Шерзод Қудратхўжаев: Сафарнома

ЎзМУ Журналистика факультети доценти Шерзод Қудратхўжаевнинг «Сафарнома»си ёш ижодкорлар учун ўзига хос маҳорат мактабидир.

Дунёни кўриш насиб этдими, сафар таассуротларини ёзмаган (ёзолмаган) одам ижодкор, журналист бўла олмайди. Афсуски, баъзи ҳамкасбларимизнинг қайсидир давлатга бориб-келганини узуқ-юлуқ эшитиб қоламиз, холос… Бу борада ҳурматли ҳамкасбимиз Шерзод Қудратхўжаевдан ибрат олишларини тавсия қилган бўлур эдик, дейди Дониш домла мулоҳазакорлик билан.

ШерзодК

***

Мўъжизалар остидаги… оғир меҳнат

Яқинда Хитой ва Корея сафаридан қайтдим.
Кўп таассуротлар билан қайтдим: завқландим, кузатдим, ўргандим.
Бу халқлар, уларнинг яшаши, давлатларнинг гуркираб ривожланишини кўриб менда кўплаб саволлар туғилди — улардан нимани ўрганишимиз мумкин? Ибратли тарафлари нимада? Қандай қилсак, улар сингари жадал ривожланишимиз мумкин?
Кўрганларимни бобма-боб ўртоқлашаман.

Корея ва Хитой мўъжизаси замирида нима ётибди?

Яқин 30 — 35 йил ичида Хитой ва Корея ўта қолоқ давлатлар эди. Бугун эса Хитой ЯИМ бўйича Америка билан тенг рақобатлашяпти, Корея иқтисодиёти эса дунёда 15-таликка кирган. Илгари Тошкентда юрганимда Хитойнинг 1,5 миллиард аҳолиси унинг муаммоси деб ҳом ўйлаган эканман. Аслида эса бу унинг бойлиги, катта ютуғи экан. Чунки, 1,5 миллиард одам — бу шиддатли, соғлом рақобат дегани.
Бу илғор ғоялар, олди ташаббуслар рақобати.
Хитой жудаям улкан бозор. Тасаввур қилинг, Сиз битта маҳсулот ишлаб чиқардингиз, масалан, шоколад, йогурт, ёки газета ва унинг нархи атиги 1 доллар бўлсин. Маҳсулотингиз таҳминан 100 миллион одамга манзур бўлса, демак, сиз — мултимиллионерсиз…
Бир хитойликдан сўрадим: “30 йилда бундай натижага эришишнинг сири нимада?”
Хамсухбатим кулганча жавоб қилди: “Бизнинг бошқа иложимиз йўқ эди. Биз оч эдик!”
Ўйланиб қолдим, балки, тўқлик фаровонликка ҳалақит берар. Балки, катта ерларга ега бўлиш, катта ютуқлар дегани эмасдир.
Сингапур, Корея, Япониянинг ҳеч қандай табиий бойликлари бўлмаган.
Ҳа, ҳа, ҳеч қандай: на газ, на нефт, на пахта ва на олтин. Улар бизга ўхшаб фалон нарсамиз бор, деб ўзига маҳлиё бўлиб, бир сидра тўйиб ўтирмайди. Ёки, давлат қилиши керак, деб кимнингдир қўлига ҳам қараб қолмаган.
Икки маротаба Пекиндан Нанкинга тез юрар поездда юришга тўғри келди. Хулосаларим: поездлар Хитойнинг ўзида ишлаб чиқарилган, жуда қулай, йўллари равон, собиқ СССР йўлларига хос бўлган “та-тақ – та-тақ”ларни учратмайсиз. Тезлик ўртача соатига 300-320 км ни ташкил этади. Улкан вокзалларда тартиб-интизом жойида, уларда “хаос” ва тартибсизликни кузатмайсиз. Ҳамма жой саранжон-саришта. Ўнлаб қахвахоналар, дўконлар фаолият юритади. Проводниклар ҳаммага тенг, сифатли, хушмуомала хизмат кўрсатадилар. 7 соатлик йўл асло зериктирмайди. Хитойда қишлоқ хўжалиги ўта ривожланган. Эътибор билан йўлда қараб кетдим. Ҳар бир қарич ер чопилган, қаралган, суғорилган. Кўплаб иссиқхоналар мавжуд. Улар ўтин ва кўмирда ёқилади. Йўл четидаги барча уйлар томида офтоб нуридан фойдаланувчи панеллар ўрнатилган. Хитойда 1,5 миллиард одам борлигини сезмайсиз ҳам. Чунки, ҳамма нарсада тартиб, интизом устун.

