Тил — миллатнинг тириклик тимсоли

Собиқ ҳамкурслар жамул-жам бўлган онда суҳбатимиз аввало талабалик йиллари,

азиз устозлар ҳақида бўлади. Ўтган асрнинг 80-йилларида ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети (ўша даврдаги ТошДУ) Журналистика факультетида таҳсил олганлар Очил Тоғаев, Ориф Саидов, Анвар Шомақсудов, Ирисали Тошалиев, Ғайбуллоҳ ас Салом, Нажмиддин Комилов, Абдулла Аюпов, Шодмон Азизов, Тоҳир Пидаев, Анвар Каримов, Омонулла Мадаев каби устозлар номини эҳтиром ва соғинч ила тилга оладилар.

Ижод бўстонида муносиб ўрнини топган шогирдлар устозларини фақат дарс ўтганлари учун эсламайдилар. Уларнинг ибратомуз фазилатлари, қандоқ таълим-тарбия берганлари, ўзлари ижод бобида қай даражада ибрат кўрсата олганлари ҳақида фахр ила сўзлайдилар. Бу устозларнинг ибрат мактаби ҳақида очерклар ёзсак арзийди!

OLYMPUS DIGITAL CAMERA

Бўлғуси журналистларга ижодий услуб сирларидан сабоқ берган моҳир педагог Ирисали Тошалиевдан мантиқий фикрлаш, сўз, ибора, жумла устида ижодий изланиш сабоғини олганмиз.

– Қоғоз қоралашга ўтиришдан аввал ёзмоқчи бўлган мавзуингни аввало каллангда одан пишитиб ол, ҳар бир ибора, жумлаларинг аниқ-тиниқ, равон, энг муҳими, сермазмун бўлсин,– дея сабоқ берарди устоз.– Олди-қочди гап қулоққа ёқмайди. Ўқувчи бирор жумлангни ўқиб ғаши келмасин. Ҳар бир сўз салмоқли бўлмоғи учун ижодкор уни қиёмига етгунича қайта-қайта ишлаши зарур. Бу борада Абдулла Қаҳҳорнинг “менчалик меҳнат қилганида маймун ҳам ёзувчи бўлиб кетарди” деган ўгитини қулоққа сирға қилиб тақиб олмоқ керак. Улкан истеъдод соҳиби бўлган адиб баъзи жумлаларини қирқ-эллик марталаб кўчиришдан эринмас экан…

Устознинг дарсларини ҳар бир талаба қизиқиш билан тинглаб, ўзи учун зарур хулоса чиқарарди. Баъзи талабчан талабаларнинг, “услубиятдан сабоқ берган домла ўзи қай усулда ёзаркин”, деган пичир-пичирларини эшитиб қолгандек устозимиз қойилмақом мақолалари билан ибрат кўрсатар эди.

Талабчан талабалар устознинг мақолаларини синчковлик билан ўқишар ва айнан тили, услуби, мазмун-моҳиятига кўпроқ эътибор беришарди. Шу тариқа устоз – талабаларнинг тадқиқот “объекти”га айланарди. Шу тариқа устознинг “Миллатнинг тириклик тимсоли” сарлавҳали мақоласидан айрим ибораларини кўчириб олгандик. Уларни ёш қаламкашларга намуна қилиб кўрсатсак арзийди. Уни “Ирисали Тошалиев сабоқлари” десак арзийди. Мана ўша қуйма сатрлардан намуналар:

***

Тил мақоми деган мартабани қўл кўтариб, овоз бериш билан қарор топтириб бўлмайди. Унга барча нутқ аҳлининг фаол ва онгли ҳаракати она тилга фарзандларча меҳру муҳаббати туфайлигина эришиш мумкин.

***

Она тили деб аталмиш бу буюк ҳилқат ота-боболаримиздан қолган бебаҳо мерос. Замонлар оша улуғлашга, ардоқлашга муносиб эъзозу эҳтиромга, меҳру муҳаббатга мунтазир мерос бу!

***

Ўзбек халқининг узоқ ўтмиши, бугунги ҳаёти-ю эртанги истиқболи мужассамлашган тилда миллатнинг миллий-маънавий руҳи, маданий, маърифий қиёфаси бутун мураккаблиги билан намоёндир.

