Шарҳловчининг шарафли йўли

Дунё кўрган – дунё қадар фикрлайди, дунёқараши кенгаяди,

дунё билан бўйлашади, деган ҳикмат замирида улкан маъно мужассам. Юрган дарё, ўтирган бўйра, деганларидек, дунёбехабар одамнинг фикрлаши ҳам шунга яраша тор бўлади.

Ўтган асрнинг 70-80 йиллари улғайган авлод ойнаи жаҳонда таниқли сиёсий шарҳловчилар Турсун Қоратоев, Талъат Солиев, Лола Ҳотамова, Аҳмаджон Мелибоев, Насриддин Муҳаммадиев, Қуддус Аъзамнинг махсус кўрсатувлари орқали дунё билан ошно бўлар эдик. Нутқи равон, сўзлари жозибали сиёсий шарҳловчилар дунё бўйлаб турфа воқеликларни ўз кўзи билан кўриб келгандек шарҳлар, эътибор билан тинглаганлар эса жаҳон майдонида юз бераётган ҳодисаларни кўргандек бўларди.

Афсуски, у даврда дунё асосан “социалистик” ва “капиталистик” деган иккита сиёсий лагерга бўлинган эди. Шарҳловчи албатта биринчисини мақтаб, иккинчисини сунъий равишда бўлса-да ёмонлаши шарт эди, собиқ тузум талаби шундоқ бўларди…

Ўша давр тузумини “собиқ” деб гапириш урф бўлганидан буён қанча сувлар оқиб кетди. Барибир, халқимизда жаҳон майдонида юз бераётган воқея-ҳодисаларни билиб туриш истаги ошса ошдики, сусайгани йўқ. Сўнгги ўн йилликлар мобайнида бу мавзуда “бўшлиқ” пайдо бўлганди. Ана шу “бўшлиқ”ни тўлдираётганлардан бири истеъдодли журналист, “Олтин қалам” мукофоти совриндори Шарофиддин Тўлагановдир.

IMG_20230304_104812IMG_20230304_182627

IMG_20230304_182908

Инсонлар бор, ўз касбининг профессионали, фидойиси бўлиб шуҳрат қозонади. Сиёсий-ижтимоий мақолалари билан танилган журналист Шарофиддин Тўлагановнинг ҳаёти ва ижоди давомидаги ўзига хослиги — инсонийлик, ватанпарварлик, мардлик унинг портретидаги асосий чизгилар, сийратидаги энг ибратли хислатлардир!

Юртимиз давлат мустақиллигига эришганидан буён биз учун ҳаёт, дунёқараш, жумлаи жаҳонни англаш тамомила ўзгача тус олди. Энди жаҳон майдонида бир-бирини батамом инкор этувчи куч ва тизимлар йўқ ҳисоби. Мустақил Ўзбекистон учун Россия ҳам, АҚШ ҳам бирдек дўст ва ҳамкор! Бу қудратли мамлакатларга хайрихоҳлар ҳам айнан Ўзбекистон билан имкон қадар яқин муносабатда бўлишга интилишинижамоатчилигимиз теран нигоҳ ила кузатиб турибди.

Шундай кезда ахборот истеъмолчиларининг айнан сиёсий шарҳга эҳтиёжлари тобора ортиб бормоқда. Битар ишнинг бошига, ботир келар қошига, деганларидек, сиёсий шарҳдек нозик ишни қойилмақом қилиб уддалаётган Шарофиддин Тўлагановга қойил қолсак арзийди. У устоз сиёсий шарҳловчилардан ўрнак олган ҳолда дунёнинг турли бурчакларида юз бераётган турфа воқеликларни худди кўзи билан кўриб келгандек тасвирлайди. Бунда у, албатта, энг ишончли манбалардан самарали фойдаланади, рус тилидаги маълумотларни маҳорат билан таржима қилади. Унинг ютуғи шундаки, ҳар қандай мавзуни ёритишда аввало ўқувчи қалбига ўша воқеликнинг руҳини олиб киришга интилади. Айтайлик, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти фаолияти, унинг етакчилари ҳақида сўз юритса, гўё узоқ йиллар ўша нуфузли идорада фаолият кўрсатгандек фикрлайди.

