Ўзбекистонда дабдабали тўйлар қилишда нафақат бойлар, балки амалдорлар ҳам салбий намуна бўлмоқда. Бу фикр Ёшлар пресс-клубининг тўйларни тартибга солиш тўғрисидаги низом муҳокамасига бағишланган навбатдаги анжуманида «Нуроний» жамғармаси Республика бошқаруви бўлими мудири Шавкат Миролимов томонидан билдирилди.

Шавкат Миролимовнинг таъкидлашича, «пул топиб ақл топмаганлар» — дабдабали тўй қилаётганларнинг фақатгина бир тоифаси. Бунинг иккинчи тоифаси эса амалдорлар ҳисобланади.

Ҳаммамиз тўйларга борамиз, ошларга борамиз. Назар солиб, ўрганиб, қараб юрсам, дабдабали тўйларни ўтказаётганларнинг ҳаммаси ҳам пул топиб ақл топмаган бойваччалар эмас. Айниқса раҳбарларга ёқмайдиган бир гапимни айтмоқчиман.

Пул топиб ақл топмаганлар дабдабали тўй қилаётганларнинг бир тоифаси бўлса, амалдорларимизнинг тўйлари — шунинг иккинчи тоифасидир. Вазирларимиз, ҳокимларимиз, катта маош олиб, катта даромадли жойда ишлайдиган амалдорларимизнинг тўйлари — 100 фоизи десам адашарман — 99 фоизи дабдабали бўляпти.

Исрофгарчилик кўп бўляпти шу жойларда. Менимча, амалдорларимизнинг ҳам танобини бир тортиб қўйишимиз керак, ҳисоб-китобини қилишимиз керак.

Шавкат Миролимов, «Нуроний» жамғармаси Республика бошқаруви бўлими мудири

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил мартида бўлиб ўтган видеоселекторда дабдабали тўйларни қоралаган, ижро органлари раҳбарларининг тўй-маросимларга боришини тақиқлаган эди.

«Ҳамма бир хил тўй қилади. Агар бирорта раҳбар — прокурорми, солиқчими, ҳокимми, чегарачими — меъёрдан чиқса, ўша куниёқ қамайман. Вазир ё бош вазир ўринбосари 500 кишига тўй қилишга етадиган маошни қаердан олади? Ҳаммаси ўғрилик бу, тагини суриштирсак. Ўғрилик!», — деганди ўшанда Президент.

https://daryo.uz/k/2019/10/17/nuroniy-jamgarmasi-vakili-dabdabali-toy-qilayotgan-amaldorlarimizning-tanobini-ham-bir-tortib-qoyish-kerak/