***

Она тили она сути, она алласи билан томир-томирларга сингиб кетган, кишининг руҳига, кайфиятига хулқ-атворига ва урфу одатига айланган тил. Ҳазрат Мир Алишер Навоий таърифлари билан айтганда, она тили ўликка жондан нишон берувчи ва жонга жонондан хабар элтувчидир. Она тили инсоният ва ҳаёт чамани лоласининг япроғи, сўз инжулари эса унинг шудрингидир. Шу боис, ундан шарифроқ, ундан ардоқлироқ ўзга тил йўқ инсон фарзанди учун. Тилимиз – дилимиз демоқлик ҳам шундан.

***

Сўзга иқтидорли ва эътиборлилар учун она тили кучу қудрат манбаи, нафосату фасоҳат намунаси. Шоир тавсифида, тил, сўз – дуру гавҳар ўз жилвасини ғаввос туфайли намойиш қилганидай, тил ҳам ўз қудрати ва нафосатини нутқ аҳли воситасида зуҳур этади.

***

Она тилинг билан фахрланиш ҳисси, ифтихорлик туйғусидан баралла сўзлаш лозим. Уни эъзозлашдан, ардоқлашдан чарчамаслик зарур. Бор овоз билан “она тилим – доно тилим” деб ҳайқириш даркор. “Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз”ларнинг эътиборини тортиш учун, лоқайдларни карахтлик уйқусидан уйғотиш учун шундай қилиш керак. Илло, бепарволик билан беписандликнинг ораси бир қадам, холос.

***

Азим дарахт янглиғ буюк тилимизнинг яшил барглари (луғат бойлиги), шох-бутоқлари (амалий услублари) ўз гўзаллиги ва жозибасини йўқотиб, сўлғин бир ҳолга келди. Илмий-маърифий адабиётларда ҳам, адабий-танқидий манбаларда ҳам аксарият тилнинг муҳим алоқа воситаси эканлигини қайд этиш билан чекланилган. Илмий ҳақиқатга зид эмас бу таъриф, аммо рангсиз, ҳис-туйғудан маҳрум. Чунки восита, қурол сингари лоқайд калималар ёрдамидагина тилимизнинг руҳини, жозибали моҳиятини кўнгилдагидек очиб бериш қийин.

***

“Эски” луғат қазноғига бадарға бўлаётган ўз сўзларимиз ҳақида қайғурмадик. Она тили тавсифи рангсиз илмий атамалар тизмаси-ю қатлам- қатлам қоидалар тузугига, фойдасиз математик ҳисоб-китоблар мажмуига ўхшатиб қўйилди. Нутқ маданияти эса ягона ва умумий деб сифатланган мажбурий норма қуюшқонига солинди. Хуллас, она тилини баайни қассоблардек қисм-қисмларга, бўлак-бўлакларга ажратиб, қатлам-қатлам қилиб тахлашга ва уларни алоҳида-алоҳида ўрганишга ружу қўйдик. Ҳа, тилимизни восита, қурол дедигу унинг ишлаши, имконияти, имтиёзига панжа орасидан қарадик.

***

Адабиёт илми ҳам сиёсатга қоришиб кетди. Адабиётшунослик асар мазмунини бадиий либосидан яланғочлаб қайта шарҳлаш ва баҳолаш илмига, танқидчилик қаҳрамонларнинг ижоби-ю салбийлигини, типлари-ю турларини аниқлайдиган тергов маҳкамасига айланишига оз қолди. Бадиий сўзнинг жозибасига эътибор бермай қўйилди.

***

Адабиёт муаллимидан Мулла нима учун Кўканга тариқ эк, деб маслаҳат беради. Нега буғдой ёки арпа эк, демайди, деб сўраб кўринг-чи. Ишончим комилки, бунга уларнинг кўпчилиги асосли жавоб беролмайди. Ғафур Ғуломнинг “Кўкан” поэмаси ҳақида гап кетганда мен бу саволни кўпларга берганман, ҳатто айрим адабиётшунос олимларга ҳам.

Кўканнинг тариқ экиши боиси, Қуръон сўзларини билмай “вассамои ватториқи” калимасини тариқ сўзи билан қориштирган оми домланинг чўпчаги. Бу “Вассамои ватториқи” Қуръонда бор… Болам Кўкан, худо тариқ эккин, деган”, гапдан уқиб олиш қийин эмас, агар сўзга, сўз англатган тасаввурлар оламига бефарқ бўлинмаса. Сўз маъносини билмай доноликни даъво қилувчиларга нисбатан аччиқ киноя бор бу мисраларда. Бу киноя она тилига, сўзга беписанд кишиларнинг барчасига ҳам тааллуқли.