Корейснинг кун тартиби

Одатда кун тартиби уйда барвақт бошланади. Кўпчилик йўл-йўлакай нонушта қилиб, қаҳва ичиб кетади. Аксар жойларда иш соат 8 да бошланади. Соат 11 дан 1:30 гача тушлик, кофе ичиш ва озгина дам олиш вақти бўлади. Бу пайт бирор корейсга телефон қилсангиз, ёки безовта қилсангиз, рости, сиз душманга айланасиз. Тушликдан кейин соат 6 гача астойдил ишлаш вақти, инглизча айтганда — hard working time.
Корейслар жуда тиришқоқ халқ.
Бу нимада намоён бўлади?!
Барча нарса ҳисоб-китоб билан қилинади, хеч нарса шунчаки қилинмайди. Масалан, Кореяда телевизион трансляция вақтида ҳар бир камеранинг туриш жойи, тасвирчининг юриш маршрути олдиндан белгиланади. Шунинг учун ҳам Корея ТВсини кўрсангиз югур-югур, чоп-чоп, кераксиз одамнинг тасвирга тушиб қолиши каби бизда кўп учрайдиган “хол қўйишлар” кузатилмайди. Офисда ҳар бир одам ўз функционал вазифаларига эга. Ҳеч ким бир-бирининг ишини қилмайди. Рақобат кучли.
Давлат хизматчиларига эса жуда оғир. Чунки улар бу лавозимларига таниш-билишчилик, пул ёрдамида эмас, балки 3 босқичли тестларни топшириб, энг муносиблари танлаб олинади. Хизмат пилла поясидан кўтарилиш ҳам худди шундай. Уларнинг ўртача маоши 3 — 4 минг доллар атрофида. Лекин нархлар қиммат.

Мўжизанинг бош омили онг ва тафаккурнинг юксалишидадир

Масалан, сиз лойсувоқ уйда туғилдингиз. Болалигингиз, ўспиринлигингиз ҳам шу масканда ўтди. Бу сизнинг айбингиз эмас. Лекин, айнан шу уй деворларини пишиқ ғишт қилиб кўтариш, иморатингизнинг асосини гранит билан безатиш, ота-онангизга қулай, замонавий таҳоратхона қилиш сизнинг қўлингиздадир. Чунки, лойсувоқ уйда ўлсангиз бу айнан сизнинг айбингиз бўлади.

