Шавкат Мирзиёев: Ижтимоий муаммоларни ҳал этиш учун 15 дастур қабул қилинади

Бу дастурлар тўлақонли амалга ошиши учун халқимиз — ҳаммамиз жипслашиб, ўз вазифаларимизни асдойдил бажаришимиз зарур! Ҳеч кимнинг томошабин бўлиб туришга ҳаққи йўқ, дейди куюнчаклик билан Дониш домла.

Ўзбекистон 25 Октябр 2016 32695

Фото: uzlidep.uz

Ўзбекистон Республикаси Президентлиги учун ЎзЛиДеП партияси номзоди Шавкат Мирзиёев, партиянинг шу йил 19 октябрда бўлиб ўтган съездида қилган маърузасида мамлакатдаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишга доир ҳукумат режаларини эълон қилди.

Номзод бугунги кунда, ҳукумат томонидан бу борада 15та мақсадли дастур ишлаб чиқилаётганини маълум қилган эди. 24 октябрда шулардан бири қишлоқ аҳолисининг эҳтиёж ва талабларини эътиборга олиб, Қишлоқ жойларда арзон уй-жойлар қуриш дастури қабул қилинди. Унга кўра, биргина келгуси йилнинг ўзида тўрт хил янги намунадаги, қулай ва арзон, бир ва икки қаватли 15 мингта замонавий уй-жой барпо этиш мўлжалланмоқда.

Бундан ташқари, 2017-2020 йилларда шаҳар жойларда 945 та кўп қаватли уйлар қуриш дастури лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Дастурга кўра, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида ҳамда йирик шаҳарларда 50 мингга яқин уй-жойга муҳтож оилалар учун 5, 7 ва 9 қаватли арзон уйлар қурилади.

Келажакда тасдиқланадиган Қишлоқ аҳоли пунктларида ичимлик суви тармоқларини кенгайтириш ва модернизация қилиш дастури биз учун ғоят долзарб бўлган муаммоларни ҳал этишга қаратилади. Бугунги кунда аксарият жойларда одамларни қийнаб келаётган ана шу муаммони ечиш мақсадида келгуси беш йил давомида қарийб 9 минг километр ичимлик суви тармоқлари, 1 минг 400 та қудуқ ва 3 минг 600 та сув иншооти қурилади ва реконструкция қилинади.

Бу эса Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Самарқанд, Тошкент, Хоразм вилоятларида 3,2 миллион аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва мамлакатимизда ушбу кўрсаткични 67 фоиздан 84 фоизга етказиш имконини беради. Шу мақсадда Молия вазирлиги ҳузурида “Тоза сув” махсус жамғармаси ташкил этилади. Ушбу устувор вазифаларни амалга ошириш учун ҳозирги вақтда Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигини ташкил этиш билан боғлиқ чора-тадбирлар кўриб чиқилмоқда.

Бугунги кунда аҳоли ва корхоналар томонидан электр қуввати етказиб бериш масаласида кўплаб эътирозлар мавжуд эканини очиқ тан олиш керак. Бунинг сабаби шундаки, мамлакатимиз бўйича 67 фоиз паст кучланишли электр тармоқлари эскирган.
Беш йил давомида электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини янада ошириш, 25 минг 300 километр паст кучланишли электр тармоқларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш, 5 минг 600 та эскирган трансформатор подстанцияларини алмаштириш назарда тутилган.

Навбатдаги долзарб масала йўл-транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш билан боғлиқ. Партия номзодининг фикрича, бугунги кунда аксарият қисми ачинарли аҳволга келиб қолган минтақавий ва маҳаллий аҳамиятга эга йўлларга ҳам эътибор қаратадиган вақт келган.

75 минг километр ёки 64 фоиз ички йўлларимиз таъмирталаб аҳволда. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг бир қисми ҳеч қандай қопламасиз, яъни тупроқ йўллардир. Шунингдек, 9 минг 500 километр йўлларни реконструкция қилиш талаб этилмоқда. Янги дастурда умумий фойдаланишдаги 1 минг 700 километрлик автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш мўлжалланмоқда.

