Элни шод айламак керакдур…

Сайтимизга Қашқадарёдан хат келди: Ҳажвчи билан суҳбат

Қадимий китобларда кўплаб ҳикматли сўзлар битилган бўлиб, уларнинг бирида “Кулги руҳни ва танни тозалайди” дейилади. Бу бежизга эмас. Боиси, руҳи тетик, вужуди қусурдан холи инсонлар ҳаётга ўзгача назар ташлайдилар ҳамда олам сиру-синоатларини теранроқ тафаккур қилишади.

Бугунги дориломон даврда нафақат киши кайфияти, балки, унинг ички кечинмалари, орзу-армонларини аниқлаш имкониятларини юзага чиқараётганлиги сабаб кулги – инсоннинг маънавий қиёфаси мазмуни сифатида ҳам кенг қадр топмоқда.

Айни кезда азал-азалдан фош этиш қуроли бўлиб келган ҳазил-мутойиба, латифа ва ҳангомалар, аския, ҳажв ва юмор гоҳ Насриддин Афанди сиймосида, гоҳ “Шум бола” қиёфасида турмушимизда учраб турадиган айрим иллатларни “даволаш” воситаси сифатида қўлланилмоқда.

Шундай экан “Uchildiz.uz” муштарийларига аъло кайфият улашиш, уларни “экологик тоза” ва “сеҳрли сертификат”га эга кулги билан сийлаш ниятида номдор ҳажвчи, республика ҳажвчи ёзувчилари “Тилло қалам” ҳамда (“Шум бола” чойхонаси) “Олтин чойнак” совриндорлари соҳиби, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Қашқадарё вилоят бўлими адабий маслаҳатчиси Муҳаммад Очилни суҳбатга чорладик.

−Ҳажвчи ака! Суҳбатимиз қўр олиш учун, шу “шап-шап” деб ўтирмасакда, дарҳол “шафтоли” дея мақсад-муддаога ўтсак…

−Дуруст. Каминага ҳам арқоннинг узуни-ю, гапнинг калтаси маъқул.

−Унда айтингчи, ҳозирда кулгининг қанча тури  бор?!

−Ҳар ҳолда, қўлдаги бармоқларга оёқдагисини ҳам қўшиб-чатганда ҳам камлик қиларов?! Марҳамат, сиз бармоқ букинг, мен эса тилни тарашлай…

−Яхши! Хўш-ш…

−Икки қўлингиз бўш…деганларидай бошладим: қувноқ кулги, аччиқ кулги, юмшоқ кулги, қаттиқ кулги, беозор кулги, ўйга толдирадиган кулги, даволовчи кулги, эркаловчи кулги, портловчи кулги, баъмани кулги, беъмани кулги… Ҳатто, кўздан ёш оқизилиб, бурун жийрилиб, бағбақасини селкиллатиб, қоринни қилқиллатиб кулинадиган кулгининг тур ва “сортлари” ҳам бор. Булар энди кўпроқ эркакларга хос. Аёлларда эса истиғноли, ноз-карашмали, писмиқона, маккорона, куйдирадиган, ўлдирадиган тоифа-турлари ҳам учрайди. Шўх-шаддод қизларда эса “шайтон кулгиси”…

−Бўлди, бўлди! Букишга бармоқ қолмади… Шу кеча-кундузда “ихтиро” қилинганлари ҳам топиладими?!

−Кундузи чироқ ёқилиб, тунда қўш кўзойнак тақилиб (китоб, газета-журнал ўқиб борилса, демоқчиман) сидқидилдан изланса, топилади. Мана, масалан, яқинда “Темир хотин”нинг “хўжайини” Шароф Бошбеков томонидан “Жирафа кулгиси” кашф этилди…

−Ажойиб-ку? Мабодо, ҳаммадан кейин кулинадиган кулгини назарда тутмаябсизми?!

−Йўқ. Бу кулгининг таъми сал тахирроқ. Айтайлик, кимнидир бўри… йўғ-е, ит қувлаб қолди дейлик. Бундай пайтда, турган гап, ўша бояқишга ўша пайтда кулишга йўл бўлсин! Аммо, маълум фурсат ўтгач, яъни итдан қутилиб олгач, қандай қочгани, неча марта йиқилиб-сурингани, бақирганини эслаб шундай куладики… Ишқилиб мазза қилади!

−Инсонларга ана шундай “мазза” тортиқ қиладиган кулги одатда қай тариқа туғилади?!

−Кулгининг “роддоми” аввало, ҳажвчи ёзувчилар, комик актёрлар, қизиқчилар, аскиячилар, лофчилар, латифагўйлар… Хуллас, мухтасар айтганда қалби қувноқликка мойил ва ўзгаларга қувонч ва шодлик, завқ ва шавқ, баҳридиллик ва бахтиёрлик улаша оладиган инсонларнинг онги-шуурида зоҳир топади.