Атайин кузатдим, корейс ёшлари McDonald’s, Starbucks каби қахвахоналарда олдига битта чашка кофе ёки чойни қўйиб дарс қилиш билан банд. Асосийси, у ерда текин Wi-Fi бор. Ҳар бири ақлли, ўз мустақил фикрига эга. Чунки уларни келажакда қанадай рақобатли олам кутаётганини билади.
Инсон миясини мен резинкага ўхшатгим келди: қанчалик тортса, қийнаса, шунча чўзилади, кенгаяди. Ва бу зарарли эмас, аксинча, фойдали. Ҳар биримизнинг ўз тафаккур империямиз бўлиши керак. Унинг нақадар миттилиги ёки бепоёнлиги ўзимизга боғлиқ. Кимдир империя қироллар ва олигархларга хос деса, адашади. Биз уни қандай тасаввур қилишимиз ўзимизга боғлиқ. Қанчалик тафаккуримиз яхши ғоялар, яхши инсонлар, яхши ташуббуслар учун очиқ бўлса, тафаккур империямиз шунчалик бепоён бўлади. Янгилик кишини ўйлантирса-да, ундан қўрқмаслик керак.
Хитойда юрган вақтимда, Тошкентда бензин нархи ошди. Ижтимоий тармоқларда кўплаб пессимистик гапларни ўқидим.
“Шу эски йўллардан юраверардик, бизга янги қурилишлар керак эмас. Бензин нархи ошмаса бўлгани” – деганлар ҳам бўлди.
Бозорларимизда картошка нархи шунча, гуруч нархи бунчага ошди дейишди. Дунёқарашимизни озгина ўзгартирадиган вақт келди деб ўйлайман. Назаримда, биз арзон картошка, арзон гўшт, арзон бензинни ўйлаб, ўзимиз ҳам арзон одам бўлиб қолаётгандекмиз. Бизни кичкина маош ҳам қониқтиряпти. Гўёки, арзончилик бўлса бас. Ваҳоланки, валюта либерелизациясини хоҳладикми, бунинг оғриқли нархини ҳам тўлашимиз керак. Бу танадаги иситмага ўхшайди. Бир чиқиб иммунитетни синаб, қайтиб кетади. Фақат, бу босқичидан, оғриқли ўтиш давридан чиқиб олишимиз керак. Ўзи бу мушкул муолажани 25 йил чўзиб келдик, МДХда охири биз қолгандик.. Аммо энди экспорт-импорт чекловлари бўлмайди.
Бизнинг бошқа фалсафага ўтадиган вақтимиз келди: кўп пул топиш, кўп сарфлаш, катта натижаларга эришиш фалсафаси.
Масалан, Кореяда яшаш даражаси, бензин, электроэнергия, озиқ-овқат жуда қиммат, ресторан, кафелар нархлари жуда баланд. Лекин шунга қарамасдан, улар кўпроқ даромад топишга тинмай интилишади.
Яна бир гап мавриди келганида, мехнат қилиб топилган пул саёхат, ички ва ташқи туризм, билим олиш, ўзига, номоддий интеллектига сармоя қилишга сарфланади. Биз эса шуунча тер тўкиб кераксиз моддий сарпо бисот, тўй маърака ва кибримизни озиқлантиришга маблағ харжлаймиз. Қадриятларни хам ревизия қилиш вақти келди нихоят.., шахсиятни комилликка интилиш йўлида хам моддий харажат миқдорини ошириш лозим.
Вахоланки қанчалик аччиқ бўлмасин, Тошкентдан нари чиқмаган қанча одамлар бор хамон бугунги 21 асрда.. ёки аксинча пойтахтни кўрмаганлар қанча??!
Яна бир маълумот: Хитойда машина сотиб олиш ҳозир у қадар муаммо эмас, аммо одамлар 1-1,5 йиллаб давлат рақамини олишга навбатда туришади. Бу ҳам арзон эмас (20-30 минг доллар экан).
Кейинги хотираларда янада қизиқарли масалаларни кўтарамиз…

***

МЎЪЖИЗАЛАР ОСТИДАГИ… ОҒИР МЕҲНАТ
(давоми)

Ассалому алайкум, ҳурматли муштарий.

Ўтган сафар ёзган фикрларимиз бир нечта сайтларда чоп этилди. Бунинг учун алоҳида ташаккур! Лекин, Facebook ва мессенжерлардаги айрим гуруҳлар саҳифамдаги мақоланинг умумий контекстидан юлиб олиб, ўзларига мослаб жамоатчилик орасида тарқатишди. Улар бутун мақоланинг моҳиятини “арзон картошка” ва “арзон бензин”га олиб келиб қўйишди. Аслида, моҳияти бошқа нарсада эди. Ҳа, майли… одамлар ўқишди, фикрлар билдиришди, бахс-мунозара бўлди. Шунисига ҳам рахмат

КИЧИК ЭМАС, ЛЕКИН ИХЧАМ ВА ШИНАМ УЙЛАР

Бу сафар кўрган-кечирганларимдан Корея ва Хитойдаги уй-жойлар, бинолар, иморатлар ҳақида сизлар билан ўртоқлашмоқчиман.

