Эрни «ака» дейдими?

Бўлғуси журналистларга ижодий маҳорат мактаби

1

Дўстимни йўқлаб уйига борсам, хотини пешвоз чиқди-да:

– Мирзабек акам почтага кетувдила,– деди.

«Акам»лаб эрининг исмини тап тортмасдан айтаётган келиннинг гапига куларимни ҳам, куяримни ҳам билмай ортимга қайтаётгандим, кўча муюлишида ўзининг қораси кўриниб қолди. Қўнғироқдек товушидан севинчи ичига сиғмай кетгани аён сезилди:

– Эй-й, шоирларга саломлар! Ичкарига марҳамат!

– Ўзинг бўлмаганингдан кейин…

– Ғирт бегонанинг гапини гапирма.– Дашном берган бўлди у.– Биза оғайнимиза, тўғрими Гуляхон?

Келинпошша бош ирғаб тасдиқлади. Дўстим гапини давом эттирди:

– Ман қаттан кевотганимми биласанми? Сани мақолангни ўқиш учун атай почтачининг уйига борувдим. Истаган газетангни топиб беради-да. Иннайкейин, текинга ўқиш мумкин!

Сўнгги гапи ҳазил бўлгани учун ҳузур қилиб кулдик.

– Хўш, қайси мақоламни ўқидинг?

– Эрталаб телевизорда мақташувди.– Гапни узоқроқдан бошлади Мирзабек.– «Ёзувчи» газетасида «Опанинг эри – почча эмасми?» деган мақоланг чиққан экан. Сарлавҳасиниям боплабсан. Тўғрими, Гул?

Саволга жавоб бериш ўрнига бека унга им қоқди:

– Аввал меҳмонни ичкарига таклиф қилсангизчи!..

– Ҳа-я,– пешонасига шапатилаб қўйди Мирзабек.– Қани, марҳамат. Би-ир гурунг қилийлу.

Тўкин дастурхон атрофида ҳангома қизиди. Дўстим бошини Сарак-сарак қилганча қойил қолаётганини яширмасди:

– Мавзуларриям жа-а топасан-де. Шунақа қип, онасини «опа» дейдиганлар учун ўз отаси «почча» ҳисобланиб қолиши мумкинми, а? Мантиқан жа-а тўғри, а, Гул, нима дединг? Кичкинтойларимиз сани нима деб чақиришвотти?

Бека нечоғли ҳозиржавоблигини намойиш этди:

– Бугундан эътиборан – Она дейишади-де!

Уни оила бошлиғи ҳам маъқуллади:

– Дўстимиз шунчалик куюб-ёниб ёзганларидан кейин, ақлли одамлар оқилона хулоса чиқармасалар бўлмайди-де!..

Шу пайтгача дилимда ўртаниб ётган бир гап тилимга кўчди:

– Худди шунинг учун янги ёзажак мақолам мавзуини сизлар билан маслаҳатлашгани келувдим!..

– Бош устига! –деди эр-хотин жўр овозда. Қани эшитийлу-чи…

– Онани – опа дейиш қанчалик кулгили экани ҳақида гаплашдик. Хўш, эрнинг исмини айтиб, тағин «ака» дейдиганларга нима дейсиз? Ўзимга «ака» деб мурожаат қилган ҳар қандай ожизага «ҳа, синглим!» дея жавоб беришим жоиздир. Туғишганлардан ташқари сонмингта тутинган «сингил»ларим бўлиши мумкин-ку! Қизжувонларга «синглим» дея мурожаат қилиш – ўзига яраша ўзбекона мулозаматдир. Каминани «ака» деб ҳурматимни жойига қўйганларнинг ҳам оталарига раҳмат! Фақат, бунақа мулозамат жуфтиҳалолим, ёстиқдошим томонидан бўлмагани маъқулда!..

Бунақа гаплардан тез ҳаяжонланадиган Мирзабек илиб кетди:

– Масалан, биз эр-хотин ҳангома қили-иб ўтирибмиз. Гуля манга шундоқ деса: «Ака, уйда гўшт қолмади». Гапига яраша шундоқ жавоб қайтарсам: «Синглим!.. Эрта-индин маош олсам, ҳаммаси ҳал бўлади! Сиз куюнманг, синглим!» Ҳақиқатан ҳам бачкана… Негадир биззи хотин ҳам «Мирзабек ака» деб чақиради-я?! Бунақа «муомала»ни қаттан ўрганган, билмадим. Қадимда момоларимиз боболаримиззи исмларини тилга олишганмикин? Ҳатто, орқаваротдан ҳам айтишмаган! Жа-а зарил келса, эрининг отдошини кўрсатиб «шу кишининг адашид-е» дея ибо билан тушунтиришган экан… Хулласи калом, оғайнимиза шу мавзуда ёзишдан бурун биззи фикримиззи билишга кептила. Сан фақат ўзинг учун эмас, бошқа аёлларриям фикрини айтавер…

Келиннинг кулгисида истеҳзо ҳам йўқ эмасди наздимда:

– Эй, шоир окам-ей, қаттаги мавзуларри топиб юрасиз-де. Майли, ман рози. Бугундан эътиборан ўртоғийиззи «ака» дейишгаям нуқта қўйдим. Хўш, унда ким деб чақирай?

– Худойим фарзанд ато этган бўлса – ота-оналик ҳаққи-ҳурмати учун бир-бирларини – «отаси, онаси» ёхуд замонавийроқ синоним маъқул туюлса – «дадаси, аяси ё ойиси» деб мурожаат қилсалар, нур устига аъло нур бўларди-да. Ҳали фарзанд кўриб улгурмаган ёш келин бўлса, нақадар ҳаё билан муомала қилса, яъни, исмини айтмаёқ куёвига мурожаат қила олса, қандоқ ярашарди!.. Ахир, тилдан бошқа – инсоннинг кўзи ҳам «муомала воситаси» бўла оладику!.. Эрининг исмини мутлақо тилга олмасдан муомала қилишнинг наҳот имкони бўлмаса? Шунақа ҳаё пардаси ортидан мурожаат қилаётган келинчакни бир тасаввур қилинг! Жаа бўлмаса, эрини «хўжайин» дейдиганлардан ибрат олса бўлар…

Дўстим мамнун қиёфада гап ташлади:

– Хўўш, онажониси, қани айтингчи, ҳозирги замонда айрим аёллар нега эрларига «ака» деб мурожаат қиладилар? Масалан, ўзингдан бошла…

Бека ётиғи билан тушунтирди:

– Уйимизада кеннойимла окамлани «Саидбек ака» деб чақирардила. Бошқа келинлар ҳам эрларини шунақа чақиришади, шекилли. Иккинчидан, телевизорни кўрсайла, эрхотин чиқадиган «саҳна»ларнинг деярли барчасида ўша манзара. Яъни, хотин ролидаги аёл «эри»ни албатта «фалончижон ака» деяверади. Ҳаммага ақл намунасини намойиш этадиган «Оталар сўзи – ақлнинг кўзи»даку, эрининг исмини айтиб, «ака» демайдиган хотин чиққанини кўрмаганман. Ўзимизда яратилаётган «ўзбекона» кинолардаям аҳвол шу. Ахир, ўша фильм ва бошқа кўрсатувларри қизлар ҳам кўришвотти. Демак, уларри хаёлидаям шунақа фикрлар пайдо бўладида. Эртаиндин эрга тегсам, демак, уни – фалончижон ака, дейишим керак эканда, деб ўйлашмайдими!

Мирзабек дангалини айтдиқўйди:

– Маъқул деб билганларига гап йўқ. Иннайкейин, юрагида озроқ миллий туйғулари борлари ҳам обдон ўйлаб кўрадила. Бувиларидек бўлишни ният қилганлари ўзлари хулоса чиқарадила. Инжиқроқ ё фаҳмфаросати ҳаминқадарроқлари бўлса… – Кулгилироқ гап ёдига тушиб кетди, шекилли, хохолаб юборди. Ёшланган кўзларини артаарта гапни бошқа ёққа бурди. – Эсингдами, ёзувчи ошнам, қайсидир мақолангда: «Ҳар бир қариндошни ўз номи билан аташ керак, айримлар хола, аммасигаям – опа деб мурожаат қилишлари, амаки, тоға, ҳатто поччасини ҳам ака деб чақиришлари одобданми?..» деган мазмунда мақола ёритгандинг. Мақоланг тагига Шукур Холмирзаев деган ёзувчи зўр гаплар қўшиб қўйган экан. Ўшандай зўр мақолангни ҳам ҳазм қилолмаган юнусободлик бир ожиза «Луғатга қараб гаплашамизми?» дея жиғибийрони чиқиб «жавоб» ёзганди. Ўшанақа хотинлар бўлса, онасини – «опа» деб чақирадими, эрини – «ака» дейдими, хола, аммаларини бошқа нарса дейдими, бизга нима! Биздан она тилимизни ўрганаётган ақлли ёшлар қариндошуруғларига муомала қилиш маданиятини ҳам ўргансалар, сўнг чалғиб қолмасалар бўлдиде.

Бека қимтинибгина савол ташлади:

– Эрни «ака» дейиш қаттан пайдо бўлган ўзи?

Унга эрининг ўзи бир қадар тўғри жавоб берди:

– «Ўткан кунлар» романида Кумушбиби Отабекни нима деб чақиради? Ҳатто, заҳарланиб ўлаётганида ҳам бирор марта «Отабек ака!» дейдими? Зорланиб, «Бегим!» деганида юраклар зир титрайди… Уларниям қўявер, ўзимизанинг кекса бувилардан сўраб кўрчи, буваларимизани нима деб чақиришган экан?.. Эрку ўз йўлига, ҳатто, қайнука, қайнсинглисининг ҳам исмини айтиш беҳаёлик ҳисобланиб келинган. Собир Ўнар деган ёзувчини биласана? «Ҳуштакчи бола» ҳикоясини билла ўқигандик. Ўша ҳикояда, бефарзандлик оқибатида ажрашиб кетганидан кейин ҳам янгаси боланинг исмини айтмайди, «хайр, ҳуштакчи бола!..» деб қўя қолади. Ана санга ўзбек келинининг зийнати, фазилати! Хуллас, ақл билан ўйлаб кўрсак, эрни «ака» дейиш ҳам миллий муомала маданиятимизага, одатларимизага тамомила ёт экан. Бунақа ёт иллатлар эса қаттан пайдо бўлганига фаҳминг етади… Ҳаммаҳаммаси собиқ «қизил тузум» асорати. Қадримиза поймол этилган ўша даврда пайдо бўлган «одат»лардан тезроқ халос бўлиш умидида мани ошнам куюбёниб мақолами, асарми ёзса – у ҳақда фаросат билан ўйлаб кўриш лозим. Модомики, бу ғоялар тўғрими, демак, уни турмушга, ўзаро муомалаларга сингдириб боравериш, ўсибулғайиб кевотган ёшларга тўғри тушунтириш зарур. Энг муҳими, юртимиз мустақил бўлдими, энди шунга яраша ўзимизани ўнглаб олишнинг мавриди етган!

Меҳмондорчиликдан сўнг хуш кайфиятда кузатаркан, Мирзабек секингина сўради:

– Хўш, навбатдаги мақоланг мавзуси нима ҳақида бўлади?

– Инсон исмини айтиш одоби ҳақида ёзмоқчиман!..

– Қойиил! – Беихтиёр елкамга уриб қўйди дўстим. – Бу мавзу қачон, қаттан пайдо бўла қолди?

– Бугун, сенинг уйингда! – Тўғрисини айтиб қўя қолдим. – Шоирхаёллик қурсин, келиннинг исмини унутиб қўйган эканман. Ўзидан қайта-қайта сўрайвериш ҳам жаа ноқулай. Сенинг оғзингни пойласам, нуқул, «Гуля, Гул» дейишдан нарига ўтмадинг… Яхшиям, бунга жавобан келин сени «Мир», «Миртака» деб қўя қолмаскан!..

Бу гап ҳам дўстимга шу қадар кулгили туюлдики, «ва-ҳа-ҳа»си бутун қўрғонни қоматга келтириб юборди. У ўз хатосидан, қолаверса, айрим кимсаларнинг шунақа хатолари устидан кулаётганга ўхшарди…

Тўлқин ЭШБЕК

“Адашган қиз қисмати” (2000 йилда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва

санъат нашриётида чоп этилган) китобидан олинди.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>