Шунингдек, аҳолимиз учун ўта муҳим бўлган 10 минг 400 километрлик хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарлар, туман марказлари, кичик шаҳарчалар ва қишлоқ жойлардаги маҳалла кўчаларини капитал ва жорий таъмирлаш режалаштирилмоқда. Ушбу дастурни амалга ошириш учун Молия вазирлиги ҳузуридаги Йўл жамғармасини ва “Ўзавтойўл” компаниясининг ташкилий тузилмасини мутлақо тубдан қайта кўриб чиқилади.

Қишлоқлар ва шаҳарларда транспорт хизматини янада яхшилаш дастури ҳам ишлаб чиқилади. Бу дастурга асосан 74 та автовокзал ва автостанция реконструкция қилинади ва йўловчиларга қулай шарт-шароитлар яратилиб, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилади. Янги 3 мингта автобус, 5 минг 700 та микроавтобус сотиб олиниб, 300 дан ортиқ янги автобус йўналишлари очилади ва мавжуд йўналиш­лардаги эскирган автобуслар янгиланади.

Шу билан бирга, ҳаво ва темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида аввало, Тошкент халқаро аэропортининг янги терминалини барпо этиш ишлари якунланади. Шулар қаторида Бухоро – Мискин темир йўл тармоғи қурилишини якунига етказиш ва электрлаштириш, Қарши – Термиз, Поп – Наманган – Андижон – Қўқон темир йўлларини электрлаштириш ишлари ҳам кўзда тутилмоқда.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни санитария йўли билан тозалаш ва утилизация қилишни янада яхшилаш дастури шаҳарларимиз ва қишлоқ аҳоли пунктларининг тозалиги ва гўзаллигини ошириш, атроф-муҳитни заҳарлайдиган ва аҳоли саломатлиги учун хавф туғдирадиган, ноқонуний пайдо бўлган 1,5 мингта чиқиндихонани йўқ қилиш имконини беради.

Айни вақтда маиший чиқиндилар учун, жумладан, барча вилоятлар марказларида ҳамда йирик шаҳарларда 168 та полигон барпо этилади. Чиқиндиларни тозалаш билан шуғулланадиган ташкилотлар қўшимча равишда 405 та замонавий махсус техника билан таъминланади.

Президентликка номзод эътибор қаратган яна бир муҳим масала – кўмирнинг таннархи ва аҳолига сотиш нархини камайтириш, айниқса, қиш пайтида унинг баҳоси ошишига ва чайқовчиликка йўл қўймаслик бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўришдир.

Кўмир ишлаб чиқаришнинг ҳозирги ҳажми, афсуски, мавжуд талабни тўлиқ қондириш имконини бермаяпти. Бош вазирнинг айтишича, ўтган давр мобайнида мамлакатимиз бўйича кўмир маҳсулоти етказиб бериш режаси 35 фоизга, аҳолини таъминлаш бўйича эса 17 фоизга бажарилган, холос.

Шу сабабли аҳолига кўмир етказиб бериш тизимини такомиллаштириш, унинг нархи сунъий равишда ошиб кетишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилади.

Ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналиши бўлган мактабгача таълим-тарбия тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш эътиборимиз марказида бўлади. Жумладан, давлатга қарашли 1 миллион 109 минг ўринли 2 минг 200 та болалар боғчасини қуриш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш масалалари ҳал этилади.

Соғлиқни сақлаш соҳасини янада ислоҳ қилиш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини тубдан ошириш мақсадида яқин кунларда қишлоқ врачлик пунктлари, тез тиббий ёрдам станциялари, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятини янада яхшилаш бўйича, шунингдек, хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантириш бўйича Ҳукуматнинг 4 та қарори лойиҳаси тайёрланмоқда.

Бундан ташқари, ёши улуғ инсонлар, ёлғиз кексалар ва имконияти чекланган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш дастури тайёрланмоқда. “Нуроний” жамғармасининг мақоми ва мавқеини кўтариш, унинг туман, вилоят ва республика тузилмаларининг штат бирликларини кўпайтириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият берилади.