Сеул ҳам, Пекин ҳам одамлар билан гавжум. Миллион-миллион одамлар яшайдиган бу шаҳарларда шундай бўлиши табиий. Яна бир нарса табиийки, ер майдони иккала шаҳарда ҳам чекланган. Бинолар бир-бирига ниҳоятда зич жойлашган. Ҳар бир қарич ер бир неча юз минглаб доллардан миллионлргача боради нарҳи. Дўконлар, қаҳвахоналар асосан биринчи қаватда жойлашган, биздаги каби кенг ва бемалол эмас. Хоналар жуда ихчам ва кичкина, доим одамлар билан тўла бўлади. Бевосита, ошхона ҳам шинамгина, ҳамма нарса тирбанд. Бино олдига машинани, ҳатто Mercedes-Benz – Maybach, Bentley бўлса ҳам парковка қилишни асло ўйламанг ҳам. Бунинг учун махсус одам келган заҳоти машинангизни олиб, ёки бино ертўласига, ёки автотураргоҳга қўйиб келади. Меҳмонхоналар олдида ҳам вазият шундай. Эксклюзив апартаментлардан ташқари кўп хоналар ихчам. Кореядаги беш юлдузлик меҳмонхоналарда хоналар Туркия, ёки Америкадагидек кенг ва катта эмас.

Одамлар яшайдиган уй-жойларга келсак. Хитойнинг Сучжоу провинциясида бўлганимда бир нечта хонадонларига кирдим. Кўп уйлар 2 қаватли, 10га 15 метр қилиб қурилган. Биринчи қаватда, одатда, меҳмонларни кутиб олиш учун ўртача 5-10 кишилик меҳмонхона, катта ёруғ холл ва ошхона жойлашган. Иккинчи қават эса уй эгаси ва фарзандлари ётоқхоналаридан иборат. Ҳар бир ётоқхона ўз ҳожатхонасига эга. Хожатхоналар тўғрисида пастроқда алоҳида тўхталмоқчиман.

ЭНДИ БИЗДАГИ ҲОЛАТГА ЎТСАК

Биз кенгликни яхши кўрамиз. Кенг далалар, очиқ майдонлар… Чунки бизда ер кўп. Кўпинча иморат қурганда ҳали туғилмаган, ёки ҳали гўдак бўлган боламиз шу ерда яшайди, деб ғишт қўямиз. “Бир қурибмиз-да” деб, катта ертўлалар қурамиз. Нима учун ва ким учун мўлжалланганини билмасак-да, катта-катта хоналар қуриб, вақтида бир нарсага ишлатилар, деб қураверамиз. Бунинг фожиаси нимада?

Биринчидан, бир йилда қуриладиган уйнинг битиши бир неча йилларга чўзилиб кетади.

Иккинчидан, уй-жой деб ейиш-ичишимиздан, фарзандларимиздан тежаб, саёхатлар, дунё кўришдан воз кечиб, ўлик капиталга, иморатга пул сарфлаймиз, хуллас, нотўғри харчлаймиз. Чет элда ишлаётган ватандошларимиз бошида не-не меҳнат билан яхши пул топади, кейин эса пул топиш мураккаблашади ва бу пуллар беҳуда сарф қилинади.

Учинчидан, бу уйларни ҳайҳотдек, баланд шифтли қилиб қурганда биз уни на қишда иситишни, на ёзда совутишни ўйламаймиз. Кейин эса газ ва светдан нолиб, давлатни айблаймиз. Бироз қиммат, лекин сифатли ва иссиқни тежовчи технологияларни эса умуман қўлламаймиз. Масалан, иссиқликни тежовчи махсус ғиштлар, шифт устини пенопласт ва полиуретан эмас, қамиш, бўйра ва юпқа лой билан лўмбоз қиламиз. Кўпчиликнинг чордоҳи қишин-ёзин шамол, чанг ва совуқ учун очиқ бўлиб, ҳангиллаб ётади. Газ бойлигимиз Россияникидан кўп бўлган тақдирда ҳам, бундай уйларни иситиш учун албатта Рокфеллер ёки Ротшилдлар бўлишимиз керак…

Тўртинчидан, пластик ромлар қўйилмаганда иссиқлик йўқотиш кўп бўлади. Бувим раҳматли Маъсудахон айтганларидек, “Қишда игнадек тешикдан туядек совуқ киради”.