Дунёга машҳур турк сатирик ёзувчиси Азиз Несиннинг мўътабар фикрича: “Ахлоқ билан ахлоқсизлик тўқнашганда, ҳақиқат ёлғонга дашном берганда, тараққиёт қолоқликка ҳамла қилганда, теранлик саёзликдан, янгилик эскиликдан, эзгулик қабоҳатдан устун келганда… кулги дунёга келади!”. Бундан ўтказиб, таъриф бериб бўлмас…

−Кулги, тўғрироғи кулишдаги меъёр борасида қандай фикр билдирасиз? Кулгининг ўлчами, “дозаси” дегандай…

−Ўзбекнинг зўр ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таъкидлагандек, аввало, “кула олишнинг ўзи катта толе, улкан бахт!”. Аммо, баъзан тўй-ҳашам, байрам-сайил, элнинг хурсандчилик кунларида ҳам атайин қовоғи тўрхалта боғлаб ўтирадиганлар ҳали-ҳануз топилиб туради. Бир танишим бўларди. Жуда хушчақчақ, кулганда гўё ҳамма ёқ ёришиб кетарди. Аммо, лекин, бироқ – кўнгилга тушди фироқ,  деганларидай, кунларнинг бирида шу дўстимизга бундайроқ амал тегди-ю… Кўрмаганни кўргани қурсин, қабилида нафақат кулишни, балки ҳазил-мутойиба-ю, ўзгаларни ширин сўз билан сийлашни ҳам “унутди”. Сабабини сўрасак “Мансабдор киши қовоқдор бўлмоғи лозим бўлиб, кулги унинг феъл-атворига ярашмас эмиш!” Ҳолбуки, кулиб юрганлар ютса ютишадики, асло ютқазишмайди. Бир мисол. Дилдан чиқариб яхши қаҳқаҳа отган ҳар қандай инсон (“давленияси” бўлмаса) етти дона тухум, ёки (“қон босими” борлар) бир юз-у йигирма кило карам қувватига эга бўлишаркан. Кунига икки-уч марта кулингчи?! Бир хомаки ҳисоб-китоб қилиб кўрингчи… Турган-битгани чўнтакка фойда эмасми?!

Саволингизга келсак, ҳар жабҳада бўлгандек, албатта, кулгида ҳам ўлчов, меъёр бўлиши керак. Ҳаётда ҳам, адабий асарларда ҳам… Чунки, ҳаётда тўхтовсиз кулаётган одамни “Сал крышаси кетганми?!” дейишса, ҳажвий асарда кулги кам бўлса ўқувчи дарҳол эснашга тушади, кучайиб кетса диққат-эътибор асосий мавзудан четга оғади. Келинг, хулоса ўрнида бу борада яхшиси ҳазрат Навоийга мурожаат қила қолайлик. “Ҳайрат ул-аброр” достонида шундай мисралар бор:

Кулгуки ўз ҳаддидан ўлди йироқ,

Йиғламоқ андин кўп эрур яхшироқ…

 −Ҳали “Адабиётдаги кулги” деганингизда, шууримда беихтиёр бир савол қалқиди: “Жиддий мавзу”да қалам тебратиб, ҳатто, ҳаётда ҳам “жиддий” саналган адиб-шоирларимиз ҳажв соҳасига ўтишганда…

−Саволингизни тушундим! Бундай ижод соҳибларига, таъбир жоиз бўлса, талант ва толе, омад ва  истеъдод қўш-қўллаб инъом этилган бўлади. Айтайлик, ўзбек адабиётига тамал тошини қўйган аллома адибларимиздан Абдулла Қаҳҳор ҳаётда анчайин камгап, жиддий, қолаверса, кичик адабий давралардан тортиб, катта йиғинларда “тилидан заҳар томиши” билан ном қозонган. Бироқ, “табиатан ҳажвиётга, сатирага, кулгига мойил ёзувчи” (Озод Шарафиддинов) бу соҳада улкан сўз заргари – санъаткор мақомига кўтарила олган.

Сал қуйироқ энадиган бўлсак, элимизнинг ардоқли ва атоқли шоирлари Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповлар “ўта жиддий” ва “ўта маҳзун” шоирлар саналишсада аммо, бирлари “Олтин девор”, “Донишқишлоқ ҳангомалари”, бирлари “Жаннатга йўл”, “Ранжком”, туркум шеърлари билан ҳажвгўйликда ҳам беназир эканликларини исботлашган. Устоз Неъмат Аминов эса ҳаётда ўз эътиқодига, ҳажвиётда эса садоқат соҳиби эди. Бу борада, яна кўплаб далиллар келтиришим мумкин. Айтайлик “Шайтанат”ни “жиловлаган” адиб Тоҳир Маликчи?! Ул зотнинг “Муштум” ва бошқа нашрларда чоп этилаётган асарларининг мазасини бир тотиб кўринг-а… Киноя, қочириқ, пичинг, истеҳзо…га йўғрилган кулги товланишларига яққол гувоҳ бўласиз!

−Устоз адиб ва шоирларимиз борасидаги фикрларингизни тўла маъқуллаган ҳолда… энди ўзингизга тўхталсак!

−Нима, суҳбатимиз “охирига” етаябдими?!

−Нега бундай хулоса чиқараябсиз?

−Чунки, ҳажвчиларга ҳамма жойда… Ҳатто, газета-журналларда ҳам “охирги” бетни раво кўришади!