Ижодкор учун энг муҳими – тил, услуб ва маҳорат. Ана шу учта зийнатга эга бўлган ижодкорнинг истеъдоди ўзгача намоён бўлади. Ундан шунга яраша кўп нарса кутса бўлади. Катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган ШарофиддинТўлагановнинг ижоди шунга яраша эканини унинг мақолаларидан билса бўлади.

Бу таниқли сиёсий шарҳловчининг омади ҳамда энг катта ютуғи – юртимиз мустақиллиги берган бахт асносида АҚШдан тортиб Европа давлатларигача, Хитойдан Туркиягача ўнлаб мамлакатларга бир неча марта бориб келаётгани бўлмоқда.

Замонавий сиёсий шарҳловчи шарҳларини Тошкент аэропортидан бошлайди. Ижтимоий тармоқлар орқали суратли мақола ва шарҳларини репортаж усулида ёритиб кетаверади. Юртга қайтгач, салмоқли публицистикасини тақдим этади. Воқеа-ҳодисаларни заковатли қалам соҳиби бўлган Шарофиддин Тўлаганов теран нигоҳ ила англайди ва ижодга киришиб кетади. Ўша мавзуда ёритган мақоласини ўқисангиз, жайдарича қилиб айтганда, мазза қиласиз.

Шу аснода ёзилган “Турбат йўлидаги қайдлар” тўплами журналистика майдонида ўзига хос воқелик бўлган, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Тўпламдан “Ўзбекистон” радиоканалининг “Оқшом тўлқинларида” ахборот -мусиқий ва “Дунё” ахборот-таҳлилий дастурларида ҳаво тўлқинларига узатилган, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Миллий тикланиш”, “Ҳуррият” ва бошқа газеталарда ёритилган шарҳлар, маълумотлар ўрин олган. Тўпламда Интернет хабарлари асосидаги маълумотлар ҳам берилган. Шу билан бирга муалллифнинг ўз муносабатини ҳам кўришимиз мумкин. Шарофидин Тўлаганов ўз устида ишлашни давом эттириб, яна бир қанча китоблар ёзади, деган умиддамиз. Зеро бундай рисолалар келажакда журналист бўлишни танлаган талабалар учун яхшигина ўқув қўлланмаси бўлиши мумкин. Шарофиддин Тўлагановнинг Озарбайжон, Хитой, Чингиз Айтматов ҳақида Ўзбекистонда нашр қилинган китобларда мақолалари босилгани, сайрамлик тарихчи олим Мираҳмад Мирхолдор ўғли билан ҳамкорликда “Турбат тарихи” деган китоб чиқарганидан хабаримиз бор эди. Қўлингиздаги китоб “Турбат йўлидаги қайдлар” деб номланибди.

Турбат қадимий манбаларда “Тошкент ва Сайрам орасида жойлашган” дея таърифланади. Буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий “Насоим ул-муҳаббат”, “Мажолис ун- нафоис” асарларида тилга олган Исмоил ота, Исхоқ ота, Атойилар юрти. Буюк соҳибқирон Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Шайбонийхонларнинг қадами етган қишлоқ. Ўзбекистон сиёсий, ижтимоий, маданий ҳаётидаги хизматлари инобатга олиниб фахрий унвонлар, орден-медалларга сазовор бўлганлар орасида турбатликлар кўпчиликни ташкил қилади. Шу ўринда Ўзбекистон Халқ шоири Туроб Тўла, Ўзбекистон Халқ артистлари Зоҳид Ҳақназаров, Рихсивой Авазов, Ўзбекистон Халқ ўқитувчиси Озод Акбаров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Жўра Исроилов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими, Педогогика фанлари номзоди Ислом Зокировлар орасида Биринчи Халқаро “Олтин қалам” миллий мукофотининг совриндори Шарофиддин Тўлагановнинг борлигини таъкидлаб ўтиш керак.

