Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Жаноби Олийларига

Жаноби Олийлари!

Мамлакатларимизнинг ҳар томонлама ва самарали ҳамкорлигининг унутилмас солномасидаги муҳим сана – Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқи номидан Сизни ва бутун Хитой халқини самимий табриклаш менга улкан мамнуният бағишлайди.

Ўзбекистон ва Хитой алоқалари кўп асрлик тарихга эга бўлиб, Буюк ипак йўли даврига бориб тақалади. Халқларимиз ўртасида азал-азалдан барқарор савдо-сотиқ, илм-фан ва гуманитар алоқалар йўлга қўйилгани, маданиятларимиз, анъана ва урф-одатларимиз бир-бирини бойитгани ҳақидаги кўплаб ёрқин мисоллар тарих саҳифаларига муҳрланган.

Изчил ва муттасил ривожланиб бораётган, жаҳонда улкан нуфуз ва таъсирга эга Хитой Ўзбекистоннинг яқин ва ишончли ҳамкоридир. Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар мустаҳкам анъанавий дўстлик, ўзаро англашув ва ҳурмат руҳида мунтазам ривожланиб бормоқда.

Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари бугунги кунда аввало Сизнинг шахсий ташаббусингиз туфайли том маънода ҳар томонлама чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли мазмун касб этган ҳамкорликка айланди. Томонларнинг изчил ва қатъий саъй-ҳаракатлари натижасида мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасида узоқ муддатли ва кўп қиррали ҳамкорлик шаклланди, давлатлараро ва ҳукуматлараро ташрифлар мунтазамлик касб этди.

Биз Сизнинг раҳбарлигингизда амалга оширилаётган ва чуқур ўйланган, вазмин ташқи сиёсат йўли, ягона Хитой сиёсати, терроризм, экстремизм ва айирмачиликка қарши курашиш борасидаги тадбирларни доимо қўллаб-қувватлаймиз.

Ўзбекистон БМТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар доирасида Хитой билан бундан кейин ҳам амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор.

Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси яратилган бўлиб, унинг энг муҳим асоси бўлган Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ўзаро алоқаларимизнинг пойдевори бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Сизнинг 2016 йил июнь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифингизни, унинг доирасида тарихий аҳамиятга эга Қўшма баёнот имзоланганини ҳамиша катта мамнуният билан эслаймиз. Ушбу ҳужжат Ўзбекистон ва Хитой муносабатларини ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига олиб чиқди.

Савдо-иқтисодий, молиявий-техникавий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш борасида эришилаётган ютуқлар алоҳида эътиборга лойиқ. Ўзбекистонда иқтисодиётни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш борасидаги энг муҳим дастурларни Хитой изчил қўллаб-қувватлаётганини юксак қадрлаймиз. Хитой кўмаги ва иштирокида саноат, энергетика, транспорт, телекоммуникация, қишлоқ хўжалиги ва бошқа кўплаб соҳаларда кенг миқёсли юқори технологик инвестициявий лойиҳалар амалга оширилди.

Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки фаолият бошлагани иқтисодий ҳамкорлигимиз учун янги имкониятлар очмоқда.

Яқин келажакда бўладиган олий даражадаги учрашув Ўзбекистон – Хитой муносабатларининг ҳар томонлама ривожига янада жадал суръат бағишлашига, ўзаро ва кўп томонлама ҳамкорлигимизнинг барча масалалари бўйича мулоқотларимизни давом эттириш учун қулай имконият бўлади, деб ишонаман.

Фурсатдан фойдаланиб, Сизни, муҳтарам Си Цзиньпин жаноблари, оила аъзоларингиз ва яқинларингизни чин қалбимдан Янги йил билан табриклаб, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, давлат раҳбари сифатидаги масъулиятли фаолиятингизга зафарлар, дўст Хитой халқига фаровонлик ва тараққиёт тилайман.

Чуқур эҳтиром билан,

 
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

Тошкент шаҳри,
2017 йил 2 январь.

***

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

Муҳтарам Президент жаноблари!Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан Хитой ҳукумати ва халқи номидан ҳамда шахсан ўз номимдан Сизга ва дўст Ўзбекистон халқига самимий табрикларимни ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Хитой ва Ўзбекистон – яқин дўстлар ва ишончли ҳамкорлардир. Дипломатик муносабатлар ўрнатилгандан буён ўтган 25 йил давомида Хитой ва Ўзбекистон муносабатлари изчил ва барқарор ривожланмоқда. Давлатларимиз ўртасидаги олий даражадаги учрашувлар мунтазамлик касб этган, ўзаро сиёсий ишонч мустаҳкамланмоқда. «Бир қутб, бир йўл” барпо этилишида дастлабки муҳим натижаларга эришилди, “уч ёвуз куч”га қарши курашиш борасидаги ҳамкорлик самарали ривожланмоқда. Мамлакатларимиз асосий манфаатларига доир масалаларда бир-бирини қатъий қўллаб-қувватлаб келмоқда. Давлатларимиз умумий манфаатларимизни ҳимоя қилиш мақсадида БМТ, ШҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Мамлакатларимиз имзолаган Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ўзаро муносабатларимизни ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. 2016 йилда биз ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини ўрнатдик, турли соҳалардаги ҳамкорлигимиз тараққиётнинг янги босқичига кўтарилди. Хитой муносабатларимизнинг муваффақиятларидан мамнун ва у истиқболда янада ривожланишига ишончи қатъийдир.

Мен Хитой ва Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга алоҳида аҳамият бераман. Хитой Ўзбекистон танлаган ўзига хос тараққиёт йўлини, давлат мустақиллиги, суверенитети ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш ва ташқи алоқаларни кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлайверади. Хитой – Ўзбекистон муносабатларининг 25 йиллиги муносабати билан мамлакатларимиз халқларининг фаровонлиги йўлида ўзаро сиёсий ишончни мустаҳкамлаш, Хитой ва Ўзбекистоннинг ҳар томонлама стратегик шериклигини изчил ривожлантириш йўлида Сиз билан ҳамкорликда ишлашга тайёрман.

Хитой ва Ўзбекистон дўстлиги янада мустаҳкамланиб, жадал ривожланаверсин!

Сизга мустаҳкам соғлик ва давлат раҳбари сифатидаги фаолиятингизда катта муваффақиятлар тилайман!

Си Цзиньпин,
Хитой Халқ Республикаси Раиси

Пекин шаҳри,
2017 йил 2 январь.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>