Меҳнаткаш корейс ва хитойликларнинг хонасида эътибор берганим, ҳар бир хона кичкина эмас, балки шинам ва қулай. Ҳар бир нарса ҳисоблаб чиқилган. Ортиқча бирор хона қурилмайди. Мебел турадиган жой, одам учун ажратилган йўлакча, боласининг хонаси, санузелдек битта хонада ҳам унитаз, ҳам душ, ҳам ихчамгина ванна жойлашган. Қўшнига аччиқ қилиб данғиллатиб қуриш, ундан баландроқ бўлиш ҳисси уларга ёд. Улар ҳам бизга ўхшаб ерда ўтиришни яхши кўрадилар, лекин гилам ва кўрпача солмайдилар. Ётоқхонада ҳам ўртача кровать, иккита тумбочка, битта кийим-кечак шкафи ва битта трюмо учун жой етарли.

БИЗГА ФОЙДАЛАНИЛМАЙДИГАН БАЛКОНЛАР КЕРАКМИ?

Уларда Европадагидек балконлар ҳам деярли йўқ. Ўзбекистон шароитида эса, маҳаллаларда бинолар бир-бирига яқин жойлашганини ҳисобга олганда, хусусий уйда балконга ҳожат йўқ аслида. Унинг устига, қўшнилар бир-бирини кузатиб туриши ҳам тарбиямизга тўғри келмайди. Мен ҳали балконларда одамлар суҳбатлашиб ўтирганини кўрмадим. Ваҳоланки, уларни қуриш учун қанчадан-қанча маблағни беҳуда сарфлаймиз. Балки биз бу пулларни болаларимизга китоб, уйимиздаги интернет трафиги учун аямасак бўлармиди? Биз бу маблағларни қимматбаҳо кафель, мармар ва бошқа анжомларнинг чанг босиб ётиши учун сарфладик-ми?!

Тошкентдаги баъзи уй қурганлар балкон ва уй остонасини қорда яхламаслиги учун “тёплый пол” қилишади. Лекин бу ҳам пулни ҳавога совуришга тенг. Чунки бизда унча кўп қор ёғмайди. Энди “давлат ўзимизники, газ ўзимизники, миллий бойлигимиз” қабилидаги гаплар ўтмайди. Аччиқ бўлса ҳам айтиш керак, бундан буёғига Ўзбекистон ва дунёдаги бошқа мамлакатларда газ ва бошқа табиий ресурслар нархи ошса-ошадики, тушмайди. Келинг, ўзимизни ҳам, МИБни ҳам, давлатни ҳам қийнамайлик. Инспекторлар билан газ ва электр бўйича счетчикларсиз ишлаш ёки ортга айлантириш пайти ўтмишда қолди.

Хитой, Корея ва Туркиядаги уйларнинг деярли барчасида офтобдан энергия оладиган қурилмалар ўрнатилган. Биз эса бу ҳақида ўйлаб ҳам кўрмасдан, фақат газ билан свет ҳақида гапирамиз… Ваҳоланки, Ўзбекистон серқуёш замин, Solar-технологиялар ҳам бозоримизга ва ҳаётимизга кенг кириб келди. Нархи ҳам унча қиммат эмас. Уч миллион сўмдан бошланади. Бир ярим-икки йилда ўзини оқлайди ва буёғига беминнат, бепул ишлайди. Лекин биз газ йўқ деб нолийверамиз… Йўқ нарса бўлса ақл бошқа муқобил нарсани қидириши керак. Бу қобилият ва хусусият нафақат яҳудий, балки бошқа миллатларда бўлиши ҳам фойдалидир. Ахир қуёш технологиялари бор-ку! Қуёш бепул-ку, бир марта пул сарфлаймиз, холос. Ўзбекистон шароитида 300-320 кун офтоб бўлади. Лекин ҳозирги технологияларга озгина офтоб ҳам кифоя, баъзилари кечаси ҳам ишлаб, 40-60 градус иссиқликда сув таъминлаб беради. Ўзимнинг уйимга ҳам баҳорда ўрнатмоқчиман. Қуёшдан фойдаланиш нима беради? Биринчидан, бу соҳа ривожланади, янги иш жойлари яратилади. Хонадонимизга иссиқлик, озодалик, поклик келади. Ва биз, энг муҳими, уйимизни иссиқлик билан таъминлаш ўз қўлимиздалигини англаб етамиз. Пулимиз ҳам тежалади. Об-ҳаво ёки бировдан ҳеч нимани кутмаймиз.