Шарофиддин Тўлаганов фарзандлик бурчини адо этиш мақсадида ўзининг бу китобини “Турбат йўлидаги қайдлар” деб атабди. Тўғри, китобда Турбат ҳақида маълумотлар кам. Муаллиф ўз қайдларини китоб қилишга уринган, холос. Бироқ, китобда қизиқарли маълумотлар, муаллифнинг ички кечинмалари акс этган, дея оламиз.

Китобнинг “Турбат йўлидаги қайдлар?” деб номланишини муаллиф шундай изоҳлайди:

“8-9 ёшлардаги ниятим – Турбат қишлоғи номини китобга беришдан иборат бўлган. Иккинчидан, ҳар гал Турбат сари йўлга чиққанимда хаёлимдан нималардир ўтарди. Тошкентга қайтгач, ён дафтаримга нималарнидир қайд қилиб қўяман. Учинчидан, “Турбат” арабчада Қабр (қабр устига ўрнатилган мақбара) деган маънони англатади. Ҳаммамиз бандамиз, эртами кеч, Аллоҳнинг ҳузурига борамиз. Демак бу фикрларни Қабр йўлидаги қайдлар, десак ҳам бўлаверади… Хуллас, ҳаётий кузатишларимни имкон қадар билдиришга интилган мазкур китобни “Турбат йўлидаги қайдлар” дея атадим. Мен ким бўлишимдан қатъи назар одамлар билан кўришиб, суҳбатлашар эканман, улардан нималарнидир олишга интилдим. Шу тариқа билим савиямни ошириб бордим”.

Шарофиддин Тўлаганов ҳаётда кўрган-кечирган воқеа-ҳодисаларини теран таҳлил этишга ҳаракат қилади:

“Менга топширилган ишни рисоладагидек бажаришга ҳаракат қиламан. Болалигимда сигиримиздан олган “таълим” асло ёдимдан кўтарилмаган.

Ёзги таътилдамиз. 9-10 ёшларда бўлсам керак. Эрта тонгда мол-қўйларни подага қўшиш керак. Эриниб ўрнимдан турдим ва молларни ҳайдаб подахона сари йўлга чиқдим. У вақтларда подахонгага бориш учун тегирмон ёнидан ўтиларди. Тегирмондан кейин подахона бир қадам. Олифтагарчилик қилиб молларни тегирмон олдигача ҳайдаб бордим. Ўша ерда синфдошимни учратдим ва менинг молларимни ҳам подахонагача ҳайдаб боришини сўрадим. Ўзим эса (уйқу ширинлик қилган бўлса керак) уйга қайтдим. Орадан кўп ўтмади. Сигиримизнинг маъраши уйқумни қочириб юборди. Ана энди кўринг томошани. Кейин сигиримизни ҳайдаб бир неча километр узоқликдаги Тешиктошга – Парпи ота деб аталувчи жойга ташлаб келган эдим. Шу-шу топширилган ишни ярмисида ташлаб кетишни хаёлимга келтирмайман. “Яримта иш келтирар ташвиш” деганлари рост экан”.

“Китоб-менинг дўстим” сарлавҳали мақолада битилган қуйидаги сатрлар китобхонни бефарқ қолдирмайди:

“Китобни яхши кўрардим. Ойлигимдан 5 сўмга китоб олишни ўзимга сўз бергандим. Уйлангунимга қадар (1989 йил август) бу қарорим ўзгармади. Китоб дўконига кирсам қуруқ чиқмасдим. Беш сўмга Ғафур Ғулом номидаги адабиёт нашриётида чиққан иккита китоб (ўша пайтдаги қизларнинг тили билан айтганда орқасида лола расми бор), бошқа нашриётларда чиққан бир нечта китоб берарди. Ойига камида 3 та китоб олардим. Айримларини ўша пайтдаёқ ўқиб чиқардим. Айримларни эса қариганимда ўқийман, деб ният қилардим. Мана шу –иккингчи ниятим нотўғри бўлганини энди англаб етдим. Ёшликда ўқиш керак экан. Кексайганда ташвишлар кўпаяр экан, Интернетдан, айниқса, Фейсбукдан бўшамай қолар экансиз”.