−Нима, бундан хафамисиз?

−Аксинча, чунки, газета-журналларни “охиридан” бошлаб ўқийдиганлар ҳам, толеимизга топилиб туради…

−Саволим шундан иборатки, биздаги аниқ ва ишончли “манба”ларга қараганда сиз олий маълумотли биолог, яна ҳам аниқроғи, тупроқшунос-агрохимик экансиз… Лекин, “касбингизни ўзгартириб”, ёзувчи, яна ҳам ҳайратланарлиси ҳажвчи бўлиб олибсиз. Бу борада ҳам мухлислар ва устозлар билан “таниш-билишчилик” оқибатида ўндан ошиқ китоб чоп эттирибсиз. Ҳозирда вилоят театрларида 3 та комедиянгизни саҳналаштиришга улгурибсиз. Қолаверса, “Муштум” журналининг 6 карра, “Афанди” газетасининг 2 карра конкурслари ғолиби, “Шум бола”нинг “Олтин чойнак”и-ю, “Тилло қалам” совринлари дегандай… Хуллас, билмоқчи бўлганимиз “биолог” қандай қилиб “ҳажвчига айланиб қолган?

−Бунда менинг “айбим” йўқ. Ҳаммасига… Хуллас, камина яшайдиган                     2-сонли “Талабалар уйи”нинг учинчи қаватида бўлажак журналистлар истиқомат қилишарди. Ҳозирда машҳур бўлиб кетишган Сирожиддин Саид, Алишер Ибодинов, Мирзо Кенжабек, марҳум Назар Шукур ва бошқалар шулар жумласидан эди. Устига-устак, номдор шоир ва адиблардан Рауф Парфи, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Эркин Аъзам…лар тез-тез келиб мушоираи-машварат қилиб туришарди. Бундай шароитда ижод қилмасликнинг ўзи гуноҳ… Камина ҳам, нима бўлди-ю, шеърни уддалай олмадим-у, аммо, бир етим қиз ҳақида ўта маҳзун ва дилгир ҳикоя ёзиб ташладим. Журналист жўраларга ўқиб бергандим, ҳамду-саноларга кўмиб ташлашди. Биттаси, сағирликда ўсган эканми, ҳатто, йиғлаб юбораёзди.

−Зўр! “Даҳшат” асар бўпти! Энди бу “дурдона”ни зўрроқ нашрга тезда етказ…

“Зўр” нашр ўша кезларда “Гулистон “ журнали эди. Ёшлик эканда, тап тортмай ана ўша таҳририят остонасидан ҳатлаб, “земляк” ёзувчи Эркин Аъзамга ҳикояни қўш-қўллаб топширдим. Хавотирга ўрин йўқ. Чунки, журналист жўралар роса мақташган…

Аммо, хаёл бошқа, ҳаёт бошқа, ижод қонун-қоидаси тамомила бошқа экан. Эркин Аъзамга таниш-билиш, “землякчилик” ўтмаскан. У нафақат ҳикоямни дабдаласини чиқарди, унга қўшиб ўзимни ҳам…

Ётоқхонага бир амаллаб етиб келдиму, “дурдона асар”ни сал олдин мақтаган журналист жўралар томон итқитдим.

−Мақтаган матоҳларинг ўтмади! Минбаъд бундан кейин ҳикоя ёзмайман…

−Бу “воқеа”нинг сизни ҳажвчи бўлишингизга нима дахли бор?

−Шошмангда… “Берди”сини энди айтаман! Хуллас, бу воқеадан сўнг орадан 4-5 ой ўтгач ўша журналист жўралардан бири келиб мендан суюнчи олди.

−Табриклайман! Ўша ҳикоянг… фалон туман газетасида чоп этилибди!

−Ие, — ҳайрон бўлдим мен. – Мен ахир ҳеч қаёққа…

−Лекин, кўп хурсанд ҳам бўлма! – “табрик”ни якунлади жўрам. – Ҳикоянгни тагидаги исми-шарифингни ўчириб, мен юборгандим газетага. Ўша учун сенинг ҳикоянг менинг номим билан чиққан…

Хўш, бу ёғига нима дейсиз?! Мол ўғриси, жон ўғрисини жазолаб бўлар. Лекин, “асар ўғриси”ни… ўйлаб-ўйлаб ҳажв йўли билан жазолашга аҳд қилдим ва ҳозирга қадар шу ақидага риоя қилиб келаябман.

−Суҳбат сўнггидаги тилагингиз?

−Ҳазрат Навоий бобомиз:

Элни шод айламак керакдир,

Адлу дод айламак керакдир…

дейдилар.

Дарҳақиқат, элу-улусни шод айлаш, инсонларга қувонч, бахтиёрлик улашиш бениҳоя савоб юмушдир. Айни пайтда, кулги – ижтимоий иллатларни қуритишда қудратли қуролдир. Шу боис, барча-барчага “Кулинг-у, аммо кулгига қолманг!” дейман…

 Суҳбатдош Ихтиёр Юсупов,

Қарши ДУ Ахборот-ресурс маркази ходими

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>