Буюк юртнинг иқтидорли ёшлари

Қашқадарё вилоятида 20-23 август кунлари ўтказилган “Юрт келажаги” республика иқтидорли ёшлар танловининг мамлакат босқичида ЎзМУ талабалари ҳам фаол иштирок этдилар

Бу мавзуда ЎзА мухбири Ўлмас Баротов шундай ёзади:

“Қашқадарё вилоятидаги “Лочин” оромгоҳида ташкил этилган танловнинг якуний босқичида 446 нафар ўғил-қиз иштирок этди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган танлов истеъдодли ёшларни кашф этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг илм-фан, санъат ва замонавий технологиялар борасидаги изланишларини муносиб рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.

Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилган танловнинг қуйи босқичларида юртимизнинг турли ҳудудларидаги минглаб ёшлар янги ғоялари, пухта бизнес режаси, архитектура ва дизайн соҳасидаги лойиҳаларини тақдим этди.

Оромгоҳда тадбир доирасида ўтказилган маҳорат дарслари, семинар ва тренинглар, маданият ва санъат вакиллари билан учрашувлар, анжуманлар, давра суҳбатлари, кўнгилочар дастурлар, спорт беллашувлари, концерт ва викториналар, бадиий кўргазмалар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

– Бугунги танловда “Майдаланган рудаларни магнит майдони таъсири ёрдамида бойитиш аппарати” мавзуидаги техник ишланма билан иштирок этдим,– дейди Навоий давлат кончилик институти талабаси Ўктам Кушемов.– Ушбу қурилма чиқиндига чиқарилган руда қолдиқларини қайта ишлаш орқали яна қўшимча маҳсулот олиш имконини беради. У соатига 10 тонна руда қолдиғини қайта ишлаш қувватига эга. Бу лойиҳа амалиётга татбиқ этилса, кончилик йўналишидаги саноат корхоналарининг иқтисодий самарадорлиги янада ортади, бу эса янги иш ўринлари яратиш имконини беради.

Танловда архитектура ва дизайн, ахборот технологиялари, рационализаторлик таклифлари ва техник ишланмалар, анъанавий ва амалий санъат, адабиёт ва журналистика каби йўналишлар бўйича 44 нафар ғолиб аниқланиб, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди”.

***

Ўтган йили Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетини тамомлаб, айни пайтда “Туркистон” газетасида фаолият кўрсатаётган ўткир қалам соҳиби Санжар Исматовнинг ушбу мавзудаги мақоласи ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотади, деган умиддамиз.

***

Эрта тонгдан Қарши шаҳридан йўлга чиққан автобуслар карвони кенг ва равон йўлда елиб бормоқда. Шаҳар ортда қолиб, Шаҳрисабз туманининг сўлим қишлоқлари бошланди. Атрофни кузатамиз. Ҳар қадамда бунёдкорлик ишлари кўзга ташланади. Табиатнинг беназир инъомлари эса кишини бефарқ қолдирмайди. Қорли тоғлар, уфққа туташ боғ-роғлар, зилол ва маржон булоқлар атроф-муҳитга ўзига хослик бахш этиб турибди. Ажойиб манзара. Тўйиб-тўйиб нафас олганингиз сари танангиз ором олиб, кайфиятингиз кўтарилади. Манзилга яқинлашганимиз сари ҳаво ҳароратининг пасайганини сезиш қийин эмас. Табиатнинг гўзаллиги тоза ҳаво билан уйғунлашиб, киши қалбига хушнудлик бағишлайди. Майин эсаётган шабада узоқлардан турли гул ва гиёҳларнинг ифорини димоғингизга уради. Бир зум бўлса-да, хаёлингиздан “Қани, энди шу ерларда бир умр қолиб кетсам”, деган фикр ўтиши шубҳасиз.

Бу ерларда яшовчи одамлар табиати ҳам ҳудуд табиатига мос: ғурури тоғдай баланд, ғайрати юксак қоялардан оқиб тушаётган шаршаралардай жўшқин. Улар билан гаплашсангиз, бугунги кун нафаси — юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, фаровон турмушдан миннатдорлигу бугунидан розилик, эртасидан кўнгли тўқлик, хуллас, шукроналик ҳиссини туясиз. Бу туйғу тоғ одамларининг юз-кўзларида, сўзларидагина эмас, ҳар бир қилаётган иши, ҳалол ризқ топиш ниятида бошлаган эзгу мақсади, қолаверса, орзу-ўйларида яққол акс этади.

Сўлим табиати, яшилликка бойлиги билан тилларда достон бўлган ҳудуд — Шаҳрисабз таърифи тилга сиғмас масканлар кўп. Бири биридан ғаройиб бу гўшаларда бир марта сайр қилган одамнинг бор чарчоғи тарқаб, танига қайтадан қувват инади, руҳияти тиниқлашиб, кайфияти кўтарилади. Бетакрор иқлими ҳамда маданий-этнографик объектлари билан машҳур “Лочин” оромгоҳи ана шундай масканлардан биридир.

Шаҳрисабз туманининг Мираки қишлоғида жойлашган мазкур оромгоҳнинг атрофи бир-бири билан елка тирашган қир-адирликлар билан ўралган. Табиати сўлим. Тоғдан эсиб турадиган шабада киши қалбига ором бахш этади. Ҳавоси роҳатижон, ям-яшил арчалар ҳиди дераза орқали хоналарга уфуриб, дилга хуш кайфият бахш этади. Шарқироқ сойнинг тошларга урилиб, биллурдек товланиб оқиши руҳиятга осойишталик олиб киради.

Ҳайратомуз гўзалликлари бепаён мовий осмонга интилган сарвқомат дарахтлар, ой билан чирой талашган гуллар, миллий руҳ билан безатилган йўлаклар сўлим оромгоҳга янада кўркамлик бахш этган.

Яна бир гап. Дунё мўъжизаларини томоша қилиш учун давлатлар бўйлаб саёҳатга отланиш шарт эмас. “Лочин” оромгоҳида уларнинг барчасини кўриш мумкин. Париждаги Эйфил минораси, Римдаги Колизей биноси, юнонларнинг Артемида ибодатхонаси, Ҳиндистондаги Тожмаҳал, Самарқанддаги Регистон ва бошқа шу сингари обидаларнинг нусхаси оромгоҳда бунёд этилган. Уларнинг ҳақиқийларидан ягона фарқи ўлчамида, холос…

19-23 август кунлари ушбу бетакрор масканда “Юрт келажаги — 2016” республика иқтидорли ёшлар танловининг мамлакат босқичи бўлиб ўтди.

“Kamolot” ЁИҲ, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ёшлар ташаббуслари маркази ҳамкорлигида ташкил этилган танлов истеъдодли ёшларни кашф этиш ва қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг илм-фан, санъат ва замонавий технологиялар борасидаги изланишларини муносиб рағбатлантиришга хизмат қилиб келмоқда.

Жорий йил танловнинг туман ва вилоят босқичларида 62 минг нафарга яқин ёш ўзларининг янги ғоялари, интеллектуал салоҳияти, пухта бизнес режалари, архитектура ва дизайн соҳасидаги лойиҳаларини намойиш этди. Улар орасидан 446 нафари танловнинг республика босқичида иштирок этди.

Мамлакатимизнинг турли бурчакларидан келган сараланган иқтидорли ёшлар учун “Лочин” оромгоҳида ўтказилган танловнинг финал босқичи унутилмас таассуротларга бой бўлди. Иштирокчилар турли соҳа мутахассислари томонидан ўтказилган маҳорат дарслари, семинар ва тренинглар, маданият ва санъат вакиллари билан учрашув ва анжуманларда қатнашди. Махсус ишлаб чиқилган интерактив дастур бўйича ўз ғояларини ҳаётга татбиқ этиш усулларини ўрганиш имконига эга бўлди.

— Болаликдан амалий санъат турлари шайдосиман,— дейди Тошкент давлат шарқшунослик институти қошидаги 1-Олмазор академик лицейи ўқувчиси Шоҳсанам Раҳимова.— Доимий равишда мамлакат ва халқаро миқёсдаги танловларда иштирок этиб, маҳоратимни ошириб боряпман. Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида “Юрт келажаги” иқтидорли ёшлар танловининг ўтказилаётганидан жуда мамнунмиз. Ушбу тадбир жонажон Ўзбекистонимизда биз, ёшларга яратиб берилаётган имкониятларнинг ёрқин ифодасидир. Бизнинг Ватанимиз олдида адо этишимиз керак бўлган бурч, қилажак хизматларимиз ҳали жуда кўп. Юртимиз тараққиётига муносиб улуш қўшиш биз, ёшларнинг энг улуғ мақсадимиз ҳисобланади.

Тадбир доирасида ташкил этилган турли давра суҳбатлари, кўнгилочар дастурлар ва спорт беллашувларида ёшлар янги дўстлар орттирди, билимини бойитиб, тажриба алмашди. Концертлар, викториналар, бадиий кўргазмалар, интеллектуал беллашувлар танловнинг ёшларга хос баркамоллик, заковат ва маъанавият байрамига айланишида алоҳида аҳамият касб этди.

— Турли ҳудудлардан келган тенгдошларимнинг ижод намуналарини кўриб, фахр-ифтихорга тўлдим,— дейди танлов иштирокчиси Элёр Суннатов.— Ўзим танловда “Келажак уйлари” лойиҳаси билан иштирок этдим. Бугунги кунда барча қулайликларга эга, замонавий АКТ имкониятларини ўзида мужассамлаштирган иншоотларга талаб ортиб бормоқда. Шу боис, иқлим шароитимизга мос, халқимиз турмуш тарзидан келиб чиқиб тайёрлаган ишланмам барчада катта қизиқиш уйғотди. Танлов орқали юртимизда ёшлар бугуннинг ва эртанинг ишончи, таянчи, ҳал қилувчи кучи, дея юксак қадрланаётганини янада теранроқ ҳис қилдик. Бу каби тадбирлар бизни янада фаол бўлишга, барча соҳаларда эришилаётган ютуқларга муносиб ҳисса қўшишга руҳлантиради.

Иштирокчиларнинг ижод намуналарини эл орасида танилган, тажрибали ва юқори малакали мутахассислар, давлат мукофотлари ва бошқа унвонларга сазовор бўлган санъаткорлар, рассом ҳамда ҳунармандлар, хореографлар, шоир ва ёзувчилардан иборат нуфузли ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди. Тўрт йўналиш, ўн битта номинация бўйича ўтказилган танлов якунида ғолиблар номи эълон қилинди. Ҳар бир номинация бўйича учта совриндор аниқланиб, ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

— Бугун она каби меҳр ва ғамхўрлик кўрсатаётган бу Ватанда вояга етаётган ҳар бир ўғил-қиз қалбида ўзгача ғурур ва ифтихор жўш урмоқда,— дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси, ЎзМУ Журналистика факультети доценти, публицист Тўлқин Эшбек.— Юртга муҳаббат, фидойилик ҳиссини қалбига жо этган бу ёшларнинг ҳар бири мустақил фикрга, қатъий фуқаролик позицияси ва мустаҳкам ҳаётий эътиқодга эга. Бунга танлов жараёнида яна бир бор амин бўлдик. Саралаш жараёни қизғин ва муҳокамаларга бой ўтди. Зеро, ҳар бир иштирокчи ғолибликка муносиб.

— Танловнинг журналистика номинация бўйича ғолибликни қўлга киритдим, —дейди танлов ғолибларидан бири, ЎзМУ Журналистика факультети талабаси Улуғбек Раҳмонқулов.— Сўлим табиат қўйнида кечган семинарлар, тажрибали журналистлар томонидан ўтказилган маҳорат сабоқлари кейинги фаолиятимизда асқотиши муқаррар. Танлов баҳона юртимизнинг турли вилоятларидан келган тенгдошларимиз билан танишиб, дўстлар орттирдик. Ўзаро ижодий тажриба алмашдик. Юртимизда биз ёшлар камолоти йўлида кўрсатилаётган бундай ғамхўрликларга ўз билимимиз, ўз сўзимиз, муштарак ҳаракатимиз билан жавоб қайтарамиз.

Тадбир доирасида Шаҳрисабз туманининг диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштирилди. Таниқли санъаткорлар иштирокидаги гала-концерт йиғилганларга хушнудлик улашди.

ло1 ло2 ло3 ло4 ло5 ло6 ло7 ло8 ло9 ло10 ло11 ло12 ло13 ло14 ло15 ло16 ло17 ло18 ло19 ло20 ло21 ло22

***

Tabriklaymiz!

19-24-avgust kunlari Qashqadaryo viloyatining Shahrisabz tumanida joylashgan «Lochin» yozgi dam olish oromgohida o’tkazilgan «Yurt kelajagi-2016″ respublika iqtidorli yoshlar tanlovining yakuniy bosqichida O’zMU Jurnalistika fakulteti magistranti Ulugbek Rahmonqulov g’oliblikni qo’lga kiritdi hamda tashkilotchilar tomonidan diplom, tanlov statuetkasi va qimmatbaxo sovg’alar bilan taqdirlandi!

Jurnalistika fakulteti jamoasi Ulug’bekni chin dildan muborakbod etadi!

Фото Исфандиёра Бургутбоева.

ЎзМУ Ахборот хизмати

You may also like...

1 Response

  1. Sanjar Ismatov kursdosh, ijodingga ulkan parvozlar tilayman. Ustozim To’lqin Eshbek ushbu maqolani taqdim etganingiz uchun sizdan minnatdorman. yana shunday ajoyib yangilik va maqolalarni kutib qolaman.

Добавить комментарий для sadoqat olimboyevna Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>