ҲИЖОЛАТЛИ БЎЛСА ҲАМ, ҲОЖАТХОНАЛАР ҲАҚИДА…

Хожатхоналар алоҳида мавзу. Қанчалик бу мавзу эриш туйилса ҳамки, ёзишга жазм қилдим. Ўтган асрнинг 90-йилларида Туркияга борганимда ҳайратланган эдим: Анқара, Истанбул, Анталия каби йирик шаҳарлар тугул, баланд тоғлик Азрумдек жойларда ҳам хожатхоналар тоза, покиза ва ҳидсиз бўлиб, ерга ўрнатилган унитазлар ва албатта таҳорат учун сув келтирилган эди. Шубҳасиз, обидаста жойида турар эди. Қоғоз ва сочиқлар бор. Афсуски, бизда эса айрим жойларда у пайт ўрали ҳожатхона ва кесакдан фойдаланилар эди… Туркларнинг яна бир жиҳати мени лол қолдиради: ҳеч ҳам ҳаётдан нолимайдилар, сиёсат, маданият ва санъатга қизиқадилар ва бемалол фикр алмашиб, турли мавзуларда баҳсга киришадилар. Тоғлик, газ йўқ жойларда қишга тайёргарчиликни ёздан бошлайдилар. Бизда эса, афсус, қишлоққа табиий газ келмаслигини билсак-да, яқин атрофдан ўтин йиғиш, кўмир арзонлигида ғамлаб қўйишни ўйламаймиз ҳам, гўё қиш сира келмайдигандек… Узр, ўтиб кетгани учун ёзяпман. Корейс ва хитойликлар мусулмон бўлмаса-да, аксарият ҳожатхоналари унитазларида “биде” функцияси ўрнатилган. Бу уларга одатга кирибди. Масалан, унитазларнинг кўпи электрон бошқарув асосида ва бир нечта функцияни бажаради. Биздаги жамоат ҳожатхоналарда эса оддий қоғоз ҳам муаммо. Ҳиди ва ҳолатига эса чидаб бўлмайди, узоқдан “Ж” ва “М” ҳарфларни кўрмасдан сезасан қаерда жойлашганини. Уларда автобанлар, яъни катта автойўллар бўйида бир вилоятдан иккинчи вилоятга ўтаётганда катта ҳожатхоналар жойлашган. Одамларга қулайлик яратиш мақсадида дўкон ва ошхоналар улар ёнида мавжуд. Яъни, йўлда бир мақсадга тўхтаб, бошқа ишларингизни ҳам бажариб оласиз.

Азиз муштарий,

Мақсадим чет элни мақтаб, ўзимизни камситиш эмас. Уларда ҳам муаммо етарли. Сўнгги кунларда кўп тадбирларда иштирок этдим, кўп нарса кўряпман. Бир йилда ўзгаришлар кўп. Шу ажиб юртда 43 йилдан буён яшаб келмоқдаман. Юртимиз фуқаролари, одамлари бундан ҳам яхши яшашини хоҳлайман. Баъзи нарсаларни кўрсам ич-ичимдан куйинаман, юрагим эзилади. Бир нарсани англайманки, мамлакатимизнинг тараққиёти, ҳар бир одамнинг муваффақияти тинмасдан изланишига боғлиқ. Муаммо бўлдими, муаммони ечиш йўлларини қидирайлик. Йўллари кўп. Бизнес ва ҳаётдаги муваффақиятнинг пойдевори – бу инсоннинг қобилияти ва етуклиги. У етарли таълим, билим, қатъият, ирода, хоҳиш бўлиши каби тушунчаларни қамрайди. Ҳар бир бундай одамнинг муваффақияти – бу оиланинг муваффақияти. Оиланинг муваффақияти эса жамият муваффақиятидир. Бундай инсонлар, оилалар қанча кўпайса, жамиятимиз шунча ривожланади. Бугун дунёда 200дан ошиқ мамлакат бўлса, шундан 50-60таси зўр яшаяпти. Биз нега улардан кам бўлишимиз керак?! Инсоният тараққиётидаги индустриал аср тугаб, энди салоҳиятли инсонлар, иқтидорли одамлар асри келмоқда. Чунки дунёдаги бугунги трендларда — бунёдкорлик ва проактив фикрлаш нефть ва олтиндан ҳам қимматдир!