“Нима учун Америкача таъм?” сарлавҳали мақолани мутолаа қилган ўқувчи ҳақиқий ватанпарварлик туйғуларини ҳис этиши мумкин:

“Америкача таъм”. Мана шу ёзуви бор маҳсулотлар катта шаҳарлардан тортиб чекка қишлоқларгача етиб борди. Нима учун Америкача таъм? Шу саволни ўзингизга бериб кўрганмисиз?. Яқин-яқингача ўзбекча таъм ҳамма нарсадан устун эмасмиди?. Нима учун энди Америкача таъмга қизиқиб қолдик. “Ўзбекона таъм” яна машҳур бўлармикан?! Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, болаларимиз нима тез-тез учун касал бўлади? Ана ўша Америкача таъмли маҳсулотни истеъмол қилгани учун эмасмикан, деган саволни ўзингизга берганмисиз? Айниқса, қиш фаслида Америкача таъмли ичимликни ичгандан кўра, бозордан ўрик туршаги, олма қоқини сотиб олиб шарбат тайёрлаб болаларимизга берсак яхши эмасми?!

Қишда касал бўлмайин десангиз ўзимизнинг ўзбекча таъмли шарбатларга ўтинг. Уларга шакар солмасангиз ҳам бўлаверади. Ахир қайнатилган сувни ҳам ичасизку. Қайнатилган иссиқ сувга қуритилган меваларни ташлаб қўйиб, совиганидан кейин бир ичиб кўринг. Худди шундай — жийдаларни ҳам қайнатилган сувга ёки чойга солиб сал совигунча кутинг, сўнг чойни ичиб, жийдани ейиш мумкин. Ёшлигимизда шундай қилардик.Ҳам соғлом бўласиз, ҳам руҳингиз тетик бўлади”.

“Сингилларим олдидаги акалик бурч”да қуйидагиларни ўқиймиз:

“Бир воқеа ҳаётимда унтилмас бўлиб қолган. Ҳар гал Ҳайит келганида ўша воқеани эслайман ва сингилларим олдидаги акалик бурчим ёдимга тушаверади.

1990 йиллар бўлса керак, кимнингдир хотирасини ёдга олиш мақсадида Қорамўйин деб номланувчи маҳалланинг Қоратош деб аталувчи жойигача бордик. Қорамўйини Ондирис билан ажратиб турувчи ариқдан ўтишимиз билан подадан қочган ёки уйдаги арқондан ечилиб кетган катта буқа ўйноқлаб кела бошлади. Тўғри, буқа Испания ёки Лотин Америкасидаги жангари ёки бўрдоқига боқилган эмас эди. Оддий қишлоқ буқаси эди. Аммо ўйноқлаб келиши қўрқинчли эди. Шунда менинг кўз олдимда умрбод сақланиб қолган воқеа юз берди. Кўчада бир гуруҳ ёш болалар, қизалоқлар ўйнаб юришар эди. Буқа яқинлашгач, таҳминан 7-8 ёшлардаги болакай югуриб чиқиб синглисини ҳимоя қилишга шайланди. Буқани биз катталар ҳай-ҳайлаб ҳайдашга уриндик. Лекин биздан кўра ўша 7-8 ёшдаги болакай ҳақиқий мардлик кўрсатган эди. Ҳозир ўша бола 40 ёшларга яқинлашган бўлса ажабмас. У айни дамда нима билан шуғулланаёгани менга қоронғу. Бироқ синглисини ҳимоя қилиб буқа олдига югуриб чиққанинг ўзиёқ менга жуда катта ўрнак бўлган эди. Шу-шу ҳар йили Ҳайит келиши билан ўша воқеа ёдимга тушаверади, тушаверади. Сингилларимизни оддий сўз билан табриклаш ҳар бир аканинг вазифаси эканлигини ҳис қиламан. Садриддин Айнийнинг “Қуллар” романи сўнггида чол ва кампирга айланган ака-сингилнинг учрашуви – чолнинг “Зеби, Зеби” дейиши ёдимга тушади.

Ҳар байрамда сингилларингизни табриклашни унутманг”.