ЎзЛиДеП номзодининг сўзларига кўра, ҳукумат кўплаб дастурларни қабул қилмоқда, лекин уларни амалга оширадиган, ташаббускор ва ватанпарвар, юқори малакали кадрлар етарлими? Олий ўқув юртларида тайёрланаётган мутахассислар бундай улкан вазифаларни бажаришга қодирми? Уларга таълим бераётган ўқитувчи ва профессорларнинг билим ва малакаси давр талабига жавоб берадими?

Шавкат Мирзиёвнинг таъкидлашича, мамлакат ҳукумати бу йўналишдаги ишларимизни танқидий баҳолаган ҳолда, 2017-2021 йилларда Олий ўқув юртлари тизимини янада ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилади.

Бугунги кунда ахборот-коммуникация технологиялари, Интернет тизимини кенг ривожлантирмасдан туриб, мамлакатни модернизация қилиш ва янгилаш, барқарор тараққиётга эришиш ҳақида сўз юритиш мумкин эмас.

Ҳаётнинг энг муҳим жабҳалари учун юксак технологиялар, илмий ишланмалар яратиш, малакали мутахассислар тайёрлаш, жаҳон ахборот технологиялари бозорида муносиб ўрин эгаллаш масаласига устувор аҳамиятга эга вазифа сифатида қараш зарур.

Айни вақтда ахборот-коммуникация соҳасидаги охирги ютуқларни ўзлаштириш билан бирга, ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишга, уларни китоб билан дўст бўлишига, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлади.

Бунинг учун, аввало, миллий адабиётимиз ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ижтимоий тармоқларга жойлаштириш ва уларни кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор бериш муҳим аҳамият касб этади.

Ўзининг ноёб истеъдоди ва маҳоратини халқимиз маънавиятини юксалтиришга бағишлаган, инсон қалбининг муҳандислари бўлган ижодкор зиёлиларга доимий эътибор масаласи дастурда алоҳида ўрин эгаллайди.

Ижодий ташкилотлар, бадиий уюшмалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг моддий-техник базасини, инфратузилма тармоқларини мустаҳкамлаш ишларига эътибор янада кучайтирилади.

Шавкат Мирзиёев бундай эътибор ва амалий ғамхўрлик нафақат ижод аҳлига, айни пайтда, жонкуяр ўқитувчи ва домлаларга, тиббиёт ходимларига, ҳарбий хизматчиларимиз ва ҳуқуқ-тартибот посбонларига, давлат бюджетидан маош оладиган барча фидойи юртдошларимизга тааллуқли эканини алоҳида таъкидлаган.

Ўзбекистон Президенти в.б. Шавкат Мирзиёев энг муҳим ва долзарб масалалардан бири – юксак маънавиятли, замонавий билим ва касб-ҳунарларга, ўз мустақил фикрига эга бўлган ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашдан иборат эканини қайд этиб, ёшларнинг қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни кучайтириш билан боғлиқ вазифаларга қисқача тўхталган.

Авваламбор, “оммавий маданият” кўринишида кириб келаётган турли таҳдидлар, гиёҳвандлик, диний экстремизм, миссионерлик каби бало-қазолардан ёшларни асраш, уларнинг таълим-тарбиясига ҳар бир киши масъул эканини ҳеч қачон унутмаслик зарур.

Шу сабабли, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаолияти бугунги куннинг ўткир талаблари нуқтаи назаридан танқидий кўз билан қайта кўриб чиқилади.

Аввало, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг ўзини мустаҳкамлаш, унинг мамлакатимиздаги барча ёшлар чин дилдан интиладиган ташкилотга, ортиқча тадбирлар ўтказиш ва расмиятчилик кўринишларидан холи бўлган, ёшлар манфаатларининг ҳақиқий ҳимоячисига айланишига эришиш зарур. Унинг жойлардаги тузилмалари фаолиятини, хусусан, шаҳар ва туманларда, узоқ қишлоқ ва маҳаллаларда уюшмаган ёшлар ўртасида олиб бориладиган ишларни кучайтириш бўйича катта вазифалар бажарилади.

Ёшлар билан ишлаш масаласи ижтимоий сиёсатнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб, бу борада кенг кўламли чора-тадбирлар дастури амалга оширилади.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>