат сиёсати ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимиз ёшларига яратилаётган янги имкониятлар, имтиёзлар ва уларнинг ташаббусларини қўллаб қувватлашга йўналтирилган. Ўзбекистон халқи учун янги намунавий лойиҳа асосида арзон ва қулай уйларни қуриш ғояси эса ҳаётга жорий қилинмоқда. Тасаввур қилинг, қурилиши режалаштирилаётган 15 мингта уйдан 500 таси Тошкент шаҳар Сергели туманида бўлиб, 30 мингта аҳолининг уй билан таъминланиши, юртимизда уй-жой масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигининг ифодасидир. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш бўйича халқаро танловнинг эълон қилиниши, унинг Ўзбекистон республикаси Конституциясининг муаллифи деб эътироф этиши фарзанднинг ўз отасига меҳру-оқибати, шогирднинг устозга чексиз ҳурмати ва унинг хотирасига садоқатининг ёрқин намунасидир. Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидовнинг 80 йиллигини нишонлаш бўйича қабул қилинган қарорда инсон меҳнатини қадрлаш, шоирнинг хотирасини абадийлаштириш ва унинг шеърларидаги ватанпарварлик, инсонпарварлик ғояларини келажак авлодга етказиш истаги намоён бўлади.

Таълим сифатини яхшилаш учун давлат таълим стандартлари, малака талабларининг жаҳон стандартларига мослигини таъминлаш, таълим жараёнини эркинлаштириш, ёш олимларнинг кашфиёт ва ихтироларини қўллаб қувватлаш, уларнинг илмий изланишларини рағбатлантириш, таълим жараёнини замонавий моддий техника ва илғор педагогик технологиялар билан таъминлаш масаласига оқилона ёндашув зарурлиги ҳақида фикр юритар экан, Ш.М.Мирзиёев барча босқичдаги ўқув жараёнини янги сифат даражасига кўтариш, таълим тизимига инновацион ёндашувнинг зарурлигини, шунингдек таълим ва тарбия тизимининг узвийлигини таъминлаш учун тарбиячиларнинг ўзларига замонавий билим бериш, малакасини ошириш каби пайсалга солиб бўлмайдиган долзарб масала бор деб куйиниб эътироф этиб, бунда мактаб ўқитувчиларининг масъулиятини ошириш ҳақида алоҳида тўхталдилар. Маърузада биринчи марта “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой бўлиши” эътироф этилди, халқнинг муаммоларини эшитиш ва уларни бартараф этиш бўйича сиёсий партиялар ҳузурида халқ қабулхоналарини ташкил этиш ҳақидаги фикр янгради. Соғлиқни сақлаш соҳасини такомиллаштириш, дорихоналардаги дори-дармонларни халқ манфаатлари ва имкониятларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш ҳақидаги таклифлар якдиллик билан қабул қилинди.

Дунёда коррупциянинг барча турлари: хусусан иқтисодий, сиёсий, ғоявий ва кадрлар коррупцияси ривожланаётган бир даврда, Ш.М.Мирзиеевнинг Ўзбекистонда коррупцияни бартараф қилиш бўйича қатъий фикрлари, бу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигидан ва уни бартараф қилиш бўйича чора тадбирлар режаси ишлаб чиқилишидан далолатдир. Жорий йилнинг октябрь ойида суд тизимидаги ислоҳотларни босқичма босқич амалга ошириш ҳақидаги қарор, судлар ё оқловчи ё қораловчи бўлиши лозимлиги, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлашга оид теран фикрлар негизида инсон, инсон ва яна инсон манфаатларининг ҳимоясини кўриш мумкин. Ш.М.Мирзиеевнинг Тошкент вилояти сайловчилари билан бўлган учрашувда -“халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши лозим”- деб алоҳида таъкидлагани, давлат бошқаруви тизимидаги бўлажак ислоҳотларга ишорадир.

Ш.М.Мирзиеев оила ва унда фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратдилар ҳамда унда ота ва оналарнинг оила масъулияти, ота-оналик бурчи ва жавобгарлигини оширишни кун тартибидаги долзарб масала сифатида қўйдилар. Зеро, фарзанд фақат тўлиқ оилада бағри бутун бўлиб тарбияланса, шахс сифатидаги камолотида ота-онасининг муносиб ҳиссасини идрок этса ўзини том маънода бахтли деб ҳисоблаши мумкин. Маърузада биринчи марта ташқи ишлар вазирлиги, элчихоналар, элчилар фаолиятига баҳо бериб, уларга мамлакатга янги технологиялар, инвестициялар олиб келиш вазифасини юклади.