“Иймон мустаҳкам…ми?” сарлавҳали мақолада қаламга олинган воқея кимларгадир ибрат бўлса ажабмас. Бу воқеяга ўзим ҳам шоҳид бўлгандим. Ҳикматга тўла ҳикояни ўқишда давом этамиз:

“Бугун (2018. 7.06) иймонимиз яна бир синовдан ўтди. Уч қадрдон – Тўлқин Эшбек, Расул ака ва камина ифторлик қилиш мақсадида соат 18.50 ларда Тошкентдаги қаҳвахоналардан бирига бордик. Ифторликкача қизғин суҳбатимиз бир соатдан ошиб кетди. Дастурхонга сомса, мевалар, уч хил компот, чой, нон, гулкарам қўйилган эди. Ифторлик яхши ўтди. Навбат ҳисоб-китобга келди – 51 минг сўм.

Юқорида тилга олган нарсаларни ўзингиз ҳисоблаб чиқинг. Киши бошига 17 мингдан тўғри келаяпти. Хурсанд бўлиб кетишимиз мумкин эди. Аммо азалдан иймонли бўлган Расул ака “бориб қайтадан ҳисоблаттиринг” деди.

Бориб қайтадан ҳисоблаттирдик 112 минг сўм бўлибди.

Кассир аёлнинг хурсанд бўлганини айтмайсизми? Офицант қиз ўзининг зарарига 61 минг кам ҳисоблаган экан. Қўшимча тўладик.

Рамазон ойи иймонимизни синовдан – менимча маъсулиятли буюк синовдан ўтказди”.

“Сабоқ” сарлавҳали публицистика ўқувчини мушоҳадага чорлайди.

“Буюк Хитой деворидан яна бир фалсафий сабоқ олиб қайтдим,– деб ёзади муаллиф.– Девор миноралардан иборат. Бир минорани “забт” этгач иккинчисига боргингиз келаверади. Ортингизга қарамай янгидан янги зафарлар қучиш мақсадида олдинга қадар интилаверамиз. Тепага чиққан сари нафасим ҳам қисила бошлади, бошим айланиб кетди. Ютуқлардан эсанкирай бошладим. Шу сабаб ярмидан ортга қайтишга қарор қилдим.

Аммо пастга тушиш қийин бўлди. Буюк Хитой Девори зиналардан иборат эмасми, йиқилиб тушмаслик учун тутқичларни ушлашга, айрим ҳолларда эса дўстларнинг ёрдамига эҳтиёж сездим. Улар пастга тушишимга чин кўнгилдан ёрдам беришди. Буюк Хитой Девори душманлардан ҳимояланиш учун эмас, балки “инсон осмонга интилар экан, манманликка берилмаслиги, пастга тушишни ҳам ўйлаши керак” деган маънода қурилган деган хаёлга бордим”.

Шарофиддин Тўлаганов баъзи беўхшовроқ воқеликларга киноя кўзи билан қарайди. Унинг “Ёшлигимизда қариялар соқов эди, энди ёшлар кар” сарлавҳали ҳангомасини ўқишда давом этамиз:

“Кўпинча матбуотда ёшларимиз одобсиз, бетгачопар бўлгани ҳақида ёзилади. Энг кўп мавзу – транспортда катталарга жой бермай ўзини ухлаётганга солаётган ёшлар ҳақида бўлади. Шу каби мақолаларни ўқиганимда “бизнинг ёшлигимизда қариялар соқов эди, энди ёшлар кар” деган ҳикматни эслайман. Ёшларни ҳадеб танқид қилавермай, ўзимиз уларга ибрат бўлишимиз керак эмасми? Ёшларни уришгандан кўра, тўғри маслаҳат берсак самаралироқ бўлади”.

Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган чет эл элчихоналари ходимлари билан билан тил топишишда Шарофиддин Тўлагановнинг олдига тушадиган журналист топилмаса керак. Қайси чет эл элчихонаси бирор тадбир ўтказса, албатта Шарофиддин Тўлагановни биринчилардан бўлиб таклиф этади. Ҳамкасбимиз ҳар қандай хорижлик дипломат билан тезгина тил топишиб, дўстона алоқа ўрнатаверади. Тошкентда фаолият кўрсатишаётган Туркия, АҚШ, Озарбайжон, Россия, Хитой, Қозоғистон, Туркманистон элчихоналари томонидан ўтказилган тадбирларда дўстимга ҳамроҳ бўлиб борганман.