***

Сўзлар маъноси ўз моддий заминидан узилиб қолди: ўғрилик, қотиллик каби жиноятларни салбий ҳодисалар, қамоқхоналарни ахлоқ тузатиш жойлари, деб ишлатадиган бўлиб қолдик.

***

Сўз маъноларидан фойдаланишда ҳам қўшиб ёзиш урф бўлганди.

***

Бир хил мафкуравий-маънавий зўрлик сўзларни ҳам инқирозга олиб келди.

***

Сиёсий-ижтимоий луғат фуқаролар доирасида кинояли ранг олди; оммавий ахборот, матбуот тили ҳам шунга мослашди. Ноўрин мақтову мадҳия, ўта пардоз берилган қиёслар, ўсмаси қуюқ тортилган чучмал ташбеҳлар лавҳа ёки очерк қаҳрамонларини ҳижолатга соладиган бўлиб қолганди. Тилу адабиётни, санъату маданиятни мафкуралаштириш бу йўлдаги барча уринишларни рағбатлантириб келди.

***

Она тилининг ҳақиқий мавқеи, маданий нутқ амалиёти, демак, уларнинг имконияти ва истиқболи ҳам одамларнинг меҳру муҳаббатидан қувват олиб, шу туйғулар бағрида камол топади.

***

Биз ўйлаганда, гапиргандагина тил ишлайди, уни ишлатиш малакаси ҳам орта боради. Алишер Навоий “Тил бунча шараф била нутқнинг олотидур ва ҳам нутқдирки, агар нописанд зохир бўлса, тилнинг офатидур” деб уқтирганлар. Демак, бу шарафли олотни (қурол, асбоб) беписанд, бефарқ ишга солиб, тил учун офат етказиш унинг мақомини оширмайди.

***

Шахмат ўйнамаган шатранжни билмайди. Шатранжчининг маҳорати ўйиндан ўйинга орта боргандай, биз ҳам тилдан қанча кўп фойдалансак, уни ишлатишга шунча моҳир бўламиз, унинг қоидаларини кўпроқ била борамиз.

***

Ўзбек тилининг ҳаракат майдонини торайтиришга, айрим соҳалар бошқарувини ўзбеклардан “муҳофаза” қилишга, буни ўзбекларнинг уқувсизлиги баҳонаси билан асослашга уринаётган маълум кучларнинг ҳам хиссаси бор.

***

Хато қилишдан қўрқмай она тилини фаол нутқий вазиятда чархлаш лозим. Тил истиқболининг асосий шартларидан бири ҳам сизу бизни она тилимиз олдидаги қарздорлигимизнинг боиси ҳам мана шунда.

***

Турғунлик даврида, ҳатто «тил сиёсати» атамасининг ўзи деярли истеъмолдан чиқарилиб, «миллий тиллар қурилиши», «тилларни режалаштириш» ёки «тиллар маданиятини такомиллаштириш» сингари тумтароқ ва чучмал ифодалар билан алмаштирилган эди. Мана шу ақида қон-қонимизга сингиб кетган эканми ё тил муаммосини сиёсат билан боғлаб талқин этишдан қўрқишми, ҳарҳолда, «тил сиёсати» ифодасини ишлатишга ҳозир ҳам эҳтиёткорлик билан ёндашилмоқда.

Халқ билан унинг ўз тилида гаплашмаслик, унга ёт тил воситасида раҳбарлик қилиш, унинг урф-одатлари, маданиятига беписандликни инсон ҳуқуқини поймол этиш деса бўлади.

***

Тил ўрганиш ва ундан фойдаланиш табиий нутқий алоқа муҳитида тез ва осон кечади. Ўзбек тилини билиш учун одамлар билан шу тилда мулоқот қилиш ҳам керак. Ўзбек тилини ўрганаман деган киши билан фақат русча гаплашаверсак, унинг саъй-ҳаракатига тўсқинлик қилган бўламиз.

 

Бу қуйма фикрларидан миллатпарвар устознинг она тилимиз тақдирига қанчалик куюнчаклик билан қараганини ҳам англаш мумкин. Ўзбек тили услубияти фани тадқиқотчиси, сермаҳсул олим Ирисали Тошалиев Жанубий Қозоғистоннинг Сайрам қишлоғида 1940 йилда таваллуд топди. Иккинчи жаҳон уруши заҳматлари гўдаклик чоғидаёқ шуурига ўрнашган болакай кўп йиллар қийинчилик, очарчилик дамларни ҳам бошидан кечирган.

