Фаолият сарҳисоб қилинди

Йиғилишда Собир Ўнарнинг «Олдинда ёнган маёқ», Шарофиддин Тўлагановнинг

«Турбат йўлидаги қайдлар» публицистик тўпламларини йилнинг энг яхши китобларидан бўлганини эътироф этдим.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бадиий публицистика кенгашининг 2020 йил якунларига бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир уюшма вакиллари, кенгаш аъзолари, ёш ижодкорлар иштирокида ўтказилди. Унда кенгашнинг ўтган йилдаги фаолияти сарҳисоб қилиниб, бугунги кунда публицистиканинг ўрни ҳамда матбуотда эълон қилинган публицистик материаллар ҳақида сўз борди.
– 2020 йил пандемия сабаб, карантинга тўғри келган бўлса-да, асосий эътибор ёш публицистларни ижодий жараёнга тортиш, ижодий машқларини таҳрир қилишга қаратдик, – дейди кенгаш раиси Аҳмаджон Мелибоев. – Натижада ёш муаллифлар Улуғбек Усмонов, Шаҳрибону Темирова, Нозима Ҳабибуллаеванинг ижод намуналари “Жаҳон адабиёти” журналида эълон қилинди.
Ҳисобот даврида доцент Назира Тошпўлатова газеталардаги публицистик чиқишлар бўйича сўз юритди. Карантин туфайли март ойининг охиридан май ойининг охирларигача айрим газеталар вақтинча ўз иш фаолиятини тўхтатишга тўғри келганини айтиб ўтди. Борлари ҳам “пдф” форматда ишлагани, АОКА томонидан “Газеталар шарҳи” телеграм каналининг йўлга қўйилгани, унда аксарият газеталарнинг “пдф” шакли муштарийларга вақтида етказиб турилганини, айтди.
Ўтган давр мобайнида Аҳмаджон Мелибоевнинг “Сардоба, биз сен билан биргамиз!”, Салим Ашурнинг “Офатларни енгган халқ иродаси”, Зулфия Мўминованинг “Меҳр карвонлари Сирдарёга йўл олган”, Сайди Умировнинг “Изтироб-ла ёдлаб, ифтихор-ла қутлаб”, Жўрабек Жаҳоннинг “Меҳр карвонига қўшилган ҳисса” каби қатор публицистик мақолалар эълон қилинди. Пандемия туфайли публицистларнинг тириклик, ҳаёт мазмуни, инсон қадри, меҳр-саховатга чорловчи мавзулари газета саҳифаларининг асосий мазмунига айланди. Хусусан, Саъдулла Ҳаким, Иброҳим Ғофуров, Хуршид Дўстмуҳаммад, Азиз Саид, Абдусаид Кўчимов, Қутлибека Раҳимбоева, Мунаввара Усмонова каби кўплаб ижодкорларнинг мазкур мавзулардаги чиқишларини кўриш мумкин.
– Кенгаш аъзоларининг тавсияси билан, Ашурали Жўраевнинг “Уйғониш замонинг муборак бўлсин”, Аҳмаджон Мелибоевнинг “Тождор ажал ҳамласи ёҳуд дунёни титратган 40 кун”, Ҳуршид Дўстмуҳаммаднинг “Ҳаётнинг қадри, қиммати”, Қудратилла Рафиқовнинг “2020: миллатни улғайтирган йил”, Зуҳриддин Исомиддиновнинг “Сўз қисмати”, Охунжон Ҳакимовнинг “Тош ёнғоқ” китоби нашрдан чиқди, – дейди публицист адиб Ёқубжон Хўжамбердиев. – Муаллифлар ушбу китобларда даврнинг энг муҳим воқеликларига жиддий ёндашган.
Шунингдек, “Янги Ўзбекистон”, “Ҳуррият”, “Ишонч”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газеталарида ғоят жиддий, салмоқли мақолалар эълон қилиниб, муаллифларнинг публицистик минбарига айлангани ҳам таъкидланди.
– Публицистика адабиётнинг муҳим ижтимоий масалаларини ўзида акс эттирувчи жанрдир, – дейди “Шарқ юлдузи” – “Звездо востока” журналлари бош муҳаррири Сирожиддин Рауф. – “Гулистон”, “Тафаккур” “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи” журналларида қатор мазмунли публицистик мақолалар эълон қилинди. Хусусан, Шуҳрат Ризаевнинг “Гулистон” журналидаги “Умидли дунё”, Қулман Очиловнинг “Давлат тилининг юксалиши”, “Жуманазар Бекназарнинг Тафаккур” журналидаги “Қаён кетмоқдасан, эй одамзот”, Норқобил Жалилнинг “Шарқ юлдузи” журналидаги “Миллат оинаси” мақолаларини алоҳида таъкидлаш мумкин. Мазкур чиқишлар публицистлар долзарб мавзуларни олиб чиққани ва муаммоларни очиқ айтгани билан муҳимдир.
Шунингдек, йиғилиш давомида йиғилганлар публицистик тўпламларни нашрдан чиқаришни кенгайтириш, интернет нашрларида эълон қилинган публицистик мақолаларни таҳлил қилиш борасидаги таклифларини билдиришди.
Ҳисобот йиғилиши якунида бадиий публицистика кенгашининг
2021 йил фаолиятига оид режалари муҳокама қилинди, фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди. Кун тартибида кўрилган масалалар юзасидан кенгашнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Зулайҳо Аҳмаджонова,
журналист
Сайт (http://ijod.uz/) I Телеграм (https://t.me/yozuvchilar_uz) I Фейсбук (

https://www.facebook.com/yozuvchilar.uyushmasi.9/)

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>