Шерзод Қудратхўжаев,
Сиёсий фанлар номзоди, доцент

***

Шерзод Кудратходжаев

Шерзод Қудратхўжаев: бизнинг бошқа фалсафагаўтадиган вақтимиз келди

Қудратхўжаевнинг фикрича, «меҳнат қилиб топилган пул саёҳат, ички ва ташқи туризм, билим олиш, ўзига, номоддий интеллектига сармоя қилишга сарфланади»

ТОШКЕНТ, 2 дек — Sputnik. Журналист, Халқаро пресс-клуб раиси Шерзод Қудратхўжаев ижтимоий тармоқдагисаҳифасида Хитой ва Кореяга яқинда қилган сафари таассуротлари билан ўртоқлашди.

«Яқин 30 — 35 йил ичида Хитой ва Корея ўта қолоқ давлатлар эди. Бугун эса Хитой ЯИМ бўйича Америка билан тенг рақобатлашяпти, Корея иқтисодиёти эса дунёда 15таликка кирган. Илгари Тошкентда юрганимда Хитойнинг 1,5 миллиард аҳолиси унинг муаммоси деб хом ўйлаган эканман. Аслида эса бу унинг бойлиги, катта ютуғи экан. Чунки 1,5 миллиард одам — бу шиддатли, соғлом рақобат дегани.  Бу илғор ғоялар, олди ташаббуслар рақобати.

Хитой жудаям улкан бозор. Тасаввур қилинг, сиз битта маҳсулот ишлаб чиқардингиз, масалан, шоколад, йогурт ёки газета ва унинг нархи атиги 1 доллар бўлсин. Маҳсулотингиз тахминан 100 миллион одамга манзур бўлса, демак, сиз — мултимиллионерсиз…

Бир хитойликдан сўрадим: «30 йилда бундай натижага эришишнинг сири нимада?»

Ҳамсуҳбатим кулганча жавоб қилди: «Бизнинг бошқа иложимиз йўқ эди. Биз оч эдик!»

Ўйланиб қолдим, балки, тўқлик фаровонликка халақит берар. Балки, катта ерларга эга бўлиш катта ютуқлар дегани эмасдир», деб ёзади Қудратхўжаев.

Қудратхўжаев Сингапур, Корея, Япониянинг ҳеч қандай табиий бойликлари бўлмаганлигини айтар экан, «улар бизга ўхшаб фалон нарсамиз бор, деб ўзига маҳлиё бўлиб, бир сидра тўйиб ўтирмайди. Ёки давлат қилиши керак, деб кимнингдир қўлига ҳам қараб қолмаган», деган фикрни билдиради.

Унинг ёзишича, Хитойдаги улкан вокзалларда тартиб-интизом жойида, уларда «хаос» ва тартибсизлик кузатилмайди. Ҳамма жой саранжом-саришта. Ўнлаб қаҳвахоналар, дўконлар фаолият юритади. Қишлоқ хўжалиги ўта ривожланган. Ҳар бир қарич ер чопилган, қаралган, суғорилган. Кўплаб иссиқхоналар мавжуд. Улар ўтин ва кўмирда ёқилади. Йўл четидаги барча уйлар томида офтоб нуридан фойдаланувчи панеллар ўрнатилган.

Шавкат Мирзиёев и Мун Чжэ Ин
ПРЕСС-СЛУЖБА ПРЕЗИДЕНТА УЗБЕКИСТАНА

«Хитойда 1,5 миллиард одам борлигини сезмайсиз ҳам. Чунки ҳамма нарсада тартиб, интизом устун», дея фикрини давом эттиради у.

