Ёлғончининг чин сўзи

Бу ҳажвия айнан ҳаётдан олинган…

4

Дунёда рост гапирадиганлар кўпми ё ёлғончилар? Умримда ёлғон гапирмаганман, деган кимса ҳам аслида яна бир бора ёлғон гапирган ҳисобланади. Исбот, дейсизми? Масалан, эрталаб ишга кетаётганингизда кимдир ҳол сўраган бўлади:

– Ишлар қалай?

– Зўр!– деб қўя қоласиз.

Аслида унчалик зўр эмасдир-ов. “Қўл остингизда” ишлайдиган бир тирранча пешгирлик қилган. Тоғаси “катта”лардан экан… Шунга кўнглингиз ғаш бўлсада, ҳол сўраганларга “Зўр!” деб қўя қоласиз…

– Уйлар тинчми?– Кўнгил сўраган бўлади яна кимдир.

– Худога шукур, – дейсиз нақадар бахтли одамдек. Ёлғонингизга худонинг номиниям «тиркаб» юбордингиз. Кеча ишдан қайтгач, ожизангиз билан ғижиллашганингизга кўнглингиз хижил… Жуфти ҳалолингиз ҳақида кўчадаги кимсаларга «ҳисобот» бергандан кўра бир чимдим бўлсада, ёлғон сўзлашни эп кўрасиз.

– Соғлиқ қалай?– Тағин ҳол сўраган бўлади қайсидир танишингиз.

– Яхши,– дейсиз зўр-базўр…

Юрагингиздаги безовталикни ҳаммадан сир тутасиз. Юзгачопар ёш ходимингиз дард устига чипқон бўлаётир… Ишхонангиз бўсағасида ўша маҳмадона ишшайиб кутиб олади. Юзингда кўзинг борми демасдан шартакилик қилади:

– А-ҳа, хўжайин, ўзлариям кеч қоптиларку?!

– Нима, сенга ҳисобот беришим керакми? – Зардангиз қайнаб кетади. Барибир, муросаи мадора қилишга мажбурсиз. – Ҳокимликка чақиришган экан, ушланиб қолдим, бўлдими?

Ёш ходим негадир ишшаяди. Қандайдир қоғозчани тутқазадида, буйруқ оҳангида гапиради:

– Марҳамат, шу рақамга сим қоқаркансиз!…

Биров-бировдан қўрқадиган замон бўлмаса-да, номини эшитганда сал-палгина этингизни жунжиктирадиган тўралар ҳам йўқ эмас-да. Ўша ёқдан юборилган «ташрифнома»даги рақамни терасиз. Саломингизга бениҳоя калондимоғлик ила алик олган «табаррук зот»га шундай ёлғон сўзлар айтишга мажбурсиз:

– Сизни жуда ҳурмат қиламан. Сиз устозим, отамсиз…

– Биззи жиян қалай? – Чўрт кесиб сўрайди у.

Тилингиз ўзингизга бўйсунмайди: қўлидан бир тийинлик иш келмайдиган тирмизакни шунчалик мақтайсизки… ҳатто ўзингиз ҳам шу қадар “ноёб кадр”нинг қадрига етмаётганингиздан афсусланиб кетасиз…

Кечқурун бир алфозда уйга келсангиз, эрталаб дилингизни хун қилиб юборган хотинингиз ясамароқ тиржайган кўйи шундай дейди:

– Жа-а соғинтириб юбордингизу дадажониси…

Завжангизнинг қувноқ кўзларига ҳар қанча тикилманг, барибир, гапи рост ёки ёлғонлигини ажрата олмайсиз. Бунга жавобан бўғзингиздан жўрттага шундай сўзлар отилиб чиқади:

– Мен ҳам жуда-жуда соғиндим…

Озроққина хордиқ чиқариш илинжида телевизорни қўясиз. Тунов куни бир шоир билан бўлган учрашувни намойиш этяпти. Унга савол бераётган шеърият шайдосига қулоқ тутасиз.

– Умрингизда ёлғон гапирганмисиз?

“Умрингизда рост гапирганмисиз?”– десанг, тўғрироқ бўлармиди, дея ўзингизча ғижиниб қўясиз.

Сўнг, чалқанча ётаркансиз, кун бўйи қанчадан-қанча ёлғонларингизни санаб саноғига етолмайсиз…

Ушбу қораламаларимни ўқиётиб бошингизни сарак-сарак қилмасдан виждонан айтингчи, гапларингизнинг қанчаси ёлғон, қанчаси рост?

 ТулкинАХ

Тўлқин ЭШБЕК

You may also like...

1 Response

  1. Аслида шу ҳикояни Тўлқин Эшбекдан ўтказиб бошқа ижодкор ёза олмаса керак деб ўйлайман. Унинг табиатидаги юморга мойиллик, соддалик, бошқаларга нисбатан умуман ғаразнинг йўқлиги юқоридаги ҳамманинг ҳаётида учрайдиган жонли воқеани яна бир марта ўзимизга кўрсатибди. Бу «ёлғонлар»ни ўқиганингизда, беихтиёр юзингизда кулги пайдо бўлиши табиий. Зотан, ана шундай юморга бой ҳажвияларни тажанг,инжиқ ва мижғов одамлар ҳам ўқиганларида эди, кенг феълли одамлар сони кўпайган бўлармиди. Ижодий муваффақиятлар ҳамиша ҳамроҳингиз бўлсин, Тўлқинжон!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>