Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабатлари алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилди

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин 18 апрель куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабатлари алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилди

Ўзбекистон билан Жанубий Корея географик жиҳатдан бир-биридан узоқ, лекин кўнгли яқин, тинчлик ва тараққиёт йўлида мақсади муштарак давлатлардир. Тарихдан маълумки, мамлакатларимиз Буюк ипак йўли даврларидан бошлаб ўзаро борди-келди қилган. Самарқанддаги “Афросиёб” музейида сақланаётган деворий суратларда VII аср ўрталарида Самарқанд ҳукмдорининг қадимги Корея – Чосон элчисини қабул қилиш маросими акс эттирилгани бунга ёрқин мисол бўла олади.
Мамлакатларимиз вақт синовидан ўтган ишончли стратегик шериклардир. Олий даражадаги мулоқотлар ва муштарак интилишлар самарасида мамлакатларимиз ҳамкорлиги барча йўналишларда изчил ривожланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22-25 ноябрь кунлари Корея Республикасига давлат ташрифи ўзаро муносабатларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди.
Мазкур тарихий ташриф кўп қиррали алоқаларни ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди. Ташриф доирасида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро 20 дан ортиқ битим, шунингдек, умумий қиймати 10 миллиард АҚШ долларидан зиёд бўлган 64 та ҳужжат имзоланди.
Корея Республикаси Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи Ўзбекистон – Жанубий Корея муносабатлари тарихидаги муҳим воқеа сифатида мамлакатларимиз ва халқларимизни янада яқинлаштиришга хизмат қилади.
Ташрифнинг асосий воқеалари 19 апрель куни Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди.
Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Мун Чжэ Ин тор доирада учрашув ўтказди.
Давлатимиз раҳбари олий мартабали меҳмонни қутлаб, бу узоқ кутилган ва муҳим ташриф эканини алоҳида таъкидлади.
– Жанубий Корея Ўзбекистоннинг ишончли ва устувор шериги. Мен 2017 йилги учрашувимизни мамнуният билан эслайман. Музокараларимиз самимий ва конструктив руҳда ўтган, салмоқли ҳужжатлар имзоланган эди. Бу кейинги йиллардаги ҳамкорлик ривожига асос бўлди. Сизнинг ушбу ташрифингиз давлатлараро муносабатларимизга янги суръат бағишлайди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Корея Республикаси Президенти таклиф учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон – Жанубий Корея муносабатлари ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик руҳида изчил ривожланаётганини қайд этди.
– Ўзбекистон қадимий ва бой тарихга эга, Буюк ипак йўлининг маркази бўлган ўлка. Бугунги кунда мамлакатингиз ўз тараққиётининг янги даврига қадам қўймоқда. Ўзбекистонни Жанубий Кореянинг савдо ва инвестициявий алоқаларни фаоллаштиришга қаратилган “Янги шимолий сиёсат”ида муҳим ўрин тутувчи шерик деб биламиз. Сизнинг Сеулга ташрифингиз чоғида мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашга эришган эдик. Бу сафар уни алоҳида стратегик даражага кўтариш ниятидамиз, – деди Мун Чжэ Ин.
Ўзбекистон кучли иқтисодий, индустриал ва интеллектуал салоҳиятга эга Корея Республикаси билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга стратегик масалалардан бири сифатида қарайди. 1992 йилда мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилгандан сўнг ўзаро алоқаларни ривожлантириш борасида салмоқли натижаларга эришилди.
Мамлакатларимиз ўртасида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро 170 дан ортиқ ҳужжат қабул қилинган. Мазкур салмоқли ҳуқуқий база ўзаро ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. 2006 йилда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларация, 2017 йилда қабул қилинган Стратегик шериклик муносабатларини ҳар томонлама чуқурлаштириш тўғрисида Қўшма баёнот томонларнинг ҳамкорликка содиқлиги, дўстлиги ва ўзаро ишончидан далолатдир.
Мамлакатларимиз БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ўзбекистон Корея Республикасининг глобал хавфсизликни таъминлаш борасида катта аҳамиятга эга бўлган, Корея ярим оролидаги ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга йўналтирилган тинчликсевар сиёсатини маъқуллайди.
Ўз навбатида, Корея Республикаси 2018 йилда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” ҳамда “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияларини қўллаб-қувватлади.
Парламентлараро алоқалар, ҳукуматлар, вазирлик ва идораларнинг делегациялар алмашувлари фаоллашди, ташқи сиёсат идоралари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар механизми самарали тус олди.
Музокарада мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш, ўзаро манфаатли йўналишларни топиш, “соатларни солиштириб олиш” мақсадида сиёсий мулоқот ва маслаҳатлашувларни фаол давом эттириш бўйича якдил фикр билдирилди.
Икки мамлакат ҳамкорлиги, халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқаларини кенгайтириш мақсадида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.
Савдо-иқтисодий алоқалардаги ўсиш суръатлари ижобий баҳоланиб, уни янада ошириш учун имкониятлар кўплиги қайд этилди. Шу мақсадда ҳуқуқий ва институционал инфратузилмани такомиллаштириш, турли даражадаги ташрифлар ва ишбилармон доиралар ўртасидаги учрашувларни кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.
Мулоқот чоғида томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Президентлар музокарани икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар. Унда савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар соҳалардаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ҳамкорлиги деярли барча жабҳаларни қамраб олган. Савдо соҳасида энг кўп қулайлик тартиби ўрнатилган. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ўзаро манфаатли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда муҳим ўрин тутмоқда. Жорий йил 4 мартда Тошкентда унинг тўққизинчи мажлиси бўлиб ўтди. 2018 йилда иқтисодий масалалар бўйича Бош вазир ўринбосарлари мажлиси формати ҳам йўлга қўйилди.
Ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2,1 миллиард доллардан ошди.
Ўзбекистонда жанубий кореялик инвесторлар иштирокида тузилган 660 корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 354 таси тўлиқ хорижий сармоя ҳисобидан ташкил қилинган. Бу икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида савдо-инвестициявий ҳамкорлик ривожланиб бораётганидан дарак беради.
Юртимизда ушбу мамлакатнинг 75 та компанияси рўйхатдан ўтган. 2018 йилда Инчеон шаҳрида “Ўзбекистон – Корея савдо уйи” очилди. У Ўзбекистоннинг дунё стандартларига мос маҳсулотларини Жанубий Корея бозорига етказиб беришда муҳим роль ўйнамоқда.
Жанубий Корея Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш ва инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни олқишлади. Бу мамлакатимизга инвестициялар ва юқори технологиялар келишини кўпайтириб, қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, доимий иш ўринлари яратишга хизмат қилади.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон энергетика, нефть-газ, кимё, кончилик, транспорт ва логистика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, машинасозлик, электр техникаси, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, инфратузилмани ривожлантириш бўйича истиқболли лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканини қайд этди. Жанубий Корея компаниялари мамлакатимизда ўзларини эркин ва қулай ҳис қилишлари учун ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини алоҳида таъкидлади.
Музокарада мазкур соҳалардаги янги имкониятлар, уларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари, мамлакатимиздаги эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарида корхоналар ташкил этиш, “электрон ҳукумат”ни ривожлантириш, инновацион ва ижтимоий соҳалар бўйича кадрлар тайёрлашни давом эттиришга келишиб олинди.
Ўзбекистон ва Жанубий Корея ахборот технологиялари, рақамли тиббиёт, таълим, маданият соҳаларида самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Мамлакатимизнинг мактабгача таълим тизимига Жанубий Корея тажрибаси кенг жорий этилмоқда.
Ўзбек ва корейс халқларининг дунёқараши ва урф-одатлари ўхшаш. Мамлакатларимиз энг қийин даврларда бир-бирини қўллаган. Бугун Ўзбекистонда яшаётган 180 мингдан зиёд корейс диаспораси кўп миллатли жамиятимизнинг ажралмас қисмига айланган. Корейс маданият марказлари уюшмаси, вилоятларда унинг бўлинмалари фаолият юритмоқда. Уюшма юртимизда ва хорижда корейс тили, маданияти, урф-одат ва анъаналарини сақлаш ва ривожлантириш бўйича фаол иш олиб бормоқда.
2017 йили Ўзбекистонда корейс миллати вакиллари яшаётганининг 80 йиллиги муносабати билан пойтахтимиздаги “Дўстлик” боғида ёдгорлик монументи очилди. Пойтахтимизнинг марказий кўчаларидан бирига Сеул номи берилди. Корейс халқининг маънавий-маданий меросини сақлаш ва ривожлантириш мақсадида Корея Республикаси ҳукумати томонидан Тошкент шаҳрида Корея маданияти уйи қуриб битказилди. Ушбу маскан халқларимиз абадий дўстлигининг яна бир ёрқин тимсоли бўлади.
Мамлакатимиз олий ўқув юртлари Жанубий Кореядаги 45 дан ортиқ илмий-тадқиқот муассасаси билан ҳамкорлик ўрнатган. Пойтахтимизда Корея Республикасининг тўртта университети филиали очилган.
Тиббиёт соҳаси ҳам ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан. Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг молиявий-техник кўмагида ўзбекистонлик мутахассислар Жанубий Кореядаги етакчи клиника ва марказларда малака оширмоқда, кореялик шифокорлар томонидан мамлакатимиз аҳолиси беғараз асосда тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон мазкур соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. Жанубий Корея Президенти илғор тажрибалардан фойдаланиш ва кадрлар малакасини оширишга ҳисса қўшишга тайёр эканини билдирди.
Самарали музокаралардан сўнг икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Мун Чжэ Ин Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида Алоҳида стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларацияни имзолади.
Ҳукумат ва вазирликлар ўртасида инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш, эркин савдо битими тузишни ўрганиш, тинч мақсадда фазони тадқиқ этиш, фан, технология ва инновациялар соҳасида ҳамкорлик, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Корея марказини ташкил этишга оид ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.
Ташриф доирасида мактабгача таълим, меҳнат ва бандлик, адлия, қишлоқ хўжалиги, капитал бозорини ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнес, ўсимликлар карантини соҳаларида, шунингдек, мамлакатларимиз савдо-саноат палаталари ўртасида икки томонлама қатор ҳужжатлар имзолангани қайд этилди.