Шерзод Қудратхўжаевнинг ёзишича, корейслар жуда тиришқоқ халқ. Барча нарса ҳисоб-китоб билан қилинади, ҳеч нарса шунчаки қилинмайди. Масалан, Кореяда телевизион трансляция вақтида ҳар бир камеранинг туриш жойи, тасвирчининг юриш маршрути олдиндан белгиланади. «Шунинг учун ҳам Корея ТВсини кўрсангиз югур-югур, чоп-чоп, кераксиз одамнинг тасвирга тушиб қолиши каби бизда кўп учрайдиган «хол қўйишлар» кузатилмайди», деб ёзади у.

Офисда ҳар бир одам ўз функционал вазифаларига эга. Ҳеч ким бир-бирининг ишини қилмайди. Рақобат кучли.

Унинг ёзишича, давлат хизматчиларига жуда оғир. Чунки улар бу лавозимларига таниш-билишчилик, пул ёрдамида эмас, балки уч босқичли тестларни топшириб, энг муносиблари танлаб олинади. Хизмат пиллапоясидан кўтарилиш ҳам худди шундай. Уларнинг ўртача маоши 3 — 4 минг доллар атрофида. Лекин нархлар қиммат.

«Масалан, сиз лойсувоқ уйда туғилдингиз. Болалигингиз, ўспиринлигингиз ҳам шу масканда ўтди. Бу сизнинг айбингиз эмас. Лекин айнан шу уй деворларини пишиқ ғишт қилиб кўтариш, иморатингизнинг асосини гранит билан безатиш, ота-онангизга қулай, замонавий таҳоратхона қилиш сизнинг қўлингиздадир. Чунки лойсувоқ уйда ўлсангиз бу айнан сизнинг айбингиз бўлади», дея фикрини давом эттиради у.

«Хитойда юрган вақтимда, Тошкентда бензин нархи ошди. Ижтимоий тармоқларда кўплаб пессимистик гапларни ўқидим. «Шу эски йўллардан юраверардик, бизга янги қурилишлар керак эмас. Бензин нархи ошмаса бўлгани» – деганлар ҳам бўлди.

Бозорларимизда картошка нархи шунча, гуруч нархи бунчага ошди дейишди. Дунёқарашимизни озгина ўзгартирадиган вақт келди деб ўйлайман. Назаримда, биз арзон картошка, арзон гўшт, арзон бензинни ўйлаб, ўзимиз ҳам арзон одам бўлиб қолаётгандекмиз. Бизни кичкина маош ҳам қониқтиряпти. Гўёки, арзончилик бўлса бас. Ваҳоланки, валюта либерелизациясини хоҳладикми, бунинг оғриқли нархини ҳам тўлашимиз керак. Бу танадаги иситмага ўхшайди. Бир чиқиб иммунитетни синаб, қайтиб кетади. Фақат, бу босқичдан, оғриқли ўтиш давридан чиқиб олишимиз керак. Ўзи бу мушкул муолажани 25 йил чўзиб келдик, МДҲда охири биз қолгандик. Аммо энди экспорт-импорт чекловлари бўлмайди.

Бизнинг бошқа фалсафага ўтадиган вақтимиз келди: кўп пул топиш, кўп сарфлаш, катта натижаларга эришиш фалсафаси», дейди у.

У Кореяда яшаш даражаси, бензин, электроэнергия, озиқ-овқат жуда қиммат, ресторан, кафелар нархлари жуда баландлигини, лекин шунга қарамасдан, кореяликлар кўпроқ даромад топишга тинмай интилишларини ёзади.

Қудратхўжаевнинг фикрича, «меҳнат қилиб топилган пул саёҳат, ички ва ташқи туризм, билим олиш, ўзига, номоддий интеллектига сармоя қилишга сарфланади. Биз эса шуунча тер тўкиб кераксиз моддий сарпо-бисот, тўй-маърака ва кибримизни озиқлантиришга маблағ харжлаймиз. Қадриятларни хам ревизия қилиш вақти келди ниҳоят…»

http://m.sputniknews-uz.com/

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>