Ш.М.Мирзиеевнинг сайлов олди дастуридаги ва Конституция қабул қилинган кунга бағишланган мажлисда қилган маърузасидаги барча масалалар халқ манфаатларини ҳимоя қилиш, халқаро алоқаларни такомиллаштириш, Ўзбекистон тинчлигининг барқарорлигини таъминлаш ғояси билан йўғрилганлигини дунё эътироф этмоқда.

Ўзбекистон халқининг тафаккури уйғонди, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга бевосита даҳлдорлик туйғуси билан Президент Ш.М. Мирзиеевга юксак ишонч билдирди. Зеро, Ш.М.Мирзиеев қисқа давр мобайнида ўз фаолияти билан устозига муносиб ворис эканлигини, куюнчак раҳбар, халқни бой қилиш истагида ўз билими, тажрибасини сафарбар қилишга тайёрлигини намоён этди. Бугунги Ўзбекистоннинг тақдири, истиқболи забардаст қўлларда. Келажак марра бизники. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти таъкидлаганидек машаққатли бошқарув ишингизда омад сизга Шавкат Миромонович!

***

САМАРҚАНДДА ЯНГИ ЗИЁРАТГОҲ

 Ёши минг йилдан ошган “Шоҳизинда” пиллапояларидан кўтарилар эканмиз, осмонга бўй чўзган узун ва баланд иморатнинг чап томонида “Умр бир соат” деган курд, форс ва араб тилларидаги ёзувга кўзимиз тушади. Ҳа, умрнинг узунлигини Оллоҳ белгилайди, унинг мазмуни эса инсоннинг меҳнати, элнинг назари ва эътирофи, фарзандлар камолида намоён бўлади. Ислом Каримов бир соатлик умрини мазмун билан бойита олган, ҳаёти ва соғлигини нафақат Ўзбекистонда, балки дунёда тинчликни сақлашга фидо қилган, ўз халқи меҳнатининг қадрини билган, фарзандим деб бағрига босган, унинг гуноҳларини кечира олган, жамият ва халқ манфаатини ўз манфаатидан устун қўйган донишманд Раҳбар, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг раҳнамоси эди. 27 йил давомида у “Озод ва обод ватан, эркин ва фаровон ҳаёт қуриш” ғоясини ҳаётга тадбиқ этиш, иқтисодий қийинчиликлар, сиёсий фитналар, маънавий бўҳронлардан халқни асраб-авайлаш, Ўзбекистоннинг дунё харитасидаги энг ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олиши учун миллатнинг йўлбошчиси ва фидойи фарзанди бўлиб хизмат қилди. Ислом Каримов бир соатлик умрида дунёга ўзбекни танитди, халқига озодлик берди, юртимиз фарзандларига тўғри таълим ва тарбия берди. Бир соатлик умрининг меҳнати самараси унинг номини абадиятга муҳрлади. Ўзбекистон халқини буюк келажак сари бошлаган ёрқин юлдуз бўлиб буюк сиймолар қаторидан муносиб ўрин олди.