Энг қизиғи, Шарофиддин Тўлаганов билан тиллашиб қолган элчилар кўп ўтмасдан уни ўзларининг мамлакатларига “пресс-тур” ёки шунга ўхшаш бирор тадбирга таклиф этади. Сўнгги 5-10 йил орасида дўстимиз Туркия, АҚШ, Россия, Хитой, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркманистон ва бошқа мамлакатларга бир неча марталаб ижодий сафарларга бориб келди. Ибратли жиҳати шундаки, у қайсики юртга отланмасин, тўғридан-тўғри эфирни Тошкент аэропортидан бошлайди. Бутун сафари тассуротларини ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритиб боради. Ўзбекистонлик мухлисларини ўша сафарига бевосита ошно этади. Сўнг, сафар таассуротлари ҳақида албатта бирорта таҳлилий мақола ёки йўл очерки ёзади.

Шарофиддин қалами қайралган публицист. Унинг публицистикалари сермазмунлиги, мавзулари ранг-баранглиги, тили жозибали эканлиги билан мухлислари қалбига жо бўлаверади.

Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати етакчиси бўлган Исмоил Қозон афанди бир гал роса топиб гапирганида ўзимиз ҳам ҳайратга тушгандик. У туркча оҳанг ила ўзбек тилида шундай деди:

“Туркия ҳақида энг кўп мақола ёзган – Шарофиддин Тўлаганов, энг узун очерк ёзган – Тўлқин Эшбек бўлади”.

Исмоил Қозон афанди бир гал қизиқ гап айтиб қолди. Уни зийраклик билан тинглаган Шарофиддин дарҳол қоғоз қоралаб, “Ўзбекистон пойтахтлар мамлакати” сарлавҳали ҳангома ёзди. Унда шундай ҳикоя қилинади:

“Бундан бир неча йил аввал Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида матбуот хизматини бошқарган Исмоил Қозон афанди бир суҳбатда “Ўзбекистон пойтахтлар мамлакати”, деган эди. Нима учун бундай деяпсиз, дея сўраганимда:

Бу мамлакат ҳудудида тарихда буюк давлатлар барпо этилганини, ҳар бир шаҳри қайсидир буюк сулоланинг пойтахти бўлганини айтган. Қаранг, топиб айтилган гап.

Ўзбекистоннинг ҳар бир шаҳри буюк мамлакатнинг пойтахти бўлгани хаёлимизга келмаган ва бу оламшумул воқеаларга унчалик катта эътибор бермаганмиз…”

Қайсики воқеликни қаламга олмасин, ундан теран хулосалар чиқариш ва ўқувчи қалбига жо этиш Шарофиддин Тўлагановнинг ўзига хос маҳорати, десак арзийди.

“Турбат йўлидаги қайдлар” тўпламини мутолаа қилган китобхон айнан бугунги оламшумул давр ва ғала-ғовур дунё воқеаларига муаллиф назари ила қараб, ҳузур қилади ва шунга яраша маънавий озиқ олади. Муҳими, муаллиф ана шу турфа воқеликларга мухлисларини ошно қилиб қўяди.

Яна бир мухтасар гап: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетида таниқли сиёсий шарҳловчи Шарофиддин Тўлагановнинг ижодий маҳорат мактаби ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Қарийиб ўн йилдирки, у бу даргоҳда бўлғуси журналистлар билан ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказади. Янги китобларининг биринчи ўқувчилари албатта талабалар бўлади. Бўлғуси журналистлар билан дилдан суҳбатлашган тажрибали шарҳловчи улар орасидан энг истеъдодли ёшларни танлаб, радиога таклиф этади. Шу аснода сўнгги ўн йил мобайнида ўттизга яқин ёш журналистлар шу фидойи Устознинг “этагидан тутиб” кетдилар. Улар республика радиосида муносиб ўрниларини топдилар.

Дилдаги гап: бугунги талабаларимиз ҳам шу Устоз журналистлар каби ҳаётда муносиб ўрнини топсалар, энг эзгу ниятга эришганимиз шу бўларди.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

филология фанлари номзоди, доцент

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *