Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!

ЎЗБЕКИСТОН – ПОЙТАХТ ШАҲАРЛАР МАМЛАКАТИ

Бир анжуманда Туркия элчихонаси матбуот хизмати ходими Исмоил Қозон “Ўзбекистон – пойтахт шаҳарлар мамлакати”, деб таърифлади. Унинг фикрича, ҳеч бир халқ бизнинг аждодларимизчалик тарихда ўчмас из қолдирган давлатлар барпо эта олмаган. “Ўзбекистон – қадимда Туркистон, Турон, Мовароуннаҳр ва бошқа номлар билан аталганини яхши биламиз,– дейди у.– Бу жаннатмакон юртда кўплаб шаҳарлар неча минг йиллар мобайнида пойтахт мақомига эга бўлгани ҳайратомуз ҳодисадир. Пойтахт – бой тахт-у бахтга эга шаҳар демак. Бундай шаҳар ва унда истиқомат қилаётган инсонларнинг илму-маърифати, маданияти, маънавияти, санъати, бунёдкорлик ишлари шунга яраша бўлади”.

Хорижлик дипломатнинг бу пурмаъно сўзлари кишига жўшқин кайфият бахш этади. Шу тобда Ўзбекистон мадҳиясидаги “Улуғ халқ қудрати жўш урган замон, оламни маҳлиё айлаган диёр”, деган сатрлар ёдга тушиб қалбингда ғурур ва ифтихор туйғулари жўш уради.

Шундай экан, ўтмишда пойтахт мақомига эга бўлиб, бугун янада гуллаётган кўҳна шаҳарларимизга саёҳат қиламиз.

КЎҲНА ВА НАВҚИРОН САМАРҚАНД

Uzbekistan3

Ўтмишда узоқ асрлар мамлакат пойтахти бўлган Самарқанд шаҳрининг довруғи дунёга достондир. 1925-1930 йилларларда ҳам Ўзбекистон Республикаси пойтахти ҳисобланган.

Самарқанд Ўзбекистоннинг жанубий-ғарбида, Зарафшон водийси ўрта қисми (Дарғом ва Сиёб каналлари ораси)да жойлашган. Тошкентдан 300 километр масофада жойлашган. Бу шаҳардан Тошкент-Душанба, Тошкент-Туркманбоши, Тошкент-Бухоро-Учқудуқ-Қунғирот темир йўллари, Катта Ўзбекистон – (Тошкент-Термиз) йўли ўтади. Шаҳар аҳолиси ва хўжаликлари Шовдор, Боғишамол ариқларидан сув олади.

Тарихий ёзма манбаларда Самарқанднинг қадимий шаҳарлиги тўғрисида кўп маълумотларни ўқиганмиз. Ўрта асрлардан «Ғарбда Рим, Шарқда Самарқанд» деган ҳикмат Шарқда оммалашиб кетган. Самарқанд ва Рим инсоният такдиридаги буюк хизматларини назарда тутиб «Боқий шаҳарлар» номини олганлар. Халқ орасида «Самарканд сайқали рўйи заминаст» (Самарқанд ер юзининг сайқали жилоси) сатрлари замирида оламча маъно мужассам.

Буюк Соҳибқирон Амир Темур ўз даврида Самарқандни ўзгача меҳр билан қадрлади, обод қилди, дунёнинг сайқалига айлантирди.

Антик муаллифларнинг асарларида бу шаҳар Мароқанда деб аталган. Яъни, Мароқанда — Самарқанд атамасининг юнонча айтилишидир.

11-аср олимларидан Абу Райҳон Беруний ва Маҳмуд Қошғарий шаҳар номининг келиб чиқишини «Семизкент», яъни «семиз қишлоқ» сўзининг бузиб талаффуз қилиниши деб тушунтирадилар.

Самарқанд жаҳоннинг энг қадимий шаҳарларидан бири – 2760 йилдан ортиқ тарихга эга. Самарқанд милоддан аввалги 4-асрдан милоддаги 6-асргача Суғд давлатининг пойтахти бўлган.

Археологик қазишмалардан маълум бўлишича, юқори палеолит даврида ҳам Самарқанд ҳудудида одамлар яшаган. Рим тарихчиси Квинт Курций Руфнинг (милоддан аввалги 1-аср охири — милоддаги 1-аср) ёзишича, Самарқанд қалъаси деворининг айланаси тахминан 10,5 км бўлган. Милоддан аввалги 329 йилда македониялик Александр (Искандар Мақдуний) қўшинлари Самарқандни вайрон қилган. Самарқанд 6-асрда Турк хоқонлиги таркибига кирган ва маҳаллий ҳокимлар томонидан бошқарилган. 7-аср бошидан Зарафшон водийси Самарқанд ҳокимлари қўл остига ўтган. Бу даврда Самарқанд Ҳиндистон, Эрон, Миср ва Византия давлатлари билан савдо-сотиқ қилган.

Қутайба ибн Муслим бошчилигидаги араб қўшинлари 712 йилда Самарқандни эгаллаган. Қўзғолон кўтарган шаҳар аҳолисининг бир қисмини қириб ташлаган. Ат-Табарий келтирган маълумотга кўра, самарқандликлар шаҳристон (ички шаҳар)ни арабларга бўшатиб беришга мажбур бўлганлар. Араблар шаҳристонда масжид ва минбар қурганлар. Маҳаллий аҳолидан тортиб олинган қимматбахр буюмлар ва олтин, кумуш билан безатилган санамлар (хилат ул-асном)ни эритиб 10 минг мисқол қимматбаҳо металл олинган.

776-783 йилларда арабларга қарши Муқанна бошчилигида қўзғолон кўтарилган. Арабларга қарши кўтарилган қўзғолонларни бостиришга фаол қатнашган маҳаллий заминдор аҳоли вакиллари 9-аср 20-йилларидан Мовароуннахр ва вилоятларини бошқаришга тортилди, жумладан, Самарқандни бошқариш Сомонийлар қўлига ўтди.

Ўша вақтдан Самарқанд – Сомонийлар давлатининг пойтахти бўлди.

887 йилдан биринчи марта сомонийлар кумуш тангалари Самарқандда зарб қилина бошлади. Сомонийлар пойтахти Бухорога кўчирилгандан (889) сўнг ҳам Сомонийлар пойтахти Бухорога кўчирилгандан (889) Мовароуннаҳрнинг энг йирик хунармандчилик ва савдо марказларидан бири бўлиб қолди.

11-асрдан Самарқанд Қорахонийлар давлати таркибига кирган.

11-асрда Самарқандни Салжуқийлар босиб олган.

12-асрдан Самарқанд Қорахитойларга тобе бўлган.

1210 йилдан Самарқанд Муҳаммад Хоразмшоҳ давлати таркибида бўлган.

1212 йил самарқандликлар Хоразмшоҳга қарши қўзғолон кўтарган.

1220 йили Чингизхон қўшинлари Самарқандга бостириб кириб, шаҳарга ўт қўйган ва аҳолининг кўп қисмини қирган, қолганлари шаҳарни тарк этиб омон қолган. Бир неча йилдан сўнг Самарқанд қайта тиклана бошлаган.

13-асрнинг 2-ярмида Самарқандга келган венециялик сайёҳ Марко Поло «Сонмаркон капа ва машҳур шаҳар» деб ёзган. Мўғуллар ҳукмронлиги даврида Самарқанд Чиғатой улуси таркибида бўлган.

14-аср ўрталарида Мовароуннаҳрда мўғулларга қарши халқ ҳаракатлари бўлиб ўтди. Сарбадорлар қўзғолони натижасида шаҳарда бир неча ой халқ ҳокимияти ўрнатилди.

14-аср охири ва 15-асрда Самарқанднинг иқтисодий-сиёсий ва маданий ҳаёти анча юксалди. Соҳибқирон Амир Темур салтанати пойтахти сифатида Самарқанд жаҳонга машҳур бўлди. Бу даврда Самарқанд кўпгина Шарқ ва Европа давлатлари билан савдо алоқалари ўрнатган. Самарқандда кўплаб ҳашаматли меъморий иншоотлар қурилган.

Йирик шарқшунос олим Василий Владимирович Бартольд таъкидлаганидек, Амир Темурнинг фикрига кўра, Самарқанд жаҳоннинг биринчи шахри бўлиши керак эди. Амир Темур вафоти (1405)дан сўнг Самарқанд тахтини Улуғбек эгаллади. Улуғбек даврида Самарқандда қурилишлар авж олди. Қўшни давлатлар билан алоқалар кучайди.

15-аср охирида (1497) Самарқандни Заҳириддин Муҳаммад Бобур эгаллади.

1500 йилда Шайбонийхон Самарқандни деярли урушсиз босиб олди.

16-аср ўрталаригача Самарқанд Шайбонийлар давлатининг пойтахти бўлиб турди. Ўша вақтдан чор Россияси босқинига қадар (1868) Самарқанд шаҳри Бухоро хонлиги (амирлиги) таркибида бўлиб кедди.

1723-1730 йилларда қозоқлар босқини даврида Самарқанд катта талофат кўрди. 1740-1747 йилларда Нодиршоҳга тобе бўлди.

17-асрнинг 1-ярмида олчин уруғидан чиққан ўзбек ҳарбий-заминдорларининг йирик вакили Ялангтўш Баҳодир Самарқанд ҳокими бўлган.

1758-1868 йилларда эса Самарқанд Бухоро амирлигига итоат қилган.

1868 йил 1 майда Самарқанд яқинидаги Чўпонота тепалигида рус подшоси қўшинлари билан самарқандликлар ўртасида қаттиқ жанг бўлди. Самарқанд аҳолиси шаҳарни босқинчилардан мардонавор ҳимоя қилдилар. Ниҳоят руслар катта талофатлар бериб шаҳарни 2 майда эгалладилар. Кейинчалик Самарқанд ва Каттақўрғон бекликлари бирлаштирилиб, Зарафшон округи тузилди. Сўнгра унга Панжакент ва Зарафшон водийси юқорисидаги тоғли туманлар ҳам қўшилди. 1886 йил Зарафшон округи Самарқанд вилоятига айлантирилди. Самарқанд унинг маъмурий ва савдо марказига айланди. Ўша вақтдан бошлаб, шаҳарда янги типдаги бинолар курила бошлади, янги саноат корхоналари қад кўтарди.

1918 йил 11 апрелда Самарқандда Туркистон Мухтор Республикаси тузилиши эълон қилинди. 1925-1930 йилларда Самарқанд Ўзбекистон пойтахти бўлиб турди.

1991 йил Ўзбекистон мустамлакачилик асоратидан қутилиб, мустақилликка эришгач, Самарқанд республиканинг йирик маданий марказига айланди.

Самарқанд бунёд бўлганидан буён у Ўрта Осиёнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётида катта мавқега эга бўлиб келди. Шаҳарнинг Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашганлиги, бу ерда қадимдан ҳунармандчиликнинг шойи тўқиш, машҳур Самарканд қоғози ишлаб чиқариш, кулолчилик, темирчилик, новвойлик, қандолатчилик, бадиий каштачилик ва бошқа турлари ҳамда савдо-сотиқ ишларининг ривожига туртки бўлди. Самарқандда қадимдан равнақ топган ҳунармандчилик турлари маҳалла-гузарларнинг номларида сақланиб қолган.

Узоқ асрлар Самарқанд баланд девор билан ўралган бўлиб, унинг 6 та: Бухоро, Пайкобод, Шоҳизинда, Қаландархона, Сўзангарон, Хожа Аҳрор дарвозаси бўлган. Кечалари шаҳарга кириб-чиқиш тақиқланган. Шаҳар деворининг айланаси 13,9 километр, унинг умумий майдони эса 10,4 километр-квадратни ташкил қилган. Шаҳарда жуда кўп боғ, ариқ-зовур ва ҳовузлар, иккита ғиштин карвонсарой ва учта ҳаммом (2 таси Хожа Ахрор ҳаммомлари, биттаси Мири ҳаммоми) фаолият кўрсатган. Кўчалар шаҳарнинг 6 та дарвозасини Регистон майдони билан боғлаган. Бибихоним масжиди билан Чорсу ўртасидаги кўча анча серқатнов бўлган. Қўрғон шаҳарнинг ғарбий қисмида бўлиб, унинг узунлиги 3,2 километрли ташқи девори ва иккита дарвозаси бўлган. Қўрғонда ҳоким саройи, сипоҳилар яшайдиган уйлар жойлашган. Шаҳар аҳолисининг сони 25-30 мингга етган.

Самарқанд қадимий тарихи ва меъморий ёдгорликлари туфайли бутун дунё тан олган ҳақиқий музей шахрига айланди. Шу боис республика ҳукумати қарори билан 1982 йилда Самарқанднинг Афросиёб шаҳристони, ўрта асрларда бунёд этилган меъморий ёдгорликлар ва 19-20-асрларда қурилган «Янги шаҳар»даги бинолар, тарих ва ўлкашунослик музейлари асосида «Самарканд давлат бирлашган тарихий-меъморий музей-қўриқхонаси» тузилди. Ўша йилда шаҳарнинг тарихий кисмини муҳофазалаш чегаралари белгиланди.

Самарқанднинг меъморий-тарихий ёдгорликлари 2001 йилда ЮНЕСКОнинг Финляндияда ўтказилган 25-сессиясида Жаҳон мероси рўйхатига киритилди.

Самарқандда 73 та йирик тарихий меъморий ёдгорлик: Регистон ансамбли, Шоҳи Зинда ансамбли, Амир Темур мақбараси, Улуғбек расадхонаси, Бибихоним жоме масжиди, Руҳобод мақбараси, Абдидарун мажмуаси, Хожа Аҳрор масжиди, Ҳазрати Хизр масжиди ва бошқа обидалар сақланган.

Ўзбекистан Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан Самарқандда Абу Мансур ал-Мотуридий ас-Самар-қандий дафн этилган Чокардиза қабристони ҳудудида Мотуридий ёдгорлик мажмуи мозорига мақбара қурилди, қабристон обод этилди. Самарқанднинг марказий майдонига Амир Темур ҳайкали ўрнатилди.

Самарқандгага ташриф буюрган сайёҳларнинг аксарияти зиёратни Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасидан бошлайди. Юртимиз мустақиллиги йилларида яратилган бу иншоот мараббаъ шаклида (яъни, тўртбурчак шаклдаги усти гумбазсимон) қурилган, ўлчамлари 9,0х9,0 метр бўлган тўғри тўртбурчакдан иборат мақбара. Умумий баландлиги гумбаз билан биргаликда 17,6 метрни ташкил қилади. Мақбара ташқи қисми асосан Эрон Ислом Республикасининг Исфоҳон шаҳридан келтирилган “Оникс” қимматбаҳо тоши билан безатилган. “Оникс” – бу ўзидан ёруғлик нурини ўтказувчи ва қуёш нурида жилоланиб турли рангларни ҳосил қилувчи ноёб, қимматбаҳо тоғ жинси ҳисобланади. Мақбара ташқи қисми турли миллий услубдаги кошинлар ва юқори гумбази чинни кошинлар билан безатилган. Ушбу кошинларда мақбаранинг барча томонида Қуръон оятлари, жумладан, унинг юқори қисмида “Мулк” сураси тўлиқ ёзилган. Мақбаранинг жанубий томонида “Юсуф” сураси 101-ояти ҳамда “Ғофир” сурасининг 57-60 оятлари кошинларда миллий услубда ёзилган. Унинг ғарбида “Бақара” сурасининг сўнги 285-286 оятлари битилган. Мақбаранинг шимол томонга қараган девор қисмида “Оли-Имрон” сурасининг 1,2,3,4,5,6,7-оятлари билан безатилган. Шарқий деворлар эса, “Оли-Имрон” сурасининг 189, 190, 191, 192, 193, 194-оятлари нақшинкор қилиб ёзилган. Мақбара пастки қисми ҳам худди унинг устунсимон деворлар каби қимматбаҳо тоғ жинси ҳисобланган тош билан яъни, қора гранит “Габра” тоши билан безатилган. Ушбу қора гранит тоши Украина давлатидан келтирилган.

Мақбара биносининг ички қисми деворлари ва унинг гумбази асосан миллий услубда безатилган бўлиб “Оят ал-курси” яъни, Бақара сурасининг 255-ояти тўлалигича олтин суви (тилла суви) билан ёзилган.

Мақбаранинг ўрта қисмида яъни, унинг марказида Имом Бухорий қабрига рамзий қабр тоши ўрнатилган. Мақбаранинг асосий қисми яъни, Имом Бухорийнинг ҳақиқий қабри мақбаранинг ертўла қисмида бўлиб, унга пастга қараб элтувчи зинапоя орқали кирилади.

Шаҳардаги тарихий обидалар Хитой, Ҳиндистон, Юнонистон (Афина), Италия (Рим) ёдгорликлари каби ўзининг гўзаллиги б-н эъти-борни ўзига тортади. Самарқандга ҳар йили дунёнинг турли мамлакатларидан минглаб сайёҳлар келиб-кетадилар. Меҳмон ва сайёхларга хизмат кўрсатувчи: «Афросиёб», «Самарқанд», «Зарафшон», «Боғишамол», «Марказий», «Президент отель» каби меҳмонхоналар қурилган. Сайёҳларга «Ўзбектуризм» миллий компаниясининг Самарқанд бўлими ходимлари хизмат кўрсатадилар.

Самарқанд заминида машҳур донишмандлар, алломалар вояга етган, жумладан, Улуғбек Самарқандда мунажжимлар мактабига асос солди, Мадраса ва расадхоналар қурди. Унинг атрофида бутун бир илмий маскан – Улуғбек академияси таркиб топди. Бу академияда Ғиёсиддин Жамшид Коший, Қозизода Румий, Али Қушчи каби машҳур олимлар етишиб чиқди. Улуғбек академиясида амалга оширилган ишлар жаҳон фан оламида тан олинди.

Самарқанд шаҳрида ҳозирги кунда халқаро миқёсдаги турли анжуманлар ўтказилмоқда. Айниқса, «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалининг Самарқандда ўтказилиши муҳим аҳамиятга эгадир.

Ватанимиз тарихида тутган беқиёс ўрни, самарқандликларнинг асрлар да-вомида миллий фан ва маданиятимиз-ни ривожлантиришга қўшган буюк ҳис-сасининг эътирофи сифатида Самарқанд 1996 йил 28 августда «Амир Темур» ордени билан мукофотланди. Орден топширилган 1996 йил 18 октябрь – “Самарқанд куни” деб эълон қилинди.

————————-

Манбалар ва адабиётлар.: Самарқанд тарихи, Т., 1-2 ж., 1971; Самарқанд (проф. З.М.Акрамов таҳрири остида), Т., 1961; Самарканд шаҳри тўғрисида статистик маълумотлар, С, 2002; Умняков И.И., Алескеров Ю.Н., Самарқанд (справочник-йўл кўрсаткич), Т., 1968; Пугаченкова Г.А., Очиқ осмон остидаги музей, Т., 1981; Зоҳидов П., Самарқанд меъморлик мактаби (19-20-аср бошлари), Т., 1965; Бартольд В.В., История Самарканда при Тимуридах. Соч., том 6, М, 1966; Пугаченкова Г.А., Ремпель Л.И., Выдающиеся памятники архитектуры Узбекистана, Т., 1959; Якубовский А.Ю., Из истории археологического изучения Самарканда, Самарканд, 1927; Шишкин В.А. Калаи Афрасияб, сб. «Аф-расияб», вып. №1, Т., 1969; Шишкин В.А., Афрасияб — сокровищница древней культуры, Т., 1966.

***

 БУХОРО – ИЛОҲИЙ НУР ТАРАЛГАН ШАҲАР

Бухоро

 Ҳаж ва умра зиёратига борганларнинг суҳбатида бир ажойиб ҳодиса ҳақида эшитгандим. Айтишларича, Макка ва Мадина шаҳарларига мунтазам илоҳий нур таралиб тураркан. Бу нур аслида Бухорои шарифдан таралар эмиш!

Шундай экан, дунёни мафтун этган Бухоро шаҳри сайёҳлар учун ўзига хос мўъжиза ҳисобланса ажабмас.

Бу кўҳна ва навқирон шаҳар Ўзбекистоннинг жанубий-ғарбида, Зарафшон дарёси қуйи оқимида, Тошкентдан 616 километр масофада жойлашган.

Бухоро Шарқнинг машҳур қадимий шаҳарларидан бири. Археологик маълумотларга кўра, Бухорога милоддан аввалги 1-минг йиллик ўрталарида асос солинган. Ўрта аср араб манбаларида Бухоро Нумижкат, Навмичкат, Бумичкат (Янги қўрғон), Ал-Мадина ас-суфрийя (Мис шаҳар), Мадинат ат-тужжор (Савдогарлар шаҳри), Фохира (Фахрли шаҳар) каби номлар билан тилга олинган. Бухоро атамаси санскритча «вихора» сўзининг турк-мўғулча шакли — «бухор» («ибодатхона») дан келиб чиққан деб тахмин қилинган. Кейинги тадқиқотларда бу атама суғдийча «буғ» ёки «баг» («тангри») ҳамда «оро» («жамол») сўзларидан иборат бўлиб, «тангри жамоли» деган маънони англатади, деган фикр илгари сурилмоқда. Дарҳақиқат, Зарафшон дарёсининг қуйи оқимида жойлашган Бухоро ва унинг атрофидаги ерлар қадимда ниҳоятда хуш-манзара – ҳайвонот ва ўсимлик дунёси бетакрор, кўл ва оқар сувларга бой бўлиб, тарихчи Наршахийнинг «Бухоро тарихи» асаридаги маълумотлар буни тасдиклайди.

Бухоро 6-8-асрлар бошида Бухорхудолар ҳокимлиги пойтахти эди. 709 йили уни Араб халифалиги фатҳ этган, 9-10-асрларда эса усмонийлар пойтахти бўлган. 999 йили қорахонийлар, 1220 йили мўғуллар босиб олган.

1370 йилдан Бухоро Амир Темур ва Темурийлар давлати, 16-аср бошидан шайбонийлар (1533 йил бу давлат пойтахти Самарқанддан Бухорога кўчирилиши туфайли Бухоро хонлиги деб атала бошлаган) ва 1533 йилдан 1920 йилгача Бухоро хонлиги (амирлиги) маркази бўлган, сўнг шўролар томонидан босиб олинган. 1920 йил 8 сентябрдан бу шаҳар Бухоро Халқ Совет Республикаси (БХСР) нинг пойтахти бўлган.

Бухоро вилояти ҳудудида милоддан аввал 4-3-минг йилликлардаёқ овчилик ва балиқчилик билан шуғулланган, тошдан турли қурол ва буюмлар ясаш маҳоратлари юксак даражага етган неолит даврига мансуб қабилалар яшагани аниқпанган. Милоддан аввалги 2-минг йилликнинг 2-ярмида Зарафшон дарёси ўзанига яқин ерларга, айниқса унинг қадимий тармоқлари (Вобкент дарё, Моҳондарё, Гужайли ва бошқалар) ҳавзаларига чорвадор-деҳқон қабилалари келиб жойлашганлар. Улар ботқоқ ерларда деҳқончилик қилиш билан бирга яйловларда чорвачилик билан ҳам машғул бўлганлар. Археологлар Қоракўл туманидаги Замонбобо деган жойдан мазкур қабилалар манзилгоҳларидан бирининг қолдиқларини топиб ўргандилар. Шу боис бу маданият фанда Замонбобо маданияти деб аталди. Милоддан аввалги 1-минг йилликда Бухоро воҳасида аста-секин сунъий суғориш тармоқлари ва мустаҳкамланган қишлоқлар вужудга кела бошлайди. Зарафшон дарёсининг кадимий тармоғи – Шохруд бўйларидаги дастлабки қишлоқларнинг барпо бўлиши айнан ана шу даврга тўғри келади.

Шаҳарнинг ёшини аниқлаш мақсадида бутун Бухоро воҳаси бўйлаб, чунончи йирик археологик ёдгорликлар – Пойкенд, Қўрғони Вардонзе, Ромитан, Варахша, Хожа Бўстон, Қўзимонтепа, Оқсочтепа ва бошқа шаҳар харобаларида археологик қазишмалар олиб борилди.

Милоддан аввалги 4-асрда Бухоро арки қурилажак ҳудуд баланд мудофаа девори ва кенг хандақ билан ўраб олиниб, унинг этагида учта мустаҳкамланган манзилгоҳ жойлашган (бу хил манзилгоҳлар милоддан аввалги 1-минг йиллик бошидан Ўрта Осиёнинг деҳқончилик қилинадиган вилоятларига хосдир). Мазкур манзилгоҳлардан бири Фиробдиз, иккинчиси Навмичкат, учинчиси Бухоро деб аталган. Кейинчалик бу уч манзилгоҳ ўзаро бирлашиб ва тўхтовсиз тараққий этиб бориб, каттагина шаҳарга – Бухоро воҳасининг савдо-ҳунармандчилик ва маъмурий марказига айланган.

Бухоронинг Буюж ипак йўли чорраҳасида жойлашганлиги илк даврлардан бошлаб ҳунармандчилик тармоқлари (кулолчилик, темирчилик, мисгарлик, зардўзлик, заргарлик, шишасозлик, кандакорлик, бадиий каштачилик) ва савдо-сотиқ ишларининг ривожланишига туртки бўлди.

Бухорода 100 дан ортиқ йирик тарихий меъморий ёдгорликлар мавжуд. Улар орасида Бухоро арки, Сомонийлар мақбараси, Чашмаи Айюб мақбараси, Матки Аттори масжиди, Намозгоҳ масжиди, Пойи калон ансамбли, Қалъа-девор қолдиқлари, Минораи калон, Масжиди калон, Мир Араб мадрасаси, Тим ва тоқилар, Лабиҳовуз ансамбли, Улуғбек мадрасаси, Чор минор, Болоҳовуз масжиди, Ситораи Моҳи Хоса ансамбли ва бошқа обидалар сайёҳларни мафтун этади.

Бухоро арки – қадимий шаҳарсозлик ёдгорлиги. Дастлаб милоддан аввалги 1-асрда қурилган. Шаҳарнинг қадимий қалъаси. Араблар истилосига қадар аркда шаҳар ҳокимлари – бухорхудотлар яшаган. Сомоиийлар даврида (9-10-асрлар) қайта қурилиб девор ва буржлар билан мустаҳкамланган. Қорахонийлар даврида (11-12-асрлар) ва мўғуллар босқинчилиги вақтида (13-аср) арк бир неча бор вайрон қилинган. Ҳозирги қиёфаси асосан Шайбонийлар сулоласи даври (16-аср)да шаклланган. Аркнинг ғарбий деворидан бошқа ҳамма деворлари, бурчаклардаги миноралар бузилиб кетган. Арк дарвозаси олдидаги Регистон майдонида кўпгина иморатлар бўлган. Унинг ғарбий деворига қараган пешайвонга замбараклар қўйилган. Арк дарвозасининг чап томонида лашкарбоши меҳмонхонаси, шимолда эса қурол-яроғлар тузатиладиган устахона ва аслаҳахона (қўрхона) бўлган.

Бухоронинг 2500 йиллиги муносабати билан арк ичкарисидаги тахт жойлашган ҳовли таъмирланиб, ўз ҳолига келтирилди. Арк деворлари янгиланди. «Гўриён» дарвозаси қайта тикланди ва бошқа ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Ер сатҳидан 2,5-3 мнтр чуқурликда гумбазсимон ер ости йўли борлиги аниқланди. Аркда Бухоро давлат меъморий-бадиий музей-қўриқхонаси жойлашган.

Бухоро йирик илм-маънавият, маърифат марказларидан биридир. 1996 йил мартдан Ўзбекистон Фанлар Академияси Самарқанд бўлимининг Бухоро минтақавий маркази фаолият кўрсатмоқда.

Бухоро заминида машҳур, донишманд алломалар вояга етган, ўқиб ижод этган. Абу Ҳафси Кабир Бухорий (767-832), Муҳаммад Хўжа Исмоил Имом ал-Бухорий, Ибн Сино, Наршахий, Дақиқий, Рудакий, Балъамий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Сайфиддин Бохарзий, Носир Бухорий, Шамсиддин Бухорий, Убайдуллоҳ Бухорий, Мушфиқий, Ҳофиз Таниш Бухорий, Турди Фароғий, Аҳмад Дониш… бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.

1997 йил октябрь ойида Бухоронинг 2500 йиллиги Ўзбекистонда кенг нишонланди. 50 дан ортиқ тарихий-меъморий обидалар таъмирланди, янги истироҳат боғлари, хиёбонлар барпо қилинди.

Манбалар ва адабиётлар: Наршахий, Бухоро тарихи, Т., 1966; История ат-Табари, Т., 1987;Ҳофиз Таниш Бухори й, Абдул-ланома [1 —2-ж.лар], Т., 1999—2000; Ҳасанхожа Нисорий, Музаккири аҳбоб, Т., 1993; М ир Мухаммад Амин Бухарий, Убайдулланаме, Т., 1957; Абдурахмони Тали, История Абулфейзхана, Т., 1959.

 ***

ХИВА — МОЗИЙ КЎЗГУСИ

Хива

 

Давомини бир неча дақиқадан сўнг ўқийсиз.

Сайтимиздан узоқлашманг.

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎЗму Ахборот хизмати раҳбари

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>