Шоҳизинда пештоқидаги иккинчи “Эй инсон? яхшилик қила олмасанг ёмонлик қилма” сўзлари, Ислом Каримов ҳаётининг маъносини ташкил қилишини унинг эзгу ишлари тасдиқлайди. У ўз умрини халқига яхшилик қилишга бахшида этган буюк давлат арбоби ва моҳир сиёсатчи эди. Ватан ҳимояси йўлида жон фидо қилган Жалолиддин Мангуберди каби хатарли 90-йилларда юртини ва халқини ҳимоя қилиб, ўн мингдан ортиқ оломон орасига битта ўзи чиқа олган олий бош қўмондон, Соҳибқирон Амир Темур каби мисли кўрилмаган бунёдкорлик ишлари билан ўзбекнинг қаддини кўтарган, халқаро жамоатчиликка Ўзбекистон мамлакатини танитган моҳир раҳбар, Мирзо Улуғбек каби узоқ йиллар фан тараққиётига муносиб ҳисса қўшган донишманд раҳнамо Ислом Каримов эзгу фикр, эзгу сўз ,эзгу амаллари билан халқимизнинг хотирасида абадий қолади. Ислом Каримовнинг яхши амали халққа беминнат хизмат қилишда ўз ифодасини топди. Хусусан, Унинг 1988 йилда Қашқадарё вилоятида обком секретари лавозимида ишлаётган бир даврда ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) Маданият саройида бир гуруҳ ёшлар билан бўлган учрашувда “Энди миллий кадрларни тайёрлаш даври етди, биз илгаригидек яшай олмаймиз”, – деб ёшларга мурожаат этиши ўша давр нуқтаи назаридан навбатдаги қатағонган қарши миллий ўз-ўзини англаш ва миллий уйғонишнинг ёрқин ифодаси сифатидаги дадил қадам бўлди.

1989 йилда ўзбек тилига Давлат тили мақомининг берилиши, 1990 йилда Ўзбекистон Мустақиллиги Декларациясининг қабул қилиниши, собиқ иттифоқ таркибидаги давлатлар ичида биринчи бўлиб, Президент бошқарувига ўтилиши, 1991 йил июнь ойида 70 йил давомида одамлар онгига худосизлик ғоялари сингдирилган мамлакатда “Виждон эркинлиги” ва 1991 йил 31 августда “Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик асослари тўғрисида”ги Қонунларининг қабул қилиниши “Озодлик”нинг муқаррарлигини таъминлаш йўлидаги оқилона сиёсати ва БУЮК МАЪНАВИЙ жасорати маҳсулидир.

1991 йил ноябрь ойида эълон қилинган биринчи Қонун Ёшлар ҳақида бўлиб, у келажак авлоднинг интеллектуал салоҳиятини намоён қилиш, маърифат соҳасидаги ислоҳотлар, Ўзбекистон таълим тизимининг барча босқичларида фундаментал фанлар билан бир қаторда гуманитар фанларнинг ўқитилишига кўрсатилаётган алоҳида эътибор, ёшларни нафақат маҳоратли касб эгаси, балки баркамол шахс сифатида тарбиялаш йўлидаги юртбошимизнинг куюнчаклиги эканлигини бугун халқимиз янада чуқурроқ идрок этмоқда.

Ислом Каримовнинг барча маърузаларида таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясига эътиборнинг қаратилиши, айниқса, ҳозирги кунда хориж тажрибасининг устувор йўналишларини ўрганиш асосида миллий таълим тизимини такомиллаштириш, “Билим бериш учун тарбиячининг ўзи билимли бўлиши лозимлиги ҳақидаги фикрлари айниқса диққатга сазовор, 2015 йилда профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимидаги ислоҳотлар фақат ва фақат ёш авлоднинг маърифат кўзини очиш, уларни юртимизга содиқ, аждодларга муносиб фарзанд этиб вояга етказиш мақсади билан йўғрилганлигини дунё эътироф этмоқда.

Чет тилларини ўрганиш борасида қабул қилинган Қарорнинг аҳамияти ва залвори Ўзбекистон халқининг мустақиллик йилларида жамият тараққиётининг барча соҳаларида эришган ютуқларини жаҳон ҳамжамиятига кўрсатиш, улар билан беллашиш имкониятида намоён бўлади.

Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилиши ҳақидаги Қарор, ёшларнинг ижодий тафаккури ва илмий салоҳиятини ошириш, ўзбек тили таълимини такомиллаштиришга эътибордир. Зеро, бугунги маданиятлараро тўқнашув авж олган асрда тилнинг софлигини сақлаш, адабий меросни ўрганиш ва мустақиллик йилларида халқимиз эришган ютуқларни бадиий асарлар мазмунига сингдиришдек юксак масъулият бор.

Кундан кунга чирой очиб бораётган шаҳар ва қишлоқларимиздаги ойдин кўчалар, кенг ва текис йўллар, қулай ва шинам уйлар, иқтисодиётнинг барча соҳаларидаги туб ўзгаришлар, янги технологиялар билан жиҳозланган умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасалари, спорт ва мусиқа мактаблари, йилдан-йилга фан, санъат ва спорт соҳасида Ўзбекистоннинг номини дунёга танитаётган иқтидорли ёшларнинг муваффақиятлари халқимизнинг ҳеч кимдан ҳеч қачон кам бўлмаслигининг ифодаси, юртбошимизнинг машаққатли меҳнати натижаси бўлса, унинг моддий ва маданий меросни қайта тиклаш, сақлаш ва янги авлодга етказиш, ҳаққоний тарихни билиш орқали миллий ғурурни шакллантиришга йўналтирилган оқилона сиёсати дунё халқларига ибрат намунасидир.

Энг мураккаб даврда халқимизни қулликдан озод қилган, миллатнинг уйғонишига бош бўлган, мамлакат келажаги эгалари бўлмиш ёшларга ишонч билдирган Ислом Каримов эканлиги халқимиз учун Оллоҳнинг марҳаматидир. Ўзбекистон халқининг сиёсий онги ва маданияти, ватанпарварлик руҳи Ислом Каримовни фарзандлик меҳри билан яхши кўриши, ўз мамлакати Раҳбарига ишончи, ҳурмати ва чексиз муҳаббатининг ифодаси, давлат раҳбари сифатидаги қадри ва қиммати 3 сентябрь 2016 йилда халқимиз қалбининг фарёдини ифодаловчи кўз ёшларида намоён бўлди.

“Шоҳизинда” пештоқидаги учинчи – “Умр бевафо” ёзувига кўзимиз тушиб қалбимиз ларзага келади. Чунки, агар дунё вафо қилса, Ислом Каримовга умр берган, унга ўз меҳнати маҳсулларини кўриш, мустақил давлат ёшларининг меҳнати самаралари билан ғурурланиш, ўзи қурган йўлларда юриш, ўзи яратган боғларда фарзандлар ва нибаралар билан дам олиш, кексалик гаштини суриш имкониятини берган бўлар эди.

Афсус, шафқатсиз ўлим Ислом Каримовнинг танасини охиратга олиб кетди, бироқ унинг абадиятга муҳрланган номи, ишлари, хусусан, макроиқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлаш, дунёда тинчликни сақлаш, халқаро алоқаларни мустакамлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги ва соғликни сақлаш, йўл қурилиши, автомобиль саноати ва бошқа барча соҳаларда 27 йил мобайнида эришилган ютуқлар халқимиз қалбида минг йиллардан кейин ҳам бунёдкорлик, фидоийлик, ватанпарварлик даври, халқ фарзанди Ислом Каримовнинг буюк маънавий жасорати рамзи сифатида тарих зарварақларида абадий қолади.

Минг йиллик Шоҳизиндага кириш аркасининг юқорисига араб ҳарфлари билан “Бисмиллаҳул-раҳмонул раҳим” деб ёзилган сўзлар 2005 йилда шахсан Ислом Каримовнинг таклифи асосида битилган бўлиб, бу билан у ўзининг бир умр қўли меҳнатда бўлиб қалби Оллоҳ билан эканлигини исботлади ва бу ҳаёт йўли ёшларга ибрат бўлишига аминман. Самарқандда янги зиёратгоҳ пайдо бўлди, зеро халқимиз ўзининг энг азиз ва қадрли инсонининг буюк ишларини қадрлаш, унга эҳтиром келтириш учун у ерга боришни ўзига ҳам қарз ва ҳам фарз деб билгай.

Ислом Каримов бутун умр халққа хизмат қилиб ҳаққа етди. Бироқ, унинг ишларини давом эттирувчи раҳбар кадрларнинг янги авлоди, шогирдлар, ўттиз икки миллионлик Ўзбекистон халқи мамлакатимизнинг буюк келажаги йўлидаги ислоҳотларни давом эттириш, унинг халқаро майдондаги мавқени кўтариш, юртбошимиз бошлаган ишларни янги босқичга олиб чиқиш учун янада бирлашишиб, дунё сиёсатчиларини лол қолдирди. Ислом Каримов айтганидек “Келажак бизники, марра бизники”. Бу азиз ватан барчамизники, ҳеч кимга бермаймиз Ўзбекистонни.

Нигина Шермухамедова,

ЎзМУ профессори, фалсафа фанлари доктори

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>