“Болалигимда, совуқ кунлар дала меҳнатидан қайтгач, иссиқ сандалда укаларим билан ёнма-ён ўтириб дарс тайёрлардик. Юмуш чарчоғиданми ёки қора чироқ дудиданми кўз-бурнимиз қичиб тезда сандал атрофида ухлаб қолардик. Ётиш олдидан онам бозиллаб турган сандал қўрига дехча-қумғонни тираб, ичига топган масаллиқларни солиб қўярди. Туни билан ҳил-ҳил пишган мазали гўжани эрталаб иштаҳа билан ичиб, мактабга кетардик” дея ҳикоя қилиб берганди устозимиз. Бу билан у ҳаммани тинч-осуда ҳаёт қадрига етишга даъват этарди.

Ирисали Тошалиев Сайрамдаги қишлоқ мактабини тамомлагач, 1960 йили Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетига ўқишга кирди. Сўнг, меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Тил ва адабиёт институти луғат секторида бошлади. 1967 йили ТошДУда янги очилган журналистика факультетининг “Услубият ва таҳрир” кафедрасига ишга таклиф қилингач, у устози Аюб Ғуломов илмий изланишларини давом эттирди. 1972 йили “Ҳозирги ўзбек адабий тилида киритма конструкциялар” мавзусида диссертация ёқлаб, филология фанлари номзоди илмий даражасини олди. Кафедранинг етакчи ўқитувчилари қаторидан ўрин олгани ёш олим педагогик маҳоратини ошира бориб. 1976 йили доцентлик унвонига сазовор бўлди. 1984 йил сентябридан то умрининг охиригача 20 йилдан ортиқ “Услубият ва таҳрир” кафедрасининг мудири лавозимида самарали фаолият кўрсатди. Журналистика факультетида ёрқин из қолдирган устозимиз Анвар Шомақсудов “Фаолияти кўп қиррали олим эди” сарлавҳали мақоласида ёзганидек, “Услубшунос олим сифатида у мунтазам равишда тил стилистикаси ва таҳрир фанлари мундарижасини, махсус курслар мавзуларини кенг ва атрофлича ёритишга, мазмунини янги изланишлар ҳисобига бойитишга ҳаракат қилди. Энг муҳими, кафедра аъзолари билан ҳамкорликда услубият соҳалари бўйича журналистика таълимини намунавий ўқув дастурлари, дарслик ва қўлланмалар билан таъминлашга эришди. Бу масъулиятли ишга бош-қош бўлиш билан баробар ўзи шахсан намуна ҳам кўрсатди. Натижада, доцент Ирисали Тошалиевдан 130 дан ортиқ номдаги илмий иш умумий мерос бўлиб қолди”.

Ирисали Тошалиевнинг “Ўзбек тили стилистикаси” (1997), “Ҳозирги ўзбек тили” (1997), “Адабий таҳрир асослари” (2001), “Газета жанрлари услубияти” (1997), “Газета тили” (1997), “Нутқ маданияти” (1997), “Ўзбек тилининг амалий услублари” (1997), ҳаммуаллифликда “Оммавий ахборотнинг тили ва услуби” (2006) каби қатор тадқиқотлари, ўқув ва ўқув услубий қўлланмаларини бугунги талабалар ҳам қунт билан ўрганмоқдалар.

Устоздан анча барвақт жудо бўлганимиз ҳақида армон билан ўйлаганда ота изидан бораётган қизлари Севарахоннинг Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида доцент лавозимида фаолият кўрсатаётганидан дилимиз таскин топади.

Собиқ ҳамкурслар жамул-жам бўлганда қайси устоздан нимани ўрганган эдик, ундан қандай мерослар қолган, деган саволга жавоб излаганда устоз Ирисали Тошалиевдан бир олам сабоқ олганимиз билан фахрланамиз. Унинг илмий-маърифий мероси ҳам анча салмоқли. Энг муҳими, бу меросдан бугун ҳам “Услубшунос устоз мактаби” сифатида фойдаланилмоқда.

Бу Журналистика факультетида бугун фаолият кўрсатаётган ўқитувчи ва тадқиқотчилар учун ҳам ибрат мактабидир.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Журналистика факультети доценти,

филология фанлари номзоди

«Адолат» газетасининг 2019 йил 3 май сонидан олинди

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>