Шеъри яхши қиз

Қизлар икки тоифага бўлинади: шеър ёзадиганлар ва ёзмайдиганлар.

Яна икки тоифаси бўлади: шеърни севиб ўқийдиганлар ва ўқимайдиганлар…

Биринчи тоифадаги қизлар – Нодирабегим, Увайсий, Зулфияхонимдан тортиб Журналистика факультетида таҳсил олган Шарифа Салимовагача бўлган муҳтарама Устозларнинг издошлари ҳисобланади. Иккинчи тоифадагиларни эса “иккичи”лар, демоқчи эмасмиз, дейди Дониш домла уларнинг ҳам нозик кўнгилларига озор бермасликка ҳаракат қилиб. Барибир, ёзган ва ўқиганлар – улуғ Устозларнинг қавмидан, деб билиб, уларнинг ҳақиқий издошлари ҳисобланишини фахр ила айтмоқчимиз.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетида таҳсил олиб, ҳозирги кунда кўплаб ёш истеъдод соҳибларига устозлик қилаётган “Гулхан” журнали Бош муҳаррири ўринбосари Нилуфар Жабборова биринчи тоифадаги ардоқли қизларимиздандир ва у ҳамма ишда биринчидир!

Дониш домла бугунги талабаларига ҳам ана шундай азиз Устозларидан иборат олишларини тавсия этади.

Шундай Устозларга эргашдинг – етдинг муродга, уларнинг қадрига етмадинг- қолдинг уятга, дейди яна Дониш домла бир машҳур мақолни салгина ўзлаштириб.

 Нилуфар

ИЛИНЖ

 

Сўнгги умид, энг сўнгги илинж,

Бир сўз билан узилди бари.

Қўлга кетиш чиптасин тутиб,

Кор қилмасдан ҳеч қандай ўтинч

Ҳаёт қилди ўзидан нари.

 

Қотиб қолган нигоҳни кўриб,

Изтироб ҳам сўрайди узр.

Қани бари бекор бўлса-ю,

Залолатнинг бағридан юлиб

Олган тожин кийгизса ҳузур.

 

Қарорларга имзо қўяр пайт

Сендан кўнгил сўрамас тақдир.

Илдиз отган сабрингни кўриб,

Армонларни этганча пайванд

Истеҳзо-ла қилади таҳқир.

 

Иймонингни кўтариб баланд,

Виждонингга юқтирмайин гард.

Энди ғамни қувдим деганда,

Вужудингни этганича банд,

Орсизларча ёпишаркан дард.

 

Кундан-кунга емрилар сабр,

Вақт юракка илгандек илмоқ.

Тутиб турар ёлғиз ирода,

Кимга ҳикмат, кимгадир жабр

Кўксингга ғурурни қадамоқ.

 

Таскин топар ногоҳ шууринг,

Ором берар Ҳақни ўйламоқ.

Оғир, оғир, қанчалар оғир,

Томирлари узилган умринг

Озлигини сезиб яшамоқ…

 

Адолат, деб ҳайқирар юрак,

Умидларин узяпти тилак.

Ҳеч одиллик қила олмасанг,

Сўнгги сўзга фақат ростин айт:

Ҳаёт! Сенга ўзи не керак?!

 

***

АҲД

 

Кўзларимга бермадим рухсат,

Ирмоқларин беркитиб қўйдим.

Қай ғўрлигим тутган бир фурсат,

“Йиғламайман”, деб сўз бериб қўйдим.

 

О, ҳаётнинг тўфонларига

Отилишим қайдан билибман.

Машъал тутиб аҳд қўлларига

Мард турганча фақат кулибман.

 

Тортиб олди яқинларимни,

Тақдир бутун сабримни сўрди.

Ўзи ўксик, ярим кўнглимни,

Ўтган-кетган бир чертиб кўрди.

 

Ортда қолган кунларим – ўгит,

Озорлар – яшашни ўргатди.

Юрагимга  дегандим, “унут!”

Кўксин очиб чандиқ кўрсатди.

 

Ичга ютган ёшларим – оғу,

Аламини юзимдан олди.

Ҳар бир томчи қасдма-қасдига

Сочларимга ўз рангин солди.

 

Ғам ночордек кўриниб юпун,

Атрофимда турарди сергак.

Гоҳи қаддим кўтармоқ учун

Керак бўлди биргина тиргак.

 

Илинж келди ҳолим сўроқлаб,

Мўртлигимдан аҳдимни буздим.

Юрагимни маҳкам қучоқлаб,

Неча йиллик ғуборни ювдим…

 

Билдирмадим, сездирмайин жим,

Қалбдан кўзга очдим бир йўлак.

Кўз ёшимни кўрмайди ҳеч ким,

Фақат ёлғиз Тангримдан бўлак!

 

Нилуфар ЖАББОРОВА

***

Муаллиф ҳақида:

Нилуфар Жабборова 1982 йил 27 августда Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида туғилган. Алишер Навоий номидаги 2-ўрта мактабни тамомлаган. 1999-2003 йиллари Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетида таҳсил олган. «Ватан, бағрингда бир гул бўлойин» номли шеърий тўплами муаллифи. Унинг мулоҳазага чорловчи ҳикоя, шеър ва публицистик мақолалари республикамизнинг турли нашрларида чоп этилган.

Истеъдодли қаламкаш ҳозирги кунда «Гулхан» журнали бош муҳаррир ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатмоқда.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>