Оммавий ахборот воситалари учун ўтказилган брифингда Президентлар анъанавий дўстлик, очиқлик ва ўзаро англашув руҳида кечган музокаралар натижаларидан мамнунлигини алоҳида таъкидлади.
– Мулоқотларимиз Ўзбекистон билан Жанубий Кореянинг сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлиги халқларимизнинг узоқ муддатли манфаатларига тўла мослигини, халқаро ва минтақавий муаммолар, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари бўйича позицияларимиз яқин эканини намойиш этди. Бугун имзоланган Алоҳида стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларация давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар мутлақо янги босқичга кўтарилганини кўрсатади, – деди Шавкат Мирзиёев.
– Дунёнинг диққат марказида бўлиб келаётган Ўзбекистон Президентига чуқур ҳурматимни билдираман. Шавкат Мирзиёев ҳамма соҳалардаги – сиёсат, иқтисодиёт, ижтимоий ҳаётга доир ислоҳотлари билан Ўзбекистонни янги тараққиёт босқичи сари етакламоқда. Бугун мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтардик. Уни ҳаётга татбиқ этиш механизмлари, ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг янги йўналишларини муҳокама қилиб, истиқболли келишувларга эришдик, – деди Мун Чжэ Ин.
Куннинг иккинчи ярмида Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ташриф буюриб, мамлакатимиз парламенти аъзолари олдида нутқ сўзлади.
Корея Республикаси раҳбари Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюрди. Олий мартабали меҳмон ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.
Презиеднтлар Шавкат Мирзиёев ва Мун Чжэ Ин «Ўзэкспомарказ»да ташкил этилган Ўзбекистон – Жанубий Корея бизнес-форумининг очилиш маросимида иштирок этдилар.
Форумда икки мамлакат иқтисодий ва молиявий тузилмалари раҳбарлари, етакчи ишбилармонлари, хусусан, Корея Республикасининг 150 та компания ва ташкилотидан 350 дан ортиқ вакил қатнашди.
Мамлакатимиз иқтисодиётидаги Жанубий Корея инвестицияларининг умумий ҳажми 7 миллиард доллардан ошган. Корея миллий нефть корпорацияси, Эксимбанки, “Kogas”, “Lotte group“, “Samsung“, “Hyundai“, “Shindong resources“ ва бошқа кўплаб етакчи компаниялари юртимизда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда фаол иштирок этмоқда.
Давлатимиз раҳбари Кўксаройда ўтган музокараларда ишбилармонлик алоқаларини қўллаб-қувватлаш, айниқса, ўрта ва кичик бизнесни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлади.
– Бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳот ва ўзгаришлар улкан ғоя ва лойиҳаларни ҳаётга дадил жорий этиш учун кенг имкониятлар очмоқда. Ўтган йили мамлакатимизда янги қўшма корхоналар сони 3 баробар кўпайди. Биз бундан буён ҳам Корея бизнесининг мамлакатимиздаги иштирокини кенгайтириш учун энг қулай шароитларни яратишга тайёрмиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Корея Республикаси Президенти Ўзбекистон азалдан савдо, илм-фан, маданият маркази бўлгани, бугунги кунда ҳам бизнес учун кенг имкониятлар очилаётганини қайд этди. Жанубий Корея Ўзбекистондаги инвестициявий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, илғор тажрибалар билан ўртоқлашишга тайёр эканини билдирди.
Бизнес-форумда икки мамлакат компания ва ташкилотлари ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, товарлар етказиб бериш ва хизмат кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди. Умумий қиймати 12 миллиард доллардан зиёд бўлган битим ва келишувларга эришилгани қайд этилди. Улар энергетика, нефть-газ, кимё, тоғ-кон, машинасозлик ва электр техникаси, транспорт ва логистика, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, инфратузилмалар, ахборот-коммуникация технологиялари, рақамли тиббиёт каби устувор йўналишларни қамраб олган.
«Ангрен» эркин иқтисодий зонасини «Инчхон» эркин иқтисодий зонаси бошқарувига бериш, «Бўстонлиқ-фарм» ҳудудида энг зарур дори воситалари ишлаб чиқариш бўйича келишувлар алоҳида эътиборлидир.
Давлатимиз раҳбари Жанубий Корея ишбилармонларини мамлакатимиз иқтисодиётидаги янги имкониятлардан фаол фойдаланишга чақирди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин рафиқалари билан бирга икки мамлакат санъат усталарининг концерт дастурида иштирок этди.
Олий мартабали меҳмон шарафига ташкил этилган ушбу концертда юртимиз санъаткорлари, корейс маданият маркази аъзолари ва Жанубий Кореядан келган ижодий гуруҳлар қатнашди.
Концертда ўзбек ва корейс миллий куй-қўшиқлари ижро этилди. Уларда халқларимиз ўртасидаги дўстлик, маданий ҳамкорлик яна бир бор намоён бўлди.
Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг мамлакатимизга давлат ташрифи давом этмоқда.
Матназар Элмуродов, Зиёдулла Жонибеков, ЎзА

 

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>