Янги Ўзбекистонда янгича таълим сабоқлари

Таълим

Янги Ўзбекистонда янгича таълим сабоқлари

Бугун инсоният оғир синовни бошдан кечирмоқда, кўз илғамас ёв – коронавирус барчага бирдек таҳдид солмоқда. Унга қарши кураш бамисоли ҳаёт-мамот жангидек муҳим аҳамият касб этмоқда.
Президентимизнинг ҳушёрлиги билан бу таҳликали масалага ўз вақтида эътибор қаратилди. 2020 йилнинг январь ойидан бошлаб республикамиз ҳудудига коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар кўрила бошланди. Энг аввало, қулай санитария-эпидемиологик муҳитни яратиш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, диагностика ва шахсий ҳимоя воситалари, вирусга қарши препаратлар билан таъминлаш чоралари кўрилди. Қўшимча даволаш ва бошқа муассасаларни қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш, эпидемиологик ноқулай мамлакатларда вақтинча яшаётган юртдошларимизни Ватанга қайтариш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг барқарор фаолият юритишига эришиш билан боғлиқ аниқ ва тўғри қарорлар қабул қилинаётгани халқимизда умид ва ишонч уйғотмоқда.
Шунга монанд оғир, вазмин, кўпни кўрган халқимиз ҳам бирдамлигини амалда намоён этаётир. Ҳозирги мураккаб шароитда барча зарур хизматлар ўрнига қўйилмоқда. Шундай кезда санитария-эпидемиологик осойишталик ва соғлиқни сақлаш тизимларининг фаолиятини ҳар бир фуқаро, оилалар тўғри тушуниб етмоқда.
Гарчи бугун ҳамма жойда карантин муҳити яратилган бўлса-да кўплаб масъул ходимлар ўз фаолиятларини тўхтатганлари йўқ. Айтайлик, минглаб шифокорлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари ўз вазифаларини кеча-ю кундуз узлуксиз давом эттирмоқда. Қишлоқ хўжалик ходимлари шифокорларнинг тавсияларига амал қилган ҳолда далаларда деҳқончилик ишларини бажармоқда.
Хўш, шундай бир вазиятда биз олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ўз вазифамизга бефарқ қараб ўтиришимиз мумкинми? Йўқ, албатта. Бугун бутун вужудимиз билан ҳар галгидан кўпроқ жипслик, ҳамжиҳатлик билан ишлаш даври келди. Ўз халқи, миллати тақдирини, фарзандлар келажагини ўйлаган зиёли қўл қовуштириб ўтириши асло мумкин эмас. Профессор-ўқитувчиларимиз шунга яраша саъй-ҳаракатларини давом эттириб, замонавий ўқитишнинг илғор усулларидан бири саналмиш – масофавий таълимни йўлга қўйгани энг самарали йўл бўлди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши олдини олиш борасида барчамиз учун ғоят муҳим тавсияларни берди. Давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзлари талабаларимиз учун катта сабоқдир:
“Мен бугунги кунда уй шароитида таҳсил олаётган талаба ва ўқувчи ёшларимизга мурожаат қилмоқчиман:
Азиз фарзандларим, уйда вақтингизни бекор ўтказманг! Онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг”.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2020 йил 27 мартдаги “Олий таълим муассасаларида масофавий таълимни жорий этиш тўғрисида”ги буйруғида белгиланган вазифаларни тўлақонли амалга ошириш йўлида тинмай изланмоқдалар.
Аввало, 16-18 март кунлари барча талабалар ўз уйларига кузатилди ва уларнинг манзилларига соғ-саломат етиб боришлари назоратга олинди. Ўша кундан эътиборан улар билан ижтимоий тармоқлар орқали алоқалар йўлга қўйилди. Университетимизда мутахассис-дастурчилар ва тажрибали профессор-ўқитувчилардан иборат ишчи гуруҳи томонидан 56 та бакалавр йўналиши ва 91 та магистратура мутахассисликларини ўз ичига қамраб олган “Ўқув жараёнини ташкил этиш ва бошқариш ахборот тизими” платформаси (http://ettt.nuu.uz) яратилиб, унга ахборот-ресурсларини жойлаштириш ҳамда фойдаланишга доир зарурий йўриқномалар тайёрланди.
Бугунги кескин вазиятни тўғри англаб етган мингдан ортиқ фидойи профессор-ўқитувчиларимиз уй шароитида ҳам ишларини давом эттириб, масофавий таълим платформасига жойлаштириш учун электрон ресурсларни тайёрламоқдалар. Бунинг учун профессор-ўқитувчиларимизга мустақил равишда ўзларининг видео дарсларини тайёрлаш имконини берувчи, ўзлаштириш жиҳатдан содда, машғулот мазмунини талабаларга етказишда самарали деб топилган электрон дастурий маҳсулотлардан (жумладан, Camtasia Studio, Bandicam, Movavi Screen Recorder Studio каби) фойдаланиш тўғрисида визуаллаштирилган ва ёзма қўлланмалар ишлаб чиқилди. Виртуал семинарлар, муҳокамалар ўтказилди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг тавсияси асосида таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича масофавий ўқитиладиган фанлар учун электрон русурсларга қўйиладиган талабларга мувофиқ 462 та фандан 6 мингга яқин электрон таълим ресурслари ва 522 та видеодарслар масофавий таълим платформасига жойлаштирилиб, университетнинг барча талабалари (15465 нафар) учун виртуал шахсий кабинетлар очилди. Ўзбекистон Миллий университети Жиззах филиалининг 225 нафар талабаси ҳам ушбу масофавий таълим платформасига бириктирилди.
Илмга чанқоқ талабалар онлайн тарзида ташкил этилган масофавий таълимга қанчалик масъулият билан ёндашаётганларини кузатиб турибмиз. Фойдаланувчиларнинг асинхрон режимда мулоқотини назарда тутиб моделлаштирилган мазкур масофавий таълим платформасига 10 мингдан зиёд топшириқлар жойлаштирилди. Профессор-ўқитувчиларимиз томонидан ҳар бир талаба ўзига тегишли топшириқни қай даражада бажараётгани жиддий назорат қилиниб, тегишли тартибда баҳоланмоқда. Қўшимча тарзда ҳар бир академик гуруҳлар учун очилган ижтимоий тармоқлардаги каналлар орқали онлайн мулоқотлар ва машғулотлар йўлга қўйилмоқда.
Ёш тадқиқотчиларнинг илмий изланишларига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Ҳозирги пайтда 359 нафар таянч докторант ва докторантлар, 1457 нафар магистрнинг ҳар бири илмий раҳбарлари билан фаолиятларини масофадан туриб давом эттиришлари, шунингдек, университетда таҳсил олаётган хорижлик 70 нафар талабанинг ҳам масофавий таълим платформасидан фойдаланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилган.
Айни пайтда битирувчи курс талабаларининг давлат имтиҳонларини онлайн тарзда ўтказишга алоҳида тайёргарлик кўрилмоқда. Бунинг учун зарур бўлган топшириқлар тайёрланиб, масофавий таълим платформасига жойлаштирилмоқда, жараённи амалга оширишнинг тартиби ишлаб чиқилмоқда.
Замон талабларига яраша бундан буён талабаларга таълим-тарбия бериш тизимини тобора такомиллаштириб борамиз. Чунончи, университетимизда келгуси ўқув йилидан бошлаб ўқитишнинг кредит модуль тизимига ўтиш кўзда тутилган.
Талабалар ҳар бир фанни пухта ўрганишлари учун зарур адабиётлар яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Профессор-ўқитувчиларимиз мазкур ўқув йилида 66 та дарслик, 172 та ўқув қўлланма, жами – 238 та ўқув адабиётини яратиш устида жиддий изланмоқдалар.
Давлатимиз раҳбарининг мурожаатида таъкидланган вазифалар ижроси қай даражада таъминланиши ҳар биримизнинг саъй-ҳаракатимизга боғлиқ. Бугунги синовли кунларда талабаларимизнинг уйларида университет муҳити ҳукмрон бўлиши, улар энг замонавий билимларни олиши, ўз устида мустақил ишлашлари ва изланишлари учун барча шарт-шароитларни яратиш бурчимиздир. Бу эзгу йўлда ҳар галгидан ҳам кўпроқ фидойилик кўрсатаётган университетимиз жамоасининг саъй-ҳаракатлари, албатта, ўз самарасини кўрсатишига ишонамиз.
Авазжон МАРАҲИМОВ,
Мирзо Улуғбек номидаги
Ўзбекистон Миллий университети ректори.
ЎзА.
 http://uza.uz/oz/society/yangi-zbekistonda-yangicha-talim-sabo-lari-23-04-2020

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>