Халқаро журналист билан учрашув

Халқаро майдонда ўзлигини намоён қиладиган ўзбек журналистлари етишиб чиқишини кўпдан орзу қилиб юрган эдик.

АҚШдаги машҳур “Америка овози” телерадиоси журналисти Навбаҳор Имомова бу борада байроқдоримиз бўлди, десак муболаға бўлмайди.

У журналистик фаолиятини 1996 йилда Ўзбекистон радиосининг «Халқаро ҳаёт» таҳририятида бошлаган. 2000-2001 йилларда Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультетида дарс берган.

Халқаро журналист бўлишдек эзгу мақсадда у Ҳиндистоннинг Майсур университетида оммавий ахборот воситалари бўйича бакалавр, АҚШнинг Бол Давлат университети ҳамда Гарвард университетида Давлат бошқаруви ва лидерлик бўйича магистрлик дипломларига эга бўлган.

Ёш истеъдод соҳибаси 2002 йилдан буён «Америка овози»да фаолият кўрсатмоқда. ТВ, радио ва онлайн диктор, продюсер, мухбир ва муҳаррир. «Америка манзаралари» туркумидаги теледастурлар муаллифи. Вашингтонда Марказий Осиё бўйича eтакчи мутахассис сифатида ном қозонган. 16 йилдан бери Американинг минтақага нисбатан сиёсати, Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ орасидаги муносабатларни ҳамда улар ортидаги омилларни яқиндан ёритиб, таҳлил қилиб келади. Америкада яшовчи ўзбеклар ва бошқа марказий осиёликлар ҳаёти ҳақида чуқур билимга эга бўлган бу шижоаткор журналист диаспора мавзусида Ғарб сиёсий ва илмий доираларида маърузалар ўқийди, бу борада қатор мақолалар ёритади.

Навбаҳор АҚШнинг нуфузли олийгоҳларида Ўзбекистон ва Марказий Осиё билан боғлиқ бошқа мавзуларда маърузалари қилиш баробарида Гарвард университетида Марказий Осиё клубини бошқарган. У Конгресс аъзолари, Оқ уй, Давлат департаменти, Пентагон ва бошқа вазирликларда юқори лавозимли расмийлар билан мулоқотлар қилиб туради. Вашингтон ва бошқа жойлардаги таҳлил ва тадқиқот марказлари фаолияти билан яқиндан таниш.

Навбаҳор Имомова ўз юртида “Америка овози” телерадиоси журналисти сифатида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан аккредитациядан ўтказилди. Айтиш жоизки, шу пайтгача малакатимизда эмин-эркин фаолият юритиш учун ҳали америкалик бирор бир журналист бундай мақомга бугунги кунгача эга бўлмаган эди.

1 2 3 4 5 6

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетида халқаро журналист Навбаҳор Имомова билан ўтказилган ижодий учрашув талабаларда катта қизиқиш уйғотди.

– Мен Ўзбекистон фарзанди эканлигимдан фахрланаман,– деди у ҳаяжон билан.– Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Қўшқўрғон қишлоғида, оддий оилада туғилиб ўсганман. Оилада 9 фарзандмиз, камина саккизинчиси. Отам ўқитувчи, онам жамоа хўжалигида ишлаган. Ҳаётимнинг илк 13 йили собиқ шўро даврига, сўнг 10 йил мустақиллик йилларига тўғри келган. Миллионлаб ватандошларим сингари мен ҳам шу жамият маҳсулиман. Қарийб 20 йилдан бери хорижда яшаб юрган бўлсам-да, қалбимда ҳамиша она Ўзбекистонимдир! Журналистика соҳасида 20 йилдан ошиқ вақт мобайнида ишлаб юрган бўлсам, фаолиятимнинг кўпроқ қисми Америка Қўшма Штатлари ОАВси билан боғлиқ. Ўзимни глобал фуқаро деб ҳисоблайман. Меҳнатим, касбим, ташкилотим тан олинди. Ўзбекистон томонидан аккрeдитация мен учун шуни англатади. Жудаям бахтиёрман лекин бу улкан маъсулиятдир. Тошкентда ҳамкасбларим билан кўп фикр алмашамиз. Олдинлари келганимда ҳам журналистлар билан учрашар эдим, албатта. Тор доираларда фикр алмашардик. Ўзбекистонлик ҳамкасбларим билан алоқани ҳеч қачон узмаганман. Журналист халқи ҳамиша мулоқотда бўлиши керак. Касбий фаолиятимни Ўзбекистонда бошлаганим учун миллий телерадиокомпания, хусусан, Ўзбекистон радиоси билан ришталарни узмаганман.

Навбаҳор ўз ташкилоти, фаолияти, касбий қарашлари, иш услуби ҳақида сўзлаб берар экан, журналист илҳомланиб яшаши зарурлигини изоҳлади. У журналистлар сифатли материаллар тайёрлашга интилиши, изчил, танқидий, таҳлилий фикрлаши ва бу борада эришиш мумкин бўлган натижалар ҳақида сўз юритди.

Учрашувда иштирок этган Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, халқаро проесс-клуб раиси, таниқли журналист Шерзодхон Қудратхўжаев, ЎзМУ Журналистика факультети декани Маҳлиё Мирсоатова ва бошқа профессор-ўқитувчилар бугунги кунда мамлакатимизда журналист-кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган хайрли ишлар ҳақида сўз юритар эканлар, талабаларимиз кўпроқ ўқиб-ўрганишлари, ўз устиларида тинимсиз изланишлари, хорижий тилларни мукаммал эгаллашлари зарурлигини алоҳида таъкидладилар.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган ижодий учрашувда бўлғуси журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари

You may also like...

2 Responses

  1. To’lik aka rahmat zo’r ucrashuv bo’ldi…

  2. Albatta uchrashuv zavqli bo’ldi. Ayniqsa, saylov jarayonidagi qaltis vaziyat hamda jurnalistlarga berilgan javob favqulotda tasirli bo’ldi. Bizga ham shunaqa jasorat nasib qilsin. Hammaga omad.

Добавить комментарий